Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 06, 2016 - 1025 Views

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам

Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Исломни фақат арабларга олиб келдими ёки бутун инсониятга?

1. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам илк бор одамларга даъват билан мурожаат қилганларида, шундай деган эдилар: “Мен Аллоҳ тарафидан бутун инсониятга, жумладан, сизларга ҳам пайғамбар этиб юборилдим”. Демак, бу илоҳий даъват аввал бошдан айтилганидек, бутун инсониятга келди. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳеч қачон бу дин фақат арабларнинг ўзларигагина келди деб айтмаганлар. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бир ҳадисларида дейди: “Ҳар бир пайғамбар ўз қавмига юборилди, мен эса бутун инсониятга юборилдим” (Бухорий ривояти).
2. Қуръони каримни ўқиган ҳар бир киши унинг бутун инсониятга юборилганлигини ҳамда барча-барчани Аллоҳнинг динига иймон келтиришга чақирганлигини тушунади. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилишларидан олдин Маккада нозил бўлган оятларда бутун инсониятга қаратилган бу чақириқ куннинг ёруғидек аниқдир. Мисол учун, Анбиё суранинг 107 оятида шундай дейилади: “Дарҳақиқат Биз сизни барча оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик”.
Фотиҳа сурасида эса: “Оламларнинг Роббиси, Раҳмон ва Раҳим Аллоҳга ҳамду сано бўлсин”, деб келади. Буларнинг барчаси ҳижратдан олдин Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламга ваҳий бўлган.
3. Юқорида келтирилган далил-ҳужжатлардан биз пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам замон шароитларидан келиб чиққан ҳолда ўз режаларини ўзгартирган деган даъволарнинг асоссиз эканлигини кўрамиз. Бу ерда ҳам мантиқий, ҳам муътадил бўлган қонуннинг тадрижий ривожланиши мавжуддир. Ҳар қандай инсон учун ўз хулқ-атвори, ўзини тутиши, маънавиятини, одатларини ўзгартириши ҳеч қандай иложсиздир. Ёки бир кечада характери, хулқи, чуқур илдиз отган одатларидан воз кечиб юбориши жуда-жуда қийиндир. Ислом дини инсонларнинг онгларида ва юракларида Аллоҳга бўлган иймоннинг қарор топиши билан бошланди. Бу эса одамлар ҳаёт йўлининг босқичма-босқич ўзгаришига асос бўлиши учун бир мустаҳкам пойдевор эди. Қулчиликка барҳам бериш, судхўрлик, ичувчиликни секинлик билан таъқиқлаш каби кўплаб диний қонун-қоидаларга етакловчи бир сиёсат эди. Ҳақиқатда, Макка даври иймон қарор топган ва тасдиқланган бир давр бўлди. Шунга асосан кейинги қонун ва қоидалар Мадина даврида юзага келди.

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўп никоҳлиларига сабаблар нима эди?

1. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳадича онамизга уйланганларида 25 ёшда эдилар. Ул зотнинг илк завжаи мутоҳҳаралари бўлиб, Расулуллоҳдан 15 ёш катта эдилар. Ҳадича розияллоҳу анҳо унгача икки маротаба турмуш қурган эдилар. Ҳадича онамиз Раусуллоҳнинг никоҳларида 28 йил умр кўрдилар ва вафот этдилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Ҳадича онамиз вафотларига қадар бошқа ҳеч ким билан турмуш қурмадилар. Ҳадича онамизни Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз хотираларида кўп тутганлари ва ҳатто кейинги завжаи мутоҳҳараларининг орасида рашк қўзғалишига сабаб бўлгани китобларда келтирилади.
2. Нубувватдан олдин ҳам, кейин ҳам Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг табиати, хулқ-атвори ҳамда ҳаёт йўли у зотнинг ҳеч қандай шаҳватпараст ёки ҳиссиётларга берилмаганликларини исботлаб туради. Қандоқ қилиб 50 ёшдан ошган инсон тўсатдан ўзгариб, шаҳват қулига айланиб қолади? Ахир бу ишни ёшлик чоғларида, ҳамма шароитлар мавжуд бўлганда қилса бўларди-ку! Аксинча, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам хулқлари гўзалликда машҳур бўлиб, уйланганлари орасидан фақат бокира бўлгани бу Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг қизлари Оиша онамиз эди, розияллоҳу анҳо. Ул зот кўпинча бева аёлларга инсонийлик сабаблари ёки диний рукнларни адо этиш учун уйланганлар.
3. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Замъа қизи Савдо онамизга уйланганликларини эсланг. Бу аёл на гўзал эди, на бой-бадавлат ва на насабли эди. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу аёлга уйланганларида 50 ёшдан ошган эдилар. Савдо онамизга уйланишларидан мурод Аллоҳ йўлида шаҳид кетган саҳобийнинг оиласини қарамоғига олиш, ёрдам бериб туриш эди. Абу Бакрнинг қизи Оиша розияллоҳу анҳо ҳамда Умар розияллоҳу анҳунинг қизи Ҳафсага уйланганларида сўнгги вақтларда улар билан ўзларининг ҳамда икки асҳобнинг ўрталаридаги ришталарни янада мустаҳкамлаш эди.
4. Умму Салама онамизга келадиган бўлсак, бу аёл Уҳуд жангида шаҳид бўлган саҳобийнинг беваси эди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Умму Саламага таклиф билдирганида, ўзининг ёши ўтиб қолганлигидан ҳижолат чекиб, таклифни қабул қилишга ожиз эканлигини айтишга ҳаракат қилган эди. Лекин Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Умму Саламани юпатиб, инсонийлик юзасидан турмуш қурдилар.
5. Исломдан юз ўгириб, насроний бўлган эри билан Ҳабашистонга кўчиб ўтган Абу Суфённинг қизи Умму Ҳабиба онамизни эри ҳеч нарсасиз ташлаб кетади. Шунда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам Ҳабашистон подшоҳи Нажошийга хат ёзиб, унда Маккадаги даҳрий қавмининг таъқибига учраган ва ўзга юртда ўзини ўз она юртидан узоқлашиб кетган ҳис қилган Рамлаҳга ёрдам бериб ортга қайтаришни сўраганлар. Бу билан Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унинг Маккадаги таъсири кучли отасини Исломга нисбатан мойиллигига умид қилганлар.
6. Бани Мустлақ жангида аср тушганлар орасида ал-Ҳариснинг қизи Жаваиййага уйланган эдилар. Унинг отаси қабиланинг етакчиси ва раҳбари бўлиб, Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам унга уйланганларидан сўнг уни озод қилди ва шу орқали мусулмонлардан асирга тушганларни ҳам озод қилишни сўрадилар.
7. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Бану Қурайза яҳудийлари қабиласи бошлиғининг қизи бўлмиш Сафиййага ҳам уйланган эдилар. Бу аёлга ўз ортига, яъни қабиласига қайтиб кетиш рухсати берилган эди ёки Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқиб, шу ерда эркин қолиш имконияти берилган эди. Сафиййа эса иккинчи имкониятни афзал билди ва Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи ва салламга турмушга чиқдилар.
8. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам Жаҳшнинг қизи Зайнабга уйланишдан кўзланган мақсад диний қоидани қарор топтириш эди. Зайнаб олдин Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг асранди ўғиллари Зайд ибн Собитга турмушга чиққан эди. Уларнинг турмуши узоққа чўзилмай ажрашишди. Ўша вақтда ўз асранди ўғлининг ажрашган хотини билан турмуш қуриш араблар орасида мумкин эмас эди. Шу қоидани бартараф этиш Аллоҳ Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни Зайнабга уйланишини буюрган эди. Қуръонда бу масалада қуйидаги оят келади:
“Бас, қачонки Зайд ундан (яъни Зайнабдан) ҳожатини адо қилгач (яъни уни талоқ қилгач), Биз сизни унга уйлантирдик. Токи муминларга асранди болалари ўз хотинларидан хожатларини адо қилишгач (яъни уларни талоқ қилишгач) уларнинг (хотинларига уйланишларида танглик бўлмасликлари учун (шундай) қилдик). Ва Аллоҳнинг амри иродаси қилингувчи бўлди” (Аҳзоб сураси, 37).

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари ривоят қилинаркан, уларнинг саҳиҳлигига исбот нима?

Баъзи ғарб шарқшунослари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг аслийлигига шубҳа қилганлар. Мисол учун, Голдзихер ва шу кабилар бу ҳадисларни мусулмонлар Исломнинг аввалида ўйлаб топганлар дейди. Бу даъволарнинг барчасига қуйидаги жавоблар берилади:
1. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари Исломда Қуръондан кейинги ўринда турувчи иккинчи манба ҳисобланади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларига тушган ҳар бир ваҳийни одамларга етказиб беришга, шу жумладан Қуръон оятлари маъноларини ҳам етказишга буюрилган эдилар. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг Қуръон борасидаги изоҳлари, хулқлари, ҳаракатлари ҳамда маслаҳатларининг барчаси ҳадисларда муҳим жиҳатлар ҳисобланади. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг машҳур видолашув ваъзларида ҳадис-суннатларга содиқ қолишнинг зарурлигига ишора қилиб шундай деганлар: “Мен ўзимдан сўнг сизларга иккита нарсани қолдириб кетаяпман. Агар сизлар уларга содиқ қолсангиз, ҳеч қачон адашиб кетмайсизлар. Улар Аллоҳнинг китоби Қуръон ҳамда менинг суннатимдир.”
2. Инкор этиб бўлмайдики, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан кўплаб ёлғондан тўқилган ҳадислар ва ривоятлар мавжуд. Лекин Ислом олимлари доимо бундан хабардор бўлиб борганлар ҳамда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг номларидан деб айтилган нақлларни текшириб чиққанлар. Қуръоннинг ўзи ҳар қандай омилни одилона кўриб чиқишнинг жуда муҳим усулини кўрсатган:
“Эй мўминлар, агар сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирон қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилган ишларингизга афсус-надомат чекиб қолмасликларингиз учун (у фосиқ кимса олиб келган хабарни) аниқлаб текшириб кўринглар” (Нисо сураси, 96).
Ҳадисларни нақл қилувчининг шахси, хулқ-атвори ўша ҳадиснинг аслийлигини баҳолашда жуда муҳим омил ҳисобланган. Бу қоида бўйича ҳадис илмини эгаллаган мутахассисларга мурожаат қилинса, ёрдам беради. Мазкур танқидий усул фанларни тадқиқ қилишда ҳам муваффақиятларга етаклади.
3. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари муҳимлигининг натижаси ўлароқ, мусулмон олимлари саҳиҳ ҳадисларни тасдиқлаш ҳамда тўқималарини рад қилиб фош қилиш йўлида имкони борича ҳаракат қилиб келмоқдалар. Ҳатто улар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини ўрганишнинг янги тармоқларини жорий қилдилар. Ушбу янги усуллар Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини нақл қилувчиларнинг ишончлилиги, хулқ-атворини ҳар томонлама ўрганишга чорловчи ва баҳс юритувчи ҳамда ҳаттотлик санъати илмини ўз ичига олган. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамларни шундай тўқима ҳадислар пайдо бўлишидан огоҳлантириб, деганларки: “Кимки менинг номимдан ёлғон гапирса, унинг жойи жаҳаннамдадир.”
4. Ўзининг ҳаётини Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларини ўрганишга бағишлаган олимлардан бири Имом Бухорийдир. Бу зот 500 мингдан ортиқ ҳадисларни йиғиб, диққат билан текшириб, сермашаққат ила ўрганиб чиққан. Жуда ҳушёрлик ва юксак илмий услуб билан ўрганиб чиққач, шубҳали ҳадисларни йўқ қилди. Натижада, шулардан 9 минг ҳадисни саҳиҳ дея эътироф этди.
5. Ҳадисларнинг саҳиҳлиги борасида мусулмон олимлари томонидан ишлаб чиқилган мазкур сермашаққат қоидага асосан қуйидаги муаллифларнинг олтита китоб тан олинган: Бухорий, Муслим, Насаий, Абу Довуд, Термизий ва ибн Можа. Булардан ташқари, тўқима ҳадисларни кўрсатиб берувчи ва рад қилувчи кўплаб китоблар мавжуд.

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида бирор тафавут мавжудми?

Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг аслийлигига нисбатан энг катта қаршиликлардан бири бу тафовутлар бор деган даъводир.
1. Қуръон мусулмонларни Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам келтирган барча нарсаларга эргашишга, айтганларини бажаришга ҳамда у кишини мукаммал бир инсон сифатида кўришга чақиради. Бу қуйидаги Қуръон оятида келтирилган: “Кимки пайғамбарга итоат этса, демак Аллоҳга итоат этибди. Кимки юз ўгирса (унинг сизга зарари йўқдир. Зеро) Биз сизни уларнинг устига қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80).
“Пайғамбар ўзи сизларга ато этган нарсани олинглар, у зот сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоҳдан қўрқинглар! Албатта Аллоҳнинг жазоси қаттиқдир” (Хашр сураси, 7).
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадислари ул зотнинг бизларга буюрган амрлари ҳамда қайтариқларидан иборат. Шунинг учун Исломда ҳадисларнинг мавқаи баланд. Агар биз уларга бепарво бўлсак, Қуръонга буйинсунмаслик бўлади.
2. Бундан кўп асрлар олдин мусулмон олимлари томонидан ишлаб чиқилган қоидалардан сўнг тўқима ҳадислардан саҳиҳ ҳадисларни ажратиб олиш мураккаб бўлмай қолди. Биз ҳадисларга диққатли бўлишимиз талаб қилинади. Агар бирор ҳадисга шубҳа қилинган тақдирда уламоларга мурожаат қилинса, унинг саҳиҳ ёки саҳиҳмаслигига аниқлик киритилади.
3. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари Қуръонни тафсир қилишда, уни тушунишда энг муҳим ва аниқ изоҳлар бўлиб ҳисобланади. Шундай экан, ўзимизча тушунишимиз эвазига ул зотнинг изоҳларидан қандоқ қилиб воз кечамиз? Мусулмонлар ҳар кунлик намозини Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларида кўрсатилганидек адо этишади. Намоз тартиби Қуръонда келтирилмаган бўлсада, ҳадисларда шу ва шунга ўхшаш кўплаб масалалар ёритиб берилган.
4. Исломдан олдин келган илоҳий динларнинг ёзувлари Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари сингари усул ва услубда ёзилган эди. Яҳудий ва насороларнинг бирортаси шу кунга қадар ўша ёзувлар маълум диний анъаналардаги тафовутлар ҳамда баъзи воқеликларга нисбатан саҳиҳликнинг ноқислик даражаси кўплиги туфайли рад этилишини талаб қилиб чиқмади. Бу каби масалалар диққат билан ўрганилиши керак, бир-бирига тўғри келмайдиган нақлларга тегишли бўлган саҳиҳ далиллар аниқланиши керак. Бу усул мусулмон олимлари томонидан асрлар олдин ўрнатилган услубдир.
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…