Джумла
Муфтий Усмонхон Алимов Written by  Nov 17, 2017 - 836 Views

Истиво маълум, унинг қандайлиги номаълум

Аллоҳ, кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз кўтарган, сўнгра Аршга истиво қилган, қуёш ва ойни бўйсундириб қўйган Зотдир. Ҳар бири муайян муддатгача ҳаракат қилади. У ишларнинг тадбирини қилади, сизларнинг Парвардигорга рўбарў бўлишга имон келтиришингиз учун оятларини муфассал баён қилади. (Раъд сураси, 2)
Қуръон нозил бўлган еттинчи асрда араблар илм-фан соҳасида қолоқ, ирим-сиримлар, афсона ва чўпчакларга берилган халқ эди. Табиат ва коинотни тадқиқ этиш учун керакли энг оддий ускуналарга ҳам эга бўлмаган одамлар авлоддан-авлодга оғзаки усулда ўтиб келаётган афсоналарга ишонардилар. Масалан, улар осмон гумбази теп-текис Ернинг икки томонидан тоғларга мустаҳкамланган, деб ўйлашарди. Лекин араблардаги бу ботил тушунчани Қуръон йўққа чиқарди. “Аллоҳ, кўриб турганингиздек, осмонларни устунсиз кўтариб қўйган...” деган каломи билан Парвардигори олам осмоннинг тоғ чўққиларига жойлашмагани ва уларга таянмаслигини маълум қилди. Дунё тузилишининг кўп масалалари Аллоҳ томонидан ҳали инсон уларнинг моҳиятини тушуна олиш даражасида бўлмаган бир даврда оятларда баён қилинди. Инсониятнинг фалакшунослик (астрономия), физика ва биология каби фанлар бўйича билими жуда оз эди. Қуръонда коинотнинг яратилишидан тортиб инсоннинг пайдо бўлишигача, атмосфера тузилишию Ер юзида рўй берадиган жараёнларгача бўлган дунё тузилиши ҳақидаги кўп маълумотлар умумлаштириб берилган.
Аллоҳ таоло Ўз Китобидаги ушбу оятлар билан бандаларининг қалбини ларзага солди, виждонларини уйғотди, табиий ҳис-туйғуларини қўзғади. Токи, улар Аллоҳнинг махлуқотлари ҳақида фикр юритишсин, осмонлару Ерни, қуёш ва ойни, саноқсиз юлдузларни нима сабабдан яратгани ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўришсин. Унинг беҳисоб неъматларини эслаб, бунинг учун Парвардигорга шукр айтишсин, Унинг зикрини қилишсин. Ана шунда инсон ўз табиати ва соғлом ақли орқали Аллоҳ таолонинг борлигига, ягоналигига, ҳамма нарсани ёлғиз Унинг Ўзи яратганига имон келтиради, Унинг ибодатини ўзига лозим топади.
Атрофингизга ибрат назари билан бир боқинг: Аллоҳ таоло бу қат-қат, зил-замбил осмонларни ҳеч қандай устунсиз, тиргаксиз кўтариб қўйган. Олдин ўтган баъзи уламоларимиз “Осмонларнинг устуни бўлса-да, биз уларни кўрмаймиз”, деб ҳам тафсир қилишган. Аллоҳ таоло қуёш ва ойни ҳам махлуқотларига хизмат қилиш учун бўйсундириб қўйган. Улар илоҳий низом асосида, ўз доирасидан чиқмай ва адашмай, танаффус ҳам қилмай ҳами-ша ҳаракатдадир. Аллоҳ таоло Ўзи яратган барча махлуқларини бошқариш билан бирга бўлажак ҳамма ишларнинг тадбирини ҳам қилади. Охират ҳаёти бошлангач, барча инсонлар Парвардигор ҳузурида тўпланиб, ҳисобга тортилишларига имон келтиришлари учун Аллоҳ азза ва жалла Ўз оятларини ана шундай муфассал баён қилиб берган.
Ушбу ояти каримадаги “Аллоҳ Аршга истиво қилди” деган иборанинг мазмун-моҳияти ҳақида батафсилроқ маълумот беришга тўғри келади. Араб тилидаги “истиво” сўзининг маънолари жуда кенг, бу калиманинг «тугал бўлиш», «охирига етиш», «тўғриланиш», «бир нарсани қасд қилиш», «қарор топиш», «боғланиш», «тўлиш», «бир-бирига ўхшаш», «юзланиш», «юқорига кўтарилиш», «ўрнашиш» каби ўнлаб маънолари бор. “Ояти каримадаги “истиво” сўзини айрим тафсирчилар “Аршга кўтарилиш, ўрнашиш” деб таржима қилишган. Мазкур ибора аслида ана шундай маъноларни билдирса ҳам, Аҳли сунна вал жамоа ақидасига кўра Аллоҳ таолога нисбатан бу каби маъноларни қўллаганда Унга макон ва замон нисбат берилган бўлиб қолади. Ваҳоланки, барча махлуқотларни яратган Зот бундай сифатлардан покдир!
Маълумки, «истиво» сўзи, хусусан, Қуръони каримда келган бу лафз ҳақида жуда кўп баҳс-тортишувлар, айрим тушунмовчиликлар мавжуд. Истиво тўғрисидаги гап-сўзлар, тортишувларнинг ҳаммаси Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг Аршга истиво қилиши ҳақидаги масалага боғлиқ бўлади. Аллоҳ таолонинг Аршга истиво қилиши масаласи Қуръони каримда, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларида келган. Умму Салама розияллоҳу анҳодан нақл қилинган қавлга кўра, у киши: «Истиво-номаълум эмас, лекин унинг кайфияти маъқул эмас, яъни номаълум, унга ақл етмайди. Аммо истивога иқрор бўлиш имондир, уни инкор қилиш куфрдир», деганлар.
Робиъа ибн Абдураҳмондан: «Аршга истиво қилиш қандай?» деб сўрашганида, у киши: «Истивонинг борлиги мажҳул эмас, унинг кайфияти маъқул эмас (яъни қандай кайфиятда экани ақлга сиғмайди). Аллоҳнинг иродасида пайғамбарни юбориш, пайгамбарнинг зиммасида етказиш, бизнинг зиммамизда тас-лим бўлишдир», деганлар.
Имом Шофеъийдан килинган ривоятда у киши шундай деган эканлар: «Истиво зикр қилинган (яъни Қуръонда зикри келган), лекин унинг кайфияти мажҳул. Унинг кайфияти қандай экани помаълум (яъни биз унинг маъносини билмаймиз, бундай нарсаларнинг ҳақиқий маъносини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади)».
Имом Аҳмаддан шу масала хусусида сўрашганда, у киши: «Истиво Аллоҳ қандай хабар берган бўлса, шундайдир. Кишиларнинг хотирасига келган нарса эмасдир», деган эканлар.
Ривоятларда келишича, бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳнинг ҳузурларига кириб, истиво ҳақида сўраган экан. Шунда имом Молик: «Истиво маълум, унинг қандайлиги номаълум. Унга имон келтириш вожиб, унинг ҳақида савол бериш бидъат, сен бидъатчи экансан! Ҳайданглар буни олдимдан!» деган эканлар.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари
"Тафсири Ирфон" китобидан
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…