Джумла
Муфтий Усмонхон Алимов Written by  Dec 22, 2017 - 651 Views

Муфтий Усмонхон Алимов: Тавҳид ҳақида

Биз Аллоҳнинг қули бўлатуриб, Унга, Хожамизга туҳмат қилайлик, мушрик бўлмайлик! Ширк ўзи нима? Нима ширк бўлади? Ким мушрик дейилади? Бу саволларга жавобни тавҳидни ўрганганимиздан кейин билиб оламиз.
Тавҳид Аллоҳ таолони якка-ягона деб билиш ва тан олишдир.
Тавҳид уч қисмдан иборат:
1. “Тавҳидур рубубийя”: Аллоҳ таолонинг Яратувчи, Ижодкор ва барча ишлар тадбирини Ўзи қилаётганига ишониш.
«Аллоҳ барча нарсанинг яратувчисидир» (Зумар, 62).
«Албатта, Раббингиз осмонлар ва Ерни олти кунда яратиб, сўнгра Арш узра “муставий” бўлган Аллоҳдир» (Юнус, 3).
«Қасамки, агар сиз улардан: “Осмонлар ва ерни яратган, қуёш ва ойни (Ўз измига) қаратган зот ким?” деб сўрасангиз, албатта, улар: “Аллоҳ”, дерлар. Бас (шундай экан), қаёққа бу- рилиб кетмоқдалар?! Аллоҳ бандаларидан Ўзи хоҳлаган ки- шиларнинг ризқини кенг қилур ва (Ўзи хоҳлаган кишилар- нинг ризқини) танг қилур. Албатта, Аллоҳ барча нарсани билувчидир. Қасамки, агар сиз улардан: “Осмондан сув (ёмғир) ёғдириб, ерни ўлганидан сўнг тирилтирган зот ким?” деб сўрасангиз, албатта, улар “Аллоҳ”, дерлар. Сиз (уларга): “Аллоҳга - ҳамд!” деб айтинг! Йўқ, уларнинг аксарияти ақл юргизмайдилар» (Анкабут, 61- 63).
«Қасамки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” деб сўрасангиз, албатта, “Аллоҳ” дерлар. Сиз: “Аллоҳга - ҳамд!” денг! Йўқ, уларнинг аксарияти (ҳақиқатни) билмаслар» (Луқмон, 25).
Юқоридаги ояти карималардан англашилганидек, Аллоҳ таоло жамики оламларнинг Раббиси экани, бепоён осмонлару ерни олти кунда ёлғиз Ўзи йўқдан бор қилгани ҳақида хабар беради. Аллоҳ таолонинг ҳар бир сўзи, ояти каримаси айни ҳақиқат. Демак, осмонлар ва ер, улардаги барча махлуқотни Аллоҳ таолонинг Ўзи яратган. Уларнинг тарбиячиси, тартиб-интизомини назорат қилиб турувчиси Унинг Ўзидир. Уларнинг ўз-ўзидан, бири иккинчисига сабаб бўлиб, пайдо бўлган, деган даъво ғирт ёлғон ва Яратувчига нисбатан буюк бўҳтондир. Еру осмон остидаги катта-кичик барча воқеа-ҳодисаларнинг ҳам Яратувчиси Аллоҳдир. Демак, ғайриоддий, ажабтовур бир ҳолатни кўриб “табиатнинг мўъжизаси”, ёки бир яхши натижага, омадга эришиб “табиатнинг марҳамати”, ёки иқлим-ҳаво билан ва бошқа нарсалар билан боғлиқ бирор катта-кичик кўнгилсиз воқеа, балою офат бўлганда “табиатнинг инжиқлиги” дейиш Ислом ақидасига тўғри келмас экан. Чунки табиат ва ундаги барча ўзгаришларнинг бошқарувчиси, назорат қилувчи мудаббири, хоҳлаганини бор, хоҳлаганини йўқ қилувчи Аллоҳ таолонинг Ўзидир. У бировнинг маслаҳатига, ёрдамига муҳтож эмас, кимнингдир риоясига қарамайди. Шунга иқрор бўлишни “тавҳидур рубубийя” дейилади.

2. “Тавҳидул улуҳийя”: Ибодатни - бандаликни ёлғиз Аллоҳгагина қилишдир.
Қуръони каримда зикр қилинган Макка мушриклари айнан мана шу тавҳидни бузишгани учун мушриклар дейилган. Аммо улар ҳам юқорида ўрганганимиз “тавҳидур рубубийя”га иқрор бўлишган. Яъни, уларга еру осмонни ким яратган, дейилса, “Албатта, Аллоҳ таолодир”, деб жавоб беришган. Бу эса уларни “тавҳидур рубубийя”ни тан олишганини билдиради. Аммо улар “тавҳидул улуҳийя”да ширк келтиришган. Бевосита Аллоҳ таолога ибодат қилишни қўйиб, ўз қўллари билан ёғочу тошлардан ясаган бут-санамларга сиғинишган, сажда қилишган, уларга қараб илтижолар қилишган, улардан ризқ-насиба, омад-мадад сўрашган ва албатта сўраганимизни беради, деб ишонишган. Мушриклар бут-санамлар мусибат, бало-офатларни юборадиган ҳам, ундан сақлайдиган ҳам шулар деган тушунчада бўлишган. Энг ачинарлиси, улар ана шу бут-санамларга ботил ибодатлари, нотўғри ақидалари билан Аллоҳ таолога яқин бўламиз, деб даъво қилишган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) уларни ширк ва залолатдан ҳарчанд қайтаришга уринсалар-да, улар бу жаҳолатдан қайтишмади, мушрик ҳолда дўзахга маҳкум бўлишди.
«(Макка мушриклари) уларга ўзларидан (башар авлодидан) огоҳлантирувчи (пайғамбар) келганидан ажабландилар ва кофирлар айтдилар: “Бу (бир) ёлғончи сеҳргардир. (Шунча) илоҳларни битта илоҳ қилиб олибдими?! Ҳақиқатан, бу жуда қизиқ нарса» (Сод, 4-5).
Ояти каримада улар Пайғамбарни (алайҳиссалом) тасдиқ этиш- магани ва “Ла илаҳа иллаллоҳ”га рози бўлишмагани учун куфрга кетганлар, дейилди. “Ла илаҳа иллаллоҳ”нинг маъноси “Аллоҳдан бошқа ибодат қилинишга ҳақли илоҳ йўқ”, деганидир. Улар эса: “Йўқ ундай эмас, Лот, Уззо, Манот, Ҳубаллар ибодат қилинишга ҳақли олиҳалардир”, дедилар. Бу билан улар оламлар Раббиси Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига қарши чиқишди. Охир-оқибат Раҳмон раҳматидан мосуво бўлиб, абадул-абад дўзахга, азоб-уқубатга маҳкум бўлишди.
«Бунга (яна бир) сабаб Аллоҳнинг Ўзигина ҳақиқий илоҳ экани ва сизлар Уни қўйиб илтижо қилаётган нарса (бут)лар эса айни ботил экани ҳамда Аллоҳнинг ўзигина Алий (энг олий) ва Кабир (буюк Зот) эканидир» (Ҳаж, 62).
Илоҳий китоблар (Таврот, Инжил, Забур, Қуръони карим)да инсоният “тавҳидул улуҳийя”га буюрилган. Пайғамбарлар ҳам даъват қилган диннинг асл моҳияти мана шу “тавҳидул улуҳийя” бўлган. Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Мусо, Исо ва бошқа барча пайғамбарлар (алайҳимуссалом) ўз қавмларини:
«Эй қавмим! Аллоқга сиғининг! Сизларга Ундан ўзга илоҳ йўқдир» (Аъроф, 59), деб ибодатдаги тавҳидга чақирган. Аммо улар буни инкор қилиб, мушрик бўлди. Шунинг учун Аллоҳ уларни ҳалок қилди.

3. “Тавҳидул асмо вас сифот”: Аллоҳ таолонинг исмлари ва сифатларида ягоналиги, булар Ўзигагина хослигига иқрор бўлиш. Қуръони карим ва саҳиҳ ҳадисларда баён қилинган Аллоҳ азза ва жалланинг исм ва сифатларига имон келтириш.
Аллоҳ таолонинг исм ва сифатлари кайфиятсиз, банданинг кўзи кўрган ёки хаёлига келган барча нарсаларникига ўхшамаган, Ўзининг зоти илоҳийсига лойиқ ягоналигига ишониш.
Ояти каримада марҳамат қилинади:
«Аллоҳнинг чиройли исмлари бордир. Уни ўша (исм)лар билан атанг» (Аъроф, 180).
«Унинг мислидек бирон нарса йўқдир. У Эшитувчи ва Кўрувчидир» (Шўро, 11).
Аллоҳ азза ва жалла зотида ҳам, исми сифатларида ҳам ҳеч бир махлуқига ўхшамас. Бундай ўхшашликдан У Зот покдир. У исм ва сифатларида мукаммал Зотдир.
Мана шу мазкур уч қисм тавҳидни яхшилаб тушуниб олгандан кейин, тавҳидга зид бўлган барча фикр-тушунча ёки бирор хатти-ҳаракат ширк ҳисобланади. Эгаси эса мушрик дейилади.
Ширк нақадар катта гуноҳлиги ва банданинг Аллоҳ таолога қилган энг катта исёни эканини қуйидаги ояти каримадан билиб оламиз:«Албатта, Аллоҳ Ўзига (бирор нарсанинг) шерик қилинишини кечирмас, шундан бошқа гуноҳларни Ўзи хоҳлаган бандасидан кечириб юборур. Ким Аллоҳга (бирор нар- сани) шерик қилса, бас, у катта, буюк бир гуноҳни тўқиб чиқарибди» (Нисо, 48-оят).
Банданинг Аллоҳ таолога қилган улкан исёни, катта гуноҳи сифатида зикр қилинган ширк ҳақида мазкур ояти каримада унинг кечирилмас гуноҳ экани билдирилмоқда. Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтирилишини кечирмас.
Ширк - холиқликда, маъбудлик ва Рабблик жиҳатдан Аллоҳдан бошқани Унга шерик деб билишдир. Ким ширкка мансуб ана шундай ақидани ўзига муносиб кўрса ёки амалини қилса, мушрик ҳисобланади. Ширкнинг ҳар бир кўриниши катта зулмдир. Зулм бўлганда ҳам, Аллоҳга, Яратган Зотга, ҳисобсиз неъматлар ато қилган Розиқ Зотга нисбатан бўхтондир. Ким ширк келтирса, ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги алоқани узган бўлади. У энди Аллоҳ таолонинг мағфиратига лойиқ бўлмай қолади. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло мушрикларнинг қилган ширкини ҳеч қачон кечирмайди. Аммо имон билан ўтганларнинг - ширк келтирмаганларнинг (ушбу ояти каримада айтилганидек) бошқа гуноҳлари бўлса, шулардан хоҳлаган бандасини мағфират қилаверади. Имом Термизий (раҳматуллоҳи алайҳ) ривоятида келишича ҳазрат Али (Аллоҳ ундан рози бўлсин) бундай деган:
“Менга Қуръонда мана шу оятдан кўра маҳбуброқ оят йўқ”. Демак, Али (розияллоҳу анҳу) Қуръони каримнинг барча оятларига муҳаббати бўлгани ҳолда ушбу ояти каримани кўпроқ яхши кўрган. Бу бежиз эмас, албатта, чунки бунда Аллоҳ таоло ширкдан бошқа гуноҳларни фақат Ўзи хоҳлаган бандасиникини кечириб юборишни ваъда қилди. Ҳазрат Алидек (розияллоҳу анҳу) биз ҳам Аллоҳ таолонинг мана шу марҳаматини севишимиз, ундан умид қилишимиз лозим бўлади.
«Албатта, кимда-ким Аллоҳга ширк келтирса, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилур ва борар жойи дўзах бўлур. Золимлар учун ҳеч қандай ёрдамчи бўлмас» (Моида, 72).
Аллоҳ таоло қиёмат куни аввалгию охирги бандалари устида ўқийдиган ўзгармас ҳукмларидан бирини мана шу ояти каримада баён қилади. Ҳа, ким бўлишидан, қайси пайғамбар уммати бўлишидан қатъи назар, Яратган Раббисига нисбатан ширк келтириб, мушрик бўлса, у Аллоҳ наздида золимлардан ҳисобланади ва жаннат роҳатидан абадул абад маҳрум қилинади, унга Аллоҳ томонидан ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмайди. Магар ким ҳаёти даврида каттаю кичик қилган ширкидан қайтса, тавба қилиб, соф ақида ва мустақим йўлга ўтса, ояти каримада зикр қилинган золимлар рўйхатидан ўчирилади.
Зулмлар ичида энг катта зулм - ширк.
Адолатлар ичидаги энг катта адолат - тавҳид.
Пайғамбар (алайҳиссалом) ҳам ширк ва унинг оқибати ҳақида бир неча ҳадиси шарифларни баён қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бир киши Пайғамбардан (алайҳиссалом): “Ё Расулуллоҳ! Аллоҳнинг ҳузурида энг улкан гуноҳ қайси?” деб сўради. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сени йўқдан бор қилган Аллоҳга ширк келтиришинг!” дедилар. Ҳалиги киши: “Кейин-чи?” деди. Ул зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Таомингга шерик бўлишидан қўрқиб болангни ўлдиришинг!” “Кейин қайси?” деди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Кўшнингнинг аёли билан зино қилишинг”, деб жавоб бердилар” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбар (алайҳиссалом) гуноҳи кабиралар ҳақида гапирганларида ҳамиша ширкни биринчи ўринда зикр қилганлар. Аллоҳ таоло барча махлуқотларни, жумладан, одамни ҳам ёлғиз Ўзи яратгани ҳолда уларнинг У Зотга шерик исбот қилиши, Ундан бош- қага сиғиниши, Уни қўйиб бошқадан мадад сўраши нафақат ширк, балки куфр ҳам ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Амр (розияллоҳу анҳу) айтади: Пайғамбар (алайҳиссалом): “Катта гуноҳлар Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш, ноҳақ одам ўлдириш. Ёлғон нарсага рост деб қасам ичиш”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) айтади: “Пайғамбар (алайҳиссалом): “Еттита ҳалок қилувчи нарсалардан узоқлашинг!” дедилар. “Улар нима, ё Расулуллоҳ?” деб сўрашди. Пайғамбар (алайҳиссалом): “Аллоҳга ширк келтириш, сеҳр-жоду қилиш, ноҳақ
одам ўлдириш, судхўрлик қилиш, етим моли (ҳақи)ни ейиш, жанг майдонини ташлаб қочиш, покиза ва тўғри юрган мўмина аёлларни фоҳишаликда айблаш”, дедилар” (Муттафакун алайҳ).
Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом): “Сизларда бўладиган ширк чумолининг юришидан ҳам махфийроқдир. Мен сенга бир нарса ўргатаман, уни қилсанг, сендан катта ва кичик ширкни кетказур: “Ё Аллоҳ! Мен Сендан ўзим билганим ҳолда, бирор нарсани Сенга ширк келтиришдан паноҳ тилайман ва билмаганим учун истиғфор қиламан”, дегин” дедилар (Имом Бухорий ривояти).
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…