Джумла
Мубашшир Аҳмад Written by  Dec 27, 2016 - 3036 Views

Мусулмон бўлмаганларни байрамлари билан табриклашнинг ҳукми

Ислом оламидаги йирик олимларнинг илмий фаолиятларини кузатиб бир нарсага амин бўлдим. Шайх Юсуф Қарзовий, доктор Муҳаммад Саид Рамазон Бутий, шайх Муҳаммад Ғаззолий, профессор Абдуллоҳ бин Байя каби алломаларнинг китоб ва фатволарини ўқисангиз исломнинг оламшумул, инсонларга раҳмат дини эканининг, ҳукмлари ҳар замону маконга мувофиқ енгил ва мослашувчанлигининг, таълимотлари эса олийжаноблик ва бағрикенгликка асосланганининг гувоҳи бўласиз. Бугун ана шундай васатийлик тамойилларига мувофиқ илмий фаолияти ва фатволари билан танилган аллома, Бутунжаҳон уламолари иттифоқи раисининг собиқ ўринбосари, профессор Абдуллоҳ бин Байя ҳафизаҳуллоҳнинг долзарб фатволарини ҳукмингизга ҳавола қиламиз. Фатво катта ҳажмли бўлсада уни синчиклаб, тоқат билан охиригача ўқисангиз нафақат мавзу балки исломнинг бу тўғридаги асосларидан ҳам хабардор бўласиз.

Савол:
Мусулмонларга душманчилиги йўқ ғайридинларни байрамлари билан табриклаш, мусибат ва ўлим муносабати билан уларга таъзия изҳор қилишнинг ҳукми нима?
Жавоб: Шубҳасиз масала жуда муҳим ва нозик. Хусусан Ғарб мамлакатларида яшайдиган мусулмонлар учун. Улар ғайридин ерли аҳоли билан бирга яшайдилар ва ҳаёт ўртага қўйган масалаларда доимий алоқада бўладилар. Масалан, турар-жойда қўшни, ишда ҳамкор, ўқишда ўртоқ. Мусулмон киши муайян ҳолатларда мусулмон бўлмаганлардан яхшилик ва марҳамат кўради. Масалан мусулмон талабага ўқитувчиси ихлос билан дарс беради, мусулмон хастани доктор эътибор билан даволайди ва ҳоказолар. Айтилганидек, инсон эҳсоннинг асири.
Мусулмон ана шундай мусулмонга адовати йўқ, дини тўғрисида унга қарши урушмайдиган, диёрларидан ҳайдаб чиқармайдиган ва чиқаришга ҳаракат қилмайдиган ғайримусулмонларга қандай муносабатда бўлиши керак? Қуръони карим мусулмонларнинг бошқалар билан алоқалари дастурини икки оятда тузиб берган. Бутпараст мушриклар тўғрисида нозил бўлган Мумтаҳана сурасининг 8-9-оятларида Аллоҳ шундай таълим беради: “Аллоҳ сизларни диний уруш қилмаган ва диёрларингиздан чиқармаганларга яхшилик ва адолатли муомала қилишдан қайтармас. Албатта Аллоҳ адолат қилувчиларни яхши кўрадир. Албатта Аллоҳ сизларни диний уруш қилганлар, диёрингиздан чиқарганлар ва чиқарилишингизга ёрдам берганларга дўстлик қилишдан қайтарур. Уларни дўст тутганлар, ана ўшалар, золимлардир”.
Бу икки оят тинчлик ва уруш тарафдорларини иккига ажратди.
Биринчи тоифа, тинчлик тарафдорларига ояти карима яхшилик ва адолатни машруъ қилди. Яхшилик адолатдан юқори сифатдир. Масалан адолат ҳуқуқингизни олмоғингиз, яхшилик эса баъзи ҳуқуқингиздан воз кечишдир. Демак, адолат шахсга ҳаққини камайтирмай бериш бўлса, яхшилик ҳаққидан зиёда яхшилик қилмоқдир.
Оят дўст тутишни маън этган иккинчи тоифа эса, мусулмонларга адоват қилган, уруш очган ва “Раббимиз Аллоҳ” деганлари учунгина уларни диёрларидан чиқарган кишилардир. Қурайш ва Макка мушриклари Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, ҳамда асҳобларига шундай муомала қилишган.
Қуръони карим тинчлик тарафдорлари бўлган тоифага муомалада “яхшилик” калимасини ишлатди. Бу калима эса Аллоҳ таолонинг ҳаққидан кейин турадиган энг катта ҳаққа нисбатан ишлатилган. У ота-онага яхшиликдир.
Икки шайх Асмо бинти Абу Бакр розияллоҳу анҳодан ривоят қилишларича, Асмо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, онам менинг олдимга келди, у ҳали мушрика. Унинг менга рағбати бор (Силаи раҳм қилишим ва совға салом беришимни хоҳлаяпти). Силаи раҳм қилайми?” деди. У зот: “Онангга силаи раҳм қилгин”, дедилар.
У мушрика эди. Маълумки исломнинг аҳли китобга муносабати бутпараст мушрикларга нисбатан енгилроқдир. Ҳатто Қуръон аҳли китобни таомини, яъни сўйганини ейиш ва уларга уйланишга рухсат берди. Аллоҳ таоло Моида сурасининг 5-оятида марҳамат қилади: “Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Афифа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афифалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир”.
Бу никоҳнинг натижа ва самараси эр-хотин ўртасида меҳр-муҳаббат бўлишидир. Чунончи Аллоҳ таоло айтади: “Ва сизларга сокинлик топишингиз учун ўзингиздан жуфтлар яратганлиги ва ораларингизда муҳаббат ва меҳр солиб қўйгани (ҳам) Унинг оят-белгиларидандир” (Рум сураси, 21-оят). Инсон ўз хотини, уйининг бекаси, умр ҳамроҳи ва болаларининг онасини қандай севмасин? Ҳолбуки Аллоҳ таоло эр-хотиннинг ўзаро алоқасини: “Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз”, дея баён қилади (Бақара сураси, 187-оят).
Бу турмуш натижа ва самараларидан бири, оналик ҳуқуқи мавжудлиги ва унинг ўз боласига исломда муаккад ҳақлари борлигидир. Мусулмон бўлмаган аёлнинг наздида улуғ ҳисобланган бу байрам билан табрикламаслик эрнинг яхшилик қилиши ва у билан гўзал ҳаёт кечириши ҳисобланадими? Улардан туғилган боланинг она томонидан қариндошлари; бува ва буви, тоға ва холалар, тоғавачча ва ҳолаваччаларга муносабати қандай бўлади? Уларнинг қариндошлик ва яқинлик ҳуқуқлари борку. Аллоҳ таоло айтади: “Аллоҳнинг китобида қариндошлар бир-бирларига ҳақлироқдирлар” (Анфол сураси, 75-оят). Яна айтади: “Албатта Аллоҳ адолатга, эҳсонга, қариндошларга яхшилик қилишга амр этади” (Наҳл сураси, 90-оят).
Демак оналик ва яқинлик мусулмонга она ва қариндошга яхшилик қилишни фарз этар экан, бу мусулмон хулқи гўзаллигини, бағри кенглигини ва қариндошларга вафодорлигини кўрсатади. Бошқа ҳуқуқлар ҳам мусулмонни яхши хулқли инсон кўринишида кўринмоғини вожиб этади. Дарҳақиқат олийжаноб Пайғамбаримиз алайҳиссалом Абу Заррга бундай деганлар: “Қаерда бўлсанг ҳам Аллоҳдан қўрқ. Ёмон ишга яхшилик эргаштир, у уни ўчиради. Одамларга гўзал хулқ билан муомалада бўл”. “Одамларга” дедилар, “мусулмонларга” эмас. Шунингдек севимли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ғайримуслимларга юмшоқлик билан муомала қилишга тарғиб этдилар, қўполлик ва зўравонлик кўринишларинининг оқибатларидан огоҳлантирдилар.
Яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига киришганда саломда тилларини буриб: “Ассому алайка эй Муҳаммад!” дейишди. “Ассом” - ҳалок ва ўлим дегани бўлиб, улар “Сенга ўлим бўлсин”, дейишганди. Буни Оиша розияллоҳу анҳо эшитиб қолдилар ва: “Сизларга ўлим ва лаънат бўлсин, эй Аллоҳнинг душманлари”, дея жавоб қилдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам у кишини бу жавоблари учун койидилар. Оиша: “Уларнинг нима деганларини эшитдингизми, ё Расулуллоҳ?”, дедилар. “Эшитдим ва: “Сизларга ҳам бўлсин”, дедим. (Яъни Ўлим мен томон келганидек, сизлар томон ҳам борсин, дедилар). “Эй Оиша, Аллоҳ ҳар бир ишда юмшоқликни севади”.
Агар бошқа диндагилар мусулмонни исломий ийдлари билан табриклаб юришган бўлса, шундай муносабатлари туфайли ғайридинларни табриклашнинг машруълиги янада таъкидланади. Биз яхшиликка яхшилик билан жавоб беришга буюрилганмиз. Улар салом берса ундан ҳам яхши, жуда бўлмаганда уларчалик алик олишимиз даркор. Аллоҳ таоло айтади: “Қачонки сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг“ (Нисо сураси, 86-оят).
Мусулмонга бошқалардан олийжаноблик ва гўзал хулқда ортда қолиш ярашмайди. У бу ишларда мукаммал бўлиши лозим. Ҳадиси шарифда: “Мўминларнинг иймонда комили хулқи гўзал бўлганидир”, дейилади. Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мен олий хулқларнинг камолга етказиш учун юборилдим”, деганлар.
Биз уларни исломга чақирмоқчи ва унга яқинлаштирмоқчи эканмиз бундай хулқ янада аҳамият касб этади. Динимизга чақириш бизнинг вожибимиз. У ўртамиздаги совуқчилик билан эмас, балки яхши алоқалар орқали амалга ошади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам маккий давр мобайнида Қурайш мушриклари билан гўзал хулқ ва олийжаноб муносабатлар ила алоқада бўлганлар. Ҳолбуки улар Пайғамбар алайҳис салом ва асҳобларига озорлар беришган ва ҳаддан ортиқ душманлик қилишган. Иш шу даражада эдики, улар Пайғамбар алайҳис саломга қаттиқ ишонганлари туфайли мол-мулкларини у зот ҳузурларида омонат қўйишарди. Ҳатто Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида ўз ўрниларига Али розияллоҳу анҳуни қўйиб кетганлар ва омонатларни эгаларига қайтариб беришга амр этганлар.
Шундай экан, мусулмон шахс ёки исломий муассаса шу каби муносабатлар билан бошқа диндагиларни оғзаки ёки ёзма равишда табриклашида ҳеч қандай монеълик йўқ. Фақат ёзма равишда берилган откриткалар ислом асосларига зид келадиган хоч каби диний шиор ёки ибораларни ўз ичига олмаслиги керак бўлади. Чунки ислом хоч тушунчасининг ўзини ҳам инкор қилади: “Ҳолбуки уни (Исони) ўлдирмадилар ҳам, (хочга) осмадилар ҳам, лекни уларга шундай туюлди” (Нисо сурси, 157-оят).
Чунончи, шундай муносабатлар билан йўлланадиган одатдаги табриклар уларнинг динларини тан олишни ёки ундан розиликни ўз ичига олмаслик лозим. Балки у одамлар ишлатадиган хушмуомала сўзлардан иборат бўлиши керак.
Шунингдек улардан совғалар қабул қилиб, совға беришнинг ҳам зарари йўқ. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам Мисрдаги қибтлар улуғи Муқавқис ва бошқаларга ўхшаган ғайримусулмонлардан совғалар қабул қилганлар. Лекин бир шарт биланки, у совғалар ароқ ва чўчқа гўшти каби мусулмонга ҳаром қилинган нарсалар бўлмасин.
Бир нарсани зикр қилишни бу ўринда унутмаслигимиз керак. Шайхул-ислом Ибн Таймийя ва шогирди аллома Ибн Қаййимлар мушриклар, аҳли китобларнинг байрамлари ва уларда иштирок этиш масаласида қаттиқ йўл тутганлар. Биз ҳам мусулмонларнинг мушриклар ва аҳли китобнинг диний байрамларини нишонлашларига қаршиликда улар билан биргамиз. Кўрмоқдамизки айрим мусулмонлар Рождествони худди Рамазон ва Қурбон ҳайитини байрам қилгандек, балки уларданда ортиқроқ нишонлашмоқда. Бу жоиз бўлмаган ишдир. Бизнинг ўз байрамларимиз бор, уларнинг ўз байрамлари. Лекин қариндошлик, қўшнилик, ўртоқлик ва булардан бошқа ижтимоий алоқалари бор қавмнинг байрамлари билан табриклашда биз ёмонлик кўрмаймиз. Буни гўзал алоқа ва соғлом урф тан олган юмшоқ муомала тақозо қилади.
Аммо Мустақиллик куни, Бирдамлик куни, болалар ва оналар куни каби миллий ва ижтимоий байрамларга келсак, мусулмоннинг бу муносабатлар ила табрик йўллашининг, балки уларда иштирок этишининг ҳам ҳеч қандай зарари йўқ. Чунки мусулмон ҳам бу диёрларнинг фуқароси ва муқими ҳисобланади. Илло бу муносабатлар ила ҳаром ишларга аралашиб қолмаслик шарт этилади.
Абдуллоҳ бин Байянинг қўшимчалари:
Бу ўринда шуни ҳам қўшимча қилишимиз керакки, ғайри муслимларни табриклаш уламолар ўртасида ихтилоф қилинган масаладир. Имом Аҳмад мазҳабларининг ўзида бу тўғрида уч хил қавл бор; маън этиш, макруҳлик ва жоизлик. Биз кўзлаган манфаат борлиги учун учинчи ривоятни шайх Тақийюддин ибн Таймийя ихтиёр этган. Демак, уларни табриклаш, таъзияларига бориш ва касалларини кўриш жоиз бўлади. Ана шу ҳолатлар ҳақидаги бу ривоятларнинг ҳаммасини Мардовий “Ал-инсоф”да келтирганлар. Бошқа китобларда Ибн Таймийядан зикр қилинган табриклаш мумкинмаслиги ҳақидаги сўзлар ишончли мазкур ихтиёрларига тўғри келмайди. Муваффақият валийси Аллоҳдир.

“Фатво синоати ва диний озчилик фиқҳи” китобига қаранг.
Мубашшир Аҳмад таржимаси
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…