Джумла
Ҳамидуллоҳ Беруний Written by  Nov 26, 2016 - 1236 Views

Қиш мўъминнинг баҳори ва муслимнинг ғаниматидир!

Қиш ойлари ўзининг салқинлиги, кечалари узоқ давом этиши, кундузлари қисқалиги билан ибодатга кўнгил қўйган ихлосли мўъмин-мусулмонлар учун ғанимат ҳисобланади. Мўъмин-мусулмон қишнинг тунларида уйқудан қониб туриб, саҳарларда ибодат қилади. Таҳажжуд намозларини ўқишга одатланади. Қазо намозларини ўқиб олишга ҳаракат қилади. Саҳарликларга туриб, рўза тута бошлайди. Чунки, қишнинг кундузлари қисқа бўлгани боис рўза тутиш осонлашади. Ёзнинг қайноқ кунларида рамазон рўзасини тута олмаган бўлса, уни кейинги рамазонгача қиш кунларида тутиб бергани маъқул. Бу ҳақида жаноби Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам марҳамат қилганлар:
الغنيمة الباردة الصوم فى الشتاء
“Қиш кунидаги рўза қийинчиликсиз топиладиган роҳатли ғаниматдир” (Термизий, 3/797; Байҳақий, 2/8717; Ибн Хузайма, 3/2145; Аҳмад, 4/18979; Ибн Абу Шайба, 3/9834; Табароний, "ал-Мўъжам ас-сағир", 1/716).
 Имом ал-Муновий (р.ҳ.) ҳадисда тилга олинган "борида" сўзини луғатда "салқин" маъноси бўлса-да, араблар уни қийинчиликсиз топиладиган нарсаларга, осон битадиган ишларга нисбатан айтишларини зикр қилган.    
Қишнинг ғаниматлик сабабини Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай изоҳлаганлар:
أَمَّا نَهَارُهُ فَقَصِيرٌ، وَأَمَّا لَيْلُهُ فَطَوِيل
"Қишнинг кундузлари қисқа, кечалари эса узундир" (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 5/3656).
Абу Ҳурайра (р.а.) ҳам қишда рўза тутишни ғанимат деб билган:
قَالَ أَبُو هُرَيْرَةَ : أَلاَ أَدُلُّكُمْ عَلَى الْغَنِيمَةِ الْبَارِدَةِ قَالَ قُلْنَا : وَمَا ذَلِكَ يَا أَبَا هُرَيْرَةَ؟ قَالَ : الصَّوْمُ فِى الشِّتَاءِ.
"Абу Ҳурайра (р.а.): "Сизларни осон ғаниматга далолат қилайми?" деди. Биз: "Бу қандай ғанимат?" дедик. У эса: "Қишда рўза тутиш" деб жавоб қилди" (Байҳақий, 2/8718). 
Ғаниматнинг қандайлиги борасида Ҳазрати Али (к.в.)дан сўралганда, у бундай жавоб берган:
قال : فما الغنيمة ؟ قال : الرغبة في التقوى والزهادة في الدنيا هي الغنيمة الباردة
"Ғанимат нима?" деб сўради. У: "Тақвога рағбат, дунёда зоҳидлик – у осон топиладиган ғаниматдир" деди" (Табароний, 3/2688).
Тақводор ва ибодатга бўйинсунганлар қиш кунларини ғанимат билиб келганлар. Ҳазрати Умар ибн ал-Хаттоб (р.а.): الشِّتَاءُ غَنِيمَةُ العَابِد – "Қиш обиднинг ғаниматидир!" деган (Ибн Абу Шайба, 3/9835).
Тобеъинларнинг улуғларидан Убайд ибн Умайр (р.ҳ.) эса қиш келганида шогирд ва мухлисларига бундай дер экан:
عَنْ عُبَيْدِ بْنِ عُمَيْرٍ، قَالَ: كَانَ يَقُولُ إذَا جَاءَ الشِّتَاءُ: يَا أَهْلَ الْقُرْآنِ طَالَ اللَّيْلُ لِصَلاَتِكُمْ، وَقَصُرَ النَّهَارُ لِصِيَامِكُمْ فَاغْتَنِمُوا
"Эй, Қуръон аҳли! Намозларинггиз учун кечалари узун бўлаяпти, рўзаларинггиз учун кундузлари қисқа бўлмоқда. Шунинг учун бу кунларни ғанимат билингиз!" (Ибн Абу Шайба, 3/9836).
Ҳа, Қуръон аҳлига мурожаат қилинишидан, Аллоҳнинг Қуръонини ёдлаётган қорилар қиш кунларида, айниқса, ғайрат кўрсатмоқлари кераклиги англашилади. Тўйиб ухлаб олгандан кейин, тунлари, Аллоҳнинг раҳмати жўш урадиган айни саҳар вақтлари Қуръонларини такрор қилишни ғанимат билишлари лозим. Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳам қиш кунлари бомдод ва пешинни эртароқ бошлар ва қироатни узун қилиб саҳобаларни Қуръон оятларидан баҳраманд қилар эдилар. Қиш тунлари узун бўлгани боис кечалари туриб, қазо намозларини ўқишга ҳаракат қилган маъқул. Мўъмин-мусулмонларнинг адо қилмасдан ўтказиб юборилган қазолари ўқилмаса, уларнинг ўрнини ҳеч нарса боса олмайди. Қазодан ва қарздан ўқиб ёки тутиб ёхуд бериб қутилиш мумкин, холос.  
Рамазон рўзасини тута олмаса, кейинги рамазон келгунча қазосини тутиб бериш керак. Ҳанбалий мазҳабида агар кейинги рамазонгача қазосини тута олмаса, унинг қазоси билан бирга қўшимча равишда моддий равишда каффорат ҳам тўлаб берилади. Ҳанафий мазҳабига кўра, унга қазодан бошқа нарсалар (каффорат ва фидя) лозим эмас. Каффорат рамазон рўзасини фақат қасддан бузганга лозим, фидя эса қари чол-кампирлар учун берилади. Расулуллоҳ (с.а.в.) қиш кунларини айнан рўза учун ғанимат эканлигини айтганлар. Демак, бу кунларни фақат дунёвий ишлар билан ўтказиб юбормаслик лозим. Айниқса, нафл рўзаларни ғанимат билиш керак. Тобеъинлардан Ато (р.ҳ.)дан арафа куни рўза тутасизми, деб сўралганда, "Ёзда бўлса, рўза тутмайман. Арафа қишда келса, албатта рўза тутаман!" деб жавоб берган экан (Абдурраззоқ, 4/7822).
Қиш кунларида ташқарида таҳорат қилинадиган бўлса, унга алоҳида эътиборли бўлиб, фарзу суннат ва мустаҳабларини мукаммал қилишга ҳаракат қилмоқ керак. Чунки, бунинг ҳам алоҳида савоби бор. Расулуллоҳ (с.а.в.) олти хислатни хайрли деб, улар орасида ушбу: حسن الوضوء في أيام الشتاء – "Қиш кунларида таҳоратни гўзал қилишлик"ни санаганлар (Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 3/2755).
Ҳадиси шарифларда айниқса қиш кунлари инсонларнинг қалблари юмшашини зикр қилинган:
قلوب ابن آدم تلين في الشتاء، وذلك لأن الله تعالى خلق آدم من طين، والطين يلين في الشتاء
"Одам болаларининг қалблари қишда юмшайди. Шундай, чунки, Аллоҳ толо Одамни тупроқдан яратган. Тупроқ эса қишда юмшайди" (Суютий, "ал-Жомеъ ас-сағир", 3/6149; ал-Муттақий, "Канз ал-уммол", 19/35211).
Демак, қалблар юмшаган кунларда мўъминлар бир-бирларига мулойим бўлишлари, меҳр-шафқат кўрсатишлари, гина-кудуратларни йўқотишлари керак бўларкан. Қиш кунларида қазо ва нафл рўзаларини тутаётганларга ифторлик берилса, ифтор берувчининг савоблари кўпайишига сабаб бўлади. Қиш кечаларида қазо ва нафл намозларни ўқиётган ихлосли мўъмин-мусулмонларга хайр-эҳсонлар бериб, уларнинг кўнгилларини овлаш ҳам хайрли амаллардандир. 
Қиш кунларининг кечалари узун бўлгани боис унинг совуғи ва машаққатлари ибодатга кўнгил қўйган мўъминларга баҳор янглиғ ёқимли бўлгусидир:
الشتاء ربيع المؤمن : قصر نهاره فصام ، وطال ليله فقام
"Қиш мўъминнинг баҳоридир. Кундузлари қисқалиги учун рўза тутади, кечалари узун бўлгани учун туриб намоз ўқийди" (Аҳмад, 3/11734; Абу Яъло, 2/1386; Байҳақий, "Шуаб ал-имон", 3/3940).
Демак, қишларни мўъмин-мусулмонлар ғанимат билиб, баҳор янглиғ хушнудлик ила ибодатлар ва хайрли амаллар ила ўтказсалар, қиш қандай ҳам соз ўтарди!

Ҳамидуллоҳ Беруний
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…