Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 29, 2016 - 1947 Views

Сон эмас, сифат муҳим!

Исломнинг энг устивор йўналиши – сифатни миқдордан устун қўйишдир. Миқдор – кўрсаткич тариқасида эмас, балки у ёки бу амални бир-биридан фарқловчи мезон сифатида қўлланмоқда. Агар миқдорда сифат бўлмаса, барчаси бекор ёки катта сўроқ остида қолади. Қуръон кўпчиликни таҳқирлайди. Таҳқирки, муайян ҳолатни билмайдиган, англамайдиган, ишонмайдиган ва шукр қилмайдиган банда бўлса… Мана, Каломуллоҳ бу борада марҳамат қилинган оятлар:
Лекин уларнинг кўплари ақл юритмаслар” (Анкабут сураси, 63).
Лекин кўп одамлар билмаслар” (Аъроф сураси, 187).
Лекин одамларнинг кўплари иймон келтирмаслар” (Ҳуд сураси, 17).
“Лекин кўп одамлар шукр қилмаслар” (Бақара  сураси, 243).
“Ва агар ер юзидагиларнинг кўпларига итоат қилсанг, сени Аллоҳнинг йўлидан адаштирадилар” (Анъом сураси, 116).
Шу билан бирга Қуръонда иймон келтирганларни - шукр қилувчиларни мақтайди:
Албатта, кўп шериклар бир-бирларига зулм қилурлар. Магар иймон келтириб, солиҳ амал қилганларгина (қилмаслар). Улар жуда ҳам оз... (Сод сураси, 24).
Бандаларимдан шукр қилгувчилари оздир (Сабаъ сураси, 13).
Демак, инсонларнинг сони унчалик ҳам муҳим эмас.  Гап улар орасида  иймон ва эътиқодда собит юрганларда.
Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам  ҳам умматлар орасидаги  иймони, эътиқоди ва бошқа фазилат эгалари  билан фахрланардилар. Илло, жоҳл ёки мунофиқлар билан эмас.
Инсоний фазилатлар борасидаги одамларнинг бир-биридан фарқ қилиши  - ҳайвонлар ва бошқа жонзотлар ўртасидаги фарқланишлардан анча юқоридир.
Аслида биз миллион, минг каби сонлар ортида нима турганини билмасак ҳам ҳамма нарсанинг кўп миқдори сифатга монанд бўлишини истаймиз.
Қуръони Каримда Жолут жангчиларининг Толут озчилиги томонидан мағлуб бўлгани хақида хабар берилади: ”Толут аскар билан чиққанда: «Албатта, Аллоҳ сизни дарё билан синовчидир, ким ундан ичса, у мендан эмас. Ва ким уни тановвул қилмаса, у, албатта, мендандир. Магар биров қўли билан бир ҳўплам ҳўпласа, майли», деди. Озгиналаридан бошқалари ундан ичдилар. У ва у билан бирга иймон келтирганлар дарёдан ўтганларида улар: «Бугун бизда Жолут ва унинг аскари билан жанг қилишга тоқат йўқ», дедилар. Аллоҳга рўбарў бўлишга ишонганлар: «Қанчадан-қанча оз сонли гуруҳлар Аллоҳнинг изни билан кўп сонли гуруҳларга ғолиб келган. Аллоҳ сабрлилар биландир», дедилар... Аллоҳнинг изни билан урушда енгдилар ва Довуд Жолутни қатл этди. Сўнгра Аллоҳ унга подшоҳлик ва ҳикматни берди ва хоҳлаган нарсасини ўргатди. Агар Аллоҳнинг баъзи (одам)ларни баъзиларига дафъ қилиш бўлмаса эди, ер юзи бузиларди. Лекин Аллоҳ оламлар устидан фазл эгасидир “ (Бақара  сураси, 249, 251),
Шу билан бирга Қуръонда Пайғамбар солаллоҳу алайҳи ва салламнинг Бадр жангидаги мушриклар устидан озчилик бўлиб ғалаба қозонганлари зикр қилинади: “Батаҳқиқ, Бадрда оз бўлсаларингизлар ҳам, Аллоҳ сизларга нусрат берди. Бас, Аллоҳга тақво қилинг, шоядки шукр қилсангиз” (Оли Имрон сураси, 123). Яна: “Сиз ер юзида оз сонли, заифҳол бўлиб, одамлар сизни тутиб олишидан қўрқиб юрган ҳолингизни эсланг. Бас, У зот сизга жой берди, Ўз нусрати ила қўллади ва сизларга пок нарсаларни ризқ қилиб берди. Шоядки, шукр қилсангиз” (Анфол сураси, 26).
Ҳаттоки Ҳунайн куни мусулмонлар ўзларининг кўп сонли эканликлари билан завқланиб, эҳтиёткорликни унутганлари сабабли мағлубиятга юз тутишларига оз қолганда ҳам, Аллоҳ уларни кўринмас лашкар билан қувватлантирганини ҳис қиладилар: “Батаҳқиқ, Аллоҳ сизларга кўп жойларда нусрат берди. Ҳунайн кунида ҳам. Ўшанда сизни кўплигингиз мағрур қилган эди. Бас, сизга ҳеч фойда бермади ва кенг ер сизга торлик қилиб қолди. Сўнгра ортга қараб қочдингиз. Сўнгра Аллоҳ сокинлигини Пайғамбарига ва мўминларга туширди ҳамда сиз кўрмайдиган лашкарларни туширди ва куфр келтирганларни азоблади. Ана ўша кофирларнинг жазосидир” (Тавба сураси, 25-26).
Шунингдек, Қуръонда Аллоҳ айтадики, агар инсонда кучли иймон ва хоҳиши бўлса ва у сабр қилса, у бундай ҳислатларга эга бўлмаган ва ўзидан ўн баравар кучли бўлган душманни енгиши мумкин “:Эй Набий, мўминларни жангга чорла! Агар сиздан йигирмата сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан юзта бўлса, куфр келтирганлардан мингтасини енгадир. Бу улар тушунмайдиган қавм бўлганларидандир” (Анфол сураси, 65).
Қачонки мусулмонлар кучсиз ва кам сонли бўлса, у ҳолда иймон ва сабр эгалари ўзларидан икки баравар кўп бўлган лашкарни енга олади. Бу хақда Қуръон: “Энди Аллоҳ сизлардан енгиллаштирди, сизларда ожизлик борлигини билди. Бас, агар сиздан юзта сабрли бўлса, икки юзтани енгадир. Агар сиздан мингта бўлса, Аллоҳнинг изни ила икки мингтани енгадир. Аллоҳ сабрлилар биландир” (Анфол сураси, 66).
Шундай экан, барча нарсалар миқдор билан эмас, балки иймон ва хоҳиш билан яратилади. Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва салламнинг хаётлари тарихини ўқиганлар биладики, Пайғамбаримизнинг мақсадлари миқдор эмас, балки сифат бўлган. Худди шунга  саҳобалар ва халифалар ҳам интилганлар.
Умар ибн Хаттоб (р.а.) Амр ибн Осни Мисрни забт этиш учун атиги тўрт минг аскар билан жўнатади. Кейин у ёрдам сўраганда, Умар яна тўрт минг аскар билан бирга тўртта аскарни қўшиб юбориб, шундай дейди: “Шу тўрттанинг ҳар бири мингтани ўрнини босади, демак, энди сизда ҳаммаси бўлиб ўн икки минг аскар бўлди! Ва бу қўшин ўзининг кам сонл бўлса-да,  ютқазмайди”.
Умар (р.а.) иймон келтирган ҳақиқий мусулмон эдилар, у зот аскарларнинг сони ҳақида ўйламай,  сифат ва куч имкониятларига ишондилар.
Хабар бериладики, шунингдек, Умар (р.а.) саҳобалар билан ўтирганларида улардан сўраган эканлар: “Ўзингизга нимани тилайсизлар?”. Саҳобалардан бири жавоб қилибди: ”Аллоҳ йўлида садақа қилиш учун дирҳамларга тўла уйим бўлишини истардим”. Бошқа саҳоба эса Аллоҳ йўлида садақа қилиш учун олтин тўла уйи бўлишини тилади. Умар (р.а.) эса айтдилар: “Мен эса Аллоҳ йўлида ишлатиш учун бу уй Абу Убайда ибн Жарроҳ, Муоз ибн Жаббол ва Салим Мавла Абу Хузайфага ўхшаш эркаклар билан тўла бўлишини истардим”.
Яна гап айланиб,  миқдорга эмас, сифатга бориб тақалмоқда.
Инсонга унинг бўйи, кучи ёки чиройига қараб баҳо берилмайди. Бу хислатлар орқали инсонни тушуниш, ички дунёсига баҳо бериш мумкин эмас. Жисм, охир-оқибат, ўз кўриниш ва шаклини йўқотади. Инсон шахсияти эса, ақл ва қалбдан иборат. Аллоҳ таоло, Қуръонда мунофиқларни таърифлаб, шундай дейди: “Ва агар уларни кўрсанг, жисмлари сени ажаблантирур...” (Мунофиқун сураси, 4). Шунингдек, Аллоҳ Худ пайғамбарнинг сўзлари билан Од халқини тасвирлайди: “...ва хилқатингизда куч-қувватни зиёда қилган...” (Аъроф сураси, 69).
Аммо бу куч-қувват уларни Аллоҳни олдида кибрланишга олиб келади: “Од қавми бўлса, ер юзида ноҳақдан муткаббирлик қилдилар. Улар: «Биздан қувватлироқ ким бор?!» дедилар. Уларни яратган Аллоҳ ўзларидан қувватли эканини билмасмидилар?! Улар Бизнинг оятларимизни инкор этар эдилар” (Фуссиллат сураси, 15).
Саҳиҳ ҳадисда айтилади: “Ҳақиқатан, охират куни баҳайбат, семиз бир инсон келади, аммо у Аллоҳни ҳузурида ҳеч қандай оғирликка эга бўлмайди”.
Ёки Қуръонда марҳамат этилади: “Қиёмат куни уларга ҳеч қандай вазн бермасмиз” (Каҳф сураси, 105).
Бир куни Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобалари Ибн Масъуднинг дарахтга чиқиб олганида тиззалари очилиб қолди. У зотнинг тиззалари эса шунчалик озғин эдики, ҳатто баъзи саҳобалар унинг устидан кулишни бошладилар.  Шунда Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: “Аллоҳга қасамки, унинг тиззалари охират кунида Ухуд тоғидан ҳам оғир бўлади”.
Демак, агар кучли жисмда ақл ва тоза қалб бўлмас экан, ундан фойда йўқ даражада.
Бу Ислом куч ва соғлиққа аҳамият бермайди, дегани эмас. Ахир Аллоҳ Толутни қуйидаги сўзлар билан мақтаган: “...ва уни илмда, жисмда кенглигини зиёда қилди...” (Бақарас сурси, 247)
Кучли мусулмон Аллох назарида заиф мусулмондан афзалроқдир”. Аммо бу сифатлар банданинг асосий қадр-қиммати бўлиб қолмаслиги керак.
 
Шайх Юсуф Қаразовий,
Уламолар Халқаро Ассоциацияси раҳбари
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under

Related items

Мўминнинг икки сифати Dec 29, 2016 - 1947 Views
Муҳим нуқта Dec 29, 2016 - 1947 Views
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…