Джумла
islamonline.uz Written by  Jan 21, 2017 - 1471 Views

Қиёматгача боқий амаллар

Мўмин инсон доимо савобли амаллар қилишга интилиб, Аллоҳ таолонинг розилигига эришишга ҳаракат қилади ва ушбу амалларнинг савоби вафотидан кейин ҳам давом этишини хоҳлайди. Ушбу мақола орқали мўминнинг вафотидан кейин унга етиб турадиган савобли амалларни бир ҳадиси шариф мисолида ўрганишга ҳаракат қиламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қачонки инсон вафот этса, ундан унинг амали кесилади. Фақатгина уч нарса: садақаи жория, манфаат олинадиган илм ёки унинг учун дуо қиладиган солиҳ фарзанд (кесилмайди).” – дедилар. Муслим ривояти. (Мирқот ул-мафотиҳ, 1 жилд, 412 бет, 203 ҳадис.)
Демак, инсон вафот этса унинг уч амалидан бошқа барча амаллари кесилади. Фақатгина қуйидаги амалларнинг савоби унга етиб бориб туради:
1. Садақаи жория. “Садақаи жория” (сўзма-сўз: оқувчи садақа) – инсонларга доимий манфаат етказиб турувчи нарсадир. Бунга кўприк қуриш, йўлларни таъмирлаш, масжид-мадраса ва ўқув даргоҳларини обод этиш, бева-бечоралар, ҳаттоки эгасиз ҳайвонлар ейиши учун бўлса ҳам мевали ёки соя бериб турувчи дарахтлар экиш каби ишларни мисол қилиш мумкин. Албатта, бу ишлар фақатгина моддий тарафлама имкониятга эга кишиларгина қила оладиган ишлар эмас. Ушбу ишларга холис ёрдам бериш ҳам садақайи жориядан савоб олишдир. Мусулмонлар қадимдан бу каби ишларни қилиб келганлар ва бу ишлар “вақф” деб номланиб, махсус вақф ишларини бошқарувчи ташкилотлар таъсис этилган.
2. Манфаат олинадиган илм. Инсонларга манфаат етказадиган диний ва дунёвий илмларнинг савоби инсон вафотидан кейин ҳам унга етиб туради. Манфаатли илмни турли хил илмий мерослар қолдириш, шогирдларга яхшиликни ўргатиш ва имконияти бор инсонлар эса мана шундай ишларга моддий тарафлама ёрдам бериши орқали ҳосил қилиш мумкин. Илмий меросларни китоб ва рисолалар ёзиш орқали қолдирилади. Уни ўқиб, савоб олган ва мана шу мерослар орқали ўзи фойда олиб, бошқаларга манфаат етказган инсонларнинг савоби муаллифга етиб боради. Шогирдларга яхшиликни таълим берган устознинг ҳақига унинг шогирдлари дуо қилади, шогирдлари ҳам ўз ўрнида ўзлари каби инсонларни етиштиради ва савобли ишлар давомли бўлиб, энг аввалги устозга ҳам бир хилда етиб туради.
Бугунги кунда, турли хил билим юртларида шартнома тўлови асосида таълим бериш кенг тарқалган. Табиийки, бундай тўловларни тўлашга ҳар кимнинг ҳам қурби етмайди ва натижада, имконияти етмаган талаба ё ўқишни ташлаб кетади ёки ҳам ўқиб, ҳам ишлашига тўғри келади. Бундай шароитда эса талаба эл-юрт учун керакли кадр бўлиб етишиши қийин кечади. Агар имконияти бор инсон унга шартнома тўловини тўлашга ёрдам берса, талаба бор имкониятини таълим олишга сарф этади ва келажакда инсонларга кўпроқ манфаат етказади. У эгаллаган илми ва бу орқали бошқаларга етказадиган манфаати учун қанча савоб олса, шу савобидан унга моддий ёрдам кўрсатган инсонга ҳам етиб туради. Аллоҳ таоло кўплаб мўминларга кенг ризқ бериб қўйган. Имконияти бор, савоб умидида юрган мўмин инсонлар мана шундай савобли иш қилишдек имкониятни қўлдан бой бермасалар, нур устига аъло нур бўлади.
3. Ота-онаси учун дуо қиладиган солиҳ фарзанд. Исломда фарзанд тарбияси энг масъулиятли вазифа ҳисобланади. Мўмин банда ҳеч қачон фарзанд тарбиясига бефарқ бўлмайди. Аввало, унинг ҳақига ғойибона дуо қилади, унга Роббисини танитади, яхшилик қилишни ўргатади. Натижада, яхши тарбия кўрган солиҳ фарзанд ҳеч қачон дуоларида ота-онасини унутмайди. Улар ҳаётлигида хизматларини қилиб дуоларини олади ва ўзи ҳам ғойибона уларни дуо қилади ва вафот этганларидан сўнг ҳам уларнинг ҳақига дуо қилишдан тўхтамайди. Мана шундай солиҳ фарзанд ота-онасини бу дунё ва охиратда саодатга эриштиради. Шу ўринда, устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳнинг ушбу ҳадисга битган шарҳларидан иқтибос келтиришни лозим топдик. “Ортидан солиҳ фарзанд қолдириш ҳам жуда эзгу иш. Мусулмон оламида фарзанд ўстиришдан асосий мақсадлардан бири шу эканини олдин ҳам айтиб ўтдик. Афсуски, кейинги даврда кишилар ўз ортларидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд қолишига эътибор бермай қўйдилар. Исломий тарбия ўз аҳамиятини йўқотди. Натижада кишиларнинг ортидан дуо қиладиган солиҳ фарзанд эмас, лаънат келтирадиган нобакор фарзанд қоладиган бўлди. Ҳозирда калимаи шаҳодатни ҳам айта олмайдиган, дину диёнатдан бехабар, умрида пешонаси сажда кўрмаган, бошқа ибодатларни қилишни хаёлига ҳам келтирмайдиган, дунёдаги ҳамма ёмонликлардан тап тортмайдиган кимсаларни ота-онасининг ҳаққига дуо қиладиган солиҳ фарзанд дея оламизми? Бундай фарзандлар ҳеч қачон ўз ота-оналари ортидан савоб юбора олмайдилар, аксинча, лаънат, қарғиш келтирадилар.
Шунинг учун ҳар бир фарзанд солиҳ бўлмай, ота-онасининг ҳаққига дуо қилмай юрган бўлса, дарҳол ўзини ўнглаб олиши керак. Дину диёнатли бўлиб, ибодат қилиб, намозларидан, бошқа ибодат ва яхши амалларидан кейин ота-оналари ҳаққига дуо қила олиш даражасига кўтарилиши лозим. Ана шунда Аллоҳ таоло ҳузурида бандалик бурчини, ота-она ҳузурида фарзандлик бурчини адо этган бўлади.
Шу билан бирга, ота-оналар ўз фарзандларига исломий тарбия беришга алоҳида эътибор қаратишлари керак. Ана шундагина ортларидан дуо қилиб турадиган солиҳ фарзанд қолдиришлари мумкин. Ана шундагина ўлгандан кейин ҳам савоби кесилмайдиган амал қолдирган бўладилар.” (Ҳадис ва ҳаёт, 3 жуз, 216 бет.)
Инсон вафотидан кейин унга савоби етиб турадиган амалларни қисқача бўлса-да ўрганиб чиқдик. Аллоҳ таоло ушбу ҳадиси шарифга амал қилган ҳолда, савобларимизни кўпайтириб, Ўзининг розилигига эришишни барчаларимизга насиб айласин!

Ийсохон Яҳё
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…