Джумла
Абу Муслим Written by  Feb 19, 2017 - 822 Views

“Билағонлик” балоси

Ислом уммати бири-бирига устоз, бири-бирига шогирд бўлиб келган. Илм ўргатиш ва ўрганиш мусулмонларни бошқалардан ажратиб турувчи асосий фазилатларидан бўлган. Ҳар бир мусулмон ўзи билган нарсани бошқа бировга ўргатишни муқаддас бурчи, деб билган. Лекин орамизда шундай инсонлар ҳам борки, улар сўралаётган масаланинг шаръий ҳукмини билмайдилар ёки билсалар ҳам қониқарли жавоб беришга ожизлик қиладилар. Афсусланарли жойи шундаки, “билмайман” дейишнинг ўрнига ўзларича жавоб берадилар ва кўп ҳолларда бу мусулмонларнинг адашувига сабаб бўлади.
 
Ким айбдор?
 
Бугун жамиятда Исломга бўлган катта қизиқиш ва бу дин ҳақидаги билимларнинг тарқалиши баъзи салбий ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Албатта, бу ерда гап илмнинг ўзи ҳақида эмас. Муаммо - уни етказиб, тарқатаётган баъзи одамларда. Ҳамма масалалар бўйича “жавоб бериб ташлайдиган” ва ўзининг ҳақлигига юз фоиз амин бўлган  “билағонлар”  борлигини кўриб турамиз. Бунинг устига, унинг фикрига тўғри келмайдиган ҳар қандай бошқа фикр “хуш кўрилмайди”. Улар ҳақни ҳимоя қилиш ўрнига, ўз нафсини, яъни комил эмаслиги ёки билимсизлиги ё қандайдир масалада билими тўлиқ эмаслигинини инкор қилиб,  ўз фикрини “ётиб олиб” ҳимоя қилишга уринадилар. Бундай қилиш мақбул эмас, албатта.
Ўтган уламолар билағонлик қилишдан, бирор масалани сўраб келганга дарров жавоб қайтаришдан тийилишган. Саодат асрида саҳобалар ҳузурига бирор киши масала сўраб келганида «Мендан кўра фалончи билимлироқ», деб уни бошқа саҳобага йўллашар, у ҳам ўз навбатида бошқасига юборар, гоҳо сўровчи шу тариқа айланиб-айланиб, яна биринчи учрашган одамига келиб қолар эди.
 
Воқеа
 
Эсимда, иккита ҳамкасбим дин ҳақида гаплашиб ўтирган эди. Биттаси бошқасидан сўради: “Парвардигорнинг “Раҳим” исмининг маъноси нима?”. Иккинчиси эса навбатдаги саволни берди: “Раҳмон” сўзининг маъноси-чи? “. Жавоб берувчи, унчалик дадил бўлмаган оҳангда, барибир жавоб бериб: “Бу Аллоҳ меҳрибондир, дегани бўлади”, деди. Жавоб берувчи иккита исмда фарқ борлигидан унчалик хабари йўқлиги билиниб турар эди.
 Бу воқеа бугунги кун уммат танасида инфекция каби тарқалаётган қалблар хасталиги ҳақида жиддий фикр-мулоҳаза қилишимга сабаб бўлди...
 
“Билағонлик” синдроми
 
Бу касалликнинг  “билағонлик синдроми” деб аталаган бўлар эдим. Унинг энг асосий симптоми (белгиси) эса, “ўзи билмайдиган нарса ҳақида жуда кўп сўзлашдир”. Бир одамга савол берилади. У жавобни билмаган ҳолда ёки жавобнинг маълум бир қисмини билиб, (мавзуга оид бўлмасада) жуда  кўп сўзлайди (“гапни олиб қочади”). Агар одам тўғри жавобни билса, ишончли манбаларга суянса, айтилган гапларини керакли бўлган қўшимча маълумотлар билан бойитса, бу мақбулдир. Бироқ, кўпинча, бирор кимса кимдандир иқтибос келтиради, кимнингдир гапларини сўзлаб беради, лекин уни қаерда эшитган ёки қайси китобдан ўқиганини айтиб бера олмайди. Бу ҳадисми ёки бирон бир олимнинг гапими - билмайди. Агар ҳадис бўлса, ўша ҳадис саҳиҳми ёки заифми – бу ҳақда ҳатто тасаввури йўқ. Буни эътиборга олиш билан бирга бир қатор ҳадисларни айнан қандай бўлса, шундайлигича ривоят қилиш лозим бўлади. Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам нимани айтган ёки қилган бўлсалар, шунга қараб, вазиятни тўлиқ тасвирлаш керак. Бу нотўғри фикрлар, ноаниқлик ёки эшитувчиларда ҳадисни хато тушуниш эҳтимоли бўлмаслиги учун қилинади.
 
Оқибат
 
Бундай енгил ёндашув оқибатида инсон уламолар ёки бошқа бир кимсага у айтмаган сўзларни нисбат бериб қўйиши мумкин. Биринчидан, одамнинг иймонига путур этади, чунки у нотўғри амал қилаётган бўлса, у ҳолда иймони камаяди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисни ёдга олайлик: «Эшитган нарсасини гапираверишлик кишининг ёлғончи эканлигига кифоя қилади». Яъни, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам агар инсон эшитган нарсаларини тўғрими-нотўғрими,  фойдалими-фойдасизми, хуллас, текширмасдан гапириб юрадиган бўлса, у ёлғончи бўлиб қолиши мумкин, деб огоҳлантирмоқда.
Ўзи зарар кўраётганига қарамай, у ўзининг “билағонлиги” билан атрофдагиларга ҳам зарар келтириши мумкин. Сўраётган одам тўғри ва аниқ жавоб олиш истагида бўлади. Жавоб тўлиқ  ёки нотўғри бўлса, сўраган одам уни тўлиқ ёки саҳиҳ экан, деб қабул қилади. Бу эса ўз навбатида нотўғри хулосалар чиқаришига сабаб бўлади.
Буларнинг ҳаммаси ёш болаларнинг “бузилган телефон” ўйинини эслатади...
Бироқ бизнинг ҳолатда масала жуда жиддийдир.
 
Нима қилиш керак?
 
  1. Билағонлик касалидан қутилиш учун мусулмон одам ҳамма нарсани билмаслиги ва била олмаслигини яхши тушуниши керак. Бу ерда Суқрот ҳикматига мурожаат қилсак ҳам бўлади: У: “Мен ҳеч нарса билмаслигимни биламан”, деган эди. Шундай ёндашиш нафсни билағонлик касалидан сақлаши ва атрофдагилар билан муносабатларни яхшилаши мумкин, айниқса, диний ишларга тегишли масалаларда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Яъни, масалага бу тарзда ёндашишлик ихтилофларга сабаб бўладиган баҳсларнинг келиб чиқиш эҳтимолини камайтиради. Бундан ташқари, инсон ўзининг тўлиқ билимга эга эмаслигини билиши унга чала билимини бойитишга, ўзининг устида ишлашига туртки бўлиши ҳам мумкин.
  2. Эҳтимол, билағонлар ўзининг интеллектуал “бойлигини” намойиш қилиш каби нафс буйруғига эргашишдан ташқари, бирор кимсага ёрдам бермоқчи бўлиши ҳам мумкин. Яхши нияти шу қадар каттаки, у ҳатто оқибатларни ўйлаб ҳам кўрмайди.
Иккинчидан, эътиборга олиш керакки, билағонлик синдромидан сақланиш учун, тушунмаган ёки нотўғри тушунганини айтишдан кўра, сукут  яхши эканини англаш керак.
Ҳадисларнинг бирида: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, бас, яхши гапни гапирсин ёки жим турсин», деб айтилган.
  1. Гарчи, инсон савол мавзуси бўйича қандайдир билими бўлган тақдирда ҳам, у ўз билимини паст баҳолаб, саволнинг бошқа кўп жиҳатлари бўлиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда "менга маълум бўлгани шу" ёки "эшитганимни ё бирор жойда ўқиганимни айтяпман", деб қўшиб қўйиши лозим. Ҳамда сўровчига жавоб тўлиқ бўлмаслигини ва бундан ишончлироқ манбалардан излаб кўриш ўринли эканини эслатиб ўтиши керак.
Ана шунда сўровчини янглишиш эҳтимолидан сақлаган бўлади.
 
Ўрнак учун мисоллар
 
Бундай ҳолатларда уммат ичидаги энг яхши саналган зотлар қандай йўл тутар эди? Имом Нававийнинг «Ал-Мажмуъ» номли китобида Абдурраҳмон ибн Абу Лайлодан қуйидагилар ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бир юз йигирма ансорий саҳобаларининг ҳар биридан масала сўралганида, ана ундан сўра, ана ундан сўра деб, яна аввалгисига қайтиб келганини кўрдим».
Ёки Имом Молик билан бўлиб ўтган воқеани эслайлик. Молик ибн Анасдан (раҳматуллоҳи алайҳ) тўрт юз масала сўралганида, уч юз тўқсон олтитасига “билмайман” деб жавоб берган эканлар.
Ҳужжат-ул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолий айтадилар: «Билмайман» дейиш илмнинг ярмидир! Ким билмаган нарсаси ҳақида Аллоҳ учун сукут қилса, гапирганидан кам савоб олмайди, чунки бу борада билимсизлигини эътироф қилиши нафсига оғир келади».
Ибн Қайюм айтади: «Билмайман» дейишни ўрган, “биламан”ни унут, сен билмайман десанг, билгунингча ўргатишади, биламан десанг, билмагунингча сўрашади».
Имом Муҳосибий бундай ёзади: «Киши то билгунича сўрашдан уялмаса, билмаган нарсаси ҳақида сўралганида, “билмайман” дейишдан уялмайди».
Абу Толиб Маккий: «Аллоҳ таолодан қўрқиб сукут қилиш гўзаллиги илм билан гапиришдаги гўзаллик кабидир», дейди.
Имом Мовардий "Одоб" асарида шундай ёзади: "Барча илмларни эгаллашнинг иложи йўқ экан, унинг бир қисмини билмаслик айб эмас, шунинг учун киши билмаган нарсасини билмайман дейишлигида зарар йўқ. Энг ёмони хато, нотўғри гаплар билан инсонларни адаштириш, қалбларга шубҳа солишдир".
Билағонлик қилиш (синдроми) – бугун биз фош қилган нафс хизматчиларининг биридир. Биз унинг башарасидан таниб олганимиздан кейин, бир-биримизга билим бераётганда диққатлироқ ва маъсулиятли бўлишимизни тақозо қилади. Билмаган нарсани гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳдир. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани “шу шариат ҳукми” деб айтиш эса умуман тенги йўқ залолатдир, тенги йўқ адашувдир, тенги йўқ улкан гуноҳдир. Чунки шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин. Шариатда жоҳиллик билан гапиришда эса, ҳам бу дунё, ҳам оҳират куяди. Чунки шариат масаласи ҳалол-харом, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш, фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади, шу билан бирга илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳамма ерни бузади, одамлар фалончига айтди, деб унинг гапини бир-бирларига айтадилар, ўзаро тарқатадилар, натажада залолат кенг ёйилиб кетади.
Аллоҳ таоло залолатдан сақлаб, тўғри йўлдан адаштирмасин...
 
 
Интернет  материалари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…