Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 08, 2016 - 1041 Views

Фуссилат сурасидан дарслар...

Сени ҳафа қилиб, устингдан кулиб, камситиб, хўрлашдими? Ёки сенга нисбатан адолатсизлик қилиб, сенинг ҳаққинг бўлган нарсаларга ҳамла қилишдими? Ўкинма, чунки Аллоҳ таоло айтади:
"Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас. Сен яхшилик бўлган нарса ила даф қил. Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур" (Фуссилат, 34).
Мени камситганларга нисбатан қандай жавоб беришим керак? Ислом ундайларга яхши муносабатда бўлиш керак деб ўргатади. Хафа қилган одамга нисбатан яхши муомала қандай қилинади: у ҳақида яхши фикрда бўлиш, кечириш, табассум қилиш, салом бериш, ҳаққига ҳайрли дуолар қилиб, ҳурматини жойига қўйиш ва керак бўлса ёрдамлашиш зарур. Бироқ, буларга эришишнинг асосий шарти, сабрли бўлиш керак.
"Унга фақат сабр қилганларгина эришур. Унга фақат улуғ насиба эгаси бўлганларгина эришур" (Фуссилат, 35).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг буюк хислатларидан бири у зотнинг катта сабр эгаси бўлганлигидир. Аллоҳ таоло пайғамбар билан эди, зеро Аллоҳ таоло доим сабр қилувчилар билан биргадир.
"Албатта, Аллоҳ сабрлилар биландир" (Бақара, 153).
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳатто ўзларига нисбатан жоҳил ва кибрли бўлганларга нисбатан ҳам илтифоти кенг ва марҳаматли эди.
Унинг юмшоқлиги ва кечиримлигини кўрган душманлари ҳам пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламни яхши кўриб қолар ва хурматлари янада ошар эди.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло:
"Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир", деб марҳамат қилган (Оли имрон, 159).
Пайғамбаримизнинг Мадинадиги масжидларида бўлган воқеа ҳам пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг жоҳилларга нисбатан кечиримли бўлганига далилдир. Ривоятларга кўра, бир бадавий араб масжидга сийди. Қавмдаги баъзи кишилар уни (тўхтатиш) учун ўринларидан туришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни тек қўйинглар, тўхтатманглар», дедилар. Қачонки, у бўшаниб бўлганида, челакда сув олиб келишни буюрдилар. Сув олиб келинган эди, уни нажосат устига қуйиб юбордилар. (Муслим ривоят қилган)
Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят: “Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Менга насиҳат қилинг”, деди.
- Ғазаб қилма! - дедилар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ҳалиги одам илтимосини бир неча бор такрорлади.
- Ғазаб қилма! - дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам”. (Бухорий ривоятлари).
Бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Кучли деб ҳаммани енгадиган кишига айтилмайди. Ғазабланган пайтда ўзини қўлга ололган одам кучлидир!” (Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Бундай олий жаноблик хислати бекорга эмас эди, чунки оқибат бутун Макка аҳли Исломни қабул қилди, агар куч билан мажбур қилинганида улар ҳеч қачон Исломни қабул қилмасдилар. Бу Қуръони карим ҳукмига амал қилиш ҳам эди: "Динга мажбур қилиш йўқ" (Бақара, 256).
"...Кўрибсанки, сен билан орасида адовати бор кимса, худди содиқ дўстдек бўлур" (Фуссилат, 34).
Ўшанда Аллоҳ таоло сендан рози бўлади ва сен сенга адовати бўлган ва сени ҳақоратлаганлар билан яхши муносабатлар ўрната оласан.
"Агар сени шайтон васвасасидан бир васваса тутса, Аллоҳдан паноҳ сўра. Албатта, У зот ўта эшитгувчи ва ўта билгувчи зотдир" (Фуссилат, 36).

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади


 
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…