Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 07, 2016 - 1152 Views

Қуръони каримнинг муаллифи ким?

Маълумки, кўп асрлардан бери Ислом душманлари имконлари борича бу муқаддас диндан камчилик топишга ҳаракат қилиб келадилар. Шундай уринишлардан бири Исломнинг асоси бўлган Қуръони каримга қарата айтиладиган гаплар, туҳмат-тахминлардир. Бу доирадаги баҳсларни қуйидаги умумий уч гуруҳга бўлиш мумкин:
1. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзлари Қуръони карим муаллифи ҳисобланади.
2. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам муаллиф эмас, балки у киши бошқалардан эшитиб, кейин Қуръони каримни ёзганлар.
3. Қуръони карим сўзма-сўз Аллоҳ таолога тегишлидир.
Келинг, шу баҳсларнинг аввалги иккитасини батафсил, бирма-бир кўриб чиқамиз. Иншааллоҳ, қуйида келтиражак асоссиз, баҳсли гаплар ва тахминларга нисбатан берилган мустаҳкам асосга эга бўлган жавоблардан ўзингиз керакли хулосаларни чиқариб оласиз деган умиддамиз.

1. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам муаллиф сифатида
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни Қуръони каримнинг муаллифи деб ҳисобловчи тадқиқотчиларнинг далилларини кўриб чиқишдан бошлаймиз. Қуръони карим ўзининг келиб чиқиши борасида қуйидаги оятда тўхталади. Оят:
“Албатта (бу Қуръон) барча оламлар Парвардигори томонидан нозил қилингандир... уни (яъни Қуръонни) Руҳул Амин Жаброил очиқ-равшан (арабий тил билан) нозил қилди”(Шуаро сураси, 192-193).
Ёки бошқа оятларга қаранг (Фурқон сураси, 1, Оли Имрон сураси, 3, Нисо сураси, 105, Наҳл сураси, 44, Хижр сураси, 9). Бундан ташқари, Қуръони карим услуби одамларга ажойиб бир исботни намоён қилади, яъни “Тавба” сурасидан бошқа барча суралар Аллоҳнинг номи билан бошланади. Кейин Қуръони каримнинг кўплаб жойларида қуйидагича мурожаатга кўзимиз тушади: “Айтгин”, яъни муомала асосий Зотдан иккинчи зотга қилинмоқда. Ушбу буйруқ оҳанги Қуръони каримнинг 332 жойида учрайди. Шунга ўхшаш қуйидагича буйруқлар ҳам мавжуд: “баён қил”, “тасбеҳ айт” (Хижр сураси, 49, Инсон сураси, 24-26, Каҳф сураси, 27-28). Қуръони каримда Китоб муаллифи инс ҳам, жинс ҳам эмаслиги такрор-такрор эслатиб ўтилган. Оят:
“Айтинг: “Қасамки, агар бор инсу жин мана шу Қуръони каримни ўхшашини келтириш йўлида бирлашиб, бир-бирларига ёрдамчи бўлсалар-да, унинг ўхшашини келтира олмаслар”.(Исро сураси, 88)
Унинг илоҳий манба эканлигига шубҳа қилувчиларга аниқ оят келади: 
“Агар биз бандамизга туширган нарсадан (Қуръондан) шак-шубҳада бўлсангиз, у ҳолда шунга ўхшаган биргина сура келтиринг ва Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг-агар ростгўй бўлсангиз”.(Бақара сураси, 23)
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг танқидчиларига эслатиш лозимки, бу зот ўз қавми орасида 40 йил яшаркан, нафақат саводсиз бир киши эди, балки ўша вақтда машҳур бўлиб кетган шеъриятга нисбатан ҳам қизиқмаган эдилар. Ҳақиқатдан ул кишининг саводи йўқ эди. Тарихдан маълумки, тўсатдан Қуръони карим оятларини – юксак, фасоҳатли жумлаларни баён қила бошлади. Танқидчилар бунга нима дейди? Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг саводи йўқлигини Қуръони каримнинг ўзи тасдиқлайдику! Оят:
“...Ҳаёт ва ўлим берадиган ҳам Унинг Ўзидир. Бас, Аллоҳга ва Унинг элчисига – Аллоҳ ва Унинг сўзларига ишонадиган уммий пайғамбарга иймон келтирингиз ва унга эргашингиз – шояд ҳидоят топурсиз” (Аъроф сураси, 158). Мазкур оятлардан ташқари, ул зотнинг ўзлари буни бир неча бор таъкидлаганлар.
Бир қанча тадқиқотчилар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни қуйидаги сабаблар туфайли ёзган деб ҳисоблашади: иқтисодий фойдани кўзлаб; ҳокимиятга интилиш; маънавий ислоҳотларни амалга ошириш; арабларнинг сиёсий озодлиги ва ҳоказолар. Келинг, шуларга ҳам ўз ўрнида мавзудан четлашмаган ҳолда тўхталайлик.

Иқтисодий фойда сабаб сифатида
Айрим танқидчиларнинг фикрларига кўра, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни ёзгач, Аллоҳга нисбат бериб, иқтисодий манфаатларни кўзлаган эканлар. Келинг, шундай ҳам дейлик. Лекин бу сафсата тарихий далил-ҳужжатлар билан мувофиқ келмайди. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг иқтисодий жиҳатдан ўзига ўзи пайғамбарликдан олдин бир мунча яхшироқ эди. Нубувватлик фаолиятларини бошлашларидан 15 йил олдин 25 ёшларида савдо-сотиқ билан шуғулланиб юрган, иқтисодий томондан бой бўлган Хадижа исмли аёлга уйланганлар. Бу эса ўз-ўзидан инсоннинг иқтисодий ҳолатига ижобий таъсир этади, албатта. Оиша онамиз икки ойлаб ёқиш учун ўт, ейишга ҳеч нарса бўлмаганлигини, фақат хурмо ва сув билан кун кечирганларини ривоят қилганлар. Баъзан шундай кунларда Мадина шаҳри одамлари эчки сути бериб юборишган. Бу ҳолат эса пайғамбарлик даврларига тўғри келади.
Ушбу ҳолат вақтинчалик эмас, балки ул зот ҳаётларининг қиёфаси ҳам эди. Айнан шу ҳаёт тарзи у кишининг бой-бадавлат бўлиш имконияти мавжуд бўлган замонларда кечарди, бой бўлишни истасалар кифоя эди. Ул зотнинг фақирона турмуш кечиришларига атрофдагилар норози бўлишган пайтларда, ул зот бу норозиликлардан хафа бўлганлар. Ҳатто қуйидаги оятда Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламга ўз хотинларига қуйидагича таклиф билдириш мумкинлиги айтилади:
“Эй пайғамбар, жуфтларингизга айтинг: “Агар сизлар ҳаёти дунёни ва унинг зебу зийнатларини истайдиган бўлсангизлар у ҳолда келинглар, мен сизларни (ўша нарсалардан) баҳраманд қилай ва чиройли кузатиш билан кузатай” (Аҳзоб сураси, 28).
“Агар Аллоҳни, Унинг пайғамбарини ва охират диёрини истайдиган бўлсангизлар, у ҳолда шак-шубҳасиз Аллоҳ сизларнинг орангиздаги чиройли амал қилувчилар учун улуғ мукофот – жаннатни тайёрлаб қўйгандир” (Аҳзоб сураси, 29).
Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хоналарини васф қилиб, Умар розияллоҳу анҳу айтадиларки: “Мен у зотнинг хоналарида уч дона ошланган тери ва бурчакда бир ҳовуч арпадан бўлак ҳеч нарсани кўрмадим. Сўнг йиғлай бошладим. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Нима учун йиғлаяпсан?” Мен дедим: “Ё Расулуллоҳ, дуо қилинг, Аллоҳ бизларга мўл-кўл ризқ берсин. Иймонлари бўлмаган, ўзларининг подшоҳларига сиғинадиган қавмлар – форслар ва румликларнинг ирмоқлари бўлган боғлари бор. Танланган пайғамбар, Аллоҳнинг энг севимли қули шундай фақирликда яшамоқда”. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам аввал турган эдилар, гапларимни эшитгач, ўтириб дедилар: “Эй Умар, наҳотки сен ҳали ҳам шубҳадасан. Кейинги ҳаёт бу ҳаётимиздан анча яхшидир. Биз барча нарсани кейинги ҳаётимизга олиб қўйганмиз, ғайридинлар эса бу дунёда ўз улушларидан фойдаланиб роҳатланадилар”. Шунда мен Расулуллоҳдан кечирим сўрадим”.
У кишига ҳадя берилса, кўпинча тарқатиб юборардилар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам вафот этганларида мерос ташлаб кетадиган нарсалари бўлмаган экан. Вафотларидан олдин ўзларида бўлган 7 динорни муҳтожларга тарқатган эканлар. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳаётларининг охиригача тежамкорлик, кам сарф билан кун кечирганлар. Шунинг учун, ул зотнинг иқтисодий манфаатлар изидан қувиб Қуръони каримни таълиф қилган деган гапларнинг асоси йўқ ҳамда тарихий далилларга зид бўлган гаплардир. Ҳатто бу иқрор “Янги католик энциклопедияси”да учрайди: “Муҳаммаднинг диний фаолиятларига иқтисодий асос бўлган деган далиллар асоссиз бўлиб, тарихий далилларга номувофиқдир”. (9-жилд, 1001 бет)

Шон-шуҳрат ва ҳокимиятни эгаллаш истаги
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни шон-шуҳрат ва ҳокимиятга интилиш мақсадида Қуръони каримни таълиф қилган деган қараш-тахминларнинг умуман асоси йўқ. Биринчидан, маълумки Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам инсоният тарихида энг омадли раҳбарлардан бири бўлганлар. Ул зотда мавжуд қобилиятларга бошқа инсон эга бўлганида, пайғамбарлик фаолиятларсиз сардорликни даъво қилиш мумкин эди. Ҳақиқатда бу йўл анча осон ҳам эди. Иккинчидан, Қуръони карим ҳеч бир инсон зотини (бунга Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам киради) Қуръони каримга ўхшаш нарсани келтира олмаслигини айтади. Агар у зот шон-шуҳрат ҳамда ҳокимият талабида бўлганида эди, Қуръони карим муаллифлигини ҳам даъво қилган бўлар эди. Чунки Қуръони каримдаги услуб, фасоҳат, тиниқлик ҳамма-ҳаммани ҳайратда қолдирганди. Бундан ташқари, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқ-атворлари у зотнинг ҳокимият истагида ёки машҳурлик талабида бўлганлигига зид келади. Маълумки, шуҳратга интилиш йўли вақтни хушкайфиятликда ўтказиш, чиройли кийимлар кийиш, ажойиб от-уловлар миниш, мақтанишга мойиллик, мансабдорлик ва ҳоказоларни ўз ичига олади. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг хулқлари қандай бўлганлиги еру кўкка маълум.
Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг давлат ишларидаги масъул жавобгарлигига қарамасдан, кийимларини, оёқ кийимларини ўзлари тикар, эчкиларини ўзлари соғар эди. Мурожаат қилаётган инсонларнинг гапларини охиригача, сабр билан эшитардилар. Бир мажлисда саҳобалар ул зотга ҳурмат нишонаси сифатида ўринларидан туриб саломлашганларида, Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бу ишни таъқиқладилар. Бунга ўхшаш ул зотнинг камтаринликларини исботловчи далиллар жуда кўп. Жамол Бадавий ривоят қилади: “Бир кун Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари билан сайёҳатга чиқдилар. Бир жойга етганларида, саҳобалар егулик тайёрлаш учун ишларни ўзаро тақсимлаб олишди. Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўтин олиб келишга кетдилар. Саҳобалар ҳижолат бўлиб, ундай қилмасликни, ўринларига ўзлари қилишларини айтишганида, Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Сизлар менинг ўрнимга бу ишни қилишингизни биламан. Лекин сизларнинг устингизда имтиёзга эга бўлиб, қараб тура олмайман”.
Бир куни бир нотаниш кимса келди ва ҳурматдан ҳаяжонланиб турганди. Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Эй биродар, бардам бўл, мен қотган нон еб юрган аёлнинг фарзандиман”. Ривоятларга қараганда, бир куни бир гуруҳ одамлар Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб, қуйидаги сўзлар билан мурожаат қила бошлашди: “Эй Аллоҳнинг элчиси! Бизларнинг энг яхшимиз ва энг яхшимизнинг фарзанди. Бизнинг йўлбошчимиз ва йўлбошчимизнинг фарзанди”. Ул зот қуйидагича жавоб бердилар: “Эй инсонлар, шу гапларингизнинг аввалини ёки бир қисмини айтингиз ҳамда шайтонга бизларни адашиб кетишимизга ёрдам берманг. Мен Муҳаммад - Аллоҳнинг қули ва элчиси. Мени Аллоҳнинг мавқеидан юқори кўтаришингиз яхшимас. Аллоҳ Қудратли ва Буюкдир”.
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг энг севимли ўғли Иброҳимнинг вафоти Қуёш тутилиши вақтига тўғри келиб қолди. Одамлар еру кўк Иброҳимнинг ўлимига йиғламоқда, деб тахмин қила бошлашди. Расуллулоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам бундан ғазабга тушиб дедилар: “Ой ва Қуёш – бу Аллоҳга ишора қилувчи икки аломатдир. Бу тутилиш ўлим туфайли эмас, балки туғилиш ва ўлим бу инсон бошдан кечирадиган одатий ҳодисалардир”.
Ул зот Аллоҳдан келган ваҳийлар ҳамда инсон ташаббусидан келиб чиққан билимлар ўртасида аниқ фарқни кўрсатиб келганлар. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам одамлар нуқтаи назарлари билан ҳамиша ҳисоблашганлар. Мисол учун, Бадр ғазотида Набиб бин Мундирнинг таклифи қабул қилинган эди. Ёки Ҳандақ жангида Мадина атрофларида ҳандақ қазиш борасида Солмоннинг розияллоҳу анҳунинг таклифи қабул қилинган эди.
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўз қабрларини сиғинадиган жой қилиб олишларини таъқиқлаб деганларки: “Менинг қабримни байрам ўтказиладиган жой қилиб олманглар”. Аллоҳга қуйидагича дуо қилар эдилар: “Ё Аллоҳ! Менинг қабрим устини ибодатхона қилиб олишларига йўл қўйма”. Ул зот ўзларини мақташларини, кўкларга кўтаришларини таъқиқлаб деганларки: “Мени Ийсо ибн Марямни насоролар кўкларга кўтаргандек мақтаманглар, лекин Муҳаммад Аллоҳнинг қули ва Унинг элчиси деб айтинглар”. Қуръони карим одамлар ўзаро бир-бирларини ортиқча мақташларидан қайтаради. Оят:
“...Бас, сизлар ўзларингизни покламай қўя қолинглар! У тақводор бўлган кишиларни ҳам жуда яхши билгувчидир” (Нажм сураси, 32).
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳокимият илинжида ҳамда шон-шуҳратга бўлган истаги туфайли Қуръони каримни ўйлаб топган дегувчиларнинг тахминлари асоссиз эканлигини кўрсатувчи далилларни келтиришда давом этамиз.
Биринчидан, Агар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони карим муаллифи бўлганларида, ўзларининг обрў-эътиборига мувофиқ тушмайдиган Қуръони карим оятларини ташлаб кетиши мумкин эди, лекин ул зот ундай қилмадилар. Агар шон-шуҳрат ва ҳокимият талаби Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсади бўлганида эди, Қуръони каримни ўйлаб топар экан, ўзларининг ҳокимиятсиз эканлигини ҳамда ғойибни билмаслигини, ул зот янги таълим билан келмаганлигини ва ҳатто ўзларига бу китобнинг тушишини билмаганларини, у киши бошқаларга ўхшаш оддий одам эканликларини одамларга баён қиладиган китобга муаллифлик қилармидилар?!
Иккинчидан, илк ваҳий келгач, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳаракатлари ҳокимиятга интилиш эмаслигини кўрсатади. Ҳиро ғоридан чиққач, завжаи мутоҳҳаралари ёнига чопдилар ва қўрқувдан дир-дир титрардилар. Бу воқеа тарихда машҳурдир.

Арабларнинг озодлиги ва уларни бирлаштириш сабаб сифатида
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам арабларни озод қилиш ва уларни бирлаштириш мақсадида Қуръони каримни ёзган деган ўй-фикр қуйидаги сабаблар туфайли асоссиздир:
1. Агар шундай бўлганида ҳам, арабларнинг озодлиги ва уларни бирлаштириш борасида Қуръони каримда таъкидланган манзиллар бўлиши керак эди. Лекин, Қуръони каримнинг бошидан охиригача бу маънодаги бирор оят учрамайди.
2. Қуръони каримнинг мазмун-моҳияти ҳар қандай миллатчилик кўринишларига қарши чиқади. Мисол учун қуйидаги оятларни келтирайлик. Оят: “Эй мўминлар, агар иймондан куфрни афзал билсалар, ота-оналарингиз ва ака-укаларингизни (ҳам) дўст тутмангиз! Сизларнинг ичингизда кимда-ким уларни дўст тутса, бас, улар золимлардир” (Тавба сураси, 23).
3. Агар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг мақсади арабларни бирлаштириш бўлганида эди, ул зот арабларнинг подшоҳи бўлиш таклифини қабул қилган, шу орқали ҳокимиятдан фойдаланган бўлар эди.
4. Қуръони каримда қатор оятлар борки, улар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг араб миллатчилиги тарафдорлигини рад қилади. Оят: “Фаришталар Марямга: ”Ё Марям, албатта Аллоҳ сени (аёллар орасидан) танлаб олди ва (барча гуноҳлардан) поклади ҳамда сени бутун оламларнинг аёлларидан афзал қилди...” (Оли Имрон сураси, 42). Ушбу оят Ийсо алайҳиссаломнинг оналари Марямга қилинган мурожаатдир. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам эса араб эдилар. Ул зот мана шундай оятларни арабларга ёқадими, йўқми араб тилида уларга ўқиб берганлар. Қаранг, ўз оналарини эмас ёки бошқа араб аёлини эмас.

Маънавий ислоҳотлар сабаб сифатида
Яна баъзи тадқиқотчилар Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни маънавий ислоҳотлар қилиш мақсадида Қуръони каримни таълиф қилганлар дейишади. Бу тахминнинг бир қанча кучсиз жиҳатлари мавжуд. Маънавий ислоҳотлар – бу улуғвор мақсад бўлиб, унга ахлоқсиз усулларни (ёлғон, фисқ, фужур) ишлатмасдангина эришиш мумкин. Яхши жамият шакллантириш учун ахлоқсизлик воситаларини танлаш умуман тушуниб бўлмайдиган ҳолатдир. Буни олдин келтиришмизга сабаб шуки, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни Қуръони каримни ёзган, у киши ёлғон гапирган Аллоҳга нисбат бериб, деб турган ёлғончилар ўз гаплари изидан маънавий ислоҳотлар қилиш мақсадида ёзган дейишлик бир-бирига зиддир. Чин маънавий ислоҳотни мақсад қилган одам ички ва ташқи дунёси ҳам ўта покиза, намуна, гаплари ўта таъсирчан бўлиши керак. Бундай сифатлар ёлғон гапирадиган кишида умуман учрамайди.
Иккинчи муаммо шундаки, Қуръони карим Аллоҳга нисбат бериб ёлғон гапиришни катта гуноҳлардан эканлигини қуйидагича келтиради:
“Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ўзига ҳеч нарса ваҳий қилинмаган ҳолда: “Менга ваҳий келди”, деган ҳамда: “Аллоҳ нозил қилган нарсанинг мислини (ўхшашини) мен ҳам нозил қила оламан”, деб даъво этган кимсалардан ҳам золимроқ ким бор? (Эй Муҳаммад), бу золимларни ўлим гирдобида қолган, ўлим фаришталари қўлларини чўзиб: “Жонларингизни берингиз! Бу кун – Аллоҳ шаънига ноҳақ гапларни айтганингиз ва Унинг оятларидан юз ўгириб кибру ҳаво қилганингиз сабаби хорлик азоби билан жазоланадиган кунингиздир”, деб турган пайтда бир кўрсангиз эди” (Анъом сураси, 93).
Ушбу оятлар бу каби ёлғончиларга жазолар ҳақида. Қуръони каримга муаллифлик қилиб, уни Аллоҳга нисбат бериш бу каби зотнинг ахлоқига тўғри келмас эди. Ёки у кишининг “сохтакорлиги” 23 йил давомида очилиб қолган бўлар эди, ақалли бир оятни бошқа бир оятга алмаштирган бўлармиди ва ҳоказо.
Бу тахминга зид келувчи қуйидаги ҳолатга эътибор беринг. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони карим тарафидан бир неча бор тўғриланган, яъни бир танбеҳ, бир тўғри йўл сифатида насиҳат олганлар. Уҳуд жангида ул зотнинг амакилари (Ҳамза розияллоҳу анҳу) шаҳид кетган ва танаси кесилган эди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам буни кўрганларида, ғазабдан шундай деганлари келтирилади: “Мен ҳозиргидек ҳеч қачон ғазабга тушмаганман. Қачонки Аллоҳ қурайшлар устидан ғалаба ато қилса, ўликларининг ўттизтасидан шундай ҳолда қасдимни оламан”. Шундан сўнг ваҳий тушади:
“(Эй мўминлар), агар сизлар (ўзингизга етган бирон зиён-заҳмат учун) интиқом олмоқчи бўлсангизлар, у ҳолда фақат сизларга етказилган зиён баробарида интиқом олингиз. (Аммо) агар (интиқом олмай) сабр-тоқат қилсангизлар, албатта сабр қилувчи кишилар учун (бу интиқом олмоқдан) яхшироқдир” (Наҳл сураси, 126).
Кейинчалик Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам нафақат ниятларидан воз кечдилар, балки жангдан сўнг рақиб устидан кулишни таъқиқладилар.
Маънавий ислоҳотлар, мумкинки, Қуръони каримнинг бир қисмидир холос. Қатор оятлар борки, одамларни коинотни ҳамда борлиқни ўрганишга чақирди. Оят: “(Эй Муҳаммад), айтинг: “Ерда айланиб (Аллоҳ) даставвал қандай қилиб яратганини (ва сўнг Ўзи йўқдан бор қилган нарсаларни йўқ қилганини) кўринглар. Сўнгра Аллоҳ (уларни) иккинчи (марта) пайдо қилур. Албатта Аллоҳ барча нарсага қодирдир” (Анкабут сураси, 20).
Худди шундай Қуръони каримда 150 та иймон ҳақида, 756 та табиат ҳодисалари ҳақида оятлар мавжуд.
Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни ёзиб, ёлғондан фаолият олиб борган деган даъволар у кишининг хулқларига тўғри келмаслиги кундай равшандир. Нубувватгача ҳам у кишини “Амин” (тўғри сўз, ишончли) дейишарди. Тарихда у кишининг ёлғон гапирганлари кузатилмаган. Ҳатто буни ул зотнинг душманлари ҳам тасдиқлашган. Нубувватни бошлашдан олдин, ул зот Қурайш халқини Сафо тоғига йиғганларида, одамлар айтишди: “Бу нима қилганинг?”. Ул зот жавоб бердилар: “Тасаввур қилинглар, агар мана шу тепаликлар ортида қулай пайт пойлаб қўшин турибди, десам менга ишонасизларми?”. Улар айтишди: “Ҳа, сен изингда бирорта доғинг бўлмаган инсонсан, биз сенинг бир марта ёлғон гапирганингни билмаймиз”. У кишининг ҳақиқатгўй эканликларига Мадинага ҳижрат кечаси ул зот Али розияллоҳу анҳуга одамлар нимани ишониб топширган бўлсалар, ҳаммасини қайтаришини амр қилишлари ҳам мисол бўлади.

Беҳушликда ҳосил бўлган қалбакичилик сабаб сифатида
Бу қараш, мумкинки, Саҳиҳи Бухорийда келган қуйидаги икки ҳодисага асослангандир. Оиша розияллоҳу анҳо айтадиларки: “Ал-Ҳарис бин Ҳишом Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва салламдан сўради: “Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қай тарзда келади?”. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам жавоб қилдилар: “Ваҳий баъзан қўнғироқ овозига ўхшаш бўлиб келади, бу ҳаммасидан энг оғири. Кейин мен эгаллагач, ўтиб кетади. Баъзида Жаброил алайҳиссалом одам суратида келади, гапиради, мен тушуниб оламан”. Оиша онамиз ул зотнинг ваҳий қабул қилаётганларида совуқ кунда пешоналарида тер кўрганларини айтганлар.
Оиша онамиз ривоят қиладиларки: “Ул зотга ваҳий даставвал яхши сўзлар билан бошланган. Ул зот, одатда, Ҳиро ғорига бориб кунлаб ибодат қилар, сўнг Хадижанинг олдига бориб ўзлари билан озгина егулик олиб яна Ҳиро ғорига қайтарди”. Ул зотга Жаброил келиб ўқишга амр қилди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам дедики: “Мен ўқишни билмайман”...
Филип Хитти ўзининг “Ислом ва Ғарб: тарихий қараш” асарида ёзадики: “Ваҳий пайтида пайғамбарнинг жазавага тушишидан унинг тутқаноқ касали бўлганинини билса бўлади ”.
Нарман Даниел ўзининг “Ислом ва Ғарб: ҳақиқатлар ва ўйдирмалар” китобида ёзадики: “Муҳаммад Хадижани ўзининг сеҳргарлик санъатига ишонтира билган ...тутқаноғи бор деган назариядан бошқа яна сохта диний тасаввурга эга бўлган деган назария ҳам мавжуд. Бу назарияга мувофиқ айтиш мумкинки, динга чуқур берилган одамнинг кўз ўнгида унинг хаёлида кечган нарсалар кўрина бошлайди ва буни Худодан деб ўйлайди, аслида эса ундай эмас”.
Д.М.Родвел айтадики: “Муҳаммад ўзининг бутун ҳаёти мобайнида озми кўпми алдаб юрган. Унинг онаси асабийлашган аёл эди. Шунинг учун бола касалланган ҳамда кўзига ҳар хил нарсалар кўринадиган бўлиб қолган. Ҳаяжонланган ҳамда оғир руҳий кайфиятдаги нодон одамлар уни тасдиқлашган”.
Врайан С.Тарнер ёзадики: “Муҳаммаднинг ҳаёт тарзи ё унинг руҳий соғлом бўлиб пайғамбарликни ўйлаб топганлигини ё руҳий носоғом бўлиб ўзининг пайғамбарлик фаолиятларига қаттиқ ишониб юборганлигини кўрсатади”.
Умуман юқоридаги каби Қуръони каримни беҳушлигида ёзган деган назарияларни 3 та асосий ривожланиш босқичига бўлиш мумкин: тутқаноқ пайтида, сохта диний тасаввур ҳамда беҳушликда юзага келган. Бу уч назарияни бирлаштириб турадиган тахмин – бу Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни ўзи ёзган деган тахминдир.

Сохта диний тасаввур назарияси сабаб сифатида
Сохта диний тасаввур ва беҳушликда ёзилган деган тахминлар замирида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам Қуръони каримни ўзи билмаган ҳолда тажрибаси, билими, тасаввуридан келиб чиқиб ёзган деган ғоялар ётади. Лекин Қуръони каримнинг ўзида буни инкор қиладиган оятлар мавжуд. Биз тарихий воқеликлар, келажак воқеликларига боғлиқ ҳамда қатор руҳий ҳолатларни акс эттирувчи мисолларни келтирамиз. Қуръони каримнинг Каҳф сурасида мушриклар билан Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ораларида бўлиб ўтган воқеа зикр қилинади. Унда мушриклар Пайамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламни синаш учун қуйидаги саволларни беришади:
1. “Ғорда ухлаб қолганлар” ким эди?
2. Хизр ҳақида ҳақиқий воқеа қандай?
3. Зулқарнайн ҳақида нима биласан?
Бу учта савол Ҳижозда маълум бўлмай, яҳудийлар ва насоролар тарихи билан боғлиқдир. Мушрикларнинг бу уч саволни танлаганларидан мурод Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ўзи кўрмаган ва номаълум нарсалар ҳақида билим манбаига эгами йўқми, шуни билиш эди. Ушбу саволлар берилганда Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам “эртага айтаман” дедилар, “иншааллоҳ” демадилар. Эртаси кун яҳудийлар келганларида, учрашувни рад қилдилар ва шу кетишда 15 кечагача ваҳий келмади. Макка аҳли устларидан кулишди. Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва саллам ғамгин бўлди. Сўнг Жаброил алайҳиссалом у кишига таскин бериб, саволларга жавоб бердилар. Каҳф сурасининг 23-24 оятларида ваҳийнинг нима сабабдан тушмай тургани ҳам тушунтирилади.
Ушбу узоқ муддат ушланиб қолиш сабабини таҳлил қилиб, Мартин Линде ёзади: “Ваҳий ушланиши Пайғамбар ҳамда унинг саҳобаларига оғир бўлганлиги уларга кейинчалик фақат қувват бўлди. Тўғри, ўша вақтда у киши билан баъзи томонлар қандайдир келишувлардан бош тортгандир, лекин қурайш аҳли учун бу зотга ваҳийларнинг илоҳийлигини, у кишининг ихтиёрида ваҳийни назорат қилиш имконияти йўқлигини сўзсиз исботловчи зарба бўлди. Олдинги тушган ваҳийларни ўйлаб топган деб гумон қилинса, бундай ҳолатда, айниқса, вазият жуда қалтис бўлганда ваҳийнинг тўхтаб қолиши унинг Аллоҳ таоло тарафидан келишига яққол мисол эди”.
Яна айтишадики, Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламдан одатдан ташқари воқеалар ҳақида сўралган эди, шунинг учун жавоб беришга қийналган. Айтингчи, сохта диний тасаввурлар қандай қилиб ҳамма саволларга тўғри жавоб бера олиши мумкин? Қуръони каримда Асҳабул-Каҳф-ғор соҳибларининг ухлаш муддати борасида гапирилганда дейиладики:
“Улар каҳф - ғорларида уч юз йил турдилар ва яна тўққиз йилни зиёда ҳам қилдилар” (Каҳф сураси, 25).
Қаранг, оятда аниқ муддат келаяпти. Оят “300 ва 9 йил” эмас, балки янада ғайриоддий шакл “300 йил ва яна 9 йил зиёда қилинди” демоқда. Нима учун 9 йил? Шамсий йил ҳисоби бўйича бу 300 йилга, қамарий йил ҳисоби бўйича 309 йилга тўғри келади. Қамарий йил 11 кунга қисқаради. 300 йилга 9 йил қўшилди. Бу аниқ ҳисоб-китоб Пайғамбар соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг кўзларига кўриниб кетадиган нарсалар орқали қандай юзага келиши мумкин? Ёки бошқа мисолни олиб қарайлик. Фажр сурасининг 6-8 оятларига эътибор беринг:
“(Эй Муҳаммад), Парвардигорингиз (бошқа) юртларда ўхшаши яратилмаган, баланд устун(ли қаср)лар эгаси бўлган Ирам (шаҳридаги) Од (қабиласи)ни қандай (ҳалокатга дучор) қилганини кўрмадингизми?” ( Фажр сураси, 6-7-8).
Агар Қуръони каримни ҳисобга олмасак, ўша пайтда Ирам шаҳри ҳақида ҳеч қайси манбада маълумот йўқ эди. 1978 йил декабр ойида Америка миллий жўғрофия жамиятининг расмий журналида нашр қилинган тадқиқотлар Ирам шаҳрининг бўлганлигини кўрсатади. 1975 йил Рим университети доктори Паоло Мтиал (Суриядаги Италия археологик ҳаракати бошлиғи бўлган) эрамиздан авввалги 23 асрга тегишли қалъа харобалари устида улкан архивни топиб олади. Унда 15000 дан кўп ёзув лавҳалари бўлиб, Элба шаҳрининг Ирам шаҳри билан алоқалари бўлганлиги ҳақида маълумотлар бўлади.
Тасаввур қилиш қийинки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг туғилишларидан 3000 йил олдин вайрон бўлган шаҳарнинг архитектурасини, моддий қисмларини беҳушлик ёки сохта диний тасаввурлар Қуръони каримда қандай қилиб аниқ ифодалаб бера олган экан? Бу умуман ақл кўтара олмайдиган тахминку. Бундан ташқари, Қуръони каримда Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам ҳам, бошқа одамлар ҳам ваҳийгача бу маълумотларни билмасликлари айтилади. Оят: “(Эй Муҳаммад), булар Биз сизга ваҳий қилаётган ғайб хабарларидандир. Илгари буларни на сиз ва на қавмингиз билар эдингиз. Бас, (ҳақ динга даъват қилишда кофирларнинг етказаётган озорларига) сабр қилинг. Албатта, оқибат – натижа Аллоҳдан қўрқувчи кишиларникидир” (Ҳуд сураси, 49)
Таъкидлаш керакки, Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг бирорта замондоши келиб: “Сен алдаяпсан, эй Муҳаммад. Мен бу маълумотларни олдин ҳам билардим”, деб айтмадику. У зот қандай қилиб бошқаларнинг бу маълумотларни умуман билмасликларига қаттиқ ишонган?
Қуръони каримда келажакдаги баъзи воқеаларга ҳам тўхталади. Рум сурасининг 1-7 оятлари 615 йилда нозил бўлган. Оятда Рим империяси форслар томонидан мағлуб этилган бўлсада, яқин келажакда форсларнинг мағлуб бўлиши очиқ айтилади. Оятда “бидъун” сўзи ишлатилган. Бу сўз 3-9 йилгача бўлган муддат маъносини англатади. Орадан 7 йил ўтиб румликлар форслар устидан ғалаба қозонади. Гераклус форслар устидан Иссус жангида ғалабани қўлга киритади. Айнан шу йилда мусулмонлар Макка мушриклари устидан ҳам ғалаба қозонади.
Ёки бошқа бир мисол. Масад сурасининг 1-4 оятида Пайғамбарнинг (с.а.в.) тоғаси Абу Лаҳаб иймонсиз ҳолда оламдан ўтиши айтилган. Абу Лаҳаб Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг энг катта душманларидан эди. Оят тушганида Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва саллам атрофдагиларни йиғиб, Абу Лаҳабнинг иймонсиз ҳолда ўлишини, дўзахий эканлигини айтадилар. Абу Лаҳабнинг жаҳли чиқади ва ҳатто ул зотга отиш учун қўлига тош олади. Ушбу ваъздан кейин орадан 11 йил ўтиб, Абу Лаҳаб ўлади. Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламнинг энг ашаддий душмани бўла туриб, 10 йил давомида нима учун Қуръони каримни ёки Муҳаммад соллоллоҳу алайҳи ва салламни том маънода ёлғончига чиқара олмади? Шундай қилиш учун энг қулай имконият – бир маротаба сажда қилса ёки иймон келтирса мақсадига етмасмиди. Ҳар қандай вазиятда ҳам инсон тажрибаси келажакни аниқ тасвирлаб бера олмайди.
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…