Джумла
Қудратуллоҳ Written by  May 26, 2014 - 1116 Views

Сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?

Сизнинг пайғамбарлигингизни тасдиқ қилмай мусулмон бўла олмайман, ё Расулаллоҳ. Чунки Аллоҳ таоло бу ҳақида шундай деган: “Аллоҳга ҳамда Унинг уммий Набийсига иймон келтиринг” (Аъроф-158)
Иймонимнинг асосий пойдеворларидан бири сизга муҳаббат қўйишдир, ё Расулаллоҳ!. Чунки Сиз (с.а.в.) шундай дегансиз: “Сизлардан бирортангиз мен унга ота-онасидан, боласидан ва ҳамма одамлардан маҳбуб бўлмагунимча комил мўмин бўла олмайди”. Дарҳақиқат сиз мана шундай муҳаббатга лойиқсиз, ё Расулаллоҳ.

Чунки Аллоҳ таоло сизнинг зикрингизни баланд, қадрингизни олий, исмингизни эса Ўзининг исми билан ёнма-ён зикр қилиб, розилигингизни олишни мўминлик бўлиш учун шарт қилганку, ё Расулаллоҳ! “Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди” (Тавба-62)
Биз сизнинг буйруғингизни иккиланмасдан, сўзсиз бажарамиз, чукни сизнинг амрингизга хилоф қилганларни Аллоҳ таоло фитна ва аламли азоб етишидан огоҳлантирганку, ё Расулаллоҳ! “(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш тутадиган кимсалар ўзларига бирор фитна етиши ёки аламли азоб етишидан ҳазир бўлсинлар!” (Нур-62)

Биз сизга тўлиқ итоат қиламиз. Чунки Аллоҳ таоло сизга бўлган итоатни Ўзига бўлган итоат билан ёнма-ён қўйган ва Ўзининг итоатига сизга бўлган итоатни шарт қилганку, ё Расулаллоҳ! “Ким пайғамбарга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибди” (Нисо-80)
Биз Қиёмат куни пушаймон емаслик учун бу дунёда сизга эргашамиз, ҳеч қачон буйруғингизга хилоф иш қилмаймиз. Чунки сизга эргашмаган, итоат қилмаган, сизнинг амрингизга қарши иш қилган осийлар қиёмат куни албатта, албатта, жуда қаттиқ пушаймон бўлишадику, ё Расулаллоҳ! Юзлари олов ичида айлантирилаётган кунда улар: “Эҳ, кошки, Аллоҳга итоат қилсак эди, Расулига итоат қилсак эди”, дерлар.” (Аҳзоб-66)
Биз сиз танлаган йўлни танлаймиз, чунки сиз билан бир йўлни танламагани сабабидан қиёмат куни золимлар ҳасрат-надомат чекишадику, ё Расулаллоҳ! “У кунда золим икки қўлини тишлаб: “Эй воҳ!!! Пайғамбар ила бир йўлни тутганимда эди! ” дер. “Эй воҳ!!! Кошки фалончини дўст тутмасам эди. Батаҳқиқ, менга зикр (Қуръон) келгандан сўнг у (дўст) мени адаштирди. Шайтон инсонни ёрдамсиз ташлаб кетгувчидир”, дер. (Фурқон 27-29)
Биз Аллоҳ таолога муҳаббатли банда бўлишимиз учун сизга эргашамиз, итоат қиламиз, чунки Аллоҳ таоло Ўзининг муҳаббатига сизга эргашишни ва итоат қилишни шарт қилганку, ё Расулаллоҳ! “Сен: “Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қилади ва сизларни гуноҳларингизни мағфират қилади”, деб айт. Аллоҳга ва Расулга итоат қилинг. Бас, агар ортга қайтсангиз, Аллоҳ, албатта, кофирларга муҳаббат қилмас”. (Оли Имрон-31-32)
Биз ўзаро ўртамизда чиққан келишмовчиликларга сизни ва сиз олиб келган одил шариатни ҳакам қиламиз, чунки сизни ўзаро чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунимизча, кейин сиз чиқарган ҳукмга дилларимизда танглик топмай, бутунлай таслим бўлмагунимизча, зинҳор комил мўмин бўла олмаслигимизга Аллоҳ таоло Ўзи билан қасам ичганку, ё Расулаллоҳ! “Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар!”  (Нисо-65)
Сиз нимани келтирган бўлсангиз оламиз, сиз нимадан қайтарган бўлсангиз қайтамиз. Чунки Аллоҳ таоло бизни сиз келтирган нарсани олишга ва сиз қайтарган нарсадан қайтишликка буюрганку, ё Расулаллоҳ! “Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар. Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ азоби шиддатли зотдир.” (Ҳашр-7)
Бизнинг Аллоҳ таолодан ва охират кунидан умидимиз бор. Шунинг учун ҳар бир ишимизда сиздан ўрнак оламиз. Ахир, Қуръони каримда Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор мўминларга намуна қилинган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?! “Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва аллоҳни кўп зикр қилганлар учун расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.” (Аҳзоб-21)
Жаннатда набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлиш учун сизнинг кўрсатмаларингизга бўйсунамиз. Ахир, Аллоҳ таолонинг неъматланган бандалари билан жаннатда бирга бўлиш башоратига сизга итоат қилиш шарт қилинган эмасми, ё Расулаллоҳ?! Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши!” (Нисо-69)
Бутун оламларга раҳмат қилиб юборилган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?! “Биз сизни оламларга фақат раҳмат қилиб юборганмиз.” (Анбиё-107)
Сизга кўплаб саловатлар айтамиз. Чунки сизга саловат айтишни Аллоҳ таоло мўминларга буюрган, Ўзи ҳам, Унинг фаришталари ҳам сизга саловат айтишадику, ё Расулаллоҳ! “Албатта, Аллоҳ ва Унинг фаришталари Пайғамбарга саловот айтурлар. Эй иймон келтирганлар! Сиз ҳам унга саловот айтинг ва салом юборинг.” (Аҳзоб-56)
“Ва тезда Роббинг сенга ато қилур ва сен рози бўлурсан” (Зуҳо-5) ояти нозил бўлганда, “Ундай бўлса умматимдан бирортаси дўзахда бўлишига рози бўлмасман”, деган зот сиз эмасми, ё Расулаллоҳ?!
Макка даври ҳаёти мазлумлар учун ибратли ҳаёт, Мадина даври эса  ҳукм юритиш қўлида бўлган ҳокимларга қандай раҳбарлик қилиш таълимини берган ибратли ҳаёт сизнинг ҳаётингиз эмасми, ё Расулаллоҳ?
Сиз ҳақингизда нима дей оламан, ё Расулаллоҳ?. Ҳақиқатда Аллоҳ таоло раббоний, кўркам йиғилишда пайғамбарлардан аҳду-паймон олиб шундай деган: “Аллоҳ Набийлардан: “Сизларга китоб ва ҳикмат берганим учун, кетингиздан сизлардаги нарсани тасдиқловчи Пайғамбар келганда, албатта унга иймон келтирасиз ва ёрдам берасиз,–деб аҳду паймонларини олиб туриб:–иқрор бўлдингизми? Бу ҳақда ишончли аҳду паймонимни қабул қилдингизми? ” деганини эсла. Улар: “иқрор бўлдик”, дейишди. У: “Бас, гувоҳ бўлинглар, мен ҳам гувоҳ бўлувчиларданман”, деди.” (Оли Имрон-81)
Сиз ва менинг мисолим ё Расулаллоҳ, қоронғу кечада саҳрода йўлини йўқотиб, адашган, нима қиларини билмай довдираб, тушкунликка тушган, сўнгра осмонга ой чиқиб унинг нурида йўлини топиб олган кишига ўхшайди. Шунда мен хурсандлигимдан: “Эй ой, Аллоҳ қадрингни баланд, нурингни зиёда, ўзингни эса тўлин ва гўзал қилсин”, дейман.
Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло қадрингизни баланд қилди. “Ва сенинг зикрингни юқори кўтардик”. (Шарҳ-4)
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло нурингизни зиёда қилди. “Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур (Муҳаммад с.а.в.) ва ойдин Китоб келди”. (Моида-15)
Дарҳақиқат Аллоҳ таоло сизни буткул гўзал қилди. “Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик.” (Аҳзоб-45-46)

Ё Сайййидим, ё  Расул, минг бор сўрайман узр,
Хато қилар қаламим, Сизга беролмас таъбир.
Сизга икром, эҳтиром етук қила олмадим,
Сиз олийсиз онгимдан, сизни била олмадим.

Зулуматни ёритиб, тонгдек иқбол қилдингиз,
Чақириб ҳақ йўлига, барчани тенг билдингиз.
Юзингизда ҳақ нури балқиб туради доим,
Қўлингизда адолат, ҳақ байроғи бор, қоим.

Муҳаббат қўйиб сизга, ошиқ бўлдилар қалблар,
Номингиз тилга олиб, ёш тўкдилар орифлар.
Сиз Аллоҳнинг Расули, ҳабибимсиз Мустафо,
Оламлар Роббисининг маҳбубисиз, Мужтабо.

Иккки олам сарвари, башарнинг саййидисиз,
Борлиқ, бутун оламга раҳмат олиб келдингиз.
Саловат, салом йўллаб сизга айлайин таъзим,
Қиёмат кун қўлимдан тутинг азиз Устозим!

Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…