Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 13, 2017 - 900 Views

Саййида Зайнаб бинт Али

Саййида Зайнаб бинт Али‎ – Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам қизлари Фотима розияллоҳу анҳо ва Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг қизлари, яъни Пайғамбаримизнинг невара қизларидир. Карбало воқеалари ҳамда ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишлари ҳақида мусулмонларни воқиф қилишда муҳим ўрин тутган.
Насл-насаби

Бобоси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам
Бувиси – Хадича розияллоҳу анҳо
Отаси – Алий розияллоҳу анҳу
Онаси – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо
Акалари – Жаннат саййидлари ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳумлар
Тоғалари – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг ўғиллари Қосим, Абдуллоҳ, Иброҳимлар
Холалари – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг қизлари Зайнаб, Руқия, Умму Кулсум розияллоҳу анҳумлар
Амакиси – Жаъфар ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу
Аммаси – Умму Хони розияллоҳу анҳо

Туғилиши ва оилавий ҳаётлари

Саййида Зайнаб бинт Али жумадул аввал ойининг бешинчи ҳижрий санасида Мадинаи Мунавварада таваллуд топиб, оилада учинчи фарзанд бўлганлар. Ривоятларга кўра, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи вассаллам невара қизларига ўзлари Зайнаб деб исм қўйганлар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом, сўнг қизлари Фотима розияллоҳу анҳо вафотларидан сўнг, оталари Али розияллоҳу анҳу уйларида Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумлар билан бирга тарбияланганлар.
Ўн саккизинчи ҳижрий санада Абдуллоҳ ибн Жаъфарга (ибн Абу Толиб) турмушга чиққанлар. Беш фарзандли бўлган: ўғиллари Муҳаммад, Жаъфар, Аун ва Али ҳамда қизлари Умму Кулсумдирлар. Муҳаммад ва Аун исмли ўғиллари тоғалари Ҳусайн ибн Али розияллоҳу анҳу билан бирга Карбалода шаҳид бўлишган.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розияллоҳу анҳу ўзига етарли мол-мулкка эга бўлсалар ҳам, эр-хотин содда яшаб, жуда кўп пулларини хайрия ишларига сарф қилишган.

Зайнаб ва Ашуро воқеалари

Тарихий манбалардан маълум бўлишича, Зайнаб ўзининг акаси ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳуга қаттиқ боғланган бўлган. Уммавийлар халифалигида ҳокимият тепасига Язид ибн Муовия келганида ҳазрати Ҳусайн унга байъат беришдан бош тортган. У Язид ҳукмронлигидан норози бўлган Куфа шаҳри аҳолисининг таклифига биноан Мадинани тарк қилиб, Куфага отланади. Шу ҳолатда у эридан акаси билан бирга бориш учун ижозат сўрайди.
Ҳижрий 61-йил 10 Муҳаррам арафаси (680 йил, 10 октябрь) ҳозирги Ироқда жойлашган Карбало яқинида Ҳусайн ўзининг 73 та тарафдори билан Язиднинг тўрт мингдан ошиқ қўшинлари тарафидан қуршаб олинади. Ривоятларга кўра, жанг бўлишидан бир-икки кун Ҳусайн розияллоҳу анҳу ўз тарафдорларига ким ўлимдан қочишни истаса, сафларини тарк қилишга ижозат берган. Яна ривоятларда Ҳусайн розияллоҳу анҳу тарафдорлари қуршаб олингани боис ичкиликка сувлари қолмаган, ташналикдан жуда қийналишган. Жанг куни Имом Ҳусайннинг укалари Абул Фазл Аббос ўз тарафдорларига сув олиб келишга ҳаракат қилган, бироқ душман қўлига тушган ва улар қўлларини чопиб ташлашган. Охир-оқибат, ҳазрати Ҳусайн ва унинг барча тарафдорлари жангда шаҳид бўлган, сўнг бошлари таналаридан кесилган, аёллари ва ёш болалари эса аввал Куфага, сўнг Дамашққа олиб кетилган. Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари тафсилоти кишининг юрагини қон қилмай қўймайди. Эҳтимол, шунинг учундир, буюк аллома Жалолиддин Суютий «Тарихи Хулафо» номли китобларида: «Унинг (Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг) қатл этилиши узоқдир. Уни зикр қилишни қалб кўтара олмайди», деб ёзганлар.
Зайнаб розияллоҳу анҳо Карбало жанггига гувоҳ бўлган. Жангдан кейин у ҳам бошқалар қатори асир олинган. Асирлар ичида Зайнабнинг сингиллари Умму Кулсум ва бани Ҳошим уруғининг бошқа аёллари бўлган ҳамда имоми Ҳусайннинг кичкина ўғиллари ва қизлари Сакина ва Сукайналар ҳам бўлган. Асирларни қуллар каби туяларга эгарсиз ўтқазишган. Аёлларнинг бошидан рўмоллари – ҳижоблари юлиб олинган. Бу эса муслималарга нисбатан энг юқори даражадаги ҳақоратдир. Жиноятчилар гуруҳи бошқа шаҳидларнинг ҳам каллаларини таналаридан кесиб олдилар. Сўнгра каллаларни кўтариб, қизлар ва аёлларни ҳайдаб, Убайдуллоҳ ибн Зиёднинг олдига шошилишди. Мусибат ўтида ёнаётган қиз-аёллар Имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг тирик қолган ягона ўғли Али ибн Ҳусайнни кўтариб, фиғонлари дунёни тўлдириб боришар эдилар. Ривоятларда айтилишича, Карбалода шаҳид бўлганларнинг бошлари найза учларига қадалган ҳолда асирлар карвонига ҳамроҳ қилдирилган. Нобакорлар ўз хўжайинларига яхши кўриниш мақсадида етмиш икки дона бошни бўлиб олиб, кўтариб боришган.
Асирлар аввал Куфага келтирилган. Оддий одамлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаламнинг невара ўғиллари ўлдирилгани ҳақида билишмаган. Одамлар мусулмонларга хавф солаётган исёнчилар ўлдирилди, деб ишонтирилди. Шунинг учун ҳам асирлар катта хурсандчилик билан кутиб олинди. Бироқ асирларни кўчалардан олиб ўтилаётганда кўп одамлар Зайнабни танишди, баъзи аёллар Зайнаб ва у билан бирга бўлган аёлларга рўмол беришга ҳаракат қилишди. Ҳақиқат очилгач, Зайнаб куфаликларни ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳуга хиёнат қилганликда айбловчи сўзларни сўзлади. Оталари Али розияллоҳу анҳу халифалик даврида Куфанинг маҳкамалар бўладиган саройида асира ҳолатида туриб нутқ қилган. Ўшанда Куфа амири Ибн Зиёд тахти олдида олтиндан ясалган патнисда танасидан жудо қилинган Ҳусайннинг бошлари турган.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ибн Зиёднинг олдида эдим. Шунда Ҳусайннинг боши келтирилди. Бас, у қўлидаги чўп билан унинг бурнига ишора қилиб: «Бунга ўхшаган чиройлини кўрмаганман», деди.
«Бу уларнинг ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг ўхшагани эди», дедим» (Имом Термизий ва Имом Бухорий ривоят қилишган).
Ўша ерда бошқа бир саҳобий Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу ҳам бор эдилар. У киши қонхўр Убайдуллоҳ ибн Зиёдга: «Кўтар чўпингни! Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бунинг ўша сенинг чўпинг тегиб турган жойидан ўпганларини кўрганман!» деб бақирдилар. Сўнгра улуғ саҳобий бор овозлари билан ҳўнграб йиғлаб юбордилар. Ибн Зиёд у кишига: «Икки кўзингни Аллоҳ йиғига тўлдирсин! Агар мункайиб ақли кетиб қолган чол бўлмаганингда, бўйнингдан чопар эдим», деди.
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу кетганларидан кейин одамлар ичида шивир-шивир гап бошланди. Улар: «Аллоҳга қасамки, Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу бир гап айтдики, Ибн Зиёд эшитганда уни ўлдирар эди», дейишди. «Нима деди?» деб сўради улардан бири.
«Эй араблар, сизлар бугундан бошлаб қулсизлар! Фотиманинг ўғлини ўлдирдингиз! Маржонанинг ўғлини ўзингизга амир қилдингиз! У бўлса, сизнинг яхшингизни ўлдириб, ёмонингизни қул қилмоқда. Йўқолсин хорлик ва орга рози бўлганлар!» деди», дейишди.
Карбалода асир қилинганларни Куфа жомеси қошидаги бир кичик уйда қамоқда сақлашган. Сўнг Язид буйруғига кўра асирларни шаҳидларнинг каллалари билан бирга Дамашққа юборилди. Уларни Карбало, Баалбек, Мўсул ва Хўмс орқали Дамашққа келтиришган.
Робиъул аввал ойининг 16-куни асирлар Дамашққа етиб келишди. Шу муносабат билан амирлар шаҳар кўчаларида байрам уюштиришга ҳаракат қилишди. Ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг бошларини олтин патнисга солиб, Язид саройига келтирилди. Язид бошга нисбатан ҳурматсизлик қилгани ҳақида ривоятлар бор. Зайнабнинг қаттиқ гапириб ташлагани матни жуда кўп Ислом тарихи баён қилинган тарихий китобларда келтириб ўтилган.
Зайнабнинг сўзларидан Язид ғазабланган ва уни ўлдиришга буйруқ бермоқчи бўлганида Абдуллоҳ ибн Умар ибн Ос халифани қайтариб қолган. Ва унинг сўзларини фожиа ва узоқ йўл машаққатига йўйган.

Одоби

Зайнаб розияллоҳу анҳо Қуръони Каримга бўлган муҳаббатлари билан машҳур эди. Кўп вақтларини Қуръон тиловатлари ҳамда илм ўрганиш билан ўтказарди. Унинг ҳусну одоби, ахлоқи жуда гўзал эди. У Ҳаё саййидаси номи билан ҳам танилган эди. У Қуръон ва Суннат асосида яшарди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишига қадар уни одамлар кўрмаган. Фақатгина ҳазрати Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ўлими туфайли уни одамлар кўришган. Чодирдан чиққанларида, одамлар “Гўёки, қуёш чиқди” деб юборишган.
Бир нечта манбаларда зикр қилинишича, ҳазрати Ҳусайн роҳияллоҳу анҳу жасадлари олдидан ўтиб бораётганларида: “Эй Муҳаммад, мана бу ерда Ҳусайн танаси парчаланган ҳолда қонга беланиб ётибди! Эй Муҳаммад! Авлодларингиз қатл қилинди, қизларингиз эса асирликка олинди!” деб нола қилган.
Бу сўзлар дўст ва душманларга ҳам бирдек таъсир қилган. Буни эшитганлар йиғлаб юборганлар.

Мисрга келиши

Жангдан сўнг аввал Куфага, сўнг Ҳижозга келгани ҳақида хабарлар бор. Сўнг Мисрга сафар қилган. Унинг Мисрга келиши ҳақидаги хабар Миср аҳлига етиб борганида, ҳамма уни кутиб олиш учун пешвоз чиқишган. Кутиб олувчилар бошида Миср амири Маслама ибн Маҳлад бўлган. У билан бирга жуда кўп уламолар ва бошқа ҳумартга сазовор одамлар бўлишган. Айтишларича, Зайнабнинг ҳурмати учун уларнинг деярли ҳаммаси ялангоёқ ҳамда бошлари қуйи эгилган ҳолда пешвоз чиқишган экан. У 61-ҳижрий йилнинг Шаъбон ойида Мисрга кирган. Амир унга ўз уйини берган. У Умрининг охиригача ибодатлари билан Мисрда қолган. 62-ҳижрий йил 14 Ражаб ойида вафот этгунига қадар уйларидан чиқмаган экан...
Унинг уйлари фақир ва мискинлар учун бошпана бўлган. Умму Аваажиз (заифлар онаси) деган ном билан ҳам танилган. Миср амири ва унга яқин мулозимлар унинг уйида мажлислар ўтказишган. Раисатул Девон, деган ном билан ҳам танилган. Яна Зайнабни “Оқила бани Ҳошим” ҳам деб айтишган. Ҳақиқатан ҳам энг оқила аёллардан бўлган.

Ҳаётининг сўнгги йиллари

Дамашқда турганларида ҳазрати Ҳусайн рорзияллоҳу анҳу хотирасига бағишланган кечалар ўтказиш бошланган.
Орадан бир оз вақт ўтиб, Язид Зайнабни Мадинага бадарға қилган. Баъзи тарихий манбаларга  кўра сўнг у Қоҳирага кўчиб борган. Бу ҳақда “Машариқ ал-анвар” ва “Табоқат ашаърани” китобларида қайд қилинган.
Саййида бинт Али ҳижрий 62-йилнинг 15-Ражабида вафот этган. Тарихчилар унинг қабри қаерда экани борасида ихтилоф қилишади. Баъзилари уни Мадинада вафот қилган деса, баъзилари Мисрда вафот этган дейишади. Бироқ, Зайнабнинг Дамашқда ҳам қабрлари бор...
Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг невара қизлари бўлган Зайнабнинг қабрлари қаерда бўлмасин... Аллоҳ таоло уни то қиёматгача ўз раҳмат нурларига чулғаб турсин... Омин!

Роббининг раҳматига муҳтож
Абу Муслим таржимаси
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…