Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 15, 2017 - 109 Views

Рабиъул аввал ва суннатларни иҳё қилиш

Муфтий Тақи Усмоний ҳафизаҳуллоҳнинг 2015 йил  20 декабр куни Қарачи шаҳрида ўқиган маърузада кўтарилган масалалар барчамиз учун бўлмаса ҳам кўпчилигимиз учун долзарбдир. Шу саволларга чин ва холис жавоб топишимиз орқали ўзимизни ислоҳ қиламиз, ҳамда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларини иҳё қиламиз, деб умид қиламан.
“Батаҳқиқ, сизлар учун–Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди”. (Аҳзоб сураси, 21)
...Биз робиъул аввал ойида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалломнинг муборак сийратини ёдга олиш учун турли хил мажлислар, тадбирлар ва анжуманлар ўтказамиз. Бироқ, сизлардан ўз виждонларингиз олдида қуйидаги саволга жавоб беришларингизни сўрайман: Бундай тадбирларда иштирок этганингиздан сўнг суннатга олдингидан кўра, яхши эргаша бошлайсизми? Ҳаётингизда ўзгаришлар бўлаётганини кўрасизми? Бу ой тугагач қанча гуноҳ ва хатоларимиз учун тавба қиласиз? Олдин амал қилмаган қанча фарз ва вожибларга амал қила бошлайсиз?
Агар ўша саволларни ўз-ўзимизга қўядиган бўлсак, жавобларимиз ижобий бўлмаслигининг эҳтимоли кўп. Ҳаётимизда ҳеч қандай ўзгариш бўлмайди: шу ой бошланмасдан туриб қилиб юрган гуноҳларимизни шу ой тугаса ҳам қилиб юраверамиз. Масалан, олдин порани олиб-бериб юрган бўлсак бундан кейин ҳам шу одатимизни ташламаган бўламиз. Намозга бепарвороқ бўлсак, бундан кейин ҳам хатоларимизни такрорлашни давом этамиз. Аввал суннатга эргашмаган бўлсак кейин ҳам эргашувчилардан бўлиб қолмаймиз.
Роббиул аввал ойида турли хил тадбирлар, анжуман ва байрамлар ташкил қилишимизга қарамай, суннатга бўлган муносабатимиз туфайли бутун дунёда мусулмонларнинг таназзули давом этмоқда. Саҳобалар суннатнинг қай бир тарафини ҳаётга татбиқ қилиш имконияти туғилса, қувончдан сакрашга ҳам тайёр эдилар. Улар бошқа одамларнинг бунга нима дейишига қараб ўтирмаган.
Ҳудайбияда сулҳ қилиш учун Усмон ибн Аффон розиаллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассаллам Макка мушриклари билан музокаралар олиб бориш учун юборгани воқеаси маълумдир. Усмон розияллоҳу анҳу Маккага борганларида қариндошининг уйида тўхтайди. Сулҳ тузиш учун отланганида Усмон розиаллоҳу анҳунинг қариндоши унинг кийими тўпиқдан юқори эканини кўради. Араблар бундай кийинишни (кийимни тўпиқдан юқории кийишни) ёмон кўриб камситар эди. Улар кийимларининг тўпиқдан пастга тушиб, ерга судраб юришидан ифтихор қилишар эди. Ўша вақтдаги арабларнинг бир шоири қуйидагиларни айтган экан: "Мен эрталаб чиққанимда кийимим ерга чизиқ чизиб юради". Шу сабаб, Усмон розиаллоҳу анҳунинг қариндоши унга кийимини ерга тушириб қўйишни илтимос қилади, сабабини “Бошқа араблар сени менсимай қарайди. Улар учун ҳеч бир сўзингнинг салмоғи бўлмайди" деб изоҳлайди. Буни эшитган Усмон розиаллоҳу анҳу: "Пайғамбаримиз кийимини шундай кийиб юрганларида мен уни тўпиқдан паст қилиб киймайман”, деб жавоб қиладилар. Бошқача айтганда, одамлар уни ҳурмат қиладими ёки ҳурмат қилмайдими, яхши ёки ёмон муносабатда бўладими у зотга аҳамиятсизлигини, ҳар бир масалада ҳам суннатдан бош тортмасликларини кўрсатиб берадилар.
Саҳобалар Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига бўлган муҳаббат билан ҳурмат қилишлари натижасида бутун дунёнинг саодатига сазовор бўлишди. Афсуслар бўлсинки, бугун биз ғайридинлар ёки иқтидорда бўлган одамларнинг кулгисига қолмаслик учун ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатларига эргашишга уяламиз, сесканамиз. Шунинг учун ҳам бутун дунё устимиздан кулмоқда, масхара қилмоқда. Дунёнинг ҳар бир бурчагида эзилиб, хўрланмоқдамиз. Буларнинг барчасига Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг Суннатларидан юз ўгирганимиз сабабдир. (Суннатни тарк қилдик)
Бир шоир бундай деган экан: "Сизлар кулгуга қолишдан қўрқаверсангизлар, устингиздан куладиганлар топилаверади". Сизлар Суннат бўйича ҳаёт кечирганларингиз учун масхара қилинишдан қўрқсангизлар, устингиздан куладиганлар топилаверади. Агар, сизлар ҳар қандай мазах ва кулгуларга эътибор қилмасдан юракларингизда Суннатга муҳаббат уйғотсангиз ва ҳаётингиз мабойинида унга амал қилиб яшасангиз, кун келади ҳали сизлар уларнинг устидан куласизлар.
“Энди, бу Кунда иймон келтирганлар кофирлар устидан куларлар. Пардали, баланд сўрилар устида назар солиб турарлар. Кофирлар қилган ишларининг «савобини» олар миканлар?!” (Мутаффифун сураси, 34-36)
Агар суннатга муҳаббатларингиз бўлса, одамларнинг кулги ва мазахларига эътибор қилмайсизлар. Агар биз Суннатга бўлган ҳурматимизни ўзимизда уйғота олсак, бошқа одамлар орасида ҳам ҳурматга сазавор бўламиз. Биз ушбу ой ичида жуда кўп тадбирлар, учрашувларни ташкиллаштирамиз. Бироқ, хулқ-атворимиз билан амалларимизда ҳеч қандай ўзгариш бўлганини сезмаймиз. Бу албатта, уяладиган ва ўта ўкинчли ҳолат. Бу тадбирларимиз Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламнинг суннатлари ва рисолатларини сўз билан эмас, балки амалда қилишимизга ҳам ёрдам берса қанийди. Биз муҳаббатимиз ҳақида жуда кўп гапирамиз, аммо Суннатга эргашмасак, гапларимизнинг барчаси ёлғон бўлади. Агар биз бировга муҳаббат қўйсак, унинг ҳар бир сифати ва ҳаёти билан иш-ҳаракатларини яхши кўрамиз ва уларнинг ҳеч қайсинисининг холислиги ва кераклигини инкор қиламаймиз.
Бироқ, бугун бизнинг кўз ўнгимизда шариатнинг қайсидир бир ҳукми айтилса: "Нега бу иш ҳаром?", "Нега анаву фарз?", "Нега мана бу суннат?" деб унга шак келтира бошлаймиз. Агар сен бировга ҳақиқатдан ҳам муҳаббат қўйган бўлсанг, у қилган нарсаларга гумон қилмайсан. Аксинча, "Мен яхши кўрадиган одам шундай қилган бўлса, мен ҳам шундай қиламан", дейсан. Шунинг учун, бизнингнинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламга бор деб айтаётган муҳаббатимиз ёлғон ва сохтамикан деб қўрқаман. Чунки, биз унинг таълимотини англолмаяпмиз, суннатларига эргашолмаяпмиз.
Мен маърузам бошида Қуръони каримнинг: "Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди", деган ояти билан бошлаган эдим. Роббимиз бизга Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаломни инсонларнинг комили сифатида юборганини зикр қилмоқда. Шу сабаб Расулулллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассалламдан ақидаси (эътиқоди), ибодати, молиявий ишлари (муамалот), жамиятдаги муносабатлари (муашарат) ҳамда ахлоқий жиҳатларидан (тазкия) ўрнак олишга ҳаракат қилинглар. У Зот ҳаётимизнинг барча соҳаларида ўрнакдир: агар сиз ота бўлсангиз, унга ўхшаш ота бўлинг; агар сиз эр бўлсангиз, у каби эр бўлинг; агар сиз амир бўлсангиз у каби амир бўлинг, агар муаллим бўлсангиз у каби устоз бўлинг ва ҳоказо. Шундай, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи вассаллам туғилган бу ойда, ҳеч бўлмаса, "Энди Суннатларни олдингидан ҳам яхши адо этаман", "Шу вақтгача қилмаган суннатларга амал қиламан", деб қарор қилишимиз керак бўлади.
Суннат амаллари жуда енгил ҳамда жонга дармондир. Уларга амал қилиш қийин эмас. Аксинча, шу амалларни адо қилиб қалбингиз таскин топади. Масжидга (ёки уйга) ўнг оёқ билан кириш, масжиддан чап оёқ билан чиқиш ҳамда "Аллоҳумма инни асъалука мин фадлик" дуосини ўқишнинг ҳеч қийин жойи йўқ. Худди шу каби, таомланишдан олдин "бисмиллоҳ" деб, ўнг қўл билан ейиш, таомланиб бўлгач дуо қилишнинг ҳеч бир машаққатли жойи йўқ. Аммо, шу каби суннатларга амал қилишга ҳамон бепарвомиз. Худди шу каби,  биродарлар билан кўришганда табассум қилиш ҳам суннатдир. Бу оддий ҳурмат кўрсатиш эмас, балки Суннатни адо қиляпман, деган ният бўлиши керак.
Суннатга эргашиш учун суннат ҳақида билиш керак. Уйқудан қандай туриш, қандай ётиш кераклиги, тамоланиш, сув ичиш одоби, бирон жойга кириш-чиқиш одоби, ота-она, фарзандлар билан қандай мулоқат қилиш, тижоратни суннатга мувофиқ юритиш кераклиги ҳақидаги маълумотларни излаб топинг. Агар шуларга амал қилсак, робиъул аввал ойи учун жуда фойдали бўлади. Аллоҳ таоло Ўзининг раҳими билан Суннатга тўлиқ эргашишни насиб айлаб, умримизни Суннатнинг нури билан нурлантирсин. Бизнинг сўнгги дуомиз - барча мақтовлар оламларнинг Роббиси Аллоҳ таолога бўлсин, Омин.

Манба: Азон.КЗ
Абу Муслим, эркин таржима
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…