Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 19, 2017 - 258 Views

Юнус алайҳиссалом қиссаси: биз учун дарс

Ислом пайғамбарларининг барчаси ҳам Қуръони каримда зикр қилинмаган, бироқ Аллоҳ таоло ўзининг Китоби каримида зикр қилганлари ҳам китобга тасодифан кириб қолмаган. Аллоҳ таоло Қуръони каримда Ўзининг расули ва мўминларнинг қалбларини янада мустаҳкамлаш учун пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламдан олдин ўтган кўп пайғамбарларнинг қиссаларини зикр қилган:
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), Биз сизга пайғамбарларнинг хабарларидан дилингизни мустаҳкам қиладиган барча қиссаларни сўйлаб берурмиз ва бу қиссаларда Сизга ҳақиқат ҳамда барча мўъминлар учун панд-насиҳат ва эслатмалар келди” (Худ сураси, 120).
Қуръони каримда зикр қилинган қиссалар ичида Юнус алайҳиссалом қиссалари ҳам бор. Бошқа пайғамбарларнинг қиссалари каби унинг тақдирини баён қилувчи оятлари бутун Қуръони каримга сочиб юборилган. Аллоҳ таоло ўзининг ҳикмати билан ҳар бир оятнинг ўз жойини белгилаб қўйган.
Юнус алайҳиссалом тақдирида турли хил ибрат олишимиз мумкин. Унинг исми билан Қуръони каримда бутун бир сура номи номланган – бу Қуръони каримнинг 109 оятдан иборат 10 сурасидир. Шундай бўлишига қарамай, Юнус алайҳиссалом ҳақида суранинг деярли охирида, яъни 98 оятида зикр қилинади:
“Қани энди (Биз ҳалок қилган қишлоқлар ичида) бирон қишлоқ (аҳли ўз пайғамбарлари айтган азобни сезган вақтларида) иймон келтирсалар эди, албатта иймонлари фойда қилган (яъни ҳалок бўлмаган) бўлар эди. Фақат Юнус қавмигина (шундай қилди). Иймон келтиришгач, улардан ҳаёти дунёдаги расволик азобини кетказдик ва уларни маълум вақтгача (яъни ўз ажаллари билан вафот этгунларича) фойдалантирдик” (Юнус сураси, 98).
Юнус алайҳиссалом Ироқ шимолидаги ҳозирги Мосул яқинидаги Найнава (Ниневия) шаҳрида истиқомат қиладиган қавмига пайғамбар қилиб юборилган (Тафсири ибн Касир, 10-98)
Юнус пайғамбар ўз қавмини иймон келтириб, Аллоҳнинг динига киришга даъват қилганларида иймон келтиришмагач, уларни бошларига тушажак азоб билан қўрқитиб, ўзлари улар орасидан чиқиб кетадилар. Пайғамбарлари кетганидан кейин Аллоҳнинг азоби яқинлашиб қолганини сезган қавм тавба-тазарруъ қила бошлайди. Шунда Аллоҳ таоло сидқидилдан қилинган тавбаларни қабул қилиб, уларни азобдан халос этади.
Аллоҳ таоло айтади:
Бас, (эй Муҳаммад алайҳиссалом), Сиз Парвардигорингизнинг ҳукмига (яъни, У Зот кофирларга муҳлат бериб қўйганига, Ислом дини тезроқ ғолиб бўлмаётганига) сабр қилинг ва наҳанг-балиқ соҳиби (яъни, Юнус пайғамбар) каби (бесабр) бўлманг! Эсланг, у (ўзи бесабрлиги учун тушиб қолган балиқ қорнида туриб) ғамга тўлган ҳолда (Парвардигордан паноҳ тилаб) нидо қилган эди” (Қалам сураси, 48).
Бу ояти каримада даъват чоғида сабр қилиш кераклигини билдирадиган маъно бор. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини соллоллоҳу алайҳи васаллам ва бу билан бирга бизни ҳам даъват ишларида сабр қилишга ўргатади, Юнус алайҳиссалом каби шошмаслик керак, чунки иймон келтирмайдиганлар доим топилади. Ким ҳидоят топишини эса Роббимиз Аллоҳ билади.
“(Эй Муҳаммад алайҳиссалом), аниқки, Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмассиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур. У ҳидоят топгувчи зотларни яхшироқ Билгувчидир” (Қасас сураси, 56).
Аллоҳ таоло яқин орада қавмига азоб беришини тушунган Юнус алайҳиссалом ўзининг бир икки издошлари билан кема чиқиб, бу ерлардан кетмоқчи бўлади. Сузиб кетаётганида тўлқин бўлиб кема чайқала бошланади. Кемадагилар кемада одам кўплиги ва кимнимдир кемадан отиш кераклигини тушунишади. Денгизга эса ҳеч ким ўзини отгиси келмайди. Шунинг учун ҳам улар қуръа (чек) ташалашади ва кимга уч марта қуръа чиқса, кемадан отилиши керак бўлади. Аллоҳ таолонинг хоҳишига кўра, қуръа уч марта Юнус алайҳиссаломга чиқади. Шунда у ечиниб сувга ўзини ташлайди.
Вас-Соффот сурасида Нуҳ, Иброҳим, Мусо, Хорун, Илёс ва Лут алайҳиссаломлардан сўнг Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссалом денгизга ташланганидан сўнгги воқеалар зикр қилинади:
“Юнус ҳам шак-шубҳасиз, пайғамбарлардандир. Эсланг, у (ўз қавмидан ғазабланиб Парвардигорининг изнисиз қишлоқдан чиқиб, одамлар билан) тўла бўлган кемага қараб қочган эди. Бас, у (кемадагилар билан) қуръа ташлашиб мағлуб бўлгач, (уни денгизга улоқтирдилар). Бас, уни (Парвардигорининг изнисиз ўз қавмини ташлаб чиқиб кетгани сабабли) маломатга лойиқ бўлган ҳолида бир наҳанг балиқ ютиб юборди” (Вас-Соффот сураси, 139-142).
Аллоҳ таолонинг хоҳиши билан Юнус алайҳиссаломни наҳанг балиқ ютиб юборади. Қуръони каримда Юнус алайҳиссалом “Соҳибилҳут” ва Зуннун, - яъни, балиқ соҳиби лақаблари билан ҳам зикр қилинган. Кейин нима бўлди? Юнус алайҳиссалом наҳанг ичида қолиб кетади, бироқ балиқ уни хазм қила олмайди ва ўзининг кенг қишлоғига сиғмаган Юнус балиқнинг тор қорнига ҳибс қилинади.
Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида туриб Аллоҳга кўп тасбиҳ айтмаганида, ўша балиқнинг ичида қиёматгача қолиб кетар эди. Юнус алайҳиссалом балиқ қорнига тушиши билан тинмай: «Ла илаҳа илла анта субҳанака, инни кунту миназ-золимийн»–«Сендан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Сен поксан. Албатта, мен золимлардан бўлдим», деб турди. Бу ҳақда Қуръони каримда: “Зуннун — Юнуснинг (қавмидан) ғазабланган ҳолда (ўз қишлоғидан чиқиб) кетиб, Бизни унинг зиёнига ҳукм қилмайди, деб ўйлаган пайтини, сўнг (Биз уни балиқ қорнига ташлаганимиздан кейин) қоронғу зулматларда туриб: "Сендан ўзга ҳеч илоҳи маъбуд йўқ. Сен поксан. Албатта, мен золимлардан бўлдим ", деб нидо қилган (пайтинии эсланг)! Бас, Биз унинг (дуосини) мустажоб қилдик ва уни ғам-ғуссадан қутқардик. Биз мўминларга мана шундай нажот берурмиз”, деб марҳамат қилинган (Анбиё сураси, 87-88).
Юнус алайҳиссалом наҳанг қорнида туриб, дуо қилдилар.
“Бу дуо арш тагига етди. Фаришталар: “Ё Аллоҳ! Узоқ шаҳардан таниш бир овоз эшитиляпти”, деб сўрадилар. Аллоҳ таоло уларга: “Уни танимаяпсизларми?”, деди. Фаришталар: “Йўқ, эй Роббимиз. Ким у?” деб сўраганларидан сўнг, Аллоҳ:
“Бу бандам Юнуснинг овози-ку” деди. Фаришталар: “Бу бандангдан сенинг ҳузурингга доим солиҳ амаллар ва мустажоб дуолар келарди-ку! Эй, Роббимиз! Тинчлик вақтида сенга ибодат қилган бандангга бало ва мусибат вақтида раҳм қилмайсан?” дедилар. Аллоҳ таоло: “Албатта, раҳм қиламан” деб наҳангга буюриди. Наҳанг Юнус алайҳиссаломни соҳилга чиқариб ташлади” (Пайғамбарлар тарихи).
Юнус алайҳиссаломнинг Аллоҳ таолога қилган дуоси жуда муҳим ва қадрли эди. Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, ким ғамга мубтало бўлса, ушбу оятдаги «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназзолимийн» дуосини ўқиса, кушойиш бўлишини айтганлар. (Саъднинг ривоятларида: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бирор мусулмон киши Юнус алайҳиссаломнинг балиқ қорнида Раббларига қилган дуолари - «Ла илаҳа илла анта, субҳанака инни кунту миназзолимийн»ни айтиб, дуо қилса, дуоси ижобат бўлади», дедилар. Термизий ривоятлари)
Юнус алайҳиссаломнинг кейинги қиссаси Вас-Соффот сурасида давом этади:
“Энди агар у (Аллоҳга доимо) тасбеҳ айтгувчилардан бўлмаса эди, албатта у (балиқ) қорнида то қайта тириладиган Кунларигача (яъни, Қиёматгача) қолиб кетган (яъни, ҳалок бўлган) бўлур эди. . Бас, Биз уни хаста ҳолида қуруқликка отдик” (Вас-Соффот сураси, 143-145).
Юнус алайҳиссалом балиқ қорнида ётганида ўз гуноҳларига иқрор бўлиб Аллоҳ таолога ёлворди. Фақат Аллоҳ таологина уни қутқариши мумкин эди. Вас-Соффот сурасининг оятлари Аллоҳ таоло Юнус алайҳиссаломни кўп тасбеҳ айтгани учун қутқариб қолгани ҳақида хабар беради. У яхши кунларида Аллоҳ таоло тасбеҳ айтарди ва Аллоҳ таоло ҳам унинг бошига ғам келганида унга нажот берди.
Биз, XXI асрда яшаётган мусулмонлар ушбу қиссадан катта ибрат, дарс олишимиз мумкин. Кундалик ҳаётимизда жуда кўп муаммолар: молиявий қийинчиликлар, оилавий машмашалар, иш ёки ўқиш жойимиздаги мушкулликлар ва ҳоказолар - ҳар кимнинг ўзига яраша муаммолари бор. Шунга қарамай, ҳамма мушкуллик ва муаммоларимизга ечим борлигини унутиб қўйамиз ва бу ечимдан ҳар биримиз фойдаланишимиз мумкин. Ва бу ечим Аллоҳ таолодангина мадад сўраш орқали бўлади. Аллоҳ таологина бизга ёрдам бериши мумкин.
Юнус алайҳиссалом бошига оғир синовлар келганида Аллоҳ таолога ёлворгани каби биз ҳам Роббимизга ялиниб, ёлвариб дуолар қилишимиз керак. (Яхши кунларимизда дуо-тасбеҳларни ҳам кўпайтиришимиз керак).
Юнус алайҳиссаломнинг қавмига дунё ҳаётининг хорлик азоби таҳдид солиб қолганда барчалари бирдан иймонга келганлар. Ана шунда Аллоҳ таоло уларнинг бошидан бу азобни кўтарган ва иймонлари шарофати билан маълум муддатгача фаровон турмуш ила манфаатлантирган.
“(Балиқ қорнидан эсон-омон чиқач), Биз уни юз минг, балки ундан-да кўпроқ (одамга) пайғамбар қилдик. Бас, улар Юнусга) иймон келтирдилар. Сўнг Биз уларни (маълум) бир муддатгача (яъни, (ажаллари битгунча ҳаёт неъматмдан) баҳраманд этдик” (Вас-Соффот сураси, 147-148).

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Related items

More in this category: « Гўшт Қуллар »
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…