Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 31, 2017 - 282 Views

Қуллар

“Қул бўлиш”, дегани нима? Кенг маънода кимгадир бўйсиниш, сиғиниш ёки кимнингдир ёки ниманингдир таъсирида бўлишдир. Қуллиқ деган ҳар бир нарса инсон шаънининг хорланиши ёки ҳақоратланиши, дегани эмас. Кимга қул эканига қараб инсон қадри белгиланади. Яъни, эгасини шарафсизлантирадиган ва юксалтирадиган қуллик турлари бор.
Умуман олганда ҳар қайсимиз ҳомийга муҳтожмиз, яъни ўзимизни хавфсиз, ҳимояланган ва хотиржам, деб хис қилишимиз керак. Бу хиссиёт кимни ўзимизнинг химоячимиз, деб ишонганимизга ҳам боғлиқ.
Агар, барча одамлар (ва жинслар ҳам) Аллоҳ таоло тарафидан яратилган деб айтсак, баъзиларга бу ҳақоратли туюлиши мумкин. Улар айтадики, “инон улуғ нарсалар учун яратилган” ёки бошқа шу каби сўзларни айтади. Масалан, ўз шубҳаларига қул бўлганлар шундай деб айтишлари мумкин. Ёки Исломга зид бўлган қарашнинг қуллари…
Бироқ, бутун оламларни, гўзаллик ва яхшиликларни, вақт ва маконларни яратган Аллоҳ таолога ибодат қилиш, Унга банда бўлишдан гўзал нима бўлиши мумкин? У, биз яхши кўрган одамларни яратди ҳамда бизга ризқларини тўкиб сочмадими? Бу дунё фонийдир ва бир кун келиб йўқликка юз тутади. Биз ҳам бир кун келиб бу дунёни тарк қиламиз ва Унинг амри билан қайта тириламиз. Аллоҳ таоло бирдир, унинг шериклари йўқ. Аллоҳ таоло Ўзининг борлигида, моликлигида, илмида ва ҳамма нарсани Ўз тасарруфида тутишида ягонадир. Унинг исмлари фақат ва фақат гўзалдир. Гўзал исмларнинг барчаси танҳо Унга хосдир. Аллоҳ Таоло бандарига меҳрибон ва раҳмли Зотдир унга нима яхшию нима ёмон эканини Ўзи яхши билади. Шунинг учун бизнинг ризқимизни, ҳаётимизни ўз зиммасига олган зотдан рози бўлиб яшамоғимиз лозимдир. Барча жонзотларни йўқдан бор қилган зот ҳам, жумладан, инсонни яратган зот ҳам, Аллоҳ таолодир. Дунёдаги барча ризқларни яратган, уларни яхши ва тўлиқ биладиган, тадбирини қиладиган зот ҳам Аллоҳдир. Бинобарин, ҳар бир инсонга қанча ва қандоқ ризқ тегишини ҳам фақат Аллоҳ таолнинг Ўзи билади.
Биз яхшилик қилсак, Роббимиз бизга ўнта ҳасанот ёзади. Биз Аллоҳ таоло учун холис амал қилсак,  У бизни ўзи кутмаган тарафдан ризқлантириб қўйади. Биз қилган гуноҳларимиз учун истиғфор сўраймиз, Аллоҳ таоло эса, мағфират қилади. У бизга жаннат боғларини ваъда қилган. Биру Бор, Ҳозиру Нозир, Қодиру Ҳаким, Алийму Хабир, Мудаббиру Мусаввир, Холиқу Хабирдир. У инсон шаъни, мол-мулкини дахлсиз қилган. Оламлар Роббисига ибодат, бандалик қилиши бу инсон учун юксалиш бўлган қулликдир. Бундай қулликдан бошқа ҳеч нарса озодлик, эркинлик, чуқур хотиржамлик, сакинат ва умид бахш эта олмайди.
Бироқ, бошқача қуллик турлари ҳам мавжуд. Агар сен Роббингга ибодат қилмаётган бўлсанг, демак сен бошқа бир нарсанинг бандасисан. Масалан, ижтимоий фикр қуллари бошқа одамларнинг ёки гуруҳларнинг фикрига қул бўлганлар бор. Бундай кимсалар ўша одамларни барча нарсадан хатто ўзининг соғлом ақлидан ҳам устун санайдилар. Булар жамиятда шаклланган янглиш тушунчалар ва қолипларни танқид қилишдан ҳам қўрқадилар, худдики бу нарсалар қандайдир муқаддас бўлиб, ўзгартириб бўлмайдиган нарсадир. Ва шунга кўра, яшаб, ҳаётларини “ҳамма қатори” деган қолиб асосида барпо қилишга ҳаракат қилишади. Шу тарзда, улар Аллоҳ таоло тарафидан инъом қилинган шахсий ҳусусиятларни, щзлигини ўзгартириб, ўша ижтимоий гуруҳ фикрига тўлақонли аъзо бўлишга, унга мос бўлиб яшашга шошадилар. Ўшалардан ҳимоя, хотиржамлик излайди. Уларга умид қилади.
Ўз ақлларининг қуллари. Булар скептик, атеистлар, яъни ўз фиркининг қуллари, уларнинг дунёқарашлари ўз тасаввурлари ва ғоялари билан чекланган.
Мансаб қуллари. Улар кимгадир ҳукмрон бўлмаса ўзларини қадрсиз ҳисоблайди. Ўзини билмаслик ва ҳаётидаги мақсадларини тўғри англамаслик уларни ўзини намоён қилишга, ўзини кўрсатиб қўйишга ундайди, яъни ўз ҳаётининг мақсадини бошқалар устидан ҳукмрон бўлиб ёки ҳукмронлигини кенгайтиришда деб билишидир.
Пул қуллари.  Буларни аввалги гуруҳга қўшиш мумкин эди, чунки пул ҳукмронлик бўлиш учун восита ҳисобланади. Бироқ пулга қул бўлганлар, пулга сотиб олиш мумкин бўлган нарсаларга сиғинадилар. Бу нарса эса, уларга озодлик ва эркинлик ҳиссиётини беради. Агар янада чуқур мулоҳаза этилса, Аллоҳ таолога ибодат қилиб топши мумкин бўлган хотиржамликни улар пулдан, мол-дунёдан излашади. Бундан ташқари, хис-туйғулар, эътиқодлар ва бошқа жуда кўп нарсаларнинг қуллари бор.
Ҳар қандай одам турли вақтда турли ҳил “илоҳлар”га хизмат қилиши мумкин. Чунки, бир ҳадисда айтилишича, шундай вақт келадики одам мўмин ҳолида уйғониб, кечаси эса кофир бўлиб уйқуга кетади. Шу тарзда одам ҳам турли вақтларда турли хил “илоҳлар”га талпиниб ҳаёт кечириши мумкин. Роббисидан бошқа ҳар қандай нарсага сиғиниш дунё, шайтон ва нафси учун бўлади. Ўзига илоҳ қилиб олган нарсалар ҳам кўп қисмларга бўлинган бўлади. Шу тарзда инсон қалбига қора тунда қора тош устида қора чумоли каби ўрмалаб ширк ва мунофиқлик кириб қолиши мумкин.
Ҳар бир амалингизни таҳлил қилиб, кимга сиғинаётганингизни билиш мумкин. Бир нарсани гапиришдан ёки қилишдан олдин бу амалим билан нимага эришмоқчиман, қандай фойдани кўзлаяпман, деб ўзингиздан сўраб кўринг. Саволга берилган тўғри жавоб билан кимга ёки нимага сиғинаётганингиз муълум бўлади. Агар, Аллоҳ таоло розилиги билан дунёвий манфаат кўзланган бўлса, биринчи ўринга Аллоҳ таоло розилигини қўйинг. Ва яна бу нарсаларни фақат ва фақат Аллоҳ таоло розилиги учун қила олишингизни ҳам бир сўранг, яъни дунёвий манфаатни кўзламай. Ва ҳар бир жавоб берувчи мўминнинг жавоби ижобий бўлсин.
Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи вассалам дирҳам қули ва кийим-кечак қулларини лаънатлаган. Уларнинг бу қулликлари Роббисига тўлиқ таслим бўлишдан тўсади. Бир вақтнинг ўзида бир нечта “илоҳларга” сиғиниб бўлмайди.
Аслида на пул, на мансаб, на мол-мулк илоҳ бўла олмайди. Бу сўз билан фақат дунёга қул бўлиб қолмасликка даъват қиляпман, холос. Бу нарсалар ақлимизга таъсир қилиб, амалларимизни бошқармасин. Қалбимизни фақат ва фақат оламлар Роббиси учун таслим қилдирайлик.
Шахснинг Аллоҳнинг бирлигига шаҳодат беришим унга қул бўлиши
Фитрий, ақли ва тарихий далиллар илоҳнинг ёлғиз эканлигини исботламоқда. Инсон қайси тарафга бош урмасин, ҳаётнинг олий бир куч тарафидан бошқарилишини кўради, Ўз истаги билан ёки қўрқинч билан унга сиғина бошлайди. Хусусан, инсон гуноҳга ботиб оғир аҳволда қолганида ва ҳеч ким унга ёрдам қўлини узатмаганида у илоҳий кучга эҳтиёж сеза бошлайди. Инсон ваҳима, жаҳолат ва шунга ўхшаш муҳитдан қутулиб, ўзлигини англайди, жонсиз, сохта тангрилардан узоқлашиб, ихлос билан Роббисига сиғинади. Бу денгизда чўкаётган кема йўловчиларининг аҳволини эслатади.
"То сизлар кемаларда бўлган вақтларингизда ва у (кемалар) хуш ел билан уларни (яъни сизларни) олиб кетаётганларида ва улар бу билан шод-хуррам бўлганларида, бир қаттиқ шамол келур ҳамда уларнинг устига ҳар тарафдан тўлқин келиб, ўзларининг гирдобда қолганларини билганларида: Қасамки, агар мана шу (бало)дан бизга нажот берсанг, албатта шукр қилгувчилардан бўлурмиз", деб чин ихлос билан Аллоҳга илтижо қилурлар". (Юнус сураси 22)
Бу мисолни Аллоҳнинг борлигига бир далил сифатида келтирдик. Бу айни замонда Унинг бирлигига ҳам далилидир. Инсон мавҳумликлар ичида ёлғиз қолганида бутга сиғинмайди. Аксинча, ўзининг ва барчанинг Роббиси бўлган Аллоҳ олдида тиз чўкади.

Абу Муслим
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…