Джумла
Абу Муслим Written by  Jul 14, 2014 - 3319 Views

“ИШИД” сўл ғоялар томонини эгаллади

Сиёсатшунослар “Исломий давлат”нинг пайдо бўлиш сабаблари ва унга қарши кураш ҳақида

Москвадаги ижтимоий ва иқтисодий фанлар олий мактабида Россияда тақиқланган террористик ташкилот –  “Исломий давлат” муаммосига бағишланган мунозара бўлиб ўтди. Унда Манчестер университети магистри Станислав Кожеуров ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва халқаро муносабатлар департаментининг Сиёсат факультети доценти Сергей Демиденко иштирок этди. Улар “Исломий давлат”нинг келиб чиқиши, хусусан ижтимоий омиллар ҳақида баҳс қилдилар.

Шарқшунослар халқаро муносабатлар назариячиларига қарши

Станислав Кожеуров:
“Бугунги мавзу бундан бир йил аввал содир бўлган воқеаларга бориб тақалади: 2014 йилнинг июль ойида Яқин Шарқда «Ислом давлати» эълон қилинган эди. Ўтган йил давомида кўп нарсалар бўлиб ўтди: «ИД»нинг Ироқ ва Сурия ҳарбий қисмлари устидан қозонган тезкор ғалабалари ва, шу каби, яққол мағлубиятлари бўлди, «ИД» назорат остидаги ҳудудларда қанақа бўлса ҳам бошқарувни ўрнатишга уринишлар бўлди, ёввойи ва ғайриинсоний қатл видеолари бўлди. Бунинг барчаси «Ислом давлати» - келажакда яна муайян вақт давомида биз билан юзма-юз турадиган воқелик эканини, муайян эҳтиёткорлик билан бўлса-да, таъкидлаш имконини беради.
Месопотамиянинг қумликларида туғилган бу маҳлуқни бугунги кунда ким қандай тушунаётганини билишни истайман. Яқин Шарқдаги воқеаларга назар солиш учун бир-биридан буткул фарқланувчи иккита нуқтаи назар мавжуд, гап фақат «Ислом давлати» ҳақида бораётгани йўқ – бу ҳам Суриядаги уруш, ҳам араб-исроил можароси, ҳам Фаластин муаммолари, ҳам давлатлараро муносабатлар, яльянслар ва ҳоказо. Улардан бири – шарқшуносларнинг нуқтаи назари бўлса, иккинчиси – халқаро-назарий, яъни халқаро муносабатлар назарияси нуқтаи назаридандир. Менинг учун ушбу иккита нуқтаи назар узоқ вақтдан бери ёнма-ён мавжуд бўлиб келаётганга, бир-бири билан рақобатлашаётганга ўхшайди, лекин, шунинг баробарида, камдан кам ҳолатда бир-бири билан кесишади, ва бу содир бўлаётган нарсаларни англашимизга зарар қилмоқда.
Муаммони халқаро муносабатлар назарияси нуқтаи назаридан кўриб чиқиш фойдали, чунки у мустаҳкам услуб, сифатли ифода тили, фарқлаш ва тушунтиришда ўзининг тамойилларига эгадир. Ушбу истиқболлар доирасида Яқин Шарқ минтақаси ўзига хос минтақавий хусусиятлари билан бошқа минтақалардан фарқ қилмайди. Ҳалқаро муносабатлар мутахассислари учун ўзига яраша нозик фарқлари билан Яқин Шарқ Европа ёки Лотин Америкасидан унчалик катта фарқ қилмайди. Халқаро муносабатлар базаси ушбу методология доирасида ҳам тушунарли ва ўрганишга қулайдир.
Бироқ, бир қанча қулайликларига қарамай, бу нарсалар ўзининг очиқ камчиликларига ҳам эгадир.
Халқаро сиёсий иқтисодиёт бўйича америкалик йирик бир мутахассис эконометрика, рационал танлаш назарияси, сиёсий иқтисодиёт истилоҳларидан фойдаланган ҳолда 600 варақдан зиёд китоб ёзибди. Мазкур китобда у жуда мураккаб ҳисобланган олий математика ёрдамида нега Исроил ҳарбийлари мамлакат ички сиёсатига таъсири катта-ю, бироқ мамлакатнинг ташқи иқтисодий курсига кам таъсирга эга эканини тушунтириб берган.
Сигма, “Пи” сони, интеграл ва логарифмларга тўлиб кетган китобни варақлар экансиз, булар ортида логарифмларсиз фикрлайдиган, ҳаракат қиладиган тирик одамлар турганини сезасиз. Истар-истамас муаллиф қилган хулосаларга шубҳа билан қарай бошлайсиз. Агар биз халқаро муносабатлар назариясининг доирасида қолсак, энг аввало унинг халқаро сиёсий иқтисодиёт, онгли танлаш назарияси қисмлари каби ўша барча математикалаштирилган ва жуда хос иқтисодий бўлимлари доирасида бўлсак, бу муайян муаммоларни келтириб чиқаради.
Узоқ йиллардан бери асосий рақиб ҳисобланиб келган бошқа бир методология – шарқшуносликдир. Булар учун Яқин Шарқ бошқа минтақаларга ўхшамаган. Шарқшунос фикрига кўра, у ерда бўлаётган ҳодисаларни тушуниш учун ўша ер маданияти, тили, анъаналари, урф-одатлари ва тарихини билиш шарт. Шунга мувофиқ, кузатилаётган ҳар қандай халқаро сиёсий жараёнлар айнан шу йўсинда тушунтирилади.
Масалан, у ёки бу араб мамлакати дипломатиясининг ўзига хослигини Усмонийлар дипломатияси маданияти билан тушунтиришга ҳаракат қилган ажойиб илмий ишлар бор. 1954-1970 йилларда Миср президенти бўлган Носирнинг барча ҳаракатларини унинг “арабча онги” билан, Исроил ҳаракатларини эса, ХХ асрнинг 60-йилларида ташкил қилинган периферия альянси – минтақавий хусусиятлари билан тушунтирилган ғаройиб асарлар бор.
Эмпирикага эга эканимиз ва, у сабаб, оқибатларни баёнига ҳам мос, хатто улар бирон бир нарсани тушунтиришга уринаётгандек бўлиб кўринади. Бироқ бундай манзара юқорида зикр қилингани каби чекловларга эга. Улар ўзларининг таъриф бериш, тушунтириш тилларига эга эмас. Жуда кўп ҳолатларда шарқшунос муаллифлар тилларни аралаштириб юборишади, бу гап айниқса рус тилида ижод қиладиган муаллифларга ҳам тегишли. Улар керагидан ортиқ даражада истилоҳ ва тушунчаларга берилиб кетишади, минтақадаги воқеликларни билишини кўрсатишади, зерикарли узундан-узоқ бир-бирига боғлиқ ҳодисаларни баён қилишга уринишади, булар эса аниқ бир ҳодисадан бошқа нарсани тушунишга ярамайди.
 “Исломий давлат” муаммосини англашда, биз айнан шу ҳолатга дуч келдик. Россияда шарқшуносларнинг иккинчи манзараси устундир ва кўп жиҳатдан ундан фойдаланиб бўлинди. Исмларини зикр қилмайман, бироқ мен бешта россиялик йирик арабшуносларни ўрганиб чиқдим ва тахминан уларнинг ўтган йили август-сентябрь ойларидан бошлаб бугунги кунгача “ИД” ҳақида ёзганларини кузатдим. Натижада ажойиб манзара маълум бўлди – мазкур муддат ичида улар бир хил нарсаларни ёзган экан.
 “Исломий давлат”нинг пайдо бўлишига оид яна бир нарса кузатилди, яъни 2003 йилгача Саддам Ҳусайнга бўйсинган ва “Ал-Қоида”га алоқси бор кичик кучларнинг бирлашувидир. Шунга ўхшаш якдилликни “ИД”га хос хусусиятлардаги масалаларда ҳам кузатилаётганини таъкидлаш мумкин. Унинг оммавийлиги, ташқаридан тарафдорларни жалб қилиниши, Форс кўрфази атрофидаги баъзи мамлакатлардаги муайян доираларининг қўллаб-қувватлаши, назоратга олинган ҳудудларда маълум бир маънода тартиб ўрнатилаётганлик ҳақида айтилади. Худди шунга ўхшаш нарсаларни “ИД”нинг мақсадларида ҳам кузатиш мумкин: бизга уларнинг мақсади ҳалифалик, бу ҳозир суннийларнинг давлати бўлиб, асосий мақсади секуляризм ва ғарб тушунчасидаги ҳар қандай эркинликларни йўқ қилиши ҳақида айтилмоқда.
“ИД”нинг пайдо бўлиши бўйича мутахассисларда қандайдир муаммо йўқ. Бизга АҚШ сиёсатининг айби ҳақида айтишади, яъни шиаларни қўллаб-қуватланиши суннийларнинг кўтарилишига сабаб бўлган. Тарихий онг билан фикрлайдиган муаллифлар АҚШ олдин бўлган нарсаларни яна қўзғагани ҳақида гапирмоқдалар. Россиялик арабшуносларнинг “ИД”ни давлат сифатида кўришга катта мойиллиги бор. Уни “барча талабларга жавоб берадиган давлат”, ёки “давлат”, “де-факто давлат” ҳам деб айтишади. Мен ўрганиб чиққан кўп арабшунослар орасида фақат биттасигина уни террористик ташкилот деб айтди.
Мен бу хулосаларни шубҳа остига олмоқчи эмасман. Мени икки нарса ҳижолат қилади, яъни бир шарҳнинг иккинчи шарҳга ва бир мақоланинг иккинчи мақолага кўчиб юриши ва бу хулосалар фақат минтақавий бўлиб қолиши. Булар бошқа бунга ўхшаш ташкилотлар ҳақида хулоса чиқаришга имкон бермайди, масалан Африкадаги “Боко Ҳаром” ҳақида. Яна, муаллифларнинг биз европаликлар у ёқда бўлаётган ҳодисалардан олишимиз мумкин бўлган сабоқлар учун асқотадиган концептуал ва назарий масалаларни ўртага қўймасликларидан ғулғулага тушаман.
Бугун халқаро муносабат назариётчилари билан эмпирик (амалиётчи) минтақашунослар ўртасидаги ўзаро самимият ва интеллектуал иштирок ўта муҳим аҳамият касб этади. Биринчи тоифа мутахасиссларсиз биз фақат абстракт назарияни, иккинчиларисиз эса муҳим ва тўғри хулосаларгагина эга бўламиз, бироқ булар ҳеч нарсани тушунтириб бера олмайди”.

“ИД” сўл мафкура ўрнида

Сергей Демиденко:
“Марказий Ироқ ва Суриянинг шарқида улкан ҳудудларни ишғол этиб, қурдлар яшайдиган ерларга юриш бошлаган ва ўзини “Ислом давлати” деб атаётган нарсанинг асл моҳияти ўзи нимада? Менимча, бунга қатор омиллар мажмуи сабаб бўлган. Бу ерда ҳам тарихий, ҳам маданий, ҳам иқтисоий омилларни эътиборга олиш мумкин. Турли уюшма ва ташкилотлар кўп бўлган – “Озод Сурия армияси”, “Жабҳатун-Нусра”, шунингдек, шунга ўхшаш гуруҳлар қаторида эсга олинадиган “Ироқ ва Шом Ислом давлати” (“ИШИД”)  кутилмаганда  устувор гуруҳга айланиб, қолганлар сояда қолиб кетди. Бу қандай ҳолатда амалга ошди? Мен таҳлилни маданий ва диний омиллардан бошлаган бўлардим.
Аҳли сунна вал жамоа тўрт фиқҳий мазҳабга бўлинади. Уларнинг энг радикаллари Ҳанбалий мазҳаби атрофида бирлашган. Бу одамлар Исломни, ўзлари иддао қилаётганларидек, ҳар қандай бидъатлардан тозалаш тарафдорларидир, шунинг учун ҳам уларга ҳамма душман. Агар мусулмон ҳамжамиятининг қайсидир вакили “салафийлар” тўғри деб билган фикрдан бошқача фикрлайдиган ёки ҳаракат қиладиган бўлса, бундайлар автоматик равишда бидъатчилар қаторидан ўрин олишади, уларнинг тоқатсизлиги ҳам шундандир.
Ҳанбалий мазҳабининг кўзга кўринган етакчиларидан бири ҳисобланган Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб ҳаётидан бир лавҳа жуда машҳур. Унинг акаси Исломда нечта устун бор деб сўрайди. Муҳаммад “бешта”, деб жавоб беради, бунга акаси: “йўқ, сен олтинчисини жорий қилдинг, ким сен билан бирга бўлмаса, у мусулмон эмас”, деб айтади. Ҳанбалийлар Суриянинг шарқида ва Ироқнинг марказида кенг тарқалган.
“Исломий давлат” Сурияда ҳанбалийлар зич яшайдиган ҳудудларда пайдо бўлди. 2000 йили ҳукумат тепасига келган Башар Асад баъзи иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга уриниб кўрди. Бироқ, баъзи сабабларга кўра мазкур ислоҳотлар чалалигича қолиб кетди. Оқибатда мамлакатнинг шарқий ҳудудлари умуман ривожланмай қолди, иқтисодий омилга диний омил келиб қўшилди. Норозиликлар келиб чиқди – “алавийлар ўз ҳудудларини ривожлантирдилар, бизга эса ҳеч нарса насиб қилмади”.
Сиёсий омил ҳам жуда муҳим – Ироқдаги уруш. Ироқнинг марказий ҳудудларида ўзларини “исломий” деб атайдиган турли хил гуруҳлар фаолият юритадилар. Маълум вақтгача Башар Асад Сурия ҳудудларида жойлашган ва вақти-вақти билан чегарадан ўтиб америкаликларни ўққа тутаётган “жиҳодчилар” базаларига имконият берган эди. Шундай қилиб, жуда катта ерларни қамраб олган радикал “исломчилар” ҳудуди шаклланди.
Яна, Ироқдаги ҳукумат шиаларнинг қўлига ўтиши ҳам муҳим сиёсий омиллардан бири бўлиб хизмат қилди. Ироқнинг собиқ Бош вазири Нурий Маликий мамлакатда суннийларга қарши муросасиз сиёсатни олиб борди. У, ўзича, суннийлар айирмачилиги (сепаратизми) ни  бостира олсам, Ироқни ягона давлат қилиб сақлаб қола оламан, деб ўйлаган эди. 2007 йили америкалик машхур шарқшунос Теодор Карасик билан суҳбатлашиш насиб қилган эди. Ҳали ўшанда у Ироқ учун янги Саддам керак, деган эди. Мен ундан бундай номзодлар борми, деб сўраганимда, Карасик Нурий Маликий, деб жавоб берган эди.
Нега буларнинг ҳаммаси ҳозиргача ҳаёт? Бу ерда ижтимоий соҳа бўрттиб чиққан. Умуман олганда, “салафийлар” ҳамда радикал кайфиятдаги ҳанбалийлар учун ижтимоий соҳанинг парадигмаси ўта муҳимдир. Закот, фарз ва Исломнинг бир устунидир. Бу, уларга кўра, Исломнинг раҳмдиллик, яқинларга муҳаббат тарафини мақтаб кўрсатадиган устунлигидир ва бундан фаол равишда фойдаланишга ҳам уринадилар.
Бўлаётган воқеаларни глобал миқёсда олиб қарайдиган бўлсак, бу мафкурага қарши туриб бера оладиган муқобил мафкуранинг йўқ эканини тан олиш ўта муҳимдир. Сўлчилар мафкураси туҳматга қолиб, қадрсизланса ҳам, бироқ бу ерда вакуум бўлиши мумкин эмас. Жамият қашшоқ бўлса, хўрланган ва ҳақоратланганлар ҳам кўп бўлса, сўл ғояларга доим талаб бўлади.
Қашшоқлар кўп, шу вақт “салафийлар” чиқади, ва биз сизларнинг манфаатларингизни ҳимоя қиламиз, дейди ва ҳақиқатдан ҳам шундай.
Қурд миллатига мансуб ҳарбий ва сиёсий арбоб Абдуллоҳ Ўжалон ўз вақтида “қуролланган тарғибот” истилоҳини истеъмолга киритди, яъни бунга кўра, ташкилотлар амали билан аҳоли манфаатларини ифодалайди. Яқин Шарқда “исломий” радикаллар ушбу вазифани бажариб келмоқда, яъни порахўрларни қатл қилишади, қашшоқларга ёрдам беради, закотлар берилишини таъминлайди ва ҳакозо. Бу кураш мафкураси бўлса ҳам, бунёдкорлик мафкураси эмас. Шунинг учун ҳам Жазоир мисоли долзарбдир. “Ислом нажот жабҳаси” сайловлар натижасида ҳукуматни эгаллайди. 1992 йили январда ҳарбий тўнтариш рўй беради ва мазкур ташкилот махфийликка ўтиб, ҳеч ким назорат қилмайдиган майда гуруҳларга бўлиниб кетади. Бу гуруҳлар режим билан қуролли курашни бошлаб юборадилар, чунки улар кураш учун бошқа йўл борлигини тасаввур ҳам қилмас эдилар. Менга кўра, энди бу ёғи нима қилиш керак, деган савол пайдо бўлиши билан бунга ўхшаш тузулмалар ниҳояга етиши керак.
Майли, мана ғолиб ҳам бўлдик, квази давлат ҳам туздик (“ИШИД”), энди-чи? Давлат нормал ишлаши учун қандай концепция тақдим қиламиз? Бу ҳақиқий давлатми? Йўқ, бу давлат эмас ва ҳақиқий давлат ҳам бўла олмайди, айниқса Сурия ва марказий Ироқ ҳудудларида. “Исломчилар” ҳеч нарсани таклиф қила олишмайди. Улар, мана Қуръон ва Суннат бор, кўринглар, бу ерда ҳаммаси ёзилган ва шунга кўра ҳаёт кечирамиз, дейишади. Қуръон ва Суннатда нима ёзилган бўлса ҳам, уларнинг муносабатлари қадимий, эскирган жамият учундир. Бу мафкура эгалари ҳатто замонавий воқеликларни ҳам мазкур моделга мослаштиришга уринишмайди, норозилик туғилади, сўнг эса, бўлинишлар келиб чиқади. Бу тузулма айнан ўша сабабларга кўра, мағлуб бўлишга маҳкумдир. Унинг ичида деструктив потенциал жойлашган”.

“ИД” қаердан пайдо бўлиб қолди

“Менинг фикримча, бу шунчаки замон ва маконга мос ҳолат. Унинг асоси аслида 2003 йилда вужудга келди. Ироққа бостириб кирган америкаликлар диний зиддиятни қўзғашди. Айни пайтда, Нурий Маликийнинг суннийларга қарши камситувчи ва қатағон сиёсатини қўллаб келган Эронни ҳам эсдан чиқармаслик керак. Унинг (Маликийнинг) қўл остида фақатгина ўзига бўйсунадиган зўравон тизимлар, суннийлар яшайдиган жойларга бостириб кириб, қирғин ва вайронагарчиликларни амалга оширадиган шиаларнинг махсус "ўлим эскадронлари" борлиги аниқ эди.
Уруш икки томонлама олиб борилди: суннийлар бир неча юз шиани портлатиб ёки ўлдириб юборар, бу зудлик билан янгиликларда ёритилар, кейин Ироқ Ички ишлар вазирлиги байроғи остида "ўлим эскадронлари", "ўзини-ўзи мудофаа қилиш бўлинмалари" амалиётга киришар, лекин бу ҳақида ОАВ сукут сақлар эди. Бу, охир-оқибатда, марказий Ироқдаги суннийларнинг бирлашувига олиб келди. Айни мана шу омиллар натижасида “ИШИД” феномени пайдо бўлди.
Нега энди “Жабҳатун-Нусра” эмас, айнан “ИШИД”? Ушбу саволга аниқ жавоб бера олмайман-у, “Жабҳатун-Нусра” Туркияга ишониши, Туркия эса “Жабҳатун-Нусра”ни қўллаб-қувватлашини таҳмин қила олишим мумкин холос. Ҳар қалай, узоқ йиллар Туркияда яшаган америкалик дипломатлар шундай фикрни илгари суришмоқда. Эҳтимол, бу Форс кўрфази давлатлари томонидан моддий жиҳатдан рағбатлантирилганлик оқибатидир? Негаки, Сурия мухолафатига Қатар билан роқобатлашган Саудия Арабистони бевосита бош-қош бўлиб, пировардида бундай курашда қўли баланд келган. Агар биз Суриянинг Инқилобий ва муҳолифат кучларининг миллий иттифоқи (СИМКМИ) фаолиятига назар соладиган бўлсак, ушбу Иттифоққа Саудия гумашталари очиқдан-очиқ раҳбарлик қилаётганини кўрамиз.
Сўнг психологик эффект ишга тушди – улар муваффақият қозондилар, бироқ, барибир, улар ташқаридан бўладиган молиявий ёрдамга муҳтож эдилар. Нефтни ўтказиш-сотиш учун инфратузулма керак, яъни уларни ташиш, маълум жойга етказиб бериш ва шунга ўхшаш ишларни бажариш имкониятларининг ҳаммаси Саудия Арабистони одамларига тегишлидир. Мен уларни Тикритни босиб олганидан сўнг марказий майдонларининг бирида қоп-қоп пулларни топиб олиб, энди уларни сарф қилиб ётганларига умуман ишонмайман. Менга кўра, уларга мунтазам равишда молиявий ёрдам бериб келинмоқда”.

“Исломий давлат”ни нега бўғиш керак

««ИШИД» Россия учун ҳам хафв солади. Сиёсий нуқтаи назардан мулоҳаза қиладиган бўлсак, гўёки, қанча кўп радикаллар бу ерни ташлаб у ерга кетадиган бўлса, бизга шунча яхшидек туюлиши мумкин, аммо бу оний фойдани кўзловчи масаладир. Эртами-кечми бу тизим парчаланади, қулайди, сўнгра бутун дунёга сочилади. Бу у ёки бу кўринишда бизнинг мусулмон ҳудудларда ҳам қўним топади. Қани, келинглар ҳаммасини бомбардимон қиламиз, деб бир вазият билан чегараланиб қолиш керак эмас. Бу билан ҳеч нарсага эришилмайди. “Ислом давлати”ни бомбардимон қилиб, биз қанақадир бошқа, дейлик, “Ислом халифати”ни вужудга келтирамиз, уни бомбардимон қилиб, яна нимадир вужудга келишига сабаб бўламиз. Бу ерда, албатта, комплекс тадбирларни амалга ошириш керак. «ИШИД» билан курашар эканмиз, биз ҳудудларнинг исломий радикаллашувга олиб келаётган ўша ижтимоий касалликларни илдизи билан йўқотиш кераклигини унутмаслигимиз керак. Коррупция, таниш-билишчилик билан курашишимиз, бу ноқулай ҳудудлардаги сиёсатни буткул ўзгартиришимиз керак».

Михаил Карпов, (lenta.ru)
Абу Муслим таржимаси


Ушбу масалада Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари (раҳимаҳуллоҳ)нинг “Очиқ хат” китобини ўқиб чиқиш тавсия этилади.

Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…