Джумла
Абу Муслим Written by  Sep 12, 2016 - 3243 Views

Ғарибларга жаннат бўлсин!

Иннал ҳамда лиллаҳ, наҳмадуҳу ва настаъийнуҳу ва настағфируҳ. Ва наъузу биллаҳи мин шурури анфусина, ва мин саййиати аъмалина. Май-яҳдиҳиллаҳу фала музилла лаҳ, ва май-юзлил фала ҳадия лаҳ. Ва ашҳаду алла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ, ва ашҳаду анна Муҳаммадан ъабдуҳу ва росулуҳ.

Албатта ҳамду санолар Аллоҳникидир! Биз У зотни мақтаймиз. У зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Аллоҳдан ўз нафсимиз ва амалимиз ёмонликларидан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ ва кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ. Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ маъбуд йўқ. Яна гувоҳлик бераманки, албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг қули ва расулидир.

Бизни ўраб турган ҳаёт турли хил синов ва васвасаларга тўладир. Атрофимиздаги ҳамма нарса охиратимиздан чалғитиб туради. Одамлар бойлик ва ўйин-кулгиларни истаганидан уларнинг озигина ҳаётнинг ҳақиқий мақсади ва олий ғоялар ҳақида ўй суради. Муваффақиятга эришиш учун хушомадгўйлик, лаганбардорлик илм ва ҳаққонийликдан устун бўлди. Асл фазилат эгалари унутилди, улар ҳақида гапириш ярашмайдиган, хунук ишга айланди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Ислом ғариб ҳолда бошланган ва бошлангани каби ғариб ҳолга қайтади. Бас, ғарибларга “Тубо” бўлсин” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан Муслим ривояти). Бу ҳадиснинг Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу ривоят қилган лафзида “Ғариблар кимлар, эй Аллоҳнинг Росули?”, – дейилди. У зот: “Одамларнинг кўпчилиги бузилиб кетганда, солиҳ бўлиб қолганларидир”, – дедилар (Имом Аҳмад. Табароний. Ал-Авсат). Ушбу ҳадисни имоми Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Бу ривоят яна бошқа манбаларда ҳам йигирмадан ошиқ саҳобалардан ривоят қилинган.
Тубо - жаннатдаги улкан бир дарахтнинг номи. Ушбу ҳадисдаги сўз маъносини муҳаддислар турлича тушунтирганлар. Баъзилари уни саодат, хурсандчилик деб билса, бошқалари жаннатни ёки соясида чавондоз юз йил от чоптириши мумкин бўлган дарахтни тушуниш керак дейди. Нима бўлганида ҳам, бундай жаннатнинг неъмати мукофат ўлароқ аксар одамлар орасида ғариб бўлганларга насиб қиларкан.
Ғариблик нима? Нега Ислом илк йилларида ғариб бўлган? Ва нега яна у одамлар учун ғариб бўлади? Маълумки, пайғамбарликнинг илк даврида жуда оз одамлар Муҳаммад алайҳиссаломга иймон келтирган. Аввалги мўминларнинг аксари фақир, мискин ва қуллардан иборат эди. Бой ва бодавлат маккаликлар эса Ислом даъватини қабул қилмади ва даъват тарқалмаслиги учун барча имкониятларини ишга солишди. Зиёрат вақтида араблар бутларга қиладиган қурбонлик ва назрларидан воз кечишни исташмади. Улар қўшни қабилалар олдида қадрларини йўқотиш ва тижоратдан тушадиган нақд даромаддан бенасиб бўлиб қолишдан қўрқар эди. Бироқ энг асосийси - Қуръони карим улар иродасининг Парвардигори оламга буйсинишини талаб қилаётганини жуда яхши билишган. Улар энди ўз хоҳиш ва истакларига кўра бойликларини тасарруф қилишдан маҳрум бўлар эди.  Энди улар одамларни ўзларига қарам қилиб, уларнинг мол-мулкларини олиб қўйиш учун қонунларни тўқиб чиқаришдан маҳрум бўлар эди. Улар Аллоҳ таолонинг адолатли қонунларини жорий қилган куч доим ҳақ тарафида бўлишини жуда яхши тушунишган. Бунга ўхшаш нарса - бой бўлган Мадян аҳолиси билан ҳам бўлиб ўтган эди. Улар: «Эй Шуайб, сенга бизнинг оталаримиз ибодат қиладиган нарсани тарк қилмоғимизни ёки молларимизда хоҳлаганимизни қилмаслигимизни намозинг амр қилмоқдами?! Сен жуда ҳалийм ва рашид экансан-да», дедилар. (Ҳуд сураси, 87- оят). Бу жуда муҳим нуқта. Улар ўз мол-мулклари билан ҳеч қандай тўсиқ ёки масъулиятсиз ҳолда истаганича тасарруф қилишни хоҳлашган эди.
Уларни ўзлари ёки оталари жорий қилган мавжуд тартиботлар қониқтирар эди. Улар ўзларидан заиф бўлган қўшни қабилаларга бостириб бориб, уларнинг мол-мулкларини тўнашдан воз кечгиси йўқ эди. Уларга ичкиликлар ичиши мумкин бўлган ҳамда ярим-яланғоч қўшиқчи ва раққосалар бор сершовқин кечалар ёқар эди. Аёлларнинг хўрланиши жоҳил жамиятлар учун одатий эди. Улар ўзларининг беҳаёликларини катта мурувват ва олийҳимматлик деб билар эди. Улар фақир-мискинларни қарзлардан чиқа олмайдиган судхўрликка ҳам рози эдилар. Оддий одамларни атрофда ҳукм сураётган жоҳиллик ҳақида бир ўйлаб кўришга ҳам қўймас эди.
Булар учун мусулмонлардаги атрофдагилар уларнинг "ҳаққоний ҳуқуқи" этиб тан олган имтиёзларидан воз кечиб, покиза ва солиҳ ҳаёт қуриш истаги ажабланарли бўлиши табиий эди. Улар нега фақирлар билан бўлишиш кераклиги ёки қарздорларнинг қарзларини кечиб юборишини тушуна олишмасди, ахир бунда жуда осонлик билан бойлик орттириш мумкин-ку. Ўзини кучли ва мурувватли ҳис қилишдан маҳрум бўлиб нега қулларни озод қилиш ва аёлларнинг ҳақ-ҳуқуқларига риоя этиш керак? Фолбин ва қоҳинларни нега инкор қилиш керак, ахир одамлар ўз хоҳишлари билан уларга ҳадялар инъом қилиб турган бўлса?
Зодагонлар ғарқ бўлаётган бойлик ва ҳашаматга мусулмонлар асло интилмас эдилар. Агар уларда ортиқча пул пайдо бўлса, уни ўз биродарлари бўлмиш ака-укалари, опа-сингилларига улашар эди. Улар етим ва беваларга ёрдам қилар, заиф ва фақирларни қўллаб-қувватлар, қулларни озод қилишга ҳаракат қилар эди. Улар фахшдан узоқ бўлиб, ўз аҳли аёлларига яхши муносабатда бўлиб, фарзандларига меҳрибон эдилар. Улар кибрдан узоқ бўлиб, садоқат ва ҳаққониятни жуда яхши қадрлар эди. Мушриклар адолатсизлик қилганларида эса, улар сабр қилар ва уларни ҳаққа даъват қилишда бардавом эдилар. Уларнинг бу қадриятлари куч ва бойликни асосий фазилат санаганлар учун тушунарсиз ва жуда ғариб эди. Бироқ улар туриб бердилар ва оқибат ғолиб бўлдилар. Аллоҳ таолога итоат ва сабр ила улар муваффақият қозандилар.
Бу инсоният тарихида буюк бурилиш ясаган онлар эди. Аллоҳ таолонинг расули саллаллоҳу алайҳи вассаламга иймон келтириб, софликдан узоқ, қизлик бўлишни ор ҳисоблаб қиз чақалоқларини тириклайин кўмиб ташлаётган, олдинлари бут-санамларга сиғиниб юрган саводсиз оми одамлар тўғри йўлга талпина бошлади. Иймон ва ҳидоят нури уларнинг қалбларини забт этди, сабр ва солиҳ амаллар қалбларини ҳасад, баджаҳллик ва шавфқатсизликдан поклади.
Талон-тарож, зўрлаш ва қотиллик қилиш қонига сингиб кетган бу саҳро аҳлини яраштириш, бирлаштириш учун дунёнинг барча тиллолари етмас эди. Бироқ иймон улардаги барча яхши фазилатларни уйғотди. Аллоҳ таолонинг фазли билан улар улар биродар бўлдилар ҳамда асоси иймон ва илм бўлган буюк бир цивилизация пойдеворига асос солишди. Бу ёрқин цивилизацияга жуда кўп одамлар интила бошлашди.
Бугунги кунимизда Ислом аксар одамлар учун ғариб ҳолатга келди. Исломнинг олтин асри узоқда қолганидан, у ҳақидаги ҳикоя, ривоят ва қиссалар ростга ўхшамайдиган яхши бир эртакка айланди. Замондошларимизнинг кўпи Ислом ҳаётимизни яхши томонга ўзгартириши мумкинлиги ўрнига Шаҳризода эртакларига ишониши осон бўлиб қолди. Буларнинг ҳаммаси Ислом ўзгаргани учун эмас, балки ўзимиз ўзгариб кетганимиздандир. Ер юзида бир ярим миллиард одам Аллоҳдан бошқа маъбуд йўқ, Муҳаммад унинг элчиси эканига шаҳодат келтиради. Бироқ уларнинг кўпи Исломга амал қилмайди ва унинг вазифаларини тушунмайди. Улар уни яқинларини йўқотсагина, яъни кимдир ўлсагина эслайдиган бўлиб қолган. Агар улар Қуръон ўқишса, улар унинг маъноларини камдан-кам тушунишга ҳаракат қилишади. Улар ибодат қиладиган бўлсалар, намозлари уларнинг қалбларини гуноҳдан покламайди. Улар рўза тутганлари билан рўзаларидан очлик ва ташналиккина ҳосил бўлади. Улар "Ла илаҳа иллаллоҳ" деганлари билан фолбинларни тасдиқлайди ҳамда ўлган азиз-авлиёларнинг қабрларига сиғинадилар. Улар "Муҳаммадур-расулуллоҳ" дейишади, аммо Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг унитилган суннатларини иҳё қилишга шошилмайди ҳамда суннатни инкор қиладилар.  Улар ўзларини мусулмон деб билсалар ҳам судхўрлик қиладилар, тарозидан урадилар ва порага қўлларини узатадилар. Аллоҳ таолонинг динини ўрганаётган ва унга амал қилишга интилаётганларни кўрсалар сўнгги вақтларда ҳамма мусулмон халқларининг бошига етган барча мусибатларда айблайдилар. Бир вақтлар аҳли китобларга етган бало бугун мусулмонларнинг бошига ҳам етди: "Бас, уларнинг ортидан бир ўринбосарлар қолдики, улар намозни зое қилиб, шаҳватларга эргашдилар" (Марям сураси, 59- оят).
Бундай жамиятда мўминлар ғариб ва бегонага айланди. Бунга қалблари Ислом нури билан мунаввар бўлган ёши катта мусулмонлар ҳам дуч келишмоқда. Уларнинг ароқ ичмай қўйгани ва пора олишни тарк қилиб, буларнинг ўрнига китоб ўқиётганини ҳамда масжидга чиқаётганларини хотинлари ва ўртоқлари тушунмадилар. Катта ёшдаги муслималар ҳам ўз яқинларининг уларни тушунишни истамаётганига дуч келишди. Баъзан, аёлларининг корпоратив кечаларга очиқ-сочиқ либосларда нега боришини истамаётган аёлларини тушунушмайди. Яна бундай эрлар уялмасдан: "Хўжайиним ҳамда дўстларим сени рўмолда кўришса нима деб ўйлашади? Агар улар сен билан танца тушиш ёки сени қучоқлаб кўришни истаса, наҳотки уларнинг раъйини қайтарасан?" деб сўрашади. Исломни катта қизиқиш билан ўрганишни бошлаганларида ота-оналари уларни бу йўлга бошлаганларга ғазаб билан тавқи лаънат ёғдираётган ўсмирлар ҳам ғарибдирлар. Бундан ота-оналар учун фарзандлари бебош, дайди бўлишларини кўриш осонроқдир. Чунки улар бемалол автомобиль ёки ҳашаматли уй учун пора эвазига пул йиғишлари мумкин бўлади.
Ўз уйида, ўз оиласида ғариб бўлиш улкан имтиҳондир. Бироқ бу йўлдан жуда кўпчилик ўтишга мажбурдир. Кўпчилик ўта олмайдилар ҳам. Агар шу дамларда ёнигизда яқинларингиз билан муносабатлардаги муаммоларни ҳам қилишда ёрдам берадиган ва кўпни биладиган устоз бўлса яхши. Ўшанда бундай дунёдан воз кечиш эвазига охиратда катта мукофат борлигини билиб олади ва сабр ила яхши мусулмон бўлишга ҳаракат қилади. Ўшанда у бундай одамлар ҳақида Қуръони карим: "Албатта, «Роббимиз Аллоҳ» деган, сўнгра мустақийм бўлганларнинг устиларидан фаришталар: «Қўрқманглар, маҳзун ҳам бўлманглар, ўзингизга ваъда қилинган жаннат хушхабарини қабул қилинглар. Биз ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам сизларнинг дўстларингиздирмиз. Сизга у(жаннат)да кўнглингиз иштаҳа қилган нарса бордир ва сизга унда орзу қилинган нарсангиз бордир ", деб айтганини билади. (Фуссиллат сураси, 30-31- оятлар)
Агар ёнингизда керакли устоз бўлмаса, ғарибликни ошиб ўтиш жуда мушкул бўлади. Кўпчилик атрофдагиларнинг босимига бардош бера олмасдан олдинги ҳаётига қайтади. Баъзилари эса ўжарлик қилади ва одамларнинг душманлиги учун ғулувга кетишига сабаб бўлади. Улар ўзларидан фарқ қиладиган одамларнинг қаршиликларига қарши тажовузкор бўлиш билан қатъийлик қилишмоқчи бўладилар. Уларнинг қарашлари аниқ илм асосида эмас, балки одамлар уни қўллаб-қувватламаётгани асосига барпо қилинади. Уни ўраб турган одамлар у ҳақида қанча кўп гапирса, улар ўзини шунчалик ҳақ деб билаверишади.
Буларга ўхшаш ихтилофчи баҳсчилар ҳам ғариб ва бегоналарга ўхшаб туюлади.  Бироқ Қуръон ва Суннатда ваъда қилинган жаннат улар учун ваъда қилинган эмас. Улар Ислом либослари билан бурканган бўлсалар ҳам иймон уларнинг қалбларига кириб бормаган. Улар оловли жар ёқасида юрганидан қадамларини тезлаштирса ёки эҳтиётсизлик бирор бир ҳаракат қилиб қўйсалар, жарга йиқиладилар. Баъзилари эса натижа бермаётган курашдан тез чарчаб ёки муҳтожсизлик ҳаётига дарвозалар очилганидан Исломни тарк қиладилар.
Агар мусулмон аниқ илмларга эга бўлса ҳамда иймон лаззатини тотиб кўрса, у энди ҳеч қачон аввалги ҳаётига қайтмайди, қайтиш оловга тушиш каби манфурдир. У катта ихлос билан Аллоҳ таолога сиғинади, тунлари намоз ўқийди, кундузи эса меҳнат қилади ва шу йўл билан кучли бўлиб муҳтожларга ёрдам беради. У гуноҳ, лағв ва исроф бўладиган нарсалар учун молидан сарф қилмайди. Бироқ хайрли ишлар учун ақлини ишлатиб пулидан сарф қилади. У катта даромад олдида ўзини йўқотиб қўймайди, яъни гуноҳ ва шубҳали даромаддан осонгина воз кечади. У ўзига жуфт танлаётганида ҳам эътиборли одамлар билан насабини бирлаштириш учун ҳаракат қилмайди, балки солиҳа жуфт излаб, Аллоҳ таоло рози бўладиган оила қуришни ният қилади. У фарзандларига Қуръон ва Суннатдан ҳамда дунёвий илмларни ўргатади. У атрофдагиларни ўз қарашларига мажбур қилмайди, бироқ маслаҳат ёки ёрдам сўраб келганларга чиройли насиҳат қилиш имкониятини қуруқ қолдирмайди. Агар вазият уни зулмга қарши бирор нарса қилишга имкон бермаса, унинг қалби сиқилади ва у Аллоҳ таолодан бу учун Ватани, Миллатини жазоламаслигини сўраб ёлворади.
Унинг амаллари ва яшаш тарзи кўпчиликка ғариб бўлиб кўрингани билан одамлар қалбида уни қийин аммо тўғри йўлни танлаганини билишади. Атрофидагиларнинг деярли барчаси уни тезда йиқилиб, ҳамма қатори бўлишини кутишади. Бироқ томошабинлар орасида у учун қайғураётганлар у ғолиб бўлса ундан ўрнак олмоқчи бўлганлар ҳам топилади. У ҳақиқатдан ҳам бу жамият учун ғарибдир.
Ё Аллоҳ ўз динига тўғри ва ихлос билан ибодат қилишимизни насиб қилгин! Сенинг қаҳринга сабаб бўлган ва Сенинг йўлингдан чиққанлар учун бизни ғариб қилгил! Бошқалар гуноҳ ва зулм қилаётган жойларда ёки золимларга қўшилиб уларнинг зулмига шерик бўлаётганида бизни яхшилик тарқатувчи солиҳ бандаларинг қаторидан қилгин! Ё Аллоҳ бизга ўз раҳматингни ёғдиргил! Самовий мададингни юборгин! Қалбларимизни ёмонликларга етакловчи ҳиссиётлардан Ўзинг поклагил! Вужудимизни эзгулик талаби ила тўлдиргил! Тўғри йўлда бўлсак ҳамки, “дўстларимиз” ҳақ гапимиз учун бизга нисбатан “Ана, ниқоблари йиртилди, кимлиги маълум бўлди” деб отилган маломат тошларини ўзинг даф қилгил!
Биз учун Ўз тоатингга ёрдам бергил! Сен гуноҳ қилмоқни бизга кариҳ кўрсатгил! Балолар аччиқлигига сабр ато қилгил! Тақдиринг ҳаловатингга шукр келтирмоқдан бизни бенасиб айламагил! Дунё, шон-шуҳрат ва ёки бошқа нарсалар эвазига бизларни мансабларга, минбарларга қул қилиб қўймагил!
Тоқатимиз кўтармайдиган нарсалар билан бизни имтиҳон қилмагил! Ишларимизда машаққатлар билан бизни қийнаб қўймагил!
Нафсимиз ёқтирмай нохуш кўрган азиятларни Ўзинг ёқтирган тоатингга олиб борувчи воситага айлантиргил! Нафсимизга хуш келувчи ёқимли нарсаларни ўзинг биздан талаб қилган амалларингга васила қилгил!
Бизни Ўз муножотингдан маҳрум айламагил!
Сенинг буюклигинг қаршисида қалби изтиробда, икки буклам бўлишдан бизни бенасиб қилмагил!
Бизни Ўзинг саралаб олган бандаларинг жумласидан айлагил!
Дўстларинг билан бирга хашру нашр қилгил!
Бизни бандаларинг зулми остида қолишдан Ўзинг мухофаза қилгил!
Маҳлуқларингдан бирортаси бизни нуқсонга учратиб қўйишдан Ўзинг асрагил!
Гуноҳлар хорлиги, маҳрумият зиллати, туғёнга кетиш ҳолати, қадарнинг маломати, балолар шикоятидан бизни омонда қилгил!
Савобсиз неъматни бой бериб қўйиш, жазоси мўл ҳолда ризқнинг кенг бўлишидан паноҳ сўрайман!
Ўзингдан ўзгага ҳожатимиз тушиб залил бўлиш, ожизлигимиз туфайли Ўзингдан ўзгага таваккул қилиш, Ўзингдан ўзгадан қўрқув–даҳшатга тушиш, Ўзингдан ўзганинг ёрдамисиз ҳотиржамлик макрига алданиб қолишдан, Ўзингдан ўзгага умид билан ёлвориш, Сенинг рубубиятингдан ўзга қаршисида убудият билан хузуъ ичра қоим бўлиш, Сенинг Буюклигингдан ўзга ҳузурида залил ва хор бўлишдан бизни муҳофаза қилгил!
Бизни, биздан аввал иймон билан ўтганларни, бизни дуолар билан эслаганларни, бизга балолар ўқига нишон бўлган пайтимизда гўзал таъзия билан қалбимизга тасалли берганларни мағфират қилгил! Зеро, эй Раббимиз! Сен раҳмли ва меҳрибондурсан. Омин!!!


Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…