Джумла
Тошкенбой Written by  Nov 04, 2016 - 3072 Views

Радикализмнинг сабаби нимада?

Мутаассиблик ва радикализм муаммоси, минг афсуски, охирги ўн йил ичида мусулмон олами учун жуда ҳам долзарб бўлиб улгурди. Бу масала СССРдан кейиноқ буни бошдан кечирган бизнинг давлатимизга ҳам тегишли. Бу мавзу биз яшаётган жамиятда барқарорлик ва жадал ривожланишдан манфаатдор бўлган ҳар бир инсонни қизиқтирмай қолмайди. Бир нарса аниқки, бу муаммони ҳал қилиш учун, аввало, унинг келиб чиқиш манбаасини ўрганиб чиқиш керак.
Бу ҳақида қанча кўп ўйлаганимиз сари, кўпроқ тушуна борамизки, Россия мусулмонлари орасида бу муаммонинг келиб чиқиш сабаблари талайгина ва бунинг тагига етиш учун муаммони таркибий қисмларга ажратиб чиқиш лозим.
Ҳар қандай жиддий можарони ўрганиш жуда ҳам қийин - можаро қанчалар кўп илдиз отган бўлса, уларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш шу қадар мушкул. Бизнинг давлатимиздаги мусулмон жамияти ҳақида фикр юритар эканмиз, СССР қулагандан кейинги ички можароларга кўплаб обектив ва субектив характерга бўлган омиллар ўз таъсирини ўтказди. Мен ташқи омилларни обектив, ички омилларни эса субектив деб баҳолаган бўлар эдим.
ТАШҚИ ОМИЛЛАР

Хориж таълими

Бир тарафдан, охирги 20 йилдан ортиқ муддатда биз обектив жараёнлар гувоҳи бўляпмиз – СССР қулагач, исломий таълим тизими бизда батамом барбод этилганининг гувоҳи бўлдик ва бир вақтнинг ўзида инсонларнинг Исломга қизиқиши жадал ўса бошлади. Ўз навбатида, одамлар диний илмга бўлган ўз эҳтиёжларини қондириш учун ҳар хил воситаларни излай бошладилар. Айни пайтда чет давлатларидаги Ислом олий ўқув юртларида ўқиб келган ёшларнинг кўплигининг боиси ҳам шу.
Унутмаслик керакки, бизнинг фуқароларимиз таълим олиб қайтган давлатлар ўз муаммолари ва айнан ана шу давлатларга алоқадор бўлган ғоявий мунозара ва можароларга қараб турфа хил эди. Ёш ва ҳали шаклланиб улгурмаган йигит-қизлар бир неча йиллар давомида ана шундай муҳитда ўқиган ҳолда, ўз Ватанларидан узилиб қолгандек бўлдилар. Бу эса уларни, мисол учун, Миср ёки Суриядаги муаммолар бир вақтнинг ўзида Россияга ҳам алоқадор деган фикрга келишга ундади. Оқибатда, бу талабалар Яқин Шарққа тегишли бўлган можароларни ўзлари билан Россига олиб келишди.
Ўйламасдан қилинган бундай нотўғри ҳатти-ҳаракатлар кейинги йигирма йил ичидаги мусулмон жамиятида интеллектуал хомликка сабаб бўлди.

Маҳаллийдан байналмилал сари

Ундан ташқари, хорижий давлатларда ўзларининг маҳаллий можароларини халқаро миқёсда тарқатилишига ҳомийлик қилишга тайёр бўлганлар бор эди. Бу ўз навбатида уларнинг можаролари учун муҳим аҳамият касб этар ва улар бундан ҳатто молиявий манфаат кўзлашар эди. Шу аснода, Яқин Шарқдаги нефт ўчоқлари учун кечаётган жанг бир юмалаб “олий диний қадриятлар” учун муқаддас урушга айланиб кетди ва бу, ўз ўрнида, бундай қарама-қаршиликнинг ижтимоий асосларини бошқа минтақалардан келган одамлар билан кенгайтиришга хизмат қилди.
Ёҳуд биз сиз билан бугунги кунда гувоҳи бўлиб турган ИШИД ҳодисасини олайлик. Катта ҳисобда, бу ташкилотнинг дунё юзини кўриши – Ироқ Америка томонидан вайрон этилгандан кейин Сурия ва Ироқдаги араб мусулмон аҳолисининг ўз давлатини қуриш учун қилган урунишидир. Яъни, бунинг илдизида бир қанча араб доираларининг миллатчи ва қасоскорлик руҳидаги манфаатлари ётади. Шу ўринда, бундай қўрқинчли ҳодисанинг юзага келишига йўл очиб берган ижтимоий муаммоларни ҳам таъкидлаб ўтмоқ жоиз. Бу ҳаракатга халифалик қуриш учун “муқаддас уруш” кўринишини бериш орқали ИШИДнинг ғоявий бошлиқлари гуруҳга молиявий ва инсон ресурсларини жалб қилиш учун ўз имкониятларини кенгайтириб олишди.
Ташвиқотчилар ва популистларнинг гапларига ишониб кетаётган одамларга, жиҳод ғоялари жуда ҳам ёқиб тушади. Аммо улар бу чақириқлар ва “жозибадор” ғояларнинг ортида қандай мақсадлар яширин эканлигини мутлақо билмайдилар.
Яхши англаб етмоқ керакки, у минтақада содир бўлаётган аксарият муаммоларнинг илдизи Усмонлилар султони тарихи ва бу давлат қулагандан кейинги ғарбликларнинг у ерда кўрсатган ҳунарларига бориб тақалади. Бу жуда ҳам махсус, минтақавий контекст. Айнан шу муҳитдан оқибатда бизнинг давлатимизгача кириб келган барча мутаассиб ва вайронкор оқимлар етишиб чиққан.
Бундай маҳаллий муаммони халқаро миқёсда оммалаштириш стратегияси, кўриб турганимиздек, анча “самарали” кўринади. Шунингдек, бу стратегиянинг фаол қатнашчилари мавжуд. Улар бу ҳудудга шунчаки қимматли табиий ресурсларга бой бўлган жой сифатида қарамайдилар. Балки кўпмиллиардлик ҳарбий саноат даромади учун ва ўзларининг потенсиал душманлари билан билвосита тўқнашувлар орқали ўз олдига қўйган геосиёсий вазифаларни адо этиш учун қулай маскан деб ҳисоблашади. Буларнинг ҳаммаси минтақадаги инқирознинг янада ёмонлашувига, яна кўп қон ва янгидан-янги можароларга сабаб бўлишда давом этаверади.
Оқибатда, бизнинг давлатимизга на тарихий ва на ғоявий алоқаси бўлмаган жуда ҳам ачинарли манзаранинг гувоҳи бўлиб турибмиз. Бироқ, бизнинг мамлакат ичида ҳам мутаассибликка мойил кайфиятнинг келиб чиқишига сабаб бўлган баъзи бир ички омиллар борлигини рад этиб бўлмайди.

ИЧКИ ОМИЛЛАР

Шўро сиёсати

Юқорида айтиб ўтилганидек, энг катта омиллардан бири – охирги 70 йил ичида Ислом ўз инфраструктурасидан бутунлай айрилди – мадрасалар, масжидлар, нашриётлар, вақфлар – деярли ҳаммаси мухрланди ва йўқ қилинди. Айнан мана шулар 90-йилларда бизнинг исломий билимларимиздаги тақчилликка олиб келди.
Илмсизлик – муаммоларнинг энг асосий илдизи. Етарли билимларга эга бўлмаган одамни адаштириш, алдаш, ёлғон ҳақиқат, ҳақиқат эса ёлғонлигига ишонтириш жуда ҳам осон.

Ижтимоий беқарорлик

Биздаги баъзи мусулмонларнинг радикаллашиб кетишига сабаб бўлган омилларнинг яна бири сифатида ижтимоий омилларни эслаб ўтиш даркор. СССР қулагач юзага келган кўп сонли иқтисодий муаммолар 90-йилларда аҳолининг кўплаб қатламларида жуда оғир ҳолатни юзага келтирди. Ўша пайтда ўртаҳол россиялик учун яшаш қандай қийин бўлгани ҳамон ҳаммамизнинг эсимизда. Шубхасиз, ижтимоий кам таъминланган муҳит ҳар қандай радикал кайфиятларга “ем” бўлиши осон. Ана шу даврдаги ижтимоий беқарорлик тақирбошлар, радикал миллатчилар, диний мутаассиблар ва бир сўз билан айтганда ҳамма жиноятчиларнинг дунёга келишига сабабчи бўлди.

Жиноят олами

Айтганча, айнан жиноят олами вакилларидан кейинчалик “жиҳодчилар” ва турли радикаллар чиқди. Бу ерда, менинг назаримда, иккита сабаб бор. Бир томондан, жиноятчиларнинг бир қисми, қамоқда ўтиргани ҳам, озодликда юргани ҳам ўз ҳатти-ҳаракатларининг нақадар ахлоқсиз ва охири йўқ эканлигини англаб етдилар ва диндан паноҳ излай бошладилар. Аммо анъанавий мўтадил Ислом йўлини танлашнинг ўрнига, уларнинг баъзилари радикал ташвиқотчиларга рўбаро келдилар ва йўлдан оздилар. Бошқа томондан, жиноятчиларнинг орасида жамият томонидан қабул қилинмаган ва яккалаб қўйилган, натижада ўз норозилигини ҳар қандай усул билан изҳор этишга тайёр бўлган инсонлар бор эди. Шунчаки талончилик ва босқинчилик уларнинг жамиятдан қасос олишга йўналтирилган ҳаракатларини ғоявий асослаб бера оладиган мафкуравий негизга эга эмас эди.

Меҳнаткашлар ва ёш иқтидор

Умуман олганда, таъкидлаш жоизки, радикал ташвиқотчилар фаол ва мақсадли равишда айнан ижтимоий холислик ва тенгҳуқуқлилик мавзуларини кўтарадилар, шунингдек улар айнан норозилик руҳидаги инсонлар аудиториясига мурожаат қиладилар. Ёш ишчилар, шаҳарларга яқинда келган қишлоқ аҳолиси, муқаддам судланганлар, ногиронлар, ёлғиз ва унутилган инсонлар уларнинг нишонидир. Бу ташвиқотчилар учун анчайин кенг ижтимоий қатлам ҳисобланади.
Лекин бу дегани мутаассиблик кайфияти фақат мана шундай одамлар орасида бўлади дегани эмас. Ўзига тўқ оила фарзанди бўлган ўқимишли ёшларнинг радикал мутаассибга айланиб кетганлиги ҳақида ҳам етарлича маълумотга эгамиз. Буни тушуниш мумкин ва бу ғайритабиий ҳодиса эмас. Чунки тарихдан маълумки, бой оила фарзанди бўлган ҳолда террорист, инқилобчи, жангчи, қисқача айтганча озодлик курашчисига айланиб кетганлар оз эмас. Антиглобал, коммунист, анархист сўллар ҳаракатлари тарихини эсласак кифоя, бундай мисоллар талайгина топилади – аргентиналик ўзига тўқ шифокор оиласидан чиққан Че Геварадан тортиб буржуа ва аристократ оилалар фарзандлари бўлган Россиядаги ёки XIX аср Франсиясидаги террористларгача. Бу одамларнинг ҳаммаси учун ижтимоий холислик, ҳаққонийлик тушунчалари муҳим аҳамият касб этган, айнан мана шу муаммо атрофида уларнинг идеологияси шакллантирилган ва ҳали ҳам шакллантириляпти.
Умуман олганда, инсоннинг интеллектуал изланишлари уни ҳар қандай йўлга бошлаши мумкин. Кимдир ҳаққонийликка эришаман деб ҳаракат қилиб, ўзини меҳнатга уради, мисол учун “Чегара билмас шифокорлар” ёки бошқа хайрия ташкилотларида; кимдир эса қўлига қурол олиб ўрмон оралаб овга чиқади. Кўп нарса инсон темпераменти, чуқур мулоҳаза қила олиш ёки олмаслик қобилиятига боғлиқ.

Хулоса

Юқорида таъкидлаганимдек, ҳар қандай муаммони ҳал қилиш учун нақадар машаққатли ва чигал бўлишидан қатъий назар, аввало, унинг келиб чиқиш манбаасини тушуниб етмоқ керак. Юқорида муҳокама қилинган ҳодиса мисолида кўрдикки, муаммонинг ечими маъмурий – диний таълим муассасалари, фондлар, нашриётлар ташкил этиш – шунингдек, ғоявий – бу соҳани ижтимоий ҳаққонийлик устувор бўладиган мафкуравий асос билан тўлдириш – каъби жабҳаларни қамраб олади.

Элдор ҳазрат Боязитов. Татаристон муфтийси ўринбосари.
Тошкенбой таржимаси
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…