Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 07, 2016 - 2488 Views

Қандай қилиб аёллар ИШИДнинг асосий ташвиқот нишонига айланиб қолишди?

ИШИД ташвиқот механизми қандай ишлайди? Америкалик тадқиқотчи Э. Кругланскининг фикрича, ИШИД фақатгина диний масалаларга эътибор қаратмайди, балки инсонларнинг табиий эҳтиёжларига ҳам урғу беради ва бундан ўз мақсадларида фойдаланади. Биринчи ўринда, улар инсоннинг икки асосий психологик эҳтиёжидан фойдаланади. Биринчиси ақлий қатъиятликка эришиш, яъни ишончсизлик, шубҳа ёки ҳар қандай тушуниш қийин бўлган нарсадан қутулишга ҳаракат қилиш. Иккинчиси шахсий аҳамият, ўз шахсиятини муҳим деб билиш эҳтиёжи.
Бу бирор қараш ёки бирор эътиқодга тегишли бўлиш мақсадида шундай бир тузилмани қидиришдир. Муаллиф таъкидлашича, мутаассиблик минтақавий омил сабаб турфа хил бўлишига қарамай (диний фундаментализмдан радикал миллатчиликкача), қатъиятликка эришмоқчи бўлган одамларда одатда қарашлар бир мунча радикал бўлади. Уларнинг фикрига қўшилмаганларни беҳурмат қиладилар ва ахлоқ нуқтаи назаридан қарши томонни йўқ қилиш жоиз деб ҳисоблайдилар.
Ўз шахсига нисбатан муҳаббатли, ўзини муҳим деб санашларини хоҳловчиларнинг эҳтиёжи ИШИД учун жуда ҳам қўл келади. Уларни ўз сафларида жафокаш қаҳрамонлар деб атайдилар, уларнинг номлари абадиятга муҳрланиши, тарих зарварақларида акс этишини уқтирадилар. Шахсий муҳимликни қидираётганлар учун ҳар хил йўқотишлар яна-да туртки бериши мумкин. ИШИД бекорга маҳаллий аҳоли орасидан портлашларда вафот этганларни оммага намойиш этиш, жамиятдаги ноҳақликларни, мусулмонларнинг Ғарб томонидан эзилаётганини бўрттириб кўрсатиш каби чораларни қўлламайди. Чиройли безаклар беради, мусулмонларга азоб етяпти деган тушунчани тарқатишга ҳаракат қилади.
Ўзини яхши кўриш, муҳим деб саналишни хоҳлаш шунчалар оммабоп туйғуки, ундан қутулишнинг иложи йўқ. Бир вақтнинг ўзида бу туйғу ижтимоий аҳамиятга эга бўлган, жамият фаровонлиги учун йўналтирилган солиҳ амалларда ифода этиши ҳам мумкин. Мисол тариқасида бева-бечора ёки имконияти чекланган инсонларга кўнгилли ёрдам қилишни келтириш мумкин. Аммо бундай хайрия амаллар оқибатда анча қийин ва фойдасиз туюлиши ҳеч гап эмас. Бундай ишлар инсондан сабр, қатъият, қийинчиликларни мунтазам енгиб ўтиш, кўп вақт каби омилларни талаб қилади. Яна ҳар доим ҳам муваффақиятли якун топмаслиги мумкин. Бу узоқ ва машаққатли йўл. Баъзи ёш авлод вакиллари учун эса энг осон йўл бу – зўравонлик ва курашдир.
Психологик эҳтиёжлардан ташқари, ИШИД жисмоний эҳтиёжларни кўнгилхушлик орқали қондириш имкониятини ҳам таклиф қилади: зўравонлик (урушларда, қатлларда иштирок этиш орқали), жинсий вақтичоғлик (оила қуриш, қул-жорияларга эгалик қилиш). ИШИДнинг асосий ташвиқот нишони аёллар бўлиб қолди. Э.М. Солтман ва М. Смит бу категория аёлларнинг ИШИД сафига ундайдиган сабаблар ҳақида гап кетганда қуйидаги омилларни санаб ўтадилар:
1. Биринчи гуруҳ
- Яккаланиб қолиш ёки маданий бўшлиқ ҳисси;
- Ғарбга адоват сақлайдиган мусулмонлар жамоаси орасида бўлиш;
- Умматга етаётган жабр юзасидан қаҳр, қайғу ёки адоват руҳида бўлиш;
2. Иккинчи гуруҳ
- Халифалик қуриш бўйича муқаддас қилиб олинган ғоялар мужассамлиги;
- Эътиқодий бирдамлик ҳисси;
- Ҳақиқатни қабул қилишда ҳиссиётларга берилиш;
Таъкидлаш жоиз, ИШИДнинг аёл тарафдорлари мустақил ҳаёт кечирадиган оддий ғарблик аёллар эмас, аксинча уларнинг кўпчилиги уй бекаси бўлишни ўзининг ИШИДдаги вазифаси деб ҳисоблайди. ИШИД аёлларни жалб қилиш учун ёш авлодни тарбиялашнинг аҳамияти, бепул озиқ-овқат, бепул кийим-кечак, иссиқ нон, янги келин бўлганларга пул мукофотлари ва ҳоказолардан фойдаланади. Аёлларни эса ҳаётда ўз ўрниларини топиш, бир хил қадриятларга муҳаббат қиладиган дугоналар орттириш кабилар ҳам ўзига ром этади. Бир вақтнинг ўзида улар рафиқа, она, ўқитувчи, ҳамшира ва ҳоказолар бўлганлигимиз учун янги халифаликнинг асосида турибмиз деб ҳисоблашади.
Қизиғи шундаки, ҳатто баъзи аёлларни зўравонликка бўлган қизиқиш ўша ёқларга етаклаб боради. Улар ўзларини янги халифаликда асира аёллар назоратчиси, одоб ахлоқ полициячилари, жанг иштирокчиси ва ташвиқотчи вазифаларида кўрадилар.
Жангчиларнинг қуйидаги хислатлари ҳам аёлларни ром этиши мумкин:
1. Самимият ва эҳтиросларни очиқ намоён қилиш
2. Мардлик ва қатъият
3. Ёши катта авлоднинг фикрига қарам бўлмаслик
Шундай қилиб, янги авлод ва эски авлод ўртасидаги можаролар (фақат мигрантлар орасида эмас, бошқа минтақалар мисол учун Шимолий Кавказда) ҳам каттагина рол ўйнайди.
Умуман олганда, ИШИД бирдам ижтимоий гуруҳ сифатида ҳаракат қилади. Бу гуруҳнинг бирдамлиги учун эса мард ва орқасидан эргаштира оладиган етакчилар, биродарлик, мустаҳкам оилавий ва дўстона алоқалар керак бўлади. Буларнинг ҳаммаси бирга бўлиб жамоавий руҳни ташкил қилади. Бу гуруҳда эъзозланадиган бир қатор қадриятлар хотирлаш, қурбонлик ҳисси, қўрқув, бирдамликка таҳдид, беҳурматлик, диний ва сиёсий мафкура кабилар ёрдамида янада мустаҳкамланиб боради.

Элшод Муҳаммадзарипов, тарих фанлари номзоди
Абу Муслим тайёрлади
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…