Джумла
islamonline.uz Written by  Nov 09, 2016 - 2171 Views

Маънавий таназзул

14 декабрь куни АҚШнинг Кеннектикут штатида жойлашган Ньютаун шаҳарчасидаги “Сэнд Хук” бошланғич мактабида юз берган фожиа нафақат Американи диёнатли, ақлли-ҳушли дунёни ларзага келтирди. Адам Лэнза исмли шахс эрталаб, аввал мактабда ёш болакайларга сабоқ бераётган онасини, сўнг йигирма нафар бошланғич синф ўқувчиларини, уларга қўшиб, мактабнинг бир неча ўқитувчиларини отиб ташлади.

Мамлакат Президенти фожиа муносабати билан Америка халқига мурожаат қилар экан, бундай мудҳиш жиноятларнинг олдини олиш учун самарали чоралар кўришимиз керак, деб таъкидлади. Нью-Йорк шаҳри мэри Майкл Блумберг “Ньютаун фожиаси биз қандай дунёда яшаётганимизни яна бир ор кўрсатди” деди. “Яна бир бор” дегани шуки, бундай отишмалар кейинги йилларда Америкада тез-тез содир бўлиб турибди. Расмий маълумотларга қараганда, ҳар йили 30 минг бегуноҳ киши аҳоли қўлидаги қуролдан ҳалок бўлмоқда. Шундай бўлса-да, қурол сотиш билан шуғулланаётган дўконларнинг бирортаси ёпилгани ёки бу борада ҳозирча бирор чеклов эълон қилангани йўқ. Аксинча, Нютаундаги фожиадан сўнг мамлакатда қурол-яроғ сотишни тартибга солиш бўйича баҳс-мунозаралар бошланганида, бу ўта “ёғли” соҳа корчалонлари “Мактабларни жиноятчилардан ҳимоя қилиш учун ўқитувчиларни яхшилаб қуролантириш керак” деган таклифни киритишди. Кўплар қурол сотиш тақиқлаб қўйилишидан саросимага тушиб, худди “Катрина” ёки “Сэнди” тўфонлари яқинлашаётганида озиқ-овқат магазинларини шип-шийдон қилишганидай, қурол магазинларига ёпирилиб бориб, замонавий ўқотар воситаларини ғамлаб олишди. Расмий маълумотларга қараганда, АҚШда ўтган йили аҳоли 2011 йилга нисбатан 25 фоиз кўп миқдорда қурол сотиб олган. Декабрь ойининг ўзида ярим миллион киши қурол сотиб олиш учун тегишли муассасаларга  мурожаат қилишган. Қурол сотиш бу ерда ўтган асрнинг ҳам, янги асрнинг ҳам энг “ёғли” баракали соҳаси бўлиб қолган. Савдони янада ривожлантириш учун бу “товар”га эҳтиёж пайдо қилиш ҳақида ўйлаётганлар ҳам йўқ эмас.
Нью-Йорк шаҳридан 130 километр узоқликда жойлашган, уч юз йиллик тарихга эга сокин Ньютаун шаҳарчасида истиқомат қилаётган кексалар бу қатлиом нега энди, айнан шу ерда содир бўлганини ҳануз тушунишгани йўқ. Айни пайтда, мамлакат Конституциясига киритилган иккинчи тузатиш, яъни одамларнинг қурол харид қилиш ва олиб юриш ҳуқуқи тўғрисида жиддий ўйлаб кўришни талаб қилаётган одамларнинг норзилик чиқишлари давом этмоқда. Баъзи штатларда уйида қурол сақлаётган аҳоли маълум тўлов ҳисобига ўқотар воситаларни ихтиёрий равишда маъмурларга топширмоқдалар. Аммо Мартин Лютер Кингдек миллат фидойисига ёки мамлакат Президенти Жон Кеннидига суиқасд уюштирилган Америкада тўппонча ёки винтовкаларнинг ногаҳонда чайраб қолишига жамият деярли ўрганиб қолган, қурол-яроғ ишлаб чиқарувчи ишбилармонлар бу воситаларсиз тинч, хотиржам яшаб бўлмаслигини одамларнинг онг-шуурига аллақачон сингдириб бўлишган.
Аҳолига қурол-яроғ сотиш тартибини қайта кўриб чиқиш тўғрисидаги мунозаралар бугун пайдо бўлгани йўқ. 1999 йили Колорадода икки нафар юқори синф ўқувчиси ўзлари ўқийдиган мактабда 13 кишини шафқатсизларча отиб ўлдиришди. 2007 йили Виржиния политехника университетида талабалардан бири 32 кишининг умрига нуқта қўйди. 2009 йили ҳарбий хизматчи Техасдаги Форт-худ базасида 13 кишини отиб ташлади. Маквей Тимоти деган шахс бутун бошли маъмурий бинони портлатиб юбориб, кўплаб бегуноҳ одамларнинг қонини тўкди. Шу воқеалардан кейин ҳам бу муаммони ҳал қилиш кун тартибига қўйилган эди. Аммо, ҳар гал маълум тоифа одамлар америкаликларнинг бу ҳуқуқини чинакам демократия, эркинлик намунаси билан боғлашади ва ҳеч бир нарса ўзгармайди.
Қурол нима учун ишлаб чиқарилади? – одам ўлдириш учун! Бу воситадан бошқа мақсадда фойдаланиш мумкин эмас. Қурол бор экан ва у йилдан йилга такомиллашиб бораётган экан, фожиа одамлар ҳаётидан асло узоқлашмайди. Бир вақтлар Даманск оролида можаро содир бўлганида, шу ерда ҳалок бўлган солдатлардан бирининг отаси мухбирлар билан суҳбатда: “Анча йиллардан бери қурол-яроғ ишлаб чиқарадиган заводда ишлайман, яхши маош олиш учун кунлик топшириқни ҳамиша ортиғи билан бажараман, наҳотки менинг ўғлим ўзим режадан ташқари ишлаб чиқарган ўққа учган бўлса?”, деган эди. Бу гапни эслаётганим, “Сэнди Хук” фожиасини содир этган қотил ўғилнинг қўлидаги қуролни унинг онаси – фожианинг биринчи қурбони  магазиндан сотиб олган экан.
ҳар ким ўз ғанимини ўзи тарбиялайди, деган гап бор. Бугун Америкада, ривожланган ва икки бор жаҳон урушига майдон бўлган Европада ёшлар қандай қадриятлар, одоб-ахлоқ меъёрлари руҳида тарбия топмоқдалар? Телеканалларда, кинотеатрларда отишма, портлатиш, ўлдириш, ёқиб юбориш каби жиноий хатти-ҳаракатлар тинимсиз намойиш этилаётган, саргузашт асарларнинг саҳифалари ҳам худди шу каби беадоқ фожиалар билан тўлиб-тошган бир пайтда бола нимадан ибрат олади, унниг мурғак қалбига қандай “қадрият”ла сингади?
11 сентябрь воқеаларидан кейин кўплар англаган бир ҳақиқат шу бўлдики, иқтисодий қудрат, ҳарбий салоҳият деганлари осмон қадар буюк бўлса ҳам, бу воситалар инсоннинг энг оддий ва содда муаммолари ечими олдида ожиз қолар экан. Минг километр наридаги нишонни бехато муўлжалга оладиган ракета билан мақтаниш мумкин, аммо бу фахр бир кўнгли хуфтоннинг дилига чироқ бўла олмайди. Инсон кўнглига етиб бориш Ойга қўнишдан ҳам мушкул иш. Бойлик, ҳарбий куч-қудрат деганлари чинакам халоскор, бемисл нажоткор ва бадавлат мамлакат ўзининг наинки иқтисодий, айни чоғда маънавий ахлоқий муаммоларни ҳам аллақачон ҳал  қилиб олган бўларди. Бу муаммо ривожланган Европа давлатлари ҳаётига ҳам вақти-вақти билан соя ташлаб турибди. Буни биргина ўтган йили тинч ва хотиржам Норвегияда содир бўлган қонли фожиа мисолида кўриш мумкин. Ғарб дунёсида тобора чуқур илдиз отаётган турли ғаразли оқимлар, шовинистик гуруҳлар, қиёмат қойимлиги ҳақидаги васвасалар таъсирида талвасага тушган Андерс Брейвик исмли шахс июль ойида бегуноҳ етмиш етти кишини отиб ўлдирди. Судда у бу ёвузликни Норвегия маданий ҳаёти тобора хилма-хиллашиб бораётгани билан оқламоқчи бўлди. Брейвикнинг ўзини бениҳоя хотиржам тутиши, тергов пайти куёв боладай кийиниши, атрофга жилмайиб қараши, кузатувчиларнинг фикрича, жиддий хавотир уйғотади, яъни ўзга маданиятлар ва динларга нисбатан ошкора тоқатсизлик синдроми Европа мамлакатлари учун жиддий ташвишга айланиши мумкин.
АҚШда 2011 йили болалар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ 3 миллион 700 минг жиноят содир этилган, уларнинг 9 фоизи норасидаларни зўрлаш биан боғлиқ хатти-ҳаракатлардир.
Кўриниб турибдики, дунё мамлакатларида ҳукм сураётган иқтисодий таназзул, жамиятнинг маънавий-ахлоқий қиёфаси, дунёвий ва диний мактабларидаги таълим-тарбия даражаси, оила муносабатларининг мутлақо эркинлигидан келиб чиқадиган руҳий-психологик муаммолар, яъни маънавий айнишлар билан боғлиқ. Фожиалар илдизини айни шу ҳолатлардан қидириш тўғри бўлади.
“Бугунги мураккаб мафкуравий жараёнларни илмий-амалий жиҳатдан атрофлича таҳлил қилиш ва баҳолаш, уларнинг устувор йўналишларини. Кимга ва нимага қаратилганини аниқлаш, аҳоли турли қатламларига таъсирини ўрганиш, миллий манфаатларимизга, ҳаёт тарзимизга зид бўлган зарарли ғоялар ва мафкуравий хуружларнинг моҳиятини очиб бериш, фуқароларимиз қалбида миллий тафаккур ва соғлом дунёқарашасосларини мустаҳкамлаш алоҳида аҳамият касб этади, - дейилади Президент Ислом Каримовнинг “Юксак маънавият – енглимас куч” китобида. – Фақат ана шундай асосда ёшларни ўз фикрига эга, турли маънавий хуружларга қарши собит тура олишга қодир бўлган, иродали, фидойи ватанпарвар инсонлар этиб тарбиялашга эришиш мумкин”.
Истиқлол йилларида мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчлик-тотувликка қилинган кўплаб хуружлардан равшан кўринадики, ёвуз ниятли кишилар энг аввало ёшлар онгини нишонга олади. Шундай тажовузкор кучлар таъсирига тушиб қолган киши орадан ҳеч қанча ўтмай, ўзгача фикрлай бошлайди, ҳаётга муносабати кескин ўзгаради. Энг муҳим, муқаддас нарсаларга ҳам бефарқ қарайдиган бўлади. Зомбилар, камикадзелар, террор ижрочилари мустақил ва эркин фикрлаш эркини бой бериб қўйган, иймон-эътиқоди сустлаштирилган, миллий туйғу, маънавий илдизлардан узоқлаштирилган кишилардир. Хотира ва тафаккурдан мосуво бўлиб, манқуртга айланишнинг оқибати қанчалар даҳшатли бўлиши Чингиз Айтматовнинг “Кассандра тамғаси” асарида юксак маҳорат билан кўрсатиб берилган. Асарда инсон онг-шуурига сунъий тушунчаларни, ғайриахлоқий қадриятларни зўрлик билан сингдириш орқали унинг хатти-ҳаракатини бошқаришга эришиш, ҳар қандай буйруққа сўзсиз итоат қиладиган ясама “одамча”ларни тарбиялаш каби қабиҳ ниятларнинг мавжудлиги ишонарли тарзда очиб берилган. Бу ният ёзувчининг бадиий тўқимаси эмас, ҳаётда бор ва кун сайин куч тўплаётган мудҳиш хавфдир. Бугун, расмий маълумотларга кўра, дунёдаги энг иқтидорли олимларнинг ҳар тўртинчиси ҳарбий-саноат комплексида хизмат қилмоқда. Бу – ҳар тўртинчи иқтидорли  олим инсон ҳаётини яхшилаш, турмуш тарзини фаровонлаштириш йўлида эмас, уруш, қирғин-барот қуролларини янада такомиллаштириш устида ишламоқда, дегани. Дунёни қайта “совуқ уруш” гирдобига тортиш ҳаракатлари эса барҳам топгани йўқ.
Бундай ҳолатда, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фақат маънавият, фақат эзгу тарбиягина халоскор, енгилмас куч сифатида майдонга чиқиши мумкин. Ғарб дунёси ўзи дучор бўлган иқтисодий таназзулни енгиб ўтишига ишонса бўлади, бироқ маънавий таназзулни енгиш бир қовун пишиғилик иш эмас.

М.АҲМАДЖОНОВ
“Миллий тикланиш”дан

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…