Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 09, 2016 - 2739 Views

Саҳобаларга ўхшаш керак

Ҳар кунлик ташвишлар билан овора бўлиб, муҳим ва муҳим бўлмаган масалалар устида бош қотириб, биз ўзимизни тўғри йўлга бошлайдиган ва икки дунё саодатига етаклайдиган диний илмларни олишга вақт тополмамиз. Ҳаётда қандай мавқега эга бўлишимиздан қатъи назар биз бу машғулот билан шуғулланиб туришимиз керак. Бу шундай машғулотки, вақти-вақти билан биз узоқ ўтмишга саёҳат қилиб туришимиз зарур. Аниқроқ айтадиган бўлсак, айнан Исломнинг пайдо бўлиши, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам ва у кишининг ёнларида юрган саҳобаларнинг ҳаётларини ўрганишга азму қарор қилишимиз зарур.
Албатта, биз жисмимиз билан севимли пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига бориб, у киши билан қўшилиб, ҳаж ва умра ибодатларини ҳамда у киши ўқиб берадиган намозларга қатнаша олмасак ҳам, у кишининг ёнида юрган, юзлари бахтдан ёришиб турган одамлар билан Мадина кўчаларида юролмасак ҳам Қуръон ва пайғамбаримизнинг минглаб суннатларини бизгача етиб келишига улкан ҳиссаларини қўшган мусулмон олимларининг ёзиб қолдирган китобларида пайғамбаримиз ва у кишининг ёнларида юрган саҳобаларнинг ҳаётларини чуқур ўрганиб, руҳан уларнинг ёнида юргандек, ўзимизни тасаввур қилишимиз мумкин.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнида юрган саҳобалар қандай одам бўлишган, қандай яшашган ва динимиз учун нималар қилишганини билиб олиш мумкин.
Улар ҳақда Аллоҳ шундай дейди: “Иймон келтирган, ҳижрат қилган ва Аллоҳ Йўлида курашган зотлар ва (муҳожирларга) уй-жой бериб, ёрдам қилган зотлар - ана ўшалар ҳақиқий мўминлар бўлиб, улар учун мағфират ва улуғ ризқ бордир” (Анфол сураси, 74).
Аллоҳ уларни мустаҳкам иймон соҳиблари деб атаган, унинг пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васаллам, эса улар ҳақида мана бундай деган: “Асрларнинг энг яхшиси- менинг асрим, сўнг ундан кейингиси, сўнг ундан кейингиси...” (Бухорий, Муслим)
Уларнинг бундай мақтовларга эришишларига нима сабабчи бўлган?
Улар Аллоҳга ва унинг ваъдаларига шубҳасиз ишонганлар ва Аллоҳга берган ваъдаларини сўзлари ҳамда амаллари билан кўрсатганлар. Улар пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламнинг изларидан юриб, у кишининг ҳеч қачон оғир ва қийин вақтларида ҳам ўз ҳаётлари ва молларидан воз кечсалар ҳам тарк этмаганлар Қуръонда шундай дейилади: “...Улар Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик истарлар ҳамда Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига ёрдам берурлар. Ана ўшалар (иймонларида) содиқ зотлардир” Ҳашр сураси, 8).
Саҳобалар Аллоҳга жуда кўп ибодат қилишган. Улар буни фақатгина Аллоҳ буюргани учунгина эмас, Аллоҳни севганликлари учун бутун қалб ва вужудлари билан унга яқинлашиш мақсадида амалга оширганлар. Улар ибодатда сокинлик, қалб қувончи ва тил билан тушунтириб бўлмайдиган даражада роҳат олганлар. Қуръонда шундай дейилади: “Уларни (мудом) Аллоҳдан фазл-марҳамат ва ризолик тилаб рукуъ-сажда қилаётган ҳолларида кўрурсиз. Уларнинг юзларида сажда изидан (қолган) сиймо-аломатлари бордир” (Фатҳ сураси, 29).
Улар ўзларининг хулқ-атворлари билан нафақат ўзлари билан бирга яшаган инсонларни, балки улардан кейин келган инсонларни ҳам илҳомлантириб келишмоқда. Бу дунёдаги роҳат-фароғатлардан воз кечиб, Аллоҳ йўлида қилган ҳаракатлари учун Аллоҳ уларни жаннатдаги абадий роҳат билан мукофотласин. Қуръонда дейилади: “Муҳожир ва ансорларнинг биринчи пешқадамлари ва уларга чиройли амаллар билан эргашган зотлар - Аллоҳ улардан рози бўлди ва улар ҳам Ундан рози бўлдилар. Яна (Аллоҳ) улар учун остидан дарёлар оқиб турадиган, улар абадий қоладиган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Мана шу буюк саодатдир” (Тавба сураси, 100)
Саҳобалар буюк натижаларга эришганликлари билан оддий инсонлардан ҳеч қандай фарқлари йўқ ва улар алоҳида маҳоратга эга эмасдилар. Лекин улар Ислом учун қўлларидан келадиган барча ишни қилдилар. Шу боис Аллоҳнинг элчиси саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Энг яхши авлод – менинг авлодимдир”. У Зот бу билан уларни бошқалар билан ҳатто бошқалар сони ва миқдори борасида улардан устун бўлсада, улар билан солиштириб бўлмаслигини тушунтирганлар.
Бу зотлар мусулмонлар орасида энг яхши бўлганлари ҳақида пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “...Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки, улар-залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг Суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас уни маҳкам тишлангиз” (Абу Довуд, Ибн Можа)
Худайбияда 1400 та қасамёд қилганлар ҳақида Қуръонда шундай дейилган: “Аллоҳ мўминлардан — улар дарахт остида Сизга байъат қилаётган вақтларида — рози бўлди. Бас, У Зот уларнинг дилларидаги нарса (садоқат ва вафо)ни билиб, уларга сакинат-ором туширди ва уларни яқин ғалаба ва ўзлари(гина) оладиган кўпдан-кўп ўлжалар билан мукофотлади” Фатҳ сураси, 18)
Аллоҳ томонидан танлаб олинган яхшиларнинг аълоси бўлган пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Аллоҳнинг буюклигини доимо ҳис қилиб туришган. Улар Аллоҳнинг розилигини асосий мақсад қилиб қўйишган. Ҳар дақиқада улар қаерда бўлишларидан қатъи назар Аллоҳнинг кўриб ва эшитиб турганлигини ҳис қилишган. Доим гуноҳ ва ёмон ишлардан қочишган. Ашар қоқилиб кетишса, дарҳол тавба қилиб, ўз айбларини ювиш мақсадида,жуда кўп яхши ишларни амалга оширишган. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан олган илмларига таяниб, бугунги ва эртанги кун пойдеворини қўйишган. Бу пойдевор шунчалик кучли ва қудратли бўлди-ки, асрлар оша ҳам у ўз ўрнида мустаҳкам турибди. Мусулмонлар шу пойдеворга таяниб, тоат-ибодат ва дунё амалларини бажариб келишмоқда.
Албатта, бизни у одамлар даражасига етишишимизга анча бор. Улар Аллоҳнинг пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васаллам мактабида дарс олганлар ва шахсан ўзлари мўъжизаларнинг гувоҳи бўлганлар. Энг асосийси эса, улар ваҳий тушишининг жонли гувоҳи бўлганлар ва улар соф манбадан тўғридан тўғри таълимот олганлар. Улар ҳаётларидаги ҳар қанақа ҳолатда оятларга мурожжат этардилар ва маслаҳат лозим бўлса, Қуръонни қўлларига олардилар. Улар мана шу муқаддас китоб ёрдамида ўз келажакларини режалаштиришарди ва ундан кундалик ҳаётларида фойдаланишарди. Улар Қуръон кўрсатмаларига тўля амал қилишган, унинг тақиқларидан қайтишган, шу боис бугунги авлод мусулмонлари буни қўрқмасдан эътироф этишлари мумкин. Қуръон саҳобаларнинг йўлбошчиси ва улар учун мактаб бўлган. Бундай авлод сингарилар аввал бўлмаган, бундан кейин ҳам бўлмайди.
Аллоҳ таоло Муқаддас Қуръонни ўз пайғамбари саллаллоҳу алайҳи васалламга унинг ёрдамида мўминлар жамиятини тузиш ва одамларнинг ахлоқи, фикрлари, қадриятлари ва ҳаётларини яхши томонга ўзгартириш учун ваҳий этиб туширгандир. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам эса ҳақиқатан ҳам ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий соҳаларда эътиқодли, ахлоқли, маънавиятли кишилар жамиятини тузишга муваффақ бўлдилар.
Пайғамбар саллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларининг эътиқоди, динларини эътироф этишлари, у ҳақидаги тушунчалари — буларнинг бари ҳақиқатан ҳам ноёб ҳисобланади ва биз бугунги кунда бундай даражага ета олмаймиз. Айнан улар орқали ва улар сабаб зарур илмлар бизгача етиб келди. Айнан улар динни ўз елкаларига олиб, кейинги авлодга асл ҳоли ва гўзаллигича етказишга бел боғладилар. Уларнинг ёрдами билан дин бизга асл ҳолича келди. Улар бизга шунчалик яхшилик қилишдики, биз қанча қилсакда, бунинг рахматини айтиб адо этолмаймиз. Шу боис доимий равишда улар ҳақига дуо қилиб, Аллоҳга юзланишимиз даркор.
Уларнинг биографиясида ғаройиб тарихларга шунчалик кўп дуч келиш мумкинки, эшитган сари юрак уриши тезлашади, кўзлар йиғлайди. Фикр юритиш учун қанчадан қанча ибрат, қанчадан қанча муҳим ҳақиқат, кўрсатма ва намуналар. Уларнинг ҳаёт йўлида кўплаб қиймати йўқ дарслар, эътиқодни уйғотадиган ва мустаҳкамлайдиган, динга тўғри ёндашишга чорловчи ёрдамлар ва ҳаётий дунёда қандай яшаш кераклиги ҳақида кўрсатмалар бор. Бу кўрсатмалар негизида бунёдкорлик ва меҳнатсеварликка чорлов, буюк мукофот ва фаровонлик учун йўл кўрсатиш ётади. Афсус, биз камдан кам ҳолларда муҳим ишлар — уларнинг ҳаёти билан танишув ва бу ҳақида тадаббур қилиш сингари ишлар билан камдан кам банд бўламиз.
Балки айнан шунинг учун орамиздан диний ишларга бепарво кўплаб одамлар чиққандир. Муқаддас Қуръонда шундай дейилади: “Сўнг, уларнинг ортидан намозни зое қиладиган ва шаҳватларга бериладиган кимсалар ўринбосар бўлдилар. Энди у (ўринбосарлар) албатта ёмонликка (яъни, ёмон жазога) йўлиқурлар.” (Марям сураси 59)
Нега биз мана шундай инсонлардан ўрнак олиш ва уларнинг умр йўлини ўзимизникига татбиқ этиш мақсадида, уларнинг ҳаётини ўрганмаймиз? Нега биз Аллоҳга худди Расулуллоҳ (с.а.в) юзланганларидек, юзланиб илтижо қилмаймиз?
Аслида саҳобаларнинг ҳаётини ўрганиш, уларнинг қилган амалларини тан олиш, уларга нисбатан муҳаббатда бўлиш, улардан ўрнак олишга ҳаракат қилиш — бу динимизнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Чунки улар Қуръон ва суннатни сақлашди ҳамда етказишди. Шу билан бирга Ислом таълимотини амалга оширишди. Улар бизга ҳақиқий мусулмон қандай бўлиши лозимлигини кўрсатишди ҳамда барча нарсани уддалаш мумкинлиги, гўзал динимиз доим барқарор эканлигини исботлашди.
Улар — бизнинг аждодларимиздир, биз эса — уларнинг авлоди ва издошларимиз ва бизнинг вазифамиз улар босиб ўтган йўлдан юриш, уларни яхши хотира билан ёдга олишдир. Биз уларнинг даврида туғилишимиз ва улар билан ёнма-ён яшашимиз, Пайғамбаримиз с.а.в ни кўришимиз, у кишининг ёнларида юришимиз ва саҳобалар қаторида бўлишимиз насиб этмади. Аллоҳ шуни хоҳлаган, у истаган барча ишлар остида эса, буюк донолик ётади. Аммо, Аллоҳга ҳамдлар бўлсинки, бу инсонларнинг меросхўрлари бор. Улар Аллоҳдан қўрқишади, адолатли ва солиҳ олимлардир. Улар Ислом дини учун қаттиқ меҳнат қилишади ва саҳобаларнинг ишини давом эттиришади. Улар томонидан амалга оширилаётган ва қаттиқ заҳмат чекиш эвазига етказилаётгн илм Аллоҳнинг хоҳиш-иродаси билан, албатта, ўз мевасини беради.
Аллоҳнинг ўзи уларнинг ажрини ошириб берсин ва ушбу буюк йўлга кирганлар қаторида қилсин. Қолаверса ўтмишдошларга муносиб издошлар қилсин. Эй Аллоҳ биз ҳаётий дунёда шундай умр кечирайликки, мусулмонлар биз билан фахрланишсин.
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…