Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 18, 2016 - 2961 Views

Жамоатдан сектага

Исломий жамоатлар мўътадиллик, бирлик ва биродарликка даъват қилар экан, бу умматнинг ранг-баранглигида акс этади. Бир-бирларига нафрат, душманликни тарғиб қилмас экан, буларнинг барида барака бўлади, Инша Аллоҳ. Бирлари тавҳидга, иккинчилари эса руҳий тарбияга, учинчилари биродарлик, тўртинчилари даъватга чақиради ва ҳоказо. Ҳаммаси ўз жойида: туз ҳам, шакар ҳам меъёрида. Буларнинг барчаси бир дарахтнинг шохлари каби бир-бирларини муносиб равишда тўлдириши мумкин эди. Ҳаммаси мусулмонларнинг иззатини тиклаш, умматни уйғотиш даъвосини қилиб чиққанлар.
Бироқ ҳар бир жамоат ўзини энг ҳақлиси, энг сўнгги ҳақ инстанцияси дея жар солади, уммат учун кураш ва жамоатларини янги тарафдорлар билан кўпайтириш эса уларнинг асосий вазифаси бўлиб қоляпти. Бу эса жамоатларни секталарга айлантириб қўймоқда. Исломнинг тавҳид, халифалик, жиҳод, тасаввуф, мазҳаб каби муҳим тушунчаларини бемаънигарчиликларга айлантирмоқдалар. Яъни, бу тушунчаларнинг том маъноларини ўзгартириб, ўзларининг тор тушунчалари билан алмаштирмоқдалар.
Тавҳид деганда қабрлар билан курашиш ёки бошқа мазҳабдагиларни яксон қилиш, халифалик эса қуролланган бир гуруҳ ўзига халифа сайлаб, бунга рози бўлмаганларни кофир деб эълон қилиш, сўнг уларнинг қони, моли ва жонларига даҳл қилиш ёки бўлмаса халифалик даврига қайтишни исломдаги энг асосий мақсад қилиб олиш учун тармоқли маркетинг услубида халқалар тузиб олишни тушунадиган бўлишди.
Тасаввуф деганда "авлиёлар" ҳамда улардан мадад сўраш учун кураш, босқинчилар билан бирга тил бириктириб, ўзига қарши гуруҳ ва фирқалар билан урушиш тушуниладиган бўлди.
Жиҳод эса партизанлар уруши, европа шаҳарларида, аксар ҳолатларида мусулмонларнинг кўчалари, бозорлари ҳамда масжидларида "жиҳод" ғояси учун ўзини ўзи портлатиш йўли билан хунрезликлар уюштириш тушунилади. Кимларгадир исломнинг асосий мақсади - бутун умр фақат ўзининг устозининг китобларини ўқиб чиқишдан иборат. Унинг ислом ҳақидаги тушунчаси устози, шайхининг нуқтаи назаридан четга чиқмайди. Бундайларнинг аксари итоат ва эътирофда ўз устозларини пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳам устун қўйиб юборишади. Маълум бир фиқҳий мазҳабга мансублик таассубга айланиб, фақат ўз мазҳаб китобларидан нарига чиқиш йўлларини тўсади.
Зикр қилинган истилоҳ ва тушунчалар исломда муҳим ҳисобланади. Ҳар бир гуруҳ ва фирқа ўзининг ҳақлиги ва айтаётганларининг тўғрилигини исботлаши учун Қуръон ва Суннатдан керакли далилларни топиб беради. Аксар ҳолатда булар контекстдан юлиб олинган оят ва ҳадис бўлиб, бошқа гуруҳ ва фирқаларнинг далил-ҳужжатлари заиф бўлиб қолаверади. Атрофда қолганлар эса диққат, эътиборга ҳам лойиқ эмас ёки уларни фақат танқид қилиш керак, улардан нафратланиш керак. Ёш мусулмонлардан: "Ҳа, уми, у фалон фирқадан, у адашган!", деган маънодаги гапларни эшитиш жуда осон бўлиб кетди. Бир зумда тақволи, саҳий ёки илмли бўлган бир биродар кўз ўнгимизда душманга айланиб кетадиган бўлди.
Буларнинг барчаси фақат ўзларинигина Ҳаққа чақираётган ва умматнинг манфаатларини ҳимоя қиладиган ягона гуруҳ эканини эътироф эта бошлашди. "Лайли ва Мажнун" каби машҳур араб дастонида айтилганидек бўлмоқда: "Ҳамма Лайло билан алоқаси борлигини айтади, бироқ Лайло буларни инкор қилмоқда". Кўп ҳолатларда уммат бундай гуруҳларнинг борлигидан бехабардир. Ахир, уммат намозга чиқадиган сенинг қўшнингдир, сантехник ёки ҳайдовчидир, ўқитувчи ёки тижоратчидир, яъни "Лаа илаҳа иллалоҳу Муҳаммадур расулуллоҳ", деб ўзини мусулмон санаётганлардир. Демак, улар ҳам ибодатдаги камчиликларига қарамай сен каби ҳақ-ҳуқуққа эга уммат аъзосидир. Мусулмонларга муносабатлар салбий бўлган ғайридинлар жамиятидан мусулмонлар мамлакатига келиб яшасак ҳам ўз атрофимизга ҳимоя чизиғини чизиб қўямиз. Жамият билан қоришиб кетмаймиз, атрофдагиларни бегона санаймиз.
Мазкур жамоатларнинг аъзолари осонгина жамоат манфаатлари учун узоқ муддатларга турмаларда ўтиришга тайёр бўладилар. Жуда кўп мустабид тузумлар ёки исламафобия билан касалланган ғарб давлатларида қайси гуруҳ ёки фирқага мансублигингнинг қизиғи ҳам йўқ. Улар сенининг ислом учун ҳаракат қилаётганингни билсалар бас, сен билан курашаверадилар. Жуда кўпчилик жамоатларининг мафкуралари учун ўзи ва атрофдагиларнинг ҳалокати эвазига ҳам дарҳол "жаннатга тушишга" тайёр бўлишади.
Хўп, бунинг нимаси ёмон? Қайси жойида ақл панд берди? Ахир Аллоҳ таоло: "Албатта, сизнинг бу умматингиз ягона умматдир. Мен эса Роббингизман. Бас, Менгагина тақво қилинг", демаганмиди? (Мўминун сураси, 52-оят). Нима учун биз буни ўз ҳаётимизда кўрмаймиз, балки бир-биримизга нафратимиз кучлидир? Ҳар сафаргидек, бунинг сабаблари кўп, энг асосийси, иймон ва илмимиз камлигидадир, албатта. Бироқ бошқа сабаблар ҳам йўқ эмас, яъни психологик ва инсоннинг моҳиятидан келиб чиқадиган ва улар билан курашиб, бартараф қилиш йўллари билан тушунтириладиган сабаблар. Масалан, битта ёки бир нечтагина шайх ёки устозлар ва ўзимиз танлаган уларнинг услубларинигина ушлаб олиш. Ушбу устоз ҳам одам, улар маъсум эмас, ҳар қанча олим бўлса ҳам. Унга кўра-кўрона эргашиб, Қуръон ва Суннат каби асосларни унутиб қўйган ҳолатларимиз ҳам бор. Буларнинг ҳаммасида холислик бўлмаган тушунча ётади, яъни биз қандайдир масалада ўзимиз мансуб бўлган гуруҳ, бир нуқтаи назарни ҳимоя қилаётганимизда. Шу ўринда неврология бўйича олимларнинг қизиқарли хулосасини келтириш мумкин: "Агар кимнингдир фикри бизникидан фарқ қиладиган бўлса, миямизга хавфли вазиятларда омон қолишимизни таъминлайдиган моддалар келиб тушади. Мазкур ҳимоя ҳолатида миянинг примитивроқ қисми рационал фикр юритиш жараёнига аралаша бошлайди ва оқибатда лимбик тизим фикрлашни жисман чеклаш йўли билан ишчи хотирамизни вақтинча ишламайдиган ҳолатга келтириб қўйиши мумкин. Бу ҳолатни қўрқитаётганида ёки кимдир тортишувда (баҳс) ўжарлик қилиб тураётган пайтда кузатиш мумкин. Ахборот нечоғлиқ қадр-қимматли бўлмасин, бундай аҳволда мия маълумотларни ўзлаштиришга қодир эмас. Нейрон даражада мия ўзгача фикр ёки ҳатто у зарарсиз бўлган тақдирда, уни таҳдид каби қабул қилади, ҳолбуки бошқача вазиятда биз унга эътироз билдирмаган бўлар эдик". Балки фақат "ўз олимларимиз" китоб ёки асарларидан бошқаларникини ҳам ўқиш масала ечимидир... Бу билан биз ўз дунёқарашимизни кенг қилиб, жуда кўп фойдали маълумотларни оламиз. Ва яна нега биз фақат мусулмонларнинггина асарларини ўқишимиз керак? Физика, тиббиёт, психология ва ҳоказо мавзулардаги асарларни нега бегона манбалардан ўрганиб кўрмаслигимиз керак? Ахир бир вақтлар ислом цивилизацияси юқори чўққиларни забт этмаганмиди, ўшанда ўрта асрларда Ғарб жоҳилият ботқоғига ғарқ бўлиб ётганди.
Аллоҳ таоло мўминлар ҳақида: "Улар гапни эшитиб, энг гўзалига эргашадиганлардир", деган (Зумар сураси, 18-оят).
Фақат бир гуруҳга мансублигимиздан ижтимоий конформизм келиб чиқади, яъни ўзини танқид қила билмаслик ва жорий бўлган фикр ва стандартларга кўр-кўрона эргашиш, оммавий онгнинг қотиб қолган фикрлари, анъана, авторитет, асос ва ҳоказоларга тақлидлардир. Яъни, биз фақат ўз гуруҳимиз белгилаб берган қоидалар билан ҳаракат қилиш ва яшашга маҳкум бўламиз. Бунга байъат бериш - гуруҳ ёки фирқага содиқ қолишга сўз бериш ҳам киради. Исломда байъат ислом умматининг ягона амирига берилиши керак. Ҳолбуки, бугун бундай амир йўқ. Байъат жуда кўпчиликни гуруҳлари билан боғлаб туради ва уларнинг ҳолатини исломдан аввалги давр шеъриятида келган ҳолат билан қиёс қилса бўлади. "Мен фақат бану Фалон одамиман, Агар бану Фалон тўғри йўлда бўлса мен ҳам тўғри йўлда бўламан. Агар қабилам тўғри йўлдан алашиб залолатга кетса мен ҳам албатта залолатда бўламан". Биз гуруҳимиз турса турамиз, ўтирса ўтирамиз.
Бундан доктринали тафаккур юзага келади, яъни далил-ҳужжат ва реал воқеликдан кўра тарғибот-ташвиқотга асосланган тафаккур. Унда воқеа-ҳодисаларга тўғри баҳо бериш янада чеклангандир. Чунки кўп ҳолатларда жамоатлар ҳақида худди мармонлар ёки ғалати либослари ва яшаш тарзи билан реал воқеликдан ажраб турган бошқа секталарга қиёс қилиб гапирса бўлади. Атрофдагиларга тажовуз қилмай турганида бундай гуруҳларга ташқаридан назар солинса, беозор бўлиб кўриниши мумкин.
Хулоса ўрнида айтаманки, ҳар қандай инсон хоҳлаган гуруҳига аъзо бўлиши ва эргашиши мумкинки, гар бу нарса Исломнинг асосий асосларига қарши бўлмаса, уммат бирлиги, тақво ва хайрли ишлардаги ўзаро ёрдамларига зарар қилмайдиган бўлса. Бирлашиш уммат уламолари иттифоқ қилган диннинг асосларида бўлиши мумкин. Биродарингга қўлингни узат, унга меҳр назари билан нигоҳ ташла.
«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Кимнинг исломи яхши?» деб сўради. «Таом улашганнинг ҳамда таниган ва танимаганга салом берганнинг», дедилар» (Имом Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Насоий ривояти).
Яна расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Биродарингиз юзига табассум қилишингиз сиз учун садақа" деганлар.
Тушуниб, кечириш учун баъзан бизга тарбия ва одоб етишмайди. Балки кибримиз бунга йўқ қўймайди.
Юқоридаги гаплар ҳаммаси ожизона фикрим бўлиб, улар тўғри ёки хато бўлиши мумкин.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…