Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 03, 2016 - 2258 Views

Мунофиқлик – ички маразлик

Мунофиқлик сурункали касаллик ва шахс, жамоат ва миллатнинг хавфли тарафга оғишидир.
Мунофиқ бузғунчи ҳаракатлари билан умматга зарар келтирганида мунофиқликнинг нақадар хавфли эканини билса бўлади. Мунофиқ умматни ичидан бузади, ўзи эса кўзга ташланмайди, уни билиб бўлмайди. У мўмин-мусулмон ҳисоблангани учун, исми, кўриниши ва гапиришлари билан бошқа мусулмонлардан фарқи бўлмагани боис, ундан ёмонлик кутилмайди. Мунофиқликнинг асл моҳиятига чуқур назар солсангиз, унинг ҳақни инкор қилувчи бадбахт эканига гувоҳ бўласиз.
Қуръони Каримнинг бир қанча оятларида (яъни уч юз қирққа яқин оятда) мунофиқлик ва мунофиқлар ҳақида – уларнинг сифатлари, хулқлари, шунингдек улар кофирларнинг ёмонларидан эканлигини, борар жойлари дўзахнинг хам тубидалигини баён қилиб ўтилган. Мусулмонларнинг улар билан балоланиши очиқ кофирлар билан балоланишидан оғирроқ бўлгани, зарарлари хам каттароқ бўлгани боис Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантириб айтадики: “...Улар душмандирлар. Бас, улардан эҳтиёт бўлинг!”. (“Мунофиқун” сураси, 4)
Ибн Касир роҳимаҳуллоҳ бу ҳақида шундай дейди: “Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло мунофиқларнинг ташқи ҳолатлари билан алданиб қолмасликлари учун мўмин бандаларини уларнинг сифатларидан огоҳ этган. Зеро улардан эҳтиёт бўлмаслик, уларни аслида кофир бўлгани холда “мўмин” деб эътиқод қилишдан кўнгилсиз ҳолатлар юзага келади. Фожир ва фосиқ кимсалар ҳақида яхши гумонда бўлишлик мумкин бўлмаган ишлар жумласидандир”.
Шубҳа йўқки, Аллоҳ таолонинг мунофиқлар сифатларини баён қилиб беришида улкан фойдалар бордир:
– Аллоҳ таоло мўминларни огоҳ этиб, мунофиқларнинг сифатлари ва аҳволлари ҳақида хабар берди.
– Мунофиқларнинг йўлидан юриш ҳамда уларнинг сифатлари билан сифатланишнинг ёмон оқибатидан огоҳлантирди.
– Мўминларни ростгўй бўлишга, қалбларини поклашга ва ҳамда Аллоҳга таваккул этишга ундади.
Мунофиқликнинг шаръий маъноси: “Қалбдаги нарсанинг тескарисини сўзлаш ёки қилиш”. Мунофиқ кимсанинг ичи билан ташқариси бир хил бўлмайди. Шунинг учун Аллоҳ таоло мўминларни сидқ – ростгўйлик билан сифатлаганидек, мунофиқларни кизб – ёлғончилик билан сифатлаган.

Мунофиқликнинг турлари

Уламолар мунофиқликни икки тури ҳақида айтганлар:
1. Эътиқодий мунофиқлик. Буни катта нифоқ ҳам дейишади.
Ҳофиз ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ мунофиқликни қуйдагича таърифлаган: “Инсон Аллоҳга, фаришталарига, китобларига, пайғамбарларига, охират кунига, қадарнинг яхшию ёмонлигига иймон келтиришни даъво қилади-да, қалбида уларнинг барчасини ёки баъзисини бузадиган нарсани яшириб юради... Бу пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам давридагилар ва улар ҳақида оятлар тушиб жаҳаннамнинг энг тубида бўлишлари айтилган”.
Аллоҳ таоло айтади: “Албатта, мунофиқлар дўзахнинг энг остки қаватидадирлар ва ҳаргиз уларга бир ёрдамчини топа олмассан” (“Моида” сураси, 145).
2. Амалдаги мунофиқлик ёки “кичик нифоқ”. Бундай одам ўзини мунофиқ каби тутади, масалан, алдайди ва намоз ўқишда дангасалик қилади, бироқ Аллоҳ таолога, пайғамбар соллаллоҳу алаҳи ва салламга ва охират кунига иймон келтирган бўлади. Булар ҳақида пайғамбаримиз ҳадисларида шундай дейилган: “Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мунофиқнинг аломати учтадир: гапирса ёлғон гапиради, ваъда берса, вафо қилмайди ва омонатга хиёнат қилади”, деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳудан қуйидагича ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи ва саллам: “Мунофиқлар учун энг оғир намоз хуфтон ва бомдод намозларидир. Агар ушбу икки намозда (қай даражадаги савобни) билишганида унга эмаклаб бўлса ҳам келишар эди...” деганлар.

Мунофиқнинг асосий сифатлари

Мунофиқларнинг сифатлари бор (улар ҳақида қисқача тўхталамиз, батафсил ёзиш учун алоҳида мақола қилиш керак).
1. Уларнинг тилидаги нарса қалбидагига мос эмас. Аллоҳ таоло айтади: “Ва Одамлардан, Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирдик, дейдиганлари бор. Ҳолбуки, улар мўмин эмаслар” (“Бақара” сураси, 8).
2. Улар мўминларни алдайдилар. Аллоҳ таоло айтади: “Улар Аллоҳни ва иймон келтирганларни алдамоқчи бўладилар. Ва ҳолбуки, сезмасдан ўзларини алдайдилар” (“Бақара” сураси, 9).
3. Сўз ва амалда фасодчидирлар. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Огоҳ бўлинг, улар, фақат улар фасодчилардир, лекин сезмайдилар” (“Бақара” сураси, 12).
4. Улар мўминларни истеҳзо қиладилар. Аллоҳ таоло айтади: “Улар иймон келтирганларни учратсалар, иймон келтирдик, дейдилар, шайтонлари билан холи қолганда эса, биз сизлар биланмиз, фақат истеҳзо қиляпмиз холос, дейдилар. Аллоҳ уларни истеҳзо қилади ва туғёнларида довдирашларига қўйиб беради” (“Бақара” сураси, 14-15).
5. Ўзларининг жиноятларини яшириш учун ёлғон қасам ичадилар. Аллоҳ таоло айтади: “Улар қасамларини қалқон қилиб олдилар ва (одамларни) Аллоҳнинг йўлидан бурдилар. Бас, албатта, уларнинг қилган ишлари ёмон бўлди!” (“Мунофиқун” сураси, 2).
6. Мунофиқлар кофирларнинг тарафини олади, мўминларга қарши уларни қўллаб-қувватлашади. Аллоҳ таоло айтади: “Мунофиқларга, албатта, уларга аламли азоб бўлишининг башоратини бер. Улар мўминларни қўйиб, кофирлрни дўст тутадиганлардир. Уларнинг олдидан иззат – куч-қудрат излайдиларми? Албатта, иззат – куч-қудратнинг барчаси Аллоҳнинг ҳузуридадир. Батаҳқиқ, сизларга китобда: “Аллоҳнинг оятларига куфр келтирилган ва уларни истеҳзо қилинган чоғда, бошқа гапга ўтмагунларича улар билан ўтирманглар”, деб туширди. Агар ўтирсангиз, сиз ҳам уларга ўхшашсиз. Албатта, Аллоҳ мунофиқ ва кофирларнинг барчасини жаҳаннамда жамловчидир” (“Нисо” сураси, 138-140).
“Нифоқ қилганларнинг аҳли китобдан бўлмиш куфр келтирган ўз биродарларига: “Агар сизлар чиқариб юборилсангиз, биз ҳам сизлар билан чиқамиз, сизни қўйиб ҳеч қачон ҳеч кимга итоат қилмасмиз ва мабодо сизларга уруш қилинса, албатта ёрдам берурмиз”, дейишларини кўрмайсанми? Албатта агар у(яҳудий)лар чиқариб юборилсалар, улар бирга чиқмаслар. Ва, албатта, агар у(яҳудий)ларга уруш қилинса, (мунофиқлар) уларга ёрдам бермаслар. Бордию ёрдам берганларида ҳам, ортларига қараб қочарлар ва улар ёрдамсиз қоларлар” (“Ҳашр” сураси, 11-12).
7. Мунофиқлар мўминларнинг ичига ғулғула соладилар ва умидсизликка тушишларига ҳаракат қилишади. Аллоҳ таоло айтади: “Ўшанда мунофиқлар ва қалбларида касаллик борлар: “Аллоҳ ва Унинг Расули бизга ёлғондан бошқани ваъда қилмаган экан”, дердилар. Ўшанда улардан бир тоифаси: “Эй Ясриб аҳли, бу ерда сизга туриш имкони йўқ. Бас, қайтинглар”, деди. Улардан бир гуруҳлари Набийдан изн сўраб: “Уйларимиз очиқ-сочиқ қолган”, дейдилар. Ҳолбуки, улар очиқ-сочиқ эмас. Улар қочишдан бошқани ирода қилмаслар. Агар уларнинг устига у (Мадина)нинг ҳар тарафидан бостириб кирилса, сўнгра улардан фитна талаб қилинса, албатта, уни қилурлар. Ҳеч кечикмаслар. Магар озгинагина. Ҳолбуки, улар бундан олдин ортга қараб қочмасликка Аллоҳга аҳд берган эдилар. Аллоҳга аҳд эса, масъулият бўлгандир. Сен: “Қочиш сизга ҳеч қандай фойда бермас. Демак, агар ўлимдан ёки қатл қилинишдан қочсангиз ҳам, жуда оз ҳузурланасиз, холос”, деб айт. Сен: “Агар сизга Аллоҳ ёмонликни ирода қилса ёки сизга раҳматни ирода қилса, сизларни ундан тўсадиган ким бор?!” деб айт. Улар ўзларига Аллоҳдан ўзга дўст ва ёрдам бергувчи топа олмаслар. Батаҳқиқ, Аллоҳ ичингиздаги (жиҳодга) тўсиқлик қилгувчиларни ҳам ва ўз биродарларига: “Биз томон келинг”, деювчиларни ҳам билур. Улар жангга келмаслар, илло, озгина келурлар” (“Аҳзоб” сураси, 12-18).
8. Улар мўминларга қарши жуда кўп фитналарда иштирок этишади. Тарих бўйича китобларда умматга қарши жуда кўп фитналарда иштирок этишган. Ҳозир ҳам шундай фитналар жуда кўп.
9. Аллоҳ ва унинг росули соллаллоҳу алайҳи ва салламни қўйиб тоғутдан ҳукм сўрайди. Аллоҳ таоло айтади: “Сенга нозил бўлган нарсага ва сендан олдин нозил бўлган нарсага иймон келтирганларини даъво қилаётганларни кўрмайсанми?! Тоғутдан ҳукм сўраб беришни истайдилар. Ҳолбуки, унга куфр келтиришга буюрилгандир. Шайтон эса, уларни йўлдан бутунлай адаштиришни истайди. Агар уларга: “Аллоҳ нозил қилган нарсага ва Пайғамбар ҳузурига келинглар”, дейилса, мунофиқлар сендан тамоман юз ўгирганларини кўрасан. Энди қилган нарсалари туфайли уларга мусибат етгандан сўнг сенга келиб, Аллоҳ ила қасам ичиб: “Биз фақат яхшилик ва тавфиқни хоҳлаган эдик”, дейишлари қандай бўлди? Ана ўшаларнинг қалбларидагини Аллоҳ билади. Бас, уларнинг қилганидан юз ўгир! Уларга ваъз қил! Ёлғиз ўзларига етказиб сўзла!” (“Нисо” сураси, 60-63).
Аввал ҳам айтилганидек, тоғут – Аллоҳнинг изнсиз бўлган ҳукмдир. Мунофиқлар ҳам Аллоҳнинг ҳукмини истамайдилар, шунинг учун ҳам тоғутдан ҳукм сўраб борадилар. Нима бўлса бўлсин, Аллоҳнинг ҳукми бўлмаса, бас. Ҳар қандай тоғутнинг ҳукмини истайверадилар. Бу ишни билмасдан, кўр-кўрона қилмайдилар, балки уларга баён келган. Мунофиқлар тоғутга куфр келтиришга буюрилганлар. Демак, улар билиб туриб қилмоқдалар. Шунинг учун ҳам уларнинг иймон ҳақидаги даъволари ботил. Улар, аслида, шайтоннинг йўлига кирганлар.
Аллоҳ таоло айтади: “Улар: “Аллоҳга ва Пайғамбарга иймон келтирдик ва итоат қилдик”, дерлар. Сўнгра улардан бир гуруҳи юз ўгириб кетурлар. Ана ўшалар мўмин эмаслар. Уларни қачонки Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига ораларида ҳукм чиқариш учун чорланса, баногоҳ улардан бир гуруҳи юз ўгиргувчилардир. Агар ҳақ улар(тарафда) бўлса, у (Пайғамбар)га бўйин эгиб келурлар. Уларнинг қалбларида мараз борми?! Ёки шубҳа қилдиларми?! Ёхуд Аллоҳ ва Унинг Пайғамбари уларга зулм қилишидан қўрқадиларми?! Йўқ! Уларнинг ўзлари золимлардир” (“Нур” сураси, 47-50).
10. Мунофиқлар мўминларни масхара қиладилар ва солиҳ ишлар қилмоқчи бўлганларнинг ниятларига шубҳа солишга ҳаракат қилишади.
Аллоҳ таоло айтади: “Мўминлардан кўнгилли бўлиб садақа қилувчиларни ва ўз кучлари етгандан бошқани топа олмайдиганларни айблайдиган ва масхара қиладиганларни Аллоҳ масхара қилади ва уларга аламли азоб бўладир” (“Тавба” сураси, 79).
Уларда ихлос деган нарса йўқ, уларнинг қалбларига Аллоҳ таолога ибодат қилишнинг асл маъноси кириб бормаган. Улар мўминларни ўзлари каби мунофиқлардан фарқ қилмайди, деб ўйлашади. Мўминларнинг тақводорлигини эса бу дунё манфаатлари учун холос, деб билишади.
Ва ниҳоят, юқорида санаб ўтилганлар мунофиқларнинг сифатларининг ҳаммаси эмас, бу рўйхатни янада давом эттиравериш мумкин.
Аллоҳ таоло мунофиқ бўлиб қолишдан Ўзи асрасин, умматни эса мунофиқлар келтираётган зарарлардан ҳимоя қилсин.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…