Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 30, 2016 - 2825 Views

Онлайн-муфтийлар, электрон фатволар...

Интернетнинг гуркираб ривожланиши беқиёс қулайликлар яратаётгани аён. Унинг имкониятлари тасаввурга сиғмас даражада кенгки, бутун дунё кафтингизда тургандек гўё... Масофда туриб (онлайн) берилаётган маслаҳатлар йўлингизни яқинн, мушкулингизни осон қилинишига катта сабаб эканига ортиқча таъкид шарт эмас. Бироқ йилт этган ҳар нарса тилло эмасдур, деган ҳикматдан келиб чиқиб айтсак, интернет тармоғи орқали берилган маслаҳат, йўл-йўриқларни мутлоқ тўғри дея қабул қилмоққа, кўр-кўрона эргашмоққа шошмаслик керак. Хоссатан, ўша маслаҳат, тавсия, йўл-йўриқлар диний масалада бўлса!..
Маълумки, интернетнинг исломий сегментида онлайн фатволар бериш хизмати пайдо бўлган. Бу хизматнинг мусулмонларнинг ғоятда қулайлигига шак-шубҳа йўқ бўлса-да, ушбу ҳолат мутахассисларнинг бир қатор саволларига сабаб бўлмоқда. Чунки, бу ҳол ахборот майдонининг шубҳали “муфтийлар” томонидан берилган шубҳали фатволар билан тўлиб кетиши эҳтимолини кўпайтиради. Исломга, умуман, фуқароларнинг диний эътиқодларига нисбатан хуружлар авж олган бугунги кунда бу ҳол икки карра хавотир уйғотади, кишида...
Интернет орқали фатво бериш (яъни электрон фатволар бериш) амалиёти диний илмларнинг, айниқса ақида ва Ислом ҳуқуқлари (фиқҳ) борасидаги илмларнинг обрўсизланиш муаммосини келтириб чиқарди. Гап шундаки, дуч келган одамлар ҳар хил ижтимоий тармолар, форумлар, чатлар, блоглар ва сайтларда фиқҳга оид илмларини синаб кўриш бўйича машқ қилиб кўра бошладилар. Баъзи олимлар фатволарни Интернет орқали бериш натижасида келиб чиқиши мумкин бўлган савол ва мулоҳазаларнинг ғоятда кўпайиб кетишидан ташвишланмоқдалар.
Гап шундаки, интернетда дуч келган киши ўзини олим деб таништириши мумкин. Бу эса малакасиз, асоссиз, ҳужжат-далилсиз ва мусулмонлар учун зарарли эканлиги очиқ-ойдин бўлган «фатво»лар билан тўлиб кетишига олиб келади. Бироқ, кўпчилик мутахассисларнинг таъкидлашича, чаламулла ва сохта олимларнинг Ислом илмлари ва муфтийлик унвонига тажовуз қилиши янгилик эмас. Бу электрон фатволар беришдан анчагина аввал пайдо бўлган.
Интернет эса турфа хил диний нуқтаи назарлар билан танишиш имкониятларини мисли кўрилмаган даражада кенгайтириб юборди. Ҳозирги кунда истаган киши истаган уламонинг фикри билан танишиши, ҳар қандай дин ёки маданият вакилларининг қарашларини ўрганиши мумкин. Бу ерда маълумотларнинг мазмуни эътиборда тутилмаяпти, чунки турли хил сохта олимларнинг фикрини интернетга чиқармай қўйишнинг имкони йўқ.
Нима учун мусулмон киши у ёки бу саволга жавоб топиш учун сайтларга мурожаат қилмоқда? Гап ана шунда. Керакли маълумотни топишнинг бошқа имконияти йўқлиги учунми? Балки бу киши ўзини ва ўзини қизиқтираётган саволни бошқаларга ошкор қилишни истамаётгандир? Ёки у одатий саволларга бошқача нуқтаи назар ва қарашларни излаётгандир? Кўриниб турибдики, бу ҳолатларнинг ҳар бири ўзига хос бўлиб, алоҳида ёндашувни тақозо этади.
Интернет орқали берилаётган электрон фатволар тирик имом ва тирик муфтийларнинг ўрнини боса олиши мумкинми, деган ўринли савол туғилиши ҳам мумкин. Бу савол айниқса малакали Ислом арбоблари кам бўлган, бироқ интернет хизматларига уланиш имконияти ғоятда кенг бўлган ғарб мамлакатлари учун жуда долзарбдир. Албатта, электрон фатволар баъзи имомларнинг ўрни, мавқеи, масъулият, мажбурият ва имкониятларига жиддий таъсир кўрсатади, бироқ бу имомларнинг ўз қавмлари ўртасида, «реал» дунёда тутган ўринлари ҳамон салмоқлилигича қолиб келмоқда.
Бу нарса гап қайси қавм ва айнан қайси имом ҳақида кетаётганлигига ҳам боғлиқдир. Бугунги кунда замонавий технологияларга оид масалаларда етарли даражада саводли ва билимли имомлар, олимлар ва Ислом арбоблари жуда кўп. Уларнинг кўпчилиги ўз сайтларига ҳам эга бўлиб, уларнинг баъзилари бу сайтларни ўзлари ишлаб чиқиб, саҳифалардаги материалларни ҳам ўзлари жойлаштирмоқдалар.
Баъзи ҳолларда Интернетнинг кенг оммалашиб кетиши илмли, ўз замонасининг имкониятларидан тўлиқ ва тўғри фойдалана олувчи имомлар олдида муаммолар келтириб чиқаришдан кўра кўпроқ уларнинг фаолиятини кескин жонлантириб юборади. Онлайн фатво беришга кимнинг ҳаққи бор деган саволга келсак, бу саволга жавоб бериш унчалик қийин эмас.
Муфтий онлайн ёки реал ҳаётда бўлишидан қатъи назар, Китоб ва Суннатни батафсил билиши, шариат масалаларини чуқур тушуниши, усули фиқҳ ва фиқҳ илмларини мукаммал эгаллаган бўлиши, Ислом уламолари иттифоқ ёки ихтилоф қилган асосий масалалардан яхши хабардор бўлиши шарт. Бундан ташқари, муфтий ўз даврининг энг долзарб муаммоларини, фан-техника тараққиёти, сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий аҳвол ҳақида етарлича маълумотга эга бўлиши керак.
Шунингдек, муфтий дунёда юз бераётган барча асосий ўзгаришлар ва тенденциялардан хабардор бўлиши, уларни тўғри талқин қила олиши ҳам зарур. Бу талаб муфтийга бугунги вазиятдан келиб чиққан ҳолда, юзага келган ҳолатни ва замонавий муаммоларни ҳисобга олган ҳолда фатво беришга имкон беради. Интернет-муфтий тўғри фатво чиқариш учун савол берувчининг, яъни фатво сўраётган кишининг турмуш тарзи, билим даражаси, дунёқараши, у яшаётган мамлакатнинг қонун-қоидалари, урф-одат ва анъаналарини ва бошқа шу каби хусусиятларини ҳам билиши керак бўлади.
Шундай қилиб, Интернет орқали фатво берадиган муфтий қуйидаги илмларни мукаммал эгаллаши шарт:

1. Китоб ва Суннат (Қуръони карим ҳамда ҳадиси шарифлар)
2. Фиқҳ илми
3. Ҳадис илми (Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари, амаллари, сийратлари ва тақрирларини билиш)
4. Шариатнинг мақсадлари ҳақидаги илмлар
5. Қиёсий диншунослик
6. Иқтисодиёт, сиёсатшунослик, социология, психология каби ижтимоий фанлар
7. Араб тили
8. Ижтимоий воқеъликни билиш ва уни чуқур тушуниш (илмул воқеъ)

Тегишли малакага эга бўлмай туриб фатво бераётганлар эса бу хатарли ишдан ўзларини тийишлари лозим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг етарли билимга эга бўлмай туриб фатво бериб юборувчиларнинг жаҳаннам азобига гирифтор бўлиши ҳақидаги ҳадиси шарифларини унутмайлик.

Ўзбекистон шароитида Интернетда кимдан фатво сўраш керак деган саволга жавоб ҳам топиш керак бўлади. Олдинлари шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари онлайн фатво бериш хизматини йўлга қўйган эди, роҳимаҳуллоҳ. Минглаб мўмин-мусулмонлар юртимизнинг етук диний олимига мурожаат қилиб, озми-кўпми диний саволларига онлайн тарзда жавоб олишар эди. Шайх ҳазратларининг ваофтидан сўнг, фатво берувчилар ҳам кўпайиб кетди. Имом-хатибларнинг шахсий саҳифаларидан тортиб, ҳориждаги талабалар тарафидан очилган жуда кўп сайтларда турли-туман фатволар ҳам кўпайиб бормоқда. Аксар ҳолатларда фатволар бир-бирига зид бўлиб, одддий мўмин мусулмонлар қайси бирига эргашишига қараб ҳам ихтилофлар кўпайиб кетди. Хўш, бундай ҳолатда нима қилиш керак, қайси йўлдан борсак тўғри бўлади деган савол долзарб бўлиб қолди. Менга кўра (Ўзбекистонда биринчи бўлиб онлайн савол-жавоб хизматини ишга туширган ва бу хизматни 10 йил давомида бошқарган шахс сифатида), Ўзбекистон мусулмонлари идораси тарафидан ташкил қилинган савол-жавоб саҳифасини кучайтириш керак (savollar.muslim.uz), чунки ушбу саҳифада ҳизмат қилаётганлар етук диний билимларга эга бўлиб, улар барча шарт-шароитларни ҳисобга олган ҳолда керакли фатволарни бера олишади. Ҳамда уларнинг расмий мақомга эга бўлишлари ҳам фатволарининг қадрини янада оширади. (Фақат, ишни тўғри ташкил қилиш учун бир-икки ишларни амалга оширишлари керак бўлади. Бироқ бу бошқа мавзу...)
Маслаҳатимиз ҳам - расмий мақомдаги фатво берувчиларга мурожаат қилинглар.
Зеро, ихтилофларимиз камайса ва бир сўз устида бирлашсак...

Солиҳ Иброҳим мақоласи асосида
Абу Муслим тайёрлади
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…