Джумла
Абу Муслим Written by  Feb 08, 2017 - 2129 Views

Уммат муаммолари

Мусулмонларни тафриқага тушириб, ҳамжиҳатликдан узоқлаштираётган сабаблардан бири – катта умид ва юксак ғоялар билан банд бўлмасликдадир. Ростиям шу:  юксак ахлоқий ғоя ва мақсадлар билан банд бўлинмас экан, одам майда-чуйда нарсаларга ўралашиб, ихтилоф ботқоғига ботаверади. Бу ҳол ўзаро жанжалга, ҳатто бир-бирларининг жонига қасд қилишгача олиб келинаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат.  Мусибат ва қийинчиликлар, умумий душманга қарши бир сафда туриш каби ҳолатлар одамларни жипслаштиради. Аҳмад Шавқий тўғри топиб айтган: «Мусибат етганларни мусибатлар бирлаштиради».
Ақийда ва фиқҳнинг асосий масалалари қолиб, салафлар иттифоқ қилмаган масалаларда баҳслашиб, ихтилофга бориш - хоинликдир. Уммат бошига тушган, балки ўзимиз ҳам сабаб бўлган фожиалар, кўргиликлар, муаммолар ва фалокатларни унутадиган бўлсак, замонамиз мусулмонларини яраштириш, иттифоққа келтиришга ҳатто  умид қолмайди.
Бу айнан Ибн Умар разиялоҳу анғумо дуч келган – чуқур кетиш ва инжиқликни танқид қилишига сабаб бўлган ҳодисага ўхшайди. Ўшанда бир ироқлик киши биров эҳромли ҳолда ўлдирган чивиннинг хуни ҳақида сўраган эди. Ибн Умар разияллоҳу анҳу унга ишора қилиб: «Манави одамни қаранглар, мендан чивиннинг хуни ҳақида сўраётир! Ваҳоланки, булар Набий саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг фарзанларидан бирини ўлдиришган...»[1] деб айтган эди.
Бир неча  таъвил ва бир неча қарашлардан иборат бўлган баъзи шозз – нодир масалаларни ковлаб, баҳс оловига баттар мой қуйиб,   бир-бирларига тошдан ҳам оғир гапларни  айтиш - хоинликдан бошқа нарса эмас.
Аслида, ижтиҳод масалалари динимизнинг нақадар кенг қамровли ва мослашувчан эканига бир далилдир. Ҳадисга кўра, тўғри ижтиҳод қилган кишига икки савоб, нотўғри ижтиҳод қилганга эса бир савоб тегади. Шунинг учун ҳам мусулмон мутафаккирлари  умматнинг муҳим муаммолари билан шуғулланишга, уларнинг эътиборларини шу масалалар атрофига жамлаш зарурлигига қаратишгани уқтирганлар. Ҳар бир инсон мавжуд муаммоларни бартарф этишга ҳисса қўшиш учун интилиши керак.
Диний, мафкуравий, миллий, тил ва сиёсий ихтилофларга қарамасдан дунё барча соҳалар бўйича бирлашишга ҳаракат қилмоқда. Насроний динининг оқимлари бир-бирларидан анча узоқ бўлганига қарамай (ҳатто уларни бошқа-бошқа дин дейиш даражасида бўлса ҳам) ўзаро ҳамкорликларни йўлга қўяётганини кўряпмиз. Улар бир‑бирларига қанчалик мухолиф бўлмасин, умумманфаат устида бирлаша олмоқдалар.
Насроний ва яҳудийлар асрлар оша давом этиб келаётган тарихий адоватларини бир четга суриб, барча соҳаларда ҳамкорликка ўтганини ҳам кўриб турибмиз. Ҳатто Ватикан ҳам Исо Масиҳни “қатл” қилишда яҳудийлар айбдор эмас, деган қарор ҳам чиқарди.
Яқин ўтмишдаги мафкура даражасида бир‑бирига қарама-қарши бўлган иккита йирик давлат – собиқ Совет иттифоқи ва АҚШнинг “тинчлик асосида яшаш” деган шиор билан ўзаро яқинлашгани ҳаммамизга маълум. Бориб‑бориб, бу  “Розилик сиёсати”га айланди.
Бошқа бир тарафдан Америка Хитой билан яқинлашиб бормоқда...
Бир вақтлар миллатлараро, ҳудудий, сиёсий ва ғоявий зиддият ва урушлар билан тўлиб тошган Европа давлатлари ҳозирги кунда шу қадар интеграциялашганки, улар ўртасидаги чегаралар  олиб танланди. Энг ажабланарлиси шуки, Шарқий Европани Ғарбий Европадан ажратиб турадиган темир парда ҳам кундан кунга юпқалашиб, охир-оқибат йиртиб ташланди.
Таниқли сиёсий шарҳловчи Аҳмад Баҳоуддин мазкур ҳолатларга изоҳ берар экан, жумладан, қуйдагиларни айтади: «Де Голль ўз интервьюларида «Европа Атлантикадан Уралга қадар чўзилиб кетган», деганда унинг гаплари киноя сифатида қабул қилиниб, қораланган. Чунки Урал – Россия ва Сибир ўртасида жойлашган тоғли худуд, демак, у ўзига Шарқ ва Ғарбни ўз ичига олган ва Россиядан Франция, у ёғи  Испанияга қадар чўзилиб кетган Ягона Европа ҳақида гапирмоқда. Бу гапни муаллиф совуқ уруш, Европанинг Шарқий ва Ғарбий томонларга бўлинаётган, Берлин девори қурилаётган ва қуролланиш пойгаси авжига чиққан бир пайтда айтган эди. Мухолифатлари  унинг бу гапни  Американинг жиғига тегиш учун айтилган, деб ўйлайди. Зеро, унинг фикридан Шимолий Атлантика Иттифоқидан ва Ғарбий оламни ташкиллаштиришдан қатъий назар, Россия Америкага нисбатан Европага анчайин яқин деган маънони уқиб олиш қийин эмас эди.
Де Голль  дунё мафкураларга эмас, балки халқларга бўлинишини яхши тушунган. Тарих учун жуғрофия барча сиёсий режимлардан муҳим . Фаранг, олмон ёки руслар турли хил сиёсий режимларга эргашиши мумкин  -  у монархия бўладими ё республикачиликми, капиталистикми ё коммунистикми – барибир ўртада миллий мансублик туради. Франция фарангларники, Олмония олмонларники ва, шу мантиққа кўра, Россия аввалига Чор сўнг Коммунистик тузум остида бўлса ҳам русларники, яъни европаники бўлиб қолаверади. “Варшава шартномаси” ва “Шимолий Атлантика иттифоқи” деб атаганлари билан жуғрофий воқелик барибир кучли бўлиб чиқаверади. Шубҳасиз, Де Голль ўз сиёсати билан Европада АҚШнинг устунлигини заифлаштирмоқчи бўлган. Чунки у коммунистларнинг қуёши ботиб бораётанини кўра билган. Булар эса оддий сиёсат эмас, балки сиёсий қарашлар эди.
Де Голль тамаддунларнинг алмашиши фалсафа тарихини тадқиқот қилган ва бошқалардан кўра узоқни кўра билган мутафаккирдир. Шарқий Европада (айниқса Олмонияда) бўлиб ўтган ҳодисалар билан таниш бўлган одам ҳеч қандай жаҳон урушлари, атом бомбаларисиз Де Голль башоратлари тўғри чиққанидан ҳайратда қолади. Янада ажаблантирадиган нарса шуки, тарих фалсафасини тушунишда Де Голльга (генерал Де Голль, Иккинчи Жаҳон уруши қаҳрамони, Франция президенти) мутлақо тескари бўлган Горбачев (Горбачев – миллатчиликка зид бўлган байналмилалчилик вакили, энг асосийси – ишчи ва бошқа синфларнинг бирлиги дея ҳисоблаб келган) “катта Европа уйи” иборасини қўллаб келган. Бутун дунё ва энг аввало Европа (айниқса Олмония) унинг бу гапларидан ҳайратландан  қотар эди. Ҳеч ким тарих Де Голльнинг ушбу мантиқий хулосасини ажабтовур тез ва бу қадар ўта жўн ҳолатда ўзлаштиришини ва талаб қилажагини тасаввур эта олмаган ҳам эди». [Ал-Аҳрам, 13/11/1989].
Диалектик материализм вакили ҳисобланган Горбачевнинг католик черкови вакили Рим папаси билан Ватиканда учрашгани янада ажабланарли ҳолдир. Бундай ҳодиса Россияда коммунистлар тарафидан содир этилган 1917 йилги давлат тўнтаришидан сўнг ҳеч кузатилмаган эди. Мусулмонлар очарчиликдан қирилаётган, жоҳилликдан халок бўлаётган, наркотиклар қулига айланаётган, худосизлик, залолатга тортилаётан бир даврда мусулмонлар муаммолари билан қ қизиқмаслик ҳамда уларни ечишга ҳаракат қилмаслик мумкинми? Ким мусулмонларнинг муаммолари учун ғам чекмаса, улар биздан эмасдир. Ислом уммати ўзи истеъмол қиладиган озиқ-овқатларни ишлаб чиқармайди, ўзини ва ўзининг муқаддас нарсаларини ҳимоя қилиш учун қурол-яроғ ҳам ишлаб чиқармайди. Мусулмонларнинг салмоғини ошириб, уларни муҳтарам қилиши мумкин бўлган ускуна ва техникаларни ишлаб чиқаришга ҳам бепарводирлар. Бутун Ислом олами “учинчи дунё” таркибига киради, агар “тўртинчи” дунё мавжуд бўлганида, унинг таркибини ҳам тўлдириб ташлаган бўлармиди?!
Кўпинча умматнинг қолоқ бўлиши сабаби қилиб Исломни кўрсатишади, муқаддас динимизни айблашади. Агар ҳозирги мусулмонлар Исломга тўлиқ амал қилганларида эди, улар дунё халқларига устоз бўлиб, инсониятга пешво бўлишига шубҳа қолмаган бўлар эди.
Ўзимнинг “Исломнинг қайта уйғониши ҳамда араб ва Ислом олами ташвишлари” номли тадқиқотимда таъкидлаб ўтганимдек, қайта уйғониш – бу буюк олам ташвишлари ва муаммоларининг йўқолиши дегани эмас. Уни амалга ошириш учун бутун қалби ва ақли билан шу муаммоларни ҳал этиш, уларнинг сабаб ва оқибатларини чуқур ўйлаш керак.
Мен “Ислом васатияси”ни, яъни мўътадил, соф Исломни таклиф этаман, уни Исломнинг универсал калити деб биламан. Зеро, у консерватизм ва реформизмни бирлаштириб, догматик ва ўзгарувчан категория ва тушунчалар ўртасида мувозанат ҳосил қилиб, ўтмишдаги қарашаларни ва келажакдаги режаларни тарозуга солади. Буларнинг ичидан еттита асосий нарсани алоҳида баён қилганман:
1) Илмий, технологик ва маданий қолоқлик муаммоси;
2) Ижтимоий ва иқтисодий зулм муаммоси;
3)  Сиёсий авторитаризм ва мустабидлик муаммоси;
4) Европалашиш, мафкуравий ва маданий босқинлик муаммоси;
5) Сионистик тажовуз ва оккупация муаммолари;
6) Араб ва Исломдаги парчаланиш ва алоқаларнинг узилиш муаммоси;
7) Ахлоқларнинг бузилиши ва айниши муаммоси.
Агар истак бўлса, бу рўйхатга яна бошқа кўплаб муаммоларни қўшиш мумкин: фуқаролар уруши, минтақавий муаммолар, ҳалокатли очарчилик, христиан миссионерларининг ёвуз ҳужумлари ва ҳоказолар.
Бир пайтлар Кувайтдаги халқаро Исломий хайрия ассамблеяси ишида иштирок этдим. Мажлисларнинг сўнгида иштирокчиларнинг бири Афғонистондаги уруш муаммолари ва унинг атрофидаги иғволар ҳақида гап очди.
Сўнг бошқа бир иштирокчи масжидлар инқилоби, интифада, муқаддас замин қаҳрамонлари ва улар дуч келган қийинчиликлар, уларга душманларнинг солган азоблари ҳамда араб ва мусулмонларнинг кучсизлиги, заифлиги ҳақида гапирди.
Учинчиси эса Ливандаги фожеалар, ҳокимият  учун кураш, хорижликларнинг иғво-ю фитналари, хунрезликлар ва вайронагарчиликлар ҳақида гапирди.
Тўртинчиси эса Покистон ва замонавий аёл тимсолидаги, Ғарб ва Шарқнинг  ҳамда насроний ва мушрикларнинг қўллаб-қувватлаши билан унга илмонийларнинг қилаётан зарбаси ҳақида сўзлади.
 Бешинчиси эса иккита мусулмон давлат – Мавритания ва Сенегал ўртасида аланга олган ҳамда араблар билан қора ирқ вакиллари ўртасида адоват уруғини сочган уруш ҳақида гапирди.
Олтинчи маърузачи Судан жанубидаги Жон Жорд фитнаси, яъни шариатга ҳамла қилгани, Ислом ва араблар бу ерларда бегона унсур эканини тарғиб этгани ҳақида зикр қилди.
Саккизинчиси эса Сомалидаги бахтиқаро мусулмонлар ҳақида, Эритрейдаги насроний-марксчиларнинг фитнаси хусусида сўзлади.
Тўққизинчиси эса Филиппиндаги мусулмонларнинг кураши ҳақида гапирди.
Ўнинчиси Болгария ва Бирмадаги мусулмонлар бошига тушган азоблар ҳақида гап очди...
Гап фақат дунё бўйлаб сочилиб кетган мусулмон озчиликлари ҳақида кетаётгани йўқ: мусулмонлар кўп яшайдиган жойларда ҳам мусулмонларнинг уйлари узра хавф‑хатар булути турибди.
Осиёдаги энг йирик мусулмонлар мамлакати Индонезияга насронийлаштириш хавфи соя солиб турибди, Африкада эса Нигерия насронийлаштирилмоқда.
Ўз динининг жонкуяри бўлган ва бутун уммат дарди билан қизиқаётган мусулмон, агар инсофдан маҳрум этилмаган бўлса, бу улкан муаммоларни қандай инкор қила олиши мумкин? Ўзини ўзи улардан яккалатиб қўйиши ва айни вақтда, муҳим, зарурий масалалар сирасига кирмайдиган илмий ёки кундалик ҳаётнинг икир-чикирлари орқасидан мубоҳаса қилиши, қичқириши, нафратини сочиши ва ушбу арзимас нарсаларни деб, уйғун бирликни парчалаб юбораётгани, унутилган нифоқни қайта қўзғатаётгани, аллақачон босилган зиддиятларга боз фаол тус бераётганига эътибор қаратмаслиги мумкинми?
Ер куррасининг барча бурчакларида кузатилаётган ҳамда бутун дунё интеграцияси натижасида дунё майда-чуйда ихтилофларни унутишга ҳаракат қилаётган бир вақтда-я?!
Шунинг учун ҳам  тақдирларни ҳал қилувчи қарорлардан чалғитиб, биз одамларни иккинчи даражали масалалар билан овора бўлиб қолишга тарғиб қилмаслигимиз керак. Бир вақтлар мусулмонларнинг фикрларини банд қилган эски (шозз) мавзулар устида тадқиқотлар қилишга ҳозир ҳожат йўқ.  Бундай масалалардан бугунимиз учун деярли ҳеч қандай фойда ва керакли самара олиб бўлмайди. Масалан, баъзи бир вақтларда Ислом тафаккурида “Қуръон махлуқми” деган мавзу асосий мавзулардан бўлган эди. Шу масала юзасидан муътазалийлар билан бошқалар орасида катта даҳанаки баҳслар олов бўлиб ёнар эди. Ўшанда файласуф мўътазалийлар Аббосийлар салтанати ва унинг иттифоқчиларини баҳсларга муккасидан кетишга мажбур қила олган эди. Улар мусулмонларни, уларнинг олимлари, улуғ  мужтаҳид имом Аҳмад ибн Ҳанбал бош имомлар билан тортишувларни қўзғашга муваффақ бўлишди: ўт ва қиличлар, қамоқхона ва қийноқлар билан рақибларини ўз ақийдаларидан кечишга ва ўзлари тарғиб қилаётган қарашларни (таълимотларни) қабул қилишга мажбур қилдилар. Бу – даҳшатли  фитна ва оғир фалокат эди. Ўзларини  «Эркин фикр жарчиларимиз» деб атайдиганлар бу нарсаларнинг юкини ўзларида тотиб кўришди.
Ҳар ҳолда, бу фитна маълум шароитларга боғлиқ бўлиб, уни оқлаш учун ўзининг баҳоналари ҳам бор эди. Бироқ бугун қай тарзда бўлса ҳам уларни қайта қўзғаш учун ҳеч қандай баҳона, сабаб йўқ. Шунинг учун ҳам зайдийлар, ибодийлар ёки қандайдир бошқа фирқалар ҳақида гапирганларида уларнинг «Қуръон махлуқ», деб ишонишларини эшитиб ҳайрон бўламан. Бу масалани кўтариш ҳеч қанақасига мумкин эмас.
Ҳозирда биздаги муаммо Қуръонни Аллоҳ томонидан нозил бўлганини тасдиқловчилар ўртасидаги муаммо эмас, балки унинг Аллоҳдан эмас, балки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдан деб, шу билан бирга Улуғ китобнинг илоҳийлигини ва унинг ҳаётий дастур эканини ҳамда давлат ва жамият асоси эканини инкор қилувчилардир.

 

Юсуф Қаразовий мақоласи асосида

Абу Муслим тайёрлади

 

 

[1] Ибн Абу Нуъм ривоят қиладилар: «Мен бир кишининг Ибн Умардан чивиннинг хуни ҳақида сўраганининг гувоҳи бўлдим. Ибн Умар ундан: «Қаерликсан?» деб сўрадилар. У: «Ироқликман», деди. Ибн Умар: «Манави одамни қаранглар, мендан чивиннинг хуни ҳақида сўраётир! Ваҳоланки, Набий саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўғилларидан бирини ўлдиришганда, ул зотнинг «Улар иккиси бу дунёдан (жаннатга риҳлат этган) икки даста райҳонларим эрди!» деганларини эшитганмен», деб айтдилар» («Улар иккиси» — деганларида вафот этган икки ўғилларини назарда тутяптилар). (Бухорий. Ал-жомиъ ас-саҳиҳ)

Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…