Джумла
Абу Муслим Written by  Apr 23, 2017 - 1525 Views

Мулоқотдаги қўполлик – уммат заифлашувига сабаб бўлувчи омил сифатида

Ҳозирги кунда мусулмон жамиятида мавжуд одоб – аҳлоқ қоидаларига амал қилишга доир салбий мойиллик қайд этилмоқда. Бу ерда энг асосий муаммоли масала бўлиб, ўзаро қўполликкача бориб етадиган бир бирига хурматсизлик билан муомала қилиш намоён бўлади. Сўз, энг аввало, ўзини “эътиқодлироқ, тақводорроқ” деб билган биродарларимизнинг бошқа мусулмонларга нисбатан илтифотсиз, аниқроқ айтганда менсимасдан (юқоридан туриб) муомала қилиши ҳақида боради.
Афсуски, ўзаро муносабатларнинг бундай кўриниши баъзи Ислом тарафдорларининг иззатталаблиги, ўзининг бенуқсон эканлигига ишониши оқибатида вужудга келади. Бунда улар Яратганнинг қуйидаги сўзларини унутиб қуйишади: “Ўша охират диёрини Биз ер юзида такаббурлик ва бузғунчиликни истамайдиганлар учун қилурмиз. Оқибат тақводорларникидир” (Қасас сураси, 83). Бундан ташқари, Қуръони каримда: “Энди ер юзида ноҳақдан мутакаббирлик қилаётганларни, барча оятларни кўрсалар ҳам, уларга иймон келтирмаётганларни, тўғрилик йўлини кўрсалар ҳам, уни ўзларига йўл тутмаётганларни, агар адашув йўлини кўрсалар, уни ўзларига йўл тутаётганларни Ўз оятларимдан бураман. Бундай бўлиши уларнинг оятларимизни ёлғонга чиқаришлари ва улардан ғофил бўлишлари сабабидандир”, дейилган (Аъроф сураси, 146).
Хақиқатда, биродарларига илтифотсиз муносабатда бўлаётган мусулмонлар, ўз хатти – ҳаракатларини кейингиларнинг хатоси деб тушунтиришга уринишларини инкор этиб бўлмайди. “Роҳманнинг бандалари ер юзида тавозуъ ила юрадиган ва жоҳиллар хитоб қилганида, «салом», дейдиганлардир” (Фурқон сураси, 63). Ушбу оят тафсирида Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ: “Роҳманнинг суюкли бандаси бўлиш шарафига эришган инсон ер юзида камтарлик, содда ва мулойимлик билан юради. Унда такаббурлик, манманлик, ваҳшату даҳшат, турли сохта кўринишлардан асар ҳам бўлмайди. Шу билан бирга, бўшанглик, иродасизлик, беҳуда қисилиб-қимтиниш, ўзини пастга уришлик ҳам бўлмайди.”, деганлар.
“Одамлардан такаббурла юз ўгирма ва ер юзида кибр-ҳаво ила юрма. Албатта, Аллоҳ ҳеч бир мутакаббир ва мақтанчоқни севмас. Юришингда мўътадил бўл ва овозингни пасайтир. Чунки овозларнинг энг ёмони эшакнинг овозидир (Луқмон сураси, 18-19).
Яъни қўполлик ҳам, бехурмат муносабатда бўлиш ёки биродарлар ўртасидаги бундай мулоқат шакли ҳам мукофотга нолойиқ ҳолат эканлиги янгилик эмас, балки улар Аллоҳ таолонинг буйруғига зиддир. Бу ҳақда қуйидаги чиройли хадиснинг мавжудлиги оддий бир тасодиф эмас: Мусулмонларни доима бир-бирини яхши кўришга, бир-бирининг ҳақларини ҳурмат қилишга даъват қилган Ҳазрати Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам, бундай даъватга эргашмай, мусулмонларга азият берган, қул (банда) ҳақига риоят этмаган кишиларни “муфлис“ деб атайдилар. Абу Ҳурайра ривоят қилган бир ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бир гуруҳ асҳобига: “Муфлис ким, биласиларми?“ деб сўрайдилар. Улар эса, “Бизнинг билишимизча пули ва молу мулки бўлмаган киши муфлисдир“, деб жавоб қиладилар. Ана ўшанда Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Мениинг умматимнинг муфлиси шундай бир кишики, у Қиёмат кунида намоз, рўза ва закот савобларини тўла қозонади. Аммо у, бу дунёда кимларнидир сўккан, кимларгадир туҳмат қилган, кимнингдир молини еган, кимнингдир қонини оқизган ва кимдир урган бўлади. Шунинг учун унинг ҳасанотидан, зикридан ўша ҳақи борларга олиб берилади. Агар унинг устидаги ҳақлар тўлаб бўлинмасдан ҳасанотлари тугаб қолса, энди унинг устига ҳақи борларнинг гуноҳлари юкланади. Оқибатда бу киши жаҳаннамга ташланади“.
Юқорида кўрсатилганлар билан биргаликда, шундай нозик жиҳат яққол сезиладики, биродарларига менсимай муносабатда бўладиганлар, юмшоқ қилиб айтганда, ҳақ йўлида ўзлари ҳам хато ва машаққатлардан ҳоли эмаслар. Машҳур ислом олими, фақиҳ имоми Ғаззолий XI-XII асрлардаёқ “қалбнинг сифати ва хусусиятлари” ҳақидаги илмни энг муҳим илмлардан бири эканлигини ёзар экан, инсон кибр ва худбинлик ҳам жой олган “танбеҳ бериладиган хислатлардан холи эмас”лигини таъкидлаган. Шу муносабат билан у “ўзини ўнгламай туриб, бошқаларнинг фазилатларини оширишга” доир машғулотлардан четлаб туриш кераклигини таъкидлаган. Маълумот учун: бу фикр Инжилдагига ўхшаш:  “Ўз кўзингизда хода бўла туриб, қандай қилиб биродарингизга: “Кел, кўзингдаги зирапчани олиб ташлайлик”, — деб айтасиз?” (Матто, 7;5).
Бундан ташқари, муҳокама қилинаётган соҳада яна бир нозик жиҳат намоён бўлади. Этиқод қилувчилар ўртасидаги муносабат, ўзаро хурмат асосига қурилмас экан, уммат орасида шахсий низолар вужудга келишига сабаб бўлади, бу эса мусулмон жамиятининг таназзулга учрашига қараб қўйилган биринчи қадамдир.
Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммд Юсуф роҳимаҳуллоҳ “Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар...” ояти каримаси тафсирида: “Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан. Мулойим, ширин сўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Чунки, одамлар бир оғиз бўлса ҳам, яхши сўзнинг гадоси. Киши яхши сўз эшитган жойга, мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Ўша ерда, ўша шахс атрофида тўпланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг сифатлари бу жиҳатдан энг олий эди. У зоти бобаракотнинг энг жозибадорлик кучлари ҳам шунда эди. Агар у киши қўпол ва қалби қаттиқ бўлганларида, атрофларида ҳеч ким қолмай, тарқаб кетар эди”
Бу йўналишда америкалик машҳур педагог, руҳшунос, ёзувчи, низосиз ва муваффақиятли муносабат концепциясининг муаллифи Дейл Карнегининг мулоҳазаларига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқдир. Шундай қилиб, “инсонлар билан ўзини тута олиш”ни у нафақат ишбилармон инсоннинг, балки барча мутахассислик вакилларининг, хоҳ у архитектор бўлсин, хоҳ у уй бекаси бўлсин, муҳим муаммоси деб атайди. Олимнинг қайд қилишича, ҳаттоки муҳандислик ишида ҳам, ходим молиявий ютуғининг атиги 15 фоизига яқинини “техник билимлари натижасига киритиш мумкин”, 85 фоиз улуши эса унинг “инсон мухандислиги” санъатига, яъни характерининг шахсий қобилиятлари ва инсонларни бошқара олиш маҳоратига боғлиқдир.
Умуман олганда, ҳар биримиз, Аллоҳ таолонинг бир-биримизга яхшилик билан мулоқотда бўлишга доир кўрсатмаларини ўзимиздан ўтказиб кўрганмиз. Фақатгина ҳаётда “Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида энг ҳурматлигингиз энг тақводорингиздир” (Ҳужурот сураси, 13) эканлигини унутмаган ҳолда, бошқа қоидалар сингари уларга амал қилишга ҳаракат қилиш қолди, холос.
 
 
 
 
 

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…