Джумла
islamonline.uz Written by  Sep 19, 2017 - 732 Views

Имомлардан маломатларни кўтариш

Ҳамду санолар Аллоҳгадир! У Зотни мақтаймиз, У Зотдан мадад ва мағфират сўраймиз. Нафсимиз ва амалимизнинг ёмонликларидан Аллоҳдан паноҳ тилаймиз. Кимни Аллоҳ ҳидоят қилса, уни залолатга кетказувчи йўқ, У Зот кимни залолатга кетказса, уни ҳидоят қилувчи йўқ.
Гувоҳлик бераманки, ёлғиз ва шериксиз Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ.
Гувоҳлик бераманки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Унинг бандаси ва расулидир.

Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким катталаримизни улуғламаса, кичикларимизга раҳм қилмаса, олимимизнинг ҳаққини билмаса, менинг умматимдан эмас», дедилар».
Имом Аҳмад ривоят қилганлар.

Қуръони Карим тарғиб қилганидек, Аллоҳ таолони ва У Зотнинг Расулини севишдан сўнг барча мўминларни, хусусан, уламоларни севиш мусулмонларга вожибдир. Улар пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлиб, қуруқлик ва денгизларда тўғри йўл топиладиган юлдузлар кабидирлар... Мусулмонлар уламоларнинг ҳақ йўлдалигига ва шариатни тўғри англаб етганлигига ижмоъ қилишган.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан аввалги барча умматларнинг уламолари ўша умматларнинг энг ёмони бўлган, фақат Ислом  уммати бундан мустаснодир. Негаки, мусулмон уламолари бу умматнинг энг яхши кишилари бўлиб, улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўринбосарлари, у зотнинг суннатларини тирилтирувчилардир. Китоб улар ила қоим бўлди, улар Китоб ила қоим бўлдилар (яъни Қуръони Каримнинг қандай Китоб эканлиги уламоларнинг унга амал қилишлари орқали англашилди).
Билингки, Ислом уммати тан олган олимларнинг ҳеч бири Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бирорта суннатларига қасддан хилоф қилмайдилар. Уларнинг барчалари пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига эргашиш вожиб эканига шак-шубҳасиз иттифоқ қилишган ҳамда «Ҳар қандай одамнинг сўзи олиниши ҳам, тарк қилиниши ҳам мумкин, лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан мустаснолар», дейишган.
Агар имомлар бирорта саҳиҳ ҳадисга хилоф сўз айтишса, билингки, ўша ҳадисни тарк этишда уларнинг оқловчи узри бор.

Бундай узрлар уч қисмга бўлинади:

1. Имом бу ҳадисни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаганлар деб билади.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда имом назарда тутган масалани ирода қилмаганлар деб ҳисобланади.
3. Имом ушбу ҳадисдаги ҳукм насх қилинган, яъни мансух бўлган деб билади.

Ушбу уч узрнинг ҳар бирига ҳам ўз ўрнида бир неча сабаблар бор:

Биринчи сабаб – шу ҳадиснинг имомга етиб келмаганлиги. Имом ўзига етиб келмаган (яъни ўқимаган, эшитмаган) ҳадис далолат қилган нарсани билишга мажбур эмас. Масалан, имомга бир масала ҳақида савол берилди, аммо бу масала юзасидан ворид бўлган ҳадис бу имомга етиб келмаган. Бундай вазиятларда у бирон оятнинг зоҳири ёки бошқа бирон ҳадис асосида, ёки қиёс ёхуд истисҳоб йўли билан ҳукм қилади. Натижада унинг ушбу ҳукми шу ҳақда ворид бўлган, аммо имомга етиб келмаган ҳадисга баъзан мувофиқ келиши, баъзида эса мухолиф ҳам келиши мумкин. Салафи солиҳларнинг ҳадисларга мухолиф деб топилган аксарият фикрлари мана шу сабабга бориб тақалади. Ҳақиқатан ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини ёддан билиш ҳеч бир олимнинг қўлидан келмайди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадис айтганларини, фатво берганларини, қандайдир ҳукм чиқарганларини ёки амалда бирон иш қилганларини фақат у зотнинг ҳузурларида бўлганлар эшитар ёки кўрар эдилар. Кўрган ва эшитганлар ҳам бу ҳақда ўзлари хоҳлаган кишиларга хабар берардилар. Шу тариқа ушбу маълумотлар саҳобалар, тобеъинлар ва улардан кейинги вакилларга етиб борар, бу нарса Аллоҳ хоҳлаган одамга насиб қиларди. Шунинг учун ҳеч ким «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадисларини биламан» деб даъво қила олмайди.
Уммат ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ишлари, суннатлари ва хулқ-атворларини энг яхши билувчи кишилар хулафои рошидиндир. Хусусан, Абу Бакр Сиддиқ  ва Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳулар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан муқимлик чоғларида ҳам, сафарларда ҳам айрилмас эди. Ҳадисларда «Расулуллоҳ, мен ва Абу Бакр ҳамда Умар кирдик», «Мен ва Абу Бакр ҳамда Умар чиқдик» деган жумлалар жуда кўп такрорланган. Шунга қарамай, юқоридаги фикрларимизнинг тасдиғини хулафои рошидинлар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан момонинг мероси ҳақида сўрашганда «Аллоҳнинг китоби ва Расулининг суннатида сиз учун ҳеч қандай мерос йўқ, лекин мен одамлардан яна сўрайман» деганлар. Бу ҳақда бошқа саҳобалардан сўраганларида  Муғийра ибн Шуъба ва Муҳаммад ибн Масламалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам момога мероснинг олтидан бирини берганларини айтишади, Имрон ибн Ҳусойн ҳам бунга гувоҳлик беради. Ушбу уч саҳоба Абу Бакр розияллоҳу анҳудан афзал зотлар эмас, лекин шунга қарамай, Ислом уммати амал қилишга иттифоқ қилган мана шу суннатни Абу Бакр розияллоҳу анҳу эмас, улар билган эдилар.
Буюк саҳоба Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ҳам Абу Мусо розияллоҳу анҳудан эшитмагунича изн сўраш суннатини билмаганлар. Ваҳоланки, Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини Абу Мусо розияллоҳу анҳудан кўра яхшироқ билар эдилар. Шунингдек, у зот аёл киши эрининг хунидан мерос олиши ҳақидаги ҳукмни ҳам билмаганлар, хун фақатгина эрнинг ота томондан қариндошларига бўлади деб билганлар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баъзи жойларга амир қилиб юборган Доҳҳак ибн Суфён розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттобга «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашям Дибабийнинг хунидан унинг аёлига мерос берганлар» деб ёзиб юборгандагина бу суннатдан хабар топдилар ва «Агар бу ҳадис бизга етиб келмаганда, унга хилоф ҳукм чиқариб қўйган бўлар эдик», деганлар.
Яна бир мисол. Бир куни Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу сафардалик чоғларида қаттиқ шамол кўтарилди. Шунда у киши «Ким бизга шамол ҳақида суннатдан бирон хабар бера олади?»  дедилар. Абу Ҳурайра буни эшитиб, тезда у кишининг ёнларига келдилар-да, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шамол кўтарилганда айтишга буюрган дуо ҳақидаги ҳадисни айтиб бердилар.
Кўриниб турибдики, бу ўринларда Умар розияллоҳу анҳунинг баъзи масалалардаги ҳадислардан хабарлари бўлмаган. Саҳобалардан эшитгандан кейингина ана шу ҳадисларга таяниб ҳукм қилганлар. Яна бошқа вазиятлар ҳам бўлганки, бунда Умар розияллоҳу анҳуга шу вазиятга оид ҳадис етиб келмаганлиги учун ўз ижтиҳодлари ила ҳукм қилганлар.
Масалан, бармоқларнинг хуни масаласи. Умар розияллоҳу анҳу «хун бармоқларнинг келтирадиган фойдасига қараб бўлади», деб ҳукм қилганлар. Лекин Абу Мусо ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бу ҳам, бу ҳам (яъни бош бармоқ ҳам, жимжилоқ ҳам) тенг» деганларини эшитганларини айтишган. Бу ҳадис Муовия розияллоҳу анҳуга амирлик даврида етиб келгач, унга кўра ҳукм қилганлар. Лекин буларнинг ҳеч бири Умар розияллоҳу анҳу учун айб ҳисобланмаган, чунки у кишига бу масалаларга оид ҳадис етиб келмаган.
Шунингдек, Умар розияллоҳу анҳу маҳси кийган киши маҳсисини ечгунига қадар, ўзи хоҳлаган муддатгача масх тортиб юравади деб буюрганлар, бу масалада у кишига баъзи салафлар ҳам эргашган. Ваҳоланки, маҳсига масх тортиш муддати баён қилинган ҳадислар ниҳоятда кўп бўлган.
Шунингдек, Усмон розияллоҳу анҳу ҳам аввалига эри вафот этган аёл эрининг уйида идда сақлаши лозимлигини билмаганлар. Кейинроқ, Абу Саъид Худрийнинг синглиси Фурайъа бинт Моликнинг эри вафот этганда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга «Китоб ўз муддатига етиб боргунча уйингизда ўтиринг» деганларини эшитгандан кейин бу ҳадисга мувофиқ ҳукм қилганлар.
Али ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо ҳамда бошқа баъзи саҳобалар «Эри вафот этган аёл ҳомиладор бўлса, икки муддатнинг узоғига кўра идда сақлайди» деб фатво беришган. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Субайъа Асламияга «Унинг иддаси ҳомиласини туғиши билан якунланади» деб фатво берганлари бу саҳобаларга етиб келмаган эди.
Ҳаммамизга маълумки, саҳобалар, хусусан хулафои рошидин Ислом  умматининг энг илмли, энг фақиҳ, энг тақволи ва энг фазилатли кишиларидирлар. Саҳобалардан кейинги уммат эса илм, фиқҳ, тақво, фазилат ва бошқа барча жиҳатлар бўйича улардан кўра сустроқ бўлиб, баъзи суннатларнинг уларга етиб бормаган бўлиши бирон баёнга муҳтож бўлмаган ҳақиқатдир. Кимда-ким ҳамма саҳиҳ ҳадислар барча имомларга ёки муайян бир имомга етиб келиши лозим деб ўйласа, билингки, у қўпол хатога йўл қўйибди.
Кимдир бунга эътироз билдириб, «Барча ҳадислар ҳадис китобларига тўплаб, тартибланган-ку», дейиши мумкин.
Жавоб шундай: юқорида назарда тутилган ҳадис китоблари биз эргашадиган барча имомларнинг вафотларидан кейин тўпланган ва тартибга солинган. Шу билан бирга, қайсидир ҳадис тўпламида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барча ҳадислари жамланган деб ҳеч ким даъво қила олмайди. Мабодо ушбу даъво тўғри деб фараз қилсак ҳам, имомнинг бу китоблардаги барча ҳадисларни билишга имкони йўқ.

Иккинчи сабаб – ҳадис имомга етиб келади, лекин унга ҳадис айтган киши ёки унга ҳадис айтган кишига ҳадис айтган киши ёки ҳадиснинг санадидаги бошқа бирор ровий унинг наздида мажҳул (ноаниқ) бўлиши мумкин ёки ёлғончи, хотираси ёмон деб гумон қилиниши туфайли ҳадис саҳиҳ эмас деб топилиши мумкин. Ҳадиснинг имомга муснад эмас, мунқотиъ (санади кесилган) тарзда етиб келгани ёки ҳадис лафзларидан бирининг ноаниқ бўлиши ҳам шулар жумласидандир. Шунга қарамай, бошқа имомлар бу ҳадисни муттасил (узилмаган) санад билан, ишончли ровийлар томонидан ривоят қилган бўлиши, мажҳул ровийни таниган бўлиши ва ҳадис лафзларидаги мужмалликка аниқлик киритган бўлиши ҳам мумкин.
Бундай ҳолатни биринчи асрга қараганда кўпроқ иккинчи асрда, яъни тобеъинлар даврида ёки улардан кейингиларда, машҳур имомларда кузатамиз. Уларнинг даврида ҳадислар кенг тарқалиб, машҳур бўлиб кетган эди. Лекин ҳадислар уламоларнинг баъзиларига заиф йўллар билан етиб келса, бошқаларига саҳиҳ йўллар билан етиб келар, шунга кўра ҳадис бир жиҳатдан ҳужжат бўлса, бошқа бир жиҳатдан ҳужжат бўла олмас эди. Шунинг учун кўпчилик имомлар бирон масаладаги фикрларини ҳадиснинг саҳиҳ бўлишига боғлаб қўяр ва «Менинг ушбу масаладаги сўзим бундай… ва бу ҳақда ҳадис ривоят қилинган бўлиб, агар у саҳиҳ бўлса, сўзим ана шу ҳадисдир», деб айтар эдилар.

Учинчи сабаб – имом ўзининг бошқалар унга хилоф қиладиган ижтиҳодидан келиб чиқиб, ҳадиснинг бошқа йўлдан ривоят қилинган ёки қилинмагани, ушбу ижтиҳодий масалада ҳақиқат ким томонда эканидан қатъи назар уни заиф деб топиши.
Масалан, бир имом ҳадисдаги бир ровийни заиф ровий деб билса, бошқаси уни ишончли деб билади. Бундай ҳолатда ҳақиқат ровийни заиф деб билган имом томонда ҳам, ишончли деб билган имом томонда ҳам бўлиши мумкин. Чунки ровийни заиф деб билган имом уни жарҳ қилувчи сабабни аниқлаган бўлиши, бошқа имом эса ушбу сабабни жарҳ қилувчи сабаб эмас деб билиши мумкин. Ҳолбуки, рижол илми ниҳоятда кенг илм бўлиб, ровийлар ва уларнинг ҳолатлари юзасидан ушбу илм уламоларининг ўз ижмоъ ва ихтилофлари бор. Бир имом баъзи сабабларга кўра ровийни ўзи ҳадис ривоят қилаётган устозидан ҳадис эшитган деб билса, бошқа имом эса эшитмаган деб билиши, муҳаддис ўзи ривоят қилган ҳадисни унутиб, уни ривоят қилганини инкор қилса, баъзи имомлар бу инкор ҳадис билан далил келтиришга зарар етказмайди дейиши, бошқалари эса бу инкор ҳадисни тарк этишни тақозо этади дейиши каби ҳолатлар ҳам шулар жумласидандир.

Тўртинчи сабаб – бир имом ровийнинг ишончли деб топилиши учун баъзи шартларни қўйса, бошқа имом бу шартларни лозим эмас деб билади. Ушбу  ихтилофли шартларга ровийнинг ҳадисини Китобу суннатга таққослаш лозимлиги, ровийнинг фақиҳ бўлиши, агар ҳадис оммага тааллуқли бўлса, унинг кенг тарқалган бўлиши лозимлиги кабиларни киритиш мумкин.

Бешинчи сабаб – ҳадис имомга етиб келган ва уни саҳиҳ деб ҳам билган, лекин маълум сабабларга кўра имом ҳадисни унутган бўлади.
Умар розияллоҳу анҳуга сафарда жунуб бўлиб, сув топа олмаган киши ҳақида савол берилганда «Сув топгунича намоз ўқимайди», деганлар. Шунда Аммор розияллоҳу анҳу «Эй мўминларнинг амири, ёдингиздан кўтарилдими, сафардалигимизда иккимиз ҳам жунуб бўлиб, сув топа олмаган эдик, ўшанда мен тупроққа беландим, сиз эса намоз ўқимадингиз. Сўнг мен бу ҳолатни Расулуллоҳ  соллаллоҳу алайҳи васалламга айтганимда у зот «Бундай қилишинг кифоя қилар эди» деб, қўлларини ерга уриб, сўнг у билан юзлари ва икки кафтларига масх тортган эдилар», деб бўлган воқеани эслатдилар. Бу Умар розияллоҳу анҳу ўз кўзлари билан кўрган, сўнг ёдларидан кўтарилиб, унинг хилофига кўра фатво берган ва шунда у кишига Аммор розияллоҳу анҳу эслатиб қўйган суннатдир.
Бир куни Умар розияллоҳу анҳу одамларга хутба қилиб, «Ҳеч ким аёлларга маҳр беришда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аёллари ва қизларига берган маҳрнинг миқдоридан оширмасин. Агар кимда-ким оширса, мен унинг маҳрини қайтараман», деганларида бир аёл ўрнидан туриб, «Эй мўминларнинг амири, нима учун бизни Аллоҳ таоло берган нарсадан маҳрум қиляпсиз?» дейди ва  Аллоҳнинг «…ва уларнинг бирига (маҳр қилиб) саноқсиз мол-мулк берган бўлсангиз ҳам…» деган оятини тиловат  қилади (Нисо сураси, 20-оят). Шунда Умар розияллоҳу анҳу бу аёлнинг сўзини қабул қиладилар. Ваҳоланки, Умар розияллоҳу анҳу ҳам бу оятни ёддан билганлар, лекин ўша дамда уни унутиб қўйган эдилар.
Бундай ҳолатлар салафларда ҳам кўп кузатилган.

Олтинчи сабаб – ҳадисда келган бирон лафз нотаниш бўлгани учун имом ҳадис нимага далолат қилаётганлигини билмаслиги мумкин.
Масалан, уламолар ҳадисларда келган «музобана», «муҳоқала», «мухобара», «муломаса», «мунобаза», «ғорар» каби сўзларнинг шарҳи ҳақида ихтилоф қилишган.
Баъзи ҳолатларда лафз имомнинг луғати ва урфида бир маънога далолат қилса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг луғатларида бошқа маънога далолат қилгани учун тушунмовчилик келиб чиққан. Масалан, «набиз» сўзи ҳам шундай.
Баъзан бир лафз бир неча маъноларни англатиш ёки мужмал бўлиши ёки ҳақиқат ва мажоз орасида ўзгариб туриши мумкин, мана шундай ҳолатларда ҳам унинг нимага далолат қилишини тушуниш қийин бўлиб қолади. Бундай вазиятларда ирода қилинган маъно бошқа бўлса ҳам, имом ўша лафзни ўзининг наздидаги энг  яқин маънога ҳамл қилади (буради).
Аввалига баъзи саҳобалар «оқ ип» билан «қора ип»ни оддий ип деб тушунгани, Аллоҳ таолонинг «…юзларингиз ва қўлларингизга масх тортинг…» деган оятидаги қўлни бармоқ учларидан қўлтиққача деб тушунганлари юқоридаги фикрларга мисол бўла олади (Моида сураси, 6-оят).

Еттинчи сабаб – имомнинг бу ҳадисда ҳеч қандай далолат йўқ деб билиши.
Олтинчи ва еттинчи сабаблар ўртасидаги фарқ шундаки, аввалгисида имом ҳадиснинг далолатини билмайди. Еттинчи сабабда эса ҳадиснинг далолатини билади, лекин буни тўғри далолат ҳисобламайди.
Масалан, махсус ом (аслида умумий бўлган, бироқ хосланган жиҳати бор ҳукм), мафҳум ҳужжат эмас (яъни зоҳиран далолат қилмаса ҳам, далолати бошқа йўллар билан чиқариб олинган ҳукм) деб билиши ёки мужаррад буйруқ вожибни тақозо қилмайди ёки лом билан муаърраф бўлган сўз ом бўлмайди деб билиш каби. Бу ниҳоятда катта боб бўлиб, усулул-фиқҳдаги хилофли масалаларнинг деярли барчаси шу қисмга киради.

Саккизинчи сабаб – ҳадисдаги далолат билан унинг мурод эмаслигига далолат қилувчи нарсанинг қарама-қарши келиб қолиши.
Масалан, ом билан хоснинг, мутлақ билан муқайяднинг, мутлақ амр билан вожибликни нафий этувчи нарсанинг ёки ҳақиқат билан мажознинг қарама-қарши келиб қолиши. Сўзларнинг далолати бир-бирига қарама-қарши келиб қолиши, сўнг уларнинг бирини бирининг устига таржиҳ қилиш ҳам тубсиз денгиздир.

Тўққизинчи сабаб – ҳадиснинг мазмуни унинг заиф ёки мансух эканига ёхуд таъвилни қабул қилса, унинг таъвилига далолат қиладиган нарса билан қарама-қарши бўлиб қолиши ва бу қарама-қаршиликнинг салоҳиятли эканига уламоларнинг иттифоқ қилишлари. Имом ҳадиснинг мансух ёки муаввал эканини рожиҳ деб билиши мумкин, лекин насх қилувчи далилни аниқлашда хатога йўл қўйиб, мутааххир далилни мутақоддим далил деб билиши ёки таъвилда хато қилиб, ҳадисга унинг лафзи кўтармайдиган маънони бериб қўйиши шулар жумласидандир.
Ўнинчи сабаб – баъзи имомларнинг ҳадисни унинг заифлиги ёки мансухлиги ва ёки муаввал эканига далолат қиладиган нарса билан қарама-қарши деб билиши. Бу сабабнинг тўққизинчи сабабдан фарқи шундаки, аввалгисида қарама-қаршилик уламоларнинг иттифоқи ила салоҳиятли деб топилса, бу сабабда қарама-қаршилик фақатгина ана шу имом ёки уни қўллаб-қувватлаганлар ҳузурида салоҳиятли бўлиб, бошқа имомлар буни эътиборга олмайдилар. Масалан, куфалик уламоларнинг аксарияти «Саҳиҳ ҳадис Қуръоннинг зоҳирига қарама-қарши келиб қолса, бундай ҳолатда Қуръоннинг зоҳири ом ҳисобланиб, ҳадисга муқаддам бўлади», дейишлари бунга мисол бўла олади. Лекин ушбу ҳолатда имом зоҳир бўлмаган нарсани зоҳир деб ҳам ўйлаб қолиши мумкин.

Нодирбек Хидиров
(Ибн Таймиянинг «Рофъул малаам ъанил аимматил аълаам» рисоласи асосида)
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…