Джумла
Абу Муслим Written by  Oct 04, 2017 - 500 Views

Сохта ислом экстремизмининг белгилари

Яқин кунларда замонамизнинг нуфузли ислом олимларидан бири шайх Юсуф Қарзовийнинг «Исломий тафаккур - иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» номли китоби Россияда чоп этилади. Бу китоб кўп жиҳатдан яқинда Қувайтда доктор Одил ал-Фалах томонидан ижтимоий доктрина сифатида илгари сурилган «мўътадиллик ёки Исломда ўрталик йўли (ал-васатия)» ғоясининг диний асосланишидир. Халқаро Васатия марказига доктор Юсуф Қарзовийнинг шогирди – шайх Айсам Башир раҳбарлик қилмоқда.
 Шуниси ҳам аҳамиятлики, доктор Юсуф бу асарни ёзишни тарихий 2001 йил 11 сентябрдан, Ислом Ғарбда «душман қиёфасида» кўрсатила бошлаган пайтдан анча олдин бошлаган, яъни муаллифнинг мулоҳазаларида Исломга бўлган ташқи агрессив хужумларга раддия бериш кайфияти йўқ. Унинг диний далиллари – бу Қуръон ва Пайғамбаримиз  саллоллоҳу алайҳи вассалам Суннатларидаги энг муҳим нуқталарининг талқинидир.
 
Бу китобни ўқиган ҳар ким, шубҳасиз, ўзи учун катта фойда олади. Бироқ, китоб ҳажмининг катталиги ва ундаги эркин баён услуби Ислом умматидаги бугунги кайфиятларнинг фундаментал диний таҳлилини ўз ичига олган бир нечта принципиал, муҳим масалаларни ажратиб кўрсатиш учун унга алоҳида мақола бағишлашга ундамоқда. Зеро, бизнингча, умматнинг келгуси ривожланиш концепциясини белгилашда айнан шу жиҳатлар кўпроқ эътибор талаб қилади.
 
Шайх Қарзовий васатия мафкурасининг тамал тошларидан бири бўлган муҳим нарса ҳақида ёзади: «Мусулмон ўз ҳаётини мураккаблаштирcа ва ўзи учун қийинроғини танласа, бу ундан қабул қилинади, бироқ, у бошқаларни бу нарсага мажбурлаши, улар учун динни қийинлаштириши, уларнинг ҳаётини қийинчлаштириши мумкин эмас».
 
Радикализм – биринчи поғона бўлиб, унда ҳали бошқаларнинг хуқуқлари бузилмайди, бироқ агар радикализм бошқаларни мажбурлаб сингдирилса, у экстремизмга айланади: «Экстремистларнинг қарашлари зўрлаб ёки куфрда, бидъатда ва динга ҳурматсизликда айблаш таҳдиди остида сингдирилса, муаммонинг жиддийлиги ортади, ва бундай маънавий террор жисмоний террордан ҳам ёмондир».
 
Хўш, Шайх Юсуф Қарзовий радикализм ва экстремизмнинг қандай белгиларини кўрсатган экан?
  1. Диннинг моҳияти тўғрисидаги билимларнинг заифлиги, бошқа фикрларни қабул қилмаслик.
 Шайх Юсуф Қарзовий кишининг маълумоти камлиги туфайли диннинг нозик томонларидан бехабарлигини назарда тутмаган, бу гуноҳ эмас, балки «ўзини олимлар қаторида санайдиган чаламуллалар... Бундай сохта олимнинг билимлари бетартиб бўлиб, ҳар қаерда сочилиб занжир ҳалқаларига ўхшайди, улар юзаки бўлиб, теранликни англамайди. У жузъий билан умумийни боғлай олмайди, заифни саҳиҳ билан ва тахминни ҳақиқат билан таққослай олмайди; унда зиддиятларни мувофиқлаштириш ёки далил ва гумонларни чамалаб кўриш учун етарли билим йўқ. Қарабсизки, унинг юзаки мулоҳазаларга таяниб, умумийни рад этиш учун жузъийни асос қилиб олаётган бўлади».
 
«Буюк олим Шотибий айтадилар: «Агар киши оят ёки суранинг нега ва нима учун нозил бўлганлиги, унинг тафсирини ва мақсадини билса, бу оятлардан четга чиқмайди, бироқ у оятнинг маъносини билмаса, турлича қарашлар пайдо бўлиб, ҳар ким ўзини ҳақиқатга олиб келадиган етарли билимга эга бўлмай туриб, ўзи учун маъқул бўлган талқинни танлаши мумкин... Шундай қилиб, ўзлари ҳам адашадилар ва бошқаларни ҳам йўлдан адаштирадилар».
 
«Бу кўр-кўрона фанатизмдир (мутаассибликдир)... бу кишининг ўз тушунчаларидаги муросасизлиги бўлиб, атрофдагиларнинг манфаатларини, Шариатнинг мақсадларини ва замонанинг шарт-шароитларини кўришга йўл қўймайди... Биз мухолифларининг қарашларини сўзсиз рад этадиган ва уларни адашган жоҳиллар, бузуқ ва осийлар деб ҳисоблайдиган, ўзини эса гўё бегуноҳ пайғамбардек, сўзлари эса – худди кўкдан тушган ваҳийдек, ҳақ йўлда деб ҳисоблайдиганларга қаршимиз!»
 
Бугунги кунда ҳатто ислом халифалари даври тарихини ўрганишни ҳам таъқиқлайдиган жоҳил радикаллар топилади. Ваҳоланки «тарих – бу Аллоҳнинг бутун борлиқ ва бутун инсоният учун чиқарган қонунлари акс этган кўзгудир, шунинг учун Қуръон улардан фойдаланиш учун ақлни ушбу қонунларни ўрганишга чақиради, ким шундай қилмаса, унинг қалби кўрдир»:
 
«Қанчадан-қанча шаҳар-қишлоқларни зулм қилгувчи бўлган ҳолида ҳалок этдик. Бас, улар (ҳозирда) шифтлари қулаган, ташландиқ қудуқ, (ҳувиллаган) юксак қаср (ҳолидадир). Ахир, ер юзида айланиб юрмайдимиларки, уларга ақл этадиган қалблар, эшитадиган қулоқлар бўлсин. Зеро, кўзлар кўр бўлмас, кўксилардаги қалблар кўр бўлур. Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир..» («Ҳаж», 45-49)
  1. Асосийни иккинчи даражалидан ажрата олмаслик. Шарт бўлмаган амалларни қилишга ундаш. Таъқиқлашда ҳаддан ошиш.
 Шайх Қарзовий Аллоҳнинг кўрсатмаларини ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амалларининг сабабларини англаб етиш – ушбу кўрсатма ва амалларнинг ҳақиқий мазмунини тўғри тушунишда муҳим бўғиндир, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун «Шариат борасида фундаментал билимларнинг йўқлигига ишора қилувчи яна бир белги – бу доимий равишда торайтириш, мураккаблаштириш ва ортиқча таъқиқлаш, таъқиқлар доирасини кенгайтиришга уринишдир, ваҳоланки буюк олимлар бундан қайтарган, огоҳлантирган эдилар», чунки Қуръонда шундай дейилган:
«Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиш учун тилларингиз васф қилган ёлғонни гапириб: «Бу ҳалол, бу ҳаром», деяверманглар. Албатта, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқувчилар нажот топмаслар» («Наҳл», 116).
 
Мисол учун, «улар узунлиги тўпиққача бўлган шим кийиш мумкин эмас, деб таъкидлайдилар, бунга саҳиҳ ҳадис ҳам келтирадилар: «Тўпиқдан пастдаги нарсалар оловдадир»... Бироқ бу ҳадисларнинг мазмуни бошқа ҳадислар билан чегараланади, ва бу огоҳлантириш фақат мода ёки кибр учун шундай қиладиганларга тааллуқлидир. Абу Бакр розияллоҳу анҳу шимларининг узунлигига шикоят қилиб, уни қисқартириш кераклигини айтганларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сен буни кибр учун қилувчилардан эмассан», деганлар.
 
Шайх Қарзовий Аллоҳни фақат чин дилдан таниб, тил билан эътироф этиш ҳамда «қалб билан ишониш, тил билан эътироф этиш ва жисман амал қилиш», яъни мукаммал иймон тушунчаларини бир-биридан аниқ фарқлайди. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзига раво кўрган нарсасини биродари учун раво кўрмагунича ҳеч бирингиз мўмин бўлмайсиз», деган мазмундаги ҳадислари бу ерда буюрилган нарсага амал қилмаган инсон мўмин ва мусулмон ҳисобланмайди, дегани эмас. Агар у чин дилдан шаҳодат калимасини айтса, у шу амалининг ўзи билан Ислом дарвозасидан ичкари киради ва барча мусулмонлик хуқуқларига эга бўлади, чунки машҳур ҳадисда: «Иймон - Аллоҳга, Унинг фаришталарига, Пайғамбарларига ва Охират кунига ҳамда тақдирга ишонишингдир», дейилган.
 
Бироқ бу иймоннинг энг озидир, бу иймон ҳали мукаммал эмас, чунки инсон ҳали Аллоҳнинг розилигига сазовор бўладиган ҳамма амалларг мушарраф бўлмади. Бу ҳақида Аллоҳ Азза ва Жалланинг ўзи шундай марҳамат қилади: «Аъробийлар, иймон келтирдик, дедилар. Сен: «Иймон келтирганингиз йўқ, лекин бўйинсундик денглар, ҳали иймон қалбларингизга киргани йўқ», деб айт.» («Хужурот», 14). Шундай қилиб, мукаммал иймондан ҳали узоқ бўлган, иймон фақат тилларида бўлган, аммо ҳали қалбларига кирмаган аъробийларни Аллоҳнинг ўзи мусулмонлар деб атади. Уларни бу мақомдан маҳрум қилишга кимнинг ҳаққи бор?
 
Аммо радикаллар ва экстремистлар ҳар доим кўлами ҳар хил бўлган бу икки тушунчани бир-бирининг ўрнига қўллаб, ҳали иймонларини камолотга етказмаганларни (уларнинг тасаввурларига кўра) кофирлар деб эълон қиладилар: «Соқолини олдиргани, узун шимлар кийгани ёки калимаи шаҳодатни айтаётганда кўрсаткич бармоғини кўтаргани учун бутун дунёни ағдар-тўнтар қилишга тайёр турганларни тез-тез учратамиз... Яна бунинг ҳаммаси ғарб цивилизацияси кириб келаётган... мусулмонлар эса дунёнинг турли чеккаларида қувғинга учраётган пайтда рўй бермоқда... Бундай масалаларни кўтараётганлар орасида ота-онани ҳурмат қилиш, ҳар бир амални гўзал cуратда адо этиш, хотини ва болаларининг хақларига, қўшнининг ҳақларига риоя қилиш каби ҳар бир мусулмоннинг зиммасида турган бурчларга эътиборсизлик қилувчилар ҳам борлиги кўпчиликка маълум...
 
Имом Аҳмад Абу Ниам ривоят қилган ҳадисни келтирадилар: «Мен саҳоба Абдуллоҳ ибн Умар билан ўтирган эдим, унинг олдига бир киши келиб, чивинни ўлдириш мумкин эмасми, деб сўради. Ибн Умар ундан сўради: Сен қаердансан? У киши Ироқдан, деб жавоб берди. Шунда Ибн Умар ҳайқирди: Мана бу кишини қаранглар – мендан чивиннинг қони ҳақида сўраяпти, ваҳоланки ўзлари Аллоҳнинг Расулининг набирасини ўлдиришган!...».
 
Абу Масъуд Ансорийдан қуйидаги ҳадис келтирилади: «Бир киши келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мен эрталабки намозга кеч қоляпман, чунки фалончи имом уни узоқ ўқийди», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай жаҳллари чиқдики, мен у зотни бу ҳолатда аввал ҳеч кўрмаган эдим, ва дедилар: «Эй инсонлар, дарҳақиқат, ораларингизда нафратлантирувчилар бор! Ким одамларга намозда имомлик қилса, намозни қисқа ўқисин, чунки унинг орқасида заиф, қари ёки касал одам туриши мумкин» (Имом Бухорий ривояти).
 
«Нафратлантирувчилар» – Ислом умматидаги биринчи радикаллардир!
  1. Ғайридинлар билан ўзаро муносабатлардаги муросасизлик ва даъват қилишда қаттиқлик.
 Шайх Юсуф Қарзовий исломий даъват учун Аллоҳ томонидан ўрнатилган қоидалар ҳақида сўз юритадилар: «Раббингизнинг йўлига хикмат ва чиройли насихат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!» («Нахл», 125). Аллоҳ Таоло Ўз пайғамбарлари - Мусо алайҳиссалом ва Ҳорун алайҳиссаломларга шундай дейди: «Иккингиз Фиръавннинг олдига борингиз, чунки у хаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўзлангиз! Шояд у эслатма олса ёки қўрқса» (Тоҳа, 43-44).
 
Аллоҳ Таоло Мусо алайҳиссаломга фиръавндан Тавротга қатъий амал қилишни талаб қил, деб буюрмади. Аллоҳ Таоло Қуръонда ўша пайтда фиръавн ўзининг Ҳолиқига бўйсунишини Унинг амрига итоат қилиб, Бани Исроилни қўйиб юбориши орқали намойиш этса, шунинг ўзи етарли бўлганлигини бизга баён қилди. Агар фиръавн Аллоҳ Таолонинг ана шундай буйруқларини бажара бошласа, эҳтимол, келгусида мусулмон бўлиб, диннинг кундалик кўрсатмаларига ҳам амал қилиш раҳматига сазово бўларди. Бироқ, у асосий йўлни - кўпхудолик ёки яккахудоликдан бирини танламагунича, диннинг кўрсатмаларига амал қилиш унинг учун мутлақо фойдасиз бўларди.
 
Принцип жиҳатдан тўғри танловни амалга ошириши учун унга фақат «юмшоқ сўз» ёрдам бериши мумкин эди. Бу нарса мусулмонлар ўзларининг динлари номидан қатнашадиган барча динлараро мунозараларга ҳам тааллуқлидир. Шайхнинг хулосаси ана шундай.
 
Энди бу мавзу хусусида ўзимиз фикр юритиб кўрамиз. Дарҳақиқат, ҳар биримиз Ягона Аллоҳга иймон келтирамиз ва Унинг ҳар бир кўрсатмасига ва буйруғига амал қилишга тайёр турамиз, бироқ бизнинг шундай тушунчага етиб келишимиз ҳам маълум вақт талаб қилган, босқичлардан иборат бўлган.
 
Тақводор мусулмонлар оиласида ўсган ва туғилганидан бошлаб тўғри тарбияланганлар ҳам, барибир илмни улғайган сари, аста-секин олганлар. Бу билимлар эса ички танлов орқали ўтган бўлиб, улғайган сари танловнинг аҳамияти ортиб борган. Ўсмирлик ёшига етганда эса, киши аввал эшитганларини яна бир бор англаб етиб, тўғри йўлга онгли равишда қадаб босиши керак бўлади.
 
Бироқ бундайлар кам. Кўпчилик мусулмонлар, ҳатто расман мусулмон оилаларидан чиққанлар ҳам, иймонга балоғатга етганларида, илмсизликдан сўнг кириб келмоқдалар. Сон-саноқсиз кишилар эса бугунги кунда Исломга батамом жоҳиллик ҳолатидан сўнг ва кўпинча – нотўғри динлардан келмоқдалар. Исломга тўлиқ эътиқод қилиш ҳолатига эришиш учун эса, яъни итоат қилишдан ташқари ҳеч бўлмаганда билиш шарт бўлган энг асосий билимларга эга бўлиш ва уларга амал қилиш учун анча ҳаракат ва вақт талаб қилинади.
 
Айтайлик, биз ўзимизни мукаммал иймон соҳиби деб биламиз. Хўш, биз бошқаларнинг ҳозир қандай ҳолатдалигини биламизми? – Ахир уларнинг ҳаётидаги вақт чизиғи бизникига параллел эмас-ку! Унда ҳам худди шундай қонунлар бордир, лекин уларнинг вақти бизникига нисбатан олдинга ёки орқага сурилгандир, яна ҳар кимники ўзига хосдир?! Вақт нисбийдир.
 
Эҳтимол, биз қачондир ўтиб бўлган босқичга улар энди, ҳозир етиб келган, аммо улар бу даражага энг ёмон ҳолатдан эндигина етиб бордилар, яъни улар учун бу жасоратдир? Бунинг учун уларни койиш эмас, балки қўллаб-қувватлаш, оёққа туриб олишлари учун ва олға қадам босишлари учун ёрдам бериш керакдир? Фақатгина вақт ва макон билан чегараланмаган Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таологина ҳамма нарсани бирданига кўра олади, биз эса, тақдирлари четдан ўхшаш бўлиб кўринган икки инсон ҳаётини икки параллел чизиқлар деб қарай олиш зўр бериб ҳаракат қилишимиз керак.
 
Бироқ, бировнинг иймон ҳолатини мушоҳада қилиш учун вақт ассиметриясидан ташқари яна вазиятлар ассиметрияси омилини ҳам ҳисобга олишимиз керак: биз осонлик билан ҳаракат қилган шароит, бир қарашда ўхшаш бўлиб кўринса-да, бошқалар учун анча мушкул бўлиши мумкин. Шунинг учун бу амалларнинг Аллоҳ Таоло томонидан баҳоланиши ҳам бошқача бўлади, зеро У ҳеч бир жонга ўзининг имкониятидан ортиқ нарсага буюрмайди. Шунинг учун бизнинг иймонимиз фақат ўзимизга нисбатангина муросасиз бўлишга ҳақлидир, биз фақат ўз нафсимизгагина ҳеч қандай шафқат ва енгиллик кўрсатмасликка ҳақлимиз.
 
Шунинг учун, бизнинг иймонимиз ва Аллоҳга бўлган сўзсиз итоатимиз қандай бўлиши кераклигини буюрувчи оят ва ҳадислар биз уларнинг маъносини англаган дақиқадан бошлаб ҳар биримиз учун муросасиздир. Бироқ, бу маънони уни ҳали англаб етмаган бошқа инсонларга етказиш мутлақо бошқа масаладир. Ва бу масала Аллоҳ Таолонинг оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида аниқ ёритиб берилган.
 
Халифалик парчаланиб кетиб, ижмоъ ҳамма учун мажбурий характерга эга бўлган умумий исломий хуқуқ майдони йўқ бўлиб кетганидан сўнг, аҳли суннанинг ижмоъси умматдаги олимларининг кўнгилли муросаси натижасига айланди. Оқибатда бошқа мусулмон ёки номусулмонга таъсир кўрсатиш борасидаги субъектив муросасизлик бугунги кунда амалда бошқаларнинг эркинлигини тан олмаслик, уни мажбурлаш, унга нисбатан зўрлик қилиш хавфига айланиб қолди, яъни радикализмнинг, қатъийликнинг маълум даражасида эса – экстремизмнинг ҳам барча хусусиятларига эга бўлиб қолди.
 
Мўътадил ёндашувнинг энг ёрқин намунаси Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир. У зоти бобаракот Қуръоннинг илк оятлари нозил этилганидан кейинги дастлабки 13 йил мобайнида фақат тавҳидга даъват қилдилар, натижада атрофларига одамлар тўпланиб, жамоат шаклланди. Фақат Ҳижратдан кейингина Аллоҳ Таоло умматнинг ҳаётини, турмуш тарзини белгилаб берувчи оятларни бирин-кетин нозил қила бошлади. Демак, ҳатто Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари англашлари учун кўп йиллар керак бўлган нарсаларни бошқалардан бир зумда англаб олишни талаб қилиш мумкин эмас.
  1. Аввал ўтган экстремистик секталарга тақлид қилиш. Мусулмонларни куфрда айблаш (такфир).
 Шайх Қарзовий шундай ёзадилар: «Экстремизмнинг яна бир кўриниши – одамларга шубҳа билан қараш ва улар ҳақида ёмон гумонда бўлиш, яхши томонларини камайтириб, ёмон жиҳатларини бўрттириб кўрсатишдир. Экстремизм айблашларга асосланади… Улар атрофдагиларнинг амалларини оқлашга ҳаракат қилмайдилар, бироқ уларнинг айбларини синчиклаб излайдилар, қилган амалларини бирма-бир кўриб чиқадилар, ҳар бир хатодан гуноҳ, гуноҳдан эса куфр ясаб, айюҳаннос соладилар!!! Агар бирор сўз ёки амални яхши маънода ҳам, ёмон маънода ҳам тушуниш мумкин бўлса, улар ана шу ёмон жиҳатни эҳтимолга яқин деб ҳисоблайдилар…
Агар кимдир асо тутиб юриш ёки овқатланишда улардан сал фарқ қилиб қолса, уни суннатга ҳурматсизлик ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ёмон кўришда айблайдилар… Агар Исломга даъват қилаётган киши ҳозирги замон шароитларига мослашишга, одамлар билан улар тушунадиган тилда гапиришга ҳаракат қилса – уни ғарб цивилизациясига таъзим қилишда айблайдилар».
«Улар қарашлари бошқача бўлганларнинг фикрларига қулоқ солмайдилар, мулоқотга киришмайдилар ва ўз қарашларини текшириб кўриш, имтиҳон қилиб кўришни, уларни таққослаб, далиллари кучлироқ бўлганини қабул қилишни мутлақо хаёлларига келтирмайдилар. Уларнинг кўпчилиги олимлардан ёки юқори малакали мутахассислардан билим олмаган, балки улар билимни бевосита китоблардан ўқиб олишган, уларни муҳокама ҳам қилишмаган, ўзаро фикр ҳам алмашмаган, ёки ўз тушунча ва билимларини таҳлил ёки мунозара йўли билан текшириб ҳам кўрмаган бўладилар».
«Экстремизм ўзининг юқори чўққисига кўтарилганда одамлар атрофдагиларнинг даҳлсизлигига тажовуз қиладилар, уларнинг қонини тўкиб, молини талашга журъат қиладилар, ҳеч қандай ҳурмат ёки шафқат кўрсатмайдилар. Бу одатда экстремистлар одамларни Исломдан чиққанликда, куфрда ёки умуман иймон йўқлигида айблаганда содир бўлади. Бундай қарашлар фанатизмнинг мустаҳкам қоясига айланади, натижада мутаассиб кишилар атрофдагиларни тушунмайдиган, улардан нафратланадиган бўлиб қоладилар».
Исломнинг дастлабки даврларидаёқ баъзи айирмачилар (хаворижлар) ана шундай тузоққа тушиб қолган эдилар. Улар диннинг буйруқларига ҳаммадан кўп амал қилар эдилар, кундузлари сойим, тунлари қойим бўлар эдилар, Қуръон ўқирдилар, бироқ қалбларининг кирлигидан эмас, балки тор фикрлаганлари туфайли адашиб кетдилар. Уларнинг жиноятлари кўзларига чиройли кўринар эди, шунинг учун улар биз тўғри иш қиляпмиз, солиҳ амал қиляпмиз, деб ҳисоблар эдилар. Уларнинг бу дунёдаги ҳатти-ҳаракатлари ҳақ йўлдан бурилиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам улар ҳақда шундай деган эдилар: «Улар иймондан худди камондан отилган ўқдек отилиб чиқиб кетадилар».
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу билан бирга хаворижларга қарши жанг қилган Нофиъа розияллоҳу анҳудан «Ибн Умар «хурурия» (хаворижлар) ҳақида нима дейди?» деб сўрашганда у зот шундай жавоб берганлар: «У уларни Аллоҳнинг энг ёмон маҳлуқлари деб ҳисоблайди, чунки улар кофирлар ҳақидаги оятларни мўминларга таъвил қилдилар»
Шайх Қарзовий янги хаворижларни шу қадар аниқ таърифлайдиларки, кўпчиликнинг кўз ўнгига, афсуски, таниш чеҳралар келади: «Улар ўз қарашларини қабул қилмаган ҳар бир кишини ҳам, қабул қилиб, бироқ уларнинг жамоасига қўшилмаган, уларнинг раҳбарига байъат (қасамёд) қилмаганларни ҳам кофирга чиқарадилар. Уларнинг қарашларини қабул қилиб, уларнинг жамоасига кириб, имомига қасамёд қилган, кейинроқ эса бирор бир сабаб билан бу жамоадан чиққанларни эса диндан қайтган муртадлар деб эълон қилиб, уларни ўлдириш ҳалол деб фатво чиқарадилар.
Уларнинг даъвати етиб борган, бироқ уларнинг раҳбарига қасамёд қилмаган ҳар қандай исломий жамият улар учун «кофирлар» ёки «муртадлар» жамияти ҳисобланади. Мазҳаб асосчилари бўлган имомларга ёки жумҳур мусулмон уламолари иттифоқ қилган фикрга, ёки умуман энг яхши деб ҳисобланган фикрга эргашган ҳар бир кишини эса «мушрик» ва «кофир» деб биладилар. Улар ҳижратнинг тўртинчи йилидан кейинги бутун ислом тарихини куфр ва тақлид (яъни, ўз илми бўлмаганлиги туфайли олимларга эргашиш) устивор бўлганлиги учун жоҳилият даври деб эълон қилинган».
Шунингдек, «билимсизлар матнларнинг лафзий маъносига ёпишиб олиб, уларнинг ботиний маъносини, мақсад ва сабабларини тушунмаган ҳоллар кўп учрайди.» Аслида бундай кишилар Ислом уммати бир пайтлар халос бўлган «зоҳирия» мактабининг қарашларини қайтадан тикламоқдалар, холос. Бу мактаб ижтиҳодни (маъно чиқариш, экзегез) рад этади ва қиёсни (таққослаш, ўхшашликларга қараб фикрлаш) инкор этади. Янги «зоҳирия» сабабларни рад этиши, мақсадлар ва манфаатларга бепарволиги билан эскисининг кетидан эргашиб бормоқда.
Шайх Қарзовийнинг фикрича, «янги таҳрирдаги» зоҳирийларнинг эскисидан фарқи шуки, эскилар «ўз йўлини ошкор эълон қилган эди… янги оқимдагилар эса эски зоҳирия мактабининг барча салбий жиҳатларини такрорласалар-да, ўзларини зоҳирийлар деб тан олмайдилар».
Шайх Юсуф Қарзовий кескин хулоса чиқарадилар: «Мусулмонларга бундай радикал муносабатнинг асл сабаблари – такаббурлик ва атрофдагиларга ҳурматсизликдир. Биринчи исён, дастлабки гуноҳ Иблиснинг осийлиги эди ва бунинг замирида «Мен ундан (Одамдан) афзалман» деган кибр ва манманлик ётар эди».
Шайх Юсуф Қарзовийнинг берган баҳоларига қўшимча қилиб айтмоқчимизки, диний матнларни тушунишда қиёс усулига ёки рационализмга қарама-қарши қўйилган мутаассиблик қандайдир ғайритабиий афсонадир. Бир пайтлар инсонга Аллоҳ Таоло томонидан берилган мантиқ қонунларини Европага маълум қилган Ислом дунёси ўзининг фахрланишга ҳақли бўлган нарсасини бироз унутиб қўйган кўринади. Ахир, Аллоҳ Таолонинг каломи ёки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари билан инсоннинг нафси ўртасида муқаррар оралиқ бўғин бор бўлиб, бу бўғин инсоннинг кундалик муомаласида шаклланган оддий сўзлар ва уларнинг маъноларидир.
Аллоҳнинг каломи маҳлуқ эмасдир, мутлақ ва ўзгармасдир, бироқ инсоннинг сўзи маҳлуқдир, нисбий, уларнинг замирида ётган маънога кўра ўзгарувчандир. Қуръони каримни ўқиган ёки тинглаган киши эса (агар у пайғамбар бўлиб, фаришта Аллоҳнинг каломини тўғридан-тўғри унинг қалбига муҳрлаётган бўлмаса) аввало бу ёзувларни инсон кўзи билан кўриб, инсон қулоғи билан эшитади. Бу илоҳий оятлар оддий банда учун Аллоҳнинг азалий ва боқий каломи эмас, балки инсон тилидан учаётган сўзлар бўлиб, бу сўзлар унинг учун кундалик турмушда ёки адабиётда учрайдиган, вазият, шароит ва кайфиятга қараб турфа хилда ўзгариб турувчи маъноларни англатади.
Бу сўзларнинг оддий, инсоний маъноларидан уларнинг илоҳий мазмунига, илоҳий моҳиятига ўтиш учун эса аввало иймон, қолаверса, ақл ва руҳнинг интилиши бўлиши лозим. Бироқ, бу интилиш ҳам икки хил бўлиши мумкин:
 
    - инсон Аллоҳнинг каломини оддий сўзлашувда ишлатиладиган жумлалар орқали рационал, фикрий англашга уринади (чунки юзаки қараганда бу сўзлар араб тилидаги оддий сўзлардир);
    - мужтаҳид олим Аллоҳнинг каломини ўқиб, ижтиҳод қилади, яъни оятларда кўзланган маънони англашга уринади, бунинг учун қиёсдан фойдаланади (дунёвий, нисбий нарсаларни ухровий, мутлақ нарсаларга таққослайди), бунда оддий сўзлар илоҳий каломнинг маъносини очишга ёрдам берадиган кўрсаткич белгилари бўлиб хизмат қилади.
 
Оятнинг мазмунини тўғри англашнинг мезони эса уммат уламоларининг ижмоси бўлади.
 
Шунинг учун зоҳирийлар ва ўзларини ҳақсиз равишда «салафийлар» деб атайдиган бошқа кўпгина янги оқимлар, улар буни қабул қиладиларми, йўқми - аслида айнан рационалистлардир, чунки уларнинг таъвиллари фақат ақлий далилларга суянади, ақл эса Аллоҳ Таолонинг каломининг маъносини оддий, содда силлогизм шаклида тушунишгагина қодирдир, холос. Шундай қилиб, илоҳий матни «лафзан» таъвил қилиш усули – рационализмнинг энг паст, примитив шакли бўлиб, бу шакл Аллоҳнинг каломидан фақат инсоннинг кўзи кўриб, қулоғи эшитган нарсаларига ўхшаш маъноларнигина англай олади, холос.
Улар шу йўл билан илоҳий пайғомнинг чексиз ҳикмат билан йўғрилган маъноларини ўзларига маълум бўлган инсоний сўзларнинг маънолари доирасига мос келадиган қилиб торайтириб юборадилар. Айни пайтда улар мантиқий хулосалар чиқариш учун инсоний фикрлашгагина таянадилар. Натижада улар Аллоҳнинг иродаси ҳақида ўзларининг дунёқарашлари доирасида фикр юритадилар, бу дунё ҳақидаги тасаввурлари эса улар учун Аллоҳнинг каломини тўғри тушуниш мезони бўлиб хизмат қилади.
Демак, буюк Ислом уламолари, мужтаҳидлари азалий илоҳий маъноларни англаб, улардан ҳукмлар чиқаришда дунёвий билимлардан илоҳий ҳикмат сарчашмаларига юксалган бўлсалар, зоҳирийлар, уларнинг издошлари ва ҳамфикрларида бунинг мутлақо тескариси кузатилади. Улар примитив рационал мантиқ йўли билан Аллоҳнинг каломидаги илоҳий маъноларни ўзларининг маиший, кундалик ҳаётдаги тор тасаввурлари доираси билан англашга уринадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзлари билан айтганда, «Улар Қуръон ўқийдилар, бироқ у уларнинг бўғизларидан нари кетмайди».
  1. Ижтимоий хомхаёллар ва қонли романтика
 «Динни яхши билмасликнинг ёнига ҳаётдаги воқеликни, тарихни, Аллоҳнинг яратиш қонунларини яхши билмаслик қўшилади. Қарабсизки, у ҳеч қачон амалга ошмайдиган нарсани ҳоҳлаётган ва асли йўқ нарсани талаб қилаётган, амалга ошмас нарсани орзу қилаётган, воқеаларни аслидан бошқача тушуниб, уларни калласига ўрнашиб қолган, на Аллоҳнинг яратиш қонунларига ва на шариатга асосланмаган саробларга кўра талқин қилаётган бўлади. У бутун жамиятни, унинг онгини, қонунларини, анъаналарини, маънавиятини, ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий тузумини ўз тасаввуридаги усуллар ва хаёлий услублар билан ўзгартиришни ҳоҳлайди…
Шунинг учун ҳам, бундайлар баъзиларнинг кўзига муқаррар ҳалокатга олиб борадиган, ақлга сиғмайдиган бўлиб кўринган ҳатти-ҳаракатларни қилса, бизни ҳайрон қолдирмайди. Бу ҳатти-ҳаракатларнинг оқибати ғоят аянчли бўлса-да, улар бунга эътибор бермайдилар.
Агар улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сийратларига мурожаат қилсалар эди, у зотнинг Маккада ўн уч йил давомида фақат даъват ва тарбия билан шуғулланганларини кўрган бўлардилар. Ваҳоланки ўша пайтда мушриклар ҳукмрон бўлган, муқаддас Каъбанинг бут ва санамларга тўла бўлган, уларнинг сони 360 тага етган бўлса ҳам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Каъбага қараб намоз ўқир эдилар, уни тавоф қилар эдилар. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу бутларни бузиб ташлаб, Каъбани улардан халос қилиш учун мардона ҳужумга отланмадилар, чунки бу билан ўзлари ҳам, саҳобаи киром ҳам муқаррар ҳалокат ёқасига бориб қолган бўлар эдилар, бироқ бутпарастлик йўқолиб кетмас эди, мушриклар эса эртасигаёқ бузиб ташланган санамлар ўрнига янгисини ясаб қўйган бўлар эдилар. Зеро, бутпарастлик жоҳил қавмнинг онгига ўша бутлар ясалмасидан аввалроқ сингдирилган эди. Уларнинг онгини ширкдан халос қилмай туриб, бут-санамларни бузиб ташлашнинг ҳеч қандай фойдаси йўқ эди».
«Бу ҳамма нарсани ўз вақти-соатидан аввал адо этмоқчи бўлаётган фаол-ташаббускорлар билмайдиган икки муҳим қонун бор:
 
1) Босқичма-босқич илгарилаш қонуни… Бу ҳаёт қонуни, шариат қонунидир, чунки Аллоҳ таоло осмонлар ва ерни олти кун ичида яратгандир. Ваҳоланки, Аллоҳ Таоло уларнинг ҳаммасини бир зумда яратиш учун «Бўл!» деса, кифоя эди.
Аллоҳ Таоло уларни олти давр ичида яратди. Бу даврларнинг муддатларини Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди… ҳамма нарса ҳам етуклик ва камолотга етгунча бир неча босқичда ривожланади… Шариат нуқтаи назаридан ҳам Ислом аввал тавҳидга ва саҳиҳ эътиқодга даъват қилишдан бошлади, сўнг аста-секин бошқа қонунлар ҳам жорий бўла бошлади…
Ойиша онамиз розияллоҳу анҳа шундай дейдилар: «Одамлар Исломга киргунларича Қуръондан дастлаб Жаннат ва Жаҳаннам ҳақидаги оятлар нозил бўлди, сўнг ҳалол ва ҳаром (рухсат ва тақиқлар) нозил қилинди, агар аввал хамр ичманглар, зино қилманглар, деган оятлар нозил бўлганда, улар: «Биз бундан ҳеч қачон воз кечмаймиз» деган бўлишарди (Бухорий ривоят қилган)».
 
2) Белгиланган муддат қонуни.
«…Ҳар бир нарсанинг муайян белгиланган муддати бор бўлиб, ўша нарса шу муддатга етганда етуклик ёки камолотга эришади».
«Улар сендан азобнинг тезроқ келишини сўрарлар. Ҳолбуки, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмас. Дарҳақиқат, Роббинг ҳузуридаги бир кун, сиз санайдиган минг йилдекдир.» («Хаж», 47).
Хомхаёл (утопия) ҳар доим шафқатсиз антиутопия билан, ижтимоий утопия эса – ижтимоий фожиа билан якунланади. Ерда жаннат яратишни – «қуёш шаҳрини» барпо этишни орзу қилган романтик жамоалардан бошланган коммунизм утопияси кейин бориб Аллоҳга қарши уруш эълон қилиб, ер юзи аҳолисининг учдан бирини «Инсониятни бахт-саодатга темир қўллар билан ҳайдаб олиб кирамиз» деган шиор остида қақшатиб турди.
Бундай утопияларни дин номидан зўрлаб сингдиришнинг оқибати эса бундан ҳам оғирроқ бўлади. Энг ёмони эса бундай хомхаёлларнинг ҳақ дин номидан илгари сурилишидир. Шайх Юсуф Қарзовий ана шу энг катта хатардан огоҳлантирмоқдалар.
« Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас. (сура «Раъд», 13:11).
Юқорида айтиб ўтилганларни умумлаштириб, «Исломий тафаккур - иймонсизлик ва экстремизм ўртасида» китоби ҳақида умумий хулоса чиқарайлик: унда радикализм ва экстремизмнинг белгилари ва мафкуравий моҳияти батафсил ёритиб берилган. Бу белгилар илмий асосда, умумий мазмунидан ажратиб олинган бир нечта оят ва ҳадислар билан исломга мутлақо хос бўлмаган ғоя ва амалларни оқлашга уринаётган демагогларга қақшатқич зарба бера олувчи амалий далиллар билан баён этилган. Ушбу асарнинг асосий қиймати ана шундадир.
Китобда радикализм ва экстремизмнинг сабабларини баён қилиш ҳамда бу сабабларни бартараф қилиш йўлларини таклиф қилиш ҳам мақсад қилиб қўйилган бўлса-да, муаллиф асосан шаклланиб бўлган сохта эътиқодларни кўпроқ тавсифлаган. У мазкур хатоларнинг вужудга келишидаги динга оид механизмларидан кўра кўпроқ инсонни ана шу хатоларга йўл қўйишга ундаган теран сабабларни очиб беришга кўпроқ муваффақ бўлган. Гуноҳ амалларнинг сабаблари бу йўлга кирганларнинг фақат эътиқодий хатолари эмаслиги таъкидланган бўлиб, ёшларда бу нарса ҳал қилувчи омил бўлиб хизмат қилади.
Бироқ, кўпинча бунинг акси бўлади: инсоннинг руҳий ва маънавий жиҳатдан гуноҳга мойиллиги унга ўз гуноҳларини оқлайдиган, ҳатто буни фазилат қилиб кўрсатадиган сохта диний ҳукмлар ва радикал секталарнинг таълимотларини танлашга ундайди. Дин арбоблари, олимлар, дин пешволарининг вазифаси экстремизмни ғоявий таянчидан маҳрум қилиш бўлиб, шундагина адашган кишининг кўзлари очилиб, ўз ҳаёт йўлларини тўғрилаб олишлари мумкин бўлади, қолган масалалар эса уларга боғлиқ бўлмайди.
«Васатия» таълимоти бугунги кунда айнан Исломга эмас, балки мусулмонларнинг баъзи қисмига хос бўлиб қолаётган радикализм ва экстремизмнинг туб сабабларини аниқлаш ва, энг муҳими, уларнинг ғоявий ва диний сабабларини бартараф қилишнинг муайян ҳаракат дастурини аниқ белгилаб олиш билан билан шуғулланмоқда. Ва мана шу ғоявий масалада мазкур хатоларнинг шайх Юсуф Қарзовий томонидан диний асосда таҳлил қилиб берилишини ҳеч қандай сўз билан таърифлаб бўлмайди.
Валлоҳи аълам!

 Доктор Али Вячеслав Полосин
Абу Муслим таржимаси
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…