Джумла

Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби

 Халқнинг хилоф илмига берилиб кетиши сабаби, мунозара ва жадал офатларининг тафсилотлари ва унинг мубоҳ бўлиши шартлари

Билгилки, Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) сўнг давлатни ҳидоятга эргашган хулафои рошидинлар бошқардилар.
Улар Аллоҳ маърифатига эга олим, ҳукм чиқаришда етук фақиҳ, фатво беришда мустақил зотлар эди. Машварат тақозо этувчи ҳоллардагина фуқаҳоларга мурожаат қилар, бошқа пайтларда эса, улардан ёрдам кутиб ўтирмас эдилар. Шунинг учун уламолар охират илми билан машғул, бошқа илмлардан холи эди. Фатво беришда халқнинг дунёга боғлиқ ҳукмларидан ўзларини четга олишарди. Сийратларида келтирилгани каби, бор ижтиҳодлари, ҳаракатларини Аллоҳ таоло томонига йўналтиришар эди.
Хулафои рошидинлардан сўнг ўзлари фатво ва ҳукм чиқариш илмини яхши эгалламаган ҳамда халифалик мақомига нолойиқ кимсалар давлат тепасига келишди. Улар ўзлари ҳукм ва фатво чиқаришни эплай олмагач, фуқаҳоларни ёрдамга чақира бошлашди. Лекин салафлар ахлоқини маҳкам ушлаган, диннинг кўрсатмаларини соф сақлаб келаётган тобеъин уламолар бирор мансабга чақирилсалар, қочар ва юз ўгирар эдилар.
Энди халифалар уларни зўрлаб бўлса ҳам, қозилик ва ҳукумат ишларига жалб қилишди. Ўша асрларда яшаганлар уламоларнинг иззатига, ҳиммати юксаклигига, бошлиқ ва валийлар эса, уларни излаб юрганларига шоҳид бўлишди. Баъзи кимсалар илмни иззатга эришиш ва подшоҳлар тарафидан обрў-эътибор қозониш учун талаб қила бошлашди. Улар фатво бериш илмига шўнғиб, подшоҳлардан мансаб ва мурувват кутишар эди. Уларнинг айримлари ҳеч нарсага эришмади, баъзилари эса, муваффақиятга етишди. Аммо улар тиланиш хорлигидан қутилмади. Илгари қидирилган фуқаҳоларнинг ўзлари энди қидирувчига айланишди. Султонлардан юз ўгириш билан азиз-мукаррам бўлган фуқаҳолар уларга юзланиш ила хорланишди. Ҳар даврда бўлгани каби, Аллоҳнинг динида содиқ бўлган уламоларгина азиз бўлиб қолаверди.
Аввалига фуқаҳолар ҳокимлар ва волийлар кўпроқ муҳтож бўлган фатво ва ҳукмлар илми билан овора бўлишди. Кейинроқ амирлар ва арбоблар орасида баъзи одамлар ақида қоидаларига оид гаплар тарқатаётганини эшитишди. Энди уларнинг нафси ақидага, ҳужжатларни тинглашга мойил бўлди. Амир ва арбоблар калом илмидаги мунозара ва мужодалага рағбат қилгач, калом илмига шўнғиб, қаттиқ берилиб кетишди. Бу ҳақда кўп китоблар тасниф қилишди, мужодала услубларини тузишди, турларини ишлаб чиқишди ва бу қилмишларини Аллоҳнинг динини ва суннатни ҳимоя этиш, бидъатни синдириш деб номлашди. Кейинроқ бошлиқларда калом, мунозара илмлари тўғри эмаслиги ҳақида фикр пайдо бўлди. Чунки мунозара ва калом илмига эшик очилиши билан қон тўкилиши ва вайронагарчиликка олиб борувчи таассубият ва хусумат эшиклари ҳам очилган эди. Султонлар ва амалдорлар олимларни янги бир нарса – фиқҳ илмида мунозара қилиш билан машғул этмоқчи бўлишди. Хусусан, Шофеъий (р.а.) ва Абу Ҳанифа (р.а.) мазҳабларидан қайси бири афзал, дея олимлар орасида мунозара алангасини ёқишди. Энди одамлар калом ва бошқа илмларни ташлаб, Шофеъий ва Абу Ҳанифа ораларидаги ихтилофий масалаларга киришиб кетишди. Амалдорлар мана шу икки мазҳабни айтганлари учун Молик, Суфён, Аҳмадлар (раҳматуллоҳи алайҳим) орасидаги хилофларга ҳеч ким эътибор бермади. Улар бу машғулотларидан мақсад шариатнинг нозик жиҳатларини ўрганиш, мазҳабнинг иллатларини таҳрир қилиш ва фатво бериш асосларини тузиб чиқиш эканини айта бошлашди. Бу икки мазҳаб орасидаги ихтилофлар ҳақида китоблар тасниф қилишди ва бугунга қадар мужодала турларию таснифлари билан оворадирлар. Биздан кейинги асрларда Аллоҳ яна нималарни содир қилади, билмаймиз.
Хулоса қилиб айтганда, хилоф ва мунозараларга олимларнинг астойдил киришганига асосий сабаб ана шулардир.
Агар дунё эгалари, салтанат соҳиблари Абу Ҳанифа ва Шофеъий қолиб, бошқа имомлар орасидаги мунозарани ёки умуман бошқа илмдаги мужодалани хоҳлаб қолишса, олимлар ўша нарсани амалга оширишади ва ишларининг дин илми эканини, қолаверса, у билан «оламлар» Раббига қурбат ҳосил этишини баҳона қилишади.

Мунозараларни саҳобалар машварати ва салаф уламоларининг суҳбатларига ўхшатишдаги адашиш баёни

Билгилки, фақат тортишув, мунозара ва жадал билан машғул бўлувчилар қилмишларини оқлаш учун: «Бу мунозара ¬ баҳсдан мақсадимиз ҳақиқатни одамларга билдириш. Албатта, ҳақ изланади, илм йўлида қарашлар ва фикрлар билан ёрдамлашиш фойдали ва таъсирлидир. Саҳобаларнинг одатлари шундай бўлган. Улар ҳам бобо ва ака-укалар (мероси) масаласида, хамр ичувчининг жазоси, имом хато қилганида, жарима тўлашнинг вожиблиги, Ҳазрати Умардан (р.а.) қўрқиб, бир аёл бола ташлаб қўйганида унга хун тўлаш ва фароиз каби масалаларда машварат қилишган. Шофеъий, Аҳмад, Муҳаммад ибн Ҳасан, Молик, Абу Юсуф ва бошқа уламоларнинг (Аллоҳ улардан рози бўлсин) машваратлари ҳам бизники каби машварат эди-ку», деб айтишади. Энди мен сенга уларнинг баҳоналари фақатгина салафнинг одатига ўхшашдан ўзга эмас эканини тушунтириб бераман.
Ҳақни излаш учун ўзаро ёрдамлашиш диндан экан, тўғри даъво. Лекин унинг шартлари бор, уларни билиш лозим. Бас, мужодала ва мунозара қилишнинг саккизта шарти бор:

1. Мунозара билан шуғулланувчи кимса фарзи кифояларга бош қотиришдан аввал фарзи айнларни ўрнига қўйган бўлмоғи керак. Агар ким ҳали фарзи айнларни тўла бажармай туриб, фарзи кифоя билан машғул бўлса ва, мақсадим ҳақ, деб даъво қилса, сўзсиз у каззобдир. Масалан, ўзи намозни тарк қилади-да, авратини ёпиш учун кийим тополмаган кишини кийинтириш мақсадим, дея либос тўқиш ва кийим тайёрлаш ила машғул бўлади. Гоҳида чиндан ҳам шундай бўлиши мумкин.
Борди-ю бирортаси унга омонатни қайтариш ҳақида сўз очса, у дарҳол ўрнидан туриб, Аллоҳга энг маҳбуб ибодат – намозга такбир айтади. Ва Раббига осий бўлади. Чунки шахснинг вақт, шарт ва тартибларига риоя этмасдан қилган итоати унинг ҳақиқий итоаткор эканига далил бўлмайди.
2. Фарзи кифояни мунозарадан муҳим билмаслик керак. Мабодо, фарзи кифоядан муҳимроқ нарсани кўратуриб, ўша муҳимроқдан бошқаси билан машғул бўлса, у ҳолда ўша феъли ила осий бўлади. Ушбу сўзимизга мисол сифатида қуйидаги ҳолатни келтириш мумкин. Бир тўп одамлар чанқоқликдан ўлим ёқасида турган пайтда, бир киши уларга сув бериш имконияти бўлатуриб, ҳижомат – қон олиш таълими билан машғул бўлмоқда. Ўзи учун ҳижоматни ўрганиш фарзи кифоя, шаҳарда уни биладиганлар бўлмаса, одамларнинг барчаси ҳалок бўлади, деб даъво қилади. Унга қарата: «Ахир шаҳарда ҳижомат қилувчилар тўлиб ётибди. Сенга одамларнинг эҳтиёжи йўқ», десанг, у: «Ҳижоматчиларнинг кўп бўлиши бу феълни фарзи кифояликдан чиқармайди», деб ҳозиржавоблик қилади. Чанқоқликдан аянчли аҳволга тушиб қолган мусулмонлар дарди билан шуғулланиш бир ёқда қолиб, ҳижомат билан овора бўлиб юрганларни қанчадан-қанча фарзи кифоялар бепарволик туфайли барбод бўлгани ҳолда мунозара билан машғул бўлаётганларга ўхшатиш мумкин. Фатво билан кўплаб одамлар шуғулланмоқда, ваҳоланки, адо этилмаётган фарзи кифоялар бир талай. Фуқаҳолар унга эътибор ҳам қаратмайди. Масалан, табобат. Ҳақиқатдан ҳам, кўплаб шаҳарларда шаҳодатига ишонса бўладиган мусулмон табиблар топилмайди, фақиҳлар табобат билан шуғулланишга ҳеч кимни тарғиб қилишмайди. Амри маъруф ва наҳий мункар ҳам унутилган фарзи кифоялардандир. Баъзида мунозара қилувчи мажлисда ипакдан қилинган кўрпа-ёстиқлар устида, ипак эркаклар учун манъ қилинганини билатуриб, воқеъликдан узоқ масалалар ҳақида мунозара қилаверади. Ўша мунозара қилинаётган воқеа содир бўлса, айрим фақиҳлар томонидан ечимини топиши аниқ. Лекин мунозара қилувчи ўша фарзи кифоялар билан Аллоҳга қурбат ҳосил қилишни баҳона этади.
Анас (р.а.) қилган ривоятда айтилишича, Пайғамбардан (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қачон амри маъруф ва наҳий мункар тарк бўлади, эй Аллоҳнинг Расули?» деб сўрашганда, Сарвари коинот: «Қачон яхшиларингиз орасида тилёғламачилик, ёмонларингиз орасида фоҳишалик, ёшларингиз орасида мулк, разилларингиз орасида фиқҳ пайдо бўлиб қолса», деб жавоб берганлар. (Ибн Можа ҳасан иснод билан ривоят қилган.)
3. Мунозара қилувчи ўз райи билан фатво берувчи мужтаҳид бўлмоғи лозим.Шофеъий ва Абу Ҳанифанинг ёки бирор мазҳабнинг фикри билан чегараланиб қолмаслиги керак, борди-ю ҳақ Абу Ҳанифа мазҳабида топилса, у ҳолда Шофеъийнинг сўзини тарк этмоғи, умуман олганда, саҳобалар (р.а.) ва мужтаҳид имомлар каби ўз райи билан ижтиҳод қилмоғи лозим.
Аммо ким ижтиҳод қилиш даражасига етишмаган бўлса, ўзидан сўралган масала ҳақида соҳиби мазҳабдан нақл қилиб, фатво бераверади. Борди-ю ўша мазҳабнинг заифлиги маълум бўлса ҳам, уни тарк этиши жоиз эмас. Бас, шундай экан, у нима учун мунозара қилади? Ваҳоланки, мазҳаби маълум, бошқа мазҳаб ила фатво бериш мумкин бўлмаса, мунозарадан на фойда?! Аниқ бир фикрга келолмай турган вақтида ҳам: «Соҳиби мазҳабимизнинг ушбу масалага жавоби бўлиши мумкин, мен шариат асосларида мустақил ижтиҳод қилолмайман», дейиши лозим. Агар мазҳаб соҳибининг икки хил важҳ ёки икки хил фикрига сабаб бўладиган масалалардан баҳс бўлаётган бўлса, у ҳолда ўша икки хилдан бирига ўхшаб жавоб бериши мумкин. Мунозара қилувчи соҳиби мазҳабнинг икки хил фикридан бирини, кўпинча ҳеч бир мунозарасиз танлайверади ёки икки хил важҳга эга масалаларда мунозарани тўхтатиб, сўзсиз хилоф, жадал бўлиши аниқ бўлган масалаларга киришмайди.
4. Мунозара ҳаётда содир бўлган ёки кўпинча содир бўлиши мумкин бўлган масалалар устида қилиниши керак. Саҳобалар ҳам кундалик содир бўладиган ёки кўпинча воқеъ бўлиши мумкин бўлган фароизга ўхшаш масалалардагина машварат қилар ва уни баён этар эдилар. Ҳозир эса, мунозарачилар халқнинг эҳтиёжи бўлган жиҳатларда ва умумий муаммо бўлган масалаларда фатво беришга аҳамият беришмаяпти. Балки улар довруғли масалаларни талаб қилишади. Натижада жадал майдони кенгаяди.
5. Мунозара имкон қадар хилватда, мунозарачи учун маҳбуб ҳолатда бўлиши керак. Обрўли инсонлар ва амалдорлар олдида мунозара қилишдан завқланмаслиги лозим. Зеҳн ва фикрнинг мусаффо бўлиши, ҳақиқатнинг топилиши ва фаҳм-хотирани жамлаш учун хилват энг муносиб ўрин ҳисобланади. Кўпчилик орасида мунозара қилиш эса, риёнинг дамларини жунбушга келтиради ва ўзи ҳақ ёки ноҳақ бўлса ҳам, иккала томон бир-бири устидан ғолиб келишга интилади. Сенга маълумки, кўпчилик олдида мунозара қилишга бўлган иштиёқ ҳеч қачон Аллоҳ учун бўлмайди. Ваҳоланки, мунозарачилардан бирортаси ўша мунозара қилинган саволни танҳо чоғида сўралса, унга жавоб ҳам бермайди. Шунингдек, улар хилватда бўлишса, асло бир-бири билан мунозара қилишмайди. Қачон кўпчилик йиғилиб қолса, ҳийла камонларидан бир-бирларига тинмай ўқ ёғдиришади. Бундан мақсад ўзларини каломда устамон эканини кўпчиликка билдириб қўйишдир.
6. Мунозара қилувчи тортишувни фақатгина хақни билмоқ, топмоқ учун қилиши керак. Худди йўқолган молини қидираётган инсон каби. Яъни, йўқотган молини ўзи топадими, ёки биродарининг воситаси билан топадими фарқи йўқ. Қаршисидаги инсонни тортишувчи рақиб эмас, балки ёрдамчи дея қабул қилмоғи лозим. Қачонки унга хатосини билдириб, ҳақиқатни ошкор қилса, гўё йўқолган молини қидириб йўлга чиққан вақтида биродари йўл кўрсатса, уни мазаммат қилмасдан, балки унга хурсанд ҳолда ташаккур айтгани каби, унга ҳам ташаккур айтмоғи керак.
Ҳа, саҳобаи киромларнинг машваратлари, мунозаралари худди шундай эди. Бир хотин Ҳазрати Умарга (р.а.) эътироз билдирганида, у зот жамоат ҳузурида: «Бу аёл тўғри сўзлади, Умар эса хато кетди», дея эълон қилганлар. Бир киши Ҳазрати Алининг (р.а.) олдиларига келиб, у зотга савол берди. Ҳазрати Али берилган саволга жавоб берганларидан сўнг, бояги киши: «Эй Амирул мўминин! Берилган саволнинг жавобини янглиш айтдингиз, менимча жавоб бундай бўлади», деб фикрини изҳор қилди. Шунда Ҳазрати Али унга: «Сен тўғри айтдинг, мен хато қилдим. Ҳар бир илм соҳибидан буюкроқ илм соҳиби чиқаверади», дедилар.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.) Абу Мусо Ашъарийга (р.а.) хато кетган ўринларини изоҳлаб берганларида, Абу Мусо жамоатга қараб: «Сизларнинг орангизда шундай олим бўлатуриб, мендан савол сўраманглар», дея хитоб қилганлар. Юқоридаги воқеанинг содир бўлишига сабаб, Абу Мусодан бир киши Аллоҳ йўлида жанг қилиб ўлдирилса, унинг ҳолати қандай бўлиши ҳақида сўраб қолди. Бунга жавобан ўша пайтда Куфа амири бўлиб турган Абу Мусо: «У жаннатдадир», деб айтдилар. Бу савол-жавобнинг шоҳиди бўлиб турган Ибн Масъуд: «Саволингни қайтадан бер, балки амир тушунмагандир?» дедилар. Савол ва жавоб айни юқоридаги каби такрор бўлди. Шунда Ибн Масъуд: «Менимча, ўша одам Аллоҳ йўлида, ҳақни топган ҳолда ўлдирилса, ўша ҳолдагина жаннатдадир», дея ўз фикрларини айтадилар. Абу Мусо (р.а.) Ибн Масъуднинг (р.а.) ижтиҳодини юксак баҳолаб: «Ҳақиқат Ибн Масъуд айтганидек», дедилар. Ҳақ толибининг инсофи шундай бўлади. Агар юқоридаги каби савол даражаси жуда паст бўлган фақиҳга айтилса ҳам, у буни инкор қилади ва: «Ҳақни топган ҳолда, деб изоҳ бериш шартми? Бу нарса барчага маълум-ку?» дея эътироз билдириши табиий.
Энди бугунги мунозара соҳибларининг ҳолатига боқ! Агар рақиб томонидан ҳақиқат юзага чиқса борми, унинг юзлари хижолатдан қизариб, бор кучини рақибга қарши ишга солади. Ва умрининг охиригача уни ёмонлаш билан машғул бўлади. Ажабланарли томони шундаки, ўзларининг юқоридаги каби ўринсиз тортишувларини ҳеч уялмасдан, ҳақ устида бир-бирига ҳамкор бўлган саҳобалар мунозарасига ўхшатиб юборишади.
7. Қаршисидаги мунозарачи ҳамкорини бир далилдан бошқа далилга, бир мушкулдан бошқа мушкулга ўтишига монеълик қилмаслиги лозим. Салафларнинг мунозара услублари шундай эди. Ўз фойдаси ёки зарарига бўлса ҳам, тортишувчи бидъат бўлган тортишув услубининг барча томонларидан воз кечиши матлубдир. Сенинг бу сўзинг қабули қилинмайди, чунки олдинги сўзинга зид, дея эътироз этилмайди. Ҳақни қабул қилиш, унга қайтиш ботилни йўқотувчи бўлгани боис вожибдир. Ҳолбуки, тортишувчиларнинг барча мажлислари мудофаа ва мужодала билан тўла бўлади. Ҳатто далил келтирган бир киши ўзининг гумони ила иллат деб, унга асосланган ҳолда аслга қиёсини зикр қилганида, ҳукм айнан мана шу иллат билан муаллал (иллатли) эканига далилинг нима? дея дарров эътироз билдирилади. Далил келтирувчи, менимча иллат мана шу, агар бундан ҳам тўғрироқ, равшанроқ бирор фикринг, райинг бўлса, айта қол, биргаликда тадқиқ қиламиз, дейди. Шунда унинг рақиби, сен зикр қилган маънолардан бошқа кўплаб маънолар бор, мен ўша маъноларни яхши биламан, фақат уларни айтиш менинг мажбуриятим эмас, деб жавоб қилади. Далил келтирувчи, бундан бошқа бирор даъвойинг бўлса, келтир, деган каби таклиф билан мужодалани давом эттиради. Рақиби, бу менинг вазифам эмас, деб ўзини халос қилади ва ҳоказо. Мунозара мажлислари шундай савол-жавоблар билан давом этаверади. Бу мискин рақибининг, мен биламан, фақат айтмайман, чунки бу менинг вазифам эмас, деган сўзлари шариатга нисбатан туҳмат эканини қаердан билсин. Агар менинг вазифам эмас, деб даъво қилувчи маъноларни билмаса, фақат хасимини ожиз қолдириш учун шундай даъво қилаётган бўлса, у фосиқ, каззобдир. Ўзида бўлмаган нарсани даъво қилгани учун Аллоҳга осий ва Унинг ғазабига дучор бўлади. Мабодо, ўзи айтгани каби билатуриб, бурчим эмас, дея айтмаса, унда шаръий амрни яширгани учун фосиқдир. Ахир ундан мусулмон биродари тушуниб олиш ва билиш учун сўраган эди. Агар у кучли далил келтирса, уни олиши, мабодо у далил заиф бўлса, у ҳолда заиф жиҳатларини тушунтириб бериб, уни жаҳолат қоронғулигидан илм нури сари элтиши керак. Диний илмлар ҳақида сўралган киши, агар билса билимини яширмай, жавоб бериши вожиб эканига ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Асҳоби киромнинг машварати ва салафи солиҳларнинг бирор масала ҳақидаги музокараларини яхшилаб ўрганиб чиқ. Ажабо, улар орасида юқоридаги каби мунозаранинг бўлиб ўтганини ҳеч эшитганмисан?
Улардан бири-бирини бир далилдан иккинчи далилга, қиёсдан асарга ёки хабардан оятга ўтишдан манъ қилганми? Уларнинг барча мунозаралари бошқача эди. Улар ақлига келган фикр ва тушунча қандай бўлса, шундайлигича ўртага ташлар ва унга кўра музокара қилар эдилар.
8. Мунозара фойдали илмлар ила машғул бўлган кишилар билан қилиниши лозим. Аммо тортишувчиларнинг кўплари етук ва забардаст олимлар билан мунозара қилишдан ўзларини четга олишади. Чунки ҳақиқат ўшаларнинг тилида изҳор бўлиб қолишидан қўрқишади. Шунинг учун тортишувчилар фақат илм даражаси юқори бўлмаган кишилар билан мунозара қилишга ўч бўлишади. Зеро, улар ботил фикрларини ўзидан паст даражадаги кишилар орасигагина тарқатишлари мумкин.

***

Бу саккизта шартдан ташқари мунозара қилишнинг яна кўплаб дақиқ талаблари, шартлари мавжуд. Аммо шу шартлар билан ҳам ким Аллоҳ учун, ким бошқа нарсалар учун мунозара қилаётганини билиб оласан.
Хулоса қилиб айтганда, мужтаҳид мунозарачининг қалбига ўрнашиб олган ва ҳалокат сари етаклайдиган шайтон билан баҳсни тўхтатиб, савоб олиш ёки ажрда насибадор бўлиш учун ҳаракат этиши лозим. Бундай мунозаралар шайтон учун кулгу, мухлис бандалар учун ибратдир. Шайтон банданинг устига бало-офат зулматларини солиб қўйиб мазах қилади.
Шайтоннинг бу найранглари келаси бўлимларда баён этилади. Аллоҳдан гўзал ёрдам ва тавфиқ сўраб қоламиз!

Мунозара ва ундан келиб чиқувчи ёмон ахлоқларнинг офатлари баёни

Билгилки, бошқани мағлуб этиш, мот қилиш, одамлар олдида фазилат ва шарафни кўрсатиш мақсадида мунозара қилиш Аллоҳнинг ҳузурида мазмум, иблис наздида эса, маҳмуд бўлган барча хулқларнинг манбаидир. Ушбу мунозаралар кибр, манмансираш, ҳасад, нафсни улуғлаш, мансабпарастлик ва шу каби ботиний бузуқликларнинг биридир. Ичкилик ичиш ёки фаҳш иш қилиш орасида ихтиёрли бўлган киши ичкилик ичса, маст бўлиб фаҳш ишларни ҳам бажаришига олиб келади. Шу каби бошқаларни мот қилиш, мунозарада ғолиб келиш, мансабпарастлик ва манмансираш муҳаббати кимгаки ғолиб келса, уни ифлосликлар ичига бошлаб боради, қалбида ёмонликларнинг жамланишига восита бўлади. Бу ёмон ахлоқларнинг барчаси далиллар, оятлар ва ҳадисларга асосланган ҳолда «Рубъул муҳликот» бўлимида зикр этилади. Ушбу ўринда эса, салбий мунозарани келтириб чиқарувчи ярамас хулқларнинг бир қисмини айтиб ўтамиз.

1. Ҳасад. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Олов ўтинни егани каби ҳасад ҳам яхшиликларни ейди», деганлар. (Абу Довуд Абу Ҳурайрадан ривоят қилган. Ибн Можа Анасдан (р.а.) заиф иснод билан ривоят қилган. Бухорий бу ҳадис саҳиҳ эмас деган.)Тортишувчи ҳасаддан холи бўлолмайди. Чунки гоҳида ғолиб бўлса, гоҳида мағлуб этилиши муқаррар. Баъзида унинг сўзи мақталиши, баъзида эса, бошқанинг гапи мақтовга сазовор бўлиши мумкин. Модомики, дунёда бирор кишининг илми ва қарашлари бошқаникидан кучли эканини зикр қилиш ёки «фалончи сендан яхшироқ қарашга ва тўғрироқ фикрга эга», дейилиш эҳтимоли бор экан, тортишувчи, албатта, рақибига ҳасад қила бошлайди ва ундаги неъматнинг завол топишини, одамларнинг муҳаббати ва ҳурмат-эҳтиромлари ўзи томонга кўчиб ўтишини чин дилдан хоҳлайди. Ҳасад – олов-оташ. Бас, кимки ҳасадга мубтало бўлса, бу дунёда азобга, изтиробга гирифтордир. Охиратдаги азоби эса, бу дунёдагидан бир неча баробар зиёдадир. Шунинг учун ҳам Ибн Аббос: «Илмни топган жойингизда олаверинглар! Фуқаҳоларнинг бир-бирларига қарши айтган сўзларига қулоқ солманглар! Чунки улар оғилдаги такалар каби уришаверадилар», деганлар.
2. Такаббурлик ва ўзни одамлардан устун қўйиш. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир ҳадисларида: «Ким ўзини буюк санаса, Аллоҳ уни кичрайтиради. Ким тавозеъ кўрсатса, Аллоҳ уни юксалтиради», деганлар (Хатиб Умардан (р.а.) саҳиҳ иснод билан ривоят қилган). Аллоҳ таолодан ривоят қилган ҳадисларида эса: «Азамат Менинг изорим, кибриё эса, ридоимдир. Бас, ким бу икки нарсада Мен билан талашса, унинг белини синдираман», дея марҳамат қилганлар. (Имом Муслим, Абу Довуд, Ибн Можа, Ибн Ҳиббонлари Абу Ҳурайрадан ривоят қилган.)
Тортишувчи тенгларидан ўзини устун қўйиш хасталигидан ҳеч қачон қутулолмайди. Чунки у қадри керагидан ортиқ бўлишини хоҳлайди. Ҳатто мажлисларда ҳам юқорини, давра тўрини талашиб, ғавғо кўтаради. Ўзидан бошқаларни юқори ўринларга муносиб кўрмагани учун, мажлисларда бақир-чақир қилиб юради. Агар бирор тор йўлакдан юриб қолишса, ким биринчи юришини ҳам талашишади. Ушбу қилмишлари билан пасткаш, айёр мунозарачилар «илмнинг иззат-обрўсини сақламоқчи» эканликларини рўкач қилиб, жанжалли хорлик ва тубанликни Аллоҳ ва Унинг пайғамбарлари мақтаган тавозеъ билан адаштириб юборишди. Шунингдек, Аллоҳ наздида ёмон, жирканч бўлган кибрни дин иззати деб номлашди ва натижада Аллоҳ ва Расули кўрсатмаларига зид иш қилишди, «ҳикмат» ва «илм» каби сўзларни ўзгартириб, халқнинг залолатга кетмоғига сабабчи бўлишди.
3. Ҳиқд (гина-кудурат). Мунозара гиналардан холи бўлиши жуда қийин. Ваҳоланки, жаноб Расулуллоҳ (соллаллаҳу алайҳи васаллам): «Мўмин одам гиначи бўлмайди», деганлар. (Термизий ва Ибн Можалар ривояти.) Гинанинг жирканч одатлиги ҳақида кўп ҳадислар мавжуд. Мунозарачилар орасида рақибига нисбатан, қалбида кудурати йўқларини топиш мушкул. Уларнинг бирортаси рақиби сўзларини чиройли тарзда қабул этмайди. Балки ичида адоватини яшириб, мунофиқ каби юради. Кўпинча яшириниб ётган гинаси ташқарига чиқиб кетади. Мунозарачи қандай қилиб гинадан халос бўлсин? Унинг келтирган далиллари, ҳукмлари барча томондан мақтовга сазовор бўлмаслиги аниқ. Шунинг учун, мабодо, рақиби унинг сўзини салгина қадрламаса, қалбида гина илдиз отади ва уни умри охиригача узиб ташлай олмайди.
4. Ғийбат. Аллоҳ таоло уни ўлимтик ейишга ўхшатган. Мунозарачилар «ўлимтик ейиш»дан ҳеч тийила олмайди. Чунки доимо рақибини ёмонлаш, мазаммат қилиш, сўзларини келтиришдан тўхтамайди. Ғийбатдан имкон даражада сақланганида ҳам, рақибининг сўзларини ҳикоя қилаётиб, ёлғон қўшимаса-да, унинг нуқсонларини, ожиз тарафларини айтиб ўтади. Бу айни ғийбатнинг ўзидир. Ёлғон эса, бўҳтондир. Шунингдек, ундан юз ўгириб, рақибининг сўзига қулоқ тутган кишини жоҳил, ахмоқ, фаросатсиз ва ақли паст деб обрўсини тўкишдан тилини тия олмайди.
5. Ўзни оқлаш. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони каримда: «Бас, сизлар ўзингизни оқламай қўяқолинглар! У тақводор кишиларни яхши билгувчидир» (Наим сураси, 32-оят), дейди. Бир донишманддан: «Ўзи тўғри бўлатуриб, жирканч кўринган нарса нима?» деб сўрашди. Шунда ҳаким зот: «Киши ўзини ўзи мақташидир», деб жавоб берди. Мунозарачи қувватли, ғолиб ва рақибларидан пешқадам эканини айтиб, ўзини кўкларга кўтаради. Ҳеч бўлмаганда, гап орасида: «Бунақа ишларни билмайдиганлардан эмасман, мен илмда анча пешқадам, ўз услубига эга кишиман, ҳадисларни ҳам ёд олганман», дейди. Бунга ўхшаш сўзлар билан ўзини мақтайди ёки фикрларини ёйиш учун ўзини кўрсатмоқчи бўлади. Маълумки, мақтаниш, ўзни оқлаш шаръан ҳам, ақлан ҳам ёмон ишдир.
6. Жосуслик қилиш ва одамлардан айб қидириш. Аллоҳ таоло шундай дейди: «Ўзгалар айбини қидириб, жосуслик қилманглар...» (Ҳужурот сураси, 12-оят)
Мунозарачи рақиблари айбини қидиришдан, хасимлари нуқсонини излашдан ҳеч чарчамайди. Ҳатто унга: «Сенинг шаҳрингга бир мунозара қилувчи келди», деган хабар етса, дарҳол унинг ботиний ҳолатини, қабиҳ жиҳатларини билиб олиш учун жосуслар ёллайди, токи эҳтиёж бўлганида уни хижолатга қўйсин. Ҳолат шу даражага етадики, у рақибининг ёшлигини, ўша пайтдаги ҳолатларини ёки танасидаги камчилик ва касалликларни, масалан, каллигини аниқлайди. Агар рақибининг ўзидан устун жиҳатлари кўриниб қолса, айбларини юзига солади.
7. Одамларнинг ночор ҳолга тушиб қолганидан севиниб, шодлигига ғамгин бўлиш. Ким мусулмон биродарига ўзи учун яхши кўрган нарсани раво кўрмаса, мўминлар ахлоқидан йироқдир. Фазилатда баробар бўлган яқинлари ва танишларини кўролмаслик, даражалари баробар мунозирлар орасидаги адоват худди кундошлар орасидаги адоватга ўхшаб кетади. Кундошлар бир-бирини узоқдан кўрган заҳоти титраб, ранглари ўзгара бошлайди. Шунинг каби мунозарачи ҳам рақибини кўрганида фикри изтиробга тушади. Шайтон ёки йиртқич ҳайвонга дуч келган кишидай довдираб қолади. Дин олимлари бир-бирларига йўлиққан пайтларида кўрсатилиши лозим илтифот шуми?! Машаққат ва енгиллик вақтларида ўртада бўладиган ўзаро ҳамкорлик, ёрдам ва биродарлик қаёққа кетди?! Имом Шофеъий (р.а.): «Илм фазилат ва ақл соҳибларини боғлаб турувчи риштадир”, деганлар. Энди илм туфайли орасида адоват уйғонган бир жамоа қандай қилиб, у зотнинг мазҳабларига иқтидо даъвосини қилишяпти, билмайман?! Фахр ва улуғворлик талашадиганлар орасида унс - улфатлик ва хотиржамлик бўлиши мумкинми? Асло мумкин эмас! Бу сифатнинг ёмонлигига мўминга мунофиқлар ахлоқини сингдириб, муттақийлар ахлоқидан узоқлаштириши етарли далилдир.
8. Нифоқ (иккиюзламачилик). Мунофиқликнинг мазмум хулқ эканига далил келтириш шарт эмас. Мунозарачи эса, нифоққа дучор бўлмай иложи йўқ. Улар рақиблари ёки уларнинг тарафдорлари, дўстлари билан юз кўришиб туришади, шу пайтда уларга нисбатан тилида зоҳиран муҳаббат, ҳурмат-эҳтиром изҳор қилишга ва рақибларининг даража ва ҳолатларини эътиборга олишга мажбурдирлар. Ушбу ҳолнинг ёлғон, нифоқ, фожирлик ва ёлғон гувоҳликдан ўзга эмаслигини барча яхши билади. Тортишувчилар фақат тилларидагина самимият изҳор қилишади, қалблари эса, бир-бирига қарши адоват ўчоғига айланган. Биз бундай нифоқдан буюк Аллоҳнинг паноҳига қочамиз! Сарвари коинот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Инсонлар илм ўрганиб амални тарк қилганларида, тиллари ила севишиб, қалблари ила адоватда бўлсалар ва силаи раҳмни узсалар, Аллоҳ уларни лаънатлаб, қулоқларини кар ва кўзларини кўр қилиб қўяди», деганлар. (Табароний заиф иснод билан ривоят қилган.)Бу гапни Ҳасан Басрий ривоят қилганлар. Ушбу сўзларнинг ҳақлигини биз шоҳид бўлаётган ҳолатлар исботлаб турибди.
9. Ҳақдан юз ўгириш, уни ёқтирмаслик ҳамда ноҳақ нарсада бардавом бўлишга ҳарислик. Тортишувчи ҳамиша душманлик иштиёқи ила яшайди. Мунозарачининг энг ёмон кўрган, ёқтирмаган нарсаси – ҳақиқатнинг рақиби тилидан зоҳир бўлишидир. Тортишувчи бор кучи, ҳаракатини рақибига қарши сафарбар қилади. Бунда уни ҳақ ёки ноҳақ экани мутлақо қизиқтирмайди. Унинг учун тортишувнинг бардавом бўлиши муҳимроқдир. Бирор сўзни эшитиши биланоқ, унга эътироз билдириш унинг машғулотига айланиб қолган. Ҳолат шу даражага бориб етадики, қалбидаги эътироз Қуръон далилларидан ёки шаръий лафзлардан ҳам устун бўлиб қолади, Қуръон далилларини бир-бирига зид қўя бошлайди. Ваҳоланки, ботилни ҳимоя қилиш учун тортишиш жуда қаттиқ манъ этилгандир. Чунончи Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) ҳақ ила бўлса-да, ботилга қарши мунозарани тарк қилишга буюриб: «Ўз хатосини англаб, тортишувни тарк қилган кишига Аллоҳ жаннат ўртасида бир қаср бино қилади. Ҳақ бўлатуриб, тортишувдан ўзини тийганга эса, жаннатнинг энг юқорисидан қаср қуради», деганлар. (Термизий ва Ибн Можалар Анасдан (р.а.) ривоят қилишган.) Аллоҳ таоло ўзига нисбатан уйдирма тўқувчилар билан ҳақни ёлғонга чиқарувчиларни баробар қўйган: «Аллоҳ шаънига ёлғон тўқиган ёки ҳақ (Қуръон) келган чоғда, уни ёлғонга йўйган кимсадан ким ҳам золимроқдир?!» (Анкабут сураси, 68-оят). Шунингдек, бошқа ояти каримада: «Ахир Аллоҳ шаънига (шерик ва фарзандни нисбат бериб) ёлғон сўзлаган ва рост (Қуръон) ўзига келган пайтидаёқ ёлғон деган кимсадан ҳам золимроқ бирор кимса борми?!» (Зумар сураси, 32-оят) дейди.
10. Риё, халқнинг мулоҳазасини қилиш, уларнинг қалбини ўзига мойил этиш ва ўзи тарафга қаратиш учун ҳаракат қилиш. Риё инсонни катта гуноҳларга олиб борувчи қўрқинчли хасталикдир. «Риё китоби»да бу ҳақда муфассал тушунтирилади. Мунозара қилувчи халқ олдида ўзини кўрсатишни, уларнинг мақтов-олқишларига сазовор бўлишни тортишувнинг асосий сабаби қилиб олади.

* * *

Юқорида биз айтиб ўтган ўнта ҳолат ботиний бузуқликларнинг асосидир. Булардан ташқари, яна бир қанча разил хислатлар ҳам борки, улар туфайли мунозара қилаётганлар ўзларини тия олмай, мунозара охирида муштлашиш, ёқалашиш, кийим-бош йиртиш, соқол юлиш, ота-онасини сўкиш, устозларини ҳақорат қилиш, бир-бирларига бўҳтон ағдаришгача боришади. Бу турдаги тортишувларни инсон номига лойиқ кўрмаганимиз боис, уларнинг сабабчиси бўлган хислатларни айтиб ўтирмадик. Аммо оқил ва буюк олим ҳисобланмиш тортишувчилар ҳам мазкур айблардан холи эмаслар. Тўғри, баъзилар рақибининг даражасидан анча паст ёки юқори бўлишига, яшаб турган шаҳри ёки яшаш ҳолатларига кўра, бу хатоликлардан йироқ бўлиши мумкин. Аммо ўшалар ҳам даражаси баробар бўлганлар орасига кирган вақтларида ёмон хислатларини намойиш қилишади. Ўзини мудофаа қилиш, адоват, тамаъ, мол орттириш севгиси, ғолиб бўлиш учун мансабга интилиш, манмансираш, мутакаббирлик, бошқаларни менсимаслик, бойлар ва амалдорларга хушомад қилиш, уларни тез-тез зиёрат этиш, уларнинг ҳаром молларидан олиш, шаръан манъ қилинган кийимлар, уловлар, маркаблар ила зийнатланиш, фахр ва кибр билан одамларни таҳқирлаш, кераксиз амал ва сўзларга шўнғиб кетиш, қалбдан Аллоҳ қўрқуви ва меҳр-шафқат кўтарилиб кетиши, намозда нима ўқиганини, унинг моҳияти ва кимга муножот қилаётганини унутиш даражасида ғафлат эгаллаб олиши, мунозарада ёрдам берадиган, лекин охиратда фойдасиз бўлган чиройли ибора, гўзал қофия ва нодир масалаларни ёдлаш каби саноқсиз илмлар билан умрини ўтказган киши қалбида асло хушуъни ҳис қилмайди. Тортишувчиларнинг юқоридаги разолатлардан насибадорлик даражалари турлича бўлади. Дини юксак, ақлли мунозарачилар ҳам ўша ахлоқлардан бутунлай халос бўлолмайдилар. Фақат имкон қадар яширишга ва унга қарши курашишга ҳаракат қиладилар.
Билгилки, ушбу разолатлар тазкира ваъз-насиҳат айтиш билан шуғулланувчиларга тегишлидир. Агар халқ орасида ном қозониш, мансабга эришиш ёки бойлик-иззат орттиришни мақсад қилган бўлса, воизларга ҳам тегишли. Мазҳаб ва фатволар илми билан шуғулланаётганларда агар қозилик мансабига эришиш, вақфлар доирасида валий бўлиш ёки ёнидагилардан ўзиб кетиш ғоялари уйғонса, уларда ҳам бўлиши мумкин. Умуман олганда, илм билан охиратда Аллоҳ савобидан бошқа нарсаларни талаб қилаётганларнинг ҳар бирига тегишлидир.
Илм олимни ўз ҳолига қўймайди. Ў уни абадий ҳалокатга олиб боради, ёки абадий ҳаётга. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Қиёмат кунида энг қаттиқ азобланувчи Аллоҳ илмидан фойдалантирмаган олимдир», деганлар. (Жуда заиф.) Унинг илми нафақат бефойда, балки унга зарар ҳам келтиради. Кошки, у нажот келтирмайдиган илмдан қутилиб қолса эди. Афсуски, ундан нажот тополмайди.
Илмнинг хатари жуда хавфлидир. Илм толиби абадий мулк, доимий неъмат толиби ҳисобланади. Илм толиби учун абадий мулк ёки абадий ҳалокат пешвоз туради. Олимнинг ҳолати дунёдаги мулк толибига ўхшайди. Агар у мол-дунё орттириш орқасида ижобий-тўғри натижага эришмаса, ўзини хорликдан сақлаб қололмайди. Балки хорликдан ҳам бадтарроқ, шармандалироқ ҳолга тушиб қолади.
Агар: «Мунозарага рухсат беришда фойда бор, у туфайли одамлар илмга тарғиб қилинади. Агар мансаб севгиси бўлмаганида, илм инқирозга учрар эди», десанг, сўзинг бир жиҳатдан ҳақ, болалар ҳам копток ёки чумчуқ ўйини орқали мактабга тарғиб қилинади. Бу тарғиб маҳмуддир. Аммо, бу мансаб севгиси бўлмаганида, илм зоеъ бўларди, дегани эмас, мансаб ошиқлари нажот топишади, деган маъно ҳам чиқмайди. Балки улар Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Батаҳқиқ, Аллоҳ таоло бу динни ундан бенасиблар билан ҳам қувватлайверади», (Насоий, Анасдан (р.а.) саҳиҳ иснод ила ривоят қилган.) «Аллоҳ таоло бу динни фожир киши билан ҳам қувватлайди», (Бухорий ва Муслим) деган ҳадисларидаги «бенасиб» ёки «фожирлар»дан бўлади.
Мансаб талаб қилгувчининг ўзи ҳалок бўлади. Гоҳида у тарки дунёга чақиргани туфайли бошқалар салоҳият топиши мумкин ва бу эса, зоҳирини салаф уламоларига ўхшатиб, ботинида мақсади обрў бўлган кишига тегишлидир. Бундайларнинг мисоли шамга ўхшаб кетади. Шам бошқаларга ёғду таратгани ҳолда, ўзи ёниб тугаб бораверади. Сохта олим ҳам шундай. Ўзгаларни ислоҳ қилса-да, ўзи ҳалокат йўлида давом этаверади. Мол-дунё топишга тарғиб қилувчилар эса, ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ёндириб тугатадиган оловга ўхшайди.

Олимлар уч хил бўлади:

1. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам ҳалок этувчи олимлар. Улар очиқдан-очиқ дунё талаб қилганлар ва унга юз тутганлар.
2. Ўзини ҳам, бошқаларни ҳам саодатга элтгувчи олимлар. Улар халқни зоҳиру ботинда Аллоҳга даъват қилади.
3. Ўзларини ҳалок қилиб, бошқаларни саодатга йўлловчи олимлар. Улар зоҳиран одамларни охиратга чорлайди, ташқаридан дунёни тарк қилганга ўхшаб кўринади, лекин ботини, асл мақсади халқни ўзи томонга оғдириш ёки бирор обрўга эга бўлишдир.
Бас, ҳолат шундай экан, сен ўзингнинг қайси тоифадан эканингга эътибор бер! Кимлардан ибрат олаётганингга холис қара. Аллоҳ ўзи учун қилинганидан бошқа бирор илм ёки амални қабул этмаслигини хотирингдан чиқарма.

Иҳёу улумуд-дин

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…