Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 29, 2017 - 950 Views

Ислом оламини маҳв этган коррупция

Коррупция ҳақида жуда кўп гапирилади, у билан доим курашилади, қонунлар қабул қилинади, бироқ буларнинг барига қарамай у қандай бор бўлган бўлса ҳозир ҳам шу тарзда мавжуддир. Коррупция инсоният мубтало бўлган давоси йўқ касалликдир. Ундан воз кечиш осон эмас.

Коррупция тарқалган мамлакатлар харитасига назар ташлар эканмиз, коррупция энг кўп тарқалган жойлар мусулмон мамлакатлари эканини кўрамиз. Коррупция кам урчиган жойлар эса, Европа, АҚШ ва Канада эканини кўриб, ҳайрон бўлиб ҳам қўйамиз.

Бу гуноҳ учун Аллоҳ таоло жазо беражагини яхши билган мусулмонлар, нега бу иллат домига ғарқ бўлдилар экан-а!? Ғайридинлар кўп яшайдиган мамлакатлар эса, бу иллат устидан қандай ғалаба қозондилар экан? Ва ниҳоят ижтимоий зулм ҳисобланган коррупцияга Исломнинг муносабати қандай?

Халқаро Ислом уламолари иттифоқининг Бош котиби Али Қорадоғий ўзининг жума маърузаларининг бирида маъмурий коррупция муаммосига тўхталиб ўтди. Ўз маърузасида олим мазкур муаммони коррупциянинг энг хавфли тури эканини эслатди. Коррупциянинг ушбу тури коррупциялар ичида энг хавфлиси, хусусан молиявий коррупциядан ҳам хавфли эканини, чунки маъмурий коррупция бошқа коррупциянинг асоси, сабаби ва асли эканига урғу берди.

Маъсул шахс маълум бир мансабга етарли малакага эга бўлмаган одамни тайин қилиши ҳам маъмурий коррупциянинг яна бир кўринишидир. Мазкур одам бошқа соҳаларда етарли салоҳияти эга бўлса ҳам. Яъни, ҳар бир касб талаб қилган ўзига хос хусусиятлари бўлади. Қуръони каримда ҳам бунга ишоралар бор. Озиқ-овқат махсулотларини тақсим қилишга ҳамда давлатнинг кирим ва чиқим харажатларига маъсул бўлган хазинабонлик лавозимига ўз намзодини таклиф қилган Юсуф алайҳиссалом воқеасини олиб кўрайлик.

Юсуф алайҳиссалом, шунга ўхшаш таклиф билан чиқиши билан бирга иккита муҳим шартни ўртага ташлади, яъни бу маъсулиятни бўйнига олаётган инсонда бўлиши керак бўлган сифатларни зикр қилади.

 Биринчи шарт: бундай одам ўз соҳасининг билимдони бўлиши керак.

 Иккинчидан – у ҳалол-амин бўлиши, Аллоҳ таолодан қўрқадиган – тақводор бўлиши керак. Юсуф алайҳиссалом подшоҳ билан учрашганида унга: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди. (Юсуф сураси,  55 оят)

 Мазкур оятда “муҳофаза” қилувчи сўзининг маъносига эътибор қаратиш керак бўлади. Юсуф алайҳисаалом айтди, “мен муҳофаза қилувчиман”, яъни мен аминман ва менга шундай маъсул вазифани (мансабни) бемалол топширса бўлаверади. У бу ҳақида тўғридан тўғри айтади, чунки ушбу сифатларга эга эканини у амалда исботлаб қўйган эди. Масалан, азизнинг хотинининг макрига учиб харом ишга қўл урмайди. Ўшанда уни гуноҳ ишни содир қилишидан тўсган ягона нарса Парвардигорига бўлган тақво эди. Аллоҳ таоло Юсуф алайҳиссаломга чиройдан ташқари нарсаларни таҳлил қилиш ҳамда уларнинг моҳиятини чуқур англаш учун ақл ато қилиб қўйган пайғамбарлардан эди.

 Касбий яроқлик

 Инсон проффесионал сифатида ўз касби талаб қилган барча нарсаларни яхши билиши керак. Масалан, жисмоний меҳнат соҳасида керак бўлган сифатлар ақлий, илмий соҳалар учун етарли бўлмаслиги мумкин. Бунга Мусо алайҳиссалом воқеасини мисол қилишимиз мумкин. Кунларнинг бирида у Шуъайб алайҳиссаломнинг қизларига сурувини суғоришда ёрдамлашиб юборганидан сўнг, уларнинг бири отасига Мусони ишга ёллаб олишини илтимос қилади: Икки (қиз)дан бири: «Эй отагинам, уни ишга ёллаб ол. Чунки ишга ёлланадиган энг яхши кимса кучли ва ишончли кимсадир», деди. (Қасас сураси, 26 оят)

 Таъкидлаш керакки, бу ерда билим ёки ақлий имкониятлар ҳақида сўз бораётгани йўқ, чунки Мусони жисмоний куч-қувват кўпроқ талаб қилинадиган қишлоқ хўжалик ишларига ёлламоқчи бўлишган эди. Масъул одамнинг сифатлари ҳақида сўз борган бошқа оятлар каби мазкур оятда ҳам жисмоний ёки ақлий меҳнат ҳақида сўз боришидан қатъи назар, ҳамиша битта муҳим сифат алоҳида таъкидланади. Инсонни ишончли (амин) қиладиган сифатларнинг бири унинг тўғри сўз – ҳалол бўлишидир, яъни унга тўлиқ ишона оласан.

 Профессионал маҳоратни жойида қўллаш бўйича Мусо алайҳиссалом фиравн олдига боришга буйруқ олганида, Аллоҳ таолодан оғаси Ҳорунни ҳам бирга боришига рухсат сўрайди (Қуръони карим, 28:34). Мусо алайҳиссалом фиравн билан тортишиш эҳтимоли борлигини яхши тушунади. Ҳарун эса унга қараганда бурро эди.

 Қуръони карим оятлари ҳар бир касбнинг ўзига яраша хусусиятлари борлиги ҳақида зикр қилади. Раҳбарлик қилаётган одам эса шу нарсаларни ёдда тутиш керак ва қуйидаги иккита шартга амал қилиши керак.

 Бириничи, инсон аввало касби талаб қилаётган нарса ўзида борми ёки йўқми назар солиши керак бўлади. Агар у раҳбар бўлса у ёки бу мансабга даъво қилувчилар юқорида зикр қилинган сифатларга эгами ёки йўқми назар солиши лозим. Ва Қуръони каримда бир неча марта такрор бўлган иккинчи шарт – бу ишончли бўлишдир.

 Ҳалоллик йўқолганда

 Агар қандайир сабабларга кўра, раҳбарлик лавозимини эгаллаб турган шахс кимнидир ишга олаётганида (ёки кимнидир маълум бир ишга тайин қилаётганида) юқорида зикр қилинган шартларни инобатга олмаса, Қуръон ва Суннатга кўра, маъмурий коррупция ҳудудига ўтиб қолади, бу эса, ўз ўрнида ёлғон ва абадий дунёда ҳам хавфли оқибатларни келтириб чиқариши мумкин. Шу баҳона Расулуллоҳ с.а.в ҳаётларидаги бир воқеани эслаб ўтиш жоиз: Абу Ҳурайрадан р.а. ривоят қилинади. Бир куни Расулуллоҳ  с.а.в.  мажлисларнинг бирида гапириб турсалар, бир аъробий келди-да, «Қиёмат куни қачон?» деб сўраб қолди. Расулуллоҳ  с.а.в.  (унинг гапига парво қилмай) сўзлашда давом этавердилар. Баъзилар: «Расулуллоҳ  с.а.в.  унинг гапини эшитдилар-у, лекин маъқул кўрмадилар», дейишди. Баъзилар эса: «Эшитмадилар, шунинг учун сўзлашда давом этдилар», деб фикр билдиришди. Қачонки, Расулуллоҳ  с.а.в.  сўзлашдан тўхтаганларида: «Қиёмат ҳақида сўраётган қани?» дедилар. Ҳалиги сўраган киши: «Мен эдим, эй Аллоҳнинг расули», деди. Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар омонат зое этилса, қиёматни кутавер», дедилар. У киши: «Нечук зое бўлади?» деган эди, Расулуллоҳ  с.а.в. : «Агар ишлар унинг аҳли бўлмаган кишилар қўлига топшириб қўйилса, қиёмат кунини кутавергин», дедилар. Имом Бухорий ривояти.

 Ислом уламолари Расулуллоҳ с.а.внинг ҳадисларига икки хил изоҳ беришган.

 Биринчи: пора эвазига, қариндош-уруғ бўлгани учун ёки бировнинг воситачилик қилгани учун (таниш-билиш орқали) ишлар унга топширилади. Бу эса, қиёмат қоим бўлишининг энг катта аломатлари ҳисобланади, чунки бу тарзда ҳаракат қилиш ер юзидаги тартиб-интизомни издан чиқишига олиб кетади.

 Бошқа уламолар эса, мазкур ҳадисни қуйидагича шарҳлайдилар: «Қиёматни кут», яъни (ҳалолликдан маҳрум) ҳаёт тартибининг, унга асосланган ҳукумат ва халқларнинг охири келишини кутгин, чунки Қиёмат қоим бўлган пайтда ҳамма нарса вайрон бўлгани каби ҳалолликнинг йўқлигига асосланган вазиятлар ёмонлашиб, низомлар вайрон бўлади. Бугун аксар мамлакатларда ушбу башоратларнинг амалга ошганининг гувоҳи бўлиб турибмиз. Айниқса бу нарсалар мусулмонлар яшаётган жамиятларда ҳам кўп учрайдиган бўлиб қолди.  Баъзи ҳукуматлар бу иллат билан астойдил курашяпти ҳам, бироқ улар тарафидан ўртага ташланган ташаббус ривож топмай муаммо ҳал бўлмаяпти ва бу йўналишдаги ҳаракатлар тўхтаб қолмоқда. Ислоҳатларни қаердан бошлаш ҳам тушунарлисиз, чунки коррупция ҳаётимизнинг барча соҳаларига илдиз отган: адлия, таълим, харбийлар ва ҳоказо. Бунинг барчасига эса, энг бошида у ёки бу мансабни кимга бериш ҳақида қарор қилинаётгани сабаб бўлган. Шу тарзда маъмурий коррупция шаклланган. Энди эса, ҳаммаёкда унинг метастази тарқаган ва энди у билан курашиш жарёни жуда оғир кечади.

 

Манба: IUMS Online

Абу Муслим таржимаси

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…