Джумла

ИЙМОН ВА... ХАРАЖАТ

 Ислом инфратузилмаларининг ривожи ҳақида айрим мулоҳазалар

 Мусулмонлар орасида диний таълим, маросим ва байрамлар текин бўлиши керак, деган қандайдир тасавур бор. Ҳатто диний адабиётлар ҳам текин бўлиши керак, деган қарашлар ҳам йўқ эмас. Албатта, эҳтиёжманд, ногирон ёки  нафақахўрларга бу борада ёрдам қўли чўзмоқ – кони фойда. Бироқ тўрт мучаси соғ, имконияти бор мусулмонлар эҳтиёжларини кимдир четдан келиб қондириши керак, дегандай кутиб вақт ўтказишини ҳеч нима билан оқлаб бўлмайди. Бундай боқиманда кайфият ўз зарар келтирса келтирадики, асло фойдаси йўқ. Ажаб, уй-жойга эҳтиёж бўлса, иморат соламиз, оғиримиз енгил бўлиши учун маркаб оламиз, ўғил-қизлар тўйини-ку қулоққача қарз бўлсанг-да, “бировлардан кам бўлмаслигига” интиламиз, кийим-бошнинг охирги русумига пулни ая йўқ... Бироқ Исломга (аниқроғи, Ислом инфратузилмаларининг маҳсулотлари)  келганда фикр ўзгача: “улар текин бўлиши керак”.
 Биродар, текин бўлган нарсаларнинг сифати ҳам... текин бўлади-да. Шу маъқулми сизга? Йўқ? Балли. Агар биз кимнидир қизиқтира оладиган ва бирон нарсага таъсир қила оладиган сифатли ва рақобат бардош маҳсулотларни истар эканмиз, унинг нархи ҳам шунга яраша бўлишини англашимиз керак.
Бу дунёдаги ҳар қандай фаолият, маҳсулот, ресурс ўз қийматига эгадир.  Аллоҳ таоло шундай яратган, буни тан олиш айб эмас. Боз устига, мусулмонларнинг динида бизнес одоблари, меҳнат, жамғариш, истеъмол қилиш ва соғлом капитализм масалалари батафсил баён қилинган-ку?! Бойликаа муносабат соғлом, исломий бўлиши керак. Саҳобалар ҳаётига назар солинг – улар Аллоҳ йўлида пул сарф қилишда ўта сахий эдилар. Аммо шу билан бирга пулнинг қадри ва кучини жуда яхши билишган.   Уларнинг ҳеч қайсиси Пайғамабаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламдан динга бўлган қизиқишлари учун пул талаб қилишмаган.
Ҳар қандай маҳсулот – китоблар, нашидлар концерти, таълим учун барибир кимдир пул сарф қилиши керак. Концерт заллари, нашриётлар, ўқитувчилар хизмати учун ҳақ тўланиши керак. Ҳатто Аллоҳнинг Қуръони ҳам барча учун раҳмат ўлароқ нозил бўлган. Бироқ тайёр китоб шаклида эмас. Уни тайёрлаш, нашр этиш муайян ҳаракат ва ҳаржат талаб этади. Буни эса бепул амалга ошириб бўлмайди. Савобталаб ҳомийлар бундай хайрли ишга Аллоҳнинг розилиги учун бош қўшадилар, албатта. Шу баробарида уларни сотишни йўлга қўйишса, бандан ажабланмаслик керак.   Тўрт мучаси соғ, имконияти борлар айни масалада кимнингдир эҳсонини кутиб юриши... уят эмасми?  Ногиронларнинг узри бор, соппа-соғлар-чи?.
Қуръони каримни савдо расталарида сотилиши шаккоклик,  Аллоҳнинг каломи билан даромад кўриш мумкин эмас, деб айюҳаннос соламиз. Саудия қиролининг пулига чоп қилинган ва бепул тарқатилаётган китобларга эса қўл чўзамиз. Қойиллатиб ўқиб, ўқиганимизга амал қилсак-ку, хўп-хўп, бироқ Аллоҳнинг Каломини уйнинг кўринарли жойига қўйиб, унга жиҳоз сифатида қарашнинг ўзи, жуда юмшоқ айтганда, уят эмасми?
Китоб нашри – кўп харажат талаб қиладиган қийин ишдир. Айниқса, диний мавзудаги китоблар нашри ўта масъулиятли ва нозик ишдир. Бунда малакали муҳраррир  топишнинг ўзи  мураккаб. Муҳаррирдан ташқари мусаҳҳиҳ, таржимон, муаллиф бошини бир қилиб, ўн босма табоқли китобни тайёрлашга қанча вақт, сабр, ҳаракат ва ҳаражат керак бўлади?..  Агар ношир китобларини текин тарқатса, ғирт ўзбекча айтганда, “уйини қайдан топади”? Ҳозирги интернет гуллаб-яшнаган замон, яъники  китоб чиқариб, бойиб кетиш ҳақиқатга кўпам тўғри келавермайди. Айни шу юмуш бошида турганлар эса , аксарият ҳолларда савоб учун иш қилмоқдалар. Олган фойдаси  қора қозони қайнашига етса, бас. Агар фақат фойда кўриш, бойиб кетиш мақсади бўлганида эди, шу ишларга тиккан сармоясини бошқа нарсага сарфлаб, ўн чандон  кўпроқдаромад қилишга кўзлари етади. Ишонаверинг... Шу оддий нарсаларни ҳам тушунтириб ўтиришнинг ўзи ажиб ҳолат эмасми?
Қисқаси, биз нашидалар концерти, болалар байрами, маросим, масжид, мадрасаларни хоҳласак, бирор “диндор ҳомий” келиб, харажатларни бўйнига олиб,  ташкил қилиб, бизларга таклифномалар юборишини кутиб ўтирмасдан, улар учун  ўзимиз пул сарф қилишимиз кераклигини  ўрганишимиз керак. Масалан, Ғарб ва мусулмон мамлакатларида бўлгани каби бизда ҳам Сами Юсуф концерт беришини хоҳлаймиз. Бунинг учун, нима, Сами Юсуф ўз ҳисобидан юртимизга келиб, энг катта концертхонанингн отнинг калласидек ижара пулини ўзи қоплаб, бизга чипларини текинга тарқатиши керакми?
Талаб бор экан – унга яраша таклиф ҳам бўлиши керакда. Ҳаммаси оддий. Фақат шу ҳолатдагина у ҳаётий, муваффақиятли ва профессионал бўлиши мумкин.  Агар биз динимиз, Исломга бўлган қизиқишимиз учун, исломий инфратузилмалар, маросим ва маҳсулотларга маблағ сарф қилишга тайёр бўлмас эканмиз, ўзимизга савол берайлик – бизга Ислом керак-ми? Ахир, бу бизнинг имонимизнинг реал кўрсаткичидир. Исломга бўлган муҳаббатимиз ҳақида  қуруқ гапдан фойда йўқ, фақат Аллоҳ йўлида Ислом учун қанча вақт, куч ва пул сарф қилдик,  шуниси муҳимдир.
 Боқимандалик кайфиятидан озод бўлиши керак. Пул  билан ҳам Исломни қўллаб-қувватлаш мумкинлигини ўрганишимиз керак. Бу ҳам иймон саломатлигининг белгиси ҳисобланади. Албатта, истисно ҳолатлар ҳам бор.  Муҳтож одамларга ёрдам қилиш лозим.
 Қачонки одамлар ўзларининг шахсий пулларини ўз ихтиёрлари билан сарф қила бошласалар – қўлга киритган нарсаларига кўпроқ эътиборли бўлишига, уларнинг қадрига етиши, масъулиятни ҳис қилишига сабаб бўлади. Агар нимадир текин қўлга киритилган бўлса, уларга муносабат ҳам шунга яраша бўлади-да. Текин нарса кам қадрланади.  Ҳалол диний хизмат ва маҳсулотларга маблағ сарф қилинишининг  ўзиёқ мақбул ва кифоя бўлган амалдир. Шулар билан бирга сиз Исломнинг ривожи  ва унинг қувватига ҳисса қўшаётганингизни асло унутманг.
Хизмат ва маҳсулотлар мукаммал сифатга эга бўлмаса ҳам барибир уларга сарф қилишдан чўчимаслигимиз керак. Чунки, шу билан сиз уларнинг ривожига улкан ҳисса қўшаётган бўласиз. Акс ҳолда, яъни бегоналарнинг номи чиққан “бренд” маҳсулотлари ёки бошқа сифатли нарсаларни танласангиз, ўзимизнинг инфратузилмаларимиз яхшиланмайди. Уларга етарли даражада талаб бўлмагани боис касодга учраши ҳам мумкин. Албатта, ҳеч нарсага парво қилмай Ислом, Шариат ва Ҳалол тамғалари бор барча нарсалар учун пулларингизни сарф қилинг, демоқчи эмасмиз.  Бирон нарса ёқмаса, яхшироғини излаш керак, аммо шу ўринда биродарлар таклиф қилаётган нарсалар чегарасидан чиқмаслик имкониятини ҳам қилиш керак. Бундай ёндашишлар тадбиркорларимизни рағбатлантиради. Шундай қилиб,  рақобатга дош бера олмайдиган хизмат ва маҳсулотлар ўз-ўзидан йўқ бўлади,   ҳақиқий талабга эга бўлган нарсаларгина қолади. Сўнгги вақтларда нега муслима аёллар либоси сотиладиган дўконлар кўпайиб бормоқда? – чунки муслималар ўз либослари учун пулларини сарф қилишмоқда. Талаб бор экан – саноат ҳам ривожланади.
Шу ўринда мавзуимизга бевосита бўлмаса-да, билвосита тааллуқли бўлган яна бир масалага тўхталиб ўтишга эҳтиёж сездик. Орамиздаги баъзилар масжидлардаги эҳсон қутиларига тушаётган хайр-эҳсон пуллари сарфина шубҳа билан қарайдилар. Эҳтимол, бу борадаги муаммо бироз бўрттирилгандир, аммо шубҳали муносабатда бўлишга  майда асосчалар ҳам йўқ эмасдай.... Мамлакатнинг катта масжид имомларидан бири таътилга чиққанида эҳсон тушуми кўпайгани, таътилдан қайтгач, яна камайган ҳақида узуқ-юлуқ гаплар юради... Майда гап ҳеч кимга фойда келтирмайди, аксинча. Фитна уруғини сочиши мумкин. Фитна эса, Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, “...қотилликдан ҳам ашаддийроқдир”. Модомики, бу борада шубҳа пайдо бўлган экан, ҳисобот талаб қилишнинг қийин жойи йўқ.  Текширишга сабабчи бўлишнинг ҳам уят эмас.  Шубҳа-гумонларга аниқлик киритиш  йўлидаги амалларни фақат олқишлаш керак. Зеро, масжид – давлат корхонаси эмас, Аллоҳнинг уйи ҳисобланади: бу даргоҳ барча мўминлар учун очиқдир.
Мабодо, эҳсонинг пул шаклида бўлмаса, марҳамат, масжид учун қурилиш молларини олиб беринг; ҳеч бўлмаса таҳоратхона учун ўнта совун хайр қилинг;  деразанинг синган ойнасини алмаштиринг, жума намозидан кейин масжидни тозалашга ёрдамлашинг...
 Масжидлар хайрия пуллари эвазига фаолият юритади.  Эҳсонлар иссиқлик, жойнамозлар, сув ва тоза таҳоратхона эҳтиёжи учун сарфланади одатда.  Яъни, эҳсон ўзимизга қайтади.  Илло, дин хизматида юрган ёки шу хизмат доирасида тирикчилик қилаётганларни билиб-билмай маломат қилманг. Масалан, масжид имомлари ёки бошқа уламолар кўпинча маломат нишонига айланишади. Масалан, бундан уч-тўрт йил олдин шайх ҳазратларига қуйидаги саволлар келиб тушган эди: “Ҳазрат. Саволим, масжид ходимлари масжидга тушган эҳсон, закот ва бошқа шунга ўхшаш молиявий нарсаларни ўз эҳтиёжлари (яъни масжид ёки бошқа бир муҳтож инсонларга эмас) учун ишлатсалар бўладими? Агар мумкин бўлса, унинг адади чегаралари қай даражада бўлади? Саволдан мурод, бир масжидда тушган  пуллар шу масжид ишчилари ўзаро бўлиб олишар ва бу пул орқасидан ўз уйларини замонавий таъмирлар ва автоуловлар сотиб олишар экан. Шуни кенгроқ ёритиб берсангиз, чунки ҳар бир эҳсон қилувчи савоб умидида бўлади ва у берган нарса шу йўлларда ишлатилганини эшитса, хоҳламаса ҳам кўнгли ғаш бўлади. ИншаАллоҳ, биз шу жавобдан эҳсон қилиш одоблари ва эгаларини топиб эҳсон қилишни ўргансак. Олдиндан раҳмат, Аллоҳ сизни ўзи рози бўладиган бандаларидан қилсин....

Жавоб (Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф, роҳимаҳуллоҳ):
- Масжидга тушган пулдан сиз айтган ишларни қилишга имкон йўқ. Масжидларга у миқдорда пул тушмайди. Ишонмасангиз, истаган масжидга бориб текшириб кўришингиз мумкин. Яқинда мавлид маросими қилиб, одамлардан пул жамлаган масжид одамлари икки юз минг сўм тушганини айтишди. Сиз ўзингиз масжидга қанча пул бергансиз, ўйлаб кўринг. Ўзингиз танийдиган одамлардан сўраб кўринг. Қанча пул беришган экан? Ҳозирги кунда энг камбағал муассасалар масжидлардир десак, муболаға қилмаган бўламиз. Жамиятда масжидларда пул кўп бўлади, деган фикр тарқалиб қолган. Одамлар топганини масжидга обориб беради, дейдиганлар ҳам йўқ эмас. Лекин ўша гапни айтганларнинг ўзидан, сен неча пул бердинг, масжидга, деб сўралса, мен бермаганим билан бошқалар беради, дейди. Қани ўша бошқалар, дейилса, жавоб бера олмайди. Аниқ билганлар бўлса, чиқиб айтсинлар.
Мен шахсан билган масжидларнинг кўплари электр пули ва бошқа чиқимларни одамлардан тиланиб юриб тўлашади. Тўғри, баъзи бир мозори бор масжидларда бунга етарли ёки ортиб қоладиган пул бордир. Аммо ҳамма масжидда эмас. Масжидга тушган пул автоуловлар ва бошқа нарсалар учунгина эмас, имом ва ишчиларнинг маошига ҳам етмаётгани масжид қавмларига маълум.
Охирги пайтда масжидга яқин йўламайдиган, масжиднинг бугунги ҳолидан бехабар баъзи кишилар сиз айтганга ўхшаш гапларни матбуотда ва турли ОАВларида тарқатмоқдалар. Бу гаплар асоссиздир. Гумон билан гап тарқатиш яхши эмас. Мен билган имом домлалар маош олишга имконлари йўқлари ҳам бор. Ўтган йили бир нечаларига мажбурий равишда энг оз иш ҳаққи белгиланди. Агар имомнинг машинаси бўлса, бошқа даромад манбасидан олиши мумкин эмасми? Масжидларнинг тафтиш ҳайъатлари бор. Тушган ҳар бир сўмнинг ҳисоби бор. Масъул идоралар ҳам текшириб туради.
Сиз ўз саволингизда “бир масжидда тушган барча шунга ўхшаш пулларни масжид ишчилари ўзаро бўлиб олишар ва бу пул орқасидан ўз уйларини замонавий таъмирлар ва автоуловлар сотиб олишар экан” дебсиз. Ким ўшалар? Қайси масжиднинг одамлари? Қайси уйларини таъмир қилишибди? Қайси автоуловларни сотиб олишибди?
Кўпгина масжидларда жума кунлари имом домлалар минбарда туриб, фалончи писмадон учун икки минг сўм берибди, писмадон фалон ниятда ўн минг берди..... дея бирма бир рўйхатни ўқиб, ортидан дуо қиладилар. Агар бирор киши унутиб қолдирилса, дарҳол жанжал кўтаради. Ҳар бир одам ўзининг берган нарсасини суриштиради. Мен бу билан масжид ходимларининг барча фаришталар демоқчимасман. Баъзи ҳолатларда нотўғри ишлар ҳам бўлиши мумкин. Аммо масжидга тушган маблағни ўзаро бўлиб олиш, уларга автоуловлар олиш каби гаплар имкони йўқ ишлар ҳақидаги уйдирма ва бўҳтондан бошқа нарса эмас. Бундай гапларни тарқатаётганлар ўйламай нетмай хаёлига келган гапни тарқатиш ўрнига масжидга борсин. Имом, мутавалли ва бошқалар билан гаплашсин. Маошини сўрасин. Тушадиган даромадни сўрасин. Ўзидан ўзи умри бўйи масжидга неча сўм беганини ўйлаб кўрсин. Таниш билишлардан, ёр-дўстлардан, маҳалла-кўйдан неча марта ва қанча миқдорда масжидга пул берганини суриштирсин. Ундан кейин хулоса чиқарсин. Ишончим комилки, сўралганлардан кўплари, мен берганим йўқ-ку, аммо бошқалар беради, дейди. Аммо бирор кишини кўп пул берганини, масжид ходимлари ўша пуллардан замонавий уйлар қуриб, автоуловлар сотиб олганини исботлаб бера олмайди”.
 
Яна бир бошқа шунга ўхшаш саволга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳимаҳуллоҳ, қуйидагича жавоб берганлар:
“...Жума куни ушбу маънодаги саволга жавоб бериб, кейин жума намозга бордим. Намоздан кейин имом домла ва масжид ходимларига мазкур саволнинг маъносини айтдим. Имом ва масжид ходимлари тушган эҳсонларни ўзлаштириб, ҳовли қуриб, автоуловлар олишар экан, деган савол келди, дедим. Шунда мутавалли қуйидагиларни айтди: “Уйи йўқ, ижарда ўтирган имомларни ким гапиради!? Автоулови йўқ чиптага пул сўраб юрган имомларни ким гапиради?! Бизга берилган ҳар бир сўм учун тўлов қоғози ёзиб, берган одамнинг қўлига тутқазамиз. Агар буни қилмасак, балога қоламиз. Тушган пулларни маълум қисмини диний идорага ўтқазамиз. Масжид атрофидаги ёрдамга муҳтожларга имкони борича ёрдам берамиз. Авваллари имом билан масжид қавми орасида шартномалар тузилган. Имом қавмнинг диний хизматини қилади. Қавм имом ва унинг оиласини турар жой, озиқ-овқат ва бошқа эҳтиёжларини таъминлайди. Ҳатто ўтинни ёриб беради ва ҳоказолар. Ҳозир эса, бир кунлик харажатни қоплайдиган маблағни ойлик дейилмоқда ва имом еб кетди, деб жар солинмоқда.
Ўтган даврларда халқимиз ўзи емай уламоларга едирган, ўзи киймай уламоларга кийдирган, ўз ҳаётини хавфга солиб уламоларни ҳимоя қилган.
Бугунги кунга келиб, баъзи одамлар олимларни, имомларни мазаммат қилишга ўтдилар. Уларга нисбатан нолойиқ муомала ва тухматлар қилишга ўтдилар. Бу ишда улар номусулмонлардан ўрнак олишаётган бўлсалар, ажаб эмас.
Аммо ушбу мактубни ёзган азиз биродаримиз каби ҳақиқатни тушунадиганлар кўп, алҳамдулиллаҳи! Шу билан бирга бошқаларга ҳам билдириб туришимиз керак, беодобларни одобга чақириб туришимиз керак.
Марҳамат қилиб, бу борада фикр ва мулоҳазаларингизни ушбу сайтга ёзишингизни сўрайман!
Аллоҳ яхшилик қилувчиларнинг ажрини зое қилмас!”
 
 Манбалар  асосида
Абу Муслим тайёрлади

Иймонда собит қил

Ватандан олис бўлган Европанинг бир шаҳри. Нотаниш, бегона ва гуноҳлари кўплиги билан қўрқитадиган шаҳар. Баъзан: “Бу ерга қандай келиб қолдим ва бу ерларда нималар қиляпман...
Она юртим, она ватаним, чаманим қанисан?...
Қани ўз кўринишлари билан Яратувчини ёдга соладиган мастура қизлар?.. Нега мен азон эшитмаяпман. Маҳалламиздаги масжидда жума намозга йиғилган машиналар туфайли йўлдан ўтиб бўлмас эди. Қани шуларнинг ҳаммаси?.. Буларни йўқотиш ва атрофдаги нарсалар олдинги нарсалар эмаслигини кўргач, унинг қадрини тушунар экансиз. Ўзига маҳлиё қиладиган ярим ялонғоч қизлар, маст сархуш эркаку-йигитлар, чекувчи аёллар, бефарқ чеҳралар, ҳар ким фақат ўзинигина ўйлайди... Бундай муҳитда иймонни қандай саломат сақлаш мумкин?
Ватанимдаги ҳаётим хотирасига кўп ғарқ бўладиган бўлдим... Аллоҳ таоло менга кўп синовларни берди ва отам кўриб жаҳли чиқмасин, дея намозларимни холис ва яширинча адо қилар эдим, кўп дуолар қилардим. Кўчага чиқаётганимда рўмолим орқага ўралган бўларди, дарвозадан чиққач эса, бошқа аврат жойларимни (бўйинларимни) ёпиб олардим. Яқинларим кўриб қолишидан ва бунинг орқасидан маломат тошлари ёғилишидан қўрқар эдим...
“Замонавий ва нормал қиз” бўлишим ҳақида онамдан эшитмаган сўзларим ҳам қолмаган...
Ё Аллоҳ! Сендан ёлвориб сўрайман, менга солиҳ эр насиб қил! Қанча-қанча кўз ёшлар, қанча-қанча дуолар... Фақат Аллоҳгагина таваккул қиламан... Аллоҳ таоло сен билан бирга ва у мададкор эканини англаш нақадар зўр. Мана шундай ҳолатларда сабр ҳақида ҳадисларни кўп ўқир эдим.
Аллоҳ таоло пайғамбаримизга (с.а.в) айтади:
“Қалбини Ўз зикримиздан ғофил қилиб қўйганларимизга ва ҳавойи нафсига эргашиб иши издан чиққанларга итоат қилма”. (Қаҳф сураси, 28-оят)
Ва мана... Турмушга чиқдим. Аллоҳ таолога чексиз ҳамдлар бўлсинки, у менга айнан мен истаган эрни насиб қилди, Алҳамдулиллаҳ. Энди уйдан узоқда бўлсам ҳам ибодатларимни бемалол адо эта оламан, алҳамдулиллаҳ. Ўйлашимча, шунча қийинчиликлардан кейинги енгилик мана шудир!  Бироқ шундай бўлса ҳам қандайдир бошқача ҳолат ва бир нарса етишмаётганидек... Ва айнан ўша ўтмишдаги қийинчиликлар етишмаётганини тушунгандекман...
Намоз, дуо, таваккул ва кўз ёшларда ихлос етишмаяпти... Бўш вақтим жуда кўплигидан нима истасам шуни қила оламан... Бироқ булар ҳам бир синов-да, бўш вақтларим ҳақида ҳам сўраламан-ку. Бу вақтларни ибодат ва савоб ишларни қилишга сарф қилдими ёки кераксиз теледастурларни кўриш билан бўш вақтимни ёқиб, унинг кулини кўкка совириб юбордимми? Ҳозир мен телевизор кўрадиган бўлиб қолганман, унда эса бемаъни фильмлар-у, шайтоний мусиқалар мавжуд, олдинлари эса, бу нарсаларни ўзимга эп кўрмас эдим...  
Намозларим хушуъсиз адо қилинмоқда, вақтимни эса кераксиз нарсаларга сарф қилмоқдаман...
Йўқ... йўқ... мен иймонимни йўқотаётганим йўқ... Шу нарсаларнинг барчаси катта синов эканини тушунишни бошлаяпман... Агар мен ўзимни тўхтата олмасам ва яхши тарафга ўзгаришни бошламасам мен ҳалок бўламан, чунки Қуръони каримда айтилади:
“Албатта, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича, Аллоҳ уларнинг ҳолини ўзгартирмас” (Раъд сураси 11-оят)
Иблис одамни: “Исломдан воз кеч, иймон келтирма” деб тўғри йўлдан урмайди, чунки бундай ҳаёллардан одам ҳазар қилади ва бундай чақириқларга у асло эргашмайди. Бироқ иблис ўта айёрдир. У одамни Ислом йўлидан аста-секинлик билан, ўта маккорлик билан узоқлаштириб боради. Аввалида намозлардан, сўнг зикр қилмаслик, сўнг намозларни хузъусиз адо қилишни “ўргатади”. Ақл-хушингизни турли хил кераксиз нарсалар билан банд қилади. Аста-секин Аллоҳ таоло учун ибодатларга вақт ҳам камайиб боради, гуноҳлар эса кўпаяди. Аввалига майда гуноҳ бўлса ҳам Кимнинг олдида гуноҳ қилаётганингни унутиб, майда ва кичик гуноҳлар учун дарвозангни очасан...
Ва мана иблис инсонни тўғри йўлдан чалғитишга жуда яқин турибди-да...
Йўқ, тўхта! Бунга йўл қўймаймиз! Ё Аллоҳ! Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” (Аллоҳдан бошқа бирор куч-қувват йўқ). Нафс ёмонлиги ва иблисга қарши мадад сўрайман! Мени тўғри йўлдан оздирмагин ва менга исломдагина ҳаёт ва ўлимни ато эт!
Ҳурматли акалар-укалар, опа-сингиллар!
Агар иймонингиз заифлашаётганини хис қилсангиз, нима еяётганингизга, нима кўраётганингизга, нима ҳақида ўлаётганингизга ва атрофингизга бир назар солиб кўринг. Агар яхшилаб тафаккур қиладиган бўлсангиз иймонни заифлаштираётган нарсаларнинг сабабларини топасиз. Уларни топдингизми, тезда уларни бартараф қилишга шошилинг. Бу масалаларда муроса йўлини қидирманг, иблис сиз билан муроса қилаётгани йўқ-ку, у қандай қилиб бўлса ҳам сизни тўғри йўлдан оздиришга доим хушёр турганини унутманг. Ҳар доим бирон бир суннатни тарк қилганингизда ёки бир гуноҳ қилганингизда истиғфор қилмаслигингиз уни хурсанд қилади. Аллоҳ таолони яхши кўрсангиз ва жаннатда пайғамбаримиз (с.а.в.) билан бирга бўлишни истасайсиз-ку! Шундай экан иблисга асло эргашманг! Ўзингизни вақтида тўхтата олинг, акс ҳолда шайтони лаъин сизни жаҳаннамга етаклаб кетади ва сўнгги лаҳзангиз шаҳодат калимаси бўлиш ўрнига қандайдир хит қўшиқ бўлиши ёки мол-дунё фикри ё Аллоҳдан ҳам кўра яхши кўрадиганлар ҳақида бўлиб қолади (Аллоҳ сақласин).
Аллоҳ таоло солиҳлар йўлини ато қилиб, ҳаром йўллардан ўзи ҳифзу ҳимоясида сақласин!
Омин!

Марьям Ашурова,
Абу Муслим эркин таржимаси

Иймоннинг даволаш ва организм ген кодларини ўзгатириш хусусияти бор

Вақти вақти билан ОАВ орқали ҳалокатли касалликлардан мўъжизага кўра шифо топганлиги ҳақидаги хабарлар эълон қилинади ва шифокор ва олимларнинг юзида, одатга кўра, истеҳзоли табассум пайдо бўлади. Замонавий тадқиқот усуллари билан тасдиқланган, рад қилиб бўлмайдиган фактлар ҳақида сўз борсада, анъанавий тиббиёт ёки бунга қўл силтайди, ёки беморнинг кутилмаган соғайишини дастлабки ташхиснинг нотўғри қўйилганлиги билан тушунтиришга уринади.
Лекин америкалик генетик Брюс Липтон, ҳақиқий иймон ёрдамида, фақат фикрлаш кучи билан инсон ҳақиқатда исталган касалликдан фориғ бўлиши мумкинлигини таъкидлайди. Ва бунда ҳеч қандай ғайритабиийлик йўқ: Липтоннинг тадқиқотлари кўрсатадики, йўналтирилган руҳий таъсир кўрсатиш ўзгартиришга қодир... организмнинг генетик кодини ҳам!

Саратон касаллигига қарши энг зўр восита - Иймон саломатлиги!

Шифокорлар, психологлар ҳамда жамиятшунослар ҳам ҳозирги кунда дунёда ўлимнинг энг олди сабабларидан бўлиб турган саратон касаллигига қарши курашиш мақсадида турли хил тадқиқот ишларини айнан мана шу ҳаёт кушандаси устида олиб бормоқдалар.
Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилоти берган маълумотларга кўра, 2012 йилнинг ўзида 14 миллион одам саратон касаллигига чалинган ва 8,2 миллион бемор ушбу касалликдан вафот этган. Ҳисоб-китобларга кўра, келгуси 20 йил ичида бу касаллик билан оғриганлар сони яна 70%га ўсиши мумкин.

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…