Джумла
islamonline.uz Written by  Sep 15, 2016 - 799 Views

Қуръони карим ва адабий-назарий қарашлар масаласи

Аллоҳ инояти билан пайғамбар ёшига етдим. Бутун умрим давомида жуда кўп бадиий, илмий китоблар ўқидим. Шахсий кутубхонамда бир дунё китоб бор. Булардан ташқари, Андижон, Тошкент, Москва шаҳарлари марказий кутубхоналаридаги китоблар билан танишдим. Турли «изм»ларга, турли таълимотларга доир китобларни кўрдим. Истиқлолгача ёзган китобларимда, мақолаларимда ўқиган китобларимнинг баъзи ғояларини тарғиб этдим.

Истиқлол туфайли эришилган улкан неъматлардан бири диний-маьрифий китобларни ўқиш, ўрганиш имкониятидир. Истиқлолдан сўнг Каломуллоҳ маъноларининг Абдулазиз Мансур, Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф қилган таржимаси, тафсири билан танишиш халқимиз учун улкан бахт бўлди.
Не-не буюк деб қаралган китоблар даврлар шиддатига, сиёсатлар зуғумига дош беролмай бугун кун тартибидан тушди. Аммо ўн тўрт асрдан ортиқ вақт ўтаётган бўлса-да, илоҳий мўъжиза - Қуръони карим оятларида бирорта хато топилгани йўқ, топилмайди ҳам. Фалакиёт, коинот, ҳайвонот, наботот, илоҳиёт ва табобатга доир оятларнинг нақадар тўғрилиги кун сайин тасдиғини топмоқда.
Биз ўқиган барча китобларни инсонлар ёзган бўлишса, Қуръони карим Аллоҳнинг сўзидир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уқтирганларидек: «Каломуллоҳнинг бошқа сўзлардан фазли Аллоҳ таолонинг махлуқотларидан фазлича юксакдир».
Исро сураси 9-оягида: «Албатта, бу Қуръон энг тўғри йўлга ҳидоят кдлур ва яхши амалларни қилувчи мўминларга, албатга, ўшаларга, улуғ ажр борлиш хушхабарини берур», деб марҳамат қилинади.

Аллоҳнинг ҳақ дини - Ислом таълимотининг асоси Қуръони карим араб тилида туширилди. Бу тил барча талабларга жавоб бера олади. Бошқа илоҳий китобларнинг асл нусхалари сақланиб қолмаган. У китоблар аҳли китоблари, динлари ҳақида ихтилофга тушишган, китобларига ҳам, динларига ҳам ўзгартиришлар киритишган. Қуръони карим эса бир ҳарфи ҳам ўзгармай, собит ва абадий мўьжиза бўлиб турибди. Зеро, Зухруф сурасининг 4-оятида: «Албатга, у (Қуръон) ҳузуримдага она китобдир, у олийдир, ҳикматлидир», деб марҳамат қилинади.
Қуръони карим оятлари илоҳий мўъжизалардир. Зумар сурасининг 6-оятида: «... У сизни оналарингиз қорнида уч зулмат ичида бир яратишдан кейин яна бошқа яратишга ўтказиб, аста яратадир», дейилган. Тафсирчи уламолар уч зулматнинг бири ҳомилани ўраб турувчи парда, иккинчиси бачадон, учинчиси қорин, деб жавоб берганлар. Замонамизнинг мутахассис олимлари илмий кузатишлар натижасида ҳомилани уч қаватли парда ўраб туришини исботлашди.
Муьминун сурасининг 14-оятида шундай дейилган: «Сўнгра (бу) манийни лахта қон қилиб яратдик, бас, лахта қонни парча ғўшт қилиб яратдик, бас, парча гўштни суяклар қилиб яратиб, (бу) суякларга гўшт қопладик, сўнгра (унга) жон киритиб, олдинги ҳолидак бутунлай бошқача бир вужуд пайдо қилдик. Яратувчиларнинг энг гўзали — Аллоҳ баракотлидир».
Анъом сурасининг 125-оятида: «Кимни адаштиришни ирода этса, кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўади», дейилган. Бу оятдаги «кўксини гўё осмонга кўтарилиб кетаётгандек, тор ва сиқиқ қилиб қўяди» муборак жумласи ҳам Қуръоннинг энг юксак илоҳий мўьжиза эканига далилдир. Зеро, бу оят туширилганида кўкка кўтарилган сари ҳавонинг сийраклашуви назарияси физика ва астромогия фанида кашф этилмаган эди.
Ҳомиланинг ривожланиш босқичлари айнан Қуръон оятларида кўрсатилганидек эканини ҳозирги илмий кашфиётлар тасдиқдамокда.
Рум сураси милодий VII асрда энг йирик давлатлар — Рум ва Форс ўртасида бошланган жангда Румнинг мағлубиятга учрагани, лекин яқин келажакда ғалабага эришуви ҳақида хабар беради. Чиндан ҳам етти йилдан сўнг Қуръон хабари исботланиб, румликлар форслар устидан ғалаба қилади.
Илм-фан ривожлангани сари Қуръондан узоқлашиш эмас, аксинча, унга яқин келиш, унинг мўъжизаларини кашф этиш кучая боради.
Ҳар қанча олишса ҳам жаннат неъмати тугамайди. Унинг дунёдаги ухшаши Қуръони каримдир. Унн инсонлар ҳар қанча ўргансалар ҳам, бирор нарса камаймайди. Аммо бу муқаддас китобнинг адабиётга таъсири масаласи ўзбек адабиётшунослигида жуда кам ўрганилган. Ҳамидулла Кароматовнинг «Қуръон ва ўзбек адабиёти» номли китоби бу борадаги илк тадқиқотдир.
Нажмиддин Комилов, Иброҳим Ҳаққулнинг тасаввуф илмига бағишланган китобларида бу масала умумий тарзда ўрганилган. Куръоннинг бадиий ижодга таъсирини ўрганиш фақат диний нуқгаи назарни ифодалаш бўлибгина қолмай, назарий қарашлар ҳамда мумтоз адабиётнинг асл илдизларини очишга, хусусан, Қуръони каримга боғлиқ эканини аниқлашга ҳам хизмат қилади.
Қуръон оятларини, қуръоний мавзуларни билмай туриб, мумтоз адабиёт ҳақиқатини англаш мумкин эмас. Бу масалани ўрганишда фақат Аҳмад Яссавий, Сўфи Оллоёр, Ҳазиний каби тасаввуф адабиёти вакиллари ижоди билангина чекланмасдан, ҳар бир мумтоз адабиёт вакилининг ижодини ўрганиш зарур. Чунки мумтоз адабиёт вакиллари ижоди қуръоний мавзулар билан чамбарчас боғлиқцир. Улар ижоди Қуръони карим оятлари тафсирлари билан боғлиқ ҳолда ўрганилсагина теран таҳлил юзага келади.
Билим Аллоҳнинг инсонга берган буюк неъматларидан биридир. Инсоннинг билим ва тажрибаси нечоғлик мукаммал бўлмасин, у Аллоҳ олдида ожиздир. Шунинг учун Қуръонга бўлган эҳтиёж ҳеч қачон сусаймайди.
Истиқлолгача, яъни, совет даври мумтоз адабиётимиз таҳлили, унинг асоси бўлган исломий ғоялардан узилиб қолгани боис мукаммал ҳисобланмайди. Бу ҳол ўзбек адабиёти тадқиқотчиларининг масалани тушунмаганидан эмас, балки коммунистлар мафкураси тазйиқи билан юзага келган, албатта.
Истиқлол туфайли очилган имкониятдан фойдаланиб, Қуръони карим оятларининг адабиёт назариясига, бадиий адабиётга таъсири масалаларини.ўрганишга ҳаракат қилдик. Ишимизда оятларнинг маъно таржималари, тафсирлари Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг олти жуздан иборат «Тафсири ҳилол» ҳамда «Ҳадис ва ҳаёт» китобларидан олинди. Ўрни келганида Абдулазиз Мансур амалга оширган “Қуръони карим маънолари таржималари, тафсирлари” китобига ҳам мурожаат этдик.

Қуръони карим ва адабий-назарий қарашлар масаласи

Қуръони карим бадиий адабиёт намунаси эмас. Бадиий адабиётни шахс — инсон ижод қилади. Қуръони карим Аллоҳ таолонинг каломидир. Бунинг устига бадиий адабиёт ижодкори ғоявий ниятига кўра, бадиий тўқима ишлатади. Қуръон бадиий тўқимадан мутлақо холидир.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф таъкидлаганидек: «Қуръони карим шеър эмас, наср эмас, у — Қуръондир». Қуръони карим илм ва ҳикматга тўла муқаддас китобдир. Намл сурасининг 6-оятида бундай дейилган: «Албатта, сенга бу Қуръон ўта ҳикматли ва ўта илмли Зот томонидан берилур. Бу Қуръонни сенга йўллаётган Зот ўта ҳикматли Зотдир. У ҳар бир ишни ҳикмат ила қилади. У зот ўта илмли бўлгани учун ҳар бир ишни илм ила қилади. У Зотнинг илмга асосланмаган иши йўқдир. Жумладан, Қуръонни сенга тушириш ҳам илм билан боғлиқдир. Қуръоннинг ўзи ҳам илмларга тўладир».
Қуръони каримда шоирлар ҳақида фикрлар бор. Шуаро сурасида шоирларга муносабат акс этган. Бу сура Ҳазрати Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбарликлари тан олинмаган, қийинчилик даврида нозил бўлган эди. Сура қийин паллада нозил бўлгани учун ўша давр руҳини ҳам акс эттиради.
Қуръони карим нозил бўлаётган даврда араблар сўзга усталиги билан фахрланишарди. Шоирлар, сўз усталарининг ҳурмат-эътибори юксак эди. Доимо шеър ўқиш, ваъзхонлик мусобақалари ўтказиб туриларди. Ҳатто шоирларнинг шеърлари Каъбаи муаззама деворига осиб қўйиларди.
Суранинг 224, 225, 226-оятларида: «Ва шоирларга гумроҳлар эргашур. Уларнинг сўз водийларида дайдишини ва ўзлари қилмайдиган ишларни айтишини кўрмадингми?» дейилади.
Бу оятлар Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шоир, Қуръони каримни шеър деганларга рад жавобидир. Инсоният тарихига назар солинса, ҳеч бир шоир пайғамбар бўлиб, кишиларни ҳидоятга бошламаган.

Кейинги оятда эса мазкур сифатлардан холи бўлган шоирлар ҳам борлиги таъкидланган. Суранинг 227-оятида бундай дейилган: «Магар, имон келтириб, солиҳ амаллар қилганлар, Аллоҳни кўп зикр этганлар ва мазлум бўлганларидан кейин нусрат қозонганлар (ундай эмаслар). Зулм қилганлар эса, тезда қайси ағдарилиш жойига ағдарилишларини билурлар».

Ҳамма шоир ҳам сўз водийларида дайдиб, амалсиз ҳар нарсани гапирадиган бўлавермас экан. Агар шоир имонли бўлса, яхши амалларни бажариб, Аллоҳни кўп эсга олса, ўзини хор қилмай, ҳақини таниса, золимлар устидан ғолиб келадиган бўлса, яхши, Аллоҳнинг розилигини топган шоир бўлади.

Шеър фақат фисқу фужур, казо-казоларнинг мақтови, базми жамшидлар васфи, гўзал аёллар мадҳи, оҳ-воҳ ва дийдиёлар эмас, аксинча, эзгулик, имон, Ислом хизматчиси бўлиши зарур. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «...шеърда ҳикмат бордир», деганлар. Шеър орқали ҳикматли, имоний, исломий ва инсоний тушунчаларни кишиларга етказиш ўзига хос устунликка эгадир. Бунга Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) даврларини мисол қилиб олиш мумкин. Ўша саодат асрида юқоридаги оятда васфлари келган имонли шоирларнинг биринчи авлоди яшаб ўтган.
Улуғ саҳобий Ҳассон ибн Собит уларнинг етакчиси эди. У киши билан бирга Каъб ибн Молик, Абдуллоҳ ибн Равоҳа, Абдуллоҳ ибн Забъарий ва бошқалар бор эди (Аллоҳ таоло уларнинг барчасидан рози бўлсин).
Чунончи, ўрни келганда, мўмин-мусулмон шоирнинг шеъри ҳар қандай қуролнинг ўқидан ўткирроқ бўлиши мумкин. Асрлар давомида турли мусулмон халқлардан етук имонли шоирлар чиқиб тургани барчани қувонтиради.
Ёсин сурасининг 69-оятида шундай дейилган: «Биз унга шеърни таълим берганимнз йўқ. Бу унинг учун тўғри келмас. У зикр ва очиқ-ойдин Қуръондан ўзга нарса эмас».
Мушриклар Пайғамбаримизни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шоир, Қуръони каримни шеър деганлар. Аллоҳ таоло ушбу оятда уларнинг бу даъволарига кескин жавоб бермоқда.
Бақара сурасининг 189-оятида бундай дейилган: «Сизлар (Эй Муҳаммад!) Ҳилоллар (янги ойлар) ҳақида сўрайдилар. Улар одамларга (йил қисоби) ва ҳаж учун вақт ўлчовларидир, деб айтинг. Уйларга орқа томондан кирипшнгиз яхшилик эмас, балки яхшилик тақво қилган одам (нинг яхшилиги)дир. Уйларга (уларнинг) эшикларидан кирингиз ва Аллоҳдан қўрқингиз, шояд (шунда охиратда) нажот топсангиз».

Бу ояти кариманинг Абдулазиз Мансур томонидан қилинган тафсирида бундай фикрлар бор: «Улар ойларнинг моҳиягги, шакл ва шамойили ҳақида сўраб, пайғамбар илмини синамоқчи бўлдилар. Лекин Аллоҳ таоло уларга ойларнинг моҳияти ва тавсифи хусусида эмас, балки уларнинг вазифа ва фойдалари тўғрисида хабар беришни буюрди. Дарҳақиқат, шариат аҳкомларида шакл-шамойил эмас, балки мақсад ва ғояга эътибор бериш тавсия этилади».

Қуръони карим сураларида жаҳаннамнинг қўрқинчли тасвирлари ва жаннатнинг ажойиб тасвирлари берилади. Ҳар бир сурада тақводорлар, намозни баркамол ўқийдиганлар, ризқ қилиб берилган нарсалардан садақа-эҳсон қилувчилар, Аллоҳнинг пайғамбарларига, туширилган барча китобларига имон келтирувчилар, қиёмат кунига қатьий ишонувчилар охиратда нажот топгувчилар сифатида талқин қилинса, юқоридагиларга риоя қилмаган, имонсиз ва такаббур, мунофиқ ва бузғунчи кимсалар аламли азоб ва олов билан огоҳлантирилади.

Ҳаж сурасининг 19-оятидан бошлаб 26-оятгача жаннат аҳли ва дўзах аҳли ҳолатлари баён қилинган. Бир-бирига қарама-қарши икки нарсани бир жойда, бир хил савияда бериш Қуръони каримга хос хусусиятлардан биридир. Бир-бирига тамоман қарама-қарши икки ҳолат: жаҳаннам ўт-олов ва қайноқ сувдан, жаннат эса остидан сувлар оқиб турган боғлардан иборат. Жаҳаннамда оловнинг азобига қўшимча қилиб, ўта қайноқ сув қуйилса, жаннатда соя-салқин боғлар остидан муздек, зилол, ҳузурбахш сувлар оқиб туради. Жаҳаннамда азоб устига азоб келса, жаннатда ҳузур устига ҳузур.

Мана шундай қарама-қарши ҳолатлар зикри Фурқон сурасининг 53-оятида ҳам келган: «У икки денгизни — буниси чучук-ширин, униси шўр-аччиқ қилиб оқизиб қўйган ва ораларига кўринмас тўсиқ ҳамда очилмас сарҳад қилган Зотдир».
Бу ояти каримада бир илмий ҳақиқат ҳақида гаи кетмоқда. Яъни, чучук сувлар билан шўр сувларнинг аралашмаслиги. Ажнабий олимлардан Жак Ив Кусто дарё ва денгизларнинг қўшилиш жойларида текшириш ўтказиб, бу масала 1400 йил аввал Қуръонда зикр этилганини билгач, Қуръоннинг ҳақиқий илоҳий китоб эканини англаган ва имон келтириб, мусулмон бўлган.
Қуръони каримдаги ана шу қарама-қарши ҳолатлар зикри бевосита ҳаёт ҳақиқатини акс эттиради. Зеро, бадиий ижодда бундай санъат номи тазод деб юритилади.
Бу санъатда сўзларнинг қарама-қарши маъноларидан фойдаланилади. Тушунчалар, ҳолатлар, ранглар, кайфиятлар қарама-қаршилиги тазод санъатини юзага келтиради.

Сарв бўйлик санамнинг, эй Бобур,
Рост айтай, сўзи ёлғон кўринар.
Байтдаги «рост-ёлғон» сўзларидан тазод санъати ҳосил бўлган.
Араб ҳарфлари негизида мумтоз шарқ адабиётида ҳарф (китобат) санъати юзага келган.
Мумтоз шоирлар араб ҳарфларининг шаклига таяниб маъшуқа қаддини алифга, ошиқ қаддини долга, маъшуқа оғзини мимга, кўзини содга, қошини ёйга, гажагини жимга ўхшатганлар.
Камол Хўжандий бундай ёзган:

Алифтек тўғри бўйлик, қошлари нун,
Жаҳон Лайлилари ҳуснингга мажнун.

Ҳусайний китобат санъатидан бундай фойдаланган:

То алифтек қадду лом зулфу оғзинг мимидан Айрумен, ваҳ, кўрмадим ҳижрондин ғайри алам.
Навоий китобат санъати воситасида жонини маъшуқага қуйидагича тақсимлаб беради:

Жонимдаги жим икки долингга фидо,
Андин сўнг алиф тоза ниҳолингга фидо.
Нунидаги анбарин ҳилолингга фидо,
Қолган икки нуқта икки холингга фидо.

Китобат санъати намуналари Эркин Воҳидов ижодида ҳам учрайди:

Хажрингда қаддимни дол этдинг десам, бергай жавоб: «Ким қўйибтур севгини қадди букилган чол учун».

Қамар сурасининг 7-оятида бундай дейилган: «Қабрлардан кўзлари қўрқинчга тўлган ҳолда, худди ёйилган чигирткага ўхшаб чиқиб келурлар». Бу ояти каримада қиёмат куни Исрофилнинг иккинчи сур чалишидан сўнг одамларнинг қабрлардан чиқиб келиши «ёйилган чигиртка»ларга ўхшатилмокда.

Нисо сурасининг 124-оятида: «Кимки, у хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл, мўмин ҳолида савобли ишлар қилса, айнан улар жаннатга кирурлар ва уларга хурмо данагининг ипича зулм қилинмагай», дейилган. Бу ояти каримада жаннатийларга «хурмо данагининг ипича зулм» қилинмаслиги айтилиб, зулм хурмо данагининг ипига ўхшатилмоқда.

Ар-Раҳмон сурасининг 58-оятида: «У (ҳур) худди ёқут ва маржонга ўхшарлар», дейилган. Аллоҳ таоло жаннатийларга тайёрлаб қўйган ҳурлар ёқут ва маржонга ўхшатилмоқда. Аллоҳ таолонинг Китобида ўхшатишнинг ана шундай гўзал ва мукаммал кўринишлари мавжуд.
Ҳадиси шарифларда пайғамбарлар, фаришталар номлари ўрнига уларга берилган иккинчи номлар келтирилади. Иброҳим (алайҳиссалом) — Халил (дўст), Одам (алайҳиссалом) — Сафиюллоҳ, Нуҳ (алайҳиссалом) — Набиюллоҳ, Мусо (алайҳиссалом) — Каломуллоҳ, Исмоил (алайҳиссалом) — Забиҳуллоҳ, Исо (алайҳиссалом) — Руҳуллоҳ, Муҳаммад (алайҳиссалом) — Ҳабибуллоҳ, Жаброил — Руҳ номлари билан ҳам юритилади.

Бир тушунча ўрнига бошқа тушунчани бериб, фикрни образли ифодалашнинг бу усули бадиий адабиётда истиора дейилади. Бу санъатда фақат ўхшовчи ифодаланади ва у маъно жиҳатдан ўхшатилишни ҳам ўз ичига олади.

Абу Али ибн Сино истиорани бундай таърифлайди: «Нарсанинг ўзи қандай бўлса, ўшандайлигича олмасдан, уни сал ўзгартирган ҳолатда олинганига истиора ёки маъжоз дейилади. Шеър мана шу истиора билан мажознинг таркибидан ҳосил бўлади».

Фурқатингда заъфарон узра тўкармен лолалар,
Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар.
(Алишер Навоий)

Байтда «сариғ юз» маъносидаги «заъфарон», «қонли ёш» маъносидаги «лолазор» сўзларида истиора юзага келади:

Жамолинг васфини, эй ой, неча элдин эшитгаймен,
Не кун бўлғай висолингга мени дилхаста етгаймен.
(Бобур)

Байтда «юзи ой каби ёр» ўхшатишига тенг «ой» сўзи қўлланишида истиора санъати кўринмоқда.

Ирсол санъати байтда мақол, матал, ибора қўллаш орқали юзага келади. Шеърни бу воситалар орқали тўлдириб юбориш қийин иш эмас. У санъат даражасига кўгарилиши учун фикрнинг гўзал ва завқбахш ифодасига хизмат қилмоғи шарт.
Мумтоз адабиёт вакиллари ирсол санъатидан кенг фойдаланганлар. Бу борада Лутфий ижоди ибратлидир. Унинг айрим ғазаллари бощдан-оёқ ирсол санъати асосига қурилган:

Аёқингга тушар ҳар лаҳза гису,
Масалдурким: «Чироғ туби қоронғу».
Тутармен кўзки, курсам оразингни,
Ки дерлар: «Оққан ариққа оқар сув».

Навоий ижодида бундай байт бор:

Тўкиб май мухтасиб, мен йиғладим ул кўзи усрукка,
Сув келтирмак ҳамону кўза синдирмак ҳамон эрмиш.

Бобур бундай ёзган:

Даъвии ишқ этиб, ғайр, Бобурни айб қилма,
Ким мен эдим сенингтек, сен бўлғасен менинггек.

Эркин Воҳидов бундай ёзган:

Умрини ошиқ ҳамиша ўтказур орзу билан,
Ойнинг ўн беши қоронғу, ўн беши ёғду билан.

Умуман олганда, мумтоз асарлар мазмунига сингдирилган ғояларни, бадиий ифода шаклларини тўғри англаш адабий дурдоналар моҳиятини чуқур талқин этишга олиб келади.

Баҳром Жалилов

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…