Джумла
islamonline.uz Written by  Sep 15, 2016 - 1092 Views

Қуръонда зикри келган пайғамбарларнинг бадиий адабиётдаги талқини

Пайғамбарлар Аллоҳнинг ердаги элчиларидир. Аллоҳ таоло бандалар ичидан пайғамбарлар танлаб, улар орқали бандаларни имонга, ҳидоятга чорлаган. 124000 пайғамбар юборилган бўлиб, улардан 313 нафари расул (китоб ёки саҳифа тушган), қолганлари набий — китобсиз пайғамбарлардир.

Қуръони каримда 25 пайғамбар номи зикр этилган. Уларнинг биринчиси Одам (алайҳиссалом) бўлса, сўнггиси Муҳаммад пайғамбаримиздир (алайҳиссалом). Бу пайғамбарлар ичида бадиий адабиётда Нуҳ (алайҳиссалом), Яъқуб (алайҳиссалом), Юсуф (алайҳиссалом), Сулаймон (алайҳиссалом), Исо (алайҳиссалом) тимсоллари кўп учрайди.

Нуҳ (алайҳиссалом) зикри 43 оятда келган. У ҳақцаги қиссалар Аъроф, Ҳуд, Муминун, Шуаро, Қамар сураларида учрайди. Қуръоннинг бир сураси «Нуҳ» номини олган. Нуҳ (алайҳиссалом) 480 ёшида пайғамбар бўлади. 120 йил қавмини динга даъват қилган. 600 ёшида кемага минади. Тўфондан сўнг 350 йил умр кўриб, 950 йил яшаган. Анкабут сурасининг 14-оятида: «Нуҳ уларнинг орасида эллик йили кам минг йил турди», дейилади.

Қуръони каримда Нуҳ пайғамбар зикр этилган оятларга таяниб, XIV аср адиби Рабғўзий «Қиссаси Рабғўзий» китобида Нуҳ пайғамбар ҳақларида ёзган.
Одамлар бутларга, санамларга сиғинаётган вақтда Аллоҳ уларни ҳидоят йўлига бошлаш учун, Нуҳни (алайҳиссалом) пайғамбар қилиб юборади. Нуҳ сурасининг 1-оятида шундай дейилган: «Биз Нуҳни ўз қавмига, қавмини уларга азоб келишидан аввал огоҳлантиргин, деб пайғамбар қилиб юбордик».
Нуҳ (алайҳиссалом) қавмини имонга, ҳидоятга даъват қилади. Аммо улар бу даъватларга юрмайдилар, уни мазах қиладилар. Оқибат, Аллоҳ амрига кўра, Нуҳ (алайҳиссалом) кема ясаб, кемага ҳар жонзотдан бир жуфтдан олиб, бошқа томонга сузиб кетади. Ҳидоятга юрмаган қавм эса тўфон балосига учраб, ғарқ бўлади.
Бу воқеалар Рабғўзий қиссасида ҳам аксини топган. Айрим мисолларни қўрайлик. Ҳуд сурасининг 38-оятида кема ясаётган Нуҳга (алайҳиссалом) қавмидаги одамлар муносабати бундай тасвирланган: «У кема ясамоқда. ўз қавмидан бўлган зодагоилар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қиладилар».
Худди шу воқеа Рабғўзий қиссасида бундай акс этган: «Жаброил Нуҳга таълим берди. Йиғочни ёрғу бирла ёрдилар, сув узра ўрдак юргани кўргузу берди. Анга ўхшаш кети йўна бошладилар. Кофирлар ани кўруб кулар эрдилар».
Қуръонда Нуҳ (алайҳиссалом) ўғилларининг исмлари берилмаган. Фақат бир ўғли ота амрига юрмай, кемага чиқмайди ва ғарқ бўлади. Ҳуд сурасининг 42, 43-оятларида бундай маълумотлар бор: «Эй ўглим, биз билан бирга мингнн, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Магар кимнн раҳм қилсагина (сақяар), деди. Шунда ораларини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди».
Рабғўзий қиссасида Нуҳ (алайҳиссалом) ўғилларининг номлари берилган бўлиб, юқоридаги воқеа қуйидагича акс этган: «Нуҳ ўғли Сом ва Хом ва Ёфас ва Канъон ўғли тўрт эрди. Нуҳ айди: «Эй Канъон, мусулмон бўл, кемага киргил, тўфон суви ҳалок қилмасин», теди. Канъон айди: «Ман азиз тоғларга сиғингаймен. Тоғ менй сувдин кузазгай», теди. Нуҳ айди: «Бу кун кимэрсени азобдан сақлағувчи йўқ Изидин ўзга». Бу сўза эрдилар сув келди. Канъонни ҳалок қилғутек бўлди эрса қочди, тоғ тобасиға ошди. Сув келди, ошуқинға тегди. ўғли бор эрди, ани оёқ остин ға олиб тебасинга ошди. ўғлон ўлди, ўзи ема ғарқ бўлди, имонсиз борди».
Кема битгач, Аллоҳ кемага кимларни олиш ҳақида амр этди. Бу ҳақда Ҳуд сурасининг 40-оятида бундай дейилган: «Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингни ол, магар аввал сўз кетганни (олма) ва имон келтирганларни ҳам ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди».
Рабғўзий қиссасида кемага чиққанлар сонини 80 киши эди, деб ёзган: «Нуҳ ул сексан киши мўмин бирла кемага кирди».
Шундай қилиб, Рабғўзий ҳали Қуръоннинг таржималари, тафсирлари кам бўлган бир замонда ўзбек китобхонини Нуҳга (алайҳиссалом) боғлиқ воқеалар билан, имонга, ҳидоятга юрмаган инсонлар ким бўлишидан қатъи назар, Аллоҳ қаҳрига қандай дучор бўлишларини кўрсатиб, инсонларни имон-эътиқодга чақиради.
Нуҳ пайғамбар ва унинг ўғиллари ҳақидаги фикрлар фақат бадиий асарлардагина эмас, илмий асарларда ҳам учрайди. Навоий «Муҳокаматул луғатайн» номли китобида тилларнинг пайдо бўлишини Нуҳ пайғамбар ва унинг ўғилларига боғлаб тушунтиради. «Нуҳ пайғамбар уч ўғлигаким, Ёфас ва Сом ва Хом етишур ва бу мужмал тафсили будурки, Нуҳ тўфон ташвиридин нажот ва анинг маҳлакасидин ҳаёт топти, олам маъмурасида башар жинсидин осор ва инсон навъидин намудор қолмайдур. Ёфасники, таворих аҳли Абут-турк битурлар. Хито мулкига йиборди ва Сомники, Абул-фурс битирлар, Эрон ва Турон мамоликининг васатида волий қилди ва Хомники, Абул-ҳинд дебдурлар. Ҳиндистон билодига узатти».

Бадиий адабиётда тасвири энг кўп учрайдиган пайғамбарлардан бири Исодир (алайҳиссалом). Бадиий адабиётдаги бу ҳолат бевосита Қуръони карим билан боғлиқдир. Қуръонда бу пайғамбар номи 24 марта зикр этилган. Бу пайғамбар ҳақида Бақара, Оли Имрон, Нисо, Моида, Анъом, Марям, Аҳзоб, Шўро, Зухруф, Ҳадид ва Саф сураларида оятлар келган.
Қуръони каримда Исонинг (алайҳиссалом) онаси Марям Имрон қизи экани айтилади.
Таҳрим сурасининг 12-оятида бундай баён этилган: «Ва Марям Имрон қизини (мисол келтирди), у фаржини пок сақлаган эди, Виз унта ўз руҳимиздан пуфладик ва У Раббисининг сўзларини ҳамда китобларини тасдиқ қилди ва итоаткорлардан бўдци».
Аллоҳ уни пайғамбар қилиб танлади. Бу ҳақда Оли Имрон сурасининг 45-46-оятларида бундай дейилган: «Фаришталар: «Эй Марям, албатта, Аллоҳ сенга ўзидан (муборак) сўз башоратини бермоқда, унинг исми Масиҳ Исо ибн Марям, бу дунёю охиратда обрўли ва яқин бандалардандир. У одамларга бешикда ҳам, қариган чоғида ҳам гапиради ва солиҳлардандир», деганларини эсла».
Исога (алайҳиссалом) Аллоҳ улуғ хислатлар берди. Оли Имрон сурасининг 49-оятида бундай дейилган: «Ва Бани Исроилга пайғамбар қилди. У: «Албатта, мен сизга Раббингиздан оят-мўьжиза келтирдим, мен сизларга лойдан қушга ўхшаш суврат ясайман, унга пуфласам, Аллоҳнинг изни билан қуш бўлади. Аллоҳ изни билан туғма кур ва песларни тузатаман ва ўликни тирилтираман. Сизларга нимани емоқдасизу, нимани уйингизда сақлаяпсиз — хабарини бераман. Агар мўмнн бўлсангиз, албатта, бунда сизга оят-белги бордир», дейди».
Кўпчилик пайғамбар сўзи билан имон йўлига киради.
Исо (алайҳиссалом) қавмни ҳидоятга чақиради. Аммо яҳудийларга шунча мўьжизалар кўрсатса-да, унга инонмайдилар. Яҳудийлар Исони (алайҳиссалом) ўлдирмоқчи бўладилар. Аммо Аллоҳ азиз қилган бандани банда бадном қила олмайди. Яҳудийлар уни ўлдирдик, деб ўйлайдилар. Аслида Исо (алайҳиссалом) тирикдир. Бу ҳақда Нисо сурасида бундай оят бор: «Биз Аллоҳнинг Расули Масиҳ Ийсо ибн Марямни ўлдирдик, деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки, уни ўлдирмаднлар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақда ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, магар гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир».
Бу воқеа жума кунидан шанба кунига ўтар кечаси содир бўлади. Яҳудийлар уларни қамалга олади. Шунда Исо (алайҳиссалом) шерикларига: «Қайсингизга менинг тусим ўтса, ўша одам жаннатда мен билан бирга бўлади», дейдилар.
Бу ишга бир ёш йигит тайёрлигини билдиради. Уни хиёл ёш санадилар, юқоридаги гапни иккинчи, учинчи бор такрорладилар. Ҳар сафар фақат ҳалиги йигит тайёрлигини билдирди. Исо (алайҳиссалом): «Сен ўшасан!» дедилар. Аллоҳ таоло у йигитни Исо (алайҳиссалом) тусига киритди.
Томнинг шифтидан бир туйнук очилди. Исони (алайҳиссалом) мудроқ олди. Шу ҳолда осмонга кўгарилдилар. У зот кўтарилганидан кейин, шериклари ташқарига чиқишди. Яҳудийлар қоронғида ҳалиги йигитни Исо деб ўйлаб, ушлаб, осдилар.
Исо (алайҳиссалом) қиёмат кунигача ҳали ерга тушади. Одамларни имон ва ҳидоятга йўллайди. Дажжолни ўлдиради. Исо (алайҳиссалом) ҳақидаги хабарларнинг мухтасар баёни ана шулардан иборат.
Сайфи Сароий Саъдийнинг «Гулистон» асарини туркий тилга эркин таржима қилган. Айрим ҳикоятларни асарга киритган. Улардан бири «Исо мўъжизаси» ҳикоятидир. Таржимон Исонинг (алайҳиссалом) ўликка жон бағишлаши мўъжизасидан фойдаланиб, қўлингдан келмаган ишга уринмагин, деган ғояни олға сурган. Ҳикоятда айтилишича, бир одам Исо ҳузурига келиб, ўликни тирилтирувчи дуони ўргатиб қўйиишни илтимос қилибди. Исо бу таклифни рад этибди. Аммо ўжар инсон Исонинг ҳол-жонига қўймай, ўша дуони ўргатишни сўрайверибди. Исо унга дуони ўргатибди.
Дуо ўрганган киши хурсанд бўлиб кетаётса, йўлда бир уюм суяк ётган экан. У киши дуони ўқибди. Бу суяклар ўлган шернинг суяклари экан. Оч қолган шер дуогўй кишини еб қўйибди.
Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида номи шеърларда кўп учрайдиган пайғамбарлардан бири Исодир (алайҳиссалом). Шоирлар бу пайғамбарга алоқадор мўъжизалардан ўликни тирилгириши, кўкка чиқиб кетганидан фойдаланадилар.
Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асарида шундай байт бор:

Қамуқ кўрклуклар узра подшосен,
Масиҳ анфослиқ, Юсуф лиқосен.

Байтнинг мазмуни: Барча гўзаллар ичида сен гўзаллик подшосисен, Масиҳдек дам урувчи Юсуфга ўхшаш гўзалсен.
Шоир бу байтда талмеҳ санъати, ташбеҳ санъатларини қўллаб, ўзи куйлаётган маҳбуба гўзаллигини тасвирлашда Қуръонда келтирилган Масиҳ, Юсуф пайғамбарлар номидан, фазилатидан фойдаланмоқда.

Ҳайдар Хоразмий ижодида бундай байт бор:

Ҳиммат элидур Яди байзо деган,
Эр нафасидур Исо деган.

Байтда бу шоир ҳам талмеҳ санъатини қўллаб, Исонинг (алайҳиссалом) дами етса, ўликнинг тирилиши мўъжизасидан фойдаланмоқца.
Саккокий ҳам бу масалани — Исонинг дами билан беморнинг тузалиши, ўликнинг тирилишини келтириб, гўзал байт яратган:
Эй Масиҳодам бегим, бир дам бирла бергил шифо, Шева бирла кўзларинг жонимни бемор айлади..
Байтда талмеҳ (Масиҳ), ташбеҳ (масиҳодам), тазод (бемор-шифо) санъатлари воситасида шоир ёр кўзининг шеваси
(истиора) - ноз-карашма билан қараши ошиқни бемор қилгани, Масиҳга ўхшаган ёр бир дам билан шифо бериши сўралмокда.
Атойи ва Лутфий Исонинг (алайҳиссалом) кўкка чиқиб кетишини байтларида келтириб, муболаға, хусни таълил санъатлари орқали ёр лабини Исо мўъжизасидан ортиқ қўядиларки, бу билан келишиб бўлмайди. Атойи ёзган:
Оғзингда мўъжаз оятин Исо кўриб зиёд,
Биздин қочиб ёшуринди кўк ичра уёттин.
Атойи куйлаётган маҳбуба оғзи шу қадар қудратли эмишки, Исо ўз мўъжизаси бунчалик эмаслигидан уёлиб, кўк ичра яширинган эмиш. Лутфий бундай ёзган:
Исо фалакка ошти, чун бўлди лабинг жон бергувчи, Шармандаликдан кетмаса, кўкта анга не бор эрур?
Навоий лирикасидаҳам “Исо”, “Масиҳ” номлари қўллаб учрайди:
Чиқиб бу дайрдин Исоға нечун ҳамнафас бўлмай, Биҳамдиллаҳ, тажарруд бирла ҳимматдин қанотим бор.
Дайрдин чиқиш учун бу дунёни тарк этмоқ керак. Даҳри дундан баланд кўтарилиш учун ҳам мустаҳкам қанот керак. Бу ишни қилиш учун тажарруд (воз кечиш) ва ҳиммат керак. Демак, Навоий барча нарсадан воз кечиб, ҳимматни қанот қилиб, Исога ҳамнафас бўлмоқчи.
Бадиий адабиётда тимсоли яратилган пайғамбарлардан бири Сулаймондир (алайҳиссалом). У зот Қуръони каримда 16 марта зикр қилинган. У ҳақда Бақара, Нисо, Анъом, Анбиё, Намл, Сабаъ, Сод сураларида оятлар мавжуд. Аллоҳ бу пайғамбарга ҳам пайғамбарлик, ҳам подшоҳлик берган. Унга шамолни, девларни, инс-жинсларни бўйсундирган, жонзотлар тилини билдирган.
Юқорида тилга олинган суралардаги оятлар асосида бадиий адабиётда турли ҳикоялар яратилган. Намл сурасининг 78-оятида шундай дейилган: «Ва Довуд билан Сулаймоннинг экинзор ҳақида ҳукм қилаётганларини (эсла). ўшанда у (экинзор)га қавмнинг қўйи кечаси тарқалиб кетган эди. Биз уларнинг ҳукмига шоҳид бўлган эдик».
Ушбу оятда зикр этилган Довуд ҳамда Сулаймоннинг (алайҳимуссалом) экинзор ҳақидаги ҳукмлари тафсирчи уламолар ривоят қилишларича қуйидагича бўлган:
Ўз даврининг пайғамбари ва подшоҳи бўлмиш Довуднинг (алайҳиссалом) ҳузурларига икки киши ораларида ҳукм чиқаришини сўраб келишибди. Улардан бири экинзор соҳиби, иккинчиси қўйлар эгаси экан.
Кечаси билан қўйлар экинзорни пайҳон қилиб, еб битирган эди. Довуд (алайҳиссалом) икки томоннинг гапини эшитиб, қўйларни экинзор эгасига берилишига ҳукм чиқардилар. Бу ҳукмдан кейин қайтиб кетаётган қўй эгалари Сулаймонни (алайҳиссалом) кўриб, бўлган ҳодисани у зотга айтиб берди. Шунда Сулаймон (алайҳиссалом) оталари Довуд (алайҳиссалом) олдиларига кирдилар ва: «Эй Аллоҳнинг набийи, ҳукм сиз чиқарган ҳукмдек бўлмаслиги керак эди», дедилар.
Довуд (алайҳиссалом): «Қандай бўлиши керак эди?» дедилар.
Сулаймон (алайҳиссалом): «Қўйни экинзор эгасига беринг, у фойдаланиб турсин, экинзорни эса, қўй эгасига беринг, уни тузатиб асл ҳолига келтирсин. Сўнгра ҳар ким ўз нарсасини қайтариб олади». Шунда Довуд (алайҳиссалом): «Ҳукм сен чиқарган ҳукмдир», дедилар.
Шу воқеага ўхшаш ҳолат «Алпомиш» достонида келтирилган. Бойбўри билан Бойсари муносабати закот масаласида бузилгач, Бойсари Қалмоқ юртига, Кашал элига кўчиб кетади. Чилбар чўлида ўн беш кунлик йўлда эликнинг майсаси бор эди. Бул бойлар ётган Элибой, экинни билмайди. Экинни кўриб: «Қалмоқнинг ерлари қўнғир, салқин бўлади экан», деб шу майсаларга, экиннинг устига Туркистондан ошган молларини рўпара ёғдириб, бошқариб, экинларни едириб юбора берди.
Қалмоқ юртининг оқсоқоллари экин ниҳолини кўргани келса, бундай аҳвол устидан чиқишади. Қалмоқшоҳга бу ҳақда хабар берадилар. Шоҳ беш юз мирғазаб жаллодларни уларни ушлаб келишга жўнатади.
Жаллодлар Бойсари билан суҳбатлашиб, улар экинни билмай егизганини, Бойсари Қалмоқшоҳни орқа қилиб, бу ерга келганини айтишади. Шунда шоҳ: «Мени ҳимоя тутиб келган одам бўлса, қаторда нори ҳам ўзиники, нор устида зари ҳам ўзиники, барча давлат-моли ҳам ўзиники, бизга даркор эмас, Барчин қизи ҳам ўзиники. Яйловига Чилбирнинг чўлини бердим, сувловига Ойнанинг кўлини бердим. ...Ҳар ким мусофир бойларга таадди қилса, боши ўлимда, моли таловда, ўз ихтиёрида юра берсин», деди.
Бу ечим Довуд (алайҳиссалом) ҳукми сиигари адолатли эди. Аммо масалага Сулаймон (алайҳиссалом) аралашгач, ҳукм янада адолатли қарор топади. Бу усул ҳам достонда ўз ифодасини топган.
Гап шундаки, Тойчахон ҳукми шу билан тугамайди. Оқсоқол арбоблар бу ҳукмни эшитиб: «Сен бундай беклик қилдинг, бу бева-бечоранинг экинини егизиб қўйган, беш кун ўн кундан кейин солиқ, сурсат сўрайсан. Халқда ҳеч нима бўлмаса, одамларнинг кўрпасини соттириб оласанми?» деди. Шунда Қалмоқшоҳ туриб айтди: «Ҳали йил эрта тариқ-тармоқ эксанг ҳам овқатлигингни олиб қоласан; бу йилги берадиган ҳар нима подшолик чиқимидан ҳам ўтдим», деди. Бу ҳукмдан Бойсари одамлари ҳам, Қалмоқ юрти одамлари ҳам димоғи чоғ бўлди.
Сод сурасининг 18-оятида бундай дейилган: «Токи улар чумолилар водийига келганларида бир чумоли: «Эй чумолилар, масканларингга киринглар, Сулаймон ва унинг аскарлари Сизларни билмасдан эзиб юбормасинлар», деди. Унинг бу гапларшш Сулаймон (алайҳиссалом) эшитди».
Рабғўзий ана шу ояти каримага таяниб, «Қиссаси Рабғўзий» китобида: «Сулаймон қаринчқа билан сўзлашгани» номли ҳикоя киритади. Рабғўзий чумолилар подшоҳликнинг отини ҳам беради. Уни Миндир дер эдилар. Рабғўзий Сулаймон (алайҳиссалом) ва чумоли суҳбатини диалог кўринишида беради.
Чумоли: «Эмди дастур берсанг, неча масъала савол қилайин». Сулаймон айди: «Қилғил». Қаринчқа айди: «Мавлодин не тиладинг?» Сулаймон айди: «Андоғ мулк тиладимким, мандин ўзга ким эрса-да бўлмасун». «Бу сўздин ҳасад иси келур, манга бўлгун, ўзгаларга бўлмагун. Тақи не тиладинг?» Сулаймон айди: «Елни тиладимки, манга мусаххар қилди, миниб юрурман, Астахардин Шомга, Шомдин Астохарға бир ойлик ер турур. Кунда борурман ҳам келурман». Қаринчқа айди: «Маъниси ул бўлур: Сенинг илкингдаги мулкнинг қамуғи ел турур. Ани мингунча маърифат маркабини минсанг, сенга яхшироқ бўлур. Кўз юмуб очғунча бир соатда Аршға теккай эрдинг».
Шу тарзда Сулаймонга (алайҳиссалом) Аллоҳ тахт, учар қушлар, узук, дев ва париларни бўйсундиргани айтилади. Рабғўзий қиссасидаги чумоли эътирозларидан мурод, барча одамларга ибратдир. Масалан, мулк тилагини олиб кўрайлик. Банда Аллоҳцан бирор нарса сўраганда, фақат ўзига эмас, аввал, бошқаларга тилаб, сўнг ўзига тиласа, маъқулдир. Рабғўзий шу тарзда бу суҳбатда одамларга панд-насиҳат беришга ҳаракат қилган.

Сод сурасининг 31-оятида шундай дейилган: «Эсла, бир оқшом унга гижинглаб турган учқур отлар кўрсатилди». Сулаймон (алайҳиссалом) ғоятда гўзал ва учқур отларни кўриб, завқ билан томоша қилади. Бу ҳолат бир муддат давом этади. Сўнг Сулаймон (алайҳиссалом) сергак тортади. Шу суранинг 32-33-оятларида бу воқеанинг давоми берилган: «У: «Албатта, мен Раббимнинг зикридан қўра дунё ишқига берилиб кетиб, ҳатто (қуёш) парда ила беркитибди-ку! Уларни меига қайтаринг!» деди. Сўнгра уларнинг оёқ ва бўйинларини «силай» бошлади».
Кўринадики, Сулаймон (алайҳиссалом) дунё молларига берилиб кетганини сезиб, у отларни қурбонлик қилиб, сўйиб юборади. Бу ояти карима олимлар томонидан турлича тафсир қилинган. Рабғўзий бу ояти карималарга, олимларнинг тафсирларига таяниб, китобига шу воқеага алоқадор ҳикоя киритган.
Ҳикояда айтилишича, Сулаймон (алайҳиссалом) бир куни Ковон деган жойда отларни кўради. Уларга ҳаваси келади. Отлар учиб кетадилар. Пайғамбар Ковиш номли девга ўша отларни тутиб келишни буюради. Ковиш бу иш унинг қўлидан келмаслиги, уни Самдун номли дев қила олишини айтади. Самдун гтайғамбарга бўйсунмас, ундан қочиб, денгиз остида яшар эди. Ковиш бир ҳийла билан уни ушлаб келишга рухсат сўрайди. Сулаймон (алайҳиссалом) рози бўлади. Халқ орасида Сулаймон касал деб хабар тарқатадилар. Бир неча кундан сўнг Сулаймон ўлди деб эълон қиладилар. Самдун бу хабарни аниқлаш учун Ковиш ҳузурига келганда, юз дев уни ушлаб, Сулаймон ҳузурига олиб келадилар. Самдун Сулаймондан (алайҳиссалом) кечирим сўраб, унга бўйсунади. У отлар сув ичадиган жойга сув эмас, чоғир қуйиб, уларни тутиб келтиради.
Сулаймон (алайҳиссалом) отларга маҳлиё бўлиб, намоз вақтини ўтказиб юборди. Намозни вақтида ўқиб олиш учун Аллоҳдан кунни боттирмай туришини сўради. Кун ботмай турди, намоз ўқилди. Отлар сўйилди.
Бадиий адабиётга кўчган қиссалардан бири Билқис қиссасидир. Сулаймон (алайҳиссалом) ва Сабаъ маликаси Билқис ҳақидаги қисса Намл сурасида. Бу сурадаги воқеалар асосида Рабғўзий Билқис ҳикоясини яратган. Адиб Қуръон оятлари чззмунига таянган ҳолда Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) тафсирларидан ҳам фойдаланади.

Намл сурасининг 20-оятида бундай дейилган: «Ва қушларни текширди-да: «Нега Ҳудҳудни кўрмаётирман ёки ғойиблардан бўлдими?» деди». Ояти каримада Сулаймон (алайҳиссалом) лашкарларини текшириб, Ҳудҳуднинг йўқпигини пайқаган. Рабғўзий қиссасида эса қушлар Сулаймон (алайҳиссалом) бошига соя қилиб туриши, унинг тахтига ёруғлик тушгандцан сўнг Ҳудҳуднинг йўқлигини пайқагани айтилган.

Намл сурасининг 21-оятида бундай дейилган: «Албатта, уни шиддатли азоб-ла азобларман ёки сўйиб юборурман ёҳуд менга, албатта, очиқ-ойдин ҳужжат келтиражак». Рабғўзий қиссасида оят мазмуни айнан келтирилган.

Суранинг 22-оятида бундай дейилган: «Кўп ўтмасдан у келиб: «Сен билмаган нарсани билдим ва сенга Сабаъдан ишончли бир хабар олиб келдим».

Рабғўзий қиссасида эса Ҳудҳуднинг сафдан кетиб қолиш сабаби айтилган. Сулаймон сафар чоғида сувга муҳтож бўлади. Ҳудҳуд сув истаб ҳавога кўтарилади. У тош ичида сув кўрди, аммо Сулаймон аскарлари кўринмас эди. Узокдан бир тоғ кўрди. Тоққа бориб қўнди. У ерда бир Ҳудҳудни кўрди, ундан номини сўради. У Ақбо номли Ҳудҳуд эди. Сулаймон Ҳудҳудининг номи Яъқуб эди. Сабаъ маликаси Билқис юртидан эди. Ақбо Яъқубни ўз қавмига олиб боради. Яъқуб ғоят гўзал, шон-шавкатли Билқисни кўради. Улар қуёшга сажда қилар эдилар.

Қиссада Сулаймоннинг (алайҳиссалом) Билқисга мактуб йўллаши, Билқис аъёнлари билан маслаҳат қилиб, Сулаймонга мол-дунё юборгани, пайғамбар мол-дунёга парво қилмай, маликани ўз саройига чорлагани айтилган.

Сод сурасининг 34-оятида бундай дейилган: «Батаҳқиқ, Биз Сулаймонни синадик. Унинг курсисига жасадни ташладик. Сўнгра у тавба қилди».

Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда бундай фикр бор: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: «Сулаймон, бу кеча етмиш аёлни айланиб чиқаман, уларнинг ҳар бири Аллоҳ йўлида курашадиган чавандоз туғади», деди. Иншааллоҳ, демади. Бас, у аёлларни айланиб чиқци. Улардан биргина аёл ҳомиладор бўлиб, яримта (чала) бола ташлади. У иншааллоҳ, деганда уларнинг ҳаммаси чавандоз бўлиб, Аллоҳ йўлида курашар эдилар».

Шунда Сулаймон (алайҳиссалом) гаи нимада эканини тўла англаб етади. У ҳеч қачон Аллоҳ зикридан бошқа нарсага кўнгил бермасликка ва иншааллоҳ демасдан бирор иш қилмасликка қарор берди.

Сулаймонга (алайҳиссалом) мурожаат, унинг тимсолини яратиш насрий асарлардащна бўлмасдан назмда ҳам кўп учрайди. Маълумки, ўтмишда яратилган асарларнинг дебоча қисмида мадҳия боби мавжуд бўлиб, бу бобда ҳукмдорлар ёки шу асарни яратишга моддий кўмак берган киши мадҳ этилган. Аксар асарларда ўша ҳукмдорлар мадҳида Сулаймон пайғамбарга қиёс учрайди. Хоразмийнинг «Муҳаббатнома» асари Муҳаммадхўжа кўмагида ёзилган. Шунинг учун Хоразмий Муҳаммадхўжани мадҳ этар экан, уни Сулаймонга, Юсуфга (алайҳимуссалом) қиёс этади:

Сулаймон салтанатлиқ подшосен,
Масиҳ анфолиқ, Юсуф лиқосен.

Хоразмий бу дунёнинг ўткинчи эканини ёзар экан, шунча шон-шавкатга эга бўлган Сулаймон (алайҳиссалом) ҳам бу дунёдан ўтганини келтиради:

Ким ҳеч кишига қолмади бу бевафо қарн,
Дунё сенга қолурму, Сулаймонға қолмади.

Камол Хўжандий «Латофатнома» асарида Маҳмуд Тархон мадҳида Сулаймон пайғамбар ва чумоли ҳикоясидан фойдаланган:

Вале мўр келтурди яроқин,
Сулаймонга чевуртканинг аёқин.
Сулаймонтек эрур жоҳу жамолинг,
Хўжанд айтса, заиф бўлсун чу молинг.

Маълумки, Сулаймонга (алайҳиссалом) девлар бўйсунишган. Ҳофиз Хоразмий ғазалларининг бирида Сулаймон замони «илгига тегишини» орзу қилади:

Деву дад барчаси фармонинки тутгай эрдилар,
Илгима текса Сулаймони замондин хотаме.

Аллоҳ Сулаймонга (алайҳиссалом) елнй бўйсундирганки, унинг тахтини ел кўтариб юради. Девлар, парилар унга тобе қилинган. Саккокий ана шу маълумотлардан фойдаланган ҳолда Улуғбекка аталган қасидасида Улуғбек замонини Сулаймон (алайҳиссалом) замонига ўхшатади:

Жаҳондин Аҳраман кетиб, мусаххар бўлғай инсу жин, Ким уш тахтин ел кўтариб, Сулаймони замон келди.
Атойи ёр билан кечган бир замонни Сулаймон мулкидек, Нуҳ умридек деб таърифлайди: Ёр сочларини сабо тўзғитса, Сулаймон лашкаридек беҳисоб кўриниб, унинг «ғул-ғули» оламни тутади:

Сулаймон мулкидур ҳам Нуҳ умри Санинг бирла кечурган бир замоним.
Сабо девори зулфингдан ўтарда Сулаймон лашкарининг ғул-ғулидур.
Огаҳий Сулаймон пайғамбар сингари тахтни шамол устига қуриб, оламни сайр этганларга бу дунёнинг ўткинчи эканини уқтиради:
Хоки танинг барбод ўлур охир жаҳонда неча йил Сайр эт Сулаймондек агар тахтинг қуруб бод устина.
Ўзбек мумтоз адабиёти тарихидан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

"Мумтоз адабиётда диний-маърифий мавзулар" китобидан

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…