Джумла
islamonline.uz Written by  Nov 26, 2016 - 1203 Views

Жаннатий ҳурлар ва мумтоз адабиётда гўзаллар тасвири

Қуръони каримда бу дунёда Аллоҳ буюрган амалларни бажарган бандалар учун нариги дунёда жуда катта мукофотлар борлиги, аксинча, Аллоҳ буюрган амалларни қилмаганлар учун даҳшатли дўзах азоби борлиги аниқ келтирилган.
Раҳмон сурасининг 46-оятида бундай дейилган: «Раббиси ҳузурида туришдан қўрққанлар учун икки жаннат бор».
Қиёмат куни Парвардигори оламнинг ҳузурида саволларга жавоб беришдан, ҳисоб-китоб мақомидан қўрқиб, тириклигидаёқ тайёргарлик кўриб, яхши амаллар билан кун кечирганларга икки жаннат бор экан.
«Икки жаннат»нинг бир неча шарҳлари бор. Жумладан, инсонларга алоҳида жаннат, жинларга алоҳида жаннат ёки икковларидан ҳар бирларига иккитадан жаннат, гуноҳкорлар жаҳаннам билан ўта қайноқ сув ўртасида айлансалар, тақводорлар биринчи жаннатлари, иккинчи жаннатлари орасида сайр қилиб юрадилар. У иккала жаннат сердарахт бўлиб, шох-новдаларида мевалар кўп ва соя-салқинлик манбаидир.
Жаннатийлар ичишлари учун ва дарахтлар тагидан оқиб туриши учун мазкур икки жаннатда оқувчи икки булоқ бўлиб, уларда сув сероб бўлади (50-оят).
Жаннат аҳли ипак астарли тўшакларда, ёнбошлаган ҳолда истироҳатда бўлишади. Жаннат ичидаги икки боғнинг мевалари уларга яқин бўлиб, ўтирган ҳам, турган ҳам, ёнбошлаган ҳам қийналмасдан узиб, баҳам кўраверади (54-оят).
Раҳмон сурасида жаннатнинг ана шундай тасвиридан сўнг жаннатийлар учун тайёрланган ҳурлар, уларнинг гўзалликлари ҳақида маълумот берилади. Жаннатий ҳурлар ҳақидаги тасвирларни кўздан кечирайлик.
Шу суранинг 56-оятида бундай дейилган: «Уларда кўзлари тийилган, аввал инс ҳам, жинс ҳам тегмаган (ҳур)лар бор».
У тўшакларда жаннат аҳли учун тайёрланган ҳурлар бор. Улар афифа бўлиб, ўзларига соҳиб бўлган жаннатий шахсдан ўзгага кўз тикмайдилар, хаёллари ҳам бошқа ёққа кетмайди. Шу билан бирга, улар мастура бўлиб, ўзларига соҳиб бўлган жаннатий шахсдан аввал бирорта жиннинг ҳам, инсоннинг ҳам қўли тегмаган. Бу ояти каримада ҳурларнинг ички гўзаллиги, маънавий олами тасвирланмоқда.
58-оятда бундай дейилган: «У (ҳур)лар худди ёқут ва маржонга ўхшарлар». Кейинроқ бу масалага яна қайтамиз. Ҳозирча шуни таъкидлаш зарурки, энди ҳурларнинг ташқи гўзаллиги тасвирланмоқда. Мумтоз адабиётдаги шоирлар гўзалнинг тишларини ёқут ва маржонга ўхшатадилар.
72-оятда бундай дейилган: «Чодирларини лозим тутган ҳурлар бор. Яъни ўз эгаларидан бошқани кўзламайдиган, ўз масканларидан бошқа ёққа чиқмайдиган вафодор ҳурлар бор».
Ҳурлар хусусида Воқеа сурасида ҳам давом этади:
«Яна кўзи гўзал ҳурлар бор». «Мисоли яширилган дур каби» (22-23-оятлар). Ҳурларнинг «Яширилган дур каби» сифатланиши дурнинг энг яхшиси, садафдан янги чиққани, ҳали ҳеч кимнинг қўли тегмаганидир. Шу суранинг 36-оятида: «Бас, уларни бокира қизлар қилиб қўйдик», дейилган.
Набаъ сурасининг 33-оятида: «Ва янги бўйи етган бир хил ёшдаги қизлар бордир», дейилган.
Соффат сурасининг 48, 49-оятларида ҳурлар тасвирига оид бундай маълумотларни ўқиймиз: «Олдиларида кўзларини (бегоналардан) тийгувчи шаҳло кўзлилар бордир. Улар худди асраб қўйилган тухумга ўхшарлар».
Тур сурасининг 20-оятида бундай дейилган: «Улар қатор тизилган сўриларга ёнбошлаган ҳолдалар. Ва уларни гўзал кўзли ҳурларга уйлаб қўйганмиз». Оятдаги «Ҳури ъийнлар» жаннат хурлари бўлиб, баданлари оппоқ, кўзлари катта-катта ва гўзал бўлгани учун улар шундай ном олишган.
Қуръони каримдаги ҳар оят, ҳар жумла, ҳатто, бир ҳарф бутун китобларга, шеърларга асос бўлгани каби жаннатдаги ҳурлар тасвири шоирларга олам-олам илҳом берган, улар ёр тасвирида бир-биридан ўзиб сўз айтишга ҳаракат қилишган.
Мумтоз шоирлар ҳам шеърларида гўзалларни ҳурлар каби юзи оқ, қош-кўзи қора, сочи узун, оғзи кичик, бели нозик, қабоқлари кенг қилиб тасвирлашади.
Адабиётда кам ўрганилган Ҳусайний ижоди мисолида ёр қандай тасвирланганини кўздан кечирайлик. Шоир ғазал таркибидаги байтларда маъшуқага дойр бирор аъзо ҳақида гўзал фикрлар баён қилса, айрим ғазаллари бошдан-оёқ маъшуқа жамоли тасвирига бағишланган. «Лаъл узра сабзаи», «Ғунчани оғзинг десам», «Ул саводи хат ичинда» каби ғазаллари маъшуқа жамоли тасвирига бағишлангандир.
Ҳусайний талқинидаги маъшуқа ўзгача ҳусну тароватга эга. Мумтоз адабиётда ёр лабининг, сўзининг илҳомбахшлигини таърифлаш учун ёрни Исо Масиҳга қиёс қилишади.
Гар Масиҳ умрида тиргузди бир неча ўлик,
Дилбарим юз минг ўликни тиргузур гуфтор аро.
Аввало, байт таркибида Масиҳ тимсолини келтириш талмеҳ санъати бўлса, энг муҳими, шоир дилбари Масиҳ сингари бир неча ўликни эмас, ўн эмас, юз эмас, минг эмас, ўн минг эмас, юз минг ўликни сўзлаб туриб, тирилтириб юборади. Бу санъат муболағанинг иғроқ шаклидир.
Улусга шоҳ бўлган Ҳусайнийни чокар қилган маъшуқа шакл-шамойили, жамоли тасвирини бир жойга жамласак, шоҳларни ҳам чокар қилувчи малак сиймо кўз олдимизда намоён бўлади. Маъшуқа жамоли тасвиридаги зулф ва юз Ҳусайний лирикасида қандай жило топганини кўздан кечирайлик.
Туну кун «Вал-лайлу Ваш-шамс» оятин васфинг аро
Нозил этса йўқ ажаб зулфу юзунг шонида чарх.
Мазкур байтда шоир иқтибос санъатини қўллаган. Бу санъат моҳияти шундаки, Қуръон ёки ҳадисда айтилган фикрларни Қуръон ёки ҳадисдан олинганига ишора қилмай, шеърда ишлатишдан иборат. Байтда сенинг зулфинг ва юзинг шаънида уларнинг туну кун васфи учун «вал-лайлу ваш шамс» оятини нозил этган бўлса ажаб эмасдир, дейилмоқда. «Вал лайли ваш шамс» оятлари Қуръонда мавжуд бўлиб, «Вал лайли» оятида кечага қасам билан сўз борса, «Ваш шамс» оятида эса қуёшга қасам билан фикр баён қилинади.
Ҳусайний бу оятларни келтирар экан, кеча, туннинг қоралигини ёр зулфига боғласа, қуёшнинг мунавварлигини ёр юзига нисбат этади. Соч ҳам қора, тун ҳам қора, қуёш эса ёруғ, ер юзи ҳам равшан. Бу ерда таносуб санъати юзага келмоқда.
Соябони зулф икки ойдек юзига ёпилур,
Сарсари оҳимдин ул гоҳ ёпилур, гоҳ очилур.
Байтда зулфнинг соябон экани, ёрнинг ойдек юзига ёпиниб гуриши, аммо ошиқнинг бетиним оҳидин ул юз гоҳ очилиши, гоҳ ёпилиши баён қилинган. Мазкур байтда ташбеҳ (ойдек), муболаға (юзнинг оҳдин очилиб, ёпилиши), тазод (очилиш ва ёпилиш), тавзеъ («р» ундоши беш жойда келмоқда) санъатлари қўлланган.
Ҳусайнийнинг «Ой юзингдек кўрмайин» мисраси билан бошланувчи ғазали якпора ғазал бўлиб, фақат ёр юзи васфига бағишланган. Унда таъкидланишича, гарчанд Юсуфнинг қимматини белгилаш учун унинг вазнига тенг олтин билан улчаган бўлсалар, шоир тасвиридаги гўзал юзи шу қадар зебоки, чарх ҳусн мезонида уни Юсуфдан ортиқ кўради:
Чектилар Юсуфни гар ўз вазнича олтин била,
Они ҳаргиз сенга тутмас ҳусн мезонида чарх.
Байтда гўзаллик рамзи Юсуф (алайҳиссалом) номи ишлатилиши талмеҳ санъати бўлса, ёр жамолининг ундан ортиқ тасвирланиши муболағанинг иғроқ шаклидир.
Кўпчилик шоирлар ёр юзини ойга ўхшатишса, айримлари ёр юзини ойга ўхшатишмайди: чунки ойнинг юзида доғ бор. Саккокий, Лутфий ёр юзини ойга ўхшатишмайди:
Жамолингким тажалли кўзгусидир,
Қаро тамғалик ой бир ҳиндусидир.
Ойдир сенинг олдингда букун бир ҳабаший қул,
Тонса, юзида зоҳир ўлур доғи нишони.
Ҳусайний ёр юзи, зулфи тасвирида анъанавий ўхшатишлардан ҳам кенг фойдаланган:
Сарву сунбул бирла гул васфидурур ул саҳфада
Қадду зулфу оразинг ёди билан очсам китоб.
Ёр қадди сарв, зулфи сунбул, юзи гул экани айтилмоқда.
Бу байтда лаф ва нашр санъатининг мураттаб шакли қўлланган.
Шоирнинг «Йўқ» радифли ғазали юз, зулф, қад тасвирига бағипшанган бўлиб, у ерда яна бир аъзо — лаб ҳақида ҳам сўз боради.
Ғазалда ёр оғзи ғунчадан аъло, чунки ғунча сўзлай олмайди, қадди сарвдан ортиқ, чунки сарв ҳаракат қила олмайди. Ҳусн бобида ой ҳам сенинг олдингдан ўта берсин, чунки сарвдек қадди, гул каби рухсори йўқ. Сунбулни зулфингга ўхшатмайман, чунки унинг «дилосо атри»ю «жон ипидин тори» йўқ. Ёқут лабинг олдида ҳеч нарса эмас, чунки унинг чучук таъми ва “жонбахшлик” хусусияти йўқ.
Ғунчани оғзинг десам, найлай, анинг гуфтори йўқ,
Сарвни қаддинг десам, нетай, анинг рафтори йўқ.
Ойни не янглиғ сенга нисбат қилурким, ҳусн аро
Сарвдек ҳам қадди йўқ, ҳам гул каби рухсори йўқ.
Зулфунга сунбулни не навъ айлагай ташбеҳким,
Ҳам дилосо атри йўқ, ҳам жон риштасидек тори йўқ.
Айта олмон лаълинга ёқут ўхшарким, онинг
Ҳам чучук таъмию ҳам жонбахшлик осори йўқ.
Мана, юз, зулф, қад тасвирига лаб тасвири ҳам қўшилади:
Сарв узра гул кўрмаган бўлсин қади юзини кўр,
Жони ширин истасанг, лаъли шакар борига боқ.
«Жони ширин», «шакарбор» лабни шоир яна қандай мадҳ этади? Ёр дудоғи олдида оби ҳаёт шарманда, Исо дам урмоғи уятдир.
Эй дудоғинг шарбати шармандаси оби ҳаёт,
Нутқинг оллида эрур Исоға дам урмоқ уёт.
Лаб ҳақида гап борар экан, албатта, маъшуқа лаби устидаги тукчалар — хат ҳақида сўз юритилади. Ҳусайний ёр хатини янги ўсиб чиққан майсага ўхшатади: «Лаъли узра сабзаи намудориға боқ». Мушкин хатни райҳонга қиёслайди: «Ё мушки мусҳафми они хатти райҳонму дейин». Хатнинг лаб устида туриши гўё оби Ҳайвон устига Хизр соя солганга ўхшайди:
Сабзаи хаттин саводи лаъли хандон устина,
Хизр гўё соя солмиш оби ҳайвон устина.
Шоирнинг бир ғазали тамомила хат мадҳига бағишланган.
Унга боғлиқ равишда ёр портретидаги бошқа атамалар ҳам рангин бўёқларда ифода қилинган.
Мушкбу хаттинму дей ё лаъли дурборинму дей?
Юзи имонинму дей ё зулфи зунноринму дей?
Кавсари лаълинму айтай, йўқса хаттидин онинг
Теграсида сабзаи жаннат намудоринму дей?
Сабзаи гулдек хатти бирла юзинму шарҳ этай,
Сабзаи гулдин безанган боғи рухсоринму дей?
Риштаи жон бирла ҳайвон суйидин сўрдинг хабар
Белининг торинму айтай, лаъли гуфторинму дей?
Кўринадики, Ҳусайний хат олдидан сабза, райҳон, мушкин, Хизр сояси сингари сифатловчиларни келтириб, хатнинг бутун гўзаллигини ёрқин ифода этмоқда. Шоир маъшуқанинг лаби устида холи борлигини айтиб, уни сўз ўйинларига йўғириб, гўзал тасвирлайди. У ёр холига диққат тортиш учун тожоҳилу орифона санъатидан, ташбеҳ санъатидан фойдаланган:
Нуқтадир ё холи мушкин, ул лаби майгун уза
Ё анга ўхшарки, қўнгай шаккар устига чибин.
Ёрнинг лаби устидаги холи ҳақида кўп шеърлар ёзилган. Навоий лаб сўзининг араб ҳарфлари орқали ёзилишидан келиб чиқиб, шундай гўзал байт яратган:
Нуқтаи холинг нечун ширин лабинг устидадир?
Нуқта чун остин бўлур ҳар қайдаким ёзилса лаб.
Бу масала Фурқатга ҳам завқ берган. Шоир бу масалани суҳбат шаклига солиб, юмор туйғуси билан йўғиради:
«Нуқта лаб устида бежодур», дедим, айди кулиб
«Саҳв қилмиш котиби қудрат магар таҳрирда».
Китобат санъати ифодаланган бу байтлар Эркин Воҳидовга ҳам илҳом берган:
Нуқтадек бир холи бормиш ғунча лабнинг устида,
Ул бири ошкор эмишу ул бири пинҳон эмиш.
Шоирлар маъшуқа холини лаб устида, остида эканини, қора эканини кўп ёзишган. Аммо рангсиз хол ҳақида жуда кам ёзилган. Ҳусайний таърифидаги маъшуқанинг рангсиз холи бор. Шоир бундан фойдаланиб, ўз фидойилигини бундай тасвирлайди:
Рангсиз холин бўярга ҳал қилай кўз мардумин.
Суртгамен шоядки ушбу рав ила холингга кўз.
Хол қора бўлмоғи керак, маъшуқа холи эса рангсиздир. Уни қора рангга бўяш учун ошиқ кўз қорачиғини эзиб, ранг қилиб бермоқчики, шояд шу баҳона, ошиқ кўзини ёр холига суркаб олишга муяссар бўлса...
Ана шу тарзда шоирлар Қуръони каримдаги ҳурлар тасвиридан таъсирланиб, маъшуқани муболағали воситалар орқали мадҳ этишади. Ёр бели тасвирида Лутфий бундай ёзган:
Нозиклик ичра белича йўқ тори гесуе,
Ўз ҳадцини билиб ўлтирур белидин қуйи.
Нозикликда бир ўрим соч белига тенг бўлмагани учун ўз ўрнини билиб, белдан пастда турганмиш. Демак, маъшуқа бели бир ўрим сочдан ҳам нозик.
Хоразмий ёр белини бундан-да нозик деб таърифлаган:
Бўйинг сарву санубартек белинг — қил
Вафо қилган кишиларга вафо қил.
Ёр бели қилча экан, бели қилча бўлган маъшуқанинг ўзи қандай экан? Шошилманг, бундан-да муболағали тасвир бор:
Қилни икки ёрмишу қилмиш азалда бир қалам
Белингиз тасвирини қилғонда наққошин, бегим.
Атойи маъшуқаси белини чизмоқчи бўлган рассом қилни иккига бўлиб чизиши керак, қилнинг ўзи билан чизса, бел катта бўлиб қолар эмиш...
Шоирлар ёр оғзининг кичиклигини тасвирлашда ҳам ана шундай йўлдан боришган. Буни Лутфий шундай ифода этади:
Ҳайратқа қолиб писта оғиз очди-ю қолди
Мажлисда чу оғзинг соридин кечди ҳикоят.
Шоирлар ёр оғзини пистага ўхшатадилар. Лутфий тасвиридаги маъшуқа оғзи ҳақида сўз кетган экан, писта оғзини очганча қолибди. Демак, бу маъшуқа оғзи пистадан ҳам кичик экан-да?!
Атойи бу борада ҳамма шоирдан ўтказиб айтган:
Юрарда енг билан оғзингни тўсма
Нимайки йўқ эрур, яширмоғинг не?
Навоийда ҳам шундай фикр бор:
Бели оғзидан дедиларки дегил афсонае,
Бошладим филҳолким: «Бир бор экан, бир йўқ экан».
Қуръони каримда зикри келган ҳурлар ташқи кўриниши билан, ички олами билан ҳам баркамол ёрлардир. Мумтоз адабиётда куйланган маъшуқаларнинг ташқи гўзаллиги баъзан ички оламига мос келмайди.
Мана мисоллар. Хоразмий ёзади:
Айт, эй меҳринг оз, ишванг фаровон,
Нетар ул оғизда мунча кўп ёлғон.
Атойи ёзади:
Вафосиз дилрабодин Тенгри безор
Агар ҳусн ичра жаннат ҳури бўлса.
Лутфий ёзади:
Чун вафосизларга бермишлар азалдин кўркни,
Бу камоли ҳусн ила қайдан вафо бўлсин сенга.
Навоий ёзади:
Лаҳза-лаҳза чиқдиму чекдим йўлида интизор,
Келди жон оғзимғаю ул шухи бадху келмади.
Мумтоз адабиётда маъшуқа тимсоли деярли барча шоирларда жафокор, ёлғончи, бевафо тарзида тасвирланади. Жаннатий ҳурлар эса ҳам ботиний, ҳам зоҳирий жиҳатлари билан аъло даражадаги ҳурлардир.

Баҳром Жалилов

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…