Джумла
islamonline.uz Written by  Sep 13, 2016 - 1320 Views

Маҳалланинг онаси. Ўткир Ҳошимов

Маҳаллада қайси кампирни уйидан тополмасангиз тўппа-тўғри Отин ойиникига бораверинг! Отин ойининг ҳовлиси паст кўчанинг этагида. Уйи ҳам бошқаларникидан ажралиб туради. Иккита деразали пастак уй.
Бошқаларнинг деразаси олдида гилос бўлса, Отин ойникида икки туп тут бор. Бошқаларнинг томи тунука бўлса, Отин ойининг томи шифер. Ҳамманинг томида телевизор антеннаси бор. Отин ойиникида йўқ. Аммо унинг уйи ҳамиша ҳамманикидан гавжум бўлади. Доимо очиқ турадиган пастак дарвозадан киришингиз билан энг аввал димоғингизга гуп этиб райҳон иси урилади. Кейин нимадир баҳона йиғилишган маҳалла хотинларининг гангир-гунгур суҳбатини, болаларнинг қий-чувини эшитасиз. Тор йўлакдан ўтиб, кичиккина шинам ҳовлига кирасиз. Ариқ тортиб экилган райҳонлар белга уради: ош райҳон, сада райҳон, оқ райҳон, қора райҳон... Ҳовли этагида, эски бостирма олдида бир туп ўрик бор. Довучча тукканидан бошлаб туршак бўлгунча маҳалланинг қора-қура болалари шохдан-шохга тармашади. Отин ойи пишиқчилик кунлари ўрикни қизганганидан эмас, болаларга бирор кор-ҳол бўлмасин деган хаёлда хавфсираб, жағ ургани-жағ урган: «Ҳой, уйингга буғдой тўлгур, такалар... Туш, йиқилиб кетасан!» «Такалар» парво қилмайди. Биладики, Отин ойининг тути ҳам, ўриги ҳам — уларники! Умуман, бу ҳовли — ҳамманики. Эрта кўкламда сумалак шу ерда бўлади. Исмалоқ сомса, ялпиз сомса Отин ойининг бостирмасидаги тандирда ёпилади. Кейин тут пишади. Кетидан ўрик. Маҳаллада бўладиган хотин оши борми, чарларми, бешйк тўйи борми, қуда чақириқми, ҳаммасининг маслаҳати шу ерда пишади.
Тўғри, у отинликдан кўра кўпроқ ходимлик қилган. Аммо уни Ходим хола эмас, Отин ойи дейишади. Қолаверса, ҳозир дастурхончиликни ташлаган. Уч йил бўлди. Кексайиб, кучи етмай қолди. Бари бир ёзда ўрик тагидаги эски сўри, қишда чийлампа сувоқ қилинган пастак шифтли, токчаларига баркашлар, чегаланган қадимий гирдим лаганлар терйб қўйилган уй ҳамиша гавжум бўлади.
Ҳозир ёз. Ҳосили думбул бўлган ўрик шохига одатдагидек қўшни болалар чуғурчуқлардек тизилишиб олишган. Шохларнинг шатир-шутури-ю, болаларнинг шивир-шивирини Отин ойи пайқамайди, пайқаса ҳам ўзини пайқамаганликка солади. У уйида оғзи очилган эски сандиқ олдида чўккалаб ўтирибди. Уйни куядори ҳиди тутиб кетган. Ўртадаги хонтахта атрофида Иной гарангнинг хотини Баҳри хола, заводда ишлайдиган «гирой» Аҳмаднинг онаси Муаттар хола, «Келинпошша» ўтиришибди. Отин ойи сандиқдан бирма-бир ўлимликларини олиб кўз-кўз қиляпти.
— Мана бу — кафанлик,— дейди у бежирим қилиб ўралган докани кўрсатиб.
Муаттар хола доканинг бир учини чимчилаб кўради.
— Яхши, мисқоли дока экан.
— Искандарим атайлаб Масковдан обкеган,— Отин ойи керилиб қаддини ростлайди.— Мана буни йиртишга берасила.— У тағин бир тугунни очади.— Аммо-лекин рўмоллардан сал кўнглим тўлмай турибди. Ҳаммаси бир хил бўлгани яхши. Мана, ўттизтаси кўк, йигирматаси мошранг. Майли, Искандаримга айтаман, обкеб беради.
— Қўйинг, овсин пошша, ҳали кўп юрасиз,— дейди Баҳри хола минғиллаб.  У  минғилламасдан  гапиролмайди.   Димоғи  шунақа.   «П»-ни айтолмайди, «м» дейди. Сал ғийбатчироқ-ку, аммо яхши хотин, кўнгли бўш. Қўшнининг мушуги тугса ҳам, жони оғригандир, деб кўзига ёш олади. У рўмолининг учини мижжасига босиб хўрсинади.— Қараб туринг, ҳали қўша-қўша неваралар кўрасиз, тўйлар қиласиз, овсин пошша!—«Пошша» сўзи қулоққа «мошша» бўлиб эшитилади.
— Айтганингиз келсин,— Отин ойи маъюс жилмаяди. «Ўлимлигини» тартиб билан яна сандиққа жойлайди.— Худо Искандаримгаям қўчқордек ўғиллар берса ажабмас. Кечаям келиб кетди болам бояқиш.— Отин ойи сандиқни қайтадан титкилайди.— Мана,— дейди иккита ялтироқ қоғбзлик лўппи совунни олиб.— Полча деган жойдан мозор босди. Искандарим обкелди.
У совуннинг биттасини Баҳри холага, биттасини Муаттар холага беради.
— Вой, мунчаям яхши!— Муаттар хола «польский» совунни ҳузур қилиб ҳидлайди. Баҳри хола ҳидлаётганида Муаттар холадан дашном эшитади.
— Ис билмайсиз-ку, ҳидлаб ниманинг фарқига борақолдингиз...
— Ўғлимни дуо қилинглар,— дейди Отин ойи астойдил ялиниб.— Ўзидан кўпайсин, денглар, яхши фарзандлар берсин, денглар.
Боядан бери индамай ўтирган Келинпошша жилмаяди.
— Менга-чи, Отин ойи, мозор босди «полча» совунидан бермайсизми?
— Сиз совунни нима қиласиз, Келинпошша, ўзингиз ойдайсиз. Ундан кўра, бориб чой дамлаб келинг.
Келинпошша — Отин ойининг девордармиён қўшниси. Ўртадан туйнук очиб қўйишган. Эри проводник. Маҳаллада ёш-яланглар уни «Келинойи» деб чақиришади. Отин ойи учун у — Келинпошша. Яхши жувон. Саккизта боласи бор. Энг кичкинаси энди йўлга кирди. Келинпошша шу кўклам тағин бошқоронғи бўлди: довуччага... У «дик» этиб ўрнидан туради. Отин ойи кетидан тайинлаб қолади:
— Искандарим обкеган чойдан дамланг, болам. «Дутор чалиб» турганидан.   
Келинпошша бир зумда чой дамлаб келади.
— Пулингизни тўяна қиласиз, Отин ойи,— дейди кулиб.— Ақийнинг тўйига!
Ақийда Келинпошшанинг тўнғич қизи. Ҳамшира бўлиб ишлайди. Яқинда узатишмоқчи. Янгийўллик пахта бригадирига фотиҳа қилишган.
— Тўяна сиздан айлансин!— Отин ойи ҳам кулумсирайди.— Ақий қизимнинг тўйи бўлади-ю, мен қараб турармидим. Искандаримга айтсам, гилам олиб беради.

Искандар Отин ойининг ёлғиз ўғли. Катта жойда ишлайди. Оқ машинада юради. Марказда тўрт хонали уйи бор. Отин ойининг айтишича, ваннаси чиннидан эмиш. Искандар яхши бола. Домга олиб кетаман, деб уввало ялинсаям Отин ойи кўнмайди: ҳовлисига ўрганиб қолган. Отин ойининг биттаю битта орзуси бор. Шу — Искандарининг ақалли биттагина боласини бағрига босса, оёқ-қўлини бемалол узатиб кетарди.
— Майли, тўй бўлсин,— дейди у негадир хўрсиниб.— Энди... тирик жон-да, ўргилайлар. Вақти қазоим етса, болам бечора югургилаб қолмасин дейман-да,   иши оғир, лак-лак одамга хўжайин бўлиш осонми.

Искандар Ваҳобович телефон трубкасини жойига қўйди-ю, ичидан хўрсиниқ келди. Министр ўринбосари телефонда уни йигирма минут «қовурди». Юбилей объекти ўлда-жўлда бўлиб ётгани учун Искандар Ваҳобович бошчилик қилаётган трест айбдор эмиш. Искандар Ваҳобович ётиғи билан тушунтирмоқчи эди, министр ўринбосари «Баҳона изламанг», деб жеркиб берди.
У сирқиллаб кетаётган чаккаларини кафти орасига олиб, бир зум кўзларини ярим юмганча, стол қиррасига тикилиб ўтирди. «Ҳар куни бир ғалва!»
Эшик ғийқиллаб очилди. Искандар Ваҳобович остонада турган дўмбоқ секретарь қизга: «Ҳа, тағин нима гап!» дегандек зардали қаради. Шаҳар телефонида сўрашаяпти,— деди секретарь ҳуркиброқ.
— Ким?
Секретарь туш тортилган киприкларини пирпиратди:
— Танишиман, дейди.
«Падарига лаънат танишларниям, нотанишларниям! Қайси бирининг иши тушса, дарров «таниш» бўлиб қолади». У олчаранг телефон трубкасини шахт билан кўтарди.
— Ҳа!
Шу заҳотиёк, шанғиллаган овоз қулоғини тешиб юборай деди:
— Искандармисан? , «Қанақа саводсиз бу! Бақиради, сансирайди!»
— Ким ўзи   бу?— деди Искандар Ваҳобович қони қайнаб. Жавоб ўрнига яна савол эшитди:
— Искандармисан?
— Ҳа? Узингиз кимсиз? Трубка яна шанғиллади.
— Холматман! Қўшнинг...
Искандар Ваҳобович беихтиёр қўшниларини бир-бир эслаб кўрди. Йўқ, Холмат деган қўшниси йўқ. Жинни бўлганми  бу одамлар?
— Қиладиган ишингиз бўлмаса, трубкани жойига қўйинг! Шундай деб энди трубкани улоқтирмоқчи эди, бояги овоз яна шанғиллади:
— Отин ойимнинг аҳволи оғир!
Искандар Ваҳобович эсанкираб қолди. Ахир, Отин ойи... ўзининг онаси-ку. Бўлди-бўлди! Холмат ака уларнинг девордармиён қўшниси. Проводник!
— Нима бўлди?—деди бирдан юрагига ғулғула тушиб.—Ойимга нима қилди?
— Аҳволи оғир.
— Шошманг, ҳозир «скорий» чақираман.
— «Скорий»ни нима қиласан?— Холмат ака тағин бақирди.— Ўзинг кел, тезроқ!
Телефон узилиб «тут-тут-тут» деган қисқа гудок эшитила бошлади. Искаядар Ваҳобовичнинг ичида бир нима узилиб кетгандек бўлди. Наҳотки, онаси...
У югуриб қабулхонага чиқди. Машинка чиқиллатаётган секретарга буюрди.
— Диля! Тезроқ машина чақиринг! Подъездга!
Оқ «Волга» гавжум кўчалардан шиддат билан учиб борар, Искандар Ваҳобович орқа ўриндиқда ўтирганча юраги гурсиллаб бир саволни хаёлан қайтарарди: «Наҳотки?!.»
Машина чойхўрлар чақчақлашиб ўтирган гузар олдидан ўтаётганида у бир қадар таскин топгандек бўлди. «Хайрият, тинчлик экан». У билади, худо кўрсатмасин, бирон кор-ҳол бўлса, чойхонада одам қолмайди. Аммо паст кўчага бурилишлари биланоқ юраги музлаб кетди: ана, ўша шифер томли пастак уй, ана икки туп тут, ранги уннйқиб кетган тахта дарвоза... Дарвоза олдида турган кишилар негадир унга тик қарамас, бири бошини хам қилиб турар, бири юзини ўгирганга ўхшарди. Бироқ ҳозир у бунга эътибор берадиган аҳволда эмасди.
Чайқалиб-чайқалиб ғиштин зиналардан чиқди-ю, салқин даҳлиздан ўтиб, уйга отилиб кирди. Аёллар унга йўл бўшатишди. Искандар ялтироқ қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётган онасини кўрди. Устига оқ чойшаб ёпиб қўйилган. Онаси қандайдир осойишта алпозда ётар, худди ухлаётганга ўхшарди. Искандар ҳозир : «Ойи» деб чақирса, уйғониб кетадигандек.
У шундай қилди. Каравот олдига, наматга тиз чўкканча илтижо қилди:
— Ойи! Ойи-и!..
Йўқ, онаси кўзини очмади. Шунда у чойшабни очиб ташлади-ю, онасининг қўлларинии, йиллар чўкиртакка айлантирган жафокаш қўлларини кафтлари орасига олиб ўпди. Қизиқ, онасининг қўли муздек эди!
— Ойи! Ойижо-он!..— деди ҳайқириб. Кейинги сўзлар бўғзидан йиғи аралаш отилиб чиқди.— Ойи-и...
У эсдан оғиб қолганга ўхшар, ҳадеб, «Нега?, «Нега?..» деб ҳайқирар, ерни муштлар, аммо бу хитоб онасига қаратилганми, ўзигами ҳеч ким билмасди. Искандар чўккалаган кўйи тағин онасининг қўлларига ёпишди. Муздек, дагал қўлни юзига босиб, ўкраб юборди.
... Бу қўллар унинг бошини силаган. Кўнгли ўксиганида, бетоб бўлганида, илк бор мактабга борганида, мактабни олтин медаль билан битирганида... Институтга кирганйда, битирганида... Ниҳоят, уйланганида... Бу қўллар унинг бошини кўп силаган. Ўзи-чи, ўзи онасининг бошини силаганми? Бирон марта, ақалли бирон марта силаганми?!
Юрагининг туб-тубидан отилиб чиққан бу савол аъзойи баданини ўртаб юборди.
— Ойи!— деди инграб.
Бу қўллар уни йўргаклаган, унга кўкрак тутган, шамоллаганида баданига қўй ёғи сурган. Бу қўллар сигир соғган, кир ювган, овқат пиширган, нон ёпган...
Нон!.. Онасининг назарида нондан табаррук нарса йўқ эди. Қўни-қўшниларнинг гўдак боласи йўлга кирса, оёғи орасидан кулча юмалатиб, бошқа болаларга обқочтирарди. Никоҳ тўйидан аввал, икки ёш бахтли бўлсин, орзулари ушалсин, деб нон ушатарди. Бостирмадаги тандирда кунора нон ёпарди. Зоғорами, арпа нонми, ишқилиб нон-да! Энг аввал пишган нонни ўша кунлар тандир ёнида ўралашиб юрган Искандарга юзига сув сепиб узатган...
У ёш тўла кўзлари билан карават устига, шифт томонга беихтиёр тикилди. Ана, ана ўша нон! Чийлампа қилиб сувалган шифт остида, девордаги михга илиғлик турибди. Бир чети тишланган. Ана, ўша тиш излари. Бу — дадаси тишлаган нон. Қип-қизил...
У онасининг нонни арта-арта кўзларига суртиб, жойига илиб қўйганини кўрган, кўп кўрган. Нон илиқлик турибди. Қип-қизил...
Бир маҳал кимдир оҳиста туртгандай бўлди. Елкаси оша бурилиб қаради: Баҳри хола, бошига кўк рўмол танғиб, кўк кўйлак кийиб олибди. Йиғлайвериб, шишиб кетибди.
— Бандалик-да, болам,— деди у минғирлаб.— Оллонинг иродаси бўлди, жон болам. Юғучи келди...— Шундай деди-ю, ҳиқиллаб йиғлаганча кўк рўмолини юзига босди.
Искандар чиқиб кетиши кераклигини тушунди. Остонага борганида тўхтаб қолди. Онасига термилди. Онаси қуббалари занглаб кетган сим каравотда ётар, гўё ухлаётгандек, ҳозир ўрнидан туриб, уни бағрига босадигандек, икки кафти билан икки юзидан ушлаб, пешонасидан ўпадигандек эди. У доим шундай қиларди. Шу уйда, шу каравотда уни бағрига босиб ухлатган. Эрталаб пешонасини силаб уйғотган.
...Эсида, ўшанда Искандар биринчи синфда ўқирди. Ўрик гуллаган кун эди. Мактабдан иситмалаб келди. Онаси минг зўрламасин, бир пиёла чой ичди-ю, худди мана шу каравотга чўзилди. Уйда хотинлар кўп эди. Иситма аралаш Баҳри холанинг димоғи билан минғирлаб айтаётган гапларини эшитиб ётарди.
«Энди, овсин пошша, худодан ҳам, бандасиданам қарзингиз қолмади. Уруш битди. Келганлар келди. Ўлганларнинг жойи жаннатда бўлсин. Ёш умрингизни хазон қилманг. Болагаям ота керак, ўргилай. Сизга оғиз солаётганлар таг-зоти кўрган одамлар...»
Искандар онасининг жавобини эшитмади. Ухлаб қолдими, ҳўшидан кетдими, ўзи билмасди. Умуман, бу гапларнинг маъносига тушунмасди. Фақат эртасига онаси куйиб-ёниб айтган сўзлар қулоғига ўрнашиб қолди. «Иккинчи унақа гапларни гапирманглар! Худонинг қаҳри келди: боламга қизамиқ тошиб кетди. Дадаси омон бўлса келар, келмаса, пешонамдан кўрдим. Ёлғиз эмасман, шукр, олдимда болам бор...»

— Искандаржон, жон болам,— Баҳри хола унинг елкасига қоқди.— Чиқа қолинг, қоқиндиқ...
Искандар (у энди Искандар Ваҳобович эмас, Искандар, оддий Искандар бўлиб қолганди, негаки, ўлим Ҳаммани баравар қилиб қўяди) вазмин қадамлар билан салқин даҳлизга чиқди. Пешайвон устунидаги михларга онасининг бутун «бисоти» илиб қўйилибди: битта янги, иккита эски кўйлак, унниқиб кетган бахмал нимча, бир бурчи тешилган жун рўмол, ҳали тикилмаган бир кийимлик штапель, шол дастурхон...
Кавшандбзда онасининг кавуши турибди. Қизиқ, бу кавушни Искандар уч йил илгари олиб берган эди. Нега яп-янги турибди?
Холмат аканинг хотини — Келинойи йиғидан қизарган кўзлари билан унга термилди. Искандар кавушга тикилиб' турганини сезди шекилли, ту-шунтирди.
— Аяб юрардилар. Тўйга борсалар ёнбошларига — кўрпачанинг тагига бекитиб ўтирардилар. Искандарим оберган, деб мақтанардилар.
Искандар ҳамон кавушдан кўз узмасди. Келинойининг саволини дафъатан яхши эшитмади.
— Нима қилайлик, маставами, шўрвами? Искандар ҳеч нимага тушунмади.
— Нима?— деди гарангсиб.
— Ҳали уйни одам босади. Иссиқ овқат қилиш керак,— Келинойи куйманиб тушунтирди.— Ўлик чиққан уйда қозон қайнатиб бўлмайди. Бизникида қиламиз. Сўрамасам ҳам бўларди-ю, нима қилай, сиз ўзимнинг укамсиз.
Искандар Келинойининг гапларини англамас, ич-ичидан ўртанарди.
— Нима бўлди?.. Ойим соппа-соғ эдилар-ку?.. Келинойи ўпкаси тўлиб хўрсинди.
Туппа-тузук эдилар,— деди бурнини тортиб.— Эрталаб ўйнаб-кулиб ўтирдилар. Ўлимликларини кўрсатдилар. Ҳазиллашдик. Мен айтдим: «Ўлимни ўйламанг, Ақийнинг тўйини...— Келинойи ҳиқиллаб қолди.— Ақийданинг тўйини ўзингиз бош бўлиб ўтказасиз, дедим. «Хўп» дедилар. Кейин бирдан: «Ғалати бўп кетяпман», дедилар. Каравотга ётқизган эдик...
Искандар кавшандозга ўтирганча, бошини чангаллади. Бу қандай гап?! Бу қандоқ адолатсизлик? Нимага? Туппа-тузук юрган онаси нимага тўсатдан?.. Келинойи ҳамон ҳиқиллаган кўйи унинг бошига эгилди.
— Айтинг, нима қилайлик? Шўрвами?  Ажаб, шу топда таом ўтадими томоқдан! Дарвоқе, онаси шўрва пиширишга уста эди. Тўйда, маъракада хотинлар унинг овқатини мақташса, қувониб кетарди. Айниқса, мохорани кўп қиларди. Бу таомни Искандар кўп еган. Онаси бева қолганидан кейин жамоат уни Оқсоқол — Отин ойи қилди. У мактабда фаррош бўлиб ишлар, лекин уйда ҳам тинчи йўқ эди. «Келин тушди»га қовурма чучвара пишириш борми, «тўққиз-тўққиз»га қатлама қилиш борми, никоҳ тўйида «тортишмачоқ» бўладими, куёв-келиннинг бошидан сочқи сочишми, «келин салом»да қуда-қудағайларга салом беришми — ҳаммаси онасининг зиммасида эди. У тўйдан, албатта, тугунча олиб келар, тугунчада нон, монпаси, қовурма чучвара, кейин... албатта, мохора бўларди. Баъзан ярим кечалари эшик тақиллаб қолар, Искандар онасининг дик этиб ўрнидан турганини пайқар, уйқусираб кузатар, зум ўтмай онаси қайтиб кирарди.. Гоҳо кимдир омонатини топширганини айтиб, Искандарни юпатиб чиқиб кетар, шу кетганча эртасига пешинда қайтиб келар, ўзича Қуръон ўқир: «Жойи жаннатда бўлсин», деб юзига фотиҳа тортар эди.
... У онаси ётган уйга оқсоқланиб кириб кетаётган кампирни кўрди-ю, гарангсиб ҳовлига тушди. Димоғига райҳон ҳиди урилди. Негадир онасининг иси келгандек бўлди.
Келинойи ҳовлидаги райҳонлардан шоша-пиша юлганча уйга кириб кетди. Искандарнинг хаёлига ярқ этиб бир фикр урилди. «Гуляга айтиш керак. Хабари йўқ-ку ҳали».
У энди эшиқ томон йўналган эди, хотинига кўзи тушди. Гуля, қўлида оқ сумкача, худди тўйга келгандек ясаниб олган, водолазка кийган, қулоғида бриллиант зирак ялтираб турарди. «Қаёқдак эшитибди бу?! «деган хаёлга борди-ю, унинг орқасидан сумка кўтариб келаётган шофери Шавкатни кўриб, ҳаммасини тушунди. «Шавкат хабар қилган».
— Искандар ака!— Гуля унинг елкасига бошини қўйиб қучоқлади.— Бечора ойим!-— У бир зум шу алпозда турди-да, негадир тескари қараб, кафти билан юзини чангаллади. Шоша-пиша оқ сумкасидан рўмолча олиб кўзига босди.
«Сен айбдорсан!—деб ўйлади Искандар вужуди титраб.— Ҳаммасига сен — ...айбдорсан!» У хотинидан юзини ўгирди-да, бурчакда, ўрик остида турган сўрига бориб ўтирди. Шу ондаёқ шафқатсиз бир савол аъзойи баданини сирқиратиб юборди. «Ўзингчи, ўзинг?!»
Унинг уйланиши қизиқ бўлган. Қурилиш факультетида Искандар Ваҳобовнинг олдига тушадиган студент йўқ эди. Аълочи, жамоатчи... Тўртинчи курсда ўқиётганида СНОда «Граждан қурилишини маҳаллий шароитга мослаш» деган мавзуда доклад қилди. У шу қадар дадил фикрларни ўртага ташладики, муҳокама жанжалга айланиб кетди. Бировлар уни модернист деди, бошқалар донишмандга чиқарди. Шунда кафедра мудири, Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, профессор Зариф Ҳодиевич уни ҳимоя қилди. «Ёш дўстимиз Искандар Ваҳобовичдан келгусида етук олим чиқади», деди комил ишонч билан. Ростдан ҳам шундай бўлди. Зариф Ҳодиевич уни ўз тарбиясига олди. Искандар аспирантурада қолди. Биринчи бор домланинг қизи — жинси шим кийиб юрадиган Гуляни кўрганида эътибор бермади. Тўғрироғи, эътибор бермасликка ҳаракат қилди. Кимсан академикнинг қизи қаёқда-ю, маҳалла отинининг ўғли қаёқда! У шундай деб ўйлар, лекин домла билан олча соясида ўтириб суҳбатлашаётганда ичкарида рояль чалиб, баъзан хиёл бўғиқ, аммо юракни ўртовчи овозда қўшиқ айтаётган Гуландом — Гуляга кўнгли талпина-ётганини сезиб турарди. Гуля консерваторияда ўқир, замонавий, ўктам қиз эди. Хуллас, Гулянинг ўзи унга кўнглини ёрди.
Тўй ресторанда ўтди. Келиннинг дугоналари паст кўчадаги кулбага келишганида Искандарнинг етти номуси ерга букилди. Назарида, Отин ойи келинининг бошидан сочган сочқилар ҳам, пиширган мохораси ҳам ўта бачкана, ўта ғариб кўринар эди. Буни қарангки, Зариф Ҳодиевич мард одам экан! Худди Шу ҳовлида, худди шу сўрида ўтириб (Отин ойи катта охурдан ем еган қудаларидан уялиб, ресторанга бормаган, аммо уйда чиройли дастўрхон тузаб қўйган эди) қизига насиҳат қилди: «Искандарни ўзинг танладингми, энди билиб қўй, шу оиланинг жирини жирлайсан. Онанг бечора бир кўз билан ўғил ўстирибди. Менинг ҳам бир болам иккита бўлди. Отин ойининг ҳам».
Отин ойининг бу гапдан боши осмонга етди. Тоғдек суянчиқ топганига қувониб, қудасининг елкасига бош қўйиб йиғлаб юборди.
Ярим йилча яхши туришди. Отин ойи келини уйғонмасидан аввал печкага кўмир қалаб қўяр, атайлабдан тандирда нон ёпар, кечқурун эр-хотин ишдан қайтишига овқат тайёр турар эди... Бошқа пайтларда у тўйгами, маъракагами чиқиб кетар, алла-паллада бир лаган совиган ош, бир коса мохора, бир чеккаси ушатилган қатлама олиб келиб, ўртага қўяр, тантана билан эълон қилар эди: «Олинглар, болажонларим! Сизларниям тўйга етказсин! — Кейин бир кийимлик читми, сатинми келинига узатарди.— Обқўйинг, келинпошша, худо хоҳласа, ўғил тўйи қилсангиз керак бўлади!»
Гуля қайнонасининг олдида бир нима деёлмас, кечаси Искандарни эговларди. «Онангиз тиланчиликни бас қилсин! Менга биров тишлаган қатламалар, биров садақа қилган латталар керакмас...»
Катта жанжал арзимаган нарсадан бошланди. Бир куни Искандар ишдан келса, хотини диванга мук тушиб йиғлаб ётибди. Искандар унинг елкасидан оҳиста тутган эди, Гуля диван суянчиғини муштлади, ёшдан туши эриб кетган кўзида ғазаб чақнади. «Йўқолинг!— деди йиғлаб— Тиланчи онангиз билан қўшмозор бўлинг!.. Гиламим! Гиламимни нима қилди?! Икки минг сўмлик гилам эди! Ирим-сиримларинг бошингда қолгурлар!»
Искандар эсанкираб қолди. Девордаги ипак гиламга қаради. Йўқ, ҳаммаси жойида. Кейин, ерга тўшалган гиламни синчиклаб текшира бошлади. Қараса, Гулянинг гапи рост. Гиламнинг бир бурчи тешилиб қолибди. Тангадек тешик. Искандар гўё шубилан тешик бекилиб қоладигандек бармоғини тиқиб кўрди. Юраги сиқилиб уф тортди. Бошини кўтарса, тепасида онаси турибди. Отин Ойи: «Бу ёққа кел», дегандек уни имлади. Искандар ҳамон юзтубан ётган хотинига ўғринча қараб қўйди-да, онасига эргашди.
«Айб менда,— деди онаси шивирлаб.— Кеча тўйда бир уй хотин Гуландомни мақтади. Келинимга кўз тегмасин деб исириқ тутатгандим. Хокандоз ўлгурдан чўғ тушганини билмай қопман.— У бир зум ўйланиб турди-да, тушунтирди.,— Хотинингни кўнглини ол. Хафа бўлмасин. Жа бўлмаса пенсиямни йиғиб-териб олиб берарман!..»
На иложки, бу билан жанжал тугамади. Гуля масалани кўндаланг қўйди. «Ё мени денг, ё тиланчи онангизни!.. Кетаман. Дадамникига кетаман! Ойим мени кўмирнинг сассиғини ҳидласин деб туққанмас!»
Охири эр-хотин бошлашиб Зариф Ҳодиевичнинг олдига боришди. Маслаҳат сўрашган эди, қайнатаси Искандарни жеркиб берди. «Қанақа эркаксиз ўзи! Бир йил турмасдан онангизни ташлаб қочишни мўлжаллаб қолдингизми? Хотин деганни қаттиқ ушлаш керак-да, бундоқ!» Дадасининг гапи Гулянинг жон-жонидан ўтиб кетди. «Уйингизга сиғмасам, ижарага квартира оламан», деб йиғлади. Қизиқ, шунда яна Отин ойининг ўзи ёрдамга келди. «Болаларимга ёрдам беринг, жой олишсин, Гуландомим катта охурдан ем еган, менинг чалдиворимда турса уят бўлади», деб қудасига ялинди.
Шундоқ бўлди: Зариф Ҳодиевичнинг кўмагида шаҳйр марказидан уй олишди. Эр-хотин: «Юринг биз билан», деб Отин ойини ҳол-жонига қўйишмади. Аммо Отин ойй кўнмади. «Қорада кўрсам қорним тўқ, ўзларингдан кўпайинглар. Мен чолимнинг чироғини ўчириб кетмайман», деди.
Искандар онасини қаровсиз қолдирмади. Лойсувоқ том устига шифер ёптирди. Уй «замонавийроқ» бўлди. Кейин... кейин газ киргизиб берди. Тўғри, табиий эмас, баллонли... Отин ойи уларнинг домига борса кўп туролмас, маҳалладаги бирон тўйними, маъраканими баҳона қилиб, тезгина тура қоларди.
Аввалига эр-хотин бу ҳовлига бот-бот келиб туришди. Кейин Искандарнинг ишлари кўпайди. Искандар энди, кимсан Искандар Ваҳобовичга айланди, фан кандидати, трест бошқарувчиси... Ажаб, унинг иши кўпайгандан-кўпайиб борар, бироқ ҳаммасига улгурар эди. Фақат бир нарсага — онасини кўришга вақт тополмасди.
«Мана энди ҳаммаси тамом бўлди! Ҳаммаси»... Искандар ҳовлида одамлар куйманиб юрганини пайқар, аммо ҳеч нимани кўрмас эди.
Чеккиси келди. Шимининг чўнтагига қўл суқса, сигарет йўқ. Ҳали ишхонада стол устида қолиб кетаверибди. У маъносиз нигоҳини рўпарасидаги бостирмага тикди. Лойсувоқ том юпқаланиб қолибди— Катакдек деразанинг бир кузи синган, ойналари хиралашиб кетган...
Ажаб, охирги марта қачон келувди ҳовлига? Ҳа, байрам арафасида — еттинчи мартда келган эди. Тушлик танаффусдан фойдаланиб, бирров келди-ю, кетди. Одатдагидек шошиб турарди. Ишхонадаги аёлларни табриклаш керак. Кейин, Гуля: «Меҳмон келади», деб қўйган... Онасини иккита чой, тўртта совун билан қутлади. Машина кутиб турганини баҳона қилиб, туфлисини ҳам ечмади. Онаси шошиб қолди. Ялпиз сомса қилган экан. Мажбур қилиб шундан биттасини едирди. Искандар машинага ўтирганида ҳарсиллаб югуриб чиқди. Рўмоли қийшайиб елкасига тушиб кетган. Қўлида эски газетага ўроғлиқ бир нима. «Ма,— деди машинанинг қия очиқ эшигидан узатиб.— Гуландомниям оғзи тегсин». Искандар газета остидан иссиғи сезилиб турган сомсаларни машинанинг орқа ойнаси тагига ташлаб, эшикни ёпди. Ўшанда онасини охирги марта кўраётганини билса эди! Бугун нечанчи ўзи? Ўн иккинчи июнь. Бундан чиқди — уч ойдан ошибди. Уч ой! Наҳотки... наҳотки, шунча вақт ичида бир соат вақт тополмади? Топарди, хоҳласа, албатта, топарди...
У аллаким ўзининг отини айтиб чақираётганини идрок этиб, бошини кўтарди. Қараса, жинси шим кийган студентнамо йигит елкасида картон қути кўтариб турибди. Искандар ўни танимади. Талмовсираб қараган эди, йигит сўради.
— Қаёққа қўяй! Искандар ҳеч нимага тушунмади. Юки оғирроқ бўлса керак, йигит қутини қўшқўллаб, чираниб елкасидан олди-да, сўри бурчагига — сояга қўйди. Искандарнинг кўзи қутига ёпиштирилган этикеткага тушди. «Қорақум». Зум ўтмай бояги йигит тағин бир қути кўтариб келди. Униям сўри устига, бояги қўтининг ёнига қўйди.
— Майиз,— деди секин. Шундагина Искандар ўзига келди: «Пулини бериш керак».
— Шошманг,— деди чўнтагини кавлаб.—- Неча пул бўлади? Йигит негадир ерга қаради.
— Отин ойим...— Шундай деди-ю, у ёғини гапирмади. Кўзига шу қадар маъноли тикилиб қарадики, Искандар беихтиёр пулни қайтиб киссасига солди. Йигит оҳиста бурилди-да, индамай кетаверди. Қизиқ, нима демоқчи бўлди у?! Отинойим менинг ҳам онам эди, сен пасткаш ҳамма нарсани пулга чақасанми, дедими? Ким ўзи бу йигит? Нимага Искандар уни танимайди? Умуман, ўзидан бошқа — Искандар Ваҳобовичдан бошқа кимни танийди?!
Бир маҳал у кавшандозда Келинойи имлаб чақираётганини кўрди. Юғучи оқсоқланиб зинадан тушиб келарди. Келинойи ёшдан қизарган кўзларини Искандарга тикди.
— Отин ойимнинг зиракларини юғучига бердик,— деди секин.— Ўзлари васият қилгандилар.
«Юғучи», «васият...» Бу сўзлар Искандарга хунук, совуқ эшитилар, гўё бу гаплар ҳаммаси ёлғондек, тушида бўлаётгандек эди. Ҳозир уйғониб кетади-ю, енгил тортади.
— Мана... Олиб қўйинг...
Искандар меровсираб Келинойининг қўлига қаради. Икки пачка чой. «Индийский».
— Иккитасини юғучига бердик., Рози бўлинг,— келинойи титраётган лабини тишлади.— Тўртта эди. Саккизинчи мартда олиб келган экансиз. Отин ойим... Отин ойим...— Келинойи энтикиб қолди.— Баркаш орқасига бекитиб қўйган эдилар. Биров келса: «Искандарим обкелган чойдан дамланг, «дутор чалиб турган» чойдан», дердилар. Мен бошқа чой дамлардим. Бунисини Отин ойим ҳар куни ҳидлаб-ҳидлаб баркаш орқасига беркитиб қўярдилар.
Искандар боши ғувиллаб бораётганини, ўзини тутмаса ҳозир йиқилиб тушишини ҳис этиб турарди. Келинойи «дутор чалиб турган» ҳинд чойини пешайвон тахтасига қўйди. Бурнини торта-торта йиғлаганча кўйлагининг ёқасидан қўйнига қўл суқиб, эски газета қоғозига ўроғлиқ, алланимани чиқарди.
— Олиб қўйинг,— деди қоғозни узатиб.— Ўлимлигим деб, ёстиқларининг орасига тиқиб қўйган эдилар. Сиз ташлаб кетган экансиз. Қирқ сўмини юғучига бердик. Икки юз олтмиш сўм қолди. Санаб олинг.— У газета қатини очиб, бир сўмлик, уч сўмлик пулларни Искандарга узатди.
Қачон, қачон шунча пўл берганди у онасига?! Бу қандоқ жазо?! Бу қандоқ бедодлик?! Шу кунидан кўра онаси эмас, ўзи ўлгани яхши эмасмиди! Онаси бир сўмлаб йиққан пенсия пулини ҳам: «Искандарим берди», деган. Шу гапга ўзиям ишонган, бошқаларниям ишонтирган! Қани энди кўкрагини шундоқ йиртса-ю, юрагини суғуриб олиб ерга улоқтирса! Ич-ичидан отилиб келган бўғиқ йиғидан титраб, пулни ташлаб юборди. Бир сўмлик, уч сўмлик пуллар пирпираб кавшандозга тушди.
Искандар ҳовлига, ундан йўлакка отилди. Узун атлас лозим кийган қандайдир келинчак тор йўлакка шакароб қилиб сув сепар, сачрамаслиги учун қўлидаги пақирни борган сайин пастроққа эгар эди. Очиқ дарвозадан забардаст йигит кириб келди. Искандар унинг юзини кўрмади. Йигит майкачан елкасига йўл-йўл дастурхон ташлаб олган, елкаси аралаш гарданига ортилган бир қоп ун залвари остида икки букилиб келарди. Искандар бир томонга, сув сепаётган келинчак бир томонга четлаб йўл беришди. Йигит яланг оёқларини гурс-гурс босганча Искандарнинг олдидан ўтиб, ҳовлига кириб кетди.
Искандар дарвозадан чиқди-ю, тўхтаб қолди. Эшик олдига тумонат одам тўпланган, тор кўчага машина сиғмай кетганди. Қизиқ, қаёқдан келди шунча машина! «Ишхонадан бўлса керак», деган ўй хаёлидан лип этиб ўтди. Аммо ўша ондаёқ булар «Жигули», «Москвич» машиналари эканини, ишхонадан, фақат ўзининг машинаси бир чеккада турганини пайқади.
Нарироқда юк машинаси турибди. Машина устида икки ўспирин туриб олиб, йиғма столларни, харракларни узатиб беряпти. Пастда эса тўрт йигит столларни пайдар-пай туширишиб, бир чеккага олиб қўйишяпти.
Искандар тут панасида турган тобутни кўриб, қўнгли бузилиб кетди. Тобутдан берироқда, ҳозиргина машинадан туширилган харракларда салла ўраган, яктак кийган чоллар ўтиришибди.
— Бандалик-да, укам!
Искандар ёнида турган маҳалла домкоми Шокир акага маъносиз қараб қўйди.
— Ҳамманинг бошида бор,— домком хўрсинди.— Онамиз бошқача эдилар-да, жаннати хотин эдилар.
Кейин похол шляпа кийган «зами» Искандарнинг қўлини қисди. — Неча ёшда эдилар?— деди секин.
«Бунинг нима аҳамияти бор?!»— Искандар шуни ўйлади-ю, жим қолди.-Дарвоқе, неча ёшда эди онаси! Ҳа, ўн саккизинчи йил эди. Ўзи қирқ иккинчи йилда туғилган бўлса, демак, онаси йигирма тўрт ёшида бева қолган экан. Бундан чиқди қирқ йил кутган. Қирқ йил Искандарнинг отасини кутган. Нимага, нимага шу хаёл ҳеч қачон унинг эсига келмади?
Ўзини қучоқлаган тўнли кишини Искандар дафъатан таний олмади. Кейин билди: қайнотаси Зариф Ҳодиевич унинг пешонасидан оҳиста ўпди.
— Бардам бўлинг, ўғлим,— деди секин.
Кейин кимдир елкасига туртди. Қараса Холмат ака.
— Бу ёққа юр,— деди-ю, уни йўлакка бошлаб кирди. Девор тагидаги курсида ётган тўнни кийгизди, белига белбоғ боғлади. Қати бузилмаган дўппи узатди.— Кийиб ол. Дўппи кичкина экан, Искандар кафти билан босиб-босиб ташқарига йўналаркан, Холмат ака яна пичирлади.— Лайлактепага олиб борамизда-а! Ўзлари айтган эканлар.
Искандар юк машинаси фақат стол-стулни олиб келишга мўлжалланмаганини тушунди. Лайлактепа олис, тўрт чақирим келади. Оёғи остида ўралашиб юрган ўн-ўн икки явдар болакайлар ҳам тўн кийиб, белини боғлаб олганига аввал ҳайрон қолди, кейин тушунгандай бўлди. Эҳтимол, Холмат аканинг болаларидир, эҳтимол,  қўшни болалардир...
... Олд томонига паранжи, орқасига мурсак ёпилган тобутни олиб чиқишганида ҳаммаёқ дилни ўртовчи фарёдга тўлиб кетди. Келинойи, Баҳри хола, Муаттар хола, аллақандай қизлар, келинлар чуввос солиб тобут кетидан югуришди.
Йўқ, Искандар ўйлагандек тобутни машинага ортишмади. Елкада кўтарганча йўлга тушишди. Искандар тобут бандидан ушлаб олти-етти қадам юрган эди, уни сиқиб чиқаришди. У тобут бандига ҳадеб қўл чўзар, аммо навбат тегмас эди. Таниш-нотаниш одамлар, гоҳ олдинга, гоҳ орқага ўтиб талашиб-тортишиб тобутга ёпишар, ҳар ким иложи борича кўпроқ кўтаришга, елкасини узоқроқ тутиб беришга ҳаракат қилар эди.
Бекатга чиқишганда троллейбус келиб қолди. Тўхташи билан дув этиб ўттизтача эркак тушди-ю, тобутга ёпишди.
— Ким?— деб сўради зиёлинамо кўзойнакли йигит Искандарнинг ёнида кўз ёшини тўнининг енгига артиб-артиб кетаётган Холмат акадан.
— Отин ойим
— Ие!— кўзойнакли йигит, бир бағри ўпирилиб кетгандай ранги ўчиб, тобутга қайтадан тирмашди.
Кўчада ҳаракат бутунлай тўхтаб қолди. Бурилишга етганларида Искандар беихтиёр орқасига қаради. Одамлар оқими икки бекат ораси чўзилиб, бутун кўчани тўлдириб келар, тобут уларнинг елкасида осойишта тебраниб борар, оқимга эса янгидан-янги одамлар келиб қўшилар... қўшилар, қўшилар эди...
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…