Джумла
islamonline.uz Written by  Sep 13, 2016 - 1452 Views

Арбаъин. Алишер Навоий

БИСМИЛЛОҲИР-РАҲМОНИР-РАҲИМ

Ҳамд ангаким, каломи хайрмаол
Қилди элга расулидин ирсол.
Ул расулеки, ҳам каломи фасиҳ
Элга тегурди, ҳам ҳадиси саҳиҳ,
То улус жаҳлдин халос бўлуб,
Илм хилватгаҳига хос бўлуб,
Чун тамуқдин нажот топқайлар,
Ужмоҳ ичра ҳаёт топқайлар.
Жалла зикруҳ зиҳе илоҳи рафиъ,
Азза кадруҳ зиҳе расули шафиъ.

 

САБАБИ ТАЪЛИФИ МАНЗУМА

 

Ул сафо аҳли пок фаржоми,
Покфаржому покфар Жомий.
Ул яқин сори дастгир манга,
Қиблаву устоду пир манга
Ки тутубдур жаҳонни таснифи,
Назм девони, наср таълифи.
Чунки ҳижратдин эл аросида сўз
Сексан олти эди-ю секкиз юз,
Ким яна туҳфае аён қилди,
Туҳфа йўқ, турфае баён қилди.
Ўқуғонда бухориу муслим
Қирқ сўз борча шубҳадин солим.
Наср ила назмни мураккаб этиб,
Форсий лафз ила мураттаб этиб,
«Арбаъин»е чиқардиким, жонлар
Балки қирқ арбаъин чиқорғонлар.
Топтилар анда нашъаи мақсуд,
«Арбаъин»дин нечукки, аҳли шуҳуд,
Форсийдонлар айлабон идрок,
Орий эрди бу нафъдин атрок.
Истадимки, бу халқ ҳам бори
Бўлмағайлар бу нафъдин орий.
Мен демакни чу муддао айлаб,
Ул ижозат бериб дуо айлаб.
Муддао чун бори савоб эрди,
Ҳар дуо қилса, мустажоб эрди.
Бир-ики кунки эҳтимом эттим,
Кўз тутардин бурун тамом эттим.
Бор умидимки, шоҳи шаръойин
Ким, набий шаръиға берур тазйин,
Улки авроқ ароки солғай кўз,
Айлагай кўнглига асар бори сўз.
Насридин дағи баҳравар бўлғай,
Назмдин дағи бохабар бўлғай.
Бу кун ўлса ҳадисларга мутиъ,
Тонгла бўлғай муҳаддис анга шафиъ.


1. Ло юъмину аҳадукум ҳатта яҳиббу ла аҳиҳи ма юҳиббу ли нафсиҳи.

Мўъмин эрмастур, улки иймондин
Рўзгорида юз сафо кўргай,
Токи қардошиға раво кўрмас –
Ҳар неким ўзига раво кўргай.


2. Ман аъта лиллаҳи ва манаъа лиллаҳи ва аҳабба лиллаҳи ва абғаза лиллаҳи фақад-исътакмала ийманаҳу.

Кимгаким ҳуббу буғзу манъу ато
Ҳақ учун бўлди жазм бил они,
Ким эрур Тенгри лутфидин комил
Аҳли иймон қошида иймони.


3. Ал-муслиму ман салим ал-муслимуна мин ядиҳи ва лисониҳи.

Ким мусулмонлиғ айласа даъво
Чин эмас гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур.
Тилию илгидин мусулмонлар.


4. Хислат аъни ло яжтамиъани фи мўъминин ал-бухлу ва суъ ул-хулқи.

Мўъмин эрсанг қилиб дуррингни нисор,
Эл била равшан ўл нечукким шамъ.
Негаким, Тенгри ҳеч мўъминда,
Бухлу бадхўйлуқни қилмади жамъ.


5. Яшибу ибну адама ва ташуббу фиҳи хислатони ал-ҳирсу ва тул ул-амали.

Одамиға агарчи воқеъ эрур
Қариған сори барча ишда халал.
Икки феъли вале йигитрак ўлур:
Бири ҳирсу бириси тули амал.


6. Ман лам яшкуриннаса лам яшкуриллаҳа.

Улки холиқға шукр дер, аввал
Шокир ўлмоқ керак халойиқдин.
Кимки, махлуқ шукрини демагай,
Демагай дағи шукр холиқдин.


7. Ман лам ярҳаминаса ла ярҳамҳуллоҳу.

Тенгридин раҳм агар тамаъ қилсанг,
Аввал ўлмоқ кераксен элга раҳим.
Хар кишиким улусқа раҳм этмас,
Анга раҳм айламас раҳими карим.


8. Ад-дунё малъунатун ва малъунун ма фийҳа илла зикраллоҳи таоло.

Дунёву ҳар не андадур мавжуд
Бўлди ҳақ лаънати гирифтори.
Ғайри ҳақ зикриким, эрур зокир
Тенгрининг раҳмати сазовори.


9. Луъина абд уд-динари ва луъина абд ул-дирҳами.

Раҳмат озодағаки ул олмос,
Даҳр динору дирҳамин ғамға.
Лек лаънат ангаки қул бўлғай:
Хоҳ динору хоҳ дирҳамға.


10. Дум ала-т-таҳорати ювсаъу алайка-р-ризқу

Гар ҳамиша таҳоратинг бўлса,
Ориғай фоқа чирки ул сувдин.
Тоҳир ўл истасанг фузун рўзий,
Хосир улким йитурди бул сувдин.


11. Ла юлдағ ул-мўъмину мин жуҳрин воҳидил марратайни.

Эйки, бир неш етти музйидин
Кўнглунга неча узайса, ётла.
Чунки мўъминни тишламас ҳаргиз,
Бир тўшукдин йилон ики қатла.


12. Ал-ваъдату дайнун.

Кимки ҳар кимга ваъдае қилди,
Шарт эрур ваъдаға вафо қилмоқ.
Ваъдаким қилдинг уйладурким дайн,
Фарздур қарзни адо қилмоқ.


13. Ал-мажолису бил-амонати.

Қайси мажлисдаким эшитсанг сўз,
Билгил ул сўз санга амонатдур.
Гар ани ўзга ерда нақл этсанг,
Ул амонатға бу хиёнатдур.


14. Ал-мусташору муътаминун.

Ҳар кишиким бировни маҳрам этиб,
Машваратда амини роз этти,
Гар яшурди билиб салоҳ сўзин,
Ўзини қалбу ҳийласоз этти.


15. Ас-самоҳу рабаҳун.

Мол базл ила суд агар тиласанг,
Оқибат чун ўлум эрур мавжуд.
Асрағон қолур, улки базл эттинг
Санга ҳамроҳ борурдин эттинг суд.


16. Ад-дайну шайн уд-дини.

Аҳли дин ул дурурки қилғай адо,
Бот агар зиммасинда дайн ўлғай.
Дайн адоси чу дин аломатидур,
Беадолиқ динға шайн ўлғай.


17. Ал-қаноъату молун ла яфна.

Ҳирсдин кечгил ул ғамедурким,
Ҳадду ғоят эмас анга пайдо.
Тут қаноатки, ул эрур моле
Ки, ниҳоят эмас анга пайдо.


18. Навм ус-субайҳати ямнаъ ур-ризқа.

Субҳ уйқусин улки айлар тарк
Ризқу рўзин ўзига тўш кўргай.
Улки ғафлатдин этти навми сабуҳ,
Бу шарафни магарки туш кўргай.


19. Офат ус-самоҳати ал-манну.

Ҳар кишига риояте қилсанг,
Миннат ўткармагил гумонингға.
Негаким ул кишига офат эрур,
Юкла миннат ва лек жонингға.


20. Ас-саъиду ман вуъиза биғайриҳи.

Элга не келса айламас панд,
Улки кўнглини қилди ғафлат банд.
Кимки панд олди элга тушгандин,
Они билким, эрур саодатманд.


21. Кафа билмаръи исман ан юҳаддиса бикулли ма ясмаъу.

Бу ёзуқ бас кишигаким, элдин
Ҳар на сўзким эшитти фош этти.
Тоғ эшитганни дер, гуноҳидин
Гўиё Тенгри они тош этти.


22. Кафа билмавти ваъизан.

Воизинг бас ато-ано ўлуми,
Ким аларча эрур санга носиҳ.
Воизе ул ким айтуру қилмас,
Эрур ул воизинг мунга рожиҳ.


23. Хайр ун-наси ман янфаъули-н-наси.

Халқ аро яхшироқ, дединг, кимдур?
Эшитиб, айла шубҳа рафъ андин,
Яхшироқ бил ани улус ароким,
Етса кўпрак улусқа нафъ андин.


24. Инналлоҳа юҳиб ус-саҳл ат-талқа.

Ҳақ сени севгай эл била бўлсанг,
Тилу кўнглунгни қилиб якрўй,
Нукта сурсанг шукуфтау хандон,
Зист қилсанг кушодау хушрўй.


25. Таҳаду таҳаббу.

Дўстлашинглар ҳадиялар беришиб,
Баҳра топқон хирад атиясидин.
Худ жаҳонда атияе борму,
Яхшироқ дўстлиқ ҳадиясидин.


26. Утлуб ул-хайри инда ҳисонил-вужуҳи.

Эйки, бир ишда ҳожатинг бўлса,
Яхши юзлуқдин иста бахшойиш.
Токи бахшойишидин аввалроқ
Кўрмагидин етушгай осойиш.


27. Зур ғаббан таздад ҳуббан.

Бир-бирин дўстлар агар гаҳ-гаҳ,
Кўрсалар, дўстлуқ ўлур ғолиб.
Шавқдин ихтилот ўлур матлуб,
Васл учун орзу ўлур толиб.


28. Туба лиман шағалаҳу айбуҳу ан уюб-ун-наси.

Эй хушо улки, айб кўрмамак ила
Юз ҳунарвар маротибин топқай.
Яъни ўз айби пардаси кўзига
Ўзга эл айби чеҳрасин ёпқай.


29. Ал-ғинал-яъсу мимма фи айдин-наси.

Бойлиғ истар эсанг эл илгидин
Ҳар на кўрсанг боридин ўл навмид,
Бул ғино, баски, халқдин кечибон
Тутсанг уммид ҳақдин-ўқ жовид.


30. Мин ҳуснил ислом ил-маръи таркуҳу ма ла юийбуҳи.

Кимки ислом кўзгусида тилар
Ҳар замон ўзга бир сафо мавжуд,
Кечсун ул навъ борча ишдинким,
Тенгри рози эмас, улус-хушнуд.


31. Лайса аш-шадиду бисиръати иннама аш-шадид ул-лазийна ямлику нафсаҳу инд ал ғазаби.

Эмас ул паҳлавонки ўз қадрин
Бош уза элтибон нигун қилғай.
Паҳлавон они билки етса ғазаб
Нафси амморани забун қилғай.


32. Лайс ал-ғанию ан касрат ил арзи иннамал-ға-нию нафси.

Бой эмас улки, мол касратидин
Кўрмагай фоқау талаб ранжин.
Они билким, худой бермиш анга
Нафси аммора таркини ганжин.


33. Ал-ҳазму суъ уз-занни.

Ҳазм боис дурур ангаки, мудом
Иши эл сори бадгумон ўлғай.
Доимо эҳтиёт этар ангаким,
Кайдлардин ҳама амон ўлған.


34. Ал-илму ла яҳиллу манъҳу.

Эй хирадманд олимеки, санга
Илмдин рўзий айлади сонеъ.
Киши ўрганса қилмағил маҳрум,
Ёки нафъ олса бўлмағил монеъ.


35. Ал-калимат ут-таййибату садақатун.

Яхши сўз бирла ҳожат аҳлин сўр,
Бермасанг яхши тўъмадин нафақа.
Не учунким расул қавли билан-
Яхши сўз бордур уйлаким садақа.


36. Касрат уз-зиҳки юмийт ул-қалба.

Асру кўп кулмаким, ўлар эрмиш,
Зинда дил кўнгли кулгу касратидин.
Муни ҳар кимки билди кўнгли била,
Кулмагай ўлса кўнгли ҳасратидин.


37. Ал-жаннату таҳта ақдоми уммаҳати.

Оналарнинг оёғи остидадур
Равзаи жаннату жинон боғи.
Равза боғи висолин истар эсанг,
Бўл онанинг оёғи туфроғи.


38. Ал-балоу муаккалун бин-нутқи.

Деди кўп сўзлаган хато кўп этар,
Улки дерлар ани валиюллоҳ.
Ҳар балоким етар-эрур сўздин,
Буйла ҳукм айлади набиюллоҳ.


39. Ан-назару илал маръатил-ажнабияти саҳмун мин сиҳами иблиса.

Солма кўз кимса бўлса номаҳрам,
Гарчи нафсинг топар назорада суд,
Ки назарким ҳаром-шайтоннинг
Новакидур ва лек заҳролуд.


40. Ло яшбаъ ул-мўъмину дуна жориҳи.

Кимки мўъмин дурур қачон чидағай,
Ким ўзи тўқу қўшни бўлғай оч.
Анга доғи керак етурса насиб,
Хонида гар қулочу хоҳи умоч.

 

Эйки, шахсингни холиқи фаттоҳ
Деди: «Хаммарту арбаъина сабоҳ»,

Эрур ул арбаъининг аввали ҳол,
Айла бу «Арбаъин» била аъмол,

Ки бу навъ икки «Арбаъин» мавжуд
Бўлса, шоядки топқасен мақсуд.

Етса мақсуд муддао бирла
Мени ёд этгасен дуо бирла

Ки, Навоийға ул дуо етгай,
Булбули руҳиға наво етгай.


Вал-ҳамду лиллаҳи ала тавфиқи ҳаазл-арбаъинк вас-салоту вас-салом ат-таййибин ат-тоҳирина ва сал-лама таслиман касийран.

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…