Джумла
Абу Муслим Written by  Jan 03, 2017 - 2906 Views

ГМО: Ирсият муҳандислиги ва шубҳалар қуршови

“Бизнинг пайтларда пишган помидорни тишласанг, суви атрофга сачраб кетарди... булғори қалампирдан дўлма қилса, қалампир пўстининг юпқалиги сабабли унинг ичидаги қиймаси кўриниб турарди... қулупнай ширинлигидан уни шакарга ботирмай ердик... тарвузнинг данаги йирик бўларди...”.
Ҳа, деярли барчамиз бунинг гувоҳи бўлганмиз ёки каттароқ ёшдаги инсонлардан шу кабилидаги гапларни бот-бот эшитиб турамиз.
Хўш, ўша сувли помидору юпқа пўстли қалампирлар, қанддай қулупнайлару йирик данакли тарвузлар қани? Улар қаерга йўқолиб кетмоқда? Уларнинг ўрнига бозор расталарини қандай маҳсулотлар эгалламоқда? Бу яхшими ёки....?
Бугун биз сизлар билан эшитганимиз ва эшитмаганимиз, билганимиз ва умуман билмаганимиз – ирсият муҳандислиги воситасида ўзгартирилган таркибга эга бўлган, яъни ингредиентлари орасида ГМО мавжуд озиқ-овқат маҳсулотлари ҳақида сўзлашамиз.
Хўш, ГМО нима ўзи?
Уни хавфли дейишмоқда, шу ростми?
Ислом дийни бу ҳақида нима дейди?
Шундоқ ҳам вақтим етишмаётган бир пайтда аллақаёқдаги ГМО ҳақида билишим шартми?
Бизнингча, ҳа, биродари азиз. Агар истеъмол қилаётган луқмангизга бефарқ бўлмасангиз, ГМО ҳақида хабардор бўлишингиз фойдадан ҳоли бўлмайди, деб ишонамиз. Мазкур мақолани ўқиб чиққач, ўзингиз бунга амин бўласиз, деган умиддамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи ушбу мақоламизни барчамиз учун манфаатли қилсин! Омийн!

Шундай қилиб, ГМО нима? У қандай етиштирилади?

Аслида, генетик модификация ишлари нафақат озиқ-овқат саноатида, балки бошқа соҳаларда ҳам тобора кенг қулоч ёзмоқда. Ушбу мақоламизда биз сиз билан ирсият муҳандислигининг айнан озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш ва уларни ишлаб чиқариш соҳасидаги аралашувига тўхталамиз.
Ҳозирги вақтда тобора кенг ёйилиб бораётган “ГМО” аббревиатурасини тилимизда “генетик модификацияланган организм” (“ирсий ўзгартирилган организм”) деб айтсак, муболаға бўлмайди. Инглиз тилида ҳам ирсият муҳандислигининг мазкур кашфиёти “genetically modified organism” деб номланади ва унинг иштирокида тайёрланадиган ҳар қандай озиқ-овқат маҳсулоти “GM Food” дейилади. Рус тилида ҳам ҳудди шундай: “ГМО” (“генетически модифицированный организм”) ва уни қўшиб тайёрланадиган маҳсулотлар – “ГМ продукт” деб аталади.
Нима бўлганда ҳам, шуни билишимиз керакки, “ГМО”, “ГМ”, “GM Food” ва “ГМП” қисқартмаларининг барчаси табиий шароитларда ўзидан ўзи мавжуд бўлмаган ва генетик тузилишига инсон аралашуви натижасида муайян ўзгартиришлар киритилган ўсимлик ва ҳайвонлардан тайёрланган озуқа ва озиқ-овқат маҳсулотларини англатади.
ГМО ўсимлик ёки ҳайвонларнинг ДНКсига бегона генни “кўчириб ўрнатиш”, “пайванд қилиш” орқали етиштирилади ва, бунинг натижасида, трансген маҳсулотлар пайдо бўлади. Ген инженериясининг бундай аралашуви ўша ўсимлик ёки ҳайвонларнинг табиий хусусиятлари, етилиш (пишиш) даври ва ўлчамларининг ўзгаришига олиб келади.
Генетик модификация қилинган илк трансген маҳсулотлар ўтган асрнинг 80-йилларида АҚШдаги “Монсанто” ҳарбий компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Бугунги кунда дунё бўйлаб 100 дан ортиқ ГМ ўсимликлар, ўнлаб ҳайвон ва парранда турлари етиштирилмоқда, улардан эса инсон истеъмоли учун ирсий ўзгартирилган озиқ-овқат маҳсулотлари тайёрланмоқда.
Умуман данаги йўқ тарвузлар ҳақида эшитгандирсиз? Қип-қизил ва усти буткул силлиқ картошка ҳақида-чи? Генетик ўзгартирилган гуруч ҳақида ҳам билмайсизми? Наҳотки, уруғидан ҳосил бермайдиган бодринг, помидор, булғор қалампири каби кўплаб савбзавотларни учратмаган бўлсангиз? Ҳеч бўлмаганда, болаларимиз севиб танаввул қиладиган колбаса ва сосискалардаги гўшт ўрнини босаётган ирсий модификацияланган соя ҳақида биларсиз? Турли шоколадлар ва бошқа ширинликлар, кетчуп ва майонезлар, ҳар хил ичимликлар, тез тайёр бўладиган “шўрва” ва “лағмон”лар, овқатга “ўзгача таъм” берувчи “зираворлар” ва кундалик эҳтиёжимиздаги юзлаб бошқа маҳсулотлар таркибига ГМО қўшилишини билмасмидингиз, ахир?
Бунга ишониш қийин. Бундай маҳсулотларни ҳали-бери учратмаган ёки истеъмол қилмаган бўлсангиз, сиз ё узоқ тоғли ҳудудда истиқомат қиласиз, ё ГМО таъқиқланган мамлакатда яшайсиз, ёки, шунинг эҳтимоли кўпроқки, бундай нарсаларга эътибор бермагансиз ҳали. Сизни ҳам тушуниш мумкин. Сиз қишлоқ хўжалиги ёки озиқ-овқат саноати соҳасига алоқадор бўлмаслигингиз мумкин-ку. Ҳеч ҳам хижолат бўлманг, аслида ўша “мана, ман” деган фермерлару, озиқ-овқат маҳсулотларини атрофлича текширмай, ҳеч бир иккиланишсиз “100% ҳалол”, “ишончли маҳсулот”, “сифати кафолатланади” деб ишлаб чиқараётган “тадбиркорлар”, бозор ва дўконларимиздаги сотувчиларнинг кўплари ҳам ГМО тўғрисида ҳали-бери етарли даражада билишмайди ёки, билишса ҳам, лом-мим дейишмайди. Ишонмасангиз, ўзингиз буни текшириб кўринг.

ГМО хавфлими?

Келинг, соҳа мутахассисларининг бу ҳақидаги айрим мулоҳазалари билан танишиб чиқамиз.
Масалан, АҚШ Атроф-муҳит тиббиёт академияси берган ҳисоботга кўра, бир нечта жониворларда ўтказилган синов натижалари шундан далолат берадики, ГМО соғлиқ учун жиддий хавф туғдиради. Хусусан, ГМОни истеъмол қилиш иммунитет тизимининг заифлашувига, қариш жараёнининг тезлашувига, инсулин ишлаб чиқариш тизимининг шикастланишига, ошқозон-ичак тизимидаги асосий органларда қайтариб бўлмайдиган ўзгаришлар содир бўлишига, турли бедаво дардларга сабаб бўлиши мумкин экан. Бундан ташқари, Академия мутахассисларининг таъкидлашича, ГМО репродуктив тизимга ҳам ўта салбий таъсир этади. Хусусан, синов ўтказилган сичқонлардан олинган зурриёдларнинг ўлчамлари сезиларли равишда кичрайиб кетгани, улар орасида ўлим даражасининг юқори бўлгани кузатилган, учинчи авлод сичқонлари эса насл қолдириш қобилиятини умуман йўқотган.
Россия Фанлар академиясининг А.Северцов номидаги Экология ва эволюция муаммолари институти (РФА ЭЭМИ) ҳамда Генетик хавфсизлик бўйича умуммиллий ассоциация (ГХУА) томонидан биргаликда ўтказилган тадқиқотлар ҳам ГМОнинг соғлиқ учун зарарли эканини кўрсатди. РФА ЭЭМИ директорининг ўринбосари, биология фанлари доктори Алексей Суровнинг айтишича, ирсий ўзгартирилган озуқани истеъмол қилиш наслсизлик, деградация ва мутацияга олиб келиши мумкин. Ҳозирги кунда, ГМОдан паррандачилик, чўчқачилик ва бошқа ҳайвонларни етиштиришда кенг фойдаланилмоқда. ГХУА президенти Александр Барановнинг таъкидлашича, синов учун танлаб олинган ва ГМО бериб боқилган ҳайвонларнинг эркакларида насл қолдириш қобилияти кескин пасайиб борган ва, учинчи авлодга келиб, умуман йўқолган, яъни ГМО таъсирида ҳайвонларнинг тўлиқ стерилизацияси содир бўлган. Синовда иштирок этган хомякларнинг учинчи авлоди эса мутацияга учраган – уларнинг оғиз бўшлиқларидан жун ўсиб чиққан.
Норвегия ҳукуматининг илмий масалалар бўйича маслаҳатчиси, ирсият муҳандислиги билан салкам чорак асрдан бери шуғулланиб келаётган профессор Терье Траавик ГМОнинг олдиндан билиш қийин бўлган оқибатлари ҳақида бир неча бор чиқиш қилган. Профессор Траавикнинг огоҳлантиришича, ГМ тузилмаларнинг эҳтимолий хавфи кимёвий бирикмаларнинг хавфидан анча юқори, чунки ГМ тузилмалар атроф-муҳит учун “нотаниш” бўлиб, вақт ўтиши билан парчаланиб кетмайди, аксинча, кириб олган ҳужайраларида назоратсиз тарзда кўпайиши ва мутацияга учраши мумкин. “Шу сабабли”, – дейди ген инженерияси олими, – “ГМО бўйича мустақил тадқиқотлар керак. Ростмана натижаларни олиш учун эса, бундай ўрганишларни айрим ширкатларнинг маблағи эвазига эмас, холис манбалар ҳисобидан амалга ошириш зарур”.
ГМОнинг салбий оқибатлари, шунингдек, РФАнинг Олий асаб фаолияти ва нейрофизиология институти ходимлари, Франциядаги Каен университети ва бошқа бир қатор хорижий илмий тадқиқот марказлари ва академик муассасаларнинг олимлари томонидан ҳам мустақил тарзда ўрганилган.
Жумладан, британиялик тадқиқотчилар ГМ картошка, италиялик олимлар ГМ соя, уларнинг франциялик ҳамкасблари эса ГМ жўхорининг хавфини ўрганишган, изланиш натижалари чоп этилган. Хусусан, натижалар шуни кўрсатмоқдаки, ГМОни истеъмол қилиш ҳозирда жуда кўп учраётган аллергик касалликларга ҳам олиб келади.
Трансгенга эга бўлган ДНК инсон организмига тушар экан, у ошқозон-ичак тизими орқали қонга сўрилади ва тананинг исталган қисмига бориб жойлашади. Натижада, бундай трансгенларга тўлган организм турли антибиотикларга чидамли бўлиб қолади, яъни оддий касалликларни ҳам антибиотик дорилар билан даволашнинг иложиси бўлмай қолади. Оқибатда, турли суперинфекциялар юзага келади ва тарқалади.
Мутахассисларнинг билдиришича, ГМОнинг тирик организмга бўлган салбий таъсир механизмини аниқлаш ҳозирча қийин бўлмоқда. Бироқ, шу нарса аниқки, ГМО синов ўтказилган барча жониворлар организмига жиддий шикаст етказган. ГМОнинг салбий оқибатларини эса, айни пайтда фақат бир йўл – уларни истеъмол қилишдан воз кечиш орқалигина олдини олиш мумкин, дейди мутахассислар.
Ўрганилган манбаларда қайд этилишича, бундан ўн тўрт йил аввал, яъни 2000 йилда “Жаҳон олимларининг ирсият муҳандислиги хавфи тўғрисидаги баёноти”, шунингдек жаҳоннинг 84 мамлакатидан 828 нафар олим имзо чеккан “Олимларнинг ГМОга оид очиқ хати (барча давлат ҳукуматларига)” эълон қилинган эди. Бироқ, мазкур ҳужжатларга етарли даражада эътибор қилишмади ёки шундай қилишни хоҳлашмади.
Соҳа вакилларининг хавотир билдиришича, ҳозирги вақтда ГМОнинг салбий оқибатлари бўйича етарли даражада изланишлар ва тадқиқотлар ўтказилмаяпти. Бундан ГМ маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи йирик ширкатлар манфаатдордирлар. Шунинг учун, ГМО ширкатлари бунга қаттиқ қаршилик кўрсатмоқдалар ёҳуд илмий изланишларни ҳам ўз манфаатлари томон буриб юбормоқдалар.
Айрим кишиларнинг фикрларига кўра, илгари кўп бўлган ҳашаротлар, масалан сувараклар, ариларнинг айрим турлари, шу жумладан асаларилар ҳам, ГМ ўсимлик ва ҳайвонларнинг таъсирида йўқ бўлиб кетмоқда. Аҳвол шу зайлда давом этса, инсониятга ҳеч қандай хавф йўқ, деб ким бемалол айта олади?!
Албатта, ўсимликлар ва ҳайвонларнинг нави ва наслини яхшилаш мақсадида амалга оширилаётган селекция тадбирлари билан уларнинг геномини буткул ўзгартириб юбориш ўртасида жуда катта фарқ бор. Селекция воситасида бир-бирига яқин, турдош бўлган организмлардан гибрид олинса, ирсият муҳандислиги орқали бир-биридан табиатан фарқ қилувчи “бегона” генлар трансплантацияси амалга оширилади ва, шу йўсин, трансгенга эга бўлган ГМО олинади.
Мисол учун, турли картошка навларини чатиштириш вақт синовидан ўтган ва хавфсиз ҳисобланади. Бунда ўсимликнинг асосий геноми ўзгармайди, яъни унинг отаси ҳам картошка, онаси ҳам картошка. Бироқ, генетик модификация ёрдамида, масалан, картошкани олма, балиқ ёки чўчқа билан “чатиштиришади”. Бунинг устига, бундай ирсий ўзгартиришларнинг салбий оқибатлари охиригача ўрганилмаган.
Сиз табиий шароитларда ҳайвонларнинг айрим турлари ўзаро чатишадику, деб айтишингиз мумкин. Масалан, от ва эшак, шер ва йўлбарс, товуқ ва фазан ва ҳоказо. Бироқ, улардан туғилган чатишган жонзот насл қолдиргани ҳақида эшитганмисиз?! Биз эшитмаганмиз. Чунки, табиатнинг ўзи бундай ҳолат давом этиши, натижада эса, бутун борлиқдаги ўсимлик ва ҳайвонларнинг турлари буткул ўзгариб, тартиб бузилиб кетишига йўл қўймайди.

ГМО қарамликни келтириб чиқарадими?

Сир эмас, таркибида ГМО бўлган озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотиш орқасидан қатор компаниялар жуда катта даромад олишади. Зеро, бундай маҳсулотларни ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш ишлари нисбатан анча арзонга тушади ва қатор қулайликларга эга. Хусусан, ГМО маҳсулотлари ҳар хил зараркунандалар ва касалликларга чидамли ҳисобланади. Қишлоқ хўжалигида етиштирилган бундай мева ва сабзавотларни ҳеч бир сарф-харажатсиз ҳафталаб, ҳаттоки ойлаб сақлаш мумкин. (Бугунги кунда бозорларимиздан сотиб олаётганимиз яна ўша помидорлар, булғори қалампирлари, қулупнайлар каби маҳсулотларни бир эсланг-а!). Трансген маҳсулотларнинг хавфсизлигини текшириш аксарият ҳолларда уларни ишлаб чиқарувчилар ҳисобидан амалга оширилаётгани сабабли, бундай ўрганиш ва тадқиқотларнинг натижаларини тўғри ва холис дейиш – мушкул масала. Шунинг учун ҳам, ГМОнинг хавфи ҳақида бонг ураётган мутахассис ва олимларнинг фикрларини эшитмаяптилар, аниқроғи, эшитишни хоҳламаяптилар.
Одатда, фермерлар ГМ уруғларни сотиб олар эканлар, ўзаро тузилган шартномага кўра бундай уруғларни бошқа бировга бермаслик мажбуриятини оладилар. Бундай уруғлар атрофлича ўрганилмасдан туриб, ерга тушади ва, қарабсизки, дастурхонларимизда бирин-кетин янги ва янги ГМО маҳсулотлари пайдо бўлаверади. Фермерлар эса ГМ ўсимликларнинг уруғларини йиғиштириб олмайдилар, чунки уларнинг уруғи униб чиқмайди. Ҳа, тўғри эшитдингиз, ГМО насл қолдирмайди! Навбатдаги мавсум экини учун эса фермерлар ўша ширкатларга қайта ва қайта мурожаат қилишга ва улардан фалон пулга уруғ сотиб олишга мажбур бўлиб қоладилар. ГМ ўсимликлар ўз даласида тинч ўсса ҳам майлига, бироқ улар қўшни экинзорлардаги ўсимликлар ва ён-атрофдаги дарахтларга ҳам салбий таъсир этадилар. Ҳашаротлар воситасида кечадиган ўзаро чанглатиш натижасида одатий экинлар ҳам трансген бўлиб қолиши мумкин экан.
Ҳозирда ГМ ўсимликларнинг уруғини тайёрлаш ва уларни етиштириш бўйича АҚШнинг жаҳонда етакчилик қилаётган “Монсанто” компанияси “орадан 10-15 йил ўтиб сайёрамиздаги барча уруғлар трансген бўлиши”ни таъкидлаган. Мазкур ширкат ушбу мақсад сари зўр бериб ҳаракат қилаётганини кузатиш мумкин. Агар шундай бўлса, ГМ уруғларни ишлаб чиқарувчи трансмиллий корпорациялар жаҳоннинг исталган нуқтасига “уруғ ҳужуми”ни уюштириши ва у ерда очлик келтириб чиқариши мумкин. Бунинг учун, ГМ уруғларни сотмай қўйса, бас.

ГМОнинг фойдаси ҳам бордир ахир?

Озиқ-овқат саноати соҳасида трансгенлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлаётганларнинг даъволарига кўра, ГМО турли касалликлар ва зараркунандаларга чидамли, серҳосил ҳамда кўзни қувонтирадиган даражада чиройли мева-сабзавот ва полиз маҳсулотларини, сердаромад чорва ва паррандаларни етиштириш, янада аниқроқ айтганда, сайёрамизнинг тобора ортиб бораётган аҳолисининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини қондиришга хизмат қилар экан. (Ўша ГМ ўсимликлар зиёнкор ҳашаротларга ҳақиқатан ҳам чидамлимикан, ёки қурт-қумурсқалар уларга ўзлари билган ҳолда тушмасмикинлар? Бу – мулоҳаза учун яна бир бошқа масала).
Ирсият муҳандислиги ёрдамида озиқ-овқат маҳсулотларини етиштириш бўйича етакчилик қилаётган ширкатларнинг таъкидлашича, ГМО дала экинлари барқарорлигини таъминлаб, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш учун хизмат қилармиш. Мисол келтирилишича, генетик модификация ёрдамида қурғоқчиликка чидамли ГМ ўсимликларни тайёрлаш ва, бу орқали, сув ресурсларини тежаш имконияти пайдо бўлади. Бу, айниқса, сувсизликдан азият чекаётган минтақалар учун катта аҳамиятга эга экан. Тежалган сувни эса инсон истеъмоли учун йўналтириш имконияти пайдо бўлади, деб изоҳ беришган “Монсанто” каби компаниялар.
Бундан ташқари, ирсият муҳандислиги воситасида озиқ-овқат маҳсулотларининг озуқавий даражасини кўтариш имконияти мавжуд. Масалан, шоли (гуруч) ДНКсига витамин ва минераллар ишлаб чиқаришни кучайтирувчи трансгенларни жойлаштириш ва, бу орқали, шоли таркибида инсон танаси учун керакли витаминлар миқдорини кўпайтириш мумкин. Бундай “олтин гуруч” ёҳуд “орзудаги гуруч” тарафдорлари ҳам бугунги кунда талайгина.
Бир қарашда, миллионлаб кишиларни тўйдириш, уларни ҳозирча арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш яхши амалдек туюлиши мумкин. Лекин бунинг учун ГМОга зарурат бормикин? ГМОнинг юқорида зикр қилинган зарарлари очлик олдида кўзга кўринмайдими?
Аслида, мутахассисларнинг ҳисоб-китобларига кўра, иқтисодий жиҳаттан тараққий этган мамлакатларда исроф қилинаётган озиқ-овқат маҳсулотлари камбағал давлатлардаги одамларни едириб-ичириш учун керагидан ҳам етиб ортади. Жаҳон мамлакатларида етиштирилаётган ва ишлаб чиқарилаётган озиқ-овқат маҳсулотлари бир хилда тақсимланмаяпти. Бой мамлакатларнинг аҳолиси керагидан ортиқ истеъмол қилмоқдалар, исрофгарчиликка йўл қўйишмоқда.

ГМО ҳақида Ислом дийни нима дейди?

ГМО ва Ислом дийни ҳақида сўз юритар эканмиз, энг аввало, шуни астойдил таъкидлашни истардикки, бу ерда бирон бир фатво бериш мақсадидан умуман йироқмиз. Зеро, бунинг учун бизда на ваколат ва на етарли даражадаги далил-исбот бор ҳозирда. Масала моҳияти ва аҳволини ўзингиз англаб етишингиз тарафдоримиз. Бу ҳақида сизга маълум қилишни ўз биродарлик бурчимиз деб билдик, холос. Мақсадимиз – ГМОнинг ҳалол ёки ҳаромлиги нуқтаи назаридан мулоҳаза юритиш учун бироз бўлса-да туртки бериш, соҳа вакиллари, айниқса, ирсият муҳандислиги соҳасида банд бўлган ёки шу йўналишда фаолият олиб боришни режалаштирган ака-укаларимиз ва опа-сингилларимизни ушбу масалага янада кенгроқ эътибор қаратишга ундашдир.
Маълумингизким, муқаддас дийнимиз таълимотларида инсон руҳи ва танасининг поклигига жуда катта эътибор берилади. Мусулмон кишининг ҳар бир луқмаси ҳалол бўлиши ва ҳаром нарсалардан четланиши буюрилганини барчамиз яхши биламиз. Бу ҳақида Қуръони Карим оятлари, жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг муборак ҳадисларида жуда кўп бор таъкидланган.
“Эй одамлар! Ер юзидаги нарсалардан ҳалол-покларини енглар. Ва шайтон изидан эргашманглар, чунки у сизларга очиқ душмандир.” (Бақара сураси, 168-оят).
“Ва Аллоҳ сизга ризқ қилиб берган ҳалол-пок нарсалардан енглар. Ўзингиз ишонган Аллоҳга тақво қилинг.” (Моида сураси, 88-оят).
“Албатта, Аллоҳ тақво қилганлар ва гўзал ишлар қилганлар биландир”. (Наҳл сураси, 128-оят)
Бир ҳадисда Саъд ибн Аби Ваққос розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз алайҳиссаломга: “Эй Аллоҳнинг Расули, дуо қилинг, Аллоҳ мени дуоси қабул бўладиганлардан қилсин”, дедилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом: “Эй Саъд, таомингни ҳалол қил, дуоси қабул бўладиган бўласан. Муҳаммаднинг жони қўлида бўлган Зот билан қасамки, бир одам ҳаром луқмани қорнига ташласа, Аллоҳ унинг дуосини қирқ кунгача қабул қилмайди. Қайси банданинг гўшти ҳаромдан ва рибодан ўсса, унга дўзах муносибдир”, дедилар.
Юқорида гувоҳ бўлганимиздек, ирсият муҳандислиги воситасида ўсимликлар ва маҳлуқот ДНКсини ўзгартириш нисбатан яқинда пайдо бўлган фаолият. Бундай иш жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в) даврларида ҳам, ул зотнинг саҳобаи киромлари даврида ҳам, улуғ тобеъинлар ва улардан кейинги авлодлар даврида ҳам бўлмаган (илтимос, ўсимликлар селекциясини генетик модификация билан адаштирмасангиз (бу ҳақида аввал ҳам айтиб ўтдик)). Шу сабабли, ирсий ўзгартирилган организмларга оид ҳадиснинг йўқлиги ҳам табиий.
Бугунги кунда жаҳон олимлари ГМОнинг фойда-зарари ҳақида баҳслашар эканлар, Ислом уламолари ва исломшунос мутахассислар ҳам ўзларининг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини билдириб келмоқдалар.
Жумладан, 2010 йилнинг июнь ойида Малайзия пойтахти Куала-Лумпур шаҳрида бешинчи “Жаҳон ҳалол форуми” доирасида ирсий ўзгартирилган ўсимликлар ва ҳалоллик масаласи ҳам кўриб чиқилди. Тадбирда 37 та давлатдан 800 га яқин вакиллар иштирок этдилар.
Форум иштирокчилари озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқишда ГМОдан фойдаланиш ҳақида турли фикрларни билдирган бўлсалар-да, умумий мулоҳаза бундай маҳсулотлар Ислом дийнида Қуръони Карим ва ҳадиси шарифлар билан белгиланган ҳалол талабларига жавоб бериши атрофида бўлди.
Масалан, Ислом Ҳамкорлиги Ташкилотининг Фан ва технология бўйича доимий қўмитаси вакили доктор Анвар Насим (Покистон) ГМО маҳсулотлари аллергик касалликларни келтириб чиқариши ҳақида гапирар экан, “инсонларда одатий ва ГМО қўшилмаган маҳсулотларга нисбатан ҳам аллақачон аллергия мавжуд... ГМО инсоният учун катта ёрдам бера олади, айниқса ривожланаётган мамлакатлардаги одамларга”, деб урғу берди. Унинг фикрича, ГМО хавфсиз бўлиб, хатарли экани исботланмагунича ундан фойдаланишни давом эттириш керак. ГМОнинг хавфсиз ёки хатарли эканини билиш учун эса, уни доимий мониторинг қилиб бориш зарур.
Қувайт Илмий тадқиқот институтининг вакили доктор Ҳани ал-Мазидийнинг таъкидлашича, ГМОни ҳалол ёки ҳаром дейишдан аввал унинг ДНКсига пайванд қилинган ўша бегона ген қаердан ва нимадан олинганига эътибор қаратиш зарур. Шунинг учун ҳам таркибида ГМО мавжуд бўлган маҳсулотлар алоҳида ёрлиқлар билан белгиланиши зарур.
Малайзиялик Марям Абдул Латиф хоним ушбу мамлакатнинг ҳалол стандарти MS 1500:2009 га асосланиб, “агар трансгенларнинг манбаси ҳалол бўлса, улар қўшилган ҳамма ГМО озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам ҳалол ҳисобланади”, дея эътироф этган.
Эрон Стратегик тадқиқотлар марказининг вакили доктор Беҳзод Ғариёзий биотехнологиялардан қишлоқ хўжалигида унумли фойдаланиш ҳақида тўхталиб, ривожланаётган мамлакатлар ундан самарали фойдаланишлари мумкин, деб таъкидлади. Доктор Ғариёзий Ислом дийни илмий кашфиётларни қўллаб-қувватлашини яна бир бор эслатиб, барча мусулмонларни инновацион технологиялардан фойдаланишга ҳаракат қилишга чақирди.
Форум якуни бўйича қарор қабул қилинди ва унда “биотехнологияга асосланган ўсимликлар ва маҳсулотлар... агар манбалари ҳам ҳалол бўлса, Ислом дунёсида ҳам ҳалол деб қабул қилинади. ...Ислом уламоларининг биотехнологиялар, хусусан, ГМ ўсимликлар воситасида озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ривожлантиришга оид илмий мунозаралардаги ролини кучайтириш керак”, деб таъкидланди.
Бироқ, мазкур форум ишини танқид қилган айрим ташкилотларнинг фикрича, Малайзияда бўлиб ўтган тадбирда ГМОнинг хатарли жиҳатлари етарли даражада ўрганилмаган. Бунинг учун форумга бевосита соҳада банд бўлган мутахассислардан кўпроқ таклиф этиш керак эди, дея эътироз билдирилган.
Татаристон Республикаси Мусулмонлар идорасининг “Ҳалол” қўмитаси мутахассиси Рустем Абдуллин ГМ маҳсулотлар ва Ислом ҳақида атрофлича фикр юритиб, “ҳозирда турли манбалар ГМОнинг зарари ҳақида келтираётган гап-сўзлари асосан тор доирада ўтказилган тадқиқотларга таянади. Шундай бўлса-да, бундай эътирозларни инкор эта олмаймиз, чунки бундай маҳсулотларнинг эҳтимолий зарарини аниқлаш учун кенг қамровли изланишлар керак”, деб айтган. Унинг фикрича, ҳар бир истеъмолчи ўзи учун ўзи қарор қилиши ва саломатлигини “суғурта қилиш” мақсадида ГМОларни ҳозирча истеъмол қилмай туриши мумкин. Рустем Абдуллин маълум қилганидек, Татаристон Республикаси Мусулмонлар идораси фаолиятида қўлланиладиган Ҳалол маҳсулотлар ва хизматларни ишлаб чиқариш ва етказиб бериш қоидаларида “ҳалол маҳсулот ва хом-ашёларни ишлаб чиқаришда ирсий ўзгартирилган манбалардан олинган ирсий ўзгартирилган хом-ашё ва/ёки яримфабрикатлардан фойдаланиш таъқиқланади”.

ГМО таъқиқланган мамлакатлар

Қатор мамлакатлар ўз фуқароларини ГМ маҳсулотлардан муҳофаза қилиш мақсадида, уларни етиштириш ва сотиш ишларини қонунан қатъий тартибга солганлар, айрим мамлакатларда эса ГМО умуман таъқиқланган. Жаҳоннинг кўплаб мамлакатларида таркибида ГМО мавжуд маҳсулотлар алоҳида махсус ёрлиқлар билан белгиланиши мажбурий қилиб белгиланган.
Жумладан, Европа Иттифоқига аъзо мамлакатларнинг деярли барчасида “ГМОдан ҳоли ҳудудлар” ташкил этилган бўлиб, у ерларда бундай ўсимликларни экиш қатъиян ман этилган. Масалан, Италиянинг 25 та провинциясида трансген экинларни ўстириш умуман таъқиқланган. Австрия, Германия, Люксембург, Португалия каби давлатларда ГМ жўхори, Саудия Арабистони ва Мисрда ГМ буғдой, Норвегияда антибиотикларга чидамли ГМО маҳсулотлари қонунга зид ҳисобланади. Британия парламенти биносидаги барча ошхона ва тамаддихоналарда ГМО таъқиқланган. Қўшни мамлакатлардан Россия ва Қирғизистонда ГМ ўсимликларни ўстиришга қонунан йўл қўйилмайди. ГМО таъқиқланган мамлакатлар ва ҳудудлар бўйича тўлиқ маълумотларни интернет тармоғидаги ишончли манбалардан топишингиз мумкин.
Шундай бўлса-да, айрим мамлакатларда ГМ ўсимликлар, хусусан, сувсизлик шароитига мослаштирилган ГМ экинзорларни ривожлантириш кун тартибига кўтарилган. Бундай мамлакатлар ГМОдан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўпроқ етиштириш ва аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқроқ қондириш зарурати борлигини билдириб келадилар.

Хулоса

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида негадир ўзбек киночилари томонидан суратга олинган ўша машҳур “Абдуллажон” фильми бир неча бор ёдимизга тушди... Йўқ, ўзи учар кетмонлар эмас, далада ўсаётган ва устига нарвон билан чиқиладиган тарвузлар...
Ҳа, азизлар. Илм-фан кундан кунга ривожланиб тараққий этиб бормоқда. Кеча хом-хаёлдек туюлган нарса бугунга келиб ҳақиқатга айланмоқда. Бу жуда ҳам қувонарли ҳол, албатта. Муқаддас Ислом дийнимиз ҳам илм олишга ҳар доим чорлаб келган. Инсон Аллоҳ таолонинг илмидан фақат У хоҳлаган чегаралардагина бохабар бўлиши мумкин. Буни яхши биламиз.
Ҳар бир ихтиро ва кашфиёт эзгулик мақсадида амалга оширилган бўлса ҳам, унинг ижобий ютуқлари баробарида, салбий жиҳатлари ҳақидаги илмга ҳам эга бўлиш, назаримизда, фойдадан ҳоли бўлмайди. Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек: “Эрурсен шоҳ – агар огоҳсен сен, агар огоҳсен – шоҳсен сен”.
Ирсият муҳандислиги ва у эришаётган натижалар нисбатан янги бўлса-да, инсоният олдида кенг имкониятлар эшигини очиши мумкин. Бунинг учун берилган илмдан унумли ва, энг асосийси, эзгу мақсад учун фойдаланиш зарур.
Муҳтарам устозларимиз “Зарари аниқ бўлган ишни қилиш яхши эмас”, деб ўргатиб келишади. ГМОнинг ҳам эҳтимолий зарарларини аниқлаш, исботлаш ёки тўлиқ инкор қилиш бугунги кунда узил-кесил ҳал қилинмаган масала эканича қолмоқда. Фикримизча, ҳар бир ГМОга алоҳида, индивидуал ёндашув талаб этилади. Зеро, уларнинг ҳаммасини ҳам бирдек зарарли ёки зарарсиз дейиш нотўғри бўларди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, дийнимиз нуқтаи назаридан ГМОни буткул ҳаром ёки ҳалол дейиш ниятидан ҳам умуман йироқмиз. Бунга бизда ваколат ҳам, етарли далил-исбот ҳам йўқ. Барчаси – турли манбалардан олинган фикр-мулоҳазалар. Биз уларни умумлаштирдик, таҳлил қилдик, холос. ГМОни истеъмол қиласизми ёки истеъмол қилишда давом этасизми, ундан умуман ёки қисман воз кечасизми, бу борада ҳар эҳтимолга қарши тақво йўлини тутасизми – сизга ҳавола. Қарорни ўзингиз қабул қилинг.
ГМО ҳақидаги тасаввурингизни бироз кенгайтириб, сизни ўйлантираётган айрим саволларга жавоб топишингизга сал бўлса-да кўмаклаша олган бўлсак, мамнунмиз. Савобидан умидвормиз. Мақолани ўқиш учун сарф қилган қадрли вақтингизга рози бўлинг.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади

Интернет-манбалар:

http://halol.uz/dolzarb-mavzu/195-maqola.html
http://halol.uz/maqolalar/saralangan-maqolalar/49-2009-05-13-17-54-44.html
http://halol.uz/maqolalar/saralangan-maqolalar/48-2009-05-13-18-21-15.html
http://www.nongmoproject.org
http://www.responsibletechnology.org/gmo-dangers
http://www.wanttoknow.info/gmoinyourfood
http://www.consumerreports.org/cro/news/2014/04/why-we-need-to-label-gmo-foods/index.htm
http://www.rd.com/slideshows/genetically-modified-food-things-every-shopper-needs-to-know
http://www.comcom.govt.nz/regulated-industries/pan-industry-projects/media-releases/detail/2009/inghamswarnedovergmfreechickenclai
http://www.hse.gov.uk/biosafety/gmo/index.htm
http://www.hse.gov.uk/pubns/priced/l29.pdf
http://www.soznanie.info/st_gmo.html
http://kob.su/articles/ob-opasnosti-ispol-zovaniia-ghienietichieski-modifitsirovannykh-orghanizmov-v-produktakh
https://ru.wikipedia.org/wiki/%D0%93%D0%9C%D0%9E_(%D0%B7%D0%BD%D0%B0%D1%87%D0%B5%D0%BD%D0%B8%D1%8F)
http://www.cilecenter.org/areas-of-research/food/essays/essays-details?topic=Islamic+Ethics&theme=food&articleID=3710
http://savollar.islom.uz/savol-7274/#.VCxpLmd_vbw
http://islom.uz/savollar/smf/index.php?topic=29533.5;wap2
http://islam-today.ru/zhenshhina_v_islame/krasota-i-zdorove/gmo-izbegat-li-musulmanam/
http://gmo-journal.com/2009/07/28/gm-foods-the-islamic-perspective/
http://www.geneticliteracyproject.org/2013/11/26/debating-genetically-modified-food-an-islamic-perspective/
http://www.kuzbassislam.ru/news-57959.html
http://www.organicconsumers.org/gefood/countrieswithbans.cfm
http://www.organicconsumers.org/ge/GMonMarketUS.pdf
http://www.who.int/foodsafety/publications/biotech/20questions/en/

Қўшимча ўқиш учун:

1. “Зоны, свободные от ГМО”. В.Б.Копейкина таҳрири остида (рус тилида), 2007, 106 бет.
2. Кузнецов В.В., Куликов А.М. “Генетически модифицированные риски и полученные из них продукты: реальные и потенциальные риски”. Российский химический журнал,69 (4), 2005. 70-83 бетлар (рус тилида).
3. Кузнецов В.В., Куликов А.М. ва бошқалар“Генетически модифицированные организмы и биологическая безопасность”. Экоинформ, №10, 2004.
4. Ермакова И.В. “Генетически модифицированная соя приводит к снижению веса и увеличению смертности крысят первого поколения. Предварительные исследования”. Экоинформ,№1, 2006.
5. “Медико-биологические исследования трансгенного картофеля, устойчивого к колорадскому жуку”. Отчет Института питания РАМН. М: Институт питания РАМН. 1998, 63 бет (рус тилида).
6. “Медико-биологическая оценка пищевой продукции, полученной из генетически модифицированных источников (МУК 2.3.2.970-00)”, 2000 йил 1 июльда Г.Г.Онищенко томонидан имзоланган (рус тилида).
7. Монастырский О.А. “Продовольственная безопасность России: вчера, сегодня, завтра.” Экоинформ, №4, 2004. 64 бет (рус тилида).
8. Чирков Ю.Г. “Время химер. Большие генные игры”. Москва. ИКЦ «Академкнига». 2002.
9. Shaw I. “Is it safe to eat?: Enjoy eating and minimize food risks”. Berlin: Springer. 2005.
10. Coghlan A. “GM crop DNA found in human gut bugs”. NewScientist. 2002.
11. Ermakova I. “Influence of genetically modified soya on the birth-weight and survival of rat pups”// Proceedings “Epigenetics, Transgenic Plants and Risk Assessment”, 2006. 41-48-бетлар (инглиз тилида).
12. Ewen S.W, Pusztai A. “Effect of diets containing genetically modified potatoes expressing Galanthus nivalis lectin on rat small intestine”. Lancet. 354 (9187), 1999.
13. Ho Mae-Wan, Tappeser Beatrix. “Potential contributions of horizontal gene transfer to the transboundary movement of living modified organisms resulting from modern biotechnology”. “Transboundary Movement of Living Modified Organisms Resulting from Modern Biotechnology: Issues and Opportunities for Policy-Makers” китобида (K.J. Mulongoy таҳрири остида),International Academy of the Environment,Switzerland.171-193-бетлар (инглиз тилида).
14. Malatesta M., Biggiogera M. ва бошқалар “Fine structural analyses of pancreatic acinar cell nuclei from mice fed on GM soybean”. Eur. J. Histochem., 47, 2003. 385-388-бетлар (инглиз тилида).
15. Malatesta M., Caporalony C. ва бошқалар “Ultrastructural, morphometrical and immunocytochemical analysis of hepatocyte nuclei from mice fed on genetically modified soybean”. Cell Struct. Funct., 27, 2002.173-180-бетлар (инглиз тилида).
16. Mercer, D.K., Scott, K.P. ва бошқалар “Fate of free DNA and transformation of oral bacterium Streptococcus gordonii DL1 plasmid DNA in human saliva”. Applied and Environmental Microbiology, 65, 1999. 6-10-бетлар (инглиз тилида).
17. “Олимларнинг ГМОга оид очиқ хати (барча давлат ҳукуматларига)”, 2000. (Қаранг инглиз тилида: “Open Letter from World Scientists to All Governments Concerning Genetically Modified Organisms (GMOs)”, 2000).
18. Prescott, V.E., Campbell ва бошқалар“Transgenic expression of bean alpha-amylase inhibitor in peas results in altered structure and immunogenicity”. Journal of Agricultural and Food Chemistry, 53, 2005. 9023-9030-бетлар (инглиз тилида).
19. Pusztai A. “Report of Project Coordinator on data produced at the Rowett Research Institute”. SOAEFD flexible Fund Project RO 818, 1998 (инглиз тилида).
20. Schubbert R., Lettmann C. ва бошқалар “Ingested foreign (phage M13) DNA survives transiently in the gastrointestinal tract and enters the blood stream of mice”. Molecules, Genes and Genetics, 242, 1994. 495-504-бетлар (инглиз тилида).
21. Schubbert R., Hohlweg U. ва бошқалар “On the fate of orally ingested foreign DNA in mice: chromosomal association and placental transmission in the fetus”. Molecules, Genes and Genetics, 259, 1998. 569-576-бетлар.
22. Seralini G.E., Cellier D. ва бошқалар “New Analysis of a Rat Feeding Study with a Genetically Modified Maize Reveals Signs of Hepatorenal Toxicity” // Arch. Environ. Contam. Toxicol, 2007 (инглиз тилида).
23. Vecchio L., Cisterna B. ва бошқалар “Ultrastructural analysis of testes from mice fed on genetically modified soybean”. Eur. J. Histochem., 48, 2003. 449-453-бетлар (инглиз тилида).
24. World Scientists Statement. Supplementary Information of the Hazards of Genetic Engineering Biotechnology. Third World Network. 2000.
25. “Genetically modified (GM) crops & Halal Workshop Report”. World Halal Forum, Kuala Lumpur, Malaysia. 2010.
26. Schatzschneider I. “The Debate on Genetically Manipulated Food. An Islamic perspective”. Qatar Research Center for Islamic Legislation and Ethics. 2013.
27. MoosaE. “Genetically Modified Foods and Muslim Ethics (in 'Acceptable Genes? - Religious Traditions and Genetically Modified Foods)”, New York: Sunypress. 2009.
28. Safian M., Hanani Y. “Islam and Biotechnology: With special Reference to Genetically Modified Foods”. Philadelphia: Metanexus Institute. 2005.
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…