Джумла
Абу Муслим Written by  Jan 05, 2018 - 461 Views

Ўлимнинг биофизик маъноси

Табиатда ҳануз илмий изоҳи топилмаган жуда кўп ҳодисалар мавжуд. Бундай ҳодисалар устида олиб борилган тажрибалар натижалари кўпинча кенг оммага такдим этилмайди. Шундай ҳодисалардан бири ўлим ва биобадан тушунчасидир.
Ҳозирги кунда ўлим ҳодисаси илмий тадқиқотлар соҳасига киритилган бўлиб, жуда кўп олимлар томонидан тадқиқ қилинмокда. Турли усуллар билан ўлимнинг сир-синоатини англашга, унинг ортидаги ҳақиқатларга эришишга ва ўлимдан кейинги ҳаёт тушунчасига аниқлик киритиш борасида изланишлар давом этмоқда. Бу йўналишдаги тадқиқотлар ўлимдан кейинги ҳаётнинг борлиги устидаги изланишлардир.
Инсон физиологик жиҳатдан триллионлаб ҳужайраларнинг тартибли, уйғун ҳаракатидан ташкил топган. Унинг танасида ҳар сонияда миллионлаб ҳужайралар ўлади, уларнинг жойига янгилари ҳосил бўлади. Тана ёш ва навқирон пайтда йўқотган ҳужайраларни қайта тиклай олиш қувватига эга бўлади. Бироқ ёш ўтган сари ҳужайра сони камайиб боради. Қариш арафасида эса йўқотилган ҳужайралар миқдори соғлом ҳужайралар сонидан ортиб кетади. Шу тариқа ҳаёт аста-секин ўз мувозанатини йўқотади. Ҳужайрадаги янгиланиш мувозанати бузилгач, вужуддаги тартиб-интизом бузила бошлайди. Шунда истар-истамас рўпарадан ўлим кўринади.

Ўлим биофизик ҳодисами ёки метафизикми?

Организм учун, хусусан энг мураккаб организмлардан бири бўлган инсон танаси учун ўлим пайтини аниқлаш жуда мушкул. Ўлим пайтини аниқ ва равшан шаклда аниқлаш учун хилма-хил усуллар татбиқ қилинмоқда. Ўлган кишиларда баъзи белгилар маълум. Тадқиқотлар натижасига кўра, жон чиқишдан аввал "жон талвасаси" босқичи мавжуд. Тўсатдан содир бўлган ўлим ҳодисасида бу босқич қисқа муддат давом этади. Сурункали касалликлар натижасидаги ўлим ҳолатларида эса бир неча соат ва ҳаттоки ҳафтагача узайиши мумкин. Ўлимнинг асосий белгилари қуйидагилар: тери сўлиб, эластиклигини йўқотади, кўз оқининг томирларида қон айланиши тўхтайди, мушаклар ўз таранглигини йўқотиб, шишган қисмлари бора-бора текислашади, нафас олиш тўхтайди, пульс урмайди, тана тобора совий бошлайди, ўлимдан 2-3 соатдан сўнг мушаклар қаттиқлашиб жасад қота бошлайди. Мана шу барча аломатларга қарамасдан ўлим онини аниқлаш имконсиздек кўринмокда. "Ёлғон ўлим" ҳодисаларидан ташқари бир қанча кишининг бир муддатдан сўнг тирилганлиги маълум. Лайл Ватсоннинг (Layll Watson) "Ўлим адашуви" номли китобида ёзилишича, экспериментал-реанимацион физиология лабораторияси олимларининг ўлим ҳақидаги таърифи қуйидагича: "Сезгилар, рефлекслар, нафас ва юрак уришлари каби барча тириклик аломатлари кўринмай қолади, бироқ организм тамомила ўлмагани боис, тўқималардаги модда алмашинуви жараёнлари ва маълум шарт-шароитда барча фаолиятларни қайтадан ҳаракатга келтирадиган ҳолат..." Мазкур аломатлар аслида ўлимнинг фақатгина ташқи кўриниши ва биофизик нуқтаи назардан таърифидир. Бироқ ҳақиқатда эса, ўлим асносидаги жисмоний ўзгаришлардан ташқари, физиолигик жиҳатга боғлиқ бўлмаган бир қанча ғаройиб, мураккаб ва ҳануз ечимини топмаган жараён ва ўзгаришлар ҳам содир бўлади.

Кўзга кўринмас бадан

Буюк Британиянинг "Southhampton" касалхонаси шифокор олимлари ўлимдан бир неча сония аввал содир бўладиган ҳодисалар устида олиб борган тадқиқотларида, клиник ўлим ҳолатидаги кишилар жуда кўп ҳиссий кечинмаларни бошдан ўтказганликларини қайд этадилар. Мия фаолияти тўхтагач, яъни бемор клиник ўлим ҳолатида деб қабул қилинган пайтдаги илк даврда севинч туйғусига ўхшаш ҳиснинг пайдо бўлиши аниқланди. Шунингдек, олимларнинг фикрича, беморлар вақтнинг ўтишини ва ёруғликни пайқай олганлар. "Southhampton" касалхонасидан доктор Сам Карние (Dr. Sam Qarniea) ва Петер Пенвиклар (Dr. Peter Perwick) ўз тадқиқотларида 63 нафар юрак касаллигига чалинган, ўлим остонасидан қайтган беморлар билан олиб борилган репортажлардан фойдаландилар. Петер Пенвикнинг таъкидлашича, "Ақл ва мияни бир-биридан мустақил деб қараш мумкин десак, бу ўлимдан сўнг онгнинг уйғоқ қолиши масаласини келтириб чиқаради". Ушбу тадқиқотнинг натижалари жаҳон миқёсида турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.
Мия фаолияти тўхтагани учун "ўлган" деб қабул қилинган, аммо ҳаётга қайтган олти нафар беморнинг сўзларига кўра, улар дастлаб жуда порлоқ нурни кўрганлар. Кейин эса таърифлаш мушкул бўлган ҳузурли оламга кириб қолганлар. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бир-биридан хабарсиз шаклда олиб борилган тадқиқот пайтида олти бемор ўз ҳолатини бир хилда ифодалагани эътиборга молик. Ўлимни онгли тарзда қисман бошидан кечирганлардан ташқари тўсатдан ўлимли ҳалокатларга дучор бўлган кишилар, ҳалокат пайтида ўзларини жуда енгил ва хотиржам ҳис қилганларини айтганлар. Лайл Ватсон биз юқорида тилга олиб ўтган "Ўлим адашуви" китобида ёзишича, киши ўша ҳолатларда ўтмишдаги ҳаётини телевизор экранида томоша қилгандек кўз ўнгидан ўтказади: "Хотиралар ўз ўрнини мистик руҳий ҳолатларга қолдириб йўқолиб кетади. Комага тушиб қолган бир бемор, ҳайрат билан Тож Маҳалнинг расмини кўрганини эслаган, жарликка қулаган альпинист эса хотираларини шундай тилга олади: "Баданим қояларга урила-урила парчаланаётган эди, бироқ жисмоний яра ва шикастларни умуман сезмас эдим". Бундай ҳолатларни бошдан кечирган беморлар жисмоний бадандан ташқари кўзга кўринмайдиган ва ўлгандан кейин ҳам ҳаётини давом эттирадиган иккинчи тананинг борлигини ҳис қилганлар.
Иккинчи бадан ҳозирда бир неча олимлар томонидан илмий жиҳатдан тасдиқланган ва жонли мавжудотларда энергектик баданнинг мавжудлигига доир баъзи далиллар қўлга киритилган. Ҳаттоки уни суратга ҳам туширишган. Хўш, бу "энергектик бадан" ўзи нима? У қаердан пайдо бўлди?
Бир нарсанинг икки хил кўриниши: модда ва энергия
Нисбийлик назарияси модда ҳақидаги фикрларни ўзгартириб юборди ва модда энергиянинг ўзгача тарзда намоён бўлиш шакли эканлигини илгари сурди. Бошқа жиҳатдан эса энергия ҳаракат, вақт ва жараён билан боғлиқ. Бир заррачанинг маълум энергия қийматига тенг бўлиши, унинг статик зарра сифатида қабул қилинмаслигини келтириб чиқаради. Шунга кўра заррача динамик борлиқ, яъни энергиянинг ўзини ташқарида заррача шаклида намоён қилиши демак. Сўнгги йиллардаги тажрибалар заррачалар оламининг динамик ва узлуксиз равишда ўзгарувчан бўлишини янада яққол кўрсатмоқда. Яъни барча заррачаларни бошқа турдаги заррачаларга айлантириш мумкин. Заррачалар энергиядан ҳосил бўлиши ёхуд бутунлай энергияга айлантирилиши ҳам имкон доирасидаги иш. Модда умуман олганда энергиянинг битта шакли экани кашф қилиниши билан бирга, олимлар энергияга ҳам сийраклашган модда назари билан қарай бошлашди. Энди замонавий физикада заррачаларнинг "асос модда"дан ташкил топмаганлиги эътироф этилмоқда ва заррачалар "энергия дастаси" сифатида қабул қилинмокда. Бироқ энергия фаолият ва жараён билан алоқадор экани боис, атомости заррачаларнинг моҳияти динамик жараён дея баҳоланяпти. Бу динамик "қолип"лар ёки "энергия дастаси" модда асосини ташкил қиладиган ва уни макроскопик жиҳатдан қаттиқ жисм кўринишига келтирадиган мустаҳкам ядро, атом ва молекуляр тузилишларни ҳосил қилмокда.
Кун ўтган сайин фаннинг тармоқлашиб, тараққий эта бориши тадқиқотчиларни моддий бўлмаган борлиқларни кашф қилиш ва уларнинг тузилишлари ҳақида маълумотга эга бўлишга ундамокда.

Кирлиан фотография усули

Мавжудотларда модда ва энергиядан ташқари талайгина сирлар яширинган. Бу соҳадаги изланишлардан бири 1940 йилларда бошланган. Тадқиқотчи Семён ва унинг турмуш ўртоғи Валентина Кирлианлар юқори частотали электр токи майдони ичидаги жонли мавжудотларни суратга тушира оладиган фотография усулини кашф этадилар. Кирлианлар бир неча йил давом этган тадқиқотлари натижасида инсон, ҳайвон, ўсимлик каби жонлиларни ўраб олган энергетик майдонни суратга туширишга муваффақ бўлдилар. Бу ихтиро илк бор касалхонада олиб борилган кузатув натижасида қўлга киритилди. Бир беморга татбиқ қилинган шокотерапия усули пайтида шишали электродлар воситасида териси устидан учқун чиқиши кузатилди. Бундан илҳомланган Семён Кирлиан, ушбу жиҳозни уйига ўрнатиб дастлабки синовларни ўз устида ўтказди. Тажриба пайтида енгил электр таъсири билан бирга кўк учқун кўринди. Махсус ўрнатилган фототасма ювилганда бармоқнинг сояси кўринди. Бармокдан чиққан ёруғлик нурлари илк фотографияда очиқ-ойдин кўринди. Жонсиз нарсаларда эса бундай нурланиш ёки биомайдон умуман кузатилмаган. Ушбу усулга кашфиётчилар номи берилиб, Кирлиан фотографияси Россиядаги бир қанча университетларда ишлатилди.
1968 йилда В.Инюшин, В.Гришенко, Н.Воробёв, Н.Шоинкий, Н.Фёдорова ва бошқалар муштарак баёнотда шундай деган эдилар: "Барча жонли мавжудотлар атом ва молекулалардан ташкил топган физиологик тана билан бирга, унинг бир нусхаси бўлмиш энергетик баданга ҳам эгалар." Ҳозирда бу бадан "биоплазматик бадан" деб юритилади.

Биомайдон ёки нуроний ғилоф

Ўсимликлар устида олиб борилган тадқиқотлардан шу нарса маълум бўлдики, сўлиган, қуриб бораётган барг билан янги узилган баргнинг атрофга тарқатган нурлари орасида катта фарқ бор экан. Шохдан янги узилган баргни бир неча марта устма-уст суратга тушириш натижасида ундан тарқалган нурларнинг узлуксиз ва ўзгарувчан эканлиги аниқланди. Қуриган баргдан эса ҳеч қандай нур тарқалмади. Бир нечта узилган баргнинг суратларида узилган жой аниқ кўринади. Бироқ маълум вақтдан кейин бу қисмга оид энергия майдони ғойиб бўлади. Жонли мавжудотлар ўлимга юз тутар экан, биоплазматик бадандан чиққан учқунлар атрофга ёйилиб, бироздан сўнг бутунлай кўринмай қолади. Айрим олимлар бадандан чиқаётган нурларни биофотонлар деб аташади ва уни "биотизимларда ўлим ҳодисаси рўй бериши билан биофотонлар чиқишининг тугаши" шаклида изоҳлайдилар. Қизиқарли томони шундаки, бирор аъзоси, масалан оёғи ёки қўли кесилган одамларнинг биобаданида ўзгариш кузатилмаган. Олимлар биобаданда организм ҳақидаги тўлиқ ахборот мавжуд деб ҳисобламоқдалар. Чунки инсон ҳужайралари доимо янгиланиб турса-да, ўнлаб йиллар илгари содир бўлган воқеаларни аниқ эслай олиши, айрим травматик ёки транс ҳолатларда ўчиб кетган хотиранинг тикланиши каби ҳолатлар инсонда ахборотни ниҳоятда яхши сақлайдиган ўта мустаҳкам қандайдир биотизим мавжудлигини кўрсатади. Телепатия (масофадан туриб ҳиссий ва фикрий хабарлашув) ва телекинез (зеҳн кучи билан жисмларни силжитиш) ҳодисалари ҳам айнан кучли ахборот алмашинув имкони бўлган биобадан билан алоқадор бўлиши ҳам эҳтимолдан ҳоли эмас. Академик В.П.Казанчеев олиб борган тажрибасида иккита ҳужайрани ўртасидан кварц шиша билан ажратилган идишга жойлаштириб бир-биридан бутунлай изоляциялаган. Ҳужайралардан бирига вирус таъсир эттирилганда, иккинчи ҳужайрада ҳам бир хил реакция кузатилган ва иккала ҳужайра бир хилда ҳалок бўлган. Ҳужайраларнинг бундай ўзаро хабарлашишини ҳозирги замон фани эришган билимлар билан тушунтириш имконсиз, деган эди ўшанда академик. Турли адабиётларда "астрал бадан", "эфир бадан", "дубль", "энергетик бадан", "биомайдон", "аура" деб юритиладиган иккинчи баданни баъзи олимлар руҳ ғилофи ёки либоси тарзида изоҳлайдилар. Уларнинг фикрича, ўлим онида руҳ моддий ғилоф, яъни жисмоний баданни тарк этиб, иккинчи "нуроний ғилоф" билан ҳаётини давом эттиради. Америкалик доктор Ватерс ўтказган тажрибасида 50 га яқин чигирткани спиртли пахталарга ўраб қўйиб, ўлишлари тахмин қилинган пайтда хонани сув буғи билан тўлдиради ва суратга тушира бошлайди. Натижада ўлганлиги аниқланган 13 та чигирткада иккинчи баданнинг шакли кўринган. Кома, транс ҳолатларида ва анестезия таъсирида ҳам беморларнинг энергетик баданлари билан жисмоний баданларидан узоқлашган ҳолатлари кузатилган.

Девиснинг кузатувлари

Америкалик машҳур олим Эндрю Девиснинг ўлим тўшагида ётган бир аёл устида олиб борган тадқиқоти қуйидагича : "Аёл жонсарак бўлган пайтда тана билан мия қисмида юзага чиққан ва узлуксиз кўпаяётган кучли бир йўғонлашиш кузатилди. Йўғонлашаётган бу нарса, талваса пасайиб, танадаги сариқлик ортган сайин порлоқ ва нур таратувчи ҳолатга тушди. Жонсараклик асносида кузатилган бу типирчилашнинг тортилган азоб билан ҳеч қандай алоқаси йўқ. Буни руҳ ҳис қилмайди. Булар бутунлай органик ҳаракатлар. Ўлим пайти яқинлашган сайин тананинг аъзолари бўшатилган халталар каби бирма-бир бўшашиб кетади. Бунга зид равишда беморда алоҳида ҳолатда эфир баданнинг шаклланиши тугайди. Жонсарак ҳолатидаги танадан даставвал эфир тананинг бош қисми узилади, кейин аста-аста бошқа қисмлар ҳам ажралиб бутунлай биомайдонли тана ҳолатига келиб аёл устида тик туради. Порлоқ бир тугун бу икки танани бир-бирига киндиклардан боғлаб турарди. Бу тугун узилгач, бир бўлаги жасадда қолди. Жасаднинг дарҳол бузилишига тўсқинлик қиладиган нарса мана шу бўлса керак. Аёлнинг руҳи жасадсиз яшашга секинлик билан кўника бошлади ва аввалига нима қилишни билмай қолган кўйи уйдан чикди". Девис бу ҳодисани жасаддан узилган руҳга ҳамроҳ иккинчи баданнинг бошқа бир оламга ўтиши дея баҳолайди. Ҳозиргача биобадан тушунчаси барча олимлар томонидан қабул этилмаган. Бироқ рад қилувчилар асосли илмий далилларга таянишмаган. Фанда эса барвақт қарор бериш керакмас. Масалан, 1772 йил машҳур француз олими Лавуазье Париж Академияси баённомасида "осмондан тош тушиши физик жиҳатдан имконсиз" деб ёзган эди. Ўшандан сўнг Европа музейларидаги барча метеорит парчалари ташлаб юборилганди. Натижада пухта ўйланмай берилган қарор оқибати фан учун катта йўқотиш бўлган эди.

Нуруллоҳ СОДИҚОВ, шифокор
Ўктам САИДОВ, физик-муҳандис
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…