Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 26, 2016 - 4551 Views

Қодисия жанги

Қодисия жанги (арабчада معركة القادسية‎ — Ма’ракат ал-Қодисийя; форсча نبرد قادسيه‎; тахминан, 2 декабрь 636 милодий сана, 15 ҳижрий сана) – Ислом фатҳи даврида мусулмонлар ва Сосонийлар қўшинлари ўртасида бўлиб ўтган муҳим жанг.
Форс қўшинлари таҳминан 40 мингдан ошиқ аскардан иборат бўлиб, уларнинг қўшинлари 30 ёки 33 та фил билан кучайтирилган эди. Сосонийлар қўшинига Хуросон ноиби Рустам қўмондонлик қилган. Арабларнинг қўшинларида эса, 25 мингдан 30 минггача аскар бўлиб, уларга машҳур саҳоба Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу қўмондонлик қилганлар.
Жангдан олдинги воқеалар
Ироқ фатҳ этилгач мусулмонлар 633 йилда Форсга қарши уруш бошлашди. Сўнгги икки йил ичида улар форсларга қатор зарбалар бериб, зафар қучишга муваффақ бўлишди. Фақатгина битта жангда мағлубиятга учрадилар. Бу воқеа Фурот қирғоқларида, 634 йилда “кўприк учун жанг”да содир бўлди.
Форслар гувоҳи бўлишдики, мусулмонларни менсимай бўлмайди. Форс қўмондони Рустам вояга етмаган Яздажир III даврида жуда юқори мавқега эга эди. У душман билан курашиш учун мамлакатнинг барча вилоятларидан аскарлар йиғишни бошлади. Бунинг учун бир йил кетди. Ана шундан сўнг Рустам бошчилигидаги форс қўшини мусулмонлар ҳаракатда бўлган туманга қараб йўлга чиқишди ва Қодисияда лагер барпо этишди. Икки ой (айрим маълумотларга кўра тўрт ой) вақт давомида на у томон ва на бу томон жанг қилишга шошилди. Рустам мусулмонларнинг қайтиб кетишларини кутди, аммо бунга кўзи етмагач, биринчи бўлиб ўзи жангни бошлади.
Жанг жуда шафқатсиз кечди ва тўрт кун давом этди.

Биринчи кун. Форс қўшини Атик каналидан кечиб ўтиб, унинг ғарбий соҳилига чиқиб олишди. Қўшиннинг марказига Рустамнинг ўзи бошчилик қилди. Ўнг қанот Хормузан раҳбарлиги остига ўтди. Улар ва марказ ўртасида эса Жалинос бошчилигидаги отряд жойлашди. Бахман Жадуйе бошчилигидаги чап қанот ва марказ оралиғида эса Перозан қўшни жойлашди. Бундан ташқари, форсликларда ёлланма жангчилар ҳам бор эди (Табарийнинг айтишича, 30 000 нафар). Уларнинг кўпи занжирбанд этилган бўлиб, қочиб кета олмасдилар. Форсликларнинг марказида 18та, бир қанотда 8та, иккинчисида эса 7та фил бор эди. мусулмонларнинг жанг сафлари ҳам худди форсликларники сингари марказ, чап ва ўнг қанотдан иборат бўлган. Бош қўмондон Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айрим ҳарбий саркардаларнинг норозилигига қарамай, қайсидир сабабларга кўра, Ҳолид ибн Урфутга қўмондонликни топширдилар. Аммо Саъднинг ўзлари ёрдамчи адъютант орқали армияни назорат қила бошладилар. Ўнг қанотга Жарир ибн Абдуллоҳ Бажалий бошчилик қилди. Чап қанот эса Қайс ибн Макшуҳ қўл остига ўтди. Мусулмонлар уч марта “Аллоҳу акбар!” такбири садоси остида юришни бошлашди. Уруш яккама якка жангдан бошланди. Биринчи яккама-якка жангда Сосонийлар уруғидан бўлган машҳур форслик Хормузд енгилди ва асир олинди. Форсликлар филлар ва миноралардан ўқ ёғдириш билан урушни бошлашди. Филлар ҳужуми самарали бўлди. Мусулмонларнинг Бажила уруғи катта талофат кўрди, уларга Асад уруғи келиб ёрдам беришмаганида, эҳтимол батамом қирилиб кетган бўлишарди. Филлар ортидан форсликларнинг отлиқ қўшини йўлга тушди. Уларга саркардалар Бахман Жадуйе ва Жалинос бошчилик қилди. Энди Асад уруғига ҳам ёрдам керак бўлиб қолди. Мусулмон отлиқлари филлар ва миноралардан ёғдиралаётган ўқлар остида саросимага тушиб қолиб, чекинишди. Аммо мусулмонларнинг пиёда қўшини ҳали жанг қиларди, аммо уларнинг ҳам мағлубияти кўриниб қолганди. Бош қўмондан Саъд ибн Абу Ваққос жангга асосий кучни, жумладан, тамимийларни ташлади. Форсликларнинг жанговар филлари мусулмонлар қўшини ўртасида қолиб кетди. Тамимийлардан иборат қўшин филларга қарши муваффақиятли жанг олиб борди. Улар найзалар ва камон ўқлари орқали филларнинг кўзлари ҳамда хартумларини яралашди. Мусулмонлар, шунингдек, филлар устида ўрнатилган минораларни мустаҳкам турувчи эгарларни кесиб ташлашди. Шу боис уларнинг кўп ўз эгалари билан ерга тушиб, ҳалок бўлди. Бошқалар эса миноралардаги форслик аскарларни камондан ўққа тутишди. Мусулмонлар кўп талофат олишларига қарамай, жангда ғолиб бўлишди, форсликлар чекинишди. Жанг кун ботгунча давом этди, шундан сўнг қўшин аввалги ерига қайтди.

Иккинчи кун.
Тонгда мусулмонларга Суриядан юборилган қўшин келиб қўшилди. Айрим маълумотларга кўра, уларнинг сони 6000, бошқа манбага кўра 10 000 нафар бўлган. Бу авангард Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги минг нафар отлиқ қўшиндан иборат бўлиб, куннинг яримига бориб жангга қўшилди. Яккама якка жангда зафар мусулмонлар томонида бўлди. Унда ҳарбий қўмондаон Бахман Джадуйе, Биндуван (қўмондон Рустамнинг акаси), ҳарбий қўмондан Перозан ҳалок бўлди. Бу кунда форсликлар ўзларининг зарба берувчи кучларидан фойдалана олишмади — филлар жангда иштирок этмади, минораларнинг аксарияти вайрон бўлган эди. Мусулмонлар ташаббусни ўз қўлларига олишди. Улар туяларни снарядлашди, уларга моҳир мерганларни чавандоз этиб, форслик отлиқлар устига жангга киришди. Форслик отлиқлар умрларида кўрмаган жониворларнинг ташқи кўриниши ва ҳидларидан ваҳимага тушиб қолишди. Мусулмонлар Форс қўшинининг марказига муваффақиятли зарба берди. Аммо форсларнинг пиёда қўшини бу зафар ривожига тўсиқ бўлди. Форсликларнинг талофоти ортди, кун давомида мусулмон қўшинига Суриядан юборилган аскарлар келиб қўшилди. Шом вақтига келиб, жанг тўхтатилди. Табарийнинг айтишича, шу куни 2 000 (ёки 2 500) мусулмон ва 10 000 форсликлар ҳалок бўлди.

Учинчи кун.
Мусулмонлар ҳарбий ҳийла қўллашди: Иккинчи кунда бўлган жанг ярмида Суриядан юборилган Қаъқоъ ибн Амр розияллоҳу анҳу бошчилигидаги отряд тун ярмида мусулмонлар лагеридан узоқроққа бориб туришди ва учинчи кун яна уларга келиб қўшилди. Бу мусулмонлар сафига яна қўшин келиб қўшилди, деган фикрни пайдо қилиш учун амалга оширилди. Юзлаб аскарларга яна юзлаб аскарлар қўшилиб, мусулмонлар ва форсликлар саф торта бошлашди. Мусулмонлар Аллоҳга такбир айтишиб, жангни бошлашди. Яккама якка олишувдан сўнг, умумий жанг бошланди. Форсликлар бу кунда филларини жангга солишга муваффақ бўлишди. Энди ҳар бир филни пиёда ва отлиқ аскарлар қўриқлашар эди. Табарийнинг айтишича, филларга бундай ғамхўрлик қилиш оқибатида уларнинг ҳаракати чекланиб қолди. Бу эса мусулмонларга уларнинг кўзи ва хартумларини масофадан туриб жароҳатлаш имконини берди. Иккита фил яраланди ва оғриққа чидай олмай, ортга қараб чопа бошлади. Форсликлар қўшинида тартибсизлик бошланди. Аммо мусулмонлар ўзларининг жанговар туяларидан самарали фойдалана олишмади. Чунки уларнинг кўпчилиги яраланган ва ўлдирилган эди. Куннинг иккинчи ярмида форсликларга Ктесифондан кўмак келди. Мусулмонлар сафига эса Ҳошим бошчилигида 700 кишилик отряд келиб қўшилди. Ҳошимнинг отряди атайлаб жанг ўртасига 70 кишидан бўлиниб-бўлиниб келиб қўшилди. Бу эса душманга мусулмонлар сафига тинмай қўшимча куч келиб қўшилаётгандек туюлди. Шиддатли ва қайсарона жанг кечди, ҳар икки томон ҳам катта талофат берди. Кечка бориб, жанг оммавий муштлашувга айланиб кетди. (Табарий, I, 2326 саҳифа). Оқшомга бориб Рустам тактикасини ўзгартирди. У отрядлар ўрнига аскарлардан мудофаа чизиғини шакллантирди. Уларнинг сони 13 та бўлиб, қанотларда жойлашиб олишди. Табарийнинг давом эттиришича, (I, 2329—2331) Саъд ҳам қўшинларини қайта гуруҳлаштирдилар, уларни уч чизиққа тортдилар: биринчи чизиқдан отлиқлар жой олди, иккинчи чизиқни қилич ва найзалар билан қуролланган пиёдалар эгаллади, учинчи чизиққа камончилар жойлашди. Мусулмонлар шиддат билан ҳужум қилишди. (Табарий, I, 2332 саҳифа). Жанг жанговар тартибда тунда ҳам давом этди. Унда қатнашганлардан бирининг айтишича, жанг шу даражада шиддат билан кечдики, қўмондонлар уни бошқара олмай қолишди. Чунки уларнинг аскарлар билан алоқаси чекланиб қолди (Табарий, I, 2333 саҳифа).

Тўртинчи кун.
Тонгда мусулмонлар форсликларнинг марказига ҳужум қилишди. Душман сўнгги кучи қолганча қаттиқ туриб курашди, шу сабаб узоқ вақт кимнинг устунлик қилаётганини англаб бўлмай қолди. Қуёш тик келганида, кучли бўрон кўтарилди ва қоп-қора қум форсликларнинг юзига ура бошлади. Мусулмонлар Аллоҳ уларга ёрдам бераётганлигини тушинишди ва ҳужумни кучайтиришди. Шамол Рустамнинг попугини пасайтириб қўйди. Мусулмонлар, ўз навбатида, форсликларнинг марказини ларзага келтиришди. Форсларнинг қанотлари жанговарлигини сақлаб қолган бўлсаларда, вазифа бажариб бўлинган эди. Мусулмонлар қўшни марказни ёриб кирди ва Рустам жангда ҳалок бўлди. Сосонийларнинг давлат давлат белгиси (1 миллион 200 минг дирҳамга тенг «дарафш-и-Кавэйяни») мусулмонлар томонидан қўлга киритилди. Форс қўшини ўз қўмондонларининг ҳалок бўлганидан ҳайратга тушди ва чекинишни бошлади. Жалинос қўмондонликни ўз зиммасига олди ва қўшинни Атикнинг нариги қирғоғига олиб ўта бошлади. Форсликларнинг кўпчилиги мусулмонлар томонидан ўлдирилди ёки чўкиб ҳалок бўлишди. Занжирбанд этилган ёлланма жангчиларнинг бари мусулмонлар томонидан тиғдан ўтказилди. Уч минг форслик оила бошлиғи ёки саккиз нафар саркардаси қўли остида (улар орасида Хормузан ва Зад Бухейш ўғли ҳам бўлган) жангда мардоновор ҳалок бўлиш учун қолишди. Табарий (I, 2345—2346 саҳифа) ва Болазурийнинг (259 саҳифа) ёзишича, уларга мусулмонларнинг ўн минг қўшини ҳужум қилди. Душманнинг ярими ҳалок бўлди, қолганлари эса чекинди. Жалинос Нажаф йўлида мусулмонларнинг бошқа бир гуруҳига учради ва ўлдирилди. Ва мана шу кунда жанг майдонида 6 минг мусулмон ва 10 минг форслик ҳалок бўлди. Бунга Атик каналига чўкканлар ҳисобга киритилмаган (Табарий, I, 2337—2339 саҳифа). Қодисия учун жанг ана шундай якунланди.

Жиддий талафотга қарамай, мусулмонларнинг қўли баланд келди. Форсликларнинг йирик қўшини тор-мор этилди ва амалда мавжудлигини йўқотди. Сосонийлар давлати кейинги йиллар давомида мусулмонлар томонидан тўлиқ фатҳ этилди.
Қодисия жанги эса мусулмон фотиҳларнинг музаффар лашкари ғалаба қозонган энг катта тарихий жанглардан бири эди. Ушбу жангда ўша пайт¬да дунёнинг ярмини эгаллаб турган Эрон империясининг умуртқа поғонаси синди. Бу империянинг асосий аскарлари ва қўмондонлари ҳалок бўлдилар. Энди Ислом даъватини дунёнинг бир тарафига тарқатиш учун кенг йўл очилди.

Related items

ШИАЛАР: Тарих ва бугун Nov 26, 2016 - 4551 Views
Ярмук жанги Nov 26, 2016 - 4551 Views
Самарқанд фатҳи Nov 26, 2016 - 4551 Views
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…