Джумла
Абу Муслим Written by  Dec 08, 2016 - 1947 Views

Фиръавннинг аёли Осиёнинг тақдири нима бўлган?!

Қуръони каримда зикр қилинишича, у Мусо алайҳиссалом дарёда оқиб келаётган сандиқдан топиб, Фиръавн қасрига олиб боради. Мусо алайҳиссалом туғилган йили Фиръавн бани Исроилдан туғилган барча ўғил болларни ўлдиришга буйруқ берган эди.
Аллоҳ таолонинг амри билан, Мусонинг онаси уни сандиққа солиб, Нил дарёсига оқизиб юборади. Сандиққа солинган гўдак Фиръавн қасри олдидан ўтиб бораётганида уни Осиё розийаллоҳу анҳонинг хизматкор аёллари топиб олишади ва уни Осиёга олиб келишади. Гўдакни кўрган Осиё розийаллоҳу анҳонинг унга нисбатан қалби муҳаббатга тўлади. Фиръавннинг гўдакни ўлдиришга бўлган қаттиқ хоҳишига қарамай, Осиё Фиръавнни ўзида қолдиришга рози қилади.
Золим ва бадбахт Фиръавннинг аёли бўлишига қарамай, Осиё розийаллоҳу анҳо Аллоҳ таолога иймон келтирган аёллардан эди. У мўмина бўлгани ҳамда Мусо алайҳиссаломни ўз қарамоғига олгани учун Аллоҳ таоло унинг даражасини баланд қилди.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилинади:
"Пайғамбаримиз бир куни ерга тўртга чизиқ чиздилар ва: "Бу нима, биласизларми?" деб сўрадилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билгувчироқдир", деб жавоб беришди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Булар жаннатнинг энг афзал аёллари — Ҳадича бинти Ҳувайлид, Фотима бинти Муҳаммад, Марям бинти Имрон ва Фиръавннинг хотини Осиё бинти Мазоҳимдир", деб жавоб бердилар" (Имом Аҳмад ривояти).
Ибн Касир «Ал-бидайату ван-ниҳайа» китобида ушбу ҳадисни зикр қилиб: "Осиё онамиз жаннатда Муҳаммад Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи ва саллам аёлларидан бири бўладилар", деб қуйидаги оятни далил келтиради: "...унга сизлардан яхшироқ жуфтларни — муслима, мўмина (Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарига) итоат этувчи, тавба-тазарруъ қилувчи, обида, (мудом Аллоҳнинг йўлида) кетувчи жувон ва қизларни алмаштириб берур" (Таҳрим, 5).
Осиё розийаллоҳу анҳо мухлиса ва ўз иймонида собит қадам эди. Ибодат вақти келганида у бир баҳоналарни топиб, хонасига кириб, махфий равишда Аллоҳ таолога ибодат қилар эди. Осиё узоқ вақт ичида ўз иймони ва ибодатларини яшириб келди.
Ибн Касир ва Қуртубий тафсирларда баён қилинишича, Мусо алайҳиссалом ва укалари Ҳоруннинг Фиръавн сеҳргарлари билан бўлган беллашувида, имон куфр устидан ғалаба қилади. Бундан хабар топган Фиръавннинг хотини Осиё розийаллоҳу анҳо: «Мусо ва Ҳоруннинг Раббисига имон келтирдим», дейди. Бундан хабар топган Фиръавн ғазабланиб, уни ўлдиришга амр этади. Ўша даврда фиръавн худолик даъвосини қилиб: «Мен сизларнинг улуғ раббингизман», дер эди. У Мусо ва Ҳоруннинг динига имон келтирган хотинини ҳузурига чақириб: «Мендан бошқа ҳам Раббинг борми?» деб сўрайди.
Осиё розийаллоҳу анҳо: «Ҳа, у менинг Раббим, сенинг Раббинг ва барча нарсанинг Раббиси Аллоҳдир, мен Унга ибодат қиламан», деб дадил жавоб берадилар. Шунда Фиръавн аскарларига буюриб, хотинининг қўл-оёқларига қозиқлар қоқтиради. Қуёш жазирамаси остига қўйиб азоблайди. Устларига улкан тошни бостириб, қийнайди. Шу билан Аллоҳга бўлган имонидан қайтаришга уринади. Лекин Осиё розийаллоҳу анҳу бу таклифга асло кўнмайдилар.
Фиръавн азоблашдан чарчаб, саройга кетганида, Осиё онамизнинг олдиларида муаккил фаришталар ҳозир бўлишар ва "Раббим Аллоҳдир" дегани учунгана мазлум бўлаётган муслимани қанотлари билан офтоб жазирамасидан соя қилиб туришар эди. Осиё розийаллоху анҳо азобланар экан, Аллоҳга дуо қилди: «Парвардигорим, Ўзинг мен учун ҳузурингда — жаннатда бир уй бино қилгин, менга Фиръавн ва унинг қилмишидан нажот бергин ва менга бу кофир қавмдан нажот бергин" (Таҳрим, 11).
Ривоятларда айтилишича, ушбу дуо Аллоҳ йўлида умридан кечган ва Роббисининг йўлида шаҳид даражасига етган Осиёнинг сўнгги сўзлари бўлган экан.
Яна уламолар бу дуо хусусида шундай дейдилар:
"Осиё уйни ихтиёр қилишдан олдин, қўшнини ихтиёр этди". Бу қўшни Аллоҳдир. Аллоҳ таоло бу дуони ижобат қилди. Осиё розийаллоҳу анҳо осмонга қараб, шу онда, самода, жаннатда ўзига бино қилинаётган қасрни кўрди. Қаср дуру гавҳарлардан эди. Бу манзарани кўриб, хотиржам бўлди ва азобларни унутиб, табассум қилди. Бу ҳодиса Фиръавн ва сарой аъёнларининг кўз ўнгида содир бўлди. Буни қўрган Фиръавн баттар ғазабланди. Сўнгра: "Унинг жиннилигига ажабланмайсизми? Мен уни азоблаяпман-у, у эса куляпти?" деб қичқирди ва хотинини тезроқ ўлдиришларига буйруқ берди. Фиръавн одамлари Осиё розийаллоҳу анҳо устига улкан тошни қулатишганида, унинг покиза руҳи аллақачон жаннатга олиб чиқиб кетилган эди. Улкан тош жонсиз жасад устига тушди.
"Бунга (яъни, Аллоҳ мўминларга ёрдам беришига, кофирларни эса ҳалок қилишига) сабаб, Аллоҳ имон келтирганларнинг дўсти-ҳомийи эканидир, кофирлар учун эса ҳеч қандай ҳомий йўқ эканидир" (Муҳаммад, 11).

“Қаҳрамон мўмина аёллар” китоби асосида
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…