Джумла
Абу Муслим Written by  Jan 03, 2018 - 561 Views

Од қавми тарихи ҳақида ўйлар

Ҳуд алайҳиссалом қавми Яман ва Уммон ўртасидаги Аҳқоф деган жойда яшаган. Улар Нуҳ алайҳиссаломдан кейин яшаб, Нуҳ тўфонидан сўнг тўғри йўлдан озиб кетган қавмларнинг бири бўлади.
Ҳуд алайҳиссалом қавми ҳақида Қуръони каримнинг “Аъроф” ва “Ҳуд” сураларида батафсил зикр қилинган. Уларнинг қиссаси “Мўминун” сурасида ҳам пайғамбари ва қавмиларининг номи зикр этилмасдан баён қилинган.
Хуллас, Ҳуд алайҳиссалом ўз қавмини тавҳидга чақиргани ва қавмига Аллоҳ таолонинг жазоси келгани ҳақида зикр қилинади.
Ҳуд алайҳиссалом ва унинг қавми қиссаси Нуҳ алайҳиссалом қиссаси каби бошланади (Шуаро сурасида): “Од қавми Пайғамбарларни ёлғончи қилди. Ўшанда уларга биродарлари Ҳуд деди: «Қўрқмайсизларми?! Албатта, мен сизларга ишончли Пайғамбарман. Бас, Аллоҳдан қўрқинглар ва менга итоат қилинглар. Мен сизлардан бунинг учун ҳақ-ажр сўрамасман. Менинг ажрим фақатгина Роббул Оламийн зиммасидадир” (Шуаро сураси 123-127 оятлар).
Аллоҳ таоло ва Унинг элчисига иймон келтириш  айнан олдин келган ҳар бир пайғамбарларнинг даъвати эди.
Ҳуд алайҳиссалом уларнинг қилаётган ишларини, хусусан, улар бир-бирларидан ўзиш учун бунёд этаётган ҳашаматли иморатларни танқид қилади. Дунёда қўлга киритган мол-дунёлари ва бошқа бойликлари туфайли мутаккабир бўлиб кетганликларини қоралайди. Аллоҳ таолодан юз ўгиришлари ва энди Унинг олдида жазо олажакларини эслатиб: “Ҳар тепаликка бир белги бўладиган бино қуриб, беҳуда ўйин қилаверасизми?
Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?” дейдилар (Шуаро сураси, 128-129).
Оятдаги «маснаълар» сўзи ҳозирги араб тилида завод-фабрика маъносида ишлатилмоқда. Од қавми улкан қасрлар қуриш, тоғларни ўйиб ишлов беришни билар, шу билан бир қаторда, фахр учун кўтарадиган биноларида фойдаланадиган асбоб-ускуналарни ишлаб чиқарадиган ишхоналарга эга эди. «Масонеълар»дан мурод ўшалар бўлиб, оятда қурилишларга доирлигига очиқ-ойдин ишора бор.
Улар қурган бинолари узоқдан яхши кўриниб туриши учун уларни тепаликларга қуришни яхши кўришган. Бошқаларга ўзларининг мол-мулкларини кўрсатиш ва қудратларини намойиш қилишни хуш кўришган. Қуръони каримда эса бу нарсаларнинг беҳудалиги очиқ айтилган.
Агар улар қурган биноларнинг амалий бирон бир фойдаси бўлганида эди, улар беҳуда дейилмаган бўларди.
Шундай қилиб, Қуръони карим инсонни ўз имкониятлари ва ресурсларини ўзларини кўрсатиш ва мол-муклидан фойдаланиш ўрнига, фойдали, керакли нарсаларга йўналтириши кераклигини таъкидлайди.
Од қабиласи, турли хил касб-ҳунарларда ҳам илғорлаб кетди ва ўзларига саройлар қуришда тоғлардан катта котлованлар қазиш учун энг зўр меҳнат қуролларидан фойдаланишда ҳам ўзиб кетишди. Ҳуд алайҳиссалом уларга: “Ва худди мангу туражакдек «маснаълар» тутаверасизми?” дедилар (Шуаро сураси, 129).
Улар ўзлари қурган мустаҳкам иморатлари табиий офатлар ва душман ҳужумларидан уларнинг ҳаётларини сақлаб қолади, деб қаттиқ ишонарди. Бироқ Ҳуд алайҳиссалом уларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини танқид қилади: “Тутганингизда ўта жабрчи бўлиб тутдингиз” (Шуаро сураси, 130). Булар жуда кучли, муросасиз ва ашаддий халқ эди. Бошқалар билан муносабатда жуда шафқатсиз эди. Ҳозир ҳам қудратга тўла мамлакатларда  шу хислатлар топилади.
Шу тарзда Ҳуд алайҳиссалом уларга Аллоҳ таоладан қўрқиш ва У юборган пайғамбарга эргашиш кераклигини эслатади. Эҳтимол бу нарсалар уларнинг шафқатсизлиги ва кибрини йўқ қилиши мумкин эди: “Бас, Аллоҳдан қўрқинг ва менга итоат қилинг” (Шуаро сураси, 131).
Сўнг у Аллоҳ таолонинг меҳрибон эканини эслатади: “Сизга ўзингиз билган нарса ила мадад берган зотдан қўрқинг. У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. Боғ-роғлар ва булоқлар ила. Мен, албатта, сизга улуғ куннинг азоби келишидан қўрқаман” (Шуаро сураси, 132-135)
Ҳуд алайҳиссалом аввал мадад бераётган Зот ҳақида эслатади, сўнг У ато қилган нарсаларни зикр қилади. У сизларга ўзингизга маълум бўлган нарсалар билан мадад берди. Буларнинг ҳаммаси сизлар учун эди ва сиз бу ҳаётда фойдаланаётган нарсаларингиз ҳақида жуда яхши биласизлар. Сўнг булар ҳақида батафсил тўхтайди: “У сизларга чорва ҳайвонлари ва фарзандлар ила мадад берди. Боғ-роғлар ва булоқлар ила” (Шуаро сураси, 133-134).
Ўша вақт бу нарсалар энг олий неъматлар эди. Умуман айтганда, бу нарсалар доим катта неъмат ҳисобланган. Ва яна у Қиёмат куни бўладиган жазо ҳақида ҳам гапиради. У ўз давъатида катта азоб этишидан қўрқишини ҳам айтади. Чунки уларнинг баъзилари унга ака, баъзилари ука бўлган ва у уларни қойим бўлиши муқаррор бўлган Қиёмат кунидаги азобдан сақлашни истайди.
Бироқ унинг даъватлари уларнинг тош бўлиб қолган қалбларини юмшата олмади. Улар қайсарлик билан ислоҳ қилишга қарши бўлаверади: “Улар: «Биз учун ваъз қилсанг ҳам ёки ваъз қилгувчилардан бўлмасанг ҳам, барибир”, дедилар (Шуаро сураси, 136).
Мана гувоҳи бўлганимиздек, пайғамбар даъватига бефарқ бўлиб, бизга барибир дедилар. Улар бу билан яна бир марта ўзларининг гуноҳларда қотиб қолганликлари ва ўтганларнинг урф-одатида қотиб қолганлигини  кўрсатиб қўйишди: “Бу эскиларнинг одати, холос. Биз азоблангувчи эмасмиз», дедилар.”(Шуаро сураси, 137-138).
Улар Ҳуд алайҳиссалом танқид қилаётган одатлар ота-боболаридан қолгани учун уларга эргашаётганлигини таъкидлашди.
Сўнг улар қиёматда азоб бўлишини инкор қилишди: “Биз азоблангувчи эмасмиз, дедилар” (Шуаро сураси, 138).
Бу сурада улар ва Ҳуд алайҳиссалом ўртасида яна баҳс бўлгани ёки бўлмагани ҳақида зикр қилинмай, хулоса қилинади: “Улар у(Ҳуд)ни ёлғончи қилдилар. Бас, Биз уларни ҳалок қилдик...” (Шуаро сураси, 139). Бу ояти карима араб тилида икки калима билан ифода қилинган: “فَكَذَّبُوهُ فَأَهْلَكْنَاهُمْ” (факаззубуҳу фа’аҳлакнаҳум) –  шундай қилиб ўзини қудратли деб билган Од қавми йўқ бўлиб кетди. Улардан ҳеч нарса қолмади, на боғу роғ, на фарзандлар на мол-мулклар...
Яна қанча-қанча халқлар цивилизациядаги тараққиётларига ишониб худди Од қавми каби Аллоҳ таолодан узоқлашиб бормоқда. Улар ўзларини Аллоҳ таолонинг амридан ҳолимиз, деб ўйлашади. Улар бошқаларни йўқ қилиш, ҳамда ўзларининг хавфсизлиги учун қурол-яроғлар ишлаб чиқади, бироқ шундай бир кун ёки тун келадики, бу халқлар Аллоҳ таолонинг жазосига йўлиқадилар: “...Албатта, бунда оят-белги бор. Лекин кўплари мўмин бўлмадилар. Албатта, Роббинг Ўзи азизу меҳрибондир” (Шуаро сураси, 139-140).

OnIslam материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Қўшимча ўқиш учун:

Од қавмига берилган неъматлар ҳақида: Аъроф 69, Шуаро 133-134, Фажр 7-8.
Од қавмининг мутакаббирлиги: Фуссилат 15, Шуаро 128-129.
Ҳуд алайҳиссаломнинг пайғамбарлиги: Аъроф 65-72, Ҳуд 50-57, Мўминун 32, Шуаро 131-132, Шуаро 135, Аҳқоф 21-23.
Ҳуд алайҳиссаломнинг таъқиб қилиниши: Аъроф 66-67, Ҳуд 53-55, Шуаро 136-137, Сод 12, Аҳқоф 21, Қоф 13, Қамар 18.
Од қавмининг йўқ қилиниши: Аъроф 72, Ҳуд 58, Ҳуд 89, Мўминун 41, Фурқон 38, Шуаро 139, Анкабут 38, Анкабут 40, Ғофир 31, Фуссилат 13, Фуссилат 16, Аҳқоф 24-25, Зарийат 41-42, Нажм 50, Қамар 19-20, Ҳааққаҳ 6-8, Фажр 6.
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…