Джумла
islamonline.uz Written by  May 11, 2018 - 307 Views

Муҳаммадлар қиссаси

Ўтмиш салафи солиҳларимиз ҳаётида ажиб воқеалар, ибратли ҳодисалар кўп бўлган. Тарих саҳифаларини варақлар эканмиз яқин ёки узоқ ўтмишда яшаб ижод қилиб, дунёвий ва ухровий билимлар майдонида чавандоз бўлган ва инсоният тамаддунига ўзининг бебаҳо ҳиссасини қўшган олиму зиёлиларимиз ҳаётини ана шундай ғаройиб воқеаларга тўла ҳолда кўрамиз.
Биз ҳикоя қилмоқчи бўлган ажабтовур қиссанинг бевосита иштирокчиларига айланган тўрт кишининг бари олим инсондирлар. Барчаларининг исми ҳам Муҳаммад. Ва уларнинг бари илмий изланишдаги сафар туфайли бир-бирлари билан “тасодифан” Мисрда учрашиб қолишади. Улар: Муҳаммад ибн Жарир, Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма, Муҳаммад ибн Наср ал-Марвазий ва Муҳаммад ибн Ҳорун Рўёний-дирлар. Қўштирноқ ичида тасодифан дейишимизнинг боиси шуки, бу дунёда аслида ҳеч нарса тасодиф бўлмайди, балки, ҳар ишда Азизу Ҳаким зотнинг бир ҳикмати ва иродаси яширинган бўлади.
Хатиб Бағдодий ривоят қилганидек, мазкур тўрт олим иттифоқо Мисрда бир-бирлари билан учрашиб қоладилар ва карвонсаройдаги бир хонани ижарага олиб, ўша ерда истиқомат қила бошлайдилар. Кундузлари мадрасалар, илмий анжуман ва ҳоказолар билан овора бўлиб, хонадонда кечалари жамланиб қолишарди. Баъзан эса бир-бирларини бир-неча кунда бир марта кўриш насиб бўларди.
Кўп ўтмай уларнинг озиқ-овқатлари тугаб битди, пуллари ҳам қолмади. Ва ўта ночор бир аҳволга тушиб қолишди. Очлик уларнинг тинкасини қурита бошлади. Лекин ҳақиқий олимларга хос бўлган олийжаноблик ва иффат туйғуси бировга тиш ёриб, ўзларининг танг аҳволларини ошкор қилишдан уларни тийиб турарди. Бироқ очлик ва чорасизлик ҳар томондан исканжага ола бошлади. Ахири, тунларнинг бирида қуръа ташлашга ва у кимга чиқса, ўз ҳамроҳлари учун егулик истаб, топиб келишига келишиб олишди. Шундай қилиб, қуръа ташланди. У Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайманинг чекига тушди. Бу иш яъни бировдан егулик сўраш табиийки, унинг учун оғир эди. У дўстларига:
- Тўхтанглар, аввал бир намоз ўқиб олай, деди.
Ва хушуъ ва хузуъ тўлқинлари мавж урган, - Аллоҳдан бўлак ёрдамчиси ва меҳрибони қолмаганини ич-ичидан ҳис қилиб, англаб етган бир кишининг намозидек, - муаззам бир намозга киришди.
Шу пайт ногаҳонда узоқдан от дупури элас-элас эшитила бошлади. Бу товуш тобора кучайиб борар ва улар манзил тутган кулба сари яқинлашиб келарди. Отнинг дупур-дупури шундоқ эшик тагига келиб тинди ва эшик тирқиши ва дарчадан тушган шам ёруғлари хонани бир қадар ёритиб юборди.
Эшик тақиллай бошлади. Ҳамма ҳайрон. Чунки, бу маҳалда кулба яшовчиларидан ҳеч ким ҳеч кимни кутмаётган эди. Эшик очилди. Ташқарида Миср волийси томонидан юборилган чопар турарди. У отидан тушаркан:
-    Қайси бирингиз Муҳаммад ибн Наср бўласиз, деди.  
-    Мана бу киши, дея унга ишора қилишди. Шунда чопар ёнидан эллик динор тилла солинган ҳамён чиқариб, Муҳаммад ибн Насрга узатди. Кейин яна:
-    Қайси бирингиз Муҳаммад ибн Жарир бўласиз, деди.
-    Мана бу киши, дейишди уни кўрсатиб. Чопар унга ҳам эллик динорлик солинган ҳамён узатди. Кейин:
-    Қайси бирингиз Муҳаммад ибн Ҳорун, бўласиз, деди яна чопар, манзил эгаларини ҳайрат дарёсига ғарқ қилиб. Уни ҳам кўрсатишди. Чопар унга ҳам тилла тангалар солинган ҳамённи узатди. Ва ниҳоят, қайси бирингиз Муҳаммад ибн Исҳоқ ибн Хузайма бўласиз, деди.
-    Ана у, намоз ўқияпти, дейишди унинг ҳамроҳлари. Муҳаммад ибн Хузайма намоз ўқиб бўлгач, чопар унга аталган эллик динорлик ҳамённи узатди. Сўнгра шундай деди:
-    Амиримиз, кеча қайлула уйқусида эдилар, бир туш кўрибдилар. Тушларида сизларни қийналиб қолганингизни кўрибдилар. Уйғонгач аъло ҳазрат:
-    Муҳаммадлар оч-наҳор ҳолда кечани ўтказаётган эканлар, дедилару мана шу ақчаларни сизларга бериб юбордилар. Ва: “агар бу пуллар тугаб қолса, дарҳол мени ҳузуримга одам юборишсин, албатта яна ёрдам қиламан”, деб айтдилар. Ва шу сўзларини сизларга етказишимни қаттиқ тайинладилар.
Бу қиссадан ўзимиз учун кўплаб ибрат ва хулосалар ясашимиз мумкин. Бу - Муҳаммадларга Аллоҳ томонидан юборилган иззату икром, илоҳий бир туҳфа эди. Сабаби, мазкур кишилар илмни пул ёки мансаб учун эмас, балки, Аллоҳ ризоси учун ўрганган эдилар. Ўзларининг илмий ишларини, меҳнату машаққатларини мол-давлат ҳам, фарзандлар ҳам наф беролмайдиган Кун учун захира қилган эдилар.
Улар бандасидан эмас, Аллоҳдан сўрашди. Аллоҳ эса уларнинг хизматига Ўз бандаларининг сараларини мусаххар қилиб қўйди. Улар Аллоҳни шодон ва беҳожат кунларида ҳам танишарди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ уларни ғамгин кунларида “унутмади”.
Бу воқеа уламоларнинг кароматларидан, дуоларининг шарофатидан бир намунадир холос. Албатта олимлар пайғамбарларнинг ворисларидир, - дейилади ҳадиси шарифда, - Пайғамбарлар динор ёки дирҳам қолдиришмаган, балки, илм қолдиришган. Кимки, унга (яъни илмга) эга бўлса, бас, катта насибага эришибди. (Бу ҳадиснинг арабача матнини Аҳмад, Дорамий, Абу Довуд, Термизий ва Ибн Можалар ривоят қилишган). Ўзини пайғамбарларнинг меросхўри деб биладиган киши, хулқу атворини, сурату сийратини шунга монанд қилмоғи лозим бўлади.
Ва энг муҳими шуки, улар тақводор ҳам эдилар. Аллоҳ таоло марҳамат қилиб, деди (мазмуни): “Кимки, Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ у киши учун қийинчиликдан чиқадиган бир чора пайдо қилур ва уни ҳисобсиз ризқлантирур”.
Аллоҳ таоло барчаларимизга, фойдали илм, ҳалол ризқ ва қабул бўлувчи амал ва тақво насиб қилсин...
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…