Джумла
Абу Муслим Written by  Sep 13, 2016 - 1657 Views

Ходимларни бошқариш ва маош масаласи

Ҳар ким нима беришга қодир бўлса, ундан шуни талаб қилиш керак.
А. Сент- Экзюпери

Эҳтимол, қуйидаги мақолада зикр қилинган нарсаларга турлича муносабат бўлиши мумкин... Бугун биз кўп ҳолатларда исломий ва дунёвий ишни, яъни меҳнат жойи, фаолият турлари ва ҳакозоларни фарқлайдиган бўлиб қолганмиз. Дунёвий иш жойига келар эканмиз, биз бу ердаги талаб ва қоидаларга сўзсиз бўйинсинамиз. Раҳбарлар билан бўлган муносабатларимизда одоб доирасидан чиқмаймиз, уларни норизо қилиб қўйишдан ўзимизни иложи борича сақлаймиз. Зиммамизга юклатилган ишларни ўз вақтида аъло даражада адо қилишга ҳаракат қиламиз. Бунинг акси ўлароқ, исломий меҳнат, исломга хизмат соҳасида баъзи эркаликларга йўл берамиз. Шунинг учун ҳам, Ислом билан боғлиқ бўлган ишда баъзан тушуниб ёки тушунмасдан уни аъло даражада бажаришга унчалик шошилавермаймиз.

Баъзан Исломга алоқадор иш умуман моддий фойда келтирмаслиги мумкин. Ислом бизнесига (даромадли ишга) алоқаси бўлган иш берувчи фақат ишни бажарилишини талаб қилиши унчалик тўғри эмас ва қайси соҳада бўлмасин, ҳар қандай ишга муносиб ҳақ тўланиши лозимлигини ёддан чиқармаслик керак.
Бир куни ТВ дастурида рекрутинг агентлиги раҳбаринининг фикрини эшитиб қолдим. У дресс-код ҳақида гапира туриб, жумладан шундай деди: агар ишга ҳижобли қиз олинаётган бўлса у сўзсиз маъсулиятли ва меҳнатсевар бўлади. Бироқ, бошига рўмол ўраса, фикр юритишни тўхтатиб қўяди, дегувчилар ҳам баъзан топилиб турилади. Менимча, ушбу икки радикал фикр иш берувчи ва иш изловчиларнинг аввали бошдан меҳнатга нисбатан муносабатларининг нотўғрилигига далил бўлади.
Иш ўрнига даъвогар билан иш берувилар учун маълум маънода риоя қилиниши лозим бўлган ўзига яраша қоидалар мавжуд. Тан олиш керак, уларнинг баъзилари шариат талабларига жавоб бермайди.
Иш излашнинг оддий ва ҳаммага маълум бўлган ўзининг тартиблари бор. Одатда, иш излаб қариндош-уруғ, таниш-билиш ва дўстларимизга мурожаат қиламиз ва шу билан бирга потенциал иш берувчилар учун тузоқ қўйиб ташлаймиз. Ўзимиз мустақил тарзда иш излашимиз ҳам бир вариант бўлиши мумкин. Турли кадрлар агентликларига оид сайтларга кирамиз, ўз резюмеларимизни юборамиз, ҳар битта эшикка кириб кўрамиз, ҳаяжонланиб суҳбатларга кирамиз.
Иш топиш учун барча имкониятларни ишга соламиз, бироқ асосий масала – бизга нима кераклигини иш берувчига у истаган нарсани бера олишимиз мумкинлигини аниқ ифода эта олишимиз зарур. Иш нафақат ишчи-ходим учун, балки бутун жамият, хусусан оила учун ҳам фойда келтириши керак. Шунинг учун ҳам ўзимизга иш танлаётганимизда нафақат пул топишни, балки жамиятга фойда келтира олишимизни ҳам ўйлашимиз керак. Иш берувчи ҳам ўз навбатида янги ходимни иш билан таъминлаётганида, унинг жамоа ишига ўз хиссасини қўша олиш имкониятини бераётгани ҳақида ўйлаши зарур.
Хуллас, мавжуд истеъдодларимизни ишга солиб, қонуний ва ҳалол йўллар билан иш излашимиз керак.
Исломий ва дунёвий ишларда кўп нарсаларда катта фарқ борлигига дуч келдим. Асосий ва ҳал қилувчи фарқ – раҳбар билан ходимнинг ишни бажаришга муносабатида. Батафсилроқ тушунтиришга ҳаракат қиламан.
Ислом жамиятнинг барча аъзолари ўртасида Аллоҳ Таоло олдида биродарлик ва тенглик тушунчаси нафақат жамоат намозлари ёки исломий байрамларида, балки ҳаётнинг барча соҳаларида амал қилиниши кўзда тутилган. Ислом мусулмонларни ўзаро муносабатларда шу тамойилларга доим риоя қилишимизни талаб қилади.
Ислом иқтисодиёти моделида устувор ўринни эгаллаган адолат ҳар бир инсоннинг жамиятга қўшган ҳиссасига яраша ўз улушини олишини таъминлайди ҳамда инсоннинг инсон тарафидан эксплуатация қилинишига йўл қўймайди. Афсуски бугунги кунда раҳбарлар томонидан ишчи-ходимларга нисбатан адолатли муносабатларга қандайдир ён босиш сифатида қаралмоқда.
Адолатсизлик ва эксплуатацияга қарши ушбу огоҳлантириш жамиятнинг барча аъзолари (истеъмолчиларга, ишлаб чиқарувчиларга, тижоратчиларга, ишчиларга ва иш берувчиларга) ҳимоясига ҳамда ҳамманинг фаравонлигини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, Исломнинг якуний мақсади ҳам шудир.
Шу жиҳатдан, иш берувчи билан ишчи-ходим ўртасидаги Ислом тартибга соладиган меҳнат муносабатларида адолатни таъминлаш мақсадида бир-бирларига нисбатан ахлоқ меъёрларини белгилайдиган муносабатлар муҳим аҳамият касб этади. Ҳар бир ходимнинг ишлаб чиқаришга қўшган ҳиссасига яраша “адолатли тарзда” тақдирланишга ҳаққи бор ва Ислом нуқати назаридан, иш берувчининг ўз ходимини эксплуатация қилиши шариатга зиддир.
Меҳнат Кодексида ҳам бу нарсанинг тақиқланишини ҳам эслатиб ўтиш ўринлидир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ таоло: «Мен қиёмат куни уч кишининг – менинг номимни ўртага қўйиб (бирон нарса) олиб, сўнг хиёнат қилган кишининг, ҳур-озод одамни сотиб, сўнгра пулини еган кишининг ва мардикорни ижарага олиб, ишлатиб, ҳақини тўлиқ бермаган кишининг душманидирман», деди» (Бухорий ривояти).
Баъзида бу тушунчанинг тўғрилигини аниқлашда қатор қийинчиликлар юзага келади. "Адолатли" тақдирлаш нима, "фойдаланиш" қандай маъно англатишини Қуръон ва Суннатга таяниб аниқлаймиз.
 Ислом ишлаб чиқаришнинг меҳнатдан бошқа қандайдир омиллари ҳисобига ишлаб чиқаришга қўшиладиган ҳиссани тан олмайди ва шундай қилиб, Исломда меҳнат эксплуатацияси назариясининг Маркс таклиф қилган қўшимча қиймат назариясига ҳеч қандай алоқаси йўқ
Назарий жиҳатдан "адолатли" тақдирлаш ишчининг ишлаб чиқаришга қўшган ҳиссасига тенг бўлиши шарт. Бироқ унинг миқдорини аниқлаш жуда мушкул ва амалда иш хақини белгилашда ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Шу билан бирга, бу мавзуга тааллуқли бўлган қатор ҳадислар борки, булар асосида "энг кам" ва "идеал" (ҳар томонлама тўғри, намунали) тақдирлаш даражасини аниқласа бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Дарҳақиқат, ходимларингиз - биродарларингиздир. Аллоҳ уларни сизларнинг қўл остингизда қилиб қўйди. Кимнинг биродари унинг қўли остида бўлса, унга ўзи еган нарсадан едирсин, ўзи кийган нарсадан кийдирсин, уларга оғир келадиган ишларни юкламанглар, агар оғир келадиган ишларни юкласангиз, уларга ёрдам қилинглар!» (Муттафақун алайҳ).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Етарли таом, кийим ва тоқати етмайдиган ишга буюрилмаслик қулнинг (ходимнинг) ҳаққидир» (Имом Молик).
Ҳадисдан маълум бўлишича, ходим “энг кам” иш ҳаққи билан ўзи ва оиласи учун ақл доирасида сифатли таом ва кийим-кечак сотиб олишга етиши керак ҳамда тоқатидан ортиқ меҳнат қилмаслиги керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳобалари мусулмонлар жамиятида маънавиятни  сақлаб туриш учун энг камида шундай бўлиши керак, деб ҳисоблашган. Бу ерда ҳозирги жорий энг кам иш ҳаққи миқдори билан қиёс қилиб кўрсак бўлади. Фақат шу шарт биланки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам даврларида инфляция бўлмаган ҳамда энг кам иш ҳаққи миқдори минтақага қараб фарқланмаган.
Ривоят қилишларича, хулафои рошидинларнинг учинчиси - ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу: «Ишлаб кун кўрадиган ходимангизга (жориянгизга, чўрингизга) тоқати етмайдиган иш буюрманг, чунки у ёмон йўл билан пул топишга ўтиб кетиши мумкин. Қулингизга тоқати етмайдиган иш буюрманг, чунки улар ўғриликка ўтиб кетиши мумкин. Қўл остингиздагиларга ғамхўрлик қилинг, Аллоҳ сизга ғамхўрлик қилади. Уларни сифатли ва ҳалол таом билан таъминлаш зиммангиздадир.» , деб айтган экан (Имом Молик).
Идеал иш ҳаққи қандай бўлиши керакли ҳақида қуйидаги ҳадисдан хулоса қилиб олишимиз мумкин: иш берувчи ўзига олган таом ва кийим каби ходим ҳам худди шундай таом ва кийим олиш имконига эга бўлиши керак. Менга кўра, бу муваффақиятнинг энг тўғри ва гўзал ифодасидир.
Агар иш берувчи ҳар бир ходимида ўзини кўрадиган бўлса, кимга қанча ҳақ тўлаш масаласи ўз-ўзидан ҳал бўлади!
Демак, меҳнат учун адолатли иш ҳаққи “энг кам” иш ҳақиқдан кам бўлмаслиги кераклигини аниқлаштириб олдик. Албатта, унинг миқдори идеал миқдорга яқин бўлиши мақбулдир. Шундай қилиб, даромаддаги фарқ ҳам кўзга ташланмайди ва меҳнат шартлари, иш берувчи ва ходимларнинг ҳаётидаги фаравонлик орасидаги фарқ ҳам камаяди. Чунки, булар орасида фарқ катта бўлса, мусулмон жамияти бошқалардан фарқ қилиб турадиган биродарлик ришталарига рахна соладиган синфий табақаланишнинг вужудга келиши хавфини кучайтиради.
Амалдаги иш ҳақи энг қуйи иш ҳақидан ортиш кўрсаткичи талаб ва таклифнинг ўзаро боғлиқлиги, мусулмон жамиятининг иқтисодий ва аҳлоқий сифатлари ривожланганлик даражаси, давлатнинг ушбу масалани тартибга солишдаги қонуний иштироки билан тавсифланади. Яъни, бу иш берувчи томонидан дунё ва мамлакатдаги ҳақиқатда юзага келган талаблар натижасида кўриб чиқиладиган эгилувчан катталикдир. Энг кам ёки идеал (шуниси афзал ҳисобланади) иш ҳақи тўлашдан ташқари ислом ишчиларни, уларнинг оилавий ҳаётларига зиён бўладиган ёки даромадлардан фойдаланиш қобилиятларини чеклайдиган ва саломатликларини оғирлаштирадиган оғир шароитларда ва ҳаддан зиёд ишлашга мажбур этмасликни талаб қилади.
Агар ишчиларга оғир келадиган топшириқ юкланса, улар бу ишни жиддий, босимсиз уддалаши учун етарли ёрдам билан таъминланиши лозим. Иш ҳақи ҳақида сўз юритар эканмиз, мен жуда муҳим бир мавзуни ўртага ташламоқчиман: афсуски, ишчи доим ҳам ўзи учун лозим бўлган лавозим маоши тўғрисида хабардор бўлмайди, баъзан мунтазам ва ёмон муносабатдан доимий хавфсираган ҳолда раҳбариятдан унинг миқдори тўғрисида сўрашга ҳам уялади. Шунга қарамай, ёлланишнинг энг муҳим шартларидан бири – иш ҳақи миқдорини кўрсатиш ёки баён этиш йўли билан муқаррар этиб, мавҳумликни бартараф этилади.
Бирон шахс биров билан бирон иш юзасидан шартнома тузар экан, ишни бошлашдан илгари иш ва иш ҳақини келишиб олсин. Мана, солиҳ киши ўз ҳузурига келган Мусо алайҳиссаломга шундай деган эди:  «(Шуъайб) айтди: «(Эй Мусо, агар рози бўлсанг), менга саккиз йил ишлаб беришинг бадалига мен сенга мана шу икки қизимдан бирини никоҳлаб бермоқчиман. Энди агар ўн йилни тўлатсанг (яъни тўла ўн йил ишлаб берсанг), сен томонингдан (бизга марҳамат бўлур)» (Қасас: 27). Шуъайб алайҳиссалом Мусо алайҳиссаломга, ишга бошлашидан илгари маошини тайинлаб қўйди. Аллоҳнинг бандалари, шундай қилинсагина одамлар ўртасида сулҳ бўлади, иш якунига етади, ихтилоф ва низолар йўқ бўлади. Чиройли хулқ ва муомала ҳамда бошқаларга ҳурмат кўзи билан боқиш туфайли, муҳаббат ва дўстлик юзага келади.
Шунинг учун ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Бирортангиз ишчи ёлласа, унга иш ҳақини маълум қилиб қўйсин», деганлар.
Ёлланган ишчи-ходимга пул тўланиши, товар ёки қандайдир (ходимга фойда келтирувчи) манфаат тақдим этилиши мумкин.
Ишга ёллаш эвазига пул берса бўлади ҳамда товар ёки қандайдир манфаат (ходимга фойдаси тегиши мумкин бўлган нарса). Қийматга эга бўлган ҳар бир нарса, яъни у бирор нарса ёки қандайдир манфаат бўлишидан қатъий назар ёлланишга эквивалент бўлиши мумкин, фақат қиймат олдиндан келишилган ва белгиланган бўлиши шарт, чунки белгиланмаган қиймат эквивалент бўла олмайди.
Демак, иш ҳақини ҳеч қандай можароларсиз олиш учун тўлов миқдори аввалдан келишиб олинган бўлиши керак, чунки ҳар қандай келишувнинг асосий вазифаси – одамлар ўртасида можаро ва тортишувларнинг олдини олишдир. Шунинг учун, ишни бошлашдан аввал иш ҳақини келишиб олиш ва бу борада  тўлиқ келишиб олмагунча ёлланма ишчини ишлатмай турган маъқул. Меҳнат шартномаси тузилгач, ишчи тўловни шартномага мувофиқ талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади, лекин якунига етмаган иш учун иш берувчи ҳақ тўлашга мажбур эмас. Иш якунланига етгач иш ҳақини тўла ҳолда бериш шарт.
Агар келишувда тўловни кечиктириш тўғрисида шарт қўйилган бўлса, белгиланган муддатга қадар ҳақни тўлаш ёки келишувда кўрсатилган кунларда ва ойларда тўлаб бориш лозим.
Ишчини ёллаётганда у бажарган ишнинг фойдасига асосланиб шартнома тузилади. Тўлов ҳам келтирилаётган фойдага мос тарзда белгиланади. Меҳнатнинг ўзи на тўлов ва на фойда учун мезон бўла олади, чунки кўпроқ жисмоний куч сарфлаган сангтарошнинг ишига тўланадиган ҳақ унга нисбатан ақлини ишга солган муҳандис ишига тўланадиган ҳақдан ошиб кетарди. Шунинг учун ҳам иш ҳақи сарфланган жисмоний ҳаракатларга қараб эмас, балки келтирилаётган фойдага қараб тўланади. Шунингдек, бажарилган бир хил ишнинг сифатига қараб иш ҳақида фарқ бўлиши мумкин ва амалга оширилган ишнинг сифатидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Иккала ҳолатда ҳам шартнома ёлланма ишчининг ҳаракатига қараб эмас, келтираётган фойдаси ҳисобини олиб тузилади.
Сарфланадиган жисмоний куч мутлақо эътиборга олинмаган ҳолатда фойда ишчилар томонидан турли шаклдаги бажарган ишида бўладими ёки бир хил ишда турли фойда келтирадиларми, аҳамияти йўқ - масаланинг моҳияти айнан олинадиган фойдага бориб тақалади. Ҳа, ишнинг бажарилиши натижасида олинадиган фойда – турли ишларда амалга оширилган ёки турли одамларнинг битта ишни бажаришига сарфлаган ҳаракат маҳсулидир. Гарчи унда қандайдир куч сарфланаётгани кузатилаётган бўлса ҳам, бу ерда фақат фойда назарда тутилади. Иш берувчи уй қуриш учун ишчи ёллаётганда иш ҳақини вақтбай ёки ишбай баҳоланишига келишиб олиши керак бўлади.
Агар ишга қараб баҳоланадиган бўлса, фойда қурилиш материалларининг жойи, баландлиги, кенглиги, узунлиги  ва бошқа ўлчамларига қараб аниқланади. Агар у вақтга қараб баҳоланса, фойда вақт чўзилган сари кўпаяди ва қисқарган сари камаяди. Шунинг учун ҳам бажариладиган ишнинг таърифи ва муддати фойдани белгилашга мезон бўлиб қолади. Агар баҳо вақтга қараб берилган бўлса, ходим одатдаги қувватидан ортиқ ишламайди, шунинг учун ундан кучидан ортиқ бўлган ишларни бажаришни талаб қилиш мумкин эмас.
Агар Қуръон ва Суннатни синчковлик билан ўргансак, меҳнат режимини оптималлаштириш, иш жойида жароҳатланишнинг олдини олиш учун хавфсизлик чораларини кўриш, яъни меҳнат учун зарур шароитларни ташкил қилиш Ислом таълимотининг руҳиятига тўлиқ мос келишини кўрамиз. Иш берувчиларнинг ишчи- ходимларга нисбатан айнан шундай муносабатда бўлишлари керак.
Бироқ, Ислом адолат тамойилларига амал қила туриб, иш берувчини ҳам ўз ҳимоясига олади ҳамда ишчи-ходимларнинг зиммасига маълум маънода ахлоқий мажбуриятларни юклайди. Мажбуриятларнинг биринчиси, ходим ўз ишини виждонан ва тиришқоқлик билан  қўлидан келганича унумли бажариши керак.
Имом Абу Яъло ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта Аллоҳ сиздан бирортангиз бир иш қилса, уни яхшилаб адо этишини яхши кўради»-дейдилар.
Ислом даъват қилаётган иқтисодий ва ижтимоий адолат ишчининг ўз вазифаларини самарали тарзда адо қилишини тақозо қилиши шубҳасиздир.
Бошқа бир ҳолатда эса, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи вассалом: “Албатта хизматкор хожаси ишларини чиройли суратда бажариб, Аллоҳга ибодатини ҳам яхши адо этса, унга иккита ажр берилади”, деган. (Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари).
Ходимнинг иккинчи мажбурияти – ҳалол ва ростгўй бўлиши. Қуръони карим кучли ва ҳалол одамни энг яхши ишчи дейди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтадилар: «Кимники бирор ишга ёллаб, унга ризқини-(маошини) берсак, бас, шундан кейин олгани «ғулул»-(хиёнат)дир». (Абу Довуд ривояти).
Шундай қилиб, Ислом иш берувчига жуда кўп мажбуриятларни юклаш билан бирга, ходимдан ҳам ўз ишини астойдил, виждонан бажаришини ҳамда ҳалол ва ишончли бўлишини талаб қилади.
Будан кўзланган асосий мақсад - иш берувчи ва ходим ўртасида адолатли иқтисодий муносабатларни таъминлашдир. Биродарлик, адолат ва қадриятлар устиворлиги руҳиятидаги ҳамкорлик ва ўз вазифасини виждонан бажаришга асосланган ўзаро масъулиятнинг уйғунлик билан тартибга солиниши иш берувчи-ходим ўртасидаги муносабатларда можаролар ва низоларни йўқ қилишга ҳамда ишлаб чиқаришда тотувликнинг қарор топишига умид уйғотиши мумкин.
Ислом адолатли тақсимот заруратини таъкидлаб, ҳар бир инсоннинг Исломдаги мавқеига мувофиқ турмуш даражасини кафолатлаш мақсадида, даромад ва бойликларни қайта тақсимлаш тизимини ўзида мужассамлаштирган.
Агар мусулмонлар жамияти мазкур стандартга мос келишни кафолатлашдан ожиз бўлса, бундай жамият исломий деган номни кўтариб юришга муносиб эмас,   Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, «Ён қўшнисининг оч-наҳорлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга иймон келтирмабди» (Баззор, Табароний ривоятлари)
Моддий бойликларнинг тақсимланиши ҳақида гапирар эканмиз, одамлар табиати ва қобилиятига кўра бир хил эмаслиги ва жамиятга турлича фойда келтиришини эътиборга олиб, Ислом баъзи ҳолатларда даромадни тенг тақсим қилинмаслигини инобатга олади. Шундай қилиб, Ислом жамиятида закот институти туфайли мавжуд бўлган адолатли тақсимлаш принципи жамиятнинг барча аъзоларига маълум даражада фаравон яшашини таъминлаб беради, аммо даромаднинг фарқланишига ҳам имконият беради, чунки бу кишининг жамиятга қўшган ҳиссасини акс этади, демак, ҳар бир киши ўзининг жамиятга қўшган ҳиссаси қанчалар қийматга эга эканига қараб даромад қилади.
Сўнгги вақтларда ривож топаётган холис ва кўнгиллилар қаторида бажариладиган жамоат ишлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман. Бу нарсалар албатта, хурсандчиликка сабаб бўлади, чунки бу нарсалар дунё ташвишларига ҳали бунчалик ботиб қолмаганимиздан дарак беради. Аллоҳ таоло розилиги учун ёруғ мақсад ва яхшиликка ишонган ҳолдаги меҳнат инсоният келажаги бўлса керак. Аллоҳ таоло розилиги учун, Аллоҳ йўлида тер тўкишга тайёр эканмиз, демак имконият бой берилмабди. Иймонимизни мустқаҳкамлаб, Аллоҳ таоло ризолигига эришиш йўлида мувоффақиятга эришишимиз мумкин, инша Аллоҳ.

Аллоҳ таоло бизларни маъсулиятли ходим ва адолатли иш берувчилардан қилсин. Омин.

www.islamvevrazii.ru материаллари асосида
Абу Муслим тайёрлади

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…