Джумла
Абу Муслим Written by  Sep 13, 2016 - 878 Views

Инқирозлар кимга керак?

Ислом илоҳий дастур ўлароқ ҳаётнинг барча жабҳасида инсон саодатини кафолатлайдиган таълимотларни тақдим қилади. Хусусан бугунги кунда глобализация бўрони остида қолиб кетиш хавфи туғулиб, кучли давлатлар ҳар соҳада, хусусан иқтисодда заиф давлатларни “ов”лашни бошлаб юборишган, рибо, қимор, шоу-бизнес каби алдовлар билан инқироз кўчасига кириб қолишмоқда. Исломнинг илоҳий таълимотларига амал қилаётган иқтисодий структуралар эса  шу инқироздан (кризис) омонда қолмоқда. Сиз қуйидаги мақолани ўқиб чиқсангиз инқирозларнинг асл илдизи ҳақида айрим мулоҳазаларни кўришингиз мумкин. Мақола муаллифининг шахсий таҳлиларига ислом тушунчаси ўлароқ қарамаслик лозим. Лекин иқтисод оламининг капиталистик муҳити ва унинг фақат ўз манфаати йўлида бошқаларни эзиб ташлашга тайёрлигини озми кўп фарқлаш мумкин.

***

Бу дунёда кўпчилик ҳамма учун тинчлик ва барқарорлик, ривожланиш ва осуда ҳаёт, тенглик ва мўътадилликни истайди, деган фикрдадир. Бундай қараш воқеъликдан қанчалар узоқ эканини қуйидаги мақоладан билиб оласизлар.

Цивилизациялашган деб аталувчи дунё демографик инқирозни бошидан кечираётгани кўпчиликка маълум бўлса керак. Улар ватанларида кун сайин кўпайиб бораётган лотин америка вакиллари, араб ва хитойликларга қарши ўзларининг ғазабли мақолаларини ёзмоқда. Бошқалар эса одоб-ахлоқ ва диний қадриятларга мурожаат қилиб абортлардан воз кечиб кўпроқ бола туғиш кераклигини айтишмоқда. Бироқ, бугунги инқироз моҳияти ксенафобия ва этнослар орасида сиёсий зиддиятларнинг ошишида эмас. Балки, бироқ вақт ўтгач Америка, Япония, Европа ва Россия каби мамлакатларда мухожирлар учун тўсиқ сақланиб қолинса ҳамда ксенофоблар ғолиб бўлишса, ҳар бир ишлайдиган одамга икки-уч ишламайдиган (бундан ҳам кўп бўлиши мумкин) одам тўғри келади. Жамият ёшларга қарши бўлиб қолган бўлса, айниқса бегона “ирқ”га мансуб мухожирларга нисабатан кучли нафарат бўлса, нима қилиш керак. Сайловларда овоз берувчи нафақахўрлар сиёсий тизимни гаровга олиб, фарзандлари ва невараларини уларга муносиб қариликларини таъминлашга мажбур этишади.

Ҳамма нарсани муҳаё қилишни талаб қилаётган авлод ҳақида ёшлар нима деб ўйлашар экан-а? Бу истеъмолчилар даврининг авлодидир. Булар қишлоқлардан келиб саноат даврини барпо қилганларнинг авлодлари. Булар ёшликларида на дипрессияга дучор бўлган, на урушни кўрган, буларнинг ўрнига танбалликка ғарқ бўлганларнинг ўғил-қизлардир. Булар уй сотиб олишни ёки текинга уйлик бўлишни, бунинг устига эса қўшимча телевизор, гилам, музлатгич ва авто улов, сўнг эса дала ҳовли ёки шаҳар ташқарисидаги коттежларни орзу қилганлардир. АҚШ ва Россия, Олмония ва Британияларда ҳам аҳвол таҳминан шундай бўлган. Фарзандларчи? Фарзандлар – ортиқча сарф-ҳаражат! Улар ишлашга ва пул топишга, мансаб пиллапояларидан кўтарилишга ҳамда ишдан сўнг яхши дам олишга халақит қилган. XX асрнинг иккинчи ярми авлоди бутун умрлари давомида фарзандлари жонларига тегмаслиги учун ҳаракат қилиб яшашган. Бу авлод бутун умрлари мобайинида истеъмолчи бўлиб келган ва комфортда яшаган, келажак авлод учун ҳеч нарса қилмаган, уларни ўйламаган. Ва бу истеъмолчилар, яъни қўллари нимага тегса вайрон қиладиганлар, аждодлари қуриб кетган нарсаларни ҳам еб биттирганлар, яқин келажакда “қариганимизда фарзандларимиз бизларга қарашмаяпти”, деб дод-вой қиладилар. Бундан ташқари, сайловлар воситасида бу улкан “беби-бумер”лар ўзларининг оз сонли фарзандларини ҳам ишга солиб, уларни ўзлари учун ишлашга мажбур қилишади. Ҳали кеч бўлмасдан туриб, сайловларни бекор қилиш керак ёки ёш бўйича чеклов қўйиш керак. Полшада: “Қарилар паспортини яшир”, деб номланган тадбирлар бошланиб кетган.

Ялтироқ жилоли журналлар истеъмолчилар жамиятининг муҳим белги-нишони бўлиб, уларни фойдали маълумот ёки хордиқ чиқариш учун тарқатишмайди. Масалан, аёлларга тегишли журналларни косметика, гигиена, модали либослар, кераксиз жиҳозлар ва ҳашаматли ҳаёт учун маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи турли хил компаниялар қўллаб-қувватлайди ва молиявий ёрдам бериб туришади. Уларга никоҳлар бузилгани керак, аёл ва эркаклар фақат ёшликларидагина эмас, балки ҳамиша ўзига жуфт излаши, флирт холатида бўлишини ўргатишади. Ўзларига доим қараши, бир-бирларига совғалар бериши, доим ёш йигит-қизлардек кўриниши учун сарф-ҳаражатлар қилиши, хуллас, вақтларини фарзанд тарбиясидан кўра, “чарчоқни қолдирувчи кремлар” ёки ёшартирадиган шампуннинг янги маркасига бутун ўй ҳаёллари ва диққат эътиборларини қаратишини исташади. Шу йўл билан маҳсулот ишлаб чиқарувчи фирмаларнинг мижозлари кўпаяди. Улар фарзандларга, никоҳларга қарши, улар абадий ёшлик учун... Ахир, 50 йил олдин бунга ўхшаш фирмаларнинг нигоҳи фақат ёшларда эмасмиди, аниқроғи ёшларнинг бой қатлимига қаратилган эди. Ҳозир эса 60 ёшлик тентак аёллар ҳам уларни ўқийдилар ва навбатдаги лифтинг-кремларни сотиб оладилар. Бу бахтиқаролар эвазига кимдир мўмай пул ишлаб оляпти. Улар қандай қилиб ўзига тез жуфт топиши ва сўнг ундан қандай қилиб тез қутилиши, қандай қилиб мансабни биринчи ўрингга қўйиш мумкинлиги ҳақидаги “доно” маслаҳатларни ўқишади.

Аммо, 10 – 15 йилдан сўнг “ёлғиз қолган аёллар”, “сайлларда ёзини ўтказиб юборган ниначи”, умрларини беҳудага совурганини тушунишади ва табиий хулосага келишиб, ижтимоий кафолатлар ва ёрдамга муҳтож бўлган нигоҳларини давлатга қаратишади. Ёшликларида нафрат қилган сиёсат энди муҳим аҳамиятга эга бўла бошлайди. Улар тиббий хизматлар, нафақалар учун кафолатлар талаб қила бошлашади, чунки вақтида вақт топа олмаган фарзандлари бугун уларнинг талабларини қондира олмаяптилар. Қарилик ҳақида фикр қилмаган ва енгил-елпи яшаб юрган оталарга хам бу гап тегишли.

Бу масалаларда ғарб оқилона йўл тутган бўлса ҳам, бироқ муаммолардан халос бўла олмади. Меҳнат қилганлар ва “меҳнатдан сўнг хордиқ чиқарганлар” учун пул йиғиш ва орқага ташлаб қўйиш учун нафақа жамғармалари (пенсия фонди), ижтимоий дастурлар ва турли хил суғурталар ташкил қилинган. Нафақа, суғурта ва турли хил жамғармаларда (фонд) тўпланиб қолган маблағларни айлантириш мақсадида уларни турли хил ташкилотларнинг қиммат баҳо қоғозларига тикишди, яъни уларни фонд бозорига олиб келишди. Бундан ташқари, хусусий тарзда, фуқароларнинг ўзлари ҳам сармоя фондлар ва компанияларнинг қимматбаҳо қоғозларини ҳам сотиб олиш имкониятига эгадир. 1990 йиллардаги жамғарма бозорининг чаққон бўлиб кетиши миллионлаб урушдан кейинги авлоднинг ўз топган-тутганларини олиб келиши билан изоҳланади.

Пул тикишнинг турли хил усуллари, бизнес режалар ва турли хил жамғармалар мавжуд. Сармоя объектларини танлаб, унга пул тикиш мумкин, баъзи сармоядорларда эса бундай имконият йўқ, улар учун етарли малакага эга мутахассилар барча ишларни қилиб беришади ва ҳакозо. Ўйлаб кўринг: жамғарма бозорида мутахассис бўлмаган кимса бирон нарсани танлаши мумкинми? Йўқ? Албатта, йўқ. Шунинг учун ҳам у қўлига нима илинса шу нарсага бор нарсасини тикар эди. Балки сиз мутахассис бирон нарсаси билан афзал бўлса керак деган ҳаёлга боргандирсиз? Йўқ, уларнинг ҳам бирон бир устунлиги йўқ. У йиғилган пулларни максимал даражада сақлаш учун учта стандарт чорани кўришга мажбур бўлади. Йирик стабил компанияларнинг қоғозларига (“голубые фишки”) пул тикиш доим ҳам керакли даромад келтирмаслиги мумкин. Бозор тебранишидан ҳимояланиш учун узоқ муддатга пул тикиш қисқа ва ўрта муддатда фойдалик бўлмаслиги мумкин, лекин узоқ муддат хавфсизроқдир.  Умуман олганда бозор доим ўсиб боради (кам даромадли бўлса ҳам). Ва, ниҳоят, барча нарсани бир сават тухум ичига жойламаса ҳам бўлади, яъни қоғоз тўла портфелни: шояд, булар баҳосини йўқатаётганида, бошқалари қимматлашса. Мана ҳаммаси шу.

Барча фондлардаги чаққон йигитлар бундан бошқа бирон бир нарсани таклиф қила олишмайди. Шунинг учун ҳам улар ҳаммасини четидан сотиб олаверишади, яъни пулларини кўринган нарсаларга сармоя қилиб ташлашади. Янги иқтисод соҳасидаги ҳозирча кам даромад олаётган, бироқ вақт ўтиши билан катта фойда олинади деган умидда кам даромадли компанияларнинг қоғозларини ҳам сотиб олишган. Ўша бозордаги қора кўз йигитларни ҳисобга олиб, бозорга турли хил компанияларни олиб кириш бўйича бутун бошли саноат ҳам пайдо бўлди.

Шу нарса аниқки, ҳеч қандай солиқлардан беркитмасдан, балки шаффоф ва барчага маълум тарзда истаган бизнес фаолиятини йўлга қўйиш, уни бозорга, фақат НАСДАК эмас, айнан Ню-Йорк фонд биржасига ҳам олиб чиқиш мумкин. Буни “Дастлабки, барчага маълум таклиф” деб аташ мумкин ва... сизнинг ҳиссангиз (акцияларингиз)  катта пулга сотиб олинади. Бу ўзига яраша “олтин безгак” касалига ўхшаш нарса эди. Янги тижорат бошланди, уни бозорга олиб чиқиш, катта фойдага сотиш, сўнг яна бир нечтаси очилди, улар ҳам сотилди, яна ўнталаб очилди...

Ҳатто “арзон қимматбаҳо қоғозлар” деган истилоҳ ҳам пайдо бўлди, “Уолл Стрит қироли” ҳисобланган Майкл Милкен уларни “кўп даромадли” деб айтар эди. Бу ҳақиқатдан узоқ эди. Милкеннинг ўзи ҳам инсайдерларнинг маълумотларидан фойдалангани учун тўққиз йилга қамалиб кетди. Нима бўлган тақдирда ҳам ҳар қандай ҳеч нарсага арзимайдиган нарсалар ҳам, айниқса уларни “янги технологиялар” деб аталган соус билан қориб тақдим қилинса, акция ва облигация сотиб олувчилар худди очорчилик йилидаги иссиқ нонларни сотиб олинганидек харид қилишар эди. Компания етарли даражада таниқли бўлиши ва уни бозорга олиб чиқиш, сўнг эса савдога қўйиш учун унинг ҳисобатлари ҳам ўзига яраша талабларга жавоб бериши керак бўлади. Бошқа тарафдан, бу қонун талабидир. Бошқа тарафдан эса, бу харидор-таҳлилчилар талабидир. Улар одатда компанияни вақтлари йўқлигидан унчалик ўрганмайдилар, фақат унинг молиявий ҳисоб-китобларига қараб қўйишади.

Биз ҳозир ҳисобат тайёрлашдаги қалбакиликлар ҳақида гапирмаймиз, ҳолбуки бундай воқеалар тез-тез учраб турса ҳам. Қалбаки ҳисобат тайёрлаш қонунга хилоф, биз бу ерда Отап Бендер сўзи билан айтадиган бўлсак “ҳалол” йўллар билан аҳолидан пулларини олиб қўйиш усуллари ҳақида гапирмоқчимиз. Шундай “ҳалол” йўлларнинг бири, яъни қонун доирасидан чиқмайдиган усулларнинг бири, фаолиятни мувоффақиятли қилиб кўратишдан иборатдир.

Рақамларни таҳлил қилаётганда нималарга эътибор беришади? Устав капитали, айланма пул ва даромадга эътибор қилишади. Агар сизда икки-уч миллион ва бир нечта бизнесингиз бўлса, унда сиз турли мамлакатларда, турли соҳалар бўйича ўнлаб компанияларни рўйхатдан ўтказиб, булар орасида бир миллион долларни, энг кам миқдордаги даромад устига қўйилган солиқларни тўлаб айлантиришингиз мумкин. Ўн марта айландими, мана сенга ҳар бир айлантиришдан 10 миллион айланма пул... Улар бир-бирлари билан қандайдир мавҳум бўлган виртул ҳизматлар билан ҳисоб-китоб қилишади. Масалан, дастурий таъминот, кансалтинг ва бошқа шунга ўхшаш  майда-чуйда нарсалар кўп. Бундан ташқари мазкур фирмалар четда бошқа ишлар билан ҳам машғул бўлишлари мумкин. Асосийси умумий айланма жуда катта бўлиши шарт. Низомда кўрсатилган маблағ? Актив балансга сотиб олинган нархда қўйилади. Ўзингиздан активни жудда қиммат нархда сотиб олишингиз мумкин. Масалан, компаниянгизнинг эски ишлаб чиқариш жойини янги компаниянгизга сотасиз... У эса тўланган нарх билан қайд қилинади. Агар мустақил равишда баҳо беришда муаммо пайдо бўладиган бўлса, косметик таъмирлаш ўтказиб қўйса ҳам бўлади. Агар қоғозда катта миқдорда пул сарф қилингани кўрсатилган бўлса ҳеч ким таъмирлашга қанча пул кетганини аниқ айтиб бера олмайди. Миллион долларга патент сотиб олиш мумкин. Аслида эса кашф қилган тараф билан келишиб, яъни унга 10 000 бериб, қолган 990 000 ни қайтариб олса бўлади. Балансингизда эса миллион турган бўлади. Албатта, хозир айтилаётган гапларнинг хаммаси нозиктаъб ва пухта ўйлаб иш қиладиган инвесторнинг симуляциясига эмас, балки диверсификация учун акция сотиб оладиган ўзаро фонд ходимига оиддир. Даромад? Унинг албатта бўлиши шарт эмас? Ҳалигача, миллиард долларлар турадиган, энг йирик Интернет компаниялар даромадсиз ишламоқдалар ва шундай бўлса нима бўпти. Истеъмоличиларнинг сони маълум нуқтага етганида, келажакда даромад бўлишига ишонилади. Бунинг устига тармоқ қонуни ҳам бор-ку. Агар сиз телефонга эга бўлсангиз, бундан фойда йўқ, агар иккита телефон бор бўлса, энди кимгадир телефон қилсангиз ҳам бўлади, телефонлар қанча кўп бўлса телефон станциясига ўхшаш активлар ҳам шунча қиммат бўлади... Мана шу тарзда, келажакдаги фойдага умид қилинади. Шунга ўхшаш компаниялар био-технологиялар соҳасида ҳам мавжуд. Умуман олганда ҳам қандай хай-тек соҳаси бўйича ҳам шундай дейишимиз мумкин. Охир-оқибат фойда(даромадни) бор қилиб кўрсатиш ҳам мумкин (симуляция). Қум сотиб олинади, уни био махсулотлар билан тўйинтирилади ва аслида ўзиники бўлган лекин бошқа бир фирмасига жуда қиммат нархда сотилади. Жуда катта даромад олинади, аниқроғи катта фойда олинган қилиб кўрсатилади. Пулни оффшорда яширмайди ҳатто барча солиқлар ҳамда акциядорларга дивидендлар тўлиқ тўланади. Нима учун? Яъни, жуда чиройлик ҳисобот учун шундай қилинади. Даромад, айланма пул ва саромояга эга хай-тек соҳасидаги гўзал бир фирма бозорга кириб келади. Унинг акциялари ҳам жуда қиммат бўлади. Уларни бир кун ичида мўъжизавий тарзда бойиб кетиш ҳақидаги эртакларни кўп ўқиган нафақа жамғармасидаги йигитлар ва янги шоввоз ўйинчилар талаб кетишади. Буларнинг барчасига қарамай буларнинг ҳаммасини реал бизнес атрофида, яъни қандайдир янги технологиялар асосида шиша ишлаб чиқариш ташкил қилса бўлади. Бироқ асосий фойда олинганидан сўнг, ишлар аста-секин орқага қараб кета бошлайди, сармоядорлар эса киритган сармояларини мувоффақиятсиз бўлди, деб қўяқолишади.

Тизим айланма ҳолатга келмаган ва бир нарсани доим айлантириб бўлмайди, қаердадир бўлса ҳам реаллик мавжуд бўлиши керак, яъни охири бўлиши керак. Шундай қилиб, охирини оффшорлар ёки қайноқ нуқталарда яширилади, яъни охирини ёпиш учун, керакли маълумотларни ҳам топиб бўлмайдиган ҳудудларга яширилади. Маҳсулот ва пуллар қаерга кетди, ва кейин улар қаерга йўқолди ва ҳакозо... Тайёр маҳсулот Ироқ, Сурия ёки Афғонистонга сотилади. У ёқда эса, уруш кетмоқда... Ва ҳаммаси туман ичида йўқ бўлиб кетди...

Катта пулларни айлантираётган ва ғирром тижоратга бел боғлаганлар учун қайноқ нуқталар ва инқирозлар ўзларининг кирдикорларини ёпиши учун доим керак бўлган. Кимдир буни фирибгарликдаги истисно дейиши ҳам мумкин. 2001 йили “янги иқтисод” бозори касодга учраганида АҚШ Конгрессида кенг миқёсда “Уолл-стрит қандай қилиб одамларни лаққилатмоқда” деб аталган тергов ишлари бошланиб кетди. Энди сабр қилишга имкон қолмади. Лаққиллатиш муаммоси умуммилий муаммога айланди, АҚШнинг миллий муаммолари эса автоматик равишда бошқа халқларга хам таъсир қилиб кетди. Бир йил ўтиб американинг йирик компанияси “Энрон” фирибгарлик қилгани учун қўлга тушди. Энг йирик ўнталликка кирувчи мазкур компания ҳисобатларидаги қаллоблик, симуляциялар қилганлиги аниқланди. Умуман олганда кирдикорликларининг ҳисоби йўқ эди. Қайноқ нуқталар, инқирозлар, мавҳум ҳудудлар трансмиллий глобалистик иқтисод учун ҳаводек зарурдир. Бу ҳолат сиёсий кучларнинг тасодиф равишда ўз-ўзидан шаклланиши эмас. Бу цивилизациянинг мажуд бўлишининг асосий шартидир. Унда муғамбирлик (симуляция) муҳим ҳусусиятлардан ҳисобланади. Умуман олганда Вирильо ва Бодрийараларга ўхшаган социологларнинг таъкидлашича, замонавийлик белгилайдиган асосий тенденция глобализация эмас, балки симуляциядир. Бўриттириб кўрсатилган Интернет бум ва НАСДАК  бозорининг индекси 2000 йил март ойидан 2001 йил март ойигача, яъни бир йил ичида 60 фоизга тушиб кетиши шунга ўхшаш симуляциялар миқёсидан дарак беради. Бу нарсалар кимгадир бирон нарсани ўргатиши мумкинми? Амри маҳол.

Бозор қайта тикланади, чунки унга янги ўйинчилар келади. Улар орасида янги ривожланаётган мамлакатлар вакиллари ҳам бўлишади ва ҳамма нарса янги шаклда давом этилаверади. Симуляция қилиб бўлмайдиган нарсанинг ўзи йўқ. Конфетни олиш ўрнига унинг қоғозини оладиганлар доим топилади. Қиммат баҳо қоғозлар бозори айнан шундай нарсалар учун ташкил қилинган. Ҳар қандай ҳолатда ҳам сотиб олувчиларнинг аксари реал ташкилотлар билан эмас, балки қоғоз ва рақамлар билан ишлашади. Инқироз ва фожеалар суғуртачилардан бошқа барчага фойда келтириши мумкин дейилган янгил тушунча бор. Улар одамларнинг қўрқишида ўйнашади, бироқ уларнинг фойдалари ҳеч қандай нохуш ҳодиса рўй бермагани учун тўпланган пул фойда сифатида қолади, деб қаралади. Бу бир қарашда тўғрига ўхшаб кўринади, чунки қандайдир фожеа, инқироз туфайли суғурта берувчи компаниялар барбод (банкрот) бўлганини кўп эшитиб турамиз. Суғуртачилар – барқарорлик бўлишининг энг биринчи тарафдорлари! Бироқ бу милицияга жиноятлардан ҳеч қандай наф йўқ деганга ўхшаш ахмоқано фикрдир. Жиноятлар қанча кўп бўлса куч ишлатар тизимлар ҳам ваколат, пуллар ва бошқа турли хил имтиёзларга эга бўлишади. Шундай экан, кимдир барчасига чек қўйиб ташлашига ишониб юрманг. Машҳур бир асардаги “Жиноятлар устидан жазо бериш органлари ғолиб бўлмайди”, деган сўз билан қўшилишга мажбур бўламиз.

Тасодифий ўлимлар ва кутилмаган фожеалар ва сув тошқини-ю ёнғинлар ўз-ўзидан содир бўлиб қолмайдиган дунёда суғурта бизнеси мавжуд бўлмаган бўлар эди. “Керакли вақтда” суғурта ва улар бўйича тўловлар бўйича масалаларни суғуртачилар аллақачон ҳал қилишга ўрганиб олишди. Биринчидан, улар ҳаммаси бир-бирларини суғурталаб ташлашади. Шунинг учун ҳам бирон бир жойни сув босса, суғурта пулини шу ернинг битта суғурта берувчи компанияси тўламайди. Албатта у қайсидир маънода зарар ҳам кўриши мумкин, бироқ бир-бирини суғурталаган жуда кўп компаниялар ҳам зарар кўради. Масалан Тошкентнинг компанияси, уни эса Москванинг компанияси суғурта қилган, уни эса Тошкентники ва хк. Иккинчидан, улар аниқ хатари бор ёки хатари борга ўхшаб кўринганларни суғурталамайди. Суғурталаса ҳам жуда кам нархда, арзон баҳода суғурталайди. Улар хатар ва турли хил эҳтимоллар келиб чиқишини жуда яхши баҳолай олишади. Учинчидан, умуман олганда уларнинг бизнеси жабрланганлар ҳисобидан пул қилиш эмас, улар жуда кўп пул тўлашлари ҳам мумкин. Улар “аҳолидан пулларни йиғиштириб оладиган” банкларга ўхшайди. Фақат бу ерда банкка пул қўйувчи рибо ёрдамида тиккан пули кўпайишига умид қилади, суғуртачи эса бирон нарсани йўқотиб қўйишингиз билан қўрқитади. Моҳияти эса, сиз ўз пулингизни бировга фойдаланишга берасиз, у эса уларни айлантиради ва агар сизга бирон кор-ҳол бўлиб қоласа у топган фойдаси билан сиз билан бўлишишга тайёр бўлиши керак. Тўртинчи, баъзи бир суғурта компаниялари фожиа бўлишини кутади, у келгач эса, ўзини касодга учратиб қочиб қолади. Масалан, суғурта компанияси, рақиб компанияларининг жабрланганларга дарҳол суғурта пулларини тўламасликларини айтиб, ўзларининг рекламаларида эса, ўзларини “шу куннинг ўзидаёқ барча тўловларни амалга оширишини” айтишади. Шундан сўнг халқ унга қараб югуради ва у ҳақиқатдан ҳам ҳеч қандай баҳоналарни рўкач қилмай, талаб қилинган миқдордаги пулларни тўлай бошлайди. Етарли миқдорда пул йиғилиб қолса эгалари ёки уларнинг вакилларининг активларини суғурталаб қўйади. Сўнг эса уни куйдиради, яъни одамлардан йиғилган маблағларни “ўша жабр кўрган”га тўлайди ва касодга учрайди. Ухлатилган пул эвазига яна бир пирамида ташкил қилса бўлади. Бироқ ҳозир биз у ҳақида тўхталмай, тўғри нарсалар ҳақида бахс қиламиз. Хуллас улар ҳақида қайғурманг.

Фожиа ва инқирозларнинг кўпайиши суғуртачиларга бўлган талабни ошириб, уларнинг мижозларини кўпайтиради. Ўз маҳсулотларини реклама орқали сотилаётган қилиб қилиб кўрсатиш (яъни симулияция қилиш) яхшидир, бироқ маҳсулот керак бўлган соҳаларда унга бўлган талабни  юқорига кўтаришни симулияция қилиш ундан ҳам яхшироқдир. Ҳалокат ва фожеалар кун тартибига хавфсизлик масаласини олиб чиқади. Кун тартибига бирон бир масалани олиб чиқиш эса реклама беришдан минг марта афзалдир. Бу текин, бироқ жуда юқори самара берадиган рекламадир. У доим реклама блокларида эмас, балки хабарларда чиқиб туради. Бир куни биз бир суғурта компанияси учун ишлаб, унга агентларни таваккалига юборавермасдан, хавфсизлик масалалари муҳим бўлиб турган корхоналаргина юборишни таклиф қилдик. Масалан, ўғирликлар, мол-мулкка зарар етказишлар ҳақида маълумотлар топиб, жабрдийдаларнинг қўшнилари, дўстлари ва ҳамкасабаларига бориш мумкин.

Табиий, ҳеч ким ёнғин бошланган вақтда суғуртасиз қолиб кетган “Тошматга ўхшаб” қолишни истамайди. Бизнинг маслаҳатимиздан сўнг шартномалар нархи уч карра ошиб кетди. Агар суғуртачиларнинг қайсидир ушбу услубдан фойдаланишни истаб қолса, маслаҳат учун гонорарини тўлаб қўйсин. Суғурталар билан боғлиқ муаммолардан бири унинг керак вақтда жуда кераклигида, ҳамма нарса яхши, ҳолат яхши бўлса пулларни суғурта учун сарф қилгинг келмайдида... Агар нохуш ходиса рўй берганидан сўнг полисларни сотиш имкони бўлганида эди, у олтинга айланар эди. Сиз нима деб ўйлайсиз? Жамғарма (фонд) бозорларида айнан шундай қилишади! Суғурта у ерда хеж қилинади, яъни хеж - тўсиқ, панжара сўзидан олинган. Ва шунга ўхшаш хежлар Жорж Соросга ўхшаган одамларнинг бойиб кетишига сабаб бўлган.

Мана бир икки мураккаб мисоллар, уларни яхшилаб тушуниб олганингиздан сўнг янги иқтисод қонунларини яхшилаб тушиниб олишингиз мумкин бўлади. (Пуллар – ҳаво – пуллар -штрих)

Жамғарма (фонд) бозорида опцион деган нарса бор, яъни келажакда маълум бир белгиланган нархда бирон нарсани сотиб  олиш ёки сотиш ҳуқуқи. Фючер шартномасидан фарқли ўлароқ, бу оддий ҳуқуқдир, яъни ундан истасам фойдаланаман, истамасам эса, фойдаланмайман. Бироқ шу ҳуқуққа эга бўлишим учун мен пул тўлашим керак бўлади. Менинг акцияларим бир пакети 10 доллар туради. Бироқ, мен уларнинг нархи тушиб кетишидан хавфсирайман ва бир ой ичида 10 доллардан сотиш ҳуқуқини берадиган опционларни сотиб оламан. Ўзимни шу тарзда суғурталайман. Агар пакет 10 доллардан тушиб кетса, мен ўз ҳуқуқимдан фойдаланаман. Шунда мен 5 доллар йўқотиш ўрнига 1 долларгина йўқотаман. Агар бир ой ичида пакет нархи тушиб кетиш ўрнига, янада қимматласа мен ўз ҳуқуқимдан фойдаланмайман. Бу ҳолда суғурта учун сарф қилган бир долларим куйиб кетади. Сотиш учун опционлар бор, бироқ сотиб олиш учун ҳам стелаж деб номланадиган нарсалар ҳам бор, яъни акцияларим маълум бир чегарада тебранишини назорат қиладиган ва бозорда кучли тебранишлар рўй берганда мени ҳимоя қиладиган икки карра опционлар ҳам бор.

Сорос ёки унга ўхшаган битта одам оддий сармоячидан (инвестор) фарқли равишда бозор тебраниши ҳақидаги қандайдир маълумотларга эга деб тасаввур қилайлик. Унинг инсайдерлари, дўстлари ва тажрибаси бор. Бундан ташқари, уларнинг ўзларида ҳам ОАВлари ёрдамида, миш-мишлар орқали ёки ўзларининг ҳатти ҳаракатлари билан бозорга таъсир қилиш имкониятлари бор. (Масалан, Соросга ўхшаган одамларнинг бозордан бир нарса сотиб олиши ёки сотиши бозорни тўлғантириб юбориши мумкин. Бунга ўхшаганларга тақлид қилаётганларнинг сони мингта.)

Масалан, у ИКС компаниясининг акциялари тренди яхши эмас ва ҳамма ундан эҳтиёт бўлаётганини. Бироқ шу билан бирга ИКС компанияси  барбодга учрамаслиги учун ўзининг акцияларини ўзи сотиб олмоқчи эканини ҳам билади. У нархи тушиб кетиш зарарини олдини олиб, барибир бундан ҳеч ким фойдаланмаслигини билиб, ўз опционларни сота бошлайди. Тасаввур қилалик, ИГРЕК акциялари тушиб кетиши ва бундан жуда кўпчилик жабр кўришини у олдиндан билади. У опционларни сотиб олади, сўнг эса, ИГРЕК қулайди, жабр кўрганларга у қимматроқ сотади. Бунга куйидагича мисол келтириш мумкин. Айтайлик, кимдир якинда бир қишлоқнинг ёниб кетишини билади. Қишлоқ аҳлининг бирортасида хам суғурта полис йўқ. Ўша одам ҳаммага суғурта полиси расмийлаштириб, ёнғиндан кейин уларга ўша полисларни олиб келади ва уларни жабрдийдаларга суғурта тўлови сифатида бериладиган маблағдан сал арзонроқ баҳода таклиф қилади.

ЗЕТ компаниясининг акцияларининг ўсиши ҳам шунга ўхшаш. У буларни олдиндан билиб опционларни арзон баҳода сотиб олади. Акциялар нархи ошгач, у сармоядорларга опционларни арзон баҳода таклиф қилади, яъни улар опцион воситасида акцияларни сотиб олсин ва дарҳол уларни бозор нархида, қимматроқ нархда сотиш имконига эга бўлсин. Кимдир шундай дейиши мумкин: хўп, менда муайян акциялар котировкасининг ортиши ёки ўсиши ҳақида маълумот бор. Мен уларни сотиб оламан ёки сотиб юбораман, вассалом. Опционлар билан боғлик машмашаларнинг нима кераги бор? Бу ерда батафсил тушунтириб ўтиш керак.

Унинг 10000 доллари бор ва у 1000 доллардан 10 та акция сотиб олади. Акциялар бир ой ичида икки баробарига қимматлайди ва у уларнинг 20000 долларга сотиб 10000 доллар фойда кўради. Тасаввур қилайлик, 1000 та акцияларни сотиб олиш учун опцион нархлари бир ой ичида 100 доллар дейлик. Суғуртачи акцияларни сотиб олмай, балки 10000 долларга ўша опционларни сотиб олади. Натижада у бир акция учун 100 опционга эга бўлади. Нархлар икки баробарга ошганда у ўзининг опционларининг донасини 900 долларга сотиши мумкин. Уларни албатта сотиб олишади, чунки акцияларнинг нархлари 2000 га кўтарилган ва уларни сотиб олиш ҳуқуқи 1000 ва опцион учун 900 доллардир. Бу жуда фойдали, чунки уларни дарҳол сотиб, ҳар бир акциядан 100 доллар даромад олса бўлади. Натижада унинг ялпи даромади 90000 доллар айириш (бошида тўланган) опцион нархи... Соф даромад эса 80000 доллар. Демак, оддий сармоячи 10000 доллар тикди ва 10000 даромад кўрди, суғуртачи эса, 10000 тикиб 80000 даромад кўрди. Қалай, фарқни хис қилдингизми?

Акциялар арзонласа ҳам ҳудди шу нарсаларни амалга оширса бўлади. Бундан қандай хулоса чиқарса бўлади? Биринчи, катта даромад олиш учун суғуртачига кам пул тикиши талаб қилинади. Иккинчи, оддий сармоядордан фарқли равишда, суғуртачи катта пуллар ишлаб олади (кичик тебранишларда ҳам), баъзан бундай ҳолатларга оддий сармоядорлар эътибор ҳам бермайди. Учинчи, оддий сармоядордан кўра суғуртачи бозор ўйнаб туришидан юз карра манфаатдордир. Энди буларнинг ҳаммасини қўшинг. Кўп пул керак эмас. Озгина тебранишлар ҳам кифоя. Бунда катта манфаатлар бор. Хўш, сиз “Суғуртачилар мишмишлар, хатти-ҳаракатлар, экспертларнинг фикрлари ва хоказолар йули билан ана шу тебранишларни, микроинқирозларни уюштиришга муваффақ бўлмаяпти”, демоқчимисиз?

Даромадлар улкан, бироқ хатар ҳам катта.  Тебраниш керакли тарафга қараб кетаётганини тўлиқ амин бўлиши учун бундай тебранишни ўзингиз ташкил қилишингиз керак бўлади... Фонд бозоридаги ақлсиз кичик сармоядор (яъни пули оз ҳиссадор) таҳлилларнинг (аналитика) барча турлари ёки воқеалар кетидан эргашади ва аввалдан маълум, ўрнатиб қўйилган қоидаларга таяниб иш қилишга ҳаракат қилишади. Ақлсиз йирик сармоядор (яъни пули кўп ҳиссадор) эса (фонд бозоридаги) ички маълумотлардан фойдаланади. Бироқ қоида (тенденция), ҳодиса ва маълумотларни ишлаб чиқадиганлар ҳам бор. Энг оддийси – бу газетада бирон бир соҳта маълумотларни чиқариб юбориш. Жиддийроқ айтганда - қайноқ нуқталарда юзага келтирилган сунъий зиддиятлар экстремистик ҳаракатлар томонидан бошқариладиган молиявий ўйиндир. Бу вақтда зиддиятдан зиён кўраётган фирманинг ҳиссаларини арзон-гаров сотиб олиш ва ҳиссалар нархи ошганида бир неча баравар қимматга сотиш мумкин. Бозорни ўйнатаётган чолғуни бошқариш ўша чолғуда ўйнашдан кўра фойдалироқдир. Эслатма: катта фойда олиш учун банк ва фирмаларни касодга учратиш шарт эмас (бироқ, баъзан шундай ҳам қилиб туришади). Асосий оломон миш-мишлар, мутахассислар, инсайдер маълумотларининг “атайин” чиқиб қолиши ва ОАВларига кўп ишонишади. Тасаввур қилинг сиз Сороссиз. Сиз ИКС компаниянинг акцияларини донасини бир доллардан сотиб ола бошлайсиз. Шу вақт Сороснинг ўзи ИКС компаниясининг акцияларини сотиб олаяпти деган миш-миш бозор оралаб кетади. Ҳамма ўша акцияларни сотиб олишга киришиб кетади. Акциялар нархи эса, уч доллар бўлиб кетади ҳам, сиз акцияларингизни уч марта қимматига сотиб юборасиз. Сўнг, акциялар 50 фоизгача тушиб кетади ва сиз уларни яна арзон нархда сотиб ола бошлайсиз. Шу тарзда уларни узоқ айлантириш мумкин. Ҳар бир тушиш ва кўтарилишда уларнинг қаймоғини йиғиб оласиз. Бу орада сизга ишлаётган хежинг жамғармангиз буларнинг барчасини такрорлайди ва ҳар бир тебранишда 100 марта кўп даромад кўради... Шундай қилиб, “СОРОС” брендининг ўзи жуда қиммат туради. Умуман олганда, буни бозорни манипуляция қилиш деб ҳам баҳоланади ва бу қонуний эмас бироқ, лекин булар ниқобланади. Ҳамма нарсага ниқоб тортиш, яшириш осон ва бу нарса доим қилиб келинади. Яна бир янгилик, энди опционларни сотиш ва бошқаларни суғурталашни бозорнинг истаган иштирокчиси амалга ошира олади, бунинг учун махсус суғурталаш лицензияси шарт эмас. Энди ҳеч ким менга мажбуриятни маълум бир нархда сотиб олиш, сўнг эса ўша мажбуриятни бошқалар фойдалана олмаслик ниятида (умидида) сотишимга ҳеч ким халақит қилмайди.

Бир қарашда бу кўпчиликни қийнаган муаммодан узоққа ўхшаб кўринади, бироқ...

Жамғарма бозори ва ундаги озгина тебранишлар ҳам глобализация асрида ҳар бир ер курасида яшовчи одамга даҳл қилиши мумкин. Доу-Жонс индексининг бир икки пунктининг ўзгариши Россия давлат бюджетидан ошиб кетадиган маблағнинг (капитал) қайта тақсим бўлаётганини англатади.

Бундан ташқари, опцион мавзуи бошқа соҳаларда ҳам яхши ишлаши ҳақида фикрлар ҳам йўқ эмас. Ҳар қандай олдиндан тайёрлаб қўйилган иш, бирон нарсага бўлган ҳуқуқни опцион деб қараш мумкин. Бошқалар ишлаб, тижорат қилаётган бир вақтнинг ўзида бозорларни ўрганиш билан бошқалардан бир қадам олдинда борса бўлади. Масалан, ичимлик бозори чаққон бўлишини билиб, олдиндан ичимлик ишлаб чиқарувчи компанияларни сотиб олиш ёки ушбу соҳа бўйича маркетинг тадқиқотлар олиб бориш мумкин бўлади. Бозор чаққон бўлишни бошлаганида тайёрлаб қўйилган ҳар қандай ишни қимматга сотиб юбориш мумкин.

Албатта, келтирилган мисоллар анча соддалаштирилган ҳамда мисолларда яна кўп айтилмай қолган нарсалар бор, масалан, жуда кўп талабларга жавоб бермай бозор иштирокчиси бўла олмаслик ҳақидагиси шуларнинг биттасидир. Бироқ, нима бўлганида ҳам моҳият шу: кичкина бўлган, бироқ ўта бой ва катта имкониятларга эга бўлган одамлар гуруҳи бор. Улар бозорнинг ҳар қандай тебранишига қарамай янада бой ва қудратли бўлиб бораверади. Елканли кема шамол бўйи, хатто шамолга қарши ҳам ҳаракат қилиши мумкин, бироқ у шамолсиз ҳаракат қила олмайди. Тинч ҳаво эса бизнес сардорларига ҳеч ҳам керак эмас.

***


Хулоса қилиб айтганда иқтисод соҳасида ҳам Исломнинг таълимотларини яхши ўрганиш лозим. Инсонларнинг иқтисодий фаровон ҳаёти учун таҳдид бўлган инқирозда сақланиб қолиш учун, унга олиб борадиган алдов омилларидан узоқда бўлиш керак. Кучли капиталистлар қўлида қўғирчоқ бўлиб қолиш, ўзида иқтисодий таълимот бадали бўлмаганларнинг тушадиган чуқуридир.  Шундай экан бу мақоладан ҳар ким ўз маърифатига яраша мулоҳазаларга эга бўлади. Биз барча инсонларнинг бахли ҳаёт кечиришга ҳақлари борлигини эслатиб қўймоқчимиз холос!

"Уши машут ослом" китобидан, Матвейчев О. А
Жузъий ўзгаришлар билан Абу Муслим таржима қилди

Tagged under

Related items

Инқироз ва Тақво Sep 13, 2016 - 878 Views
Ҳақиқий инқироз Sep 13, 2016 - 878 Views
Инқироз айбдор… (ми)? Sep 13, 2016 - 878 Views
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…