Джумла
Абу Муслим Written by  Nov 24, 2016 - 1366 Views

Қарз юки

Қарз нима? Яхшиликми ёки ёмонлик? Унда биз учун нима кўпроқ: фойдами ёки зарар? Бу саволларга бир хил жавоб бериш мумкин эмас, чунки қарзга турли тарафдан баҳо бериш керак бўлади, яъни, унинг фойдаси ҳам, зарари ҳам бор.
Бировга бир нарса бериб туриш турмушимизнинг ажралмас бир бўлагидир. Кимдандир қарзни олиб уни қайтаришимиз яшаш тарзимизга боғлиқдир. Умрида бирон марта бўлса ҳам қарз олиб турмаган одамни топиш жуда қийин. Ислом ҳаётий дин бўлгани учун ҳаётимиздаги ҳар қандай ҳолатни инобатга олиб, орамиздаги муносабатларда зарар қилмасдан фойдали бўлиш йўлларини кўрсатади. Қарз ҳақида ҳам айтиладиган гап шу.
Қарз шаръий амалдир. Қарз олиш ёки қарз бериш ҳақида Роббимиз ўз китобида зикр қилган: "Эй мўминлар, бир-бирларингиз билан қарз муомаласини қилсангиз, ёзиб қўйинглар!" (Бақара сураси, 282). Бу Қуръони каримнинг энг узун ояти каримасидан олинган маъносидир. Жуда кўп ҳадислардан пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва унга эргашган саҳобалар ҳам қарз олиб, қарз бериб бир-бирларига ёрдам кўрсатганларининг гувоҳи бўламиз.
Шулар билан бир қаторда Қуръон ва Суннатдан қарз катта маъсулият эканини ҳам билиб оламиз. Қарзга оид шариат илгари сурган талабларнинг бири уни ёзиб қўйилишидир: "...Ораларингизда бир котиб адолат билан ёзсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ унга билдирганидек ёзишдан бош тортмасин, албатта ёзсин! Зиммасида қарзи бўлган киши ёздирсин - Парвардигори бўлмиш Аллоҳдан қўрқсин ва у қарздан бирон нарса камайтириб ёзмасин! Агар зиммасида қарзи бўлган киши ақлсиз ё ожиз (ёш бола ё жуда кекса) бўлса ёки (кар, соқовлиги ё тил билмаслиги сабабли айтиб туриб) ёздиришга қодир бўлмаса, унинг ҳомий – вакили адолат билан ёздирсин!" (Бақара сураси, 282)
Қарз туфайли юзага келадиган масъулиятларни ошириш учун қўйилган яна бир талаб, бу гувоҳларнинг ҳозир бўлишидир. Бу ҳақда Қуръони каримда: "Ва сизлар рози бўладиган (адолатли) гувоҳлардан икки эркак кишини, агар икки эркак киши топилмаса, бир эркак ва икки аёлни - бири унутиб адашса, бири унга эслатади - гувоҳ қилинглар! Гувоҳлар (гувоҳлик учун) чақирилганда бош тортмасинлар!", дейилган (Бақара сураси, 282)
Юқорида зикр қилинган талаблар зикр қилинганидан сўнг, Аллоҳ таоло ёзиб қўйилишнинг муҳимлигини яна бир бор эслатади: "Хоҳ катта, хоҳ кичик қарз бўлсин, муддати келгунча ёзиб қўйишдан эринманглар. Мана шу Аллоҳ наздида адолатлироқ, гувоҳлик учун тўғрироқ ва сизлар шак-шубҳа қилмаслигингизга яқинроқ (ҳукмдир)" (Бақара сураси, 282).
Булар Аллоҳ таолонинг кўрсатмаларидир, биз мусулмонлар буларни сўзсиз бажаришимиз керак. Ояти карим маъноларини диққат билан ўқиб чиқишимиз масаланинг қанчалик жиддий ва муҳимлиги ва бошқа одамлар билан молиявий муносабатлар ўрнатаётганимизда шариат доирасидан чиқиб кетмаслигимиз шарт экани маълум бўлади.
Молиявий муаммолардаги яна бир муҳим нарса фоизнинг йўқлигидир: "Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқингиз ва агар чиндан мўъмин бўлсангизлар, судхўрлик сарқитларини тарк қилингиз! (Яъни одамларга берган қарзларингиздан чиқадиган фойдани олмангиз)" (Бақара сураси, 278). Яъни қарз берувчи берган қарзи устидан бирон нарса сўраши мумкин эмас. Бошқача сўз билан айтганда, бир одам қанча қарз олган бўлса, шунчасини қайтариши керак. Бу нарса бугунги кунимизда судхўрликнинг яширин ва ошкор турлари кўпайиб кетган кунда жуда долзарбдир.
Судхўрлик жуда кўп молиявий воситалар ва иқтисодий моделларнинг асосини ташкил қилади. Бироқ улар қандай ном билан аталмасин ва қандай мақсадларни кўзламасин, улар барибир тақиқланган бўлиб қолаверади. Шунинг учун рибога олинадиган ҳар қандай қарз мумкин эмас. Булар бу дунё ва охиратда фақат хорлик келтиради ҳамда Аллоҳ таолонинг ғазабига сабаб бўлади.
Афсуслар бўлсинки, бугун қарзларга жуда енгил қарайдиган одамлар кўпайиб кетди, улар бу нарсаларнинг жиддий эканига эътибор қилишмайди. Улар оддий бир нарсани унутиб қўйишади: қарз кўп ҳолатларда инсон учун жуда оғир юкка айланади. Бу ҳақда Қуръони карим бизга хабар берган ва ҳаётимизда бунинг тасдиғини кўп марта кўрганмиз. Қарз инсоннинг фикри-хаёлини қамраб, кўп хавотирларга сабаб бўлади. Бундан ташқари, қарзлар кўп фожиаларга сабаб бўлиб, бунинг натижасида ҳалок бўлганлар ҳам кўп. Инсонларнинг энг афзали бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қарздан Аллоҳ таолодан паноҳ сўраб дуо қилардилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам "Аллоҳим! Сендан ғам босишидан, маҳзунликдан, ожизликдан, дангасаликдан, қўрқоқликдан, бахилликдан, қарзга ботишдан ва одамларнинг ғолиб келишидан паноҳ сўрайман», дер эдилар" (Бухорий).
Яна бир ривоятда:
"Эй, бор Худоё, албатта, мен Сендан гуноҳдан ва қарздан паноҳ тилайман". Бас, У зотга бир одам:
"Бунча ҳам қарздан кўп паноҳ сўрайсиз?!" деди.
"Агар киши қарз олса, гапирса, ёлғон гапиради, ваъда берса, хилоф қилади", дедилар" (Бухорий, Муслим)
Биз буларнинг ҳаммасига ҳаётимизда гувоҳбўляпмиз. Қарздор одам кўп ҳолатларда ёлғон сўзлайди, қарз берган одамга қарзини вақтида бермаслик учун турли хил ҳийлаларни, баҳоналарни ўйлаб топади ва шу тариқа қарзини бериш муддатини янада ортга суради ҳатто бермасликка ҳам ҳаракат қилади. Демак, қарз уни маъсият ботқоғига ғарқ қилади.
Қарзнинг яна бир салбий тарафларидан бири у одамлар орасидаги муносабатларни бузади. Кўп ҳолатларда узоқ йил дўст бўлганлар қарз туфайли душманга айланиб қолади. Биттаси биттасидан қарз оладида қарзини бермайди ёки келишилган муддатдан ўтказиб юради. Булар эса ўрталарида ҳақиқий душманликни келтириб чиқаради. Баъзи ҳолатларда қариндошлар орасининг бузилишига ҳам қарз сабаб бўлади, яқин қариндошларни бир-биридан узоқлаштиради.
Нафақат оят ва ҳадислар, балки соғлом ақл ҳам мажбур бўлиб, қаттиқ эҳтиёж тушгандагина қарз олиш мумкин эканини билдиради. Қачон у бизга ёрдам бериши мумкин? Агар биз ҳақиқатдан ҳам муҳтож бўлсак ва шариат ҳалол қилган йўллар билан пул топа олмай қолсак, қарз олиб туришимиз мумкин. Ўшанда ҳам тоза виждон билан ва қарзни вақтида қайтаришимиз керак бўлади. Қарзни вақтида қайтаришимиз учун қўлимиздан келган барча имконларни ишга солишимиз ва ҳеч кимнинг ҳаққига хиёнат қилмаслигимиз керак.
Бугун-чи? Одамлар осонликча, ҳеч қандай масъулиятни хис қилмай қарзларни кўпайтириб ташламоқда. Аксар ҳолларда қарз олишга унақа эҳтиёж ҳам йўқ. Улар олган пулларини осонликча сарф қилиб, орқасидан яна қарз олаверади. Қарзлар эса, кўпайиб бораверади, қарздор одам эса, ўзининг яшаш тарзини ўзгартириши, исроф қилмаслиги, топганига кўра яшаши кераклиги ҳақида ўйлаб кўрмайди. Кўпайиб кетган қарзларини узиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди.
Ачинарлиси, мусулмонлар орасида қарзни қайтариб бермаслик нияти билан қарз олаётганлар ҳам бор. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам булар ҳақида огоҳлантириб ўтганлари ҳақида билмайдиларми, ахир: “Ким одамлардан қарз олганда уни узиш, қайтариб бериш нияти билан олса, Аллоҳ унга ёрдам беради. Аммо ким талофат етказиш (еб кетиш) нияти билан олса, Аллоҳ унга талофат етказади” (Бухорий).
"...Қайси бир киши қарз олса ва асл мақсади олган қарзини бермаслик бўлса, ҳийла ишлатиб ҳатто унинг молини олса-да, шу ҳолда вафот топса ва унга олган қарзини адо қилмаган бўлса Аллоҳга ўғри ҳолда йўлиқади". (Табароний)
Бошқача сўз билан айтганда, бир кўринишдажоизамалга ўхшаб кўринсада аслида бировнинг мулкини ноҳақ йўл билан ўзиники қилиб олиш бўлади, Аллоҳ таоло ниятларимиз, қалбларимиздаги нарсаларни билади-ку.
Бундан ташқари, ҳадислардан қарзи борларнинг жаннатга киришига қарз тўсиқ бўлишини биламиз. Бу гап ҳатто Аллоҳ учун жонини берган шаҳидга ҳам тегишли. Шунинг учун ҳам имкони бўла туриб қарзларни адо қилишни кечиктирмаслик керак.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло айтади: "Эй мўминлар, битимларга вафо қилингиз!" (Моида сураси, 1) Аҳдларга вафо қилишга қарзларни қайтариш ҳам киради. Чунки бировдан қарз олаётганда у қарз берувчига маълум муддатда қарзини қайтаришга ваъда беради. Агар қарздор имкони бўлиб, қарзини вақтида узмаса у аҳдини бузган ҳисобланади.
Бухорий, Аҳмад ва Насоий қилган ривоятда: "Топганнинг бўйин товлаши унинг обрўсини (тўкишни) ва уқубатини ҳалол қилади", дейилган. Яъни, имкони бўлиб, қарзини узмаган одам қарзини узмаяпти деб орқасидан гапириш ғийбат бўлмайди.
Бироқ бу гаплар қарзни ҳақиқатдан ҳам беришга қийналиб юрганларга тегишли эмас. Бундайларга мухлат бериш керак бўлади, чунки Қуръони каримда: "Агар (қарздор) ночор бўлса бўлса, бойигунча кутинг! " деб айтилган (Бақара сураси, 280).
Бундай ҳолатларда қарзини уза олмаётганларга ҳиммат кўрсатиш нафақат мақталган нарса, балки мўминлик бурчи ҳамдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Ким бир мусулмоннинг дунёдаги ғамларидан бирини аритса, Аллоҳ унинг Қиёматдаги ғамларидан бирини аритади. Ким қийналиб қолган кишига енгиллик қилса, Аллоҳ дунё-ю охиратда унга енгиллик қилади. Модомики банда биродарининг кўмагида бўлар экан, Аллоҳ унинг кўмакчиси бўлади" (Муслим).
Каъб ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: "У киши масжидда Ибн Абу Ҳадраддан қарзини беришни талаб қилди. Бас, икковларининг овозлари кўтарилди. Ҳаттоки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам уйлари ичида туриб эшитдилар. Кейин икковлари томон чиқдилар, ҳужраларининг пардасини очиб туриб:
"Эй Каъб!" деб нидо қилдилар.
"Лаббай, эй Аллоҳнинг Расули", деди у.
"Қарздан бунчасини қўй", деб ярмига ишора қилдилар.
"Батаҳқиқ, шундай қилдим, эй Аллоҳнинг Расули", деди.
"Тур, қарзни адо эт", дедилар". (Бухорий, Муслим)
Кўриб турганимиздек, қарз нафақат муҳтожлар балки ўзига тўқлар учун ҳам синовдир. Ўз истакларимизда мўътадил бўламизми ёки ҳолатимизни бошқалардан қарзга олган пуллар эвазига яхшилашга ҳаракат қиламизми? Қийин аҳволга тушиб қолган биродарларимизга қарз бериб ёки қарздан маълум қисмини кечиб ёрдам бера оламизми, ёки бизни бойитиб юбормайдиган нарсалар учун хасислик қиламизми? ҳар ким вақти-вақти билан шу каби саволларни ўзига беради ва ўзига керак бўлган нарсани танлайди.
Аллоҳ таоло қарз сўраш ва қарз беришни жоиз қилган экан, уни ҳаммамизга фойдали ва баракали қилсин, ҳеч ким қарз юкидан озор чекмасин, вақтида қарзларимизни узишга Ўзи мадад берсин, қарз берувчилар ҳам қарздорларга нисбатан ҳимматлари баланд бўлсин,қарзни вақтида бера олмай қийналганларида кечириб юборсинлар. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни, кечиримли бўлганларни яхши кўради.

Манбалар асосида
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…