Джумла
Абу Муслим Written by  Feb 19, 2017 - 1538 Views

Forex’да исломий ҳисоб бўлиши мумкинми?

Исломий молия институтлари ривожланиб бормоқда. Илгари бу ҳақда фақат гапирилган бўлса, эндиликда назарий билимларни амалда қўллаш кенгайиб бормоқда. Масалан, Россия, Қозоғистон ва бошқа мамлакатарда исломий молияга оид турли лойиҳалар иш бошлади. Мутахассисларнинг айтишича, исломий молиянинг келажакдаги истиқболлари жуда юқори экан.
2013 йилда Россиянинг «Сбербанк России» банки Бирлашган Араб Амирликларининг «Invest AD» компаниясидан 600 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя олишга муваффақ бўлди. Татаристоннинг энг йирик «Ақ барс» тижорат банки мурабаҳа йўли билан икки марта исломий молия институтидан  умумий ҳисобда 160 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя жалб қилди.
Бироқ исломий молия майдонида ижобий куртакларнинг ўсиб чиқиши билан бирга, таъбир жоиз бўлса, айрим бегона, ёввойи ўтлар ҳам пайдо бўлиб қолди. Яъни, баъзи “уддабуронлар” томонидан “исломий” ном билан шариатга зид  молиявий амалиётни таклиф қилаётган ҳолатлар ҳам, афсуски, учраб турибди.
Интернетда орқали пул топиш йўллари жуда кўпайиб бормоқда. Шу баробирида турли шубҳали нарсалар ҳам кўп.  Яқинда қизиқиб, бир реклама ҳаволаси орқали катта ҳарфлар билан “Форексда савдо учун фоизсиз исломий ҳисоб рақами” деб ёзилган саҳифага кирдим. Унда айтилишича, гўёки ушбу бизнес “фоиз ва банк операциялари бўйича Шариат талабларига жавоб берар” эмиш. Кипрдаги компания томонидан таклиф қилинаётган ушбу хизмат келтирилган веб-саҳифанинг энг қуйи қисмида майда ҳарфлар билан битилган ёзувга кўзим тушди: “ХАВФ ҲАҚИДА ОГОҲЛАНТИРИШ: Савдо битимлари юқори таваккалчиликка асосланган бўлиб, бу орқали капиталингизни бутунлай йўқотишингиз мумкин”.
Эҳтимол, реклама берувчи Ислом молиявий институтлари энг тараққий топган ҳамда Ислом молияси ва банкингига оид Шариат ҳукмлари анча эркинлашган Малайзиядек давлатда (Ислом молиясига оид шаръий масалалар бўйича, яъни Яқин Шарқ олимларидан фақрли равишда) Ислом уламолари томонидан 2012 йилда Форекс таъқиқланганини билмаса керак.
Малайзиянинг Фатволар бўйича миллий кенгаши қарорига мувофиқ, валюта бозори(форекс)даги савдо мусулмонлар учун таъқиқланган. Бу ҳақида Кенгаш раиси Тан Шри Абдул Шукур Хусин шундай дейди: “Кенгаш томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, бундай савдо валюта чайқовчилиги ҳисобланади, бу эса Ислом шариатига зиддир”. Шу сабаб, Фатволар бўйича миллий кенгаш ҳам мусулмонлар учун бундай тарзда пул савдоси билан шуғулланишни ҳаром деган. Жанубий Африка Республикасининг Ҳанафий мазҳабига мансуб бўлган муфтийси Суҳайл Тармуҳаммад ҳам Форексда савдо қилиш мумкин эмас, деб фатво берган.

Forex пул бозори орқали пул ишласа бўладими? (фатво)

Савол: Ассалому алайкум! Илтимос, айтингчи, Forex мусулмонлар учун тақиқланган (ҳаром)ми? Интернетда бу ҳақида ҳар хил, бир-бирига зид маълумотлар бор экан. Раҳмат. Лилия.
(Изоҳ: Forex, баъзан – FX (инглизча “Foreign Exchange” – “хорижий алмашув”) – валютани эркин нархларда банклараро алмашиш бозори (котировкалар чекловсиз ёки белгиланмаган тарзда шакллантирилади).

Жавоб: Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракотуҳу!
Ўтказган тадқиқотимизга кўра, мазкур бозорида валюта билан савдо қилиш мусулмонлар учун ҳаромдир, чунки бундай савдо асосан интернет орқали амалга оширилиб, унда валютага жисмонан эгалик қилиш ва уни олиш (қўлда ушлаш) имконияти  йўқ. Шариат мусулмонларни рибо (судхўрлик) ёки фирибгарликдан сақлаш мақсадида, валюта бўйича битимларга аниқ чеклов ва шартларни белгилаб қўйган.
Бундай шартлардан бири шуки, унга кўра, алмаштирилаётган валюталарнинг ҳеч бўлмаганда бирига жисмоний маънода эгалик қилиш керак. Форекс битимларида эса бу нарса кузатилмайди. Аслида, у “виртуал”, “хаёлий” битимдир. Масалан, кимдир Форексда долларларни иенага алмаштириш учун сотмоқда, бироқ, аслини олганда, ўша кимдирда на доллар ва на иена бор. Бундай битим орқали топилган ҳар қандай фойда судхўрлик фоизи ёҳуд рибога тенг бўлади. Кўриниб турганидек, Шариатда бунга рухсат йўқ.
Хорижий валюта савдосига оид савол ҳақида гапирар эканмиз, унинг қуйидаги қоидалари бор эканлигини яна бир бор ёдга олиш зарур:
Агар муайян бир давлат валютасининг олди-бердиси амалга оширилаётган бўлса, у ўзининг номинал қийматидан фарқланувчи курс бўйича сотилиши мумкин эмас. Лекин, турли мамлакатларнинг валютаси алмаштирилаётган бўлса, уларни иккала тараф ҳам рози бўладиган исталган курс бўйича сотса бўлади, ҳаттоки бозор нархидан фарқланса ҳам. Агар сотув кечиктириладиган (келажакдаги) тўлов асосида амалга оширилаётган бўлса, нарх - бозор курси бўйича белгиланиши керак. Ва Аллоҳ билгувчироқдир (Муфтий Муҳаммад Тақий Усмонийнинг “Аҳком ул-авроқ ан-нақдия” китобидан қисқартирилган тарзда келтирилди).
Ислом молиясидан хабардор киши Форексда маълум муддатга маблағ бериб туришда рибо (судхўрлик) мавжуд эканини билади. Шариатга кўра, валюта савдоси қўлдан-қўлга (виртуал эмас) амалга оширилиши ва унда муҳлат бериш бўлмаслиги керак. Бундан ташқари, Исломда юқори ва ноўрин таваккалчилик ёки катта ноаниқликни ташкил этадиган (ғарар) битимлар ҳамда таваккалчиликка асосланган қимор ўйинлар (майсир) тақиқланган.
Валюта биржаларидаги чайқовчилик, айниқса, эҳтимолий даромад билан бир қаторда таваккалчиликнинг кескин ортиб бориши қимор ўйинлари каби бўлгани сабабли, ман этилган. Шундан келиб чиқиб, Форексда валюта чайқовчилиги билан шуғулланиш Шариат нуқтаи назаридан тўғри эмас ва бу каби ҳисоб-рақамларларни исломий дейиш жоиз эмас, дейиш мумкин.
Шубҳали ва тақиқланган молиявий операцияларни бемалол, ҳеч бир ҳижолатсиз ўзларича “исломий” деб эълон қилувчилар қаердан чиқишар экан-а? Исломий савдо учун ҳисоб-рақамни реклама қилаётган ўша “тадбиркорлар” Ислом ва Ислом молияси тамойилларидан, содда қилиб айтганда, уларнинг фаолияти Шариатга мувофиқ эмаслигидан бехабардирлар балки. Шундай бўлса-да, шуни ёдда тутиш керакки, Ислом динида тижорий ва молиявий муносабатлар ҳақида билимга эга бўлиш ушбу соҳа билан шуғулланувчилар учун фарз амалдир. Агар улар,  дунёвий фойдани кўзлаб, Ислом асосларини бузиб талқин қилишса ва ҳаром нарсани ҳалол десалар, уларга Қиёмат куни бўладиган қаттиқ азобни эслатиб қўйиш керак бўлади.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…