Джумла
Абу Муслим Written by  Jan 25, 2017 - 1992 Views

Озор чеккан оқибат...

Одамларга нима бўлмоқди?.. Эркак эркакка уйланса, аёл ўз ҳамжинсига турмушга чиқса... Алҳазар, алҳазар... Беихтиёр у ёқ-бу ёғингни чимчилаб қўясан: тушимми ё ўнгимми?..
Хаёлингиздан шундай ўй ўтади: “Мен кўрмаган нарса қолмади”. Бироқ кўп ўтмай бундан баттарига дуч келасиз... Ахлоқан тубан одамларнинг чегарасиз қилиқлари сизни кун сайин ҳайрат-у нафрат уммонига ғарқ этаверади...
Бу каби муаммоларни замон билан боғлаш нотўғри.
Вақт жамиятнинг аҳлоқий таназзулига таъсир қилмайди. Ҳақиқат шуки, ахлоқ даражасини жамиятнинг ўзи тартибга солади. Унинг юксалиши ҳам, чўкиши ҳам жамиятнинг белгилаб берган меъёр чегарасидан чиқмайди.
Бугунда бундай қабиҳ бебошликларнинг қоқ маркази ҳисобланган Европа ҳам илгари бу каби “эркинликларга” йўл бермаган. Аксинча, жамиятнинг маънавий устуни мустаҳкам бўлиб, одамлар бир-бирларини ёмон ишлардан тўсиб турганига тарих гувоҳ.
Вақт ўтгани сари жамият одоб-ахлоқ устидаги ўз назоратини ташлаб қўйдики, мана аҳвол: ҳаммаёқни жирканч, қабиҳ иллатлар босиб кетди.
Бир умуминсоний ахлоқий меъёр бор: “Агар одамлар бир-бирларини яхшиликка чақирмаса, ёмонликдан қайтармаса, сўзсиз улар ҳалокатга юз тутиши муқаррардир”. Ким бу нарсалар “чириб битган Ғарб”гагина тегишли деб ҳисоблайдиган бўлса, атрофига бир назар солиб кўрсин: ўзи яшаётган жамиятнинг ахлоқ-одобини йигирма йил олдин қандай эди? Шу қисқа вақт ичида ҳеч нарса ўзгармаган деб айта олармикан?
Бу ўринда яқин ўтмишимиз билан бугунги кунни қиёс қилиб чиқишга улгурмасам ҳам, яқинда бўлиб ўтган иккита воқеани сизларга сўзлаб бераман.

Биринчи воқеа

Баҳор. Истироҳат боғи. Қизчам билан айланишга чиқдим. Боғда одам жуда кўп. Ҳў-ў, панадаги ўриндиқда “ошиқ-маъшуқ” ўтиришибди. Қизим билан сайр қилиш асносида улар олдидан ўтиб қолдим. Рости, индамай ўтиб кетишни ўзимга раво кўрмадим. Икки оғиз насиҳат қилишни истадим. “Ошиқ-маъшуқлар” ёш: йигитнинг ёши тахминан ўн саккизда, қиз эса ўн олти ёш чамасида. Қиз йигитнинг тиззасида ўтирибди...
Уларга танбеҳ бермоқчи бўлиб сўз бошладим:
– Ассалому алайкум.
– Ва алайкум ассалом.
– Узр, укам, мусулмонмисан?
– Ҳа, алҳамдулиллаҳ! (Бундай жавобдан ҳайратланиб кетдим.)
– Бу қиз хотингми?
– Й-йўқ...
– Синглингми?
– Йўғ-е...
– Бўлмаса нега сен уни қучоқлаяпсан, бағрингга босяпсан? Агар кимдир сенинг синглинг билан шундай ишларни қилса сенга ёқадими? (Суҳбатимиз давом этгани сайин қиз юзини яшириб, уялишга тушди)
Саволларимдаг бироз тараддудланиб қолган йигит дарҳол ўзини қўлга олди. Ва узун бўйнини яна-да олдига чўзиб овозини кўтарди:
– Сенга нима? Бор, йўлингдан қолма...
– Мен сенга айтмоқчи бўлган гапларимни айтдим, бу ёғи виждонингга ҳавола, – дедимда, унинг «алҳамдулиллаҳ» деганидан ҳайратланган ҳолда улардан узоқлашдим...

Иккинчи воқеа


Маршрутка. Уйга қайтяпман. Қаршимда бир йигит ва бир қиз ўтирибди. Йигитнинг ёши йигирма атрофида. Қизнинг ёши ҳам тахминан шундай. Йигит қизни қучоқлагудай ўтирар, йўловчиларнинг кўзини шамғалат қилиб, ўпишга ҳаракат қилар, қиз эса ўзини гўёки ҳеч нарса бўлмаётгандек тутаётган эди.
Улар томон қарадим:
- Асалому алайкум.
- Ва алайкум ассалом, - жавоб берди йигит.
- Сен мусулмонмисан?
Бу савол уни бир зумда ўзига келтириб қўйди.
– Ҳа-а...
– Нега сен ўзингни бундай тутяпсан?
Йигит ерга қаради. Қизарди.
– Иймоним заиф чоғи, гуноҳлардан ўзимни тия олмаяпман, - деди ғўлдираб
– Биродар иккинчи ундай қилма. Сен бу нарсаларнинг гуноҳ эканини биласан-ку. Синглинг билан кимдир кўчада шундай юрса, сенга ёқмайди-ку.
– Тўғри.
Сўнг у чўнтагидан мушки анбарни олиб, ўзига суртди ва менга ҳам таклиф қилди.

Маъруф ва Мункар

Юқорида зикр қилинганидек, маъруфга чақириш ва мункардан қайтариш умуминсоний қонундир. У Аллоҳ таоло тарафидан жорий қилинган. Ундан жамият аъзолари умумий ҳалок бўлмасликлари учун бир-бирларига яхши ишларда кўмаклашиб, ёмон ишлардан сақланишлари мақсад қилинган.
Азиз биродарлар! Ҳаммамиз битта кемага тушган йзловчилармиз. Бу кемага солиҳлар ҳам, толиҳлар ҳам, тақводор-у гуноҳга ботганлар ҳам минган. Кема саломат бўлса, ҳаммамиз нажотга эришамиз, агар ғарқ бўлса, барчамиз тенг ҳалок бўламиз: тоат-ибодат аҳли ҳам, маъсият аҳли ҳам. Шунинг учун ҳам ўз ҳавои нафсларидан сўзламайдиган Содиқу Амин зот – пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда айтганлар: «Аллоҳнинг белгилаб қўйган ҳад-ҳудудларида турувчи киши билан уларни бузиб кирувчи кишининг мисоли кемада қуръа билан жойлашиб, баъзилари юқори қисмига, баъзилари қуйи қисмига ўрнашган кишилар мисоли кабидир. Қуйи қисмдагилар сув олмоқчи бўлсалар, юқоридагиларни босиб (оралаб) ўтардилар. Шунда улар: «Биз ўзимизга тегишли жойдан тешиб олсак-да, юқоридагиларга озор етказмасак», дейишди. Агар уларни қилмоқчи бўлган ишларига тек қўйиб қўйилса, ҳаммалари ҳалок бўлишади. Қўлларидан ушлаб қолишса, ҳаммалари нажот топишади» (Бухорий, Термизий ривоятлари).
Ғоят етук, нҳоятда гўзал набавий зарбулмасал!
Ислом тамоийллари ҳисобланган “аъмри маъруф ва наҳий мункар” (яхши амалга буюриш ва ёмон амалдан қайтариш) Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам сўзлари билан шундай ифодаланган: «Сиздан ким бир мункар ишни кўрса, қўли билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, тили билан қайтарсин, агар қодир бўлмаса, дили билан қайтарсин, ана ўша энг заиф иймондир», дедилар». (Муслим, Абу Довуд, Термизий, Насаий ривоятлари).
Бу мажбурият бутун яхлит жамиятга ҳамда жамиятнинг ҳар бир аъзосига юклатилгандир. Ҳар бир инсон маъруф ишларга йўл кўрсатиши (амри маъруф) ва мункар ишлардан қайтариши ҳамда мункарни қўли ёки тили билан тўхтата олмаган тақдирда, бу нарсага юракдан рози бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, кеча ахлоқсизлик саналган нарсалар эртага одатга айланиб, ҳар биримизнинг уйимизга бирма-бир кириб келади.
Россия шаҳарларини айланиб келган бир дўстимнинг сўзлари ёдимда қолган. У ёқда бир-бири билан очиқчасига ўпишаётганларни кўрганини айтиб: “Улар эркак ва аёл бўлса ҳам майли эди...”, деган эди.
Ҳозирги аянчли ҳолат эркак ва аёллар ўртасидаги зинодек қабиҳ, жирканч амалга беихтиёр рози бўлганимизни англатади, яъни ўзимиз билмаган ҳолда бу жиноятларга рози бўлганимиздан даракдир. Ахлоқий тақиқ даражаси ўзимизга билинмаган тарзда янада пастга тушди. Энди биз учун жиноят ва муроса қилиб бўлмайдиган нарса - бир жинсли никоҳлар бўлиб қолди.
Зинокорлик “дўстлик”, “муҳаббат” дея атала бошланди, ичкиликбозлик кўнгилхушлик воситасига айланди, пора – муаммоларни ҳал эта олиш қобилияти сифатида кўкларга кўтарилган бўлса, гиёҳванд моддалар – мақом, тамаки чекиш – ёмон одат, сўкинишлар эса ибораларни боғловчиси (связка слов) дея изоҳланишга ўтилди.
Одамлар гап ўйинларини бас қилиб, ҳар бир нарсани ўз номи билан айтишни бошламасалар, кемамиз ғарқ бўлиб, ҳаммамиз чўкиб, ҳалок бўлишимиз муқаррардир. Улар кемада чўмилиш учун ҳовуз пайдо бўлди деб ўйлашади, аслида эса бу уларнинг ҳалокатидир.

Интернет маълумотлари асосида
Абу Муслим тайёрлади
Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…