Джумла
Абу Муслим Written by  Feb 14, 2017 - 394 Views

Исломдаги конструктив ва деструктив ижтимоий тармоқлар

 Ҳар бир мусулмон одам энг камида битта, баъзан эса бир нечта ижтимоий тармоқ таркибига аъзодир. Фақат улар тармоқ эмас, балки жамоа деб юритилади. Аслини олганда, мусулмонлар жамияти кўпгина жамоалардан иборатдир? жамиятнинг яхлитлик даражаси эса жамоалар бир-биридан қанчалик узоқ ёки яқин жойлашганлигига,  улар ўзаро муносабатларини қай тариқа юритишларига боғлиқдир.
Охирги пайтларда «жамоа» сўзи фақатгина «ўрмон» ва ўрмон атрофи доиралари билан муштаракликда тушуниладиган бўлиб қолди. Ушбу тасававур худди «ўртоқ» сўзини фақатгина қизил террор билан, Тюрингияни эса фақат Бухенвальд билан боғлиқ ҳолда тушуниш каби «мантиқ»қа эгадир. Албатта, Бухенвальд чиндан ҳам Тюрингияда жойлашган, «чанг босган шлем кийган комиссарлар» эса ўзларини “ўртоқлар” деб атаган. Аммо «Эй, ўртоқ, ишонгин, порлар ҳали  мафтункор бахт юлдузи» деган сатрларни афро-рус шоири Ленин туғилишидан анча олдин ёзган, Тюрингия тоғларини эса Гёте 18 асрдаёқ мадҳ этган. Худди шу каби, жамоалар ҳам диний шиорлар остидаги, кўпроқ «ўрмон», «мужоҳидлик» ва шу каби бошқа номлар билан танилган исёнчи ҳаракатдан минг йил муқаддам ҳам мавжуд эди.
Россияда жамият ичида кўплаб исёнчи ҳаракат ва кайфиятлар мавжуд бўлиб, улар ушбу жамиятдаги мавжуд ижтимоий муаммолар туфайли вужудга келган. Уларнинг баъзилари ҳамма нарса ва ҳар кимни мазах қилиш билан чегаранишади; уларнинг қарашлари билан танишиш учун «муштарийлар юборган латифалар» туркумидаги сайтларга кириш ёки янгиликларга ёзилган шарҳларни (қаттиқ таҳрир қилинмайдиганларини) ўқиб кўриш кифоя.
Бошқалари эса кескинроқ, радикал чораларга мурожаат килишади. Қуролли конфронтация (ажралиш) йўлига ҳозирча фақатгина «приморье партизанлари» (матбуот ва ўлка аҳолиси берган атама) ва уларнинг кавказлик «ҳамкасблари» ўтишди. Уларнинг бирларини сони иккинчиларига нисбатан ниҳоятда кўплигининг асосий сабаби, турли миллатларнинг ташқи чақириқларга жавоб реакцияси турличалиги-ю  ҳозирги Россиядаги мусулмон жамиятининг ортиқча пассионарлигидадир. Пассионарликнинг ортиқчалиги турли тадқиқотчилар – православ руҳонийси А. Кураевдан бошлаб мусулмон тадқикотчилар Р. Мухаметов ва Д. Хайретдиновларгача – томонидан кайд этилган.
Бунёдкор ва бузғунчи жамоалар ҳақида сўз юритганда бу жамоларнинг  жамиятга нисбатан тутган позицияси ҳақида гапириш тўғрироқ бўлади. Умуман, бу позиция қуйидаги вариантларга йиғилади: индифферент (бефарқ), изоляцион (чегараланувчи), деструктив (бузғунчи) ва конструктив (бунёдкор).
Ўзи жойлашган жамиятга нисбатан бефарқ позициядаги (яъни, «сен менга тегма, мен ҳам сен билан ишим бўлмайди, ўз муаммоларингни ўзинг еч, сен менга керак эмассан» деган кайфиятдаги) ижтимоий тармоқлар туркуми энг кўп тарқалгандир. Бу ҳолат Россия-Ислом алоқаларининг кўп асрлик тарихидаги воқеалар ва биринчи навбатда совет даври ва ундаги диний қатағон натижасидир. Бу туркумга деяли барча миллий йўналишдаги ва ҳамюртлардан иборат тармоқлар ҳамда мигрантлар жамоалари киради. Маълум дин ичидаги (субконфессиал) оқимларнинг кўпчилиги ҳам (жумладан, тариқат йўналишлари) жамият билан алоқаларини шу тарзда ўрнатади. Бу турдаги барча жамоаларнинг жамият билан алоқалари, иложи борича кам ҳажмда, жон сақлашни таъминлаш даражасида бўлади, холос. Бошқа жабҳаларда эса бу қўшничилик фантастик асарлардаги «параллел воқелик»ни эслатади. Яқин ўтмишга қадар айнан ушбу туркумдаги йўналишни Россиядаги Исломнинг мейнстрими (асосий йўналиши)  сифатида баҳолаш мумкин эди. Ва, айнан мана шу ҳолат 1995 ва 1999 йилларда Ислом номидан парламент сайловларида қатнашган партияларнинг муваффақиятсизлигига сабаб бўлди.
Анча кўп тарқалган яна бир  – чегараланувчи (изоляционистик) туркуми бефарқ (индифферент) туркумининг бир кўриниши  ҳисобланади. Ислом тарихида бу туркум анча чуқур илдизларга эга бўлиб, у айниқса, у жамиятдаги сиёсий беқарорлик даврларида авж олган. Охирги пайтда бу туркум ҳар хил такфирлик ҳаракатлари ва гуруҳлари билан боғлиқдир. Булар эса нафақат ўзлари жойлашган жамиятдан, балки мусулмон жамоатчилиги ичидаги бошқа ижтимоий тармоқлардан ҳам изоляцияланишга уринишади. (Такфирлик ҳаракатлари деганда фақатгина «жамоат ал- хажрав ат-такфир» гуруҳигина эмас, балки Аллоҳ олдида ўзларининг «алоҳидалик»ларини даъво қилувчи ва ўзларидан бошқа ҳаммани куфр ва ширкда айбловчи барча гуруҳлар тушунилади; бундай гуруҳ ва ҳаракатлар анча кўп бўлиб, Ислом дунёсининг турли қутбларида жойлашган). Сунний жамоатлардан изоляцияланувчи шиаларни ҳам маълум маънода шуларга қўшиш мумкин. Шунингдек, бу гуруҳга алоҳида миллатга қараб хосланувчи ижтимоий қатламлар ҳам киради. Россиядаги мусулмон жамиятидаги энг кизиқарли жараёнлардан бири – бу илгари изоляцион позицияда бўлган бир қатор тармоқларни конструктив (бунёдкорлик) позицияларига ўтаётганидир.
 
Бузғунчи (деструктив) тармоқлар
 
Булар кам сонли эканига қарамасдан, оммавий ахборот воситалари ва экспертлар энг катта эътиборни айнан шуларга қаратадилар. Булар  изоляцияланишга эмас, балки бу жамият билан курашишга ҳаракат қилишади. Ўзлари жойлашган социумдаги қандайдир ижтимоий хасталикларни, адолатсизликларни кўриб,  бутун жамиятга уруш эълон киладилар ва бу йўлда қурол кўтаришдан ҳам қайтишмайди. Уларнинг тажовузига гўёки «куфрга малайлик қилаётган» бошқа мусулмон гуруҳлари ҳам дучор бўлишлари мумкин. Ўзларининг «алоҳидалик», «танланганлик» даъволари билан бузғунчилар ғоявий жиҳатдан қандайдир даражада изоляцион гуруҳлар билан қўшилиб кетади, уларнинг энг ашаддий кўриниши, яъни, экстремал нуқтаси бўлиб ҳисобланишади. Тўғри, улар аҳоли ўртасида оммавий қувватлашга эга эмас. Шу боис бундай гуруҳлар  тарафдорлари кўп бўлмайди. Бизнинг мамлакатимизда улар 1990 йилларда пайдо бўлган, ҳолбуки, мусулмон оламида улар аввалдан мавжуд эди. Уларнинг дастурларини қуйидаги сўзлар билан ифодалаш мумкин: «Зулм дунёсини биз илдизигача вайрон қиламиз, кейин эса…», …кейин эса ҳаракат дастури мавҳум ва «..туманда ғойиб бўлиб кетади». Ўз хусусиятига кўра бузғунчи ижтимоий тармоқлар ўз таркибига муросасизликка (нонконформизм) мойил бўлган пассионар шахсларни тўплайди.
Бунёдкор тармоқлар  жамият билан фаол ўзаро алоқада бўлишга ҳаракат қилади. Жумладан, уларнинг фаолияти умумроссия социумида мусулмон жамиятининг  ижтимоийлашишига йўналтирилган. Улар бутун Россия жамиятидаги барча соғлом кучлар билан ҳамкорлик қилишга уринади. Жамият хасталикларини даволаш йўлида улар нафақат чегараланишмайди (изоляция), балки бу иллатларни тузатишга, бўлиб ҳам «жаррохлик» йўли билан эмас (яъни, бармоқ хасталанса, қўлни кесиб ташлаш каби), балки бунёдкорлик йўли билан тузатишга уринадилар. Бундай тармоқлар бу иллатларни тузатиш учун узоқ муддатга мўлжалланган режали ишларга бел боғлаган бўлиб, «бугун-эрта» натижага эришишга шошилмайди. Умуман олганда, бундай тармоқларнинг кўпчилиги айнан охирги пайтларда пайдо бўлишди. Бунёдкор тармоқларнинг пайдо бўлиши, бир томондан Россия мусулмонларининг етуклик даражаси, уларнинг ўқимишлилик ва профессионал даражасининг кўтарилиши билан, иккинчи томондан, умумбашарий тамойиллар билан боғлиқдир. Бу нарса, яъни, умумбашарий тамойилларнинг ўзгариши айниқса, Туркия, Малайзия, Индонезия, баъзи араб мамлакатларида парламент партиялари даражасида, шунингдек, ғарб мамлакатлари мусулмон жамоатларида яққол сезилмоқда. Бу жамиятлар билан алоқаларнинг кучайиши бизда ҳам шу йўналишни ривожланишига туртки бўлди, деб айтиш мумкин. Фақат бу ўринда бундай алоқаларни пайдо бўлиши ва мамлакатимизда юкоридаги тармоқларни ривожланиши ўртасидаги анча вақт ўтгани сабабини тушунтириш лозим бўлади.
Бунёдкор мусулмон ижтимоий тармоқлари фақатгина 1990 йилларда ривожлана бошлади. У пайтда бу нарса фақат ғоялар даражасида эди, улар ҳам ўн йиллик охирида пайдо бўлган. Бу туркумга профессионал йўналишдаги (жумладан бизнес йўналишидаги), шунингдек, ижтимоий фаоллик йўналишидаги тармоқлар киради. Алоҳида субконфессионал йўналишдаги ва миллатчилик йўналишидаги тармоқлар ҳам шундай позицияга ўта бошлашди, бироқ, ҳозирча бу ўтиш оммавий характерга эга бўлган йўқ. Бундай туркумдаги тармоқларнинг ҳозирча кам сонли эканига қарамасдан, келажакда улар Россиядаги Исломда етакчи ўринни эгаллаши мумкин. Бунинг учун бир неча шароитлар мавжуд: улар ўз таркибига мусулмон аҳолисининг анчайин пассионар қисмини бирлаштирмоқда, профессионалларнинг кўпчилиги ҳам айнан шу тармоқлар билан боғланган. Бу тармоқлар, айниқса, ўзи жойлашган жамиятга нисбатан бефарқ муносабатдаги тармоқлар доирасига қаноатланмай қолган мусулмонлар учун анча жозибадордир. Шундай қилиб, мусулмон ҳамжамиятининг пассионарлик қуввати давлатни емиришга эмас, балки бунёдкорлик тарафига йўналтирилмоқда. Маълум шароитларда айнан мана шу йўналиш Россияда Исломнинг асосий йўналишига (мейнстрим) айланиши мумкин.
 
Воқеаларнинг бундай ривожи ҳам давлат учун, ҳам мусулмонларнинг ўзи учун маълум фойдаларни беради. Бундан ноқулайликларга дучор бўлувчи ягона доиралар – булар турли байроқлар остида (диний, миллий ва х.к.) фаолият юритувчи давлатга қарши коррупцион гуруҳлар ва турли экстремистлардир.
 
 Аҳмад Макаров
(Абу Муслим таржимаси)
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…