Джумла
Абу Муслим Written by  Apr 03, 2017 - 1886 Views

Таҳорат: соғломлаштирувчи ва касалликларни олдини олувчи мўъжиза

У ҳаводан нутқ қилмас. У (Қуръон) ваҳийдан ўзга нарса эмас” (Нажм сураси, 3-4)
Тан олиб айтаманки, таҳорат учун керакли вақт ажратмас эдим. Яъни, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бажаришни тавсия қилган батафсил тартибни назарда тутаяпман. Лекин, ушбу мақола учун манбаларни ўрганар эканман, бу энг камида катта хатога йўл қўйганимни тушуниб етдим.
Чунки мен нафақат энг яхши таҳорат учун берилиши мумкин бўлган мукофотни олиш имконини қўлдан бой берар эканман, балки ўз саломатлигим ва умумий аҳволимни яхшилашнинг нодир имконидан фойдаланмас эканман.
Ўн беш юз йилликлар аввал, ноёб билимлар эгаси сифатида эътироф этишимиз мумкин бўлган пайғамбаримиз, мусулмонларга кунига беш маҳал ҳар бири 26 ювиш ҳаракатидан иборат, яъни мақбул тозалик учун, умуман олганда, кунига 130 ана шундай ҳаракатдан иборат таҳорат қилишни (ҳар бир намоздан олдин) буюрганлар.
Эй иймон келтирганлар! Намозга турмоқчи бўлсаларингиз, юзларингизни ва қўлларингизни чиғаноқлари ила ювинглар. Бошларингизга масҳ тортинглар. Ва оёқларингизни тўпиқлари ила ювинглар. Агар жунуб бўлсаларингиз, покланинглар. Агар бемор ёки сафарда бўлсаларингиз ёхуд бирорталарингиз таҳоратхонадан келса ёки аёлларга яқинлик қилса-ю, сув топа олмасаларингиз, бас, покиза тупроқ ила таяммум қилинглар. Ундан юзингизга ва қўлларингизга масҳ тортинглар. Аллоҳ сизларга қийинчилик туғдиришни истамас Аммо сизларни поклашни ва сизларга ўз неъматини батамом қилиб беришни истайдир. Шоядки шукр қилсангизлар” (Моида сураси, 6).
Намозга киришишдан олдин, мусулмон ушбу оят ва росулимиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) томонидан берилган маълумотлар ва тушунтиришларга мувофиқ тарзда таҳоратни амалга оширади.
Шундай қилиб, таҳорат қўл панжаларини, қўлни тирсаккача бўлган қисми, юз, оғиз, бурун, оёқ тагини тўпиққача уч марта ювиш, шунингдек, қулоқ ва қулоқ ортини ювиш ва бошни пешанадан энсагача артишни ўз ичига олади.  
Тананинг бу муҳим қисмларини кунига беш маҳал ювиш нафақат тозаликни таъминлайди, балки салқинлатади ҳам.
Росулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) уйқудан олдин таҳорат олишни ҳам тавсия қилганлар. Қизиқ, йога билимдонлари ҳам худди шундай маслаҳат беришади. Уларнинг таъкидлашича, ҳаракат ва ҳиссиёт аъзоларига тегишли бўлган тана қисмлари – қўл, кўз, оёқ, оғиз, шунингдек гениталийни (таносил аъзолари) кечки ювиш – организмни бўшаштиради ва уни чуқур уйқуга тайёрлайди.

Биоритмларни қўзғатиш

Доғистон давлат тиббиёт академияси Умумий гигиена ва инсон экологияси факултети илмий ходими доктор Магомед Магомедов “Мусулмон диний маросимлари ва уларнинг инсон саломатлигига таъсири” мақоласида ёзишича, таҳорат организмнинг биологик ритмлари ва биофаол нуқталарни (БФН) қўзғатади, у худди хитой рефлексотерапиясида қўлланиладиган тамойилларга кўра амал қилади.  
Ҳозирда бизга маълумки, инсон электромагнит майдонлар, меридианлар, биологик ритмлар ва ҳакозодан иборат мажмуавий тизимни ўзида намоён этади. Инсоннинг ички аъзолари ҳам шундай мураккаб биоэнергетик мажмуани ташкил этади ва у алоҳида нуқталар жойлашган тери билан иккитомонлама кўп каналли тизим ёрдамида мустаҳкам боғланган. Мана шу биологик фаол нуқталарга таъсир этиш алоҳида органларнинг назорат қилиниши ва “қайта ишга туширилиши”ни таъминлайди.
Ушбу ажойиб мақолада доктор Магомедов таҳорат билан хитой рефлексотерапиясининг ўзаро ўхшашлигини кўрсатиш билан бир қаторда, улар ўртасидаги фарқларни ҳам санаб ўтади. Хусусан, рефлексотерапия соҳасида мутахассис бўлиш учун 15 – 20 йил таълим олиш талаб этилган бир вақтда, таҳорат қилишни исталган кимса ўзлаштириши мумкин.
Бундан ташқари, рефлексотерапия даставвал касалликларни олдини олиш учун эмас, балки уларни даволаш учун қўлланилган. Таҳорат эса кўплаб хасталикларни олдини олиш хусусиятига эга.
Рефлексотерапиянинг бир қанча салбий таъсирлари мавжуд ҳолда, таҳорат қилишда бундай ҳодисалар кузатилмайди. .
“Мусулмонларнинг таҳорат қилиши вақтида кўплаб қувватли биофаол нуқталарни ювиш содир бўлади. Ва буни узоқ йиллар ўқиган шифокор амалга оширмайди, балки – ҳар бир мусулмон ўзи мустақил бажариши мумкин. Бундан ташқари, кунига беш вақт ўқиладиган намоз мажбурияти, мусулмонни касалликларни олдини олиш ҳаракатларини олдиндан бажаришга мажбур қилади”, - деб ёзади доктор Магомедов.
Хитой тиббиётининг таъкидлашича, терида 700 дан зиёд рефлексоген нуқталар мавжуд, улардан 66 нафари тез рефлексотерапевтик таъсирга эга, шу сабабли улар тез таъсирланувчи ва дастлабки унсурлар билан алоқадор нуқталар саналади.
Мана шу 66 нуқтадан 61 таси таҳорат олиш вақтида таъсирга учрайдиган доираларда жойлашган, қолган 5 таси эса – болдирда жойлашган бўлиб, ҳадисларга мувофиқ уни ҳам ювиш мақсадга мувофиқдир.
Шундай экан, таҳорат ўзига хос шифо амалиётидирки, у ёрдамида БФНлар гидромассаж қилинади, термал (ҳарорат) ва жисмоний қўзғалувчанлиги таъминланади.
Юздаги БФНлар (таҳорат вақтида ювиладиган) ичак, ошқозон, сийдик қопи сингари органларнинг “қайта ишлаши”га жавоб беради, шунингдек марказий асаб ва репродуктив тизимга ижобий таъсир кўрсатади.
Таҳорат вақтида тегиладиган бошқа аъзо – бу ўнг оёқ бўлиб, унда таянч – ҳаракат тизими, ичак, асаб тизими, бел, ошқозон, ошқозоности бези, ўт пуфаги, қалқонсимон без ва бошқа ҳаётий аҳамиятга молик органлар билан боғлиқ БФНлар жойлашган.
Чап оёқда гипофизнинг фаолиятига жавоб берувчи БФНлар жойлашган – эндокрин безлари ишлаши ва бўйни назорат қилувчи бош миянинг қисми. Қулоқ чаноғида ҳам юзлаб БФНлар мавжудки, улар “деярли барча органлар фаолиятини мувофиқлаштиради, юқори қон босимини тушишини таъминлайди, тиш ва тамоқ оғриғини пасайтиради”. Қулоқларни ювиш ҳам суннат саналади.
Доктор Магомедовнинг сўзларига кўра, 5 маҳал амалга ошириладиган намоз, нафақат “шак – шубҳасиз маънавий таъсир кўрсатади”, балки “аниқ жисмоний соғломлаштирувчи таъсирга ҳам эга” деган қатъий ишонч ушбу тадқиқотни ўтказишга туртки бўлган.

Профилактик тозалаш

Муқобил тиббиёт билан боғлиқ бўлмаган бошқа нуқтаи назар Мухтор Салемнинг (Mukhtar Salem) “Намоз: тана ва қалб учун спорт” китобида баён қилинган бўлиб, унда таҳоратнинг ҳар томонлама даволовчи фойдаси ҳақида гапирилган.
Хусусан, муаллифнинг таъкидлашича, таҳорат тери ракининг олдини олишга кўмаклашади: таҳорат вақтида ювиладиган тери майдонлари бошқаларига қараганда ҳам ичкаридан ҳам ташқаридан ифлосланишга мойилдир, бунга сабаб уларда организмнинг ажратма тизимининг фаолият юритишидир, оддийроқ айтганда, тер ажралишидир.
Беш вақт таҳорат олиш барча ифлосланишларни кетказади, шу тариқа, тери юзасининг максимал даражада тоза бўлишини таъминлайди, бу эса, ўз навбатида, бошқа ҳужайраларга нормал фаолият юритиш имконини беради.
Бундан ташқари, сув билан ювиш қон томирлари, шу билан бирга терига яқин жойлашган  асаб тизимлари ва безларни стимуллайди ва натижада уларнинг нормал фаолиятини таъминлайди, дея таъкидлайди Салем.
Илмий изланишлар билан тасдиқланганки, тери ракининг асосий сабабларидан бири – терининг турли хил кимёвий воситалар таъсири остида қолиши эканлигидир ва тери ракининг олдини олишнинг энг самарали йўли – бу уни ўша воситалардан доимий тозалаб туришдир.
Таҳорат вақтида оғиз бўшлиғини сув билан ювиш лозимлигининг маълум сабаби – тиш ва милк касалликларини юзага келтирувчи овқат қолдиқларини тозалар заруратидир, давом эттиради М.Салем. Айнан шу сабабли таҳоратдан олдин мисвок ишлатиш тавсия этилади.
Бурун ковагини ювиш ҳам ажойиб профилактик чора ҳисобланади, чунки бунда тешикда қолиб кетган микроблар йўқотилади, уларнинг нафас олиш тизимига киришига тўсқинлик қилинади.
Александрийск университети тадқиқотчиларининг маълумотларига кўра, бурун тешикларини сувга тўлдириб, кейин уларни қоқиб ташлаш тарзида таҳорат олишдаги Пайғамбар суннатига амал қилиш, бурун шиллиқ қаватига ижобий таъсир этади. Бундай амалиёт натижасида бурун тешиклари бурунда жойлашган тукларда ўрнашиб қоладиган чанглардан фориғ бўлади, тоза ва озода кўринишга эга бўлади. Бу амалиётни қўлламайдиганларнинг бурун коваги кир кўринишда, унинг ичидаги туклар эса осон тўкилувчан бўлади.
Юзнинг қайта – қайта ювилиши тери ҳужайраларининг регенерациясига (қайта тикланиши) кўмаклашади, бу эса муддатидан аввал ажинлар пайдо бўлишини олдини олади, шунингдек, кўз шиллиқ қаватининг тозалигини таъминлайди, демак уларни инфекциялардан ҳимоя қилади, таъкидлайди Салем.
Қулоқларни ювиш уларни йиғилиб қолган қулоқ киридан (олтингугурт) тозалайди, унинг ортиқчаси инфекцион касалликларни келтириб чиқазиши ва ички қулоқ ҳолатига салбий таъсир этиши мумкин, бу эса, ўз навбатида, бутун организмда мувозанат бузилишига олиб келади.
Суннатга кўра оёқлар ювилганда бармоқлар орасини ювиш ҳам тавсия этилади, бу ҳам жуда муҳимдир, чунки бу оёқ замбуруғларининг ривожланишини олдини олади, зеро, замонавий инсоннинг оёғи кўп вақтини оёқ кийимда ўтказишга мажбур, бу эса замбуруғли инфекцияларнинг ривожланиш ҳавфини янада оширади.
Бундан ташқари, таҳорат бутун тананинг машқ қилиши ҳисобланади, чунки бунда бутун ҳаракат мушаклари кунига беш марта ёки ундан ҳам кўпроқ ишлайди, бу қайтарилишлар сонига боғлиқ.

Ғазабни енгиш

Таъкидлаш жоизки, Росулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) таҳоратга тегишли суннати атроф муҳитга ғамхўрлик қилишни назарда тутади, чунки пайғамбаримиз бир неча бор таҳорат тошқин дарёдан амалга оширилса ҳам, сувни тежаш лозимлиги ҳақида кўрсатма берганлар.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Таҳорат учун Валҳон деб айтиладиган шайтон бор. Сув васвасасидан сақланинглар», дедилар». (Термизий)
Нафақат намоздан ёки уйқуга кетишдан олдин, балки масжидга кираётганда, азон айтишдан, мавъиза ўқишдан аввал, қабристон зиёратидан кейин, марҳум танасига тегилса, шунингдек Қуръон ўқишдан илгари таҳорат қилиш тавсия этилади.
Шу билан бирга сизни жаҳл, ғазаб ўз қуршовига олган бўлса ҳам, таҳорат олиш маслаҳат берилади, бундан мақсад – совиш, ўзга келишдир, чунки айтилишича, ғазаб – шайтондандирки, у оловдан яратилган, шунинг учун ҳам уни олов билан сўндириш мумкин.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлашни хоҳлардикки, таҳоратнинг жисмоний жиҳатига етарли аҳамият қаратган ҳолда, нарсалар фақат кўринадиган қимматга эга эмаслигини эсда тутиш лозим. Ва Аллоҳ Таолонинг барча буйруқларида биз тушунмайдиган ҳикмат яширин эканлигига қатъий ишониш керак.
 “Пайғамбар унга ўз Роббидан туширилган нарсага иймон келтирди ва мўминлар ҳам. Барча Аллоҳга, Унинг фаришталарига, китобларига, Пайғамбарларига иймон келтирди. Унинг Пайғамбарларининг бирорталарини ажратмаймиз. Ва эшитдик ва итоат қилдик, эй Роббимиз мағфаратингни сўраймиз ва қайтиб бориш Сенгадир, дедилар.” (Бақара сураси, 285).

Related items

Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…