Джумла
Абу Муслим Written by  Sep 13, 2016 - 1508 Views

Нафрат учун “Оскар”

Ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинадиган йилнинг энг яхши фильмлари учун бериладиган “Оскар” мукофотини топшириш маросими шу кунгача менга ёқарди. Кўпчилик бу тадбирни томоша қилишга жиддий аҳамият бермаслигини тўғри тушунаман. Сабаби, бой ва машҳур кишилар худди ўзларига ўхшаган инсонларга кичкина олтиндан ясалган ҳайкалчаларни топширишади.

Бироқ мен буларнинг барчасини санъатнинг бир тури, бу орқали ҳазрати инсоннинг ички-ташқи дунёсини тушуниб, тушунтиришга бўлган ҳаракатларнинг муносиб тақдирланиши деб биламан.

Кино боришимиз мушкул бўлган дунёнинг турли бурчакларидаги ҳаётни кўриш имкониятини беради. У инсонларнинг турфа хиллигини англашга, шахсий таассубларни енгишга ёрдам ҳам беради. Аммо бу йилги энг яхши фильм учун кўрсатилган иккита номзод умуман бу мақсадларга жавоб бермайди.

Энг зўр деб топилган «Арго операцияси» ва «Биринчи рақамли нишон» фильмларида бутун дунё халқларини, уларнинг динлари ва маданиятларини салбий кўринишда тасвирлаб беради. Ҳар иккала фильмда ҳам воқеалар Яқин Шарқ минтақасида бўлиб ўтади. Америкалик бош қаҳрамонларнинг саргузаштлари реал воқеаларга асосланган.

Режиссёр Бен Аффлекнинг «Арго операцияси» фильми 1979 йили Эронда гаровга олинган америкаликларни МРБ айғоқчилари (агентлари) қутқарганини ҳикоя қилади. Кинонинг энг кульминацион нуқтаси қора америка бюрократларини соқолли тўда танимай қолишидир. Бутун кино давомида фақат биттагина маҳаллий персонажнинг мақсади қочоқларни тутиш ва дарҳол қийнаб ташлаш бўлмаган. Бу америкаликлар яширинган канадалик элчининг уй хизматчиси Сахардир. Қолган аҳоли эса, ҳар қандай АҚШ фуқаросини ўлдиришга тайёр ва ғазаб отига минган тўда сифатида тасвирланган.

«Биринчи рақамли нишон» фильмида ҳам худди шунга ўхшаш воқеалар бўлиб ўтади. Усама ибн Ладен кетига тушиб, уни ўлдирилиши ҳақида ҳикоя қилинадиган мазкур фильмда ҳам барча араблар гумонланувчига айланади. Бироқ бу ерда ҳам битта “яхши одам” бор. Аммо у экранда бир дақиқага етмайдиган вақт иштирок этгани учун бутун халқ ҳақидаги салбий таассуротни яхши тарафга ўзгартиришга қодир бўлмайди.

Бир парча матоҳ гумон остида

Ислом мамлакатларида аёллар либоси ҳисобланган анъанавий қора абаялар ҳам фильмнинг бир эпизодида “шубҳали” ва “хавфли” қилиб кўрсатилган. МРБ агентлари мазкур либосга ўраниб олиб, гумон қилинган террорчини унга билдирмасдан ўлдирмоқчи бўлишади. Бироқ отишма бошланиши билан ким кимнинг тарафида эканини тушуниш қийин бўлиб кетади. Охир-оқибат абаяга ўранган эркаклар “ўзимизники” бўлса ҳам, мазкур эпизод махфий равишда узун либос кийган муслималарга нисбатан турли хил гумонларни шакллантириш мақсад қилинган.

Кимдир шартли равишдаги киноларда шунга ўхшаш нарсалар бўлади-да, деб эътироз билдириши мумкин. Аксар киноларда бош қаҳрамонлар яхши ва ёмон томонларга бўлинган бўлади. Кўпчилик кинолар учун шунга ўхшаш бўлинишлар ёмон бўлмаслиги мумкин. Аммо мусулмонларни тиш-тирноғигача қуролланган террорчи қилиб кўрсатиш яхшиликка олиб келмаслиги аниқ.

Ушбу икки кинонинг томошабинларга таъсири Твиттерда яхши намоён бўляпти. Хусусан, исломни тўғри тушунмаган ҳар қандай инсон «Биринчи рақамли нишон» фильмидан сўнг барча арабларни автоматда қириб ташлагин келади ёки кино залнинг сўнги икки қаторида ўтирган арабларни кўриб “Мен ўлдирманглар!” деган хаёлларга бориши мумкин.

Ғарб ислом дунёси билан муносабатларини яхшилашга ҳаракат қилиш ўрнига бундай фильмлар орқали нафрат ва ваҳима-қўрқинч муҳитини янада кучайтирмоқда. Эътибор беринг, ижтимоий тармоқдаги томошабинлар террорчилар ҳақида эмас, балки араблар ҳақида гапиришмоқда.

Голливуд исламофобия ўчоғи сифатида

Бу икки кино сўнгги ўн йил ичида кузатилаётган кенг миқиёсдаги тенденциядан бир мисолдир. Голливуд мана неча йил бўлдики, “араб”, “мусулмон” ва “зўравонлик” сўзига бир хил маъно беришга уриниб, бошқаларни ҳам шунга ишонтирмоқчи бўлиб келмоқда. Сценарий муаллифлари ушбу сўзлар бир-бирини инкор қилишини унутиб қўйишган кўринади. Агар бирон-бир персонажга шу сўзларнинг бири тўғри келиб қолса, қолганлари ҳам шу дегани эмас-ку! (Бу гап уларга эргашишга ҳаракат қилаётганларга ҳам тегишлидир.)

Голливуд фильмлари томошабинларни қуролланган араб ёки мусулмон – бу албатта Американи йўқ қилишни мақсад қилган экстремист эканига ишонтириб қўйишди. Кино дунёсининг типажлари омма онгига осонгина кўчиб, (ислом динини ёмон отлиқ қилиш маъносидаги) турли хил бўлмағур гап-сўзларнинг кучайишига замин тайёрламоқда.

Ирқчиликни тарғиб қилмайдиган ва маълум кайфиятдаги бузуқ қолипларни онгга сингдирмайдиган, балки, буларнинг ўрнига турли хил ҳаёт тарзларини ҳеч бир ғаразсиз, камситишларсиз кўрсатиб берувчи фильмларга нуфузли мукофотлар топширилса голливуд ҳам балки бир кун келиб бошқача Яқин Шарқ ҳақида кино туширишга киришармиди. Эҳтимол, Голливудда қачонлардир кимдир Исломнинг тинчликпарварлигини ва мусулмонлар эргашадиган Қуръони каримнинг қуйидаги оятлари ҳақида фильмни ҳам суратга олиб қолар:
«Ким бир жонни ноҳақдан ёки ер юзида фасод қилмаса ҳам ўлдирса, худди ҳамма одамларни ўлдирган бўлади. Ким уни тирилтирса, худди ҳамма одамларни тирилтиргандек бўлади» (“Моида” сураси, 32-оят).

Эслатма: Элиза Шмельцернинг тўлиқ мақоласини themaneater.com сайтидан топишингиз мумкин.

Абу Муслим эркин таржима

Tagged under
Login to post comments

Мақсадимиз

  • Сизлардан яхшиликка чақирадиган, маъруфга буюрадиган ва мункардан қайтарадиган бир уммат бўлсин. Ана ўшалар – ўзлари зафар топувчилардир. (Оли Имрон сураси, 104-оят)
Top
We use cookies to improve our website. By continuing to use this website, you are giving consent to cookies being used. More details…